Зулҳижжа Аллоҳнинг туҳфаси Принтер учун
05.10.2013 й.

Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учун берган туҳфасидир.

Муҳаммад ибн Маслама ал ансорий р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангизлар, дедилар. (Тобароний ривояти)

Бандаларга туҳфа қилинган мавсумлардан бири Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳисобланади. Бу кунларни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган инсон қандаям бахтли инсондир. Бундай улуғ кунлар бандадан уни гўзал қарши олиши ва унда кўпроқ солиҳ амаллар қилишини талаб қилади. Инсон дунёда гўёки мусофир кабидир. Мусофир сафарга тайёргарлик  кўриб чиқса, сафари хайрли, барокатли бўлади. Биз учун дунёдан охират сафарига тайёргарлик кўриб бормоғимиз лозимдир. Бу кунлар эса ўта қимматли ва қайтиб келмайдиган кунлардир.

 

ЗУЛҲИЖЖАНИНГ ФАЗЛИ:

Қуръони карим ва суннати набавияда унинг фазлига далиллар бор:

Қaсaмёд этaмaн тoнг (вaқти)гa, ва “ўн кeчa”гa,.....” (Фажр;1-2) Ибн Касир, Ибн Аббос, ибн Зубайр ва Мужоҳидлар р.а.лар бу ўн кечадан мурод Зулҳижжанинг ўн кечасидир, деганлар. Аллоҳ таолонинг бу кечаларга қасам ичиши шу кечаларнинг фазилатли эканига кифоя қилади. Демак бу кунлар ўта қимматли кунлардир.

Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: Бошқа кунлардаги амал бу ўн кунчалик афзал эмас, дедилар. Улар: жиҳод ҳамми?, дейишди. У зот: жиҳод ҳам, фақатгина бир киши жони ва молини хатарга қўйиб чиқса-ю, бирор нарса билан қайтмаса, бундан мустаснодир, дедилар. (Бухорий ривояти) (Яъни, моли-ю жони билан чиқиб, ўзи ҳам шаҳид бўлиб кетган киши бундан мустаснодир.)

Ибн Умар р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ субҳонаҳунинг ҳузурида ушбу ўн кунчалик улуғроқ ва маҳбуброқ эмас. У кунларда таҳлилни (лаа илаҳа иллаллоҳ), такбирни (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (алҳамду лиллаҳ)ни кўпайтиринглар, дедилар.

Ибн Ҳажар р.а. айтадилар: бу ўн куннинг афзаллигининг сабаби; бу кунларда намоз, рўза, ҳаж, арафа куни ва садақалар беришдан иборат улуғ ибодатлар жамлангандир. Бошқа кунларда бундай улуғ ибодатлар бирга жамланмайди.

Бу ўн кун Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг улуғ ва энг маҳбуб кунлар экан, буни қадрига етмоғимиз керак. Бу кунларда ҳар бир ибодатга шошилайлик. Аслида ўзимизга жадвал қилиб олишимиз керак. Яъни, қачон қайси ибодатларни қилишга аниқлик киритиб олсак кунларимиз барокатли ўтади. Қимматли вақтимизни беҳуда нарсаларга сарфлаб қўйишдан эҳтиёт бўлайлик!

 БУ КУНЛАРДА ҚИЛИНИШИ МАҲБУБ БЎЛГАН АМАЛЛАР:

* Фарз намозларини жамоат билан ўқишга ва масжидга эртароқ келишга ҳаракат қилиш. Нафл намозларини ҳам кўпайтириш. Чунки булар энг улуғ қурбатлардир.

 * Рўза тутмоқлик. Оналаримиз Умму Салама ёки Ҳафса р.а.лардан ривоят қилинади: “Набий с.а.в. Зулҳижжанинг тўққиз кунида ва Ашуро куни рўза тутар эдилар”.

Абу Ҳурайра .р.а.дан ривоят қилинади: Набий с.а.в.: “Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик унга ибодат қилишдай маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса, Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, дедилар. (Термизий ривояти)

*Арафа кунининг рўзаси. Абу Қатода р.а.дан ривоят қилинади: Набий с.а.в.:Арафа кунининг рўзаси олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлишини Аллоҳдан умид қиламан,”, дедилар. (Келаси йил учун ҳам каффорат дейилди. Бу дегани келаси йил гуноҳ қилишдан муҳофаза қилади, ёки шундай савоблар берадики, келаси йил каффорати учун ҳам етади, деганидир.)

* Такбир, таҳлил ва таҳмид айтмоқлик. Имом Бухорий р.а. айтганлар: Ибн Умар ва Абу Ҳурайра р.а.лар ушбу ўн кунларда бозорга чиқиб такбир айтар эдилар. Уларнинг такбирлари сабабли одамлар ҳам такбир айтардилар.

Бундай унутилиб бораётган суннатларни тирилтирмоқ биз учун муносибдир.

Саҳобалар ва тобеийлардан такбирнинг турли сийғалари ворид бўлган:

1. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару кабиро.

2. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, валлоҳу акбару валиллааҳил ҳамд.

3. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбару валиллааҳил ҳамд.

* Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилиш. Аллоҳ таолони зикр қилиш инсоннинг қалбига таскин беради.

Абу Мусо р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: Роббисини зикр қилувчи билан Роббисини зикр қилмайдиганнинг мисоли тирик билан ўликнинг мисоли кабидир, дедилар. Шунинг учун бу кунларда кўпроқ Аллоҳ таолони зикр қилиб У Зотдан дунё ва охиратнинг офиятини сўраб дуо қилиш керак.

* Ҳақиқий тавба қилиш. Чунки тавбада банданинг нажоти бор. “Бaрчaлaрингиз Aллoҳгa тaвбa қилинглaр, эй мўминлaр! шoяд, нажот қучсaнгизлaр”. (Нур;31)

* Гуноҳ-маъсиятлардан узоқлашиш. Гуноҳлардан доим узоқлашиш лозим, хусусан бу кунларда батариқа авлодир. Чунки улуғ кунларнинг ҳурматини поймол қилиб у кунларда қилинган гуноҳларнинг жазоси бошқа кунларникидан кўра оғирроқ бўлади.

* Хайри-эҳсон қилиш ва садақалар бериш. Савоб кўпайтириб бериладиган кунларни ғанимат билиб хайри-эҳсонларни кўпайтириш керак. Ҳар доим ҳам,  айниқса бу кунларда Аллоҳнинг йўлида молини инфоқ қилиш ўта савобли иш. “Aллoҳнинг китoбини тилoвaт қилaдигaн, нaмoзни мукaммaл aдo этaдигaн вa биз улaргa ризқ қилиб бeргaн нaрсaлaрдaн мaxфий вa oшкoрa эҳсoн  қилaдигaн зoтлaр сирa кaсoд бўлмaйдигaн тижoрaтдaн (яъни, ихлос билан қилган тоатлари савобидан) умидвoрдирлaр”. (Фотир;29)

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: Бир киши пайғамбар с.а.в.га келиб, ё Расулаллоҳ!, қандай садақанинг ажри кўпроқдир?, деб сўради. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: Ўзинг саломат ҳолингда, камбағал бўлиб қолишингдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб туриб, (жонинг) ҳалқумга келиб фалончига мунча, фалончига мунча дейишга кечиктирмай садақа қилишинг, чунки у (яъни, жонинг ҳалқумга келган) пайтда молинг (шундоғам сенинг ихтиёрингдан чиқиб) фалончиники бўлган бўлади, дедилар. (муттафақун алайҳ)

Ҳайит кунидан аввал ҳам хайри эҳсонни кўпайтирайлик. Камбағал-бечораларга совға саломлар улашайлик. Чунки бунда улар ҳам ҳайитга хурсандчилик билан чиқишади. Ҳайит куни йўқлаб боришни ҳамма билади, кутади. Аммо ҳайитдан олдин, Зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида қилинган хайри-эҳсонларимиз кутилмаган совға бўлади. Уламолар: Кутилган катта совғадан кўра кутилмаган кичик совға инсонни кўпроқ хурсанд қилади, деганлар.

*Кечаларни қоим қилиш. Агарчи камгина намоз ўқиса ҳам. Намоз, Қуръон тиловати ва бошқа амаллар билан кечани қоим қилишлик.

Пайғамбар с.а.в. кечани қоим қилишга тарғиб қилиб: “Кечани қоим қилишни лозим тутинглар, чунки бу сиздан олдинги солиҳларнинг одати, Аллоҳ таолога қурбат, маъсиятдан қайтарувчи, гуноҳларга каффорат ва жасаддан касалликни қувивчидир”, дедилар. (Имом Аҳмад ривояти) Саид ибн Жубайр р.а. “Ўн куннинг кечаларида чироқларингизни ўчирманглар”, деганлар. Бу билан Зулҳижжанинг аввалги ўн кечасини қоим қилишга ишора килганлар. Чунки кечани қоим қилиш қалбни Аллоҳга боғлайди ва инсонни ҳаёт қийинчиликлари ва ташвишларига бардош бера оладиган қилиб қўяди.

* Хулқларни янада гўзаллаштириш.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: “Мўминларнинг энг иймони комили хулқи гўзалидир”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Оиша р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: “Арафа кунидан кўра Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан кўпроқ озод қиладиган бирор кун йўқ”, дедилар. (Муслим ривояти)

* Қурбонлик қилиш.

* Имкон қилиб ушбу ўн кун ичида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш.

* Қабристонни зиёрат қилиб ўлимни эсга олиш.

* Баъзи рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.

* Фарзандларга шу кунларда кўпроқ зикр, тасбеҳ ва одобларни ўргатиш. Чунки улар ҳақида ота-оналарлар қиёмат куни сўроққа тутилади. Қиёмат кундаги сўроқ оғир, ҳисоб қийин, қўрқинч катта, жаҳаннам эса: “яна қўшимча борми?” деб туради.

Бу ўн кунларда булардан ташқари Қуръон ўқиш, ўргатиш, ҳадислардан ўрганиш, ўргатиш, кўпроқ истиғфор айтиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош уруғга силаи раҳм қилиш, саломни кенг ёйиш, таом улашиш, икки уришиб қолган кишилар орасини ислоҳ қилиш, амру-маъруф ва наҳй мункар қилиш, тилни ва кўзни сақлаш, қўшниларга яхшилик қилиш, меҳмонга икром кўрсатиш, мусулмонлар юрадиган йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш, мусулмонларга азият бермаслик, Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш, аҳли-оиласини хурсанд қилиш, етимларнинг бошини силаб, кўнглини олиш, касалларни зиёрат қилиш, дўсларининг ҳожатини раво қилиш, пайғамбар с.а.в.га кўпроқ саловат айтиш, қўл остидагиларга мулойим бўлиш, дўстларини ортидан дуо қилиш, муҳтожга ёрдам бериш, масжидга қатнаш, намоздан кейинги дуоларни ҳам бекаму кўст бажариш, мусулмонлар қалбига хурсандчилик киритиш, фарзандларга бу кунларнинг улуғ экани ҳақида таълим бериш, мусулмонлар билан яхшиликда ҳамкорлик қилиш ва ҳ.к.з.лар билан машғул бўлиш керак.

Роббингиздан бўлган мағфиратга шошилинглар(Оли Имрон;133) Бaс, мусoбaқaлашувчилaр мaнa шундa мусoбaқa қилсинлaр!” (Мутоффифийн;26) Аллоҳ таоло ҳаммамизга бу кунларни ғанимат билиб унинг фазлидан фойдаланиб олишни насиб айласин! Омийн.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

 
« Олдинги   Кейинги »