Ўн ёшинг муборак! Принтер учун
21.10.2013 й.
Зулматда вужудинг нурфошинг сенинг,
Ҳилолсан, Исломдир қуёшинг сенинг,
Порламиш ҳам ичинг, ҳам тошинг сенинг,
Ўн баҳор кўрибди бу бошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Йигирма сайёра тутмиш фазойинг,
Фалакда сузарсан, ортар зиёинг,
Нажот нуқтасидир, сўнг борар жойинг,
Иймону маърифат йўлдошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Беназир саҳифанг – бу уз.wебистон,
Ўзбек миллийятин қилмиш намоён,
Ўзлигин ўзгага сотмаган ўғлон,
Ўз юзинг, ўз кўзинг, ўз қошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Қуръон.уз саҳифанг кўнгилларга нур,
Кўрган, тинглаганга руҳоний ҳузур,
Кимга Қуръон маҳбуб, сен унга манзур,
Адашмассан, Қуръон йўлбошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Расул ҳадислари Ислом таянчи,
Иймону ахлоқу маърифат ганжи,
Ҳадис.уз хизмати элнинг юпанчи,
Чунки ҳадис аҳли юртдошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Буюкларни буюк аёл туғармиш,
Келажак ғиштини она қўярмиш,
Муслимат.уз буюк она йўнармиш,
Тарбиядир умр йўлдошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Оилам.уз сендан гўзал бир парча,
Саодат қасрига очилган дарча,
Бахту саодатга муҳтождир барча,
«Бахтиёр оила»дир издошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Динбузар, эътиқод душманлари бор,
Улар миллатга ёв ёвуз мардикор,
Ҳилол.ком сарҳадда турар жангoвор,
Дин, юрт ҳимояси талошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Оламларга раҳмат Расул ҳаёти,
Нажот харитаси, «сийрат»дир оти,
Сийрат.уз парвозда толмас қаноти,
Сийратинг кўрсатар бардошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Инфо.уз сайёранг ғоят серсамар,
Оламда не аҳвол, огоҳ, бохабар,
Сен ўзинг бир олам, айтсам мухтасар,
Ахборот аҳлидир сирдошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Ислом аҳкомлари оламга раҳмат,
Унинг ҳар қонуни айни ибодат,
Фиқҳ.уз бу йўлда элга ҳидоят,
Ҳанафий фиқҳидир қарошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Тарихсиз келажак кутмоқ хом орзу,
Миллатинг тарихи буюк ва мангу,
Тарих чеҳрасига тарих.уз кўзгу,
Жонкуяр, виждонли ҳақфошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Адабий майдонда адабиёт.уз,
Ўхшаши йўқ жавлон кўрсатар ҳануз,
Насру, назм, наво, бармоғу аруз,
Ўз тилинг ўргатар қондошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Ҳалоллик, покликнинг рамзисан тамом,
Ҳалоллик бўлмаса, ҳаётдир ҳаром,
Ҳалол.орг ҳалолга йўлдошдир мудом,
Ҳалоллик тарозинг, ҳам тошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Арабийдир Қуръон, ҳадис забони,
Ислому маърифат, ҳикмат уммони,
Кўза kerak бўлса, қонмоқ замони,
Ўзбекка арабик.уз дошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Инсон ижтимоий бир жонзот эрур,
Мулоқот унингчун ҳаводек зарур,
«Форум»инг инсонлар ҳожатин берур,
Эзгу бўл, бўлмасин авбошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Оламни қопламиш дарду жаҳолат,
Элнинг нажотига керак табобат,
Тиб.узинг кўрсатар бунда жасорат,
Вужуд тарбияси тарошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Саволлар.уз сенинг eng qizg'in қисминг,
Конларни кашф этар нодир тилисминг,
Миллатчун бебаҳо бойликдир жисминг,
Илм хазинаси дурпошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Инсонда табиий моддий эҳтиёж,
Қулоғи сўз туймас қорни бўлса оч,
Тана таъминоти руҳ учун илож,
Бозор.уз бел тутар нон-ошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Бепоён гулшансан гулларинг бисёр,
Ҳар гулнинг ўз ҳиди, ўз рухсори бор,
Ҳар бир боғбон учун очиб бир гулзор,
Блог.уз, камалак рангдошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Нафақат ўзбекка элтасан жонлар,
Саноқсиз халқларга очарсан конлар,
Сенда ҳақни топар русийзабонлар,
Ислам.ру бир русий отдошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Ўзбек миллийлиги – мусулмончилик,
Намозу ниёзсиз эл бўлар ўлик,
Масжидлар харита ичрадир битик,
Масжид.уз йўл узра фирошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Бугунги урушлар фикр жангидир,
Башарни маст этган сўз оҳангидир,
«Медия»нг бу жангоҳ ичра янгидир,
Ақл майдонида савошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Спорт бугун олмиш дил тўридан жой,
Кимлар ҳаётига бахш этар чирой,
Спорт.уз, зулматда сен бўлиб бир ой,
Фақат ёғду сочсин чорбошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Бор икки қанотинг — ихлос ва иймон,
Эркин парвоздасан мангулик томон,
Ўзгалар ортингдан етолмай ҳайрон,
Арши Аълодандир маошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Ислом.уз ажойиб шоввозларинг бор,
Беминнат хизматкор, жонбозларинг бор,
Шунга элдан кўрар эъзозларинг бор,
Гўзалсан, Устоздир наққошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Ҳусайн бир ходиминг, тилар камолинг,
Тоабад яшнасин, бахтинг, иқболинг,
Завол топсин, кимки истар заволинг!
Қувончдан қуйилсин кўз ёшинг сенинг,
Ислом.уз муборак ўн ёшинг сенинг!
 
Ўн ёшда шунчалар топибсан камол,
Яна ўн асрлар кўрсатгин жамол,
Ўзидан қўймасин сени Зулжалол,
Қиёматга қадар қўлдошинг сенинг,
Ислом.уз, муборак, ўн ёшинг сенинг!
 
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид.
17.10.2013/1434.12.12. Тошкент.

 
Кейинги »

madrasa.uz