Тавба сураси, 25-27 Принтер учун
05.10.2013 й.
25. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз.
26. Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша кофирларнинг жазосидир.
27. Сўнгра ўшандан кейин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мусулмонларга кўпгина маконларда нусрат берган эди. Буни, айниқса, ушбу уч оят тушганда ҳозир бўлган авлод, яъни, саҳобалар авлоди жуда яхши билардилар. Аллоҳ таоло бу ояти карималарда Ҳунайн ғазотига алоҳида эътибор бермоқда. Ҳунайн ғазоти Маккаи Мукаррама фатҳ қилингандан сўнг, саккизинчи ҳижрий йилнинг Шаввал ойида бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама фатҳини тамомлаб, ишларни бир ёқлик қилиб, шаҳар аҳолисининг кўпи мусулмон бўлиб турган пайтда нохуш хабарни эшитадилар. Хабарда айтилишича, Ҳавозан қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилиш учун одам тўплабди. Уларнинг бошлиғи Молик ибн Авф ан-Назрий экан. Унга сақифликлар тўла қўшилибди. Яна Бани Жашм, Бани Саъд ибн Бакр, Ҳилол қабиласидан Авъоъ уруғи (улар оз экан) Бани Амир ибн Омир ва Авф ибн Омирлар қўшилишибди. Улар ўзлари билан аёллар, болалар, қўйлар ва бошқа нарсаларни ҳам олиб чиқибдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи учун олиб келган муҳожирлар, ансорийлар ва араб қабилаларидан тузилган ўн минг кишилик аскарлари билан душман томон йўл олдилар. Исломга янги кирган икки минг маккалик ҳам у киши билан бирга эди. Ҳаммалари бир бўлиб душман томон юриш қилдилар. Икки томон Макка билан Тоиф орасидаги Ҳунайн деб номланадиган водийда тўқнашдилар. Жанг тонг ғира-шира ёришганда бошланди. Мусулмонлар водийга кириб боришганида, ҳавозанликлар қўйган пистирма уларга сездирмай бирдан ҳужум қилиб қолди. Улар тинмай камондан ўқ ёғдиришар, қиличларини ишга солишар ва подшоҳлари буюрганидек, ёппасига ҳужум қилишар эди. Ана шу пайтда мусулмонлар орқага қараб қоча бошладилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам собит турдилар. У киши хачирларини душманнинг рўбарасига қараб солар эдилар. Хачирнинг юганини ўнг томондан Аббос, чап томондан Абу Суфён ибн ал-Ҳорис ибн Абдулмуттолиб тутиб тортишар, унинг юришини секинлатишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, одамларни қайтаришга уриниб: «Мен томонга, эй Аллоҳнинг бандалари, мен томонга. Мен Аллоҳнинг Расулиман. Менинг Пайғамбарлигим ёлғон эмас. Мен Абдулмуттолибнинг фарзандиман», деб қичқирар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалардан юз кишича собит турдилар. Уларнинг ичида Абу Бакр, Умар, Али, Аббос, Фазл ибн Аббос, Абу Суфён, Ибн ал-Ҳорис, Айман ибн Умму Айман, Усама ибн Зайд ва бошқалар розияллоҳу анҳум бор эдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга баланд овоз билан: «Эй дарахт соҳиблари», деб чақиришни буюрдилар. (Ҳудайбияда муҳожир ва ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилган эдилар. Ана ўша кишиларни чақиришни амр этдилар). Аббос баланд овоз билан чақиришга тушди. Улар эса: «Лаббайка, лаббайка», деб жавоб бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайта бошладилар. Баъзи кишиларнинг минган улови қайтмаса, совутини кийиб, уловидан тушиб, пиёда келди. Улардан бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида тўплангандан сўнг, уларга сидқидилдан кучли бир ҳамла қилишга буйруқ бердилар. Шунда мушриклар енгилиб, пала-партиш қочишга тушди. Асирларни тўплаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошларига олиб келишгандагина, бошқа мусулмонлар ҳам қайтиб келишди.
Бу урушда биринчи марта мусулмонлар томонида ўн икки минг кишилик аскар қатнашди. Аскарнинг кўплиги уларни ғурурлантириб, ғалабанинг асосий манбаини унутиб қўйдилар. Оқибатда жангнинг бошланишида мағлубиятга учрадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга собит турган оз сонли мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи нусрат берди. Шу билан бирга Аллоҳ мусулмонларга ёрдам учун фаришталарни ҳам туширди.
Энди ана ўша ишларни ушбу уч ояти карималар қандоқ васф қилганини ўрганиб чиқайлик.
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам».
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло мусулмонларга жуда кўп жойларда ёрдам берди. Бадр урушидан бошлаб то Ҳунайнгача бўлган барча урушларда Аллоҳ таоло мусулмоларга Ўз ёрдамини бериб келди. Ҳунайн куни ҳам Аллоҳнинг ёрлами бўлмаганда мусулмонларнинг иши чатоқ бўлиб қолган эди.
«Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди».
Ҳунайн уруши Маккаи Мукаррама фатҳидан кейин бевосита бошланганидан унга мазкур фатҳда иштирок этган фотиҳлардан ташқари фатҳ сабабли янги мусулмон бўлган аҳли Макка ва бошқа кўпгина томонлар ҳам чиқишган эди. Ҳамма янги ғалаба, Исломнинг зоҳир бўлиши нашидасини сурар эди. Кўпчилик, энди иш битди, мусулмонларга ҳеч ким бас кела олмайди, деган фикрда эди. Биринчи марта мусулмон лашкари ўн икки минг кишилик катта лашкарга айланган эди. Кишиларни бу улкан адад ғурурга кетказиб қўйганди. Уларда озлик чоғимизда қанчадан-қанча душманларнинг устидан ғолиб чиққанмизку, шунча катта сонга эга бўлиб туриб ўзимиздан озсонли мушрикларни енга олмасмидик, деган манманлик пайдо бўлган эди.
Аммо Ҳунайн уруши қизиган пайтда аскарнинг ададининг кўплиги сизга ҳеч қандай фойда бермай қолди. Мушриклар қўйган пистирмадан тўсатдан қашқатқич зарбага учраган  сиз мусулмонлар ўзларингизни  дарҳол ўнглай олмай қолдингизлар. Душманнинг қучли босқиси туфайли сизларга ер юзи торлик қилиб қолди ва:
«Сўнгра ортга қараб қочдингиз».
Қочганда ҳам ҳеч нарсага қарамай қочдингиз. Ҳатто ўз Пайғамбарингизни ҳам ташлаб қочдингиз.
«Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади».
Аллоҳ таоло туширган сокинлик туфайли Унинг Пайғамбари ҳамма қочганда ҳам собит турди. У зот ҳеч нарсадан қўрқмай хачирини душман томон илдамлатар эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам , одамларни қайтаришга уриниб: «Мен томонга, эй Аллоҳнинг бандалари, мен томонга. Мен Аллоҳнинг Расулиман. Менинг Пайғамбарлигим ёлғон эмас. Мен Абдулмуттолибнинг фарзандиман», деб қичқирар эди.
Шунингдек, Пайғамбар билан бирга оз сонли Аллоҳ сокинлик ато қилган мўминлар ҳам собит турдилар.
Бу саботга айниқса Аллоҳ томонидан сизга кўринмайдиган лашкарлар-фаришталарнинг туширилиши катта мадад бўлди.
Шундоқ қилиб охир-оқибат Аллоҳ кофирларни азоблади.
«Ана ўша кофирларнинг жазосидир».
Мусулмонлар томонидан зарба еган кофирлар жазоларини тортдилар.
«Сўнгра ўшандан кейин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир».
Уларнинг душман билан тўқнашганда ортга қараб қочиш ила содир этган оғир гуноҳларини афв этди.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz