Қурбонлик масалалари Принтер учун
13.10.2013 й.

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ ВАҚТИ

Масала: Қурбонлик вақти зул ҳижжанинг ўнинчи куни ҳайт намози ўқилгандан кейин ўн иккинчи куни қуёш ботишига озгина қолгуничадир. Қуёш ботиши билан қурбонлик вақти чиқади. Зул ҳижжанинг ўн учинчи куни такбири ташриқ айтиш вожиб бўлсада, лекин қурбонлик қилиш жоиз эмас.

 


Масала: Имом ҳайт намозини ўқиб бераётган вақтда уйдагилар қурбонликни сўйиб юборишлари жоиз бўлмайди. Лекин, бир шаҳарда ҳамма масжидда намоз ўқиб бўлинган бўлиши шарт эмас.

Масала: Зиммасига қурбонлик вожиб бўлган киши илмсизлиги ёки бирор бир узр туфайли қурбонлик кунлари ўтиб кетгунча қурбонлик қила олмаса, жонивор сотиб олган бўлса, жониворни тириклигича, сотиб олмаган бўлса, унинг қийматини фақат фақир ва мискинларга садақа қилиши вожиб бўлади.

Масала: Бир киши бир неча йиллардан буён нисоб эгаси бўлиб, қурбонлик қилмай келаётган бўлса, ўтган ҳар йил эвазига биттадан қурбонликнинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик кунида шак қилиб қолса, иккинчи кунда қилгани афзалдир.

ҚУРБОНЛИК КИМЛАРГА ВОЖИБ

 

Масала:  Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди.

Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади.

Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади.

Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади.

Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир.

Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади.

Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди.

Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир.

Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас.

Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.

Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади.

Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун ларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда.

Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади.

Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди.

Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади(.

Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади.

Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади.

Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди.

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соит бўлади.

Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир.

Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади.

Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир.

Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади.

Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки 612 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.

 

ҚУРБОНЛИКНИНГ НИЯТИ

Масала: Бой одам қурбонлик қилишликка жонивор сотиб олиб, бошқаларни унга шерик қилиши мумкин. Агар сотиб олувчи фақир бўлиб, сотиб олаётган вақтда бошқалар шерик бўлса, шерик қиламан деб ният вилса, бошқаларни шерик қилса бўлади. Агар сотиб олиш ватида бошқалани шерик қилишни ният қилмаган бўлса, шерик қилиши жоиз эмас.

Масала: Қурбонлик қилувчи қурбонликни дилида ният қилиши кифоя қилади. Тилида қурбонлик қилишни ният қилдим деб айтиши шарт эмас.

 

СЎЙИШ ВАҚТИДА БИСМИЛЛАҲНИ АЙТИШ

 

Масала: Бисмиллаҳ Аллоҳу акбар деб сўйишни ўрнига Аллоҳу акбарни ўзини айтиб сўйса, жонивор ҳалол бўлади. Лекин суннатга хилоф иш тутганлиги учун макруҳ бўлади.

Масала: Сўяётган пайтда бисмиллаҳни ўзини айтиб, Аллоҳу акбарни айтмаса, гўшт ҳалол бўлади. Лекин иккисини қўшиб айтиш суннатга мувофиқдир. Эсдан чиқариб бисмиллаҳни айтмаса, жонлиқ ҳалол бўлаверади. Лекин қасддан айтмаса, ҳалол бўлмайди.

Масала: Бисмиллаҳ билан сўйиш ўртасига бошқа ишни қўшмаслик зарур. Аксарият кишилар қурбонликларини ўзлари сўймоқчи бўладилар. Лекин моҳир бўлмаганликлари учун қоссоб, уларни қўлидан ушлаб пичоқни тортишга ёрдам беради. Шунда пичоқни ушлаган икки кишига ҳам бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни алоҳида-алоҳида айтишлари вожиб бўлади. Пичоқ тортувчилардан бирортаси бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни айтмаса, жонивор ҳалол бўлмайди. Лекин, жониворни оёқ-қўлини ушлаб турувчиларга сўювчи билан бисмиллаҳи Аллоҳу акбарни айтиш шарт эмас.

Масала: Мушрик қурбонликда шерик бўлса, жонворнинг гўшти ҳалол бўлмайди ва қурбонлиги ҳам адо бўлмайди.

Масала: Қассоб мусулмон ёки аҳли китоб бўлишлари ва улар жониворни қурбонлик қилаётган пайтда Аллоҳ таолони зикр қилиб, бошқа бирортасини номини Аллоҳ номига қўшмаслиги керак. Мусулмон киши ҳам Аллоҳ таолонинг номи билан биргаликда пир ёки шу кабиларни номини тилга олмаслиги керак.

Масала: Ҳозирги вақтда ёритгичлар етарли даражада ёритганлиги учун ўзини қурбонлиги билан бошқа бировнинг қурбонлигини адаштириб қўйишлик шубҳаси йўқ. Шунинг учун кечасида сўйишлик кароҳиятсиз жоиздир. Кечасида сўйишликни макруҳ деган уламолар ўз ҳайвонини бошқа бировнинг ҳайвонига аралаштириб қўйиши эҳтимоли бўлганлиги туфайли макруҳ деганлар.

Масала: Қурбонлик кунларида қассоблар шошилганларидан тезроқ калласини узуб терисини шилишга ҳаракат қиладилар. Жониворни барча аъзосидан жони буткул узулмасдан, совумасдан терисини шилиш макруҳдир.

Масала: Шиа мазҳабидаги кишининг сўйган жонивори ҳалол бўлмай қолади. Чунки улар ўн иккита имом, Қуръоннинг таҳрифи, имомларнинг пайғамбарлардек маъсумлиги, тақия, мутъа, уч саҳобадан ташқари барча саҳобаларни мурад ва кофир деб эътиқод қиладилар. Шу эътиқодлари туфайли уларнинг жонлиқлари ҳалол бўлмайди.

 

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИНАДИГАН ЖОНИВОРЛАР

 

Масала: Агар фақир ва мискин кишилар кўп бўлса, кўп гўшт қиладиган жониворни қурбонлик қилиш афзалдир. Агар заруратманд кишилар оз бўлса, қиммат ва гўшти ширинини сўйиши афзалдир.

Масала: Битта семиз жониворни сўйиш икки озғин ҳайвонни сўйишдан афзалдир. Агар мол ёки туяни еттидан бир қисмининг гўшти битта қўйнинг гўштини қийматидан ёки гўштидан озроқ бўлса, еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилиш афзалдир. Агар иккиси ҳам баробар бўлса, бир бутун қўйни қурбонлик қилиш афзалдир.

Масала: Урғочи жониворни қурбонлик қилиш жоиз, эркагини қурбонлик қилиш эса афзалдир. Бировни омонатга қўйган маблағига жонлиқ олиб қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Аввал ижозат олиб, кейин сотиб олса, жоиз бўлади.

Масала: Қурбонликка деб сотиб олинган қўйни юнгини олиш жоиз эмас. Агар юнгини олиб қўйса, юнгини қийматича садақа қилиши вожиб бўлади. Қари сигир ва солиқ қўйларни қурбонлик қилиш жоиз.

Масала: Гангир қўйни гангирбошлиги ўт-ўланни ейишдан ман қилмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади.

Масала: Мол тўлиқ икки ёшга тўлмаган бўлса ёки икки ёшга тўлишига икки кун қолган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.

Масала: Насияга олинган жониворни қурбонлик қилиш жоиз бўлади.

Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворни олдин сотиб олиб боқиб туриши афзал. Токи, унга муҳаббат қилиб қолади ва яхши кўрган нарсасини қурбонлик қилишда савоб кўпроқ бўлади.

Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворларни ёши мол ва қўтосларда тўлиқ икки ёш, туя беш ёш, қўй ва эчки бир ёшдир. Агар булардан бир кун ҳам кам бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Лекин, бир ёшга кирмаган қўйнинг жуссаси бир ёш қўй жуссасичалик бўлса, яъни олти ойлик қўзи бир ёшлик қўй жуссасичалик гавдаси бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Лекин, олти ойга тўлмаган қўзини жуссаси бир ёшлик қўй каби бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.

Масала: Бир йшга кирган қўйнинг жуссаси кичик бўлса-ю, лекин бир ёшга тўлганлиги аниқ бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Агар хонаки хайвон ваҳши ҳайвондан ҳомиладор бўлиб, бола туғса, туғилган бола қурбонлик ёшига киргандан кейин қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Чунки, жониворларда эътибор онага бўлади, отага эмас. Агар ваҳший ҳайвон хонаки ҳайвондан ҳомиладор бўлса, ундан туғилган болани қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Бир қавлда эса, қўй кийикдан ҳомиладор бўлса, туғилган болага қаралади. Агар бола қўй бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Агар бола кийик бўлса, уни қурбонлик қииш жоиз бўлмайди.

Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворларни териси куйиб қолса ва у гўшгача етиб борган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Агар жароҳат гўштга таъсир қилмаган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади.

Масала: Ҳомиладор ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз. Лекин, туғишга яқин қолган жониворларни сўйиш макруҳдир. Агар ҳомиладор жониворни қурбонлик қилгандан кейин боласи тирик чиқса, уни сўйгандан кейин ейишлик ҳалол бўлади. Агар сўйишидан олдин ўлиб қолса, гўшти ҳаром бўлади. Агар ҳомиладор ҳайвонни қурбонлик қилгандан кейин бола тирик чиқса ва сўйилмай яшаб кетса, уни садақа қилиш вожиб бўлади. Агар уни боқиб катта бўлганда қурбонлик қилса, зиммасига вожиб бўлган қурбонлик адо бўлмайди ва гўштини ҳаммасини садақа қилиб юборади.

Масала: Қўтир тушган ҳайвон семиз бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қўтир гўштга таъсир қилиб, ҳайвон озиб кетган бўлса, у ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.

Масала: Бичилган қўй, хўкизларни қурбонлик қилиш ҳеч қандай кароҳиятсиз жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бичилган жониворни қурбонлик қилганлар. Чунки, бичилган қўйнинг гўшти ширин бўлади ва у тез эт олади. Хунаса жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Тамға босилган жониворни қурбонлик қилиш жоиз.

Масала: Қўй бир ёшга, мол икки ёшга ва туя беш ёшга тўлган бўлса-ю, лекин баъзи бир чиқиши керак бўлган тишлари чиқмаган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Чунки, муддат тўлиқ бўлиши шарт, тишларни тўлиқ чиққан бўлиши эса шарт эмас.

Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворларни сути соғилмайди. Агар соғиб қўйилса, сутини ёки унинг қийматини садақа қилиб юбориш лозим.

Масала: Қўй билан қўшиб олинган арқонни садақа қилиб юбориш мустаҳабдир.

Масала: Ит, чўчка каби гўшти ҳалол бўлмаган жониворларни эмиб катта бўлган, ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз.

Масала: Туғма шохсиз жониворни қурбонлиги дуруст бўлади. Шунингдек, шохи синган бўлсада. Лекин, шох таг-туби билан синган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.

Масала: Нисоб эгаси бўлган киши қурбонлик қилиш мақсадида ҳайвон сотиб олса, сўнг қурбонликка ярамайдиган айб билан айбланиб қолса, зиммасига айбсиз бошқа қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Агар фақир киши қурбонлик ниятида жонивор сотиб олса-ю, лекин қурбонликка ярамайдиган бўлиб, айбдор бўлиб қолса, бошқа сотиб олиши жоиз эмас.

Масала: Бой, фақир иккиси ҳам қурбонлик қилишни назр қилиб, ҳайвон сотиб олсалар, кегин у ҳайвон қурбонликка ярамайдиган айб билан айбланса, иккисини зиммасига бошқасини сотиб олиши жоиз бўлади. Қурбонликка яроқли жонивор сотиб олиб, сўйиш вақтида қурбонликка ярамайдиган бўлиб қолса, масалан йиқитаётиб оёғи синиб қолса, кўзи кўр бўлиб қолса, бошқа олиши жоиз эмас.

Масала: Ҳайвонларни ёшини тўлиши қамарий ҳисоб эътиборидан бўлади. Масалан рамазондан рамазонгача. Қамарий йил шамсий йилдан ўн бир ёки ўн икки кунга фарқ қилади.

Масала: Қурбонлик қилинадиган жониворлар уч қисмга бўлинади:

1. Туя (эркак, урғочиси);

2. Мол, қўтос (эркак, урғочиси);

3. Қўй, эчки (эркак, урғочиси).

Булардан ташқари жониворларни, жумладан от, ғули, кийик, товуқ, хўроз кабилар қурбонлик қилиш бидъатдир.

 

ҚУРБОНЛИККА ЯРОҚЛИ БЎЛМАГАН ЖОНИВОРЛАР

 

Масала: Бир кўзи кўр ёки кўришлик даражасини учдан иккиси кетган жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Қиймати тайин қилинмай, мулкида бўлмаган жониворни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Ҳозирги кунда жуда кўпчилик сўйиб, гўшини тортамиз неча кило чиқса, шунга қараб пул бераман, деб қурбонлик қиладилар. Бундай қурбонлик жоиз эмас. Чунки, у ҳали ўзини милкига кирмаган бўлади. Агар қурбонлик қилишдан аввал ўша жонивор вафот этиб қолса, нархи неча пуллиги ва зарар кимга эканлиги номаълум бўлиб қолади. Чунки, харидор мен ҳали сотиб олганим йўқ деса, сотувчи сиз учун шуни тайин қилиб қўйган эдик дейди.

Масала: Жониворни хушидан кетказиб кейин сўйиш жоиз эмас.

Масала: Қўй ва эчкиларни битта елинидан сут чиқиб, битта елинидан сут чиқмаса, шунингдек молларни тўртта елинини иккитасидан сут чиқмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Мол ва туянинг бир елинидан сут келмаса, уларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қурбонликка ҳайвон сотиб олиб, кейин уни ўғирланган ҳайвон эканлиги маълум бўлса, агар уни ўғирлаган кишидан сотиб олган бўлса, қилган қурбонлиги жоиз бўлмайди ва зиммасига бошқа ҳайвонни қурбонлик қилиш лозим бўлади. Молни ҳақиқий эгаси томонидан ҳам қурбонлик ўтмайди. Сўйиб бўлганидан кейин ҳайвоннинг эгаси ижозат берса, гўштини ейиши мумкин. Ижозат бермаса, гўштини ейиш ҳалол бўлмайди.

Масала: Тиши тўкилиб кетган жониворларни қурбонлик қилиш жоиз эмас. Шунингдек, аксарият тиши тўкилиб ози қолган ҳайвонни ҳам. Агар озроқ тишлари тушиб кўпроғи қолган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Қариганлиги туфайли тишлари тўкилиб кетган бўлса-ю, бемалол ем ҳашак еяверадиган бўлса, ундай жониворларни қурбонлик қилиш жоиз бўлади.

Масала: Думла ҳайвон туғма думсиз бўлиб туғилса ёки думини учдан бири ёки кўпроғи кесилган бўлса, ундай ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз эмас.

Масала: Тили кесилган ҳайвон ўт-ўланни ейишда қийналмаса, уни қурбонлик қилиш жоиз. Агар қийналадаиган бўлса, жоиз эмас (Фатвоҳи ҳиндия.

Масала: Қурбонликка жонивор сотиб олиб, сўнг уни сотиб ўрнига бошқа олса, фойдасини садақа қилиб юборади.

 

ҚУРБОНЛИК ГЎШТИ

 

Масала: Кўпчилик шерик бўлиб қурбонлик қилинганда, хусусан ака-укалар биргаликда қурбонлик қилганларида гўштини чамалаб тақсим қилишлик жоиз эмас. Балки, судхўрлик бўлади. Шунинг учун аниқ килолаб тортиб, кейин ҳадия қилмоқчи бўлса, ҳадия қилаверади.

Масала: Бир неча киши гўштни тақсим қилишларидан олдин барча шерикларининг ихтиёри билан кимларгадир гўштни садақа қилишни ихтиёр қилишлари жоиз. Қолганини эса, ўз ҳиссаларига кўра тақсим қилиб олаверадилар. Лекин, шериклардан бирортаси назр қилган бўлса, гўштини нисоб эгаси бўлган кишиларга ҳадия қилишлиги жоиз эмас.

Масала: Ҳалол ҳайвонларнинг етти аъзосини ейиш жоиз бўлмайди. Улар:

1. Оқувчи қон;

2. Эркак ва урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси;

3. Эркак ҳайвоннинг тухими;

4. Сийдик ҳолта;

5. Орқа жинсий аъзоси;

6. Ғудда (безлар);

7. Ўт пуфак.

Масала: “Канзуд дақоиқ” ва “Мароқил фалоҳ” китобларида ҳаром мағиз, яъни умуртқа суяк ичидаги оқ сут каби суюқликни истеъмол қилиш жоиз эмас, дейилган.

Масала: Кўпчилик кишилар қурбонлик қилганларидан кейин ошган гўштини сотиб юборадилар. Бундай қилиш жоиз эмас. Қурбонлик гўштини сотиб юборган бўлсалар, фақир мискинларга уни пулини садақа қилишлари вожиб бўлади.

Масала: Қассобнинг хизмат ҳақини сўйилган қурбонлик гўштидан бериш жоиз эмас.

Масала:  Баъзи бир кишилар гўшти арзон тушар экан деб, қурбонлик қилувчиларга шерик бўлиб оладилар. Агар шерикларидан бирортасини нияти гўштни арзонга тушиши бўлса, барча шерикларнинг қурбонлиги дуруст бўлмайди.

Масала: Қассобнинг хизмат ҳаққини гўшт, тери ёки калла-поча билан адо қилиш жоиз эмас. Агар шундай қилган бўлса, уларни қийматича садақа қилиш вожиб бўлади. Лекин, қассобнинг ҳаққини алоҳида адо қилиб, қўшимча уларни унга бериб юборса зарари йўқ. Леикн, эвазига хизмат ҳақини камайтирмаслиги лозим.

Масала: Қассоблик касби дуруст бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида ҳам қассоблар бўлган. Саҳобаларнинг баъзилари қассоблик касби билан шуғилланганлар.

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz