Рукнлар масаласи ва ҳаж вожиблари Принтер учун
13.10.2013 й.
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ

Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Зоди роҳила қилинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!” (Бақара 197 оят).

 

ҲАЖНИНГ ФАРЗЛАРИ ВА РУКНЛАРИ

 Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида ҳажнинг рукнлари иккита бўлиб, улар:

1. Арафотда туриш;

2. Тавофи зиёрат. Лекин, натижа эътиборидан ҳажда тўртта амал фарздир. Улар қуйидагилар:

1. Эҳром. Эҳром деб ният ва талбияга айтилади. Фиқҳий китобларда эҳромни ҳажни шартлари қаторига киргазилган. Лекин, бу аслида ҳажнинг фарзларидандир;

2. Арафотда туриш, яъни арафот кунининг заволидан кейин вуқуф қилиш;

3. Зиёрат тавофи;

4. Эҳром, арафотда туриш ва зиёрат тавофи орасидаги тартибга риоя қилиш, яъни биринчи эҳромга кириш, иккинчи арафотда туриш, учинчи зиёрат тавофини қилиш. Аксарият китобларда ушбу тартиб фарз деб айтлимасада, лекин аслида бу ҳам ҳажнинг фарзларидандир. Чунки, усиз ҳаж фосид бўлади.

Ушбу тартибга риоя қилинмаса, ҳаж дуруст бўлмайди. Шомий раҳматуллоҳи алайҳ тавофни ниятини ҳам ҳажнинг фарзлари сирасига киритганлар.

Имом Молик ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳларнинг мазҳабларида ҳажнинг рукнлари тўртта бўлиб, улар қуйидагилардир:

1. Эҳром;

2. Арафотда туриш;

3. Зиёрат тавофи;

4. Сафо билан Марва тепалигида саъй қилиш (Ийзоҳут Таҳовий).

Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ наздида ҳажнинг арконлари бешта бўлиб, улардан тўртаси юқорида зикр қилинди, бешинчиси эса, соч олдиришдир (Маъорифус сунан).

الْحَجُّ فَرْضُهُ ثَلَاثَةٌ الْإِحْرَامُ وَهُوَ شَرْطُ ابْتِدَاءٍ ، وَلَهُ حُكْمُ الرُّكْنِ انْتِهَاءً حَتَّى لَمْ يَجُزْ لِفَائِتِ الْحَجِّ اسْتِدَامَتُهُ لِيَقْضِيَ بِهِ مِنْ قَابِلٍ وَالْوُقُوفُ بِعَرَفَةَ فِي أَوَانِهِ سُمِّيَتْ بِهِ لِأَنَّ آدَمَ وَحَوَّاءَ تَعَارَفَا فِيهَا وَ مُعْظَمُ طَوَافِ الزِّيَارَةِ وَهُمَا رُكْنَانِ.

Ҳажнинг фарзи учтадир: эҳромга кириш бўлиб, у аввалда шарт, интиҳода эса рукн ҳукмидадир, арафотда вуқф қилиш, тавофи зиёратни аксар қисмини адо қилиш” (Раддул муҳтор).

بَقِيَ مِنْ فَرَائِضِ الْحَجِّ : نِيَّةُ الطَّوَافِ ، وَالتَّرْتِيبُ بَيْنَ الْفَرَائِضِ ، الْإِحْرَامُ ، ثُمَّ الْوُقُوفُ ، ثُمَّ الطَّوَافُ وَأَدَاءُ كُلِّ فَرْضٍ فِي وَقْتِهِ.

Шу ибораларни остида “Раддул муҳтор”да ҳажнинг фарзларидан қолганлари тавоф қилишни ният қилиш ва учала фарзни ўртасидаги тартибдир, дейилган” (Раддул муҳтор).

 

ТАРК ҚИЛИНСА ҚОН ВОЖИБ БЎЛАДИГАН ҲАЖНИНГ ВОЖИБ АМАЛЛАРИ

 

Ҳажда қайси амални қилиш вожиб бўлса, уни тарк қилиб, қайтадан қила олмаган киши зиммасига жарима сифатида қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

والضوابط ان كل ما يجب بتركه دم فهو واجب

Қатъий қоида шуки, тарк қилганлиги сабабли қон вожиб бўладиган амаллар вожиб амаллардир” (Дуррул мухтор).

Ўша ишлардан йигирма учта энг муҳимини қуйида келтирилади. Ҳожилар ушбу ишларни яхшилаб ёдлаб олсалар жаримадан қутилиб қолишларига замин бўлади. Улар қуйидагилар:

1. Муздалифада туриш: Қурбонлик куни субҳи содиқ билан қуёш чиқиши орасида муздалифада туриш вожибдир. Уни тарк қилган киши зиммасига қон вожиб бўлади;

ولو ترك الوقفة بالمزدلفة بعد الصبح على ما بينا من غير عذر يجب عليه دم.

Субҳдан кейин узрсиз биз баён қилган нарсага кўра Муздалифада вуқф қилишни тарк қилган киши зиммасига қон вожиб бўлади” (Масаалик фил манаасик).

ومن ترك الوقوف بالمزدلفة فعليه دم

Муздалифада вуқфни тарк қилган киши зиммасига қон вожиб бўлади” (Ҳидоя);

2. Сафо билан Марва тепалигида сай қилиш: Икки тепалик орасида сай қилишни тарк қилган киши зиммасига жарима сифатида қурбонлик қилиш лозим бўлади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида икки тепалик орасида сай қилиш вожибдир. Имом Молик, Имом Аҳмад ва Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳлар наздида ҳажнинг рукни ва фарзи ҳисобланади.

والسعي وعند الائمة الثلاثة هو ركن.

Саъй қилиш вожибдир. Учта имом наздида эса, ҳажнинг рукнидир” (Дуррул мухтор);

3. Жамарот тошларини отиш: Тош отиш ҳажнинг вожибларидан бўлиб, тош отишнинг бир кунини ёки учала кунини ҳам тарк қилган кишига битта қурбонлик вожиб бўлади. У ҳақда “Мино” мавзуси остида батафсил танишиб чиқилинади.

ولو اخر اي الايام كلها الى الرابع مثلا رماها كلها فيه قبل الزوال او بعده على التأليف قضاء عنده وعليه دم واحد للتأخير...وان لم يقض حتى غربت الشمس منه فات وقت القضاء والاداء وعليه دم واحد اتفاقا.

Агар тош отишни барчасини тўртинчи кунга қолдирса, хоҳ у заволдан аввал ёки кейин бўлсин Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида қазо ўтаган ҳисобланаиб кечиктиргани учун зиммасига битта қон лозим бўлади. Агар тўртинчи кунини қуёши ботгунича ҳам учала куннинг қазосини адо қила олмаса, адо қилиш ҳам, қазосини қилиш ҳам қўлдан кетган бўлиб, барча имомлар наздида зиммасига битта қон вожиб бўлади” (Ғуния жадийд).

وَإِنْ تَرَكَ رَمْيَ يَوْمٍ وَاحِدٍ فَعَلَيْهِ دَم... وَإِنْ تَرَكَ رَمْيَ جَمْرَةِ الْعَقَبَةِ فِي يَوْمِ النَّحْرِ فَعَلَيْهِ دَمٌ.

Бир кунлик тошни ким тарк қилса, зиммасига қон вожиб бўлади...қурбонлик куни ақаба тошини отишни тарк қилса, зиммасига қон вожиб бўлади” (Ҳидоя);

4. Видолашув тавофи: Офоқий ватанига қайтиб кетаётган пайтда видолашув тавофини қилиши вожибдир. Уни тарк қилиш эса, қонни вожиб қилади.

وَطَوَافُ الصَّدَرِ أَيْ الْوَدَاعِ لِلْآفَاقِيِّ غَيْرِ الْحَائِضِ.

Садр, яъни видолашув тавофи ҳоиза бўлмаган офоқий учун вожибдир” (Дуррул мухтор).

وَمَنْ تَرَكَ طَوَافَ الصَّدْرِ أَوْ أَرْبَعَةَ أَشْوَاطٍ مِنْهُ فَعَلَيْهِ شَاةٌ.

Тавофи садрни ёки ундан тўртта шавтни тарк қилса, зиммасига қўй лозим бўлади” (Ҳидоя);

5. Соч олдириш: Сочни олдириш ёки қисқартириш вожиб ҳисобланади. Агар ҳожи сочни олдирмай ёки қисқартирмай эҳромдан чиқса, зиммасига қон вожиб бўлади.

وَالْحَلْقُ أَوْ التَّقْصِيرُ... أَنَّ هَذَا شَرْطٌ لِلْخُرُوجِ مِنْ الْإِحْرَامِ وَالشَّرْطُ لَا يَكُونُ إلَّا فَرْضًا ... بِأَنَّ وُجُوبَهُ مِنْ حَيْثُ إيقَاعُهُ فِي الْوَقْتِ الْمَشْرُوعِ.

Соч олдириш ёки қисқартириш ҳажнинг вожибларидандир. Шу иборалар остида “Раддул муҳтор”да соч олдириш ёки қисқартириш эҳромдан чиқишнинг шартидир. Шарт эса фақат фарз бўлади. Унинг вожиблиги эса, шариат белгилаган вақтда уни бажариш эътибори биландир” (Раддул муҳтор);

6. Мийқотдан эҳромга кириш: Офоқий киши мийқотдан эҳромга кириши вожибдир. Мийқотдан эҳромсиз ўтиш ҳожи зиммасига қурбонликни вожиб қилади. Ушбу мавзуни батафсил мийқотлар мавзусида кўриб ўтилди.

وَإِنْشَاءُ الْإِحْرَامِ مِنْ الْمِيقَاتِ.

Эҳромга кириш мийқотдан бўлади” (Дуррул мухтор);

7. Қуёш ботишидан аввал арафотдан тушмаслик: Қуёш ботгандан кейин арафотда туриш вожибдир. Шунинг учун қуёш ботишидан аввал арафот майдонини тарк қилувчи кишига вожибни тарк қилганлиги учун зиммага қурбонликни вожиб қилади.

لو دفع من عرفة وجاوزها قبل غروب الشمس وجب عليه دم.

Арафотга чиқиб, қуёш ботишидан аввал тушиб кетса, зиммасига қон вожиб бўлади” (Масаалик фил манаасик);

8. Тавофни яёв қилиш: Қудрати етган киши тавофни яёв қилиши вожибдир. Имконияти бўла туриб, тавофни уловда қилиш қурбонликни вожиб қилади.

المشي فيه اي في الطواف لمن ليس له عذر... فلو تركه بلا عذر اعاده والا فعليه دم لا المشي واجب عندنا.

Узри бўлмаган кишига пиёда тавоф қилиши вожибдир...узрсиз пиёда тавоф қилишни тарк қилиб, уловда тавоф қилса, уни қайтадан қилади. Агар қайтадан пиёда тавоф қилмаса зиммасига қон вожиб бўлади. Чунки, пиёда тавоф қилиш бизнинг мазҳабда вожибдир” (Раддул муҳтор);

9. Таҳорат билан тавоф қилиш: Таҳорат билан тавоф қилиш вожибдир. Шунинг учун кимдаки, таҳоратсиз тавоф қилса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Ҳайз, нифос ёки жанобат ҳолатида тавоф қилинса, жаримасига мол ёки туя сўйиш вожиб бўлади.

ولو طاف للزيارة جنبا او حائضا او نفساء كله او اكثره وهو اربعة اشواط فعليه بدنة...ولو طاف للزيارة كله أو اكثره محدثا فعليه شاة.

Агар фарз бўлган тавофи зиёратни жунуб ёки ҳоиза ёки нифос ҳолатда барчасини ёки аксариятини, яъни тўрттасини адо қилса, зиммасига бадана, яъни туя ёки мол вожиб бўлади. (Агар тавофи зиёратни таҳоратсиз ҳолатда қилса зиммасига қон вожиб бўлади)” (Ғуния жадийд).

Агар тавофи зиёратдан бошқа тавофларни, жумладан тавофи қудум, тавофи видоъ, тавофи нафл кабиларни таҳоратсиз ҳолда қилса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Балки, ҳар бир айланага бир садақаи фитр лозим бўлади ва жами еттита садақаи фитр вожиб бўлади;

10. Тавофда авратни ёпиш: Тавоф ҳолатида авратни ёпиш вожибдир. Агар авратни тўсмай тавоф қилса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади.

وَسَتْرُ الْعَوْرَةِ فِيهِ وَبِكَشْفِ رُبُعِ الْعُضْوِ فَأَكْثَرَ كَمَا فِي الصَّلَاةِ يَجِبُ الدَّمُ.

Тавофда авратни тўсиш вожибдир. Намоздаги каби аъзонинг тўртдан бирини очиш ёки кўпроғини очганлиги сабабли қон вожиб бўлади” (Раддул муҳтор);

11. Сафо ва Марва тепалигида яёв саъй қилиш: Соғлом одам Сафо ва Марва тепалигида яёв саъй қилиши вожибдир. Агар узрсиз уловда саъй қилса, зиммасига қон лозим бўлади;

12. Қирон ва таматтуънинг қурбонлиги: Қирон ёки таматтуъ қилувчи зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Шунинг учун қурбонликсиз эҳромдан чиқиб қўйса, жаримасига бир қурбонлик лозим бўлади.

ذبح الشاة للقارن والمتمتع.

Қирон ва таматтуъ қилувчи қўйни сўйиши вожибдир” (Дуррул мухтор);

13. Ақаба тошини отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириш амаллари орасида тартибга риоя қилиш: Ушбу учта амалар орасида тартибга риоя қилиш вожибдир. Унинг тартиби қуйидагичадир:

1. Қурбонлик куни ақаба тошини отиш;

2. Қурбонлик лозим бўлса, қурбонлик қилиш;

3. Сочни олдириш ёки қисқартириш.

Агар ҳожи тош отишдан олдин қурбонлик ёки соч олдириб қўйса ёки қурбонликдан олдин соч олдириб қўйса, жаримасига қурбонлик лозим бўлади. Ҳа, тавофи зиёратни ушбу учта амалдан олдин қилиш суннатга хилоф бўлсада, лекин қурбонлик қилишни вожиб қилмайди.

وَالتَّرْتِيبُ بَيْنَ الرَّمْيِ وَالْحَلْق وَالذَّبْح يَوْمَ النَّحْرِ.

Тош отиш, соч олдириш ва қурбонлик куни жонлиқ сўйиш орасида тартибга риоя қилиш вожибдир” (Баҳрур роиқ);

14. Тавофи ифоза, яъни фарз бўлган зиёрат тавофини қурбонлик кунларида қилиш вожибдир: Тавофи зиёратни Зул ҳижжанинг ўн ва ўн иккинчи, яъни қурбонлик кунлари қилиш вожибдир. Агар ўн иккинчи кундан ўтиб кетса, ҳожи зиммасида тавофи зиёрат қилиш боқий қолади ва зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

وَفِعْلُ طَوَافِ الْإِفَاضَةِ أَيْ الزِّيَارَةِ فِي يَوْمٍ مِنْ أَيَّامِ النَّحْرِ.

Қурбонлик кунларидан бирида ифоза, яъни зиёрат тавофини қилиш вожибдир” (Дуррул мухтор);

15. Ҳатиймни ташқарисидан тавоф қилиш: Тавофни Каъбанинг ҳатиймини ташқарисида қилиш вожибдир. Агар тавофи зиёратни ҳатиймни ичкарсидан қилиб, ватанига қайтиб кетса, вожибни тарк қилганлиги учун зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Агар тавофни хатимни орқасидан қайтадан қилса, жарима соқит бўлади.

وَمِنْ الْوَاجِبَاتِ كَوْنُ الطَّوَافِ وَرَاءَ الْحَطِيم.

Ҳатиймни орқасидан тавофни қилиш вожибдир” (Дуррул мухтор);

وَلَوْ طَافَ فِي دَاخِلِ الْحِجْرِ فَعَلَيْهِ أَنْ يُعِيدَ ؛ لِأَنَّ الْحَطِيمَ لَمَّا كَانَ مِنْ الْبَيْتِ فَإِذَا طَافَ فِي دَاخِلِ الْحَطِيمِ فَقَدْ تَرَكَ الطَّوَافَ بِبَعْضِ الْبَيْتِ ، وَالْمَفْرُوضُ هُوَ الطَّوَافُ بِكُلِّ الْبَيْتِ لِقَوْلِهِ تَعَالَى { وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ }... وَلَوْ لَمْ يُعِدْ حَتَّى عَادَ إلَى أَهْلِهِ يَجِبُ عَلَيْهِ الدَّمُ.

Ҳатиймни ичкарисидан тавоф қилса, зиммасига уни қайтадан қилиши вожиб бўлади. Чунки, ҳатийм байтдан ҳисобланади. Ҳатийм ичкарисидан тавоф қилиш билан Байтни баъзисини тавоф қилган бўлиб қолади. Аллоҳ таолонинг “Байти атийқни тавоф қилинглар” деган ояти каримасини далили билан Байтни барчасини қилиш фарздир. Ҳатийм ичкарисидан қилган тавофини қайтадан қилмаса, ўз юртига кетиб қолса зиммасига қон вожиб бўлади.” (Бадоиус саноиъ);

16. Саъйдан олдин тавоф қилиш: Сафо ва Марва тепалигида саъй қилиш қайсидир тавофдан кейин бўлиши лозим. Шунга биноан ҳар саъйдан олдин тавоф бўлиши вожибдир. У хоҳ тавофи қудум бўлсин, хоҳ тавофи зиёрат бўлсин, хоҳ тавофи нафл бўлсин. Агар саъй қилишдан олдин тавоф қилинмаса, зиммасига қон лозим бўлади.

وَكَوْنُ السَّعْيِ بَعْدَ طَوَافٍ مُعْتَدٍ بِه.

Эътиборли бўлган тавофдан кейин саъйнинг бўлиши вожибдир” (Дуррул мухтор).

فهو من شرائط صحة السعي ومن واجبات الحج.

Саъйдан олдин тавоф қилишлик саъйнинг дуруст бўлиш шартларидан ва ҳажнинг вожибларидандир” (Ғуния жадийд).

ولو سعى قبل الطواف لم يعتد به فان لم يعده فعليه دم.

Тавофдан олдин саъй қилса, эътиборга олинмайди ва қайтариб қилмаса, зиммасига қон вожиб бўлади” (Ғуния жадийд);

17. Қурбонлик кунлари ҳарам ҳудудида соч олдириш: Қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал ҳарам ҳудудида соч олдириш ёки қисқартириш вожибдир. Шунинг учун ҳарамдан ташқарида соч олдириш ёки ўн иккинчи зул ҳижжа ўтгандан кейин соч олдириш ёки қисқартириш сабабли бир қон вожиб бўлади. Бунинг тафсилоти “Соч олдириш ва қисқартириш” мавзуси остида зикр қилинади.

وَمَنْ أَخَّرَ الْحَلْقَ حَتَّى مَضَتْ أَيَّامُ النَّحْرِ فَعَلَيْهِ دَمٌ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ... وَإِنْ حَلَقَ فِي أَيَّامِ النَّحْرِ فِي غَيْرِ الْحَرَمِ فَعَلَيْهِ دَمٌ.

Кимки соч олдиришни наҳр кунлари ўтиб кетгунича кечиктирса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида зиммасига қон вожиб бўлади...Ҳарамдан бошқа жойда наҳр кунлари соч олдирса, зиммасига қон вожиб бўлади” (Ҳидоя);

18. Бир куннинг тош отишини бошқа кунга кечиктириш: Бир куннинг тошини бошқа куннинг субҳи киришигача кечиктирса, жаримасига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида бир қурбонлик вожиб бўлади;

19. Таматтуъ ёки қирон қилувчининг қурбонлиги: Таматтуъ ёки қирон қилувчи қурбонлик қилишдан олдин тош отиши вожибдир. Агар қурбонликни тош отишдан олдин адо қилса, зиммасига қон вожиб бўлади;

20. Соч олдиришдан олдин қурбонлик қилиш вожибдир: Таматтуъ ёки қирон қилувчи қурбонлик қилишни соч олдиришдан олдин қилиши вожибдир. Шунинг учун қурбонлик қилишдан олдин сочини олдирса, жаримасига қурбонлик лозим бўлади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида қирон қилувчига иккита қон лозим бўлади. Имомайнлар наздида эса, таматтуъ қилувчига ҳам, қирон қилувчига ҳам битта қон лозим бўлади.

فَإِنْ حَلَقَ الْقَارِنُ قَبْلَ أَنْ يَذْبَحَ فَعَلَيْهِ دَمَانِ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ رَحِمَهُ اللَّهُ : دَمٌ بِالْحَلْقِ فِي غَيْرِ أَوَانِهِ ؛ لِأَنَّ أَوَانَهُ بَعْدَ الذَّبْحِ وَدَمٌ بِتَأْخِيرِ الذَّبْحِ عَنْ الْحَلْقِ وَعِنْدُهُمَا يَجِبُ عَلَيْهِ دَمٌ وَاحِدٌ وَهُوَ الْأَوَّلُ ، وَلَا يَجِبُ بِسَبَبِ التَّأْخِيرِ شَيْءٌ عَلَى مَا قُلْنَا.

Қирон қилувчи қурбонликдан олдин сочини олдирса, зиммасига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ назида иккида қон лозим бўлади. Қонлардан бири вақтидан олдин соч олдиргани учун. Чунки, унинг вақти сўйишдан кейин эди. Иккинчи қон соч олдиришдан қурбонликни кечиктирганлиги учундир. Имомайнлар наздида эса, битта қон вожиб бўлади ва у аввалгиси учундир. Вақтидан кечиктирганига биз айтган нарсага кўра ҳеч нарса вожиб бўлмайди” (Ҳидоя);

21. Ҳаж амиридан олдин арафотдан тушмаслик: Ҳаж амиридан олдин одамлар арафотдан тушиб кетиб қолишлари жоиз эмас. Чунки, ҳаж амири арафотдан тушиб кетишини кутиш вожибдир. Агар ҳаж амири арафотдан тушиб кетишидан олдин қайсидир киши арафотдан тушиб кетиб қолса, жарима сифатида зиммасига қурбонлик лозим бўлади.

وَمَنْ أَفَاضَ قَبْلَ الْإِمَامِ مِنْ عَرَفَاتٍ فَعَلَيْهِ دَمٌ.

Кимки имомдан олдин арафотдан тушиб кетса, зиммасига қон вожиб бўлади” (Ҳидоя).

يجوز ان يفيض بعد الغروب قبل الامام اذ لا يجب على الامام ان يفيض مع الغروب بحيث لا يتخلل بين افاضته والغروب زمان ما مع انه لا يلزم على ذلك المفيض بعد الغروب قبل الامام شيء.

Қуёш ботгандан кейин имом арафотдан тушиб кетишидан аввал тушиш жоиз. Чунки имомга қуёш ботиши биланоқ ботиш билан тушиб кетиш ўртасига бирор бир вақт сиғмайдиган даражада арафотдан тушиши вожиб эмасдир. Шунинг учун қуёш ботгандан кейин имомдан аввал тушиб кетувчининг зиммасига бирор нарса лозим бўлмайди” (Чалабий маал фатҳ).

Бу масла ихтилофли бўлиб, “Ҳидоя”нинг соҳиби унга қон вожиб бўлади деган бўлса, “Фатҳул қодир”нинг соҳиби ҳам шуни таъкидлайди. Лекин, “Фатҳул қодир”нинг ҳошиясида Саъдуллоҳ Чалабий раҳматуллоҳи алайҳ: “Қуёш ботганидан кейин ҳаж имоми арафотдан тушиб кетишидан олдин тушиб кетиш қурбонликни вожиб қилмайди” деган;

22. Қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш: Қурбонликни наҳр кунлари қилиш вожибдир. Шунинг учун наҳр кунлари, яъни ўн иккинчи Зул ҳижжа ўтгунича таматтуъ ва қирон қилувчилар қурбонлик қилмасалар жримасига яна битта қурбонлик вожиб бўлади.

ولو أخره عن أيام النحر فعليه دم

Қорин ва мутаматтиъ қурбонликни қурбонлик кунларидан кейинга қолдирса, зиммасига қон вожиб бўлади” (Ғуния жадийд)

وواجبه...رمي القران والمتمتع قبل الذبح والهدي عليهما وذبحهما قبل الحلق وفي ايام النحر.

Қорин ва мутаматтиъ зиммасига қурбонлик қилишдан аввал тош отиши ва шукр қурбонликларини қилишлари ва уларни сўйишликни соч олдиришдан аввал наҳр кунларини ичида қилиши вожибдир” (Раддул муҳтор);

23. Арафотда тургандан кейин соч олдиргунича эҳромда таъқиқланган нарсалардан ўзини йироқда тутиш: Арафотда тургандан кейин эҳромда сақланиш керак бўлган нарсалардан эҳромдан чиқмагунича сақланиши ва ўзини у ишлардан йироқда тутиши вожибдир. Масалан, арафотда тургандан кейин аёли билан қўшилишдан ёки тикилган кийим кийишдан ёки бош ёки юзни ёпишдан ўзини тийиши вожибдир. Акс ҳолда қон вожиб бўлади.

وترك المحظور كالجماع بعد الوقوف ولبس المخيط وتغطية الرأس والوجه.

Арафотда тургандан кейин жимо қилиш, тикилган кийим кийиш ва бош билан юзни ёпиш каби манъ қилинган нарсаларни тарк қилиш вожибдир” (Дуррул мухтор);

 

ТАРК ҚИЛСА ҚОН ВОЖИБ БЎЛМАЙДИГАН ҲАЖНИНГ ВОЖИБ АМАЛЛАРИ

 

Ҳажнинг вожиботлари кўп бўлиб, у борада олимлар ихтилоф қилганлар. Лекин, рожиҳ ва саҳиҳ қавлга биноан бир неча ҳажнинг вожиби деб саналган амаллар бўлиб, уни тарк қилиган кишига қон вожиб бўлмайди. Ўша амаллардан бештасини қуйида зикр қиламиз:

1. Муздалифа йўлида шом билан хуфтон намозларини ўқимаслик вожиб: Муздалифа йўлида шом ва хуфтон намозларини ўқимай, муздалифага етиб келгандан кейин иккисини жам қилиб ўқиш вожибдир. Шунинг учун кимдаки, муздалифа йўлида шом билан хуфтон намозларини ўқиб қўйса, муздалифага етиб келгандан кейин иккисини қайтадан ўқиши вожиб бўлади. Лекин, у кишининг зиммасига қон ҳам, садақаи фитр ҳам вожиб бўлмайди. Балки, қаттиқ гунаҳкор бўаҳлади.

تأخير المغرب والعشاء الى المزدلفة

Шом билан хуфтон намозини Муздалифада ўқиш учун кечиктириш вожиб” (Раддул муҳтор);

2. Тавофдан кейин икки ракъат намоз ўқиш: Ҳар тавофдан кейин икки ракъат тавоф намозини ўқиш вожибдир. Агар адо қилмаса, вожибни тарк қилгани учун гунокор бўлади. Лекин, жарима сифатида бирор нарса вожиб бўлишида олимлар ихтилоф қилганлар. Улардан баъзилари қон вожиб бўлади деган бўлсалар, қолганлари қон вожиб бўлмайди деб таъкидлаганлар. Шунинг учун бу намозни ҳарам ҳудудида адо қилиш суннат, вожиб эмас. Агар ватанига қайтиб боргандан кейин адо қилса ҳам зиммадаги вожиб адо бўлади. Шунинг учун уни тарк қилган киши зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди. Манашу саҳиҳ ва рожиҳ қавлдир.

وَصَلَاةُ رَكْعَتَيْنِ لِكُلِّ أُسْبُوعٍ ) مِنْ أَيِّ طَوَافٍ كَانَ فَلَوْ تَرَكَهَا هَلْ عَلَيْهِ دَمٌ قِيلَ نَعَمْ فَيُوصِي بِهِ... وَلَوْ تَرَكَهَا لَمْ تُجْبَرْ بِدَمٍ أَيْ أَنَّهُ لَا يَجِبُ عَلَيْهِ الْإِيصَاءُ بِالْكَفَّارَة لِأَنَّ رَكْعَتَيْ الطَّوَافِ ، لَا يَجِبُ بِتَرْكِهِمَا الدَّم.

Ҳар қандай тавофнинг еттинчи айланасидан кейин икки ракъат намоз ўқиш вожибдир. Агар уни тарк қилса, зиммасига қон вожиб бўладими? Бир қавлда ҳа ва ўзидан кейин уни сўйишни васият қилади... “Раддул муҳтор” китобининг айни шу жумласи остида икки ракъат тавоф намозини тарк қилса, қон вожиб бўлмайди, яъни каффорат тўлашга васият қилиш вожиб бўлмайди, дейилган. Чунки, тавофнинг икки ракъатини тарк қилиш билан қон вожиб бўлмайди” (Раддул муҳтор);

3. Саъй қилишни сафо тепалигидан бошлаш: Саъй қилишни Сафо тепалигидан бошлашни баъзи олимлар вожиб деганлар. Баъзилар эса, уни суннат деганлар. Лекин, саъй қилишни Сафо тепалигидан бошламаслик билан зиммасига барчанинг наздида қон вожиб бўлмайди. Тавофни Марва тепалигидан бошлаган киши қайтадан Сафо тепалигидан тавофни бошлаши лозим бўлади ва жаримасига ҳеч нарса лозим бўлмайди. Агар қайтармаса, садақаи фитр лозим бўлади.

وَبدَاءَةُ السَّعْيِ بَيْنَ الصَّفَا وَالْمَرْوَةِ مِنْ الصَّفَا ) وَلَوْ بَدَأَ بِالْمَرْوَةِ لَا يُعْتَدُّ بِالشَّوْطِ الْأَوَّلِ فِي الْأَصَحِّ.

Сафо ва Марво орасида саъй қилишни Сафо тепалигидан бошлаш вожибдир. Агар Марва тепалигидан бошлса, уни биринчи шавт деб эътиборга олинмайди” (Раддул муҳтор);

4. Тавофни ўнг тамондан бошлаш: Тавофни бошлашда чап сочини Каъбатуллоҳ тарафга қилган ҳолда ўнг қўл томондан тавоф қилишга киришиш вожибдир. Бу амални баъзилар фарз ва яна баъзилар суннат деганлар.

وَالتَّيَامُنُ فِيهِ ) أَيْ فِي الطَّوَافِ فِي الْأَصَحِّ صَرَّحَ بِهِ الْجُمْهُورُ وَقِيلَ إنَّهُ سُنَّةٌ وَقِيلَ فَرْضٌ

Тавофни ўнг тарафдан бошлашлик саҳиҳ қавлга биноан вожибдир. “Раддул муҳтор”да бу нарсани жумҳур сароҳатан айтган дейилган. Бир қавлда уни суннат дейилса, бошқа бир қавлда фарз дейилган” (Раддул муҳтор);

5. Тавофни ҳажари асваддан бошлаш: Ҳажари асваддан тавофни бошлашни “Дуррул мухтор” соҳиби вожиб деб айтган. Ушбу амални фарз, шарт ва суннат деганлар ҳам бор. Лекин, саҳиҳи вожибдир. Уни тарк қилган киши зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.

وَالْبدَاءَةُ بِالطَّوَافِ مِنْ الْحَجَرِ الْأَسْوَدِ ) عَلَى الْأَشْبَهِ لِمُوَاظَبَتِهِ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ وَقِيلَ فَرْضٌ وَقِيلَ سُنَّة... أَنَّ الْأَصَحَّ أَنَّهُ شَرْطٌ لَكِنَّ ظَاهِرَ الرِّوَايَةِ أَنَّهُ سُنَّةٌ يُكْرَهُ تَرْكُهَا ، وَعَلَيْهِ عَامَّةُ الْمَشَايِخِ.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тавофни ҳажари асваддан бошлаганликлари учун ҳажари асваддан тавофни бошлаш тўғрироғи вожибдир. Бир қавлда фарз ва яна бир қавлда суннат дейилган... “Раддул муҳтор”да юқоридаги сўзлардан кейин саҳиҳи у шартдир дейилган. Лекин, “Зоҳири ривоят”да у суннат бўлиб, тарк қилиш макруҳдир. Барча машойихлар шунга келишганлар, дейилган” (Раддул муҳтор).

 

 
« Олдинги   Кейинги »