Аллоҳ лаънатлаган амал Принтер учун
03.10.2013 й.

Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салом ва саловотлар бўлсин!

Аллоҳ таоло бандаларини ҳалол-покиза ҳаёт кечиришга буюриб, қабиҳ ва нопок амаллардан қайтарган. Инсониятнинг ерда кўпайиб, тарқалишлиги учун эркак ва аёл ўртасига ажиб бир туйғу-муҳаббатни ато қилган. Бандаларининг никоҳ воситасида боғланиб, оила қуришларини ва шу йўл билан зурриёт орттириб, ерни обод қилишларини буюрган. Одам алайҳиссаломдан бошлаб башарият тарихида никоҳ аталмиш муқаддас робита эркак ва аёл ўртасида боғланиб келмоқда. Вақтлар ўтиши билан шайтон ва нафснинг душманлиги сабаб баъзи қавмлар Аллоҳ белгилаб берган ҳад-чегарани бузиб, фахш ва бузуқликнинг жирканч кўринишини ўзларига касб қилиб оладиган бўлишди. Ана шундай гуноҳлардан бири, гуноҳ бўлганда ҳам ниҳоятда жирканч амал – ливота(бесоқолбозлик)дир. Замонавий фан тилида бу иллат “гомосексуализм”, дейилади.

Эркак киши билан эркак кишининг ноодатий, бузуқ алоқасига “ливота”, дейилади. “Ливота” ҳам икки турли бўлади. Биринчиси, эркак киши эркак кишининг орқасига яқинлик қилиши бўлса, иккинчи тури эркак кишининг аёл киши орқасига яқинлик қилишидир.

Ўтган қавмлар ичидан Аллоҳ ва Унинг элчисига исён қилиб, бу амал билан шуғулланган қавм Лут алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган, адашган Садум қавмидир. Улар улкан гуноҳ – ливота билан шуғулланишар эди.

Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг адашган қавми билан мунозара қилгани ҳақида Ўз каломида шундай хабар беради:

“Сизлар бутун оламлардан (ажраб) ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб эркакларга яқинлашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар”. (Шуаро сураси, 165-166-оятлар)

Аллоҳ таоло бу адашган, золим қавмни инсонийлик чегарасидан чиқиб, ҳайвон даражасига тушиб қолганликларини таъкидламоқда. Ҳатто ҳайвонлик табиати ҳам бу нопок ишдан жирканади. Ундай амални қилганлар ҳайвондан ҳам тубанроқдирлар!

Ана ўшандай исёнкор қавмни ҳолати нима бўлганлиги Қуръонда шундай баён қилинган:

“Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад), у жойлар бу золимлардан (яъни Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир, (яъни, ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!) (Ҳуд сураси, 82-83-оятлар)

Тафсир китобларида айтилишича, оятдаги “Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошлар”нинг маъноси ҳар бир тошга у кимга бориб тегиши ёзиб қўйилганидир. Золим, жиноятчи, исрофгар, кофир сифатлари билан сифатланган қавмнинг қандай аҳволга тушгани кейинги қавмларга ибрат ўлароқ Қуръонда қайта-қайта зикр қилинган. Барча пайғамбарлар умматларини бу жирканч амалдан огоҳлантириб келишган. Албатта бу маъно охир замон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларида ҳам ўз аксини топган.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам марҳамат қилиб айтадиларки: “Умматим хусусида қўрққан нарсамнинг энг қўрқинчлиси Лут қавмининг амалидир”. (Ибн можа ривояти)

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Лут қавми амалини қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин”, деб уч бора такрорлаганлар. (Ибн Ҳиббон ривояти)

Бутун миллатларда бу жирканч амал энг катта гуноҳлардан деб иттифоқ қилинган. Бу амал пок инсоний фитратга ҳам умуман тўғри келмайдиган ярамас амалдир.

Ривоят қилинишича, агар бир эркак бошқа бир эркакнинг устига чиқса, Арш Аллоҳнинг ғазабидан қўрққанидан титраб кетади. Осмонлар ҳам қулаб тушишига бир баҳя қолади.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдиларки: “Аёлларнинг ҳам бир-бирларига яқинлашишлиги – уларнинг ўртасида зинодир”. Ҳадисда бу амал “сиҳоқ” деб келган.

Қадимдан фуқаҳолар бу амални қилганларга нисбатан жазо масаласида турлича ижтиҳод қилишган. Имом Шофеъий мазҳабида Лут қавми амалини қилган кимсанинг жазоси зинога белгиланган жазо билан баробардир, дейилади. Яъни, агар бу амални уйланган эркак қилса, тошбўрон қилиб ўлдирилади. Агар уйланмаган бўлса, юз дарра урилади. Ҳанафий уламоларининг ижтиҳодича, ҳукм қозига ҳавола қилинади. Қози ҳолатга қараб ҳукм чиқаради. Унинг жазоси зинога тенглаштирилмайди.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал кабоир” асарида дейдиларки: “Эркак киши эркак киши билан қўшилишлиги зинодан кўра шармандалироқдир”. У зот ўзларининг бу машҳур асарларида Лут амалини қилган кимсаларга қандай жазо қўлланилиши ҳақидаги ривоятларни келтирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки: “Лут қавми амалини қиладиган кимсаларни учратсангиз, қилувчисини ҳам, қилдирувчисини ҳам ўлдиринглар”. (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Байҳақий ривоятлари. Ҳадис санади - ҳасан).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Уларни (яъни баччавозларни) Лут қавми жазолангани сингари, қишлоқдаги энг баланд бинодан пастга улоқтирилади. Сўнгра устиларидан тош ёғдирилади”.

Ақийда китобларида айтилишича, “Динда ҳаром бўлган ливотани ҳалол қилмоқ ҳам куфрдир”. “Акмалил машориқ” китобида бундай дейилади: “Ливота ақлан, шаръан ва табъан (табиатан) ҳаром. Зино эса фақат шаръан ва ақлан ҳаром. Шу сабабдан ливота зинодан кўра каттароқ журм-гуноҳ, жиноятдир”.

“Дурар” китобида эса бундай дейилади: “Ливотада ҳадд жазоси бўлмаганлиги сабабли саҳобалар жазо масаласида ихтилоф қилганлар. Баъзилари: оловда ёқайлик деб, баъзилари: устларига девор ағдарайлик деб, баъзилари: баланд жойдан ташлаб, устидан тошлар думалатайлик, деб айтганлар. Халифалардан Абу Бакр Сиддиқ, Али розияллоҳу анҳумлар, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ва Ҳишом ундай кимсаларни ўтда ёндирганликлари ривоят қилинади. Яна Ҳазрати Абу Бакрдан ундайларни ўз уйларига киргазиб, устига уйини қулаттирганликлари ривоят қилинган”. Бесоқолбозлик қилган кимсага зинодек ҳадд жазоси қўлланилади деган фақиҳлар: имомайн (яъни Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад), Имом Шофеъий, Ҳасан Басрий, Ато, Нахаий, Қатода ва Авзоийлардир. Имом Шофеъийнинг бошқа қавлларида бундай кимса қилич билан ўлдирилишлиги ривоят қилинган.

Ражм (тошбўрон) қилинади деганлар эса: Имом Молик билан Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдир. (Ходимий)

Камолуддийн ибн Ҳумом “Фатҳул қодийр” китобида Имом Абу Ҳанифанинг қавлларини келтириб, шундай дейдилар: “Кимки бундай ишни қиладиган бўлса, у қамаб қўйилади, токи тавба қилгунича ёки ўлгунга қадар сақланади. Агар тавба қилганидан кейин яна шу амални содир қиладиган бўлса у ҳукумат томонидан ўлдирилади”.

Номаҳрам аёл ва ёш ўспиринларга шаҳват назари билан қараш ҳам зинодир. Шу сабабли ҳам ўтган солиҳ зотлар ўспиринларга қараш, улар билан аралашиб юриш ва бирга ўтиришдан қаттиқ сақланганлар. Тобеъинлардан бирлари айтган эканлар: “Менинг наздимда тақводор йигит учун йиртқич ҳайвондан кўра ёш ўспирин хатарлироқ”. Баъзилар: “Эркак киши ўспирин билан ҳеч қачон бир жойда тунамасин”, деган эканлар. Айрим уламолар ёш ўспиринларни аёлларга қиёс қилиб, улар билан уй, дўкон ёки ҳаммомда ҳоли қолишни ҳаром, деб ҳисоблаганлар.

Али розияллоҳу анҳу: “Кимки ўзи хоҳлаб ўзига яқинлик қилишларига имконият берса, Аллоҳ унга аёлларга хос бўлган шаҳватни ташлайди ва уни қабрида қиёмат кунигача тошбўрон қилиб ҳайдалган шайтонга айлантириб қўяди”, деган эканлар.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бир жинслилар ўртасидаги бу жирканч амал Аллоҳ ва Унинг расули, қолаверса бутун инсоният томонидан лаънатланган амалдир. Муқаддас динимиз таълимотларида бундай бузуқ амал катта гуноҳлар қаторида зикр қилинган ва бунга олиб борадиган ҳар қандай йўллар тўсилган. Минг афсуслар бўлсинки, муқаддас Ислом дини таълимотларидан йироқлашиш, инсоният орасида тобора тарқалиб бораётган жаҳолат, нафс-шаҳватга муккасидан кетиш оқибатида инсоният яралганидан бери соф фитрат қабул қилмайдиган бу қабиҳ амал ҳозирги замонга келиб, тенг ҳуқуқлилик, эркинлик деб аталадиган бўлиб қолди. Кўпгина ғарб давлатлари бир жинслилар ўртасида боғланадиган никоҳни қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлашга уринмоқдалар. Баъзи давлатлар эса бу ғайриинсоний никоҳга қонунан рухсат бериш арафасида турибди. Қуйида бу борадаги статистик маълумотларни келтиришни лозим топдик.

АҚШда 1970 йилдан буён гомосексуаллар (бир жинсли алоқа қилувчилар) ўзларининг ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимоя қилинишини сўраб турли намойиш ва митинглар ўтказиб келишарди. 2000 йилга келиб Вермонт штати биринчилардан бўлиб бир жинслилар никоҳини қонунийлаштирди. 2004 йилга келиб Массачусетс, сўнг Калифорния, Коннектикут, Мэн, Нью Гемпшир, Колумбия штатлари ҳам ушбу сафдан ўрин олди.

АҚШ президенти Барак Обама жорий йилнинг январ ойидаги чиқишларидан бирида бир жинслилар ўртасидаги никоҳни қўллаб-қувватлашини ва уларнинг ҳуқуқларини қонунан ҳимоя қилишини айтганлиги жаҳон оммасида анчагина шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳозирда Америкада бир жинсли оилалар сони 130 мингдан ошган.

Нидерландия бир жинслилар никоҳини маъқулловчи давлатлар сирасига киради. Бир жинслилар никоҳига, ҳатто уларнинг бола асраб олишига рухсат берувчи қонун бу мамлакатда 2001 йилдан буён амалда.

Бельгия ҳукумати 2003 йил 31 январда бир жинслилар никоҳига рухсат берувчи қонунни амалга киритди. Қонунга кўра, оддий оилалар қандай ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлса, бир жинсли никоҳ эгалари ҳам улар билан баробар тенг ҳуқуқлидирлар. 2006 йилга келиб эса Бельгия ҳукумати парламенти юқори палатаси томонидан бир жинсли оилаларнинг фарзанд асраб олишларига рухсат бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Канадада бир жинслилар никоҳини қонунийлаштириш ишлари 2005 йил 20 июлда бошланди. Овоз бериш ишлари бир неча йил давом этди. Овоз бериш натижаларига кўра икки эркак ёки икки аёлнинг турмуш қуришига давлат томонидан қонунан рухсат берилди. Бироқ бу оилаларнинг бола асраб олишларига ҳали рухсат берилганича йўқ.

2006 йил ноябр ойида Жанубий Африка Республикасида бир жинслилар никоҳи тўғрисидаги қонун амалга киритилди.

2008 йилда Норвегия парламенти ҳам бу никоҳни қонунийлаштирди. Норвегияда эндиликда бир жинсли оилалар бола асраб олишлари, тўйларини дабдаба билан нишонлаб, черковларда никоҳдан ўтишлари мумкин.

2009 йилда Швеция, Мексика давлатлари ҳам бир жинслилар никоҳини қўллаб-қувватловчи қонунни амалга киритишди.

2010 йил май ойида Португалияда бир жинслилар никоҳини қувватловчи қонунга қарши мамлакатдаги машҳур сиёсатчилар ўз норозиликларини қанчалик билдиришмасин, бу қонун кучга киритилди.  

2010 йил 21 июлда Аргентина президенти Кристина Фернандес бир жинсли никоҳни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатини имзолади.

Жорий йилнинг август ойида бундай қонунни амалга киритган мамлакатлар сафига Янги Зеландия ҳам қўшилди.

Шунингдек, бир жинслиларнинг никоҳларига ён босган, уларнинг оила қуришларига рухсат берган мамлакатлар қаторига бирин-кетин Бразилия, Буюк Британия, Уругвай, Франция мамлакатлари ҳам қўшилди.

Уругвай парламенти қуйи палатаси 2013 йил 10 апрел куни бир жинсли никоҳларни қонунийлаштириш учун овоз берди. Бу ҳақда Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар берган.

Турли ва бир жинсли икки киши ўртасида никоҳни қонунийлаштирувчи янги қонун учун Вакиллар палатасининг 92 аъзосидан 71 нафари овоз берган. Associated Pressнинг ёзишича, аввалроқ, апрел ойи бошида қонун Уругвай Сенати томонидан маъқулланган эди. Янги қонунга кўра, бир жинсли никоҳдаги кишилар анъанавий никоҳ орқали қурилган оилаларга тааллуқли ҳуқуқлардан фойдаланишлари мумкин. Улар қаторида, жумладан, фарзанд асраб олиш ва сунъий уруғлантиришни ўтказиш кабилар ҳам бор. Мамлакатда тузиладиган ҳам бир жинсли, ҳам анъанавий никоҳ шартномаларида “эр” ва “хотин” сўзлари ўрнига нейтрал “шартнома иштирокчилари” сўзлари ишлатилади. Айни вақтда, қонун Уругвайга келган хорижликларга ҳам бир жинсли никоҳларни расмийлаштириш имконини беради. Бир жинсли никоҳлар тўғрисидаги қонун мамлакатда амалда бўлган ва аёлларга никоҳни бир томонлама бекор қилиш имконини берадиган ажрим қоидаларига ҳам ўзгартиш киритади. Янги тартибга кўра, никоҳ шартномасини тузган томонлардан ҳеч бири ҳамкорининг розилигисиз никоҳни бекор қила олмайди. Бундан ташқари, қонун оила қуриш ёшини ҳам ўзгартиради: бунгача аёллар 12, эркаклар 14 ёшдан оила қуришлари мумкин бўлса, янги қонун ҳар иккала жинс учун 16 ёш қилиб белгилаган.

2010 йил куз ойларида АҚШнинг Техас университети профессори Марк Регнерус ўзининг “Бир жинслилар оиласида тарбияланаётган болаларнинг оддий оилалардаги болалардан фарқи” мавзусидаги илмий иши устида изланишни бошлаганди. Илмий изланиш натижаларига кўра “икки дадали” ёки “икки онали” бўлиб улғайган болаларда оилавий муносабатларга ишончсизлик, қарама-қарши жинс вакилларига бўлган қўрқув, нафрат туйғулари оддий оилаларга нисбатан анчагина юқори эди. Шунингдек, бундай оилаларда тарбияланаётган ўсмир ёшдаги болаларнинг 24 фоизида психик бузилишлар натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилган. Янаям қўрқинчлиси, бир жинсли оилаларда тарбия топаётган болаларнинг атиги 60 фоизи кейинчалик қарама-қарши жинс вакиллари билан бирга бўлишни афзал кўриши, қолганлари эса “ота-оталари” ёки “она-оналари” изидан боришлари маълум бўлди.

Бу каби ғайриодатий, жирканч алоқалар ўзининг зарарларини кўрсата бошлаганлиги табиий. Ҳисоботларга кўра, дунёдаги гонорея касалига чалинганларнинг 40 фоизини, сифилис хасталигининг турли кўринишларига чалинганларнинг 60 фоизини айнан гомосексуалистлар ташкил этади. Ўшандай кимсалар дунё бўйлаб тарқалаётган сифилис, гонорея, гепатит Б, ичаклар гейсиндроми, туберкулёз, цитомегалия вирусларининг асосий ташувчилари ҳисобланишади. Кўпчилик руҳшуносларнинг таъкидлашича, гомосексуалистлар бошқа оддий одамларга нисбатан ўзларини бахтсизроқ ҳис этишар экан, уларнинг 70 фоизи буни ижтимоий камситилиш сабаб, дея изоҳлайди.

АҚШ шаҳарларидаги содир этилаётган қотилликларнинг тенг ярмини гомосексуалистлар содир этишади. Лос Анжелесдаги 30 мингта зўравонликка учраган болаларнинг аксарияти гомосексуалистлар томонидан жабрланганликлари маълум бўлди.

Ҳисоблашларга кўра, гомосексуалистларнинг ўртача умр кўриши 40 йил, улардан 9 фоизигина 65 ёшгача яшаши мумкинлиги аниқланган. Улар ўлимининг аксарияти ОИТС сабабли эканлиги таъкидланган.

Ҳисоботларга кўра, Эрон, Саудия Арабистони, Судан, Мавритания гомосексуалистлар учун энг ёмон мамлакатлардир. Бу давлатларда гомосексуализм учун ўлим жазоси белгиланган. Бизнинг давлатимизда ҳам бир жинслилар ўртасидаги муносабатлар қонун билан чекланган бўлиб, қонун ҳужжатларида уларга қўлланиладиган жазо чоралари кўрсатиб ўтилган.

Шу ўринда, бир мулоҳаза! Бутун дунёни ўз измига бўйсундиришга жон-жаҳди билан чиранаётган ҒАРБ ўзи қурган зиндонга ўзи қулаётганлигини наҳотки билмаётган бўлса?! Одатий ота-она бўлиб яшайдиган, никоҳ сабабли фарзанд орттириб, ўз авлодини давом эттира оладиган оилалар ўрнига гуноҳ лойига ботган, ўзлигини, инсонлигини унутган “ҳайвон”дан баттар кимсалар ўринбосар бўлиб қолса, жамият, давлатнинг келажагини қандай тасаввур қилиш мумкин? Бу иллат давлат ва жамиятларнинг илдизига тушган қурт бўлиб, аста-секин уни қулатиши мумкинлигини ақли бор одам дарров фахмлайди. “Келажак – мусулмонларники”, деган башоратлар яқинлигига яна бир иймон келтирасан киши. Лекин биз мусулмонлар сергак бўлишимиз керакки, бизнинг ҳам орамиздан ўшандай кимсалар чиқиб қолмасин.

“Оммавий маданият” номини олган аждарҳо борган сари ўз сарҳадларини кенгайтириши пайида экан, барчамиз бундан огоҳ бўлишимиз лозим. Ўзимизни, келажагимиз пойдевори ҳисобланмиш фарзандларимизни бу аждарҳо домига тушиб қолишларидан доимо асрашимиз керак.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни лозим деб биламизки, юқоридаги каби жирканч иллатга қарши курашишда барча жамоатчилик бир бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим. Оммавий ахборот воситаларида, жамоат жойларида халқимизни бу иллатдан огоҳлантиришимиз барчамизнинг бурчимиздир. Мусулмон шахс ёмонликка рози бўлмайдиган, уни рад қиладиган, имкони борича яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган етук шахс бўлмоқлиги лозим. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидай: “Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Буниси эса иймоннинг ўта заифлигидир”. (Муслим ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг гувоҳи бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса” дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг гувоҳи кабидир”.

Масжидларда, тўй-маросимларимизда илмли пешволаримиз мусулмонларга динимиз таълимотларини етказишлари, уларни ислом динига ёт бўлган унсурлардан ҳимоя қилишда бор имкониятларини ишга солишлари ниҳоятда зарурдир. Келажагимиз бўлмиш ёшларимизнинг онгига муқаддас динимиз таълимотларини, асрлар оша қадрият бўлиб келаётган миллий урф-одатларимизни сингдириб боришда маориф ходимлари ҳам жонбозлик кўрсатишлари лозим. Оммавий маданиятни тарғиб қилаётган матбуот материаллари, газета ва журналлар, интернет наршларидан ёшларимизни эҳтиёт қилишимиз кераклиги ҳозирда кўп таъкидланмоқда. Бу ишдаги ота-оналар ва жамоатчиликнинг роли устивор эканлигини унутмаслигимиз керак.

Аллоҳ таолодан тавфиқ ва ҳидоят сўраб қоламиз.

Умиджон Турсинов

2013 йил 2 октябр

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz