БАЙТУЛЛОҲ ТАРИХИ Принтер учун
02.10.2013 й.

وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَنْ لَا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ وَأَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ.

“Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар” (Ҳаж 26-27).

 

ЗОЛИМ ПОДШОҲ ВА ҲАЗРАТИ СОРА БИЛАН ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом золим Намруднинг зулм ва ситамлари сабабли туғилиб-ўсган ватани Ироқни ташлаб, аёли Сора онамиз ва жияни Лут алайҳиссаломларни олиб, ҳижрат қилиб кетдилар. Дастлаб, улар Шом давлатининг машҳур шаҳри Ҳарронга, сўнг Ҳалабга ва сўнг у ердан Қуддусга, сўнг Мисрга бордилар. Ўша пйтда Мисрнинг подшоҳи ниҳоятда золим ва жирканч ишлари билан донг таратган эди. Чунки у, шаҳарга келган барча меҳмонларнинг чиройли аёлларини зўравонлик билан тортиб олиб, ўзини жирканч ишини амалга оширар, аёлнинг эрини эса ўлимга маҳкум қилар эди. Бухорий шарифда Миср подшоҳи билан Сора онамиз ўртасида бўлиб ўтган воқеани олтита ўринда келтирилган. Воқеани қисқа тарзда бу ерда баён қиламиз. Подшоҳнинг қўл остидагилар Иброҳим алайҳиссаломдан бу сенга ким бўлади?, деб сўрашди. Иброҳим алайҳиссалом синглим деб жавоб бердилар. Сўнг Иброҳим алайҳиссалом Сора онамизга: “Эй, Сора! Ер юзида мен ва сиздан ташқари бирор мўмин йўқ. Манави мендан сиз ҳақингизда сўраган эди, мен унга синглим деб жавоб бердим. Қаранг, яна мени яолғончига чиқариб турманг” дедилар. Чунки, Сора онамиз ҳақиқатда Иброҳим алайҳиссаломнинг диндаги сингиллари эди. Маълум бўлишича, Миср подшоҳи бирор киши онаси ёки синглиси билан Мисрга келса, у эркакни ўлимга ҳукм қилмас, агар аёли билан келса, хотинини тортиб олиб эрини қатл қилдирар эди. Нима бўлдики, аскарлар Сора онамизни сарой ичкарисига олиб киришиб, подшоҳга тақдим қилишди. Подшоҳ Сора онамизни ҳусни-жамолини кўриши билан нияти бузилиб, ўзини қинғир ҳаракатлари учун тайёрлана бошлади. Сора онамиз таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқиб: “Эй, Аллоҳим! Расулингга иймон келтирганлигим ва шаримгоҳимни эримдан бошқа барчадан сақлаганлигим Сенга маълум. Бугун энди исматимни кофир, золим поймол қиладими? Эй Аллоҳим, золимнинг ҳаракатидан мени сақлагин” деб дуо қилдилар. Шунда, Сора онамизнинг дуолари ижобат бўлиб, подшоҳ ҳушидан кетиб йиқилиб, типирчилаб, қўлини ерга ура бошлади. Бу ҳолатни кўрган Сора онамиз Аллоҳ таолога дуо қилиб: “Эй Аллоҳим! Агар бу ҳозир ўлиб қолса, барча жавобгарлик мени зиммамга тушади. Шунинг учун уни тузатгин” деди. Сора онамизнинг дуоларини барокатидан подшоҳ ҳушига келиб, яна у Сора онамиз томонга қўл чўзди. Сора онамиз иккинчи бор дуо қилган эдилар, яна у ерга йиқилиб, типирчилай бошлади. Шу ҳолат уч бор такрорлангач, подшоҳ ғазаб билан ҳузурига ёрдамчиларини чақириб: “Мени олдимга шайтонни олиб кирдингларми? Уни қаердан олган бўлсаларинг, ўша жойга қайтаринглар” деди. Подшоҳ зоҳиран Сора онамизга нисбатан шайтон лафзини ишлатган бўлсада, лекин қалбан Сора онамизни тақводор, солиҳа аёл эканига амин бўлиб, у кишига нисбатан қалбида улуғ бир эҳтиром пайдо бўлиб, Сора онамиз хизматларига қизи малика Ҳожар онамизни берди. Ҳадисни арабий матни узун бўлгани боис, бу ерда ҳадис хулосаси келтирилди[1].

 

ҲАЗРАТИ ҲОЖАР ЧЎРИ БЎЛГАНМИ ЁКИ МАЛИКА?

Бу ўринда бир савол пайдо бўлади, Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Ҳожар чўри бўлганми ёки маликами? Ҳақиқат шуки, Ҳожар онамиз Миср подшоҳининг қизи бўлганлар. Подшоҳ Сора онамизга ёмон ниятда қўл чўзган эди, бирдан ҳушидан кетиб йиқилди ва бу ҳол уч бор такрорланди. Шундан сўнг подшоҳ Сора онамизни нақадар тақводор ва соҳиби каромат аёл эканига амин бўлди ва Сора онамизни ҳайбати подшоҳ қалбини эгаллади. Шунинг учун подшоҳ ўз қизи Ҳожарни Сора онамиз хизматига бериб, хизматкорларига: “Уни қаердан олган бўлсаларинг ўша жойга қайтаринглар” деди. Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз ва унинг хизматкори Ҳожарни олиб Қуддусга қайтди. Шу тарзда маълум бир вақт ўтди. Шу вақт оралигида Сора онамиз фарзанд кўрмай, ўзларини бепушт деб ўйладилар. Бу вақтда Ҳожар онамиз ҳам балоғат ёшига етиб қолган эдилар. Шунда, Сора онамиз ўзларининг хизматкорлари малика Ҳожарни никоҳ учун эрлари Иброҳим алайҳиссаломга тақдим қилдилар. Иброҳим алайҳиссалом малика Ҳожар онамизга уйландилар ва у иккалаларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар[2].

Баъзи одамлар Ҳожар онамизни чўри бўлган деб ўйлайдилар. Бунга сабаб Бухорий шарифнинг беш-олти жойида Миср подшоҳи Сора онамиз хизматига Ҳожар онамизни беришини турли лафзлар билан келиши бўлган.

قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقَالَتْ اللَّهُمَّ إِنْ يَمُتْ فَيُقَالُ هِيَ قَتَلَتْهُ فَأُرْسِلَ فِي الثَّانِيَةِ أَوْ فِي الثَّالِثَةِ فَقَالَ وَاللَّهِ مَا أَرْسَلْتُمْ إِلَيَّ إِلَّا شَيْطَانًا ارْجِعُوهَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَأَعْطُوهَا آجَرَ فَرَجَعَتْ إِلَى إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلَام فَقَالَتْ أَشَعَرْتَ أَنَّ اللَّهَ كَبَتَ الْكَافِرَ وَأَخْدَمَ وَلِيدَةً.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 У (Сора онамиз):

Эй, Аллҳим! Агар у ўлса, у (аёл) ўлдирди дейишади” деб дуо қилди. Шунда иккинчи ёки учинчисида уни қўйиб юборилди ва у:

Менга шайтонни юборибсизлар. Уни Иброҳимга қайтариб, унга Хожарни беринглар” деди. У (Сора онамиз) Иброҳим алайҳиссаломга қайтиб:

Сизга маълум бўлсинки, Аллоҳ кофирни расво қилиб, бир қизни менга хизматчи қилди” дедилар” (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда Сора онамиз шундай деганлар:

قَالَتْ رَدَّ اللَّهُ كَيْدَ الْكَافِرِ أَوْ الْفَاجِرِ فِي نَحْرِهِ وَأَخْدَمَ هَاجَرَ.

У (Сора онамиз):

Аллоҳ кофир ёки фожирнинг макрини гарданига қайтариб Ҳожарни хизматга берди” дедилар (Бухорий ривояти).

 

БИР ШУБҲАНИ КЕТКАЗИШ

Ҳадисда валийда сўзи келганлиги учун баъзилар Ҳожар розияллоҳу анҳо чўри бўлган деб тушнадилар. Бу тўғри эмас. Чунки, валийда дегани янги туғилган қизча деганидир. Унинг саҳиҳ мафҳуми, ёш қизни хизматга берди деганидир. У қизалоқ катта бўлиб, балоғатга етгач, Сора онамиз ўзларини бепушт деб билиб, уни Иброҳим алайҳиссалом никоҳига тақдим қилдилар ва Иброҳим алайҳиссалом уни ўзларига никоҳ қилиб олдилар.

Ва яна баъзилар иккинчи ҳадисда ишлатилган “ахдама” сўзидан Ҳожар розияллоҳу анҳони чўри бўлган деб тушунишади. Ўзларига далил қилиб, хизматчи ким бўлиши мумкин, албатта чўрида дейдилар. Дарҳақиқат, Имом Бухорий ушбу ҳадисга биноан ихтилофга бир мавзу ясаганлар. Аслида эса, у кишилар тушунгани каби эмас, балки ҳадисда ишлатилган “ахдама” сўзи Ҳожар онамизни Сора онамизга мулк қилиб эмас, хизматини қилиш учун берди деган маънони англатади.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ МАККАИ МУКАРРАМАГА КЕЛИШЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизга уйланганларидан кейин, иккалаларидан Исмоил алайҳиссалом дунёга келди ва Сора онамизда Ҳожар онмизга нисбатан жуда катта рашк пайдо бўлди. Чунки, Сора онамиз Иброҳим алайҳиссалом билан эллик-олтмиш йилни бирга ўтказиб, фарзанд кўрмаган эдилар. Ҳожар онамиздан эса, жуда чиройли фарзанд туғилган эди. Шу сабабли Иброҳим алайҳиссаломнинг икки аёллари ўртасида можаро пайдо бўлиб қолди. Шу пайт Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга ҳеч вақо ўсмайдиган Маккаи мукаррамани обод қилиш учун аёли Ҳожар онамиз билан янги туғилган фарзанди Исмоил алайҳиссаломни Маккаи мукаррамага олиб келиш ҳукми бўлди. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом катта аёлини Қуддусда қолдириб, кичик аёли Ҳожар онамиз билан ўғли Исмоил алайҳиссаломни олиб Маккага келдилар[3].

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ОРТГА ҚАЙТИШЛАРИДА ҲАЙРАТЛАНАРЛИ БИР ВОҚЕА

Бухорий шарифда бир ярим бетча муфассал ҳадис бўлиб, унинг қисқача хулосасини бу ерда тақдим қиламиз. Шояд, ундан баъзилар фойда олсалар.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳукмига биноан аёли Ҳожар онамиз ва фарзанди Исмоил алайҳиссаломни олиб, Маккаи мукаррамага равона бўлдилар. Ўша пайтда Маккаи мукаррама ғароиб бир ҳолатда эди. Унинг барча тарафи тоғ билан ўралган ва яқин атрофда бирор инсонни яшаш тарзидан ном-нишон йўқ эди. Нуҳ тўфони сабабли Малоика ва Одам алайҳиссаломлар томонидан қурилган Каъбатуллоҳ биносининг асари ҳам қолмаган эди.

Имом Азроқий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Ахбори Макка” номли китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни нақл қилиб келтирадилар: “Нуҳ кемасида саксон киши аҳли-аёли билан бирга эди. Улар унда бир юз эллик кун қолиб кетдилар. Ўша давр оралигида Аллоҳ таоло Нуҳ кемасини Каъбатуллоҳ томонга бурди. Каъбатуллоҳ тўфон остига ғарқ бўлган эди. Ўша ҳолатда Нуҳ кемаси Каъбатуллоҳнинг тўрт томонини қириқ кун айланди. Ундан сўнг Аллоҳ таолонинг амри ила Нуҳ кемаси Ироқ томонга юзланди ва Жудий тоғи чўққисига келиб тўхтади”[4].

Иброҳим алайҳиссалом Маккага келганларида Каъба бир дўмлик шаклда эди. Уни олдида бир дарахт бор эди. Иброҳим алайҳиссалом аёли Ҳожар онамиз билан фарзанди Исмоил алайҳиссаломни ўша дарахт остида қолдирдилар. Иброҳим алайҳиссалом бир халта хурмо билан бир меш сувни Ҳожар онамизга бериб, Шомга равона бўлдилар.

Каъбатуллоҳнинг ён-атрофида ҳам, узоқ-узоқларда ҳам ичиш учун на сув, ейиш учун на егулик ва на кўкаламзор кўринар эди. Чунки, у ерларда фақат тоғлар кўринар эди холос. Шунинг учун Аллоҳ таоло у ерни экин-тикнсиз водий, яъни бирор нарса ўсмайдиган тоғлар орасида жойлашган бир водий деб номлаган.

Иброҳим алайҳиссалом аёли Ҳожар онамиз билан эмизикли фарзандини сувсиз, егувликсиз бир тоғ орасидаги водийга қолдириб кетаётганларида, аёли Ҳожар онамиз дардли овоз билан: “Қандай қилиб, бизни шундай бир кимсасиз жойда қолдириб кетасиз ёки бу Аллоҳнинг ҳукмими?” дедилар. Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа, бу Аллоҳнинг ҳукми. Аллоҳ сизларни ҳаргиз ташлаб қўймайди” деб жавоб бердилар. Шунда Ҳожар онамиз бироз жим туриб: “Агар бу Аллоҳнинг амри бўлса, бизни Аллоҳ зоя қилмайди” дедилар[5].

Ҳожар онамизнинг бу гаплари қандай бир ибратли гап-а! Нима деб ўйлайсиз! Ҳозир ҳам Аллоҳ таолонинг номи ва ҳукми учун Иброҳим алайҳиссалом каби аёли ва фарзандини хавф-хатар қурбони қилиб юборадиганлар борми?

 

ЗАМЗАМ ҚУДУҒИ ВОҚЕАСИ

Иброҳим алайҳиссалом ортларига қайтганларидан кейин Ҳожар онамиз қорни очганларида хурмо солинган халтадан хурмо ер, чанқасалар сув бор мешдан сув ичар эдилар. Аллоҳ таолонинг қудрати билан Ҳожар онамиз сув ичсалар сутлари кўпайиб, Исмоил алайҳиссаломни қорнларини тўйдирар эдилар. Лекин, бир неча кундан кейин мешдаги сув тугаб, сут ҳам тўхтаб қолди. Чақалоқни қорни очиб, йиғлай бошлади. Шунда Ҳожар онамиз хавотирланиб, уёқ-буёққа қарадилар ва ҳозир замзам қаерда бўлса, ўша жойга эмизикли Исмоил алайҳиссаломни қўйиб, ўзлари Сафо тепалигига кўтарилиб, уёқ-буёққа қарар ва: “Албатта бирор сувнинг асари кўринади” деб ишонч билан айтар эдилар. Чунки, Иброҳим алайҳиссалом кетаётганларида: “Аллоҳ таоло сизларни зоя қилмас” деган эдилар. Ҳожар онамиз бирор даранда болага зарар етказиб қўймасин деб, тез-тез фарзанди томонга қараб-қараб турар эдилар. Сафо тоғидан кейин Аллоҳ таолодан умид қилиб Марва тоғига юрдилар ва ҳозирда қўйилган яшил чироқ турган жойга етиб келганларида югура бошладилар ва то иккинчи яшил чироқгача югурдилар. Ушбу икки яшил чироқ оралигида югуришларини сабаби шуки, у ерлар пастлик бўлгани боис у ердан Ҳожар онамизга фарзанди кўринмас эди. Шу сабабли тезда югуриб у ердан ўтиб кетар эдилар. Марва томондан фарзанди кўринадиган тепаликка етиб келгач, югурушни тўхтатар эдилар ва Марва тепалигидан уёқ-буёққа қарар ва Аллоҳ таолога дуо қилиб, сўнг Марвадан Сафо тепалигига қараб юрар эдилар. Шу ҳолат етти маротаба такрорланди. Еттинчисида Марва тепалигига келиб турганларида бир овоз эшитилди, қарасалар фарзанди тепасида қушлар учиб юрибди. Шунда бу ерда бирор гап бор деб, фарзанди олдига борган эдилар бир улуғ фаришта, яъни Жаброил алайҳиссалом ташриф буюрган эканлар. Жаброил алайҳиссалом замзам булоғи чиққан жойни товонлари билан бир тепган эдилар, замзам отиллиб чиқди. Шунда Ҳожар онамиз уни атрофида “замзам, замзам”, яъни тўхта, тўхта деб айлана бошладилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Агар Ҳожар розияллоҳу анҳо сувни тўхта-тўхта демаганларида, оқиб турган сувдан бир анҳор пайдо бўлар эди” дедилар. Аллоҳ таоло замзам сувини ҳам озуқа, ҳам чанқоқ бости қилди. Шунинг учун Ҳожар онамиз билан Исмоил алайҳиссалом иккалалари қорнлари очганда ҳам, чанқаганларида ҳам замзамдан ичишар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ҳожар розияллоҳу анҳони сув қидириб Сафо ва Марва тепалигида югиришлари Аллоҳ таолога ёққанидан мусулмон умматга ҳаж ва умра каби ошиқона ибодатда у иккиси орасида югуришни вожиб қилди” дедилар[6].

 

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЗАБҲ ҚИЛИНИШЛАРИДАГИ ИБРАТЛИ ВОҚЕА

Исмоил алайҳиссалом ёқимли ва жуда чиройли бола эдилар. У зот ота-оналарини кўз қувончи эдилар. Шундай бир паллада Аллоҳ таоло томонидан қийин ва машаққатли имтиҳонга ҳукм бўлди. Набийларнинг туши ҳам Аллоҳ таоло томонидан юборилган ваҳий ҳисобланади. Иброҳим алайҳиссалом Шомдан Маккага келганларида жигарбанди ва кўзининг нури бўлган фарзанди билан суҳбатлашиб, бир неча кун Маккада қолиб кетдилар ва шу аснода кетма-кет уч кун туш кўрдилар. Тушларида якка-ю ягона жигарбанди Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга ҳукм бўлди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом фарзанди билан гаплашиб, Аллоҳ таоло томонидан сизни қурбонлик қилишга ҳукм бўлди, деган эдилар, итоатгўй фарзанд: “Отажон, бу Аллоҳ таолонинг ҳукми бўлса, мен билан маслаҳатлашишни зарурати йўқ. Нимага ҳукм бўлса, ўшани қилинг! Ин шаа Аллоҳ мени сабр қилувчилардан топасиз” дедилар. Баъзи тарих ва тафсир китобларининг ривоятларидан маълум бўлишича, малъун шайтон уч маротаба Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келиб, васваса қилишга ҳаракат қилди. Ҳар бор Иброҳим алайҳиссалом шайтонга етти марта тош отдилар. Бугунгача Мино тепалигидаги уч жамаротга тош отиш Иброҳим алайҳиссалом амалларидан ёдгорлик бўлиб қолган[7].

Ота-бола бу ажойиб ибодатни бажариш учун қурбонлик қилинадиган жойга етиб келганларида, Исмоил алайҳиссалом оталарига:

Отажон мени маҳкам боғланг-ки, токи ҳаракатланиб сизга озор етказиб қўймай, кийимларингизни мендан йироқ қилинг-ки, кийимларингизга қон сачраб савобимни камайтирмасин ҳамда онам кийимимдаги қонни юваётганларида ғам-андухга тушмасинлар, пичоқни ўткир қилинг-ки, ҳалқумимни тез кесиб, осон жоним чиқсин ва юзимни ерга қаратиб ёткизинг-ки, сизда менга нисбатан оталик меҳри уйғониб қолмасин ва онамнинг олдига борганингизда мени саломимни у кишига етказинг” дедилар. Яккаю ёлғиз фарзандидан бу гапларни эшитган ота қалбидан нималар ўтиши мумкин? Ҳар ота бундан ўзига андоза олиши мумкин! Иброҳим алайҳиссаломга юзлаб қурбонликлар бўлсин-ки, сабрда тоғдай бўлиб, ўғилларига: “Ўғлим Аллоҳ таолонинг ҳукмини тўлиқ тарзда бажариш учун сиз менга қанчалар яхши ёрдамчи бўлдингиз-а” деб фарзандларини пешонасидан ўпиб, кўз ёш билан фарзандларини боғладилар ва ундан кейин Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари бўғзига пичоқ тортдилар. Шу пайт осмондан: “Эй, Иброҳим сиз тушингизни тўғри тарзда кўрсатдингиз” деган нидо бўлиб, осмондан бир қўчқор нозил бўлди. Ушбу қўчқорни Исмоил алайҳиссалом ўрнига сўйиш Аллоҳ таолонинг ҳукми эди. Қаранг, ота-бола Аллоҳ таолонинг ҳукмини амалга оширишда қандай сабр кўрсатдилар. Албатта, бу иш ҳар қандай ақлни шошириб қўяди[8].

 

АЛЛОҲ ТАОЛО ЎЗ КАЛОМИДА ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЗАБҲ ҚИЛИНИШ ВОҚЕАСИНИ ЧИРОЙЛИ ТАРЗДА БАЁН ҚИЛГАН

رَبِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ قَدْ صَدَّقْتَ الرُّؤْيَا إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ.

Роббим, менга солиҳлардан ато эт, деди. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан? деди. У: Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан, деди. Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида. Биз унга нидо қилдик: Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз, деб. Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир. Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидя қилдик (Соффот 100-107 оятлари).

 

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЙЛАНИШЛАРИ

Қурбонлик ҳодисасидан кейин Иброҳим алайҳиссалом Шомга қайтиб кетдилар. Шу аснода Журҳум қавмидан бўлган баъзи кишилар ўз хонодони билан жойлашиш учун сувли жой қидириб айланиб юришиб, тасодифан чиройли аёл билан чиройли суратдаги бир болага кўзлари тушди ва уларни олдида замзам суви оқиб турар эди. У сувда ҳам озиқа, ҳам чанқоқни қондириш хусусияти бор эди. Журҳум қабиласи вакиллари Ҳожар онамиз олдиларига келиб, замзамга яқинроқ жойда истиқомат қилишга рухсат сўрадилар. Шунда Ҳожар онамиз замзамга эгалик қилиш ҳуқуқи ўзларида қолиш шарти билан рухсат бердилар. Улар Ҳожар онамизнинг шартларини қабул қилишиб, ўз қабиладошларини у ерга жойлаштирдилар. Улар тоғларга бориб ов қилиб, замзам сувидан ичиб кун кўрар эдилар. Чунки, у ерда на ғалла, на дон-дун ва на мевалар ўсар эди. Исмоил алайҳиссалом уйланиш ёшига етганларида Журҳум қабиласи ўзларининг қизларидан бирини никоҳланишга тақдим қилди ва Исмоил алайҳиссалом унга уйландилар. Ундан кейин Ҳожар онамиз вафот этдилар. Иброҳим алайҳиссалом аёли вафот этганига бир неча кун бўлгач Маккага ташриф буюрдилар. Лекин, Исмоил алайҳиссалом ов қилгани тоққа чиқиб кетган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом келини билан суҳбатлашиб, қандай истиқомат қилаётганлари ҳақида сўрадилар. Шунда Исмоил алайҳиссаломнинг аёллари жуда ночор, танг ҳолатда ҳаёт кечираётганлари ҳақида Иброҳим алайҳиссаломга ҳаётидан нолиб гапириб берди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом келинига: “Эринг келса, унга мени саломимни етказ ва унга айтки, уйини остонасини янгилаб қўйсин” деб, Шомга қайтиб кетдилар. Исмоил алайҳиссалом овдан қайтиб келгач, аёлидан ким келгани ҳақида сўрадилар. У: “Шу, шу сифатга эга бир мўйсафид келиб, сизга салом айтишимни ва уйингизни остонасини янгилаб қўйишингизни айтдилар” деди.

Исмоил алайҳиссалом аёлига: “У мени отам, сизга талоқ қўйишимни айтибдилар. Уй остонасидан мурод бу сизсиз. Шунинг учун сизга талоқ қўйдим. Боринг отангизникига кетаверинг” дедилар. Исмоил алайҳиссалом шундан кейин Журҳум қабиласидан бошқа бир аёлга уйландилар. Бир неча кунлардан кейин яна Иброҳим алайҳиссалом келдилар. Исмоил алайҳиссалом у вақтда тоққа ов қилгани кетган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом келинларидан яшаш ҳолатларини сўраган эдилар. Келинлари хайр-баракада ва яхши яшашётганлиги ҳақида Иброҳим алайҳиссаломга хабар бериб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтди. Иброҳим алайҳиссалом келинларидан нима еб, нима ичаётганликлари ҳақида сўрадилар. Келинлари: “Гўшт еб, замзам ичаяпмиз” деди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Аллоҳумма борик лаҳум фил лаҳми вал мааи (маъноси: Эй, Аллоҳим! Уларнинг гўшига ва сувига барака бергин)” деб дуо қилиб, келинларига: “Эрингиз келса, мени саломимни унга етказинг ва уйини остонасини ўзгартирмай ўз ҳолича қолдиришини айтинг” дедилар. Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом орқаларига қайтиб кетдилар. Исмоил алайҳиссалом овдан қайтганларидан сўнг аёллари: “Бир чиройли шайх келиб, сиз ҳақингизда ва қандай истиқомат қилаётганимиз ҳақида сўрадилар. Кетар вақтларида эса, сизга салом айтиб, уйимиз остонасини ўзгартирмаслигингизни тайинладилар” деди.

Шунда, Исмоил алайҳиссалом: “У мени отам, сизни ўз никоҳимда олиб қолишимни айтибдилар. Чунки, уй остонасидан мурод, бу сизсиз” дедилар. Бу воқеа Бухорий шарифдаги узун ҳадиснинг хулосасидир[9].

 

БИРИНЧИ АЁЛНИ ТАЛОҚ ҚИЛИБ, ИККИНЧИ АЁЛНИ НИКОҲДА ҚОЛДИРИШ ҲИКМАТИ

Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлига талоқ қўйишига, иккинчи аёлини эса, никоҳда қолдиришга ҳукм қилдилар. Унинг ҳикмати ва сири нима? Бу ишдаги Аллоҳ таолонинг бир муҳим ҳикмати ва сири шуки, Исмоил алайҳиссалом авлодидан икки олам сарвари, пайғамбарларнинг хатмкунандаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни чиқариш бўлган. Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламни фитрий тарзда ахлоқли, сабрли, шокир ва садоқатли бўлишлари жуда зарур эди. Бу эса, экинзорни танлашга боғлиқ эди. Иброҳим алайҳиссалом тавсияларига биноан Исмоил алайҳиссалом иккинчи аёллари билан қолдилар. Натижада, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларидан кейин кўплаб машаққатларга бардош бериб, хавфли ўринларда тоғ каби собит қадам туриб, сабр билан иш тутдилар. Дунё тарихи уни эсдан чиқармайди.

Исмоил алайҳиссаломнинг биринчи аёлларида на шукур ва на саб бор эди. У Иброҳим алайҳиссаломга яшашларидан шикоят қилиб, биз танглик ва қийинчиликда истиқомат қилмоқдамиз деди. Иккинчи аёллари аввалгисини акси бўлиб, тоғ каби сабр-бардошли эди. Шунинг учун ҳам қийналишларига қарамай Иброҳим алайҳиссаломга хайр-барака ва кенгликда истиқомат қилмоқдамиз деб, Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтди. Аслида эса, танглик ва машаққатларга сабр-бардош қилиб яшашётган эдилар. Уни Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи аёллари ҳаргиз ошкор қилмай ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ томонидан берилган неъматга шукур айтдилар. Аллоҳ таоло уларни қандай ҳолатга ташласа, ўша ҳолат хайр ва барака деб тушундилар. Бундан маълум бўладики, Исмоил алайҳиссаломнинг икки аёлларидан аввалгиси сабр ва шукур мақомидан бирортасини эгалламаган эди. Шунинг учун унинг наслидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни дунёга келишини хоҳламади. Шу сабабли Ўзининг халили Иброҳим алайҳиссалом қалбига ўғли Исмоилга: “Аёлингни талоқ қил” деб ҳукм қилишни солди. Исмоил алайҳиссалом уйланган иккинчи аёл сабр ва шокир бўлганлиги боис, Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилни у билан яшашга ҳукм қилдилар. Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни у аёл наслидан пайдо бўлиши Аллоҳ таолога манзур бўлган эди. Шу ҳикматга биноан Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилга биринчи аёлинг билан ажраш ва иккинчи аёлинг билан яша деб ҳукм қилдилар.

Исмоил алайҳиссаломнинг иккинчи аёлларидан нубувват офтоби ва рушди ҳидоятни ичиб икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар. Сабр, шукр ва ҳидоят борасида оламга бемисол муаллимга айландилар. Исмоил алайҳиссаломнинг иккала аёлга уйланишлари ҳам Бухори шарифда зикр қилинган[10].

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ ИККИ АЁЛЛАРИ ЎРТАСИДА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ АДОЛАТ ҚИЛГАНЛАР

Шу ўринда, Иброҳим алайҳиссалом иккинчи аёллари Ҳожар онамизни сувсиз, унумсиз водийга, яъни Маккаи мукаррамага қолдириб, ўзлари Шомга жўнаб кетдилар. У зот икки аёллари ўртасида қандай қилиб адолат қилганлар деган шубҳа пайдо бўлади. Бу борада ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Фатҳул борий” китобларида бир неча ривоятларни нақл қилиб, Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга Буроқ берилганлигини исбот қилганлар. У зот тонгда унга миниб йўлга чиқсалар пешиндан илгари Маккага етиб келар эдилар. Иброҳим алайҳиссалом ҳар ой Маккага келиб турар эдилар[11].

وَكَانَ ابراهيم يزور هَاجر كل شهر على الْبراق يَغْدُو غدْوَة فَيَأْتِي مَكَّة ثمَّ يرجع فيقيل فِي منزله بِالشَّام.

Иброҳим алайҳиссалом ҳар ой Ҳожар онамизни Буроқда зиёрат қилар эдилар. Тонгда сафар қилиб, Маккага келиб, сўнг ортга қайтиб Шомдаги уйларида қайлула қилардилар[12].

Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамиз билан ўғли Исмоил алайҳиссаломни Маккага ташлаб келишлари ҳикматдан холи эмас эди. Балки, бу Аллоҳ таолонинг муқаддас заминни обод қилиш ҳукми эди. Икки аёл ўртасидаги адолат борасида ўша вақтда Аллоҳ таолонинг ҳукми қандай бўлса, ўшанга мувофиқ иш юритар эдилар. Баъзи ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Буроққа миниб икки муқаддас замин ўртасида сафар қилар эдилар. Аллоҳ таолонинг ҳукми билан икки муқаддас замин Қуддус ва Маккаи мукаррамада Иброҳим алайҳиссаломнинг икки аёллари Сора ва Ҳожар розияллоҳу анҳумолар наслларидан пайғамбарлар силсиласи давом этди. Қуддусда Сора онамиз наслларидан минглаб пайғамбарлар чиқдилар. Улар Исҳоқ алайҳиссаломдан бошланиб то Исо алайҳиссаломгача давом этди.

Ҳожар онамиз наслларидан Исмоил алайҳиссалом билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар. Ушбу икки шаҳар дунёдаги энг шарафли шаҳарларга айланди. Бошқа бирорта шаҳар бу иккиси кабий шарафли эмас. Кейинчалик, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинага ҳижрат қилганликлари сабабли Мадинаи мунаввара ҳам у иккиси каби шарафли шаҳарга айланиб, иззат, азамат ва шарафда у иккисига тенг бўлди. Бугун дунёда истиқомат қиладиган барча мусулмонлар у ерларга боришни ўзлари учун шараф ва иззат деб биладилар.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЭЪЛОНЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом Каъбатуллоҳни қайта қурганларидан кейин, Аллоҳ таолога мурожаат қилиб: “Эй, Аллоҳим! Каъбатуллоҳни таъмир қилиш Сени ҳукминг эди. Мана таъмир ишлари тугади” дедилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан Иброҳим алайҳиссаломга инсонларга Байтуллоҳни ҳаж қилишни эълон қилиш ҳукми бўлди. Шу пайт Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога мурожаат қилиб: “Бу яқин ўртада ва узоқ-узоқларгача одам яшамайди. Инсонлар яшайдиган жой бу ердан юз миллаб узоқликда жойлашган. Мени овозим уларга қандай қилиб етиб боради” дедилар. Аллоҳ таоло томонидан: “Эй, Иброҳим уларга мени овозим қандай етиб боради деб ўйлаш сизнинг ишингиз эмас. Сизнинг ишингиз эълон қилиш, барча инсониятга сизнинг овозингизни етказиш Бизнинг ишимиз” деган жавоб бўлди. Аллоҳ таоло томонидан ушбу нидо бўлгач Иброҳим алайҳиссалом ҳотиржам бўлиб, Сафо тоғига уланган узун, кенг, баланд Абу Қубайс тоғи чўққисига чиқдилар ва бармоқлари билан икки қулоқларини беркитиб, баланд овоз билан “يَا أَيُّهَا النَّاسُ إنَّ اللَّهَ كَتَبَ عَلَيْكُمْ الْحَجَّ فَحُجُّوا (Эй, инсонлар Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинглар)” деб эълон қилдилар. Баъзи ривоятларда мақоми Иброҳимда туриб эълон қилганликлари зикр қилинган. Аслида, Иброҳим алайҳиссалом Абу Қубайс тоғида ҳам, Мақоми Иброҳимда ҳам ва бир неча жойларда ҳам тик туриб ҳаж қилишни эълон қилганлар.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳукмига мувофиқ ҳаж қилишни эълон қилган эдилар. У зотнинг овозлари барча инсониятга ва уларнинг наслларига етиб борди. Ҳатто, эркакларнинг пуштиларидагилар пушти камардагиларнинг пушти камардагиларгача ва аёлларнинг раҳмларида парвариш бўлувчи барча-барчага бу эълон етиб борди.

“Сунани кубро”да келган ривоятга кўра, осмонда ва ерда қанча махлуқ бўлса, у хоҳ инсон бўлсин, жин бўлсин, фаришта бўлсин уларнинг барчасига Иброҳим алайҳиссаломнинг овозлари етиб борди. Ўша вақтда ким Иброҳим алайҳиссаломнинг овозига “лаббайка” деб жавоб берган бўлса, унга Байтуллоҳни ҳаж қилиш насиб бўлади.

Иброҳим алайҳиссалом овозига биринчи бўлиб, яманликлар “лаббайка” деб жавоб бердилар. Ундан кейин дунёнинг турли жойларидан “лаббайка” деган жавоб кела бошлади[13].

Баъзи ривоятларда, ҳаж Иброҳим алайҳиссалом эълонига “лаббайка” деб жавоб берганларгагина насиб бўлади дейилган. Кимдаки, Иброҳим алайҳиссаломга “лаббайка” деб жавоб бермаган бўлса, унга ҳаж қилиш насиб бўлмайди. Кимки Иброҳим алайҳиссалом эълонларига неча маротаба “лаббайка” деган бўлса, ўшанча марта ҳаж қилиш унга насиб этади. Агар киши ўн маротаба “лаббайка” деган бўлса, ўн маротаба, эллик маротаба “лаббайка” деган бўлса, эллик маротаба ҳаж қилиш насиб бўлади. Бу мазмунга тегишли бир неча ҳадислар келгуси сатрларда мустақил сарлавҳа остида баён қилинади.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ОВОЗИГА ДАРАХТ, ТОШ ВА ТОҒЛАРНИ “ЛАББАЙКА” ДЕБ ЖАВОБ БЕРИШИ

Баъзи ривоятларда келишича, дунёдаги барча нарсалар Иброҳим алайҳиссалом чақириқларига “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб жавоб берган. Ҳатто, тош, дарахт, тоғ ва тупроқлардан ҳам “лаббайка” овози эшитилган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُما قَالَ: " لَمَّا بَنَى إِبْرَاهِيمُ عَلَيْهِ السَّلَامُ الْبَيْتَ أَوْحَى اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى إِلَيْهِ أَنْ أَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ، قَالَ: فَقَالَ إِبْرَاهِيمُ: أَلَا إِنَّ رَبَّكُمْ قَدِ اتَّخَذَ بَيْتًا وَأَمَرَكُمْ أَنْ تَحُجُّوهُ، فَاسْتَجَابَ لَهُ مَا سَمِعَهُ مِنْ حَجَرٍ أَوْ شَجَرٍ أَوْ أَكَمَةٍ أَوْ تُرَابٍ: لَبَّيْكَ اللهُمَّ لَبَّيْكَ".

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Иброҳим алайҳиссалом Байтни қуриб бўлгач, Аллоҳ таоло томонидан инсонлар орасида ҳажни эълон қилгин деган ваҳий нозил бўлди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Огоҳ бўлинглар! Роббиларингиз бир уйни тутди ва сизларга уни ҳаж қилишларингизга амр қилди” дедилар. Уни эшитган тош, дарахт, тепалик ва тупроқлардан (ҳар бир) нарса: “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб ижобат қилди” (Шуъаби иймон).

Байҳақийнинг “Сунани кубро” асарида юқоридаги ҳадисни кенгроқ ёритиб берувчи қуйидаги ҳадис келтирилган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ فِى قَوْلِهِ (وَأَذِّنْ فِى النَّاسِ بِالْحَجِّ) قَالَ : لَمَّا أَمَرَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِبْرَاهِيمُ -صلى الله عليه وسلم- أَنَّ يُؤَذِّنَ فِى النَّاسِ بِالْحَجِّ قَالَ : يَا أُيَّهَا النَّاسُ إِنَّ رَبَّكُمُ اتَّخَذَ بَيْتًا وَأَمَرَكُمْ أَنْ تَحُجُّوهُ فَاسْتَجَابَ لَهُ مَا سَمِعَهُ مِنْ حَجَرٍ أَوْ شَجَرٍ أَوْ أَكَمَةٍ أَوْ تُرَابٍ أَوْ شَىْءٍ فَقَالُوا : لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ لَبَّيْكَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳ таолонинг “Одамларни ҳажга чақир” (Ҳаж 27 оят) деган қавли борасида у (ибн Аббос): “Аллоҳ азза важалла Иброҳим алайҳиссаломга “Одамларни ҳажга чақир” деб амр қилганида, у (Иброҳи алайҳиссалом): “Эй, инсонлар Роббиларингиз бир уйни тутди ва сизларга уни ҳаж қилишларингизга амр қилди” дедилар. Уни эшитган тош, дарахт, тепалик, тупроқ ва нарсалардан ҳар бирлари: “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб жавоб бердилар” деди. (Байҳақий ривояти).

“Мустадраки Ҳоким”, “Сунани кубро” каби асарларда ушбу воқеа атрофлича баён қилинган. Уларда шундай дейилади: “Иброҳим алайҳиссалом овозини еру осмондаги барча махлуқотлар эшитди ва Иброҳим алайҳиссалом чақириғига “лаббайка” деб жавоб беришга ҳукм бўлди. Шунинг учун ҳаж ва умрага эҳром ўраётган пайтда талбия айтиш шарт қилиб қўйилди. Бу жараён қиёматгача давом этади. Ким қаердан эҳром ўрамасин ўша жойдан унга талбия айтиш вожиб бўлади. Умра қилувчиларга эҳром ўраганларидан бошлаб то тавоф қилишга киришгунларича талбия айтишларига ҳукм қилинди. Ҳаж қилувчиларга эса, эҳром ўраганларидан бошлаб биринчи ақаба тошларини отгунларича “лаббайка, лаббайка” айтишларига ҳукм қилинган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ : لَمَّا فَرَغَ إِبْرَاهِيمُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ مِنْ بِنَاءِ الْبَيْتِ قَالَ : رَبِّ قَدْ فَرَغْتُ فَقَالَ : أَذِّنْ فِى النَّاسِ بِالْحَجِّ قَالَ : رَبِّ وَمَا يَبْلُغُ صَوْتِى قَالَ أَذِّنْ وَعَلَىَّ الْبَلاَغُ قَالَ : رَبِّ كَيْفَ أَقُولُ قَالَ : يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْحَجُّ حَجُّ الْبَيْتِ الْعَتِيقِ فَسَمِعَهُ مَنْ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ أَلاَ تَرَى أَنَّهُمْ يَجِيئُونَ مِنْ أَقْصَى الأَرْضِ يُلَبُّونَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Иброҳим алайҳиссалом байтни қуришдан фориғ бўлгач: “Эй, Роббим фориғ бўлдим” дедилар. Шунда, (Аллоҳ таоло): “Одамларни ҳажга чақирдеди. У (Иброҳим алайҳиссалом): “Эй, Роббим! Овозим етиб бормайди” дедилар. (Аллоҳ таоло): “(одамларни ҳажга) Чақир, етказиш Мени зиммамга” деди. У (Иброҳим алайҳиссалом): “Эй. Роббим! Нима дейман?” дедилар. (Аллоҳ таоло): “Эй, инсонлар атиқ байтни ҳаж қилиш сизларга фарз қилинди” деди. У(Иброҳим алайҳиссалом овози)ни еру осмон орасидаги нарса(махлуқ)лар эшитди. Кўрмайсизми, улар ернинг турли тарафларидан талбия айтиб келмоқдалар” (Ҳоким ривояти).

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ ЧАҚИРИҒИГА БИРИНЧИ БЎЛИБ ЛАББАЙКА ДЕГАНЛАР

“Руҳул маъоний”, “Тафсири ибн Касир” каби китобларда ибн Жарир ат-Табарий, ибн Абу Ҳотим санади билан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ:"لما أمر الله إبراهيم أن ينادي في الناس بالحج صعد أبا قبيس فوضع أصبعيه في أذنيه، ثُمَّ نادى: إِنَّ الله كتب عليكم الحج فأجيبوا ربكم، فأجابوه بالتلبية في أصلاب الرجل وأرحام النساء وأول مِنَ اجابه أَهْل اليمن، فيلس حاج يحج مِنْ يومئذ إِلَى أن تقوم الساعة إلا مِنْ كَانَ أجاب إبراهيم يومئذ".

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга инсонларни ҳаж қилишга чақиришга буюрган эди, Абу Қубайс тепалигига кўтарилиб, икки бармоғини икки қулоғига қўйиб: “Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди. Бас, Роббиларингизга ижобат қилинглар” деб нидо қилдилар. Бас, унга кишилар сулби ва аёллар раҳмидагилар талбия билан жавоб бердилар. Жавоб бергувчиларнинг биринчиси Яман аҳли бўлди. Ўша вақтдан қиёматгача ўша кунда Иброҳим алайҳиссаломга жавоб берганлар ҳаж қиладилар”[14].

 

НИМА УЧУН ҲАММАДАН ОЛДИН ЯМАНЛИКЛАР ЛАББАЙКА ДЕБ ЖАВОБ БЕРГАНЛАР?

Бу ерда энг аҳамиятли гап шуки, яманликлар Иброҳим алайҳиссалом эълонига “лаббайка” деб биринчилардан бўлиб жавоб бердилар. Чунки, дунёда яманликларга фитрий тарзда дин борасида биринчилардан бўлиш ёзилгандир. Мадиналик Авс ва Хазраж қабилаларининг ота-боболари ҳам яманликдир. Улар Ямандан Мадинага ҳижрат қилиб келиб, у ерга жойлашиб қолганлар. Икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн уч йил Маккада турли хил азиятларни бошдан ўтказдилар. Шу муддат давомида жуда оз сонли заъиф, фақир одамлар исломни қабул қилдилар. Лекин, барча сардорлар исломга тиш-тирноқлари билан қарши туришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳаммадан биринчи бўлиб, келиб чиқиши яманлик бўлган Авс ва Хазраж қабилаларининг сардорлари исломни қабу қилдилар.

Ўн уч йил давомида Маккада қанча одамлар исломни қабул қилган бўлса, Мадинага келганларидан кейин ўн уч кун ичида ундан кўп одамлар исломни қабул қилишди. Чунки, мадиналиклар аслида яманликлардир. Шу боис ҳам Иброҳим алайҳиссалом чақириғига биринчилардан бўлиб “лаббайка” деб жавоб берганлар яманликлар бўлишган.

 

ҲАРАМИ ШАРИФГА БОРИШ ФАҚАТ ЛАББАЙКА ДЕБ ЖАВОБ БЕРГАЛАРГА НАСИБ ЭТАДИ

Каъбатуллоҳга бориш Иброҳим алайҳиссалом чақириғига лаббайка деб жавоб берган кишиларгагина насиб этади. Кимки неча маротаба чақириққа лаббайка айтган бўлса, ўшанча маротаба Байтуллоҳага боради.

عَنْ مُجَاهِدٍ، قَالَ: " لَمَّا فَرَغَ إِبْرَاهِيمُ عَلَيْهِ السَّلَامُ أُمِرَ أَنْ يُؤَذِّنَ فِي النَّاسِ، فَقَامَ عَلَى الْمَقَامِ، فَقَالَ: يَا عِبَادَ اللهِ أَجِيبُوا، فَأَجَابُوهُ لَبَّيْكَ اللهُمَّ لَبَّيْكَ، فَمَنْ حَجَّ فَهُوَ مِمَّنْ أَجَابَ دَعْوَةَ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ ".

Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

“Иброҳим алайҳиссалом (Байтни қуришдан) фориғ бўлгач, инсонларга (ҳаж қилиш Аллоҳ томонидан фарз бўлганини) эълон қилишга амр қилиндилар. Шунда мақомда туриб: “Эй, Аллоҳнинг бандалари ижобат қилинглар” дедилар. Улар унга “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб жавоб бердилар. Бас, ким ҳаж қилса, Иброҳим алайҳиссалом чақириғига жавоб берган кишилардан бўлади” (Шуъаби иймон).

 

КАЪБАТУЛЛОҲ БИЛАН МАСЖИДИ АҚСО ҚУРИЛИШИ ЎРТАСИДА ҚАНЧА МУДДАТ БОР

Бу мавзу юзасидан Бухорий шарифда Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан бир ҳадис икки жойда кетирилган.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيُّ مَسْجِدٍ وُضِعَ أَوَّلا قَالَ الْمَسْجِدُ الْحَرَامُ قُلْتُ ثُمَّ أَيٌّ قَالَ ثُمَّ الْمَسْجِدُ الْأَقْصَى قُلْتُ كَمْ كَانَ بَيْنَهُمَا قَالَ أَرْبَعُونَ ثُمَّ قَالَ حَيْثُمَا أَدْرَكَتْكَ الصَّلَاةُ فَصَلِّ وَالْأَرْضُ لَكَ مَسْجِدٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Қайси масжид биринчи бўлиб қурилган?” дедим. У зот:

“Масжиди ҳаром” дедилар. “Кейин қайсиниси?” дедим. У зот:

“Масжиди Ақсо” дедилар. “Иккиси ўртасида қанча муддат бор” дедим. У зот:

“Қириқ” дедилар. Сўнг: “Қаерда сени намоз топса, бас намоз ўқигин. Ер сен учун масжиддир” дедилар” (Саҳиҳи Бухорий).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда дунёда ибодат учун қурилган биринчи уй, Маккадаги Каъбатуллоҳдир деган. Аллоҳ таоло у уйни ниҳоятда баракали ва бутун инсоният учун ҳидоят сабабчиси қилган. Ояти каримада бу ҳақда шундай дейилади:

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ.

Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир” (Оли Имрон 96 оят).

 

КАЪБА ҚУРИЛАЁТГАНДА ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЁШЛАРИ

Аллоҳ таоло томонидан Каъбани қуришга Иброҳим алайҳиссаломга амр қилинганида, у зот юз ёшда эдилар. Исмоил алайҳиссалом эса, ўттиз ёшда эдилар. Бундан қириқ йил кейин, яъни Иброҳим алайҳиссалом бир юз қириқ ёшга кирганларида, у зот томонидан Масжиди Ақсо қурилган. Шунда Исмоил алайҳиссаломнинг ёшлари етмиш ёшда эди. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний Фокиҳийдан бу мавзу борасида Абу Жаҳм нақл қилган қуйидаги ҳадиси шарифни келтирган:

ووقع في حديث أبي جهم عند الفاكهي أن عمر إبراهيم كان يومئذ مائة سنة وعمر إسماعيل ثلاثين سنة.

Имом Фокиҳий наздидаги Абу Жаҳм ҳадисида, Иброҳим алайҳиссаломнинг умри ўша пайтда юз ёш, Исмоил алайҳиссаломнинг умри эса, ўттиз ёшда бўлган деган ривоят собитдир (Фатҳул борий).

 

БАЙТУЛЛОҲНИ БАЙТУЛ АТИЙҚ ДЕБ АТАЛИШИ

Каъбатуллоҳнинг яна бир номи байтул атийқдир. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилинган. Атийқ дегани озод қилинган деганидир. Аллоҳ таоло ҳар золим ва қонхўрлардан Байтуллоҳни озод қилгани учун ҳам уни “Байтул атийқ” деб номлаган. Ин шаа Аллоҳ бирор золим Байтуллоҳ устидан ғалаба қозанмас ва ўз мулки қилиб ололмас. Ҳоким Шаҳийд Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳ Ҳокимнинг “Мустадрак”идан у мазмунга тегишли бир ҳадисни нақл қилиб келтирган. У ҳадис Бухорий шартларига мувофиқдир:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الزُّبَيْرِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "إِنَّمَا سَمَّى اللهُ الْبَيْتَ الْعَتِيقَ لِأَنَّهُ أَعْتَقَهُ مِنَ الْجَبَابِرَةِ وَلَمْ يَظْهَرْ عَلَيْهِ جُبَارٌ قَطُّ ".

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ таоло Байтни золимлардан озод қилгани учун уни атийқ деб номлади. Шунинг учун бирор золим уни устидан ҳаргиз эгадор бўлмас” дедилар” (Ҳоким ривояти).

 

БАЙТУЛ МАЪМУР КАЪБАТУЛЛОҲ УСТИДА

Ер юзида инсонлар ибодат қилиши учун Каъбатуллоҳ қибла ва ибодатгоҳ бўлгани каби еттинчи осмондаги байтул маъмур фаришталарнинг қибласи ва ибодат қиладиган жойларидир. Кунига у ерда етмиш минг фаришта ибодат қилади. Фаришталарнинг адади жуда кўп бўлгани боис бир маротаба навбати келиб, у ерда ибодат қилган фариштага иккинчи маротаба навбати келишидан илгари қиёмат қоим бўлиб қолади.

Еттинчи осмондаги Байтул маъмур Каъбатуллоҳнинг шу даржада рўбарўсидаки, агар у ердан бирор нарса ташланса албатта Каъбатуллоҳнинг томига тушади. Юқори томондан Аршнинг остидадир. Ерда Каъбатуллоҳнинг азамати ва ҳурмати қанчалар улуғ бўлса, осмонда Байтул маъмурнинг ҳурмати шу даражада улуғдир. Аллоҳ таоло осмонда Байтул маъмурга, ерда Каъбатуллоҳга шунчалар ҳурмат ва азамат ато этганки, еру осмондан бирор иморат у иккиси каби ҳурмат ёки азаматга эга эмас. Дунёдаги юзлаб иморатлар ҳам уларнинг улуғлигини ўзларида акс эттира олмайди.

Бугун Байтуллоҳни зиёрат ва тавоф қилиш учун мўмин кишилар турли томонлардан келимоқдалар. Бундай инсонлар қандай яхши насибали инсонлар-а! Аллоҳ таоло бизларнинг барчамизга у ерни бориб зиёрат қилишни қайта-қайта насиб этсин! Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " الْبَيْتُ الْمَعْمُورُ فِي السَّمَاءِ السَّابِعَةِ يَدْخُلُهُ كُلَّ يَوْمٍ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ ثُمَّ لَا يَعُودُونَ إِلَيْهِ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ ".

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Байтул маъмур еттинчи осмондадир. Унга ҳар куни етмиш минг фаришта киради, сўнг улар қиёмат қоим бўлгунича унга қайтмайдилар” дедилар” (Шуъаби иймон).

Бир ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан юқоридаги ҳадисга нисбатан равшанроқ лафзлар билан ривоят қилинади:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: " الْبَيْتُ الْمَعْمُورُ بَيْتٌ فِي السَّمَاءِ بِحِيَالِ الْكَعْبَةِ لَوْ سَقَطَ سَقَطَ عَلَيْهَا، يُصَلِّي فِيهِ كُلَّ يَوْمٍ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ، وَالْحَرَمُ حَرَمٌ بِحِيَالِهِ إِلَى الْعَرْشِ، وَمَا مِنَ السَّمَاءِ مَوْضِعُ إِهَابٍ إِلَّا وَعَلَيْهِ مَلَكٌ سَاجِدٌ أَوْ قَائِمٌ ".

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Байтул маъмур Каъбанинг рўбарўсидаги осмондаги уйдир. Агар у тушиб кетса, у(Каъбатуллоҳ)ни устига тушади. Ҳар куни унда етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Ҳарамнинг чегараси Аршгача ҳарамдир. Осмонда бир тери миқдорича жой бўлса, унинг устида сажда қилгувчи ёки қоим тургувчи фаришта бордир” (Шуъаби иймон).

 

АБДУЛЛОҲ ИБН АББОС РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУДАН ҚИЛИНГАН БОШҚА БИР РИВОЯТДА БАЙТУЛ МАЪМУРНИ БОШҚА НОМ БИЛАН “АЗ-ЗАРОҲ” ДЕБ АЙТИЛАДИ

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: " إِنَّ فِي السَّمَاءِ بَيْتًا يُقَالُ لَهُ الضَّرَّاحُ، وَهُوَ فَوْقَ الْبَيْتِ الْعَتِيقِ مِنْ حِيَالِهِ حُرْمَتُهُ فِي السَّمَاءِ كَحُرْمَةِ هَذَا فِي الْأَرْضِ يَلِجُهُ كُلَّ لَيْلَةٍ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ يُصَلُّونَ فِيهِ، لَا يَعُودُونَ إِلَيْهِ أَبَدًا غَيْرَ تِلْكَ اللَّيْلَةِ ".

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Осмонда Зароҳ деб аталадиган уй бор. У Байтул атийқнинг тўғрисидадир. Осмонда унинг ҳурмати ердаги бу(Каъбатуллоҳ)ни ҳурмати кабидир. Ҳар куни унга етмиш минг фаришта келиб, унда намоз ўқийдилар. Улар ўша кечадан кейин абадий унга қайтмаслар” (Шуъаби иймон).

 

МАЛОИКАЛАРНИНГ ҲАЖИ

Ҳадиси покда келишича, инсонлар ер юзига жойлашишларидан икки минг йил аввал фаришталар Байтуллоҳни ҳаж қилар эдилар. Бундан Аллоҳ таоло Каъбатуллони инсонлардан аввал фаришталарга қибла қилиб бергани маълум бўлади. Инсонлар ерга жойлашганларидан кейин Байтул маъмурни фаришталар учун алоҳида қибла қилиб берилди ва инсонлар учун эса, Байтуллоҳ қибла қилинди. Иброҳим алайҳиссаломдан бошлаб қайсидир қавмлар ҳар вақт Байтуллоҳни ҳаж қилганлар. Улар ҳақида қуйида батафсил сўз юритилади:

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ كَعْبٍ الْقُرَظِىِّ أَوْ غَيْرِهِ قَالَ : حَجَّ آدَمُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ فَلَقِيَتْهُ الْمَلاَئِكَةُ فَقَالُوا : بُرَّ نُسُكُكَ آدَمُ لَقَدْ حَجَجْنَا قَبْلَكَ بِأَلْفَىْ عَامٍ.

Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий ёки бошқалардан ривоят қилинади:

“Одам алайҳиссалом ҳаж қилаётганида фаришталар уни учратиб қолишиб: “Эй, Одам алайҳиссалом ҳажингиз мабрур бўлсин. Сиздан икки минг йил илгари биз ҳаж қилган эдик” дедилар” (Байҳақий ривояти).

 

ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЖЛАРИ

Ҳозирги кунда биз кўриб турган Байтуллоҳ Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга билдирган пойдевор устига қад рослагандир. Одам алайҳиссалом ва фаришталар замонасида Каъбанинг биноси паст эди. Байҳақийда келган бир ривоятга кўра, Одам алайҳиссалом замоналарида Байтуллоҳнинг аломати ердан бир қарич ёки ундан зиёдароқ баландликда эди. Сўнг Аллоҳнинг амри билан уни қуриш силсиласи бошланди. Одам алайҳиссаломдан аввал Байтуллоҳни фаришталар ҳаж қилганлар. У зот ерга тушганларидан кейин Аллоҳ таоло томонидан Байтуллоҳни қайта-қайта ҳаж қилиш амри бўлди. Бир сафар фаришталар Одам алайҳиссаломни учратишиб: “Қаердан келяпсиз?” дейишди. Одам алайҳиссалом Байтуллоҳни ҳаж қилиб келаяпман дедилар. Шунда фаришталар: “Сиздан олдин Байтуллоҳни фаришталар ҳаж қилганлар” дедилар. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَنَس بْن مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« كَانَ مَوْضِعُ الْبَيْتِ فِى زَمَنِ آدَمَ شِبْرًا أَوْ أَكْثَرَ عَلَمًا فَكَانَتِ الْمَلاَئِكَةُ تَحُجُّهُ قَبْلَ آدَمَ ثُمَّ حَجَّ آدَمُ فَاسْتَقْبَلَتْهُ الْمَلاَئِكَةُ فَقَالُوا : يَا آدَمُ مِنْ أَيْنَ جِئْتَ؟ قَالَ : حَجَجْتُ الْبَيْتَ فَقَالُوا : قَدْ حَجَّتْهُ الْمَلاَئِكَةُ قَبْلَكَ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Одам алайҳиссалом замонасида Байтнинг жойи бир белги жиҳатидан бир қарич ёки ундан каттароқ эди. Малоикалар одам алайҳиссаломдан илгари уни ҳаж қилар эдилар. Сўнг Одам алайҳиссалом ҳаж қилди. Шунда фаришталар унга юзланишиб: “Эй, Одам алайҳиссалом қаердан келдинг?” дейишди. У зот: “Байтни ҳаж қилдим” дедилар. Улар: “Сендан олдин уни фаришталар ҳаж қилган эдилар” дедилар” (Байҳақий ривояти).

Ибн Хузайма раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Саҳиҳи ибн Хузайма” асарларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бир ривоятни нақл қилганлар. У ҳадисни Имом Мунзирий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “ат-Тарғийб ват тарҳийб” асарларида: “Одам алайҳиссалом Ҳиндистондан бир минг маротаба пиёда сафар қилиб Байтуллоҳга борганлар” деган ривоятни ибн Хузайма санади билан нақл қилиб келтирганлар[15].

Имом Мунзирий раҳматуллоҳи алайҳ Абул Қосим Асбаҳоний раҳматуллоҳи алайҳ санади билан Анас розияллоҳу анҳудан бир ривоят нақл қилган. Унда юқорида келган ҳадисни равшанроқ тарзда баён қилинган. Ривоят қилинишича, Одам алайҳиссалом Ҳиндистондан сафарга отланиб, йўл давомида қаерда тўхтаган бўлсалар ёки овқатланган бўлсалар, ўша жойларни барчасини Аллоҳ таоло инсонлар учун обод жой қилиб қўйди[16]. Лекин, шуни ёдда тутингки, бу ривоят заъийф ривоятдир.

 

ИБРОҲИМ ВА НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМЛАРНИНГ ҲАЖЛАРИ

Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Амр ибн Зубайр розияллҳу анҳудан бу мавзуга доир мурсал ҳолдаги ҳадисни ривоят қилганлар. Унинг хулосаси шуки, Солиҳ ва Ҳуд алайҳиссаломлардан бошқа барча пайғамбарлар Каъбатуллоҳни ҳаж қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом ҳам Байтуллоҳни тавоф қилганлар. Тўфон тарқалгач Байтуллоҳнинг ўрнида қум уйимларидан бошқа бирор нарса қолмаган эди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Каъбатуллоҳнинг жойини билдиргач, Аллоҳнинг билдирган белгисига биноан Каъбатуллоҳни қуриб битказдилар ва ўзлари у ерни ҳаж қилиб: “Аллоҳнинг ҳукми билан инсонларга ҳаж қилишни” эълон қилдилар. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссаломдан кейин келгувчи барча пайғамбарлар Байтуллоҳни ҳаж қилдилар.

عَنْ عُرْوَةَ بْنِ الزُّبَيْرِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ : مَا مِنْ نَبِىٍّ إِلاَّ وَقَدْ حَجَّ الْبَيْتَ إِلاَّ مَا كَانَ مِنْ هُودٍ وَصَالِحٍ وَلَقَدْ حَجَّهُ نُوحٌ فَلَمَّا كَانَ مِنَ الأَرْضِ مَا كَانَ مِنَ الْغَرَقِ أَصَابَ الْبَيْتَ مَا أَصَابَ الأَرْضَ وَكَانَ الْبَيْتُ رَبْوَةً حَمْرَاءَ فَبَعَثَ اللَّهُ هُودًا عَلَيْهِ السَّلاَمُ فَتَشَاغَلَ بِأَمْرِ قَوْمِهِ حَتَّى قَبَضَهُ اللَّهُ إِلَيْهِ فَلَمْ يَحُجَّهُ حَتَّى مَاتَ فَلَمَّا بَوَّأَهُ اللَّهُ لإِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ حَجَّهُ ثُمَّ لَمْ يَبْقَ نَبِىٌّ بَعْدَهُ إِلاَّ حَجَّهُ.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Солиҳ ва Ҳуддан ташқари барча пайғамбарлар Байтни ҳаж қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом ерни сув босганида ҳаж қилдилар. Шунда ерга етган ғарқ бўлиш Байтга ҳам етган эди. Натижада Байт қизил қум тепалиги бўлиб қолди. Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломни юборди, Аллоҳ уни қабз қилгунича ўз қавмини иши билан банд бўлиб, то вафот этгунларича ҳаж қилмадилар. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга уни жойни билдирган эди, ҳаж қилдилар, сўнг ундан кейин келган барча пайғамбарлар ҳаж қилдилар” (Байҳақий ривояти).

 

МУСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЖЛАРИ

Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолатдаги бир ҳадисни ривоят қилганлар. Мусо алайҳиссалом эллик минг Баний исроилликлар билан Байтуллоҳни ҳаж қилганлар. Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, бирор пайғамбар эҳромсиз Байтни тавоф қилмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Макка фатҳидан бошқа барча ўринда эҳромсиз ҳарамга кирмаганлар.

Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ “Шуъаби иймон”да Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан мурсал ҳолатдаги бир ҳадисни нақл қилганлар. Унда айтилишича, Иброҳим алайҳиссаломга Байтни белгиси айтилганда, уни таъмирлашга киришдилар ва уни ўз ниҳоясига етказганларидан кейин Байтни ҳаж қилдилар. Шундан кейин, Иброҳим алайҳиссаломдан кейин келган барча пайғамбарлар Байтни зиёрат қилдилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : حَجَّ مُوسَى بْنُ عِمْرَانَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ فِى خَمْسِينَ أَلْفًا مِنْ بَنِى إِسْرَائِيلَ وَعَلَيْهِ عَبَاءَتَانِ قَطَوَانِيَّتَانِ وَهُوَ يُلَبِّى لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ لَبَّيْكَ لَبَّيْكَ تَعَبُّدًا وَرِقًّا لَبَّيْكَ أَنَا عَبْدُكَ أَنَا لَدَيْكَ لَدَيْكَ يَا كَشَّافَ الْكُرَبِ قَالَ فَجَاوَبَتْهُ الْجِبَالُ. {ش} قَالَ الشَّافِعِىُّ رَحِمَهُ اللَّهُ : وَلَمْ يُحْكَ لَنَا عَنْ أَحَدٍ مِنَ النَّبِيِّينَ وَلاَ الأُمَمِ الْخَالِينَ : أَنَّهُ جَاءَ الْبَيْتَ أَحَدٌ قَطُّ إِلاَّ حَرَامًا وَلَمْ يَدْخُلْ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم مَكَّةَ عَلِمْنَاهُ إِلاَّ حَرَامًا إِلاَّ فِى حَرْبِ الْفَتْحِ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Мусо ибн Имрон эллик минг бани исроил ичида ҳаж қилдилар. Эгниларида қатвониянинг икки абоаси бор эди. У “Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка тааббудан ва риққан лаббайк. Ана абдука ана ладайка, ладайка яаа кашшаафал кураби” деб талбия айтдилар. Бас уни тоғлар ижобат қилди”. Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўтган пайғамбар ва умматлардан бирортаси Байтга эҳромсиз кирмаганлар” деб ривоят қилиб: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Макка фатҳидан бошқа бирор ўринда эҳромсиз кирмаганлар” деди.

 

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КЕМАЛАРИНИ ТАВОФИ

Ҳуд сурасининг 41-44 оятлари борасида “Тафсири мазҳарий”, “Тафсири қуртубий” каби тафсирларда Нуҳ кемаси билан, Нуҳ тўфонига доир қуйидаги ривоят келтирилган. Нуҳ алайҳиссалом иймон келтирган кишилар билан махлуқлардан олиб кемага чиқдилар. Кема ражабнинг ўнинчисидан муҳаррам ойининг ўнинчисигача Ироқнинг Мавсил ва Армарнистондан ўтиб Маккага кириб келди ва Байт устини етти марта айланиб, Ироқнинг Жудий тоғи чўққисига бориб тўхтади.

Аллоҳ таоло дунёнинг бирорта жойига бермаган иззат ва азаматни Байтуллоҳга ато қилди. Дунёдаги барча инсонлар юзлаб машҳур иморатларни билмаслари мумкин, лекин Байтни албатта биладилар

وروي أن نوحا عليه السلام ركب السفينة لعشر مضت من رجب وجرت بهم السفينة ستة أشهر، ومرت بالبيت فطافت به سبعا وقد رفعه الله من الغرق وبقي موضعه، وهبطوا يوم عاشوراء، فصام نوح، وأمر جميع من معه بالصوم شكرا لله عز وجل.

Ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳиссалом кемага ражабнинг ўнинчи куни миндилар ва кема олти ой сузиб, Байтни етти марта тавоф қилди. Аллоҳ Байтни ғарқ бўлиб кетишдан кўтариб, ўрнини қолдирди. Улар ашуро куни тушдилар. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога шукр қилиш учун рўза тутдилар ва ўзлари билан бўлган барчага рўза тутишга амр қилдилар”.

 

БАЙТУЛЛОҲНИ ҚУРИЛИШИ

Байтуллоҳнинг қурилишига доир кўплаб муҳаддис ва муфассирлар томонидан ривоятлар нақл қилинган. Уларнинг барчасини бир жойга тўплаб қаралса, Байтни ўн маротаба таъмирланганлиги аниқ бўлади. Улар ҳақида ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Фатҳул борий”, Бадруддин Айний ўзларининг “Умдатул қорий” асарларида нақл қилиб келтирганлар. У ривоят “Ийзоҳут Таҳовий”да ҳам мухтасар тарзда нақл қилинган. Улар қуйидагилар:

1. Одам алайҳиссалом яратилишидан илгари фаришталар Аллоҳ таолонинг амри билан Байтни қурганлар;

2. Одам алайҳиссалом ерга тушганларидан кейин Аллоҳнинг амри билан Байтни таъмирлаб, уни тавоф қилганлар;

3. Шийс алайҳиссаломнинг қуришлари;

4. Нуҳ тўфонидан кейин Каъбатуллоҳнинг асари ҳам йўқ бўлиб кетади. Шунда Аллоҳ таолонинг амри билан Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар қайтадан қуришади;

5. Амолиқа қабиласи томонидан қурилиши;

6. Журҳум қабиласи томонидан қурилиши;

7. Қусай ибн Килоб томонидан қурилиши;

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам 33 ёшга кирганларида Қурайш қабиласи томонидан қурилиши;

9. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истакларига мувофиқ Байтни қурганлар. Наби соллалоҳу алайҳи васалам ҳажжатул видоъда Оиша онамизга: “Келгуси йил тирик бўлсам кириб чиқиш осон бўлиши учун Каъбатуллоҳни шарқига ва ғарбига эшик қўйяман ва ҳатиймни унга қўшиб қўяман” дедилар. Лекин, келаси йили икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан ўтдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Маккага волий бўлганларида Расулуллоҳ хоҳлаганларидек Байтни қурдилар ва ҳозирда мавжуд бўлган эшик рўпарасига яна бир эшик қилдилар. Унинг асари ҳозир ҳам билиниб туради;

10. Ҳажжож ибн Юсуф Маккаи мукаррамага ҳужм қилиб, манжаниқ ва турли ўқлар билан Каъбани ўққа туттиртириб, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни шаҳид қилдирди ва Каъбатуллоҳни буздириб, Қурайш томонидан қурилганда Каъба қандай ҳолатда бўлса, ўша ҳолатга қайтарди ва ҳатиймни Байтдан ажратиб қўйди ҳамда ғарбий эшикни беркитиб ташлади. Ҳозирги кунда Каъба Ҳажжож томонидан қурилган кўринишдадир. Ҳорун Рашид Каъбани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳлаганлари тарзда қуришни истаган пайтда Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Каъбани қайта қуриш жоиз эмас. Агар унга рухсат берилса, ҳар подшоҳ ўзи истагандай уни қуришга ҳаракат қилади” дедилар[17].

أنها بنيت عشر مرات منها: بناء الملائكة عليهم السلام. ومنها: بناء آدم عليه السلام. ومنها: بناء أولاده. ومنها: بناء الخليل إبراهيم عليه السلام. ومنها: بناء العمالقة. ومنها: بناء جرهم. ومنها: بناء قصي بن كلاب. ومنها: بناء قريش. ومنها: بناء عبد الله بن لزبير بن العوام الأسدي رضي الله عنه. ومنها بناء الحجاج بن يوسف الثقفي.

Каъба ўн маротаба қурилгандир. Улар қуйидагилар: Фаришталар, Одам алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Амолиқа қабиласи, Журҳум қабиласи, Қусай ибн Килоб, Қурайш қабиласи, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу, Ҳажжож ибн Юсуфлар томонларидан қурилган[18].

عَنْ الرَّشِيد أَوْ الْمَهْدِيّ أَوْ الْمَنْصُور أَنَّهُ أَرَادَ أَنْ يُعِيد الْكَعْبَة عَلَى مَا فَعَلَهُ اِبْن الزُّبَيْر، فَنَاشَدَهُ مَالِك فِي ذَلِكَ وَقَالَ : أَخْشَى أَنْ يَصِير مَلْعَبَة لِلْمُلُوكِ، فَتَرَكَهُ.

Рашид ёки Маҳдий ёки Мансурлардан бири Ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қилгани каби қайта қуришни хоҳлаган эди, Имом Молик раҳматуллоҳи алай унга бу борада хитоб қилиб: “Подшоҳлар учун бу ўйин бўлиб қолишидан қўрқаман” дедилар. Шунда у тарк қилди[19].

 

МАККАИ МУКАРРАМА ВА МАДИНАИ МУНАВВАРА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ АЗИЗ ВА МУКАРРАМ ШАҲАРЛАРГА АЙЛАНИБ ҚОЛДИ

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «ما أطيبك من بلدة وأحبك إلي، ولولا أن قومك أخرجوني منك، ما سكنت غيرك».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Сендан зиёда пок ва муқаддас шаҳар бирор жойда йўқ ва мени наздимда сендан зиёда маҳбуб ва суюкли шаҳар ҳам бирор жойда йўқ. Агар қавмим мени сендан чиқармаганларида эди, сендан бошқа жойни ўзимга маскан тутмаган бўлар эдим” дедилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламларнинг қадамлари сабабли бир неча шаҳарлар шарафли ва азаматли шаҳарга айланди. Энди, қиёматгача ўша шаҳарларнинг азамати бардавом бўлади. Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамани шарафли ва пок жой қилди. Аллоҳ амри билан Иброҳим алайҳиссалом ўз хонадонини у ерга жойлаштирди ва унинг азаматини дунёга ёйдилар. Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг биринчи аёллари билан Қуддусда яшадилар. Шу сабабли у ердан Пайғамбарлар силсиласи чиқди ва у шаҳар ҳам иззатли ва шарафли шаҳарларга айланди. Ҳижратдан илгари Мадинанинг на иззат ва на шарафи бор эди. Унинг эски номи Ясриб эди. У ерда турли касалликлар ва ўлатлар кенг тарқалган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерга ташриф буюрганларидан кейин, у ерни Мадина деб номладилар. Пайғамбаримиз барокатларидан у ерда тарқалган турли ўлатлар барҳам топиб, барокатли ва файизли шаҳарлардан бирига айланиб, у ер Мадинаи тоййиба номини олди. Мадинаи мунавваранинг ҳудуди ҳам Маккаи мукаррама каби ҳарамга айланди. Ҳозирга келиб, бутун дунёдаги мусулмонлар у ерга боришни ўзлари учун шараф деб биладилар. Буларнинг барчаси пайғамбаримиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан Мадинага ҳижрат қилганликлари сабаблидир.

صلِّ وَسَلِّم دائماً أبَدَاً على صَفِيِّكَ خَيرِ الخَلقِ كُلِّهِمُ

اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيراً وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيراً

وَسُبْحَانَ اللَّهِ بُكْرَةً وَأَصِيلاً

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

 

ИККИ ҲАРАМДАГИ ТАБАРРУК ЖОЙЛАР ВА МАШҲУР АМАЛЛАРНИНГ ИСТИЛОҲЛАРИ

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ فِيهِ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آمِنًا وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суяди. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармайди. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир. Жиброилга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди” (Бақара 96-97 оятлар).

Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамада ибрат ва ҳидоятга восита бўладиган кўплаб табаррук мақом ва нарсаларни барпо қилди. Шунинг учун ҳожилар у ердаги табаррук жой номлари ва у ерда айтиладиган лафзларни яқиндан билиб олишлари лозим. Агар у ерга тегишли истилоҳлар маъноларини яқиндан билиб, тушуниб олишмаса ҳаж амалларини бажараётганларида кўплаб камчиликларга йўл қўйишларига тўғри келади. Шу боис бу ўринда табаррук жой ва амалларнинг истилоҳларини шарҳлаш зарурати юзага келди. Улар қуйидагилар:

Эҳром: Эҳромнинг маъноси бирор нарсани ҳаром қилишдир. Ҳожи ҳаж ва умра нияти ила талбия айтса, унинг зиммасига эҳромдан илгари ҳалол бўлган баъзи ишлар ҳаром бўлади. Шунинг учун унга эҳром дейилади. Одамлар орасида икки алоҳида-алоҳида матодан иборат ҳожилар ишлатадиган нарсага эҳром дейилади. Лекин, бу мажозийдир. Ҳақиқатда эса, бу эҳром эмас[20]. Ҳаждаги эҳром намоздаги такбири таҳрима кабидир, яъни намозни ният қилиб Аллоҳу акбар лафзини айтиш билан намозга кирилади. Шунингдек, ҳаж ёки умрани ният қилиб, талбия айтиш билан эҳромга кирилади.

Ифрод: Мийқотдан фақат ҳаж қилиш учун ёки Маккаликлар ҳарамдан ҳаж қилиш учун эҳромга киришлари ифрод ҳажи дейилади. Бундай киши қурбонлик куни жамараи ақаба, яъни катта шайтонга тош отгандан кейин эҳромдан чиқади ва бундай ҳожига муфрид ҳаж қилувчи дейилади[21].

Офоқий: Мийқот ташқарисидан ҳаж ёки умра қилиш учун ҳарами шарифга келган ҳожига айтилади. Масалан, Ўзбекистон, Миср, Шом, Африка, Ҳиндистон ва Яман каби шаҳарлардан ҳаж ёки умра қилишга келган ҳожилари сингари[22].

Ҳаж ойлари: Шаввол, зул қаъда ва зул ҳижжанинг аввалги ўн кунларини ҳаж ойлари дейилади[23].

Ҳаром ойлар: Уруш ва жанжал ҳаром қилинган ойларга айтилади. Улар ражаб, зул қаъда, зул ҳижжа ва муҳаррам ойларидир[24].

Қурбонлик куни: Ўнинчи зул ҳижжанинг субҳи содиғидан ўн иккинчи зул ҳижжанинг қуёши ботгунича, яъни уч кунга айёми наҳр (қурбонлик кунлари) дейилади[25]. Қурбонлик сўйиш намоздан сўнг бошланади.

Ташрийқ кунлари: Ўн биринчи зул ҳижжадан ўн учинчи кунгача ташрийқ кунлари дейилади. Лекин, тўққизинчи зул ҳижжадан ўн учинчи кунгача, яъни беш кун такбири ташрийқ айтилгани учун ушбу беш кунга мажозан ташрийқ кунлари дейилган[26].

Ҳаж кунлари: Саккизинчи зул ҳижжадан бошлаб ўн иккинчи зул ҳижжа кунигача айёми ҳаж (ҳаж кунлари) дейилади. Ушбу беш кун ичида ҳажнинг барча нусклари адо қилинади. Шунинг учун ҳам ушбу беш кунга айёми ҳаж дейилган.

Изтибоъ (إضطباع): Эҳромнинг юқоридаги қисмини ўнг қўлтиқ остидан ўтказиб, чап елкага ташлаб, ўнг елкани очиқ қолдиришга изтибоъ дейилади.

Истилом: Қора тошни ўпиш ёки қўл билан ушлаш ёки қўл билан ушлаб, сўнг қўлни ўпиш ёки узоқдан қора тошга қўл билан ишора қилиб, сўнг қўлни ўпишга истилом дейилади[27]. Шунингдек рукни ямонийга қўл теккизишга ҳам истилом дейилади.

Салом дарвозаси: Сафо ва Марва тепалиги томонидан Байтуллоҳга кириб келинадиган эшикка айтилади. Байтуллоҳга биринчи маротаба шу эшикдан кириб келиш афзалдир. Билинг-ки, Сафо ва Марва тепалиги томонидан кўплаб дарвозалар бор бўлиб, уларнинг ҳар бирини номлари пештоққа ёзиб қўйилган. Набавий масжиднинг бир эшигининг номи ҳам бобис Саломдир.

Фатҳ дарвозаси: Масжидул ҳаромнинг икки катта минораси ўртасида жойлашган катта дарвозага Бобил фатҳ дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳга Макка фатҳи куни ушбу дарвозадан кириб келганлар.

Умра дарвозаси: Ҳарамнинг икки минораси оралигида жойлашган катта дарвозанинг номи бўлиб, умра қазоси вақтида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша дарвозадан Байтуллоҳга кириб келганлар.

Фаҳд дарвозаси: Шоҳ Фаҳд томонидан қурилган, икки минора оралигида жойлашган катта дарвозага айтилади.

Абдулазиз дарвозаси: Икки катта минора орасидаги катта дарвоза бўлиб, у дарвозадан кирилса рукни ямонийнинг тўғрисидан чиқилади. Набавий масжиднинг бир дарвозасига ҳам боби Абдулазиз дейилади.

Билол розияллоҳу анҳу дарвозаси: Сафо тоғи билан Абдулазиз дарвозаси орасида жойлашган катта дарвоза бўлиб, уни устида бир минора қурилган. Юқорида келтирилган дарвозалардан ташқари Масжиди ҳаромнинг кўплаб кичик-кичик дарвозалари бўлиб, улар боби Мадина, боби Ҳудайбия, боби Бани Шайб кабилардир. Масжиди ҳаромга кириш учун жами тўқсон бешта дарвоза мавжуддир.

Жаброил алайҳиссалом дарвозаси: Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига доимо шу эшикдан кирганликлари учун, ўша эшик Жаброил эшиги деб айтилган. У дарвозадан ташқарига чиқилганда Бақеъ қабристони тўғрисидан чиқилади. У дарвозадан ичкарига кирилганда ўнг қўл томонда, яъни шимолда суффа аҳлининг жойи бор. Чап қўл томонда эса, яъни жанубда Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳужралари жойлашган. Ҳужрадан бироз юриб ўтилса, риёзул жаннатга ўтилади.

Аёллар дарвозаси: Набавий масжиднинг қадимги дарвозаларидан бўлиб, Жаброил дарвозаси томонидан бироз нарироқда жойлашган.

Абдулазиз дарвозаси: Бу ҳам Набавий масжиднинг бир дарвозасидир. Набавий масжиднинг машриқ томонида учта катта-катта дарвоза бўлиб, улар боби Жаброил, боби Нисо, боби Абдулазиздир. Уларнинг ичида боби Абдулазиз янги қурилган дарвозадир.

Умар, Мажидий ва Усмон розияллоҳу анҳумлар дарвозалари: Набавий масжиднинг шимолий томонида учта катта-катта дарвозалар бўлиб, улар Умар розияллоҳу анҳу, Мажидий раҳматуллоҳи алайҳ, Усмон розияллоҳу анҳу дарвозаларидир. Улардан Умар ва Усмон розяллоҳу анҳумлар дарвозалари Саъудия ҳукумати томонидан қурилган. Мажидий дарвозаси эса, Туркия ҳукумати султони Абдулмажийд Туркий томонидан қурилган бўлиб, у икки дарвоза ўртасида, яъни Умар розияллоҳу анҳу дарвозасининг ўнг, Усмон розияллоҳу анҳу дарвозасининг чап томонида жойлашгандир. Турклар томонидан Набавий масжидда қурилган иморатларнинг барчаси қизил рангдадир.

Боби Саъуд, боби Абу Бакр розияллоҳу анҳу, боби Раҳма, бобис Салом: Ушбу тўрт дарвоза Набавий масжиднинг мағриб томонида жойлашган бўлиб, улардан Саъуд ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарвозалари янги қурилгандир. Қолган иккитаси қадимийдир.

Бадана: Тавофи зиёратдан илгари ҳожи аёли билан қўшилиб қўйса ёки жанобат, ҳайз, нифос ҳолатида тавофи зиёрат қилса, жарима сифатида ушбу жиноятларнинг ҳар бирига бир туя ёки мол сўйиш вожиб бўлади. Шунга бадана дейилади.

Талбия: Унинг маъноси эҳромга кирган пайтда “лаббайка”ни айтишдир. Бу ҳақда “талбия” сарлавҳаси остида атрофлича сўз юритилади.

Такбийр: Унинг маъноси “Аллоҳу акбар (Аллоҳ буюк)” деганидир. Такбири ташрийқ лафзларини ўқишга ҳам такбийр дейилади[28].

Таҳлийл: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни ўқишга айтилади.

Таҳмийд: “Алҳамду лиллаҳ”ни ўқишга таҳмийд дейилади.

Тасбийҳ: “Субаҳааналлоҳни” ўқишга тасбийҳ дейилади.

Таматтуъ: Ҳажнинг бир тури бўлиб, ҳаж ойларида мийқотдан умра қилишга эҳромга кириб, умра амалларини қилгандан кейин эҳромдан чиқади ва саккизинчи зул ҳижжа куни ҳажга эҳромга киради. Шундай қилишга таматтуъ дейилади. Бу ҳақда “Таматтуъ” сарлавҳаси остида батафсил баҳс юритилади.

Танъийм: Маккаи мукаррамадаги бир тоғнинг номи танъиймдир. У ҳарам ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлиб, ҳажжатул видоъда Оиша онамиз инилари Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан умрага эҳром боғлаш учун у тоғнинг этагига келганлар[29].

Жиърона (Жиъиррона): Маккадан 25 километр узоқликда жойлашган жойга айтилади. Маккадан машриқ томонга катта йўл ўтган бўлиб, у йўл Нажд, Ироқ ва Мадина йўли ҳисобланади. Ушбу катта йўлга “ал-хаттус сариъ” ҳам дейилади. Ушбу йўл орқали Ҳарамдан саксон киломер узоқликда Қорнул манаазил мийқоти жойлашган. Ҳарамдан ушбу катта йўл орқали ўн олти километр юрилгандан кейин чап томонга, яъни шимолга бурилиш чиқади, у ердан Мадина томонга тўққиз километр юрилса, Жиъронага етиб борилади. Ушбу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ва Ҳавозин қабилаларидан олинган ғанимат молларини тақсим қилиб, кечки пайт бу ердан умрага эҳромга кирганлар. Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша пайтда Жиъронага тикилган чодирлари ўрнида ҳозир бир масжид қурилган бўлиб, одамлар у ердан умра эҳромига кирадилар.

Жамарот ёки жимор: Минодаги машҳур устунлар бўлиб, уларга тош отилади. Улар ичида Ҳарамга нисбатан энг охиргиси жамаратул кубродир. Уни жамаратул ақаба, жамаратул ухро ҳам дейилади. Ундан кейингисини жамаратул вусто ва учинчисини жамаратул увло дейилади.

Жаннатул муъалло: Хадижа розияллоҳу анҳо билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки ўғил фарзандлари Маккадаги Жаннатул муъалло қабристонига дафн этилганлар. У ерга кўплаб саҳобийлар дафн этилганлар. У қабристон иккига бўлинган бўлиб, иккиси ўртасидан йўл ўтган. Ҳарами шариф томонидаги қисми етарлича каттадир. Лекин, уни қарама-қаршисидаги, яъни тоғ этагидаги бироз кичик бўлиб, қабристоннинг айни шу қисмида Хадижа онамизнинг мозорлари жойлашган. Ушбу қабристонга дафн этилиш яхши насибадир.

Жаннатул Бақеъ: Мадинаи мунавварадаги катта қабристон бўлиб, у ерда минглаб саҳобий ва тобиинлар дафн этилганлар. Жумладан, Фотима розияллоҳу анҳо, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари, Усмон Ғаний, Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳумлар у ерга дафн этилганлар. Бу қабристонга кўмилганлар яхши насибали инсонлардир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ اسْتَطَاعَ أَنْ يَمُوتَ بِالْمَدِينَةِ فَلْيَمُتْ فَإِنِّي أَشْفَعُ لِمَنْ يَمُوتُ بِهَا.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким Мадинада вафот этишга қодир бўлса, вафот этсин. Чунки, унда вафот этган кишини шафоат қиламан” дедилар” (Термизий ривояти).

Жабали Уҳуд: Мадинаи мунаввара ташқарисидаги бир томонда жойлашган узун ва катта тоғ бўлиб, у тоғ этагида Уҳуд ғазоти бўлиб ўтган. Бу ерда Ҳамза розияллоҳу анҳунинг мозорлари бор. Уҳудда етмишта саҳоби шаҳид бўлиб, уларнинг мозорлари ҳам у ерда жойлашган. Ҳозирда у қабристонни тўрт томондан панжара билан ўраб қўйилган. Мадинага борган зиёратчи Уҳуд шаҳидлари мозорини зиёрат қилиши мустаҳабдир.

Жабали Абу Қубайс: Ҳажари асвад томонда жойлашган жуда катта тоғ бўлиб, Сафо тоғи Абу Қубайс тоғи этагида жойлашган кичик бир тоғди. Ҳозирда Абу Қубайс тоғи тепасида шоҳларнинг уйлари қурилган. Аллоҳ таоло биринчи бўлиб дунёда Абу Қубайс тоғини яратган. Нуҳ тўфонидан кейин у тоққа биринчи бўлиб, Абу Қубайс номли бир киши уй қурганлиги учун, тоғ ўша киши номи билан аталган.

Жабали Раҳмат: Арафот тоғи ёнбағридаги бир кичик тоғни номи бўлиб, у ерда икки ракъат намоз ўқиб дуо қилинса, дуони ижобат бўлишига сабаб бўлади. Арафа куни у тоғ жуда тиқин бўлади. Шунинг учун заъиф инсонлар у ерга тиқилмасликка ҳаракат қилиши лозим. Чунки, вафот этишларига сабаб бўлиши мумкин.

Жабали Қузаҳ: Муздалифа майдонидаги кичик бир тоғ бўлиб, унинг этагида Масжиди машъари ҳаром қурилган. Арафотдан Муздалифага кетишда ўнг-чап томонда икки тоғ бўлиб, икки тоғ ўртасидан ўтиб борилганда икки тоғ тугаб, Муздалифа бошланади ва рўпарадан Қузаҳ тоғи ҳамда Масжиди машъари ҳаром кўзга ташланади.

Жабали Сабийр: Жабали Сабийр борасида Термизий (Ж. I. – Б. 180.), Абу Довуд (Ж. I. – Б. 268.), Ибн Можа (Б. 217.) китобларида ҳадиси шарифлар зикр қилинган. Уларда ривоят қилинишича, мушриклар Муздалифадан Минога Сабийр тоғида қуёш ёришганини кўрмагунларича равона бўлмас эканлар. “Базлул мажҳуд (Ж. III. – Б. 169)”да ва Термизий ва ибн Можа тўпламида Сабийр тоғи борасида келган ҳадис ҳошиясида, у тоғни узун ва кенг ҳамда Муздалифадан Миногача чўзилган деб зикр қилинган. У тоғ Муздалифадан Минога боришда чап қўл томонда жойлашган. Маккаи мукаррамада ушбу ном билан бешта тоғ номланган.

“ат-Тарихул қавийм”да Сабийр тоғи борасида батафсил маълумот келган. У китобда Сабийр тоғи билан Маккадаги еттита тоғ номланиши зикр қилинган. Улар қуйидагилар:

1. Сабийри насъ; 2. Сабийри ашбараҳ; 3. Сабийри аҳдаб; 4. Сабийри аъраж; 5. Сабийри ғайноъ; 6. Сабийри хазроъ; 7. Сабийри занж.

Ушбу еттита тоғдан учтаси тўғрисида сўз юритиш лозим. Улар қуйидагилар:

1. Сабийри насъ – у узун ва кенг ҳамда машҳур тоғ бўлиб, Муздалифадан тўлиқ Минони кесиб ўтиб жамраи ақабагача чўзилган. У тоғнинг бир томони тўлиқ миногача, иккинчи томони тўлиқ азизия минтақасигача чўзилган. Ушбу тоғ борасида ҳадис китобларида мушрикларнинг воқеаси баён қилинган. Унда айтилишича, мушриклар Муздалифадан Минога Сабийр тоғига қуёш нури тушгандан кейин жўнашар эди дейилади. Мушриклар Сабийр тоғига қуёш тушишини кўп кутишганидан: “Эй, тоғ тезроқ ёриш, биз равона бўлайлик” дердилар.

Иккинчи тоғ, Сабийри ашбараҳдир. Учинчи тоғ эса, Сабийри аҳдабдир. Сабийри ашбараҳ билан Сабийри аҳдаб иккаласи ҳам Минода жойлашган бўлиб, бири иккинчисига улангандир. Минодан Муздалифа ва Арафот томонга борилса чап қўл томонда у икки тоққа дуч келасиз. У икки тоғ Хайф масжиди қарама-қаршисида жойлашгандир. Агар сиз жамаротдан Муздалифа ва Арафотга юзланиб юрсангиз чап томонингизда шу икки тоғ жойлашгандир. Ўнг томонингизда эса, Хайф масжиди ва Насъ тоғи бордир.

Тўққизинчи зул ҳижжа куни Сабийри ашбараҳга қуёш нури тушган пайт ҳожилар Минодан Арафотга равона бўлишлари мустаҳабдир. Сабийри аҳдаб тоғи этагида Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилинаётганида осмондан бир қўчқор туширилган. У тоғ ҳам Хайф масжиди қаршисида жойлашган бўлиб, у жуда баланд ва кенг тоғдир. Сабийри аъраж билан Сабийри Ғайно Мино ён атрофида жойлашган икки тоғдир. Сабийри хадро Ҳарам шарифдан Жаннатул муъалло йўли билан Минога бориш йўлида жойлашган. Сабийри занж Маккаи мукаррамадаги Шабикия томонида жойлашган тоғ бўлиб, унда суданликлар истиқомат қилишади[30].

Жабали Савр: Маккаи мукарраманинг жанубида жойлашган жуда катта бир тоғ бўлиб, у Макка тоғларининг энг баланди ҳисобланади. Қаттиқ иссиқ пайтларда ҳам у тоғнинг тепаси салқин бўлади. У тоғ тепасида Савр ғори жойлашган. Мадинада ҳам бир кичик тоғнинг номи Савр ҳисобланади. У Уҳуд тоғи этагида жойлашган.

Жабали Ҳиро: Масжиду ҳарамндан олти километр узоқликда, жанубда жойлашган баланд тоғ бўлиб, у тоғнинг тепасида Ҳиро ғори жойлашган. У жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил қилинган. У ғордан Каъба кўриниб турар эди. Лекин, ҳозир Каъбани тўрт томони бино билан ўралгани учун Ҳиро ғоридан Каъба кўринмайди. Фақат, Масжидул ҳарамни шифтлари кўриниб туради халос.

Жабали Нур: Ҳиро тоғининг иккинчи номи Нур тоғидир. Бугунги кунга келиб, у тоғ Нур тоғи деган ном билан машҳур бўлиб қолган.

Жабали Қуайқиъон: Каъба ҳатийми томонидаги Абу Қубайс тоғи қарама-қаршисида жойлашган. Ҳарамнинг боби фатҳ ва боби умра орасидаги жойдан ташқарига чиқилса рўпарангизда ястаниб ётади. Ҳозирга келиб, у томонда Мадина ва Ҳудайбия эшиклари қурилган. У тарафдаги минтақаларни ҳозир шомия дейилади. Умра қазоси вақтида Макка мушриклари ушбу тоғ тепасига чиқиб: “Мадина истимаси уларни ҳолдан тойдирган” деб кузатиб туришган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани уч маротаба рамал қилишга, яъни паҳлавонча юриб тавоф қилишга буюрдилар.

Жабали Салъ: Салъ тоғи машҳур тоғ бўлиб, уни этагидан хандақ қазилган. Хандақ ғазоти у тоғ этагида бўлиб ўтган. У тоғ этагида олти масжид барпо қилинган эди. Уларни зикри қуйида келади[31]. Ҳозир у масжидлар бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига битта катта масжид барпо қилинган.

Жуҳфа: Робиғга яқин бир жойга айтилади. Унга Маҳийъа ёки Харбо ҳам дейилади. Пайғамбаримиз вақтларида бу жой ташландиқ бир жой бўлган. У Масжиди ҳарамдан 187 километр узоқликда жойлашган[32]. У жой қурлиқлик орқали келувчи шом, миср, жазоир, судан, балғария, фаластин, германия, франция, биританияликлар учун мийқот ҳисобланади. Юқоридаги жойлардан қуруқлик орқали келувчилар Жуҳфадан эҳром боғлашлари вожибдир.

Жабали Қорн: Маккаи мукаррамадан саксон километр узоқликда жойлашган бир жой бўлиб, Нажд ва кўрфазда жойлашган давлатлардан келувчилар учун мийқот ҳисобланади.

Жабали Яламлам: Маккаи мукаррамадан бир юз ўттиз километр узоқликда жойлашган бир тоғ бўлиб, унга яқин шаҳарга Саъдия дейилади. Яман томондан келувчилар бу ердан эҳромга кирадилар. Денгиз йўли орқали келувчи давлат фуқаролари Жиддага бу ер орқали ўтишади. Улар, Масқат, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Сингапур, Барма, Тайланд, Малайзия, Австралия ва бошқалар орқали келувчилар учун ҳам бу ер мийқот ҳисобланади. Лекин, Жидда уни қарама-қаршисида жойлашганлиги сабабли Жиддадан эҳромга киришлари ҳам мумкин.

Ҳажари асвад: Байтнинг шарқий-жанубий бурчагида одам бўйи баробар баланд жойга девор ичига жойлаштирилган тош бўлиб, унинг тўрт томони кумуш билан қопланган. Қора тош қайсидир замонда чиққан исёнкорлар томонидан бўлак-бўлак қилиб ташланган. Ҳозирда ўша бўлаклардан саккизтаси ўша халқа ичида туради. Агар ўша саккиз тош ўрнига кумуш билан ўралган жойни ўзини ўпса, ҳажари асвадни ўпган ҳисобланмайди. У тошни келиб чиқиш тарихи ҳақида қуйидаги ҳадисларда батафсил маълумот берилган:

عَنْ عَبْد اللَّهِ بْن عَمْرٍو رَضِىَ اللَّهُ عَنْهَ يَقُولُ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ الرُّكْنَ وَالْمَقَامَ يَاقُوتَتَانِ مِنْ يَاقُوتِ الْجَنَّةِ طَمَسَ اللَّهُ نُورَهُمَا وَلَوْ لَمْ يَطْمِسْ نُورَهُمَا لَأَضَاءَتَا مَا بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Рукн (қора тош) ва мақом (мақоми Иброҳим) жаннат ёқутларидан икки ёқут (тош) эди. Аллоҳ у иккисини нурини ўчирди. Агар у иккисини нурини ўчирмаганида, машриқ ва мағриб ўртасини албатта иккиси ёритар эди” деяётганларини” эшитдим” деди (Термизий ривояти).

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: " إِنَّ الرُّكْنَ وَالْمَقَامَ يَاقُوتَتَانِ مِنْ يَاقُوتِ الْجَنَّةِ نَزَلَا مِنَ السَّمَاءِ لَهُمَا نُورٌ، فَلَمَّا وُضِعَا فِي الْأَرْضِ طُفِئَ نُورُهُمَا، وَلَوْلَا مَا أَطْفَأَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ نُورِهِمَا ؛ لَأَضَاءَ مَا بَيْنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ، آنَسَ اللهُ تَعَالَى بِهِمَا آدَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ، فَكَانَا يَتَلَأْلَآنِ تَلَأْلُؤًا مِنْ شِدَّةِ بَيَاضِهِمَا، وَأَخَذَ آدَمُ عَلَيْهِ السَّلَامُ الرُّكْنَ فَضَمَّهُ إِلَيْهِ اسْتِئْنَاسًا بِهِ، وَلَوْلَا مَا طَبَعَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ أَيْدِي الْجَاهِلِيَّةِ لَأَبْرَأَ الْأَكْمَهَ وَالْأَبْرَصَ، وَلَيْسَ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ مِنَ الْجَنَّةِ إِلَّا الرُّكْنَ وَالْمَقَامَ، فَإِنَّهُمَا جَوْهَرَتَانِ مِنْ جَوْهَرِ الْجَنَّةِ، يَأْتِي كُلُّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْظَمَ مِنْ أَبِي قُبَيْسٍ، لَهُمَا عَيْنَانِ وَشَفَتَانِ يَشْهَدَانِ لِمَنْ وَافَاهُمَا بِالْوَفَاءِ "

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

Рукн ва мақом жаннат ёқутларидан икки ёқутдир. Иккиси осмондан тушганида у иккисини нури бор эди. Ерга иккиси қўйилганида у иккисини нури ўчирилди. Агар у иккисини нурини Аллоҳ ўчирмаганида, албатта ер ва осмон ўртасини иккаласи ёритиб юборар эди. Аллоҳ таоло у иккиси билан Одам алайҳиссаломни ҳурсанд қилди. Иккиси жуда оқ бўлганлигидан ялтирар эди. Одам алайҳиссалом рукнни олиб, у(Каъба) билан дўст бўлиши учун ун(каъба)га қўшди. Аллоҳ азза важалла жоҳилият қўли билан муҳрламаганида кўр ва песни тузатар эди. Ер юзида рукн ва мақомдан бошқа жаннатдан бирор нарса йўқ. У иккиси жаннат жавҳарларидан икки жавҳардир. У иккисидан ҳар бири қиёмат куни Абу Қубайсдан улкан бўлиб келади. У иккисини икки кўзи, икки лаби бўлиб, иккисига вафо қилган кишилар фойдасига гувоҳлик берадилар” деди.

Ҳатийм: Байтуллоҳнинг шимолида Байтга муттасил одам қадди миқдорича баланд қилиб девор урилган қисмга айтилади. Аслида у Байтнинг бир қисми ҳисобланади. Маккаликлар пайғамбаримиз ўттиз беш ёшга кирганларида Байтнинг ҳозирги кундаги кўриниши каби қурганлар. Ҳалол йўл билан топилган маблағни кам бўлгани боис ҳатиймни ҳозирги ҳолатда Байт билан баробар кўтармай қолдирганлар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истакларига мувофиқ Байтни таъмир қилганлар. Наби соллалоҳу алайҳи васалам ҳажжатул видоъда Оиша онамизга: “Келгуси йил тирик бўлсам кириб чиқиш осон бўлиши учун Каъбатуллоҳни шарқига ва ғарбига эшик қўйяман ва ҳатиймни унга қўшиб қўяман” дедилар. Лекин, келаси йили икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан ўтдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Маккага волий бўлганларида Расулуллоҳ хоҳлаганларидек Байтни қурдилар ва ҳозирда мавжуд бўлган эшик рўпарасига яна бир эшик қилдилар. Унинг асари ҳозир ҳам билиниб туради. Ҳажжож ибн Юсуф уни бузиб, ҳозирги ҳолатга келтиргна. Кейинчалик халифа Ҳорун Рашид пайғамбаримиз истакларига мувофиқ қуришни хоҳлаганда муфтй Имом Молик бунга қарши бўлиб: “Қиёматгача уни қуриш мумкин эмас. Агар бунга рухсат берилса, ҳар подшоҳ уни бузи қуравериши натижасида, уни бузиб қуриш бир ўйинга айланиб қолади” деганлар[33].

Ҳарам: Маккаи мукарраманинг тўрт тарафидан маълум узоқ-узоқгача белгиланган ҳудудига ҳарам дейилади. Иброҳим алайҳиссалом ҳарамнинг тўрт тарафига алоҳида-алоҳида белги қўйганлар. Ҳарамга қайси тарафдан кирилса ўша тарафдаги ҳарм белги у кишига кўринади. У ҳудудлардан энг яқини Мадина йўлида жойлашган танъийм ва Масжиди Оиша розияллоҳу анҳо бўлиб, у Ҳарамдан 6-7 километр узоқликда жойлашган. Иккинчи мийқот Нахла водисида жойлашган бўлиб, у Ҳарамдан 14 километр узоқликдадир. Учинчи мийқотга Азоту либн ёки Уққайшия дейилади. У Ҳарамдан йигирма уч километр узоқликда жойлашган. Тўртинчи мийқот жиърона бўлиб, у Ҳарамдан йигирма тўрт километр узоқликда жойлашган. У ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ва Ҳавозин ўлжаларини тақсимлаганлар.[34] Бешинчи мийқот, Ҳудайбия бўлиб, у Ҳарамдан йигирма икки километр узоқликда жойлашган. Нишондан икки километр нандароқда ҳудайбия сулҳи бўлиб ўтган жойда Ризвон байъати бўлиб ўтган. Ҳозирда у жойда Масжиду байъату ризвон жойлашган бўлиб, у Ҳарамдан йигирма тўрт километр узоқликда жойлашган. Олтинчи мийқот Арафот билан Муздалифа йўлида жойлашган бўлиб, у Ҳарамдан ўн етти километр узоқликда жойлашган. Еттинчи мийқот тоиф йўлида жойлашган бўлиб, унга Арафот ва янги Жомеу уммул қуро орқали борилади. У Ҳарамдан ўн олти километр узоқликда жойлашган.

Ҳарамий ёки Аҳли ҳарам: Ҳарам ичида яшайдиган аҳолига ҳарам аҳли дейилади.

Ҳилл: Ҳарам ҳудудидан ташқарида, мийқотнинг ичкарисида жойлашган жойга ҳилл дейилади. У ерда ов ва бошқа ҳарамда таъқиқланган нарсаларни қилишга рухсат бўлгани боис, ҳилл дейилган.

Ҳиллий ёки Аҳли ҳилл: Ҳилда яшовчи кишиларга ҳилл аҳолиси дейилади.

Ҳудайбия: Жиддадан Ҳарамга кетиш йўлида, Маккадан йигирма икки километр узоқликда икки тоғ орасида бир кенг водий жойлашган. У водий ўртасида Иброҳим алайҳиссалом томонидан Ҳарам ҳудудини белгилаш учун қўйилган белги мавжуд. Водийдан икки ярим километр узоқликда, Ҳарам ташқарисида Ислом лашкарлари жойлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганлар. Ўша байъатга ризвон байъати дейилади.

Ҳалқ: Сочни олиш ёки олдириш бўлиб, у билан ҳожи эҳромдан чиқади.

Ҳалол: Эҳром боғламаган кишига айтилади.

Дам: Ҳожига эҳром ҳолатида қайтарилган ишларни қилиши натижасида қурбонлик вожиб бўлса, унга дам вожиб бўлди дейилади. Китобнинг қаерида дам сўзи ишлатилса, қилинган жиноятга сўйиладиган қурбонлик тушунилади.

Зоти ирқ: Маккадан тўқсон километр узоқликда жойлашган жой бўлиб, у ердан қуруқлик орқали келувчи ироқ, эрон, хуросон, афғонистон, ўзбекистон, туркманистон, қозағистон, россия ва хитойлик ҳожилар эҳром боғлайдилар.

Зул ҳулайфа: Мадинадан келувчи ҳожилар эҳром ўрайдиган жой бўлиб, унга Алий розияллоҳу анҳу қудуғи ҳам дейилади. У Ҳарамдан 410 километр узоқликда жойлашган.

Рукни асвад: Ҳажари асвад жойлашган Каъба бурчагига рукни асвад дейилади.

Рукни ироқий: Байтуллоҳнинг шимоли-шарқий бурчагига айтилади.

Рукни шимолий: Байтуллоҳнинг ғарбий-шимолий жойига айтилади.

Рукни ямоний: Байтнинг жанубий-ғарбий бурчагига айтилади. Тавоф пайтида у бурчакка қўлни текказиб ўтишга истилом дейилади ва бу суннат амалдир.

Рамал: Тавофнинг аввалги учтасини ғоз бўлиб айланишга рамал дейилади.

Рамий: Жамаротга тош отишга айтилади.

Равзаи атҳур: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри муборакларига равзаи атҳур дейилади.

Риёзул жаннат: Оиша онамиз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари орасидаги жойга риёзул жанна деб айтилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا بَيْنَ بَيْتِي وَمِنْبَرِي رَوْضَةٌ مِنْ رِيَاضِ الْجَنَّةِ وَمِنْبَرِي عَلَى حَوْضِي.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Уйим билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор. Минбарим эса, ҳовузимнинг тепасидадир”, дедилар” (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

Замзам: Замзам қудуғига замзам дейилади. Дунёдаги барча инсонлар ундан қониб ичсалар ҳам уни суви тугаб қолмайди.

Саъй: Сафо ва Марва тепалиги ўртасида махсус жой билан юришга саъй дейилади.

Шавт: Байтнинг тавофини ҳар бирига шавт дейилади. Шунингдек, Сафо ва Марва тепалиги ўртасида бир томонга юришга бир шавт дейилади.

Суффа: Набавий масжид ичида Фотима розияллоҳу анҳо ҳужрасидан икки саф узоқликда жойлашган суффа аҳли жойига суффа дейилади. У жой ердан бир қўл миқдорича кўтарилгандир. Бу ерда ўқилган намоз ҳам фазилатлидир. Бу ер тиқин бўлгани боис у ерда намоз ўқиш мушкулдир.

Садақа: Ҳажда қайтарилган ишларни қилиш билан ҳожи зиммасига садақа вожиб бўлади. У садақа садақаи фирт билан баробардир, яъни ярим соъдир.

Тавоф: Байтнинг тўрт томонини айланишга тавоф дейилади. Тавоф етти хил бўлади. Улар борасида тавоф сарлавҳаси остида сўз юритамиз.

Умра: Ҳил ёки мийқотдан эҳром ўраб Байтни тавоф қилиш, Сафо ва Марва тепалигида саъй қилиш ва соч олдиришга умра дейилади. Бу ҳақда умра сарлавҳаси остида атрофлича баҳс юритилади.

Ғори савр: Маккаи мукарраманинг ғарбий-жанубида беш километр узоқликда жойлашган баланд тоққа айтилади. У тоғ тепасида катта-катта тошлар орасида бир ғор бўлиб. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳулар Макка мушрикларидан ҳижрат пайтида беркинганлар. У ғор ҳозир ҳам мавжуддир.

Ғори ҳиро: Нур тоғи тепасида тошлар орасида жойлашган бир ғор бўлиб, у ғорда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий, яъни Алақ сурасининг дастлабки беш ояти нозил қилинган. У тоғнинг тепаси узо-узоқлардан кўриниб туради.

Қорн: Маккаи мукаррамадан саксон километр узоқликда жойлашган Нажд томондаги бир тоғ бўлиб, нажидликлар учун у мийқот ҳисобланади. Уни Қорнул манаазили ҳам дейилади.

Қирон: У ҳажнинг бир тури бўлиб, мийқотдан ҳаж ва умрага бирданига эҳром боғлашга айтилади. Ҳожи қурбонлик кунигача кийган эҳромидан чиқмайди.

Қорин: Қирон ҳаж қилувчига айтилади.

Қаср: Эҳром ечиш вақтида сочни қирқтиршга айтилади.

Каъаба: Масжиди ҳарамнинг ўртасида жойлашган муқаддас бир иморатга айтилади. У иморат Иброҳим алайҳиссалом томонларидан қурилгандир. Ҳар йили у Байтга дунёдан қанча-қанча ҳожилар келиб зиёрат қилишади.

Муфрид: Мийқотдан фақат ҳаж қилиш учун эҳром ўраган ҳожига айтилади.

Муҳрим: Эҳром ўраган кишига айтилади.

Матоф: Масжиду ҳарам ичидаги Байтни тўрт томонига айтилади. Ҳожилар у ерларни айланиб тавоф қиладилар.

Мийқот: Офоқийга эҳромсиз ўтиш мумкин бўлмаган ҳудудларга айтилади. Улар қуйидагилар:

1. Қорнул манаазил – у Нажд ва Машриқ томонидан келувчилар учун мийқотдир. У Масжиду ҳарамдан саксон километр узоқликда жойлашган;

2. Зоти ирқ – Ироқ ва Хуросондан келувчилар учун мийқотдир. У Масжиду ҳарамдан тўқсон километр узоқликда жойлашган;

3. Яламлам – Жануб ва соҳилий минтақалардан келгувчилар учун мийқот ҳисобланади. У Масжиду ҳарамдан бир юз ўттиз километр узоқликда жойлашган;

4. Жуҳфа – Робиғга яқин бўлган бир жой бўлиб, у Шом, Миср, Фаластин ва Европадан келгувчилар учун мийқот саналади. У Масжидул ҳарамдан 182 километр узоқликда жойлашган;

5. Зул Ҳулайфа – Мадинадан келувчилар учун мийқот саналади у Масжидул ҳарамдан 410 километр узоқликда жойлашган.

Мийқотий: Мийқот жойлашган минтақаларда истиқомат қилувчи аҳолига айтилади.

Мақоми Иброҳим (алайҳиссалом): Жаннатдан чиққан бир тош бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом унинг устига чиқиб Байтни қурганлар. У тош ҳозир ҳам мавжуддир. Ундаги икки қадам Иброҳим алайҳиссаломнинг қадамларининг изидир. У тош Каъбанинг эшиги рўпарасида шиша билан ўраб қўйилган. У ўринда қилинган дуони қабул бўлиши кўпроқдир.

Мултазам: Каъбанинг эшиги билан қора тош орасидаги бир жойнинг номидир. У ерга ёпишиб дуо қилиш суннатдир.

Мийзоби раҳмат: Байтнинг тарновини номи мийзоби раҳматдир. У ҳатийм тарафда бўлиб, у тарнов остида туриб дуо қилиш суннат ва мустаҳабдир.

Марва: Байтнинг шимолий-шарқида жойлашган улкан бир тоғнинг номи бўлиб, у Сафо тоғи қарама-қаршисида жойлашгандир. У ерда ҳожилар саъй қиладилар.

Муздалифа: Мино билан Арафот ўртасидаги бир катта майдон бўлиб, унинг уч томони тоғ билан ўралгандир. Арафотдан қайтишда у ерда шом билан хуфтон намозлари биргаликда ўқилади. Бомдод намозидан кейин қуёш чиқишидан аввал у майдонда вуқуф қилиш вожибдир.

Муҳассар: Мино билан Муздалифа ўртасидаги бир қиялик майдондир. У ерда фил асҳобларига азоб нозил қилинган. Муздалифадан Минога кетишда у ердан тез ўтиш лозимдир.

Мино: Муҳассар водийсидан жамраи ақабагача икки тоғ оралигида кенг майдон бўлиб, у ерда шайтонга тош отилади ва у майдондан Масжиду ҳарамгача уч мил бор. Ҳозир у ердан ҳарамга тоғни тешиб яқин йўл очилган.

Масжиди хайф: Минода жамаротга яқин катта бир масжиддир.

Исмоил масжиди ёки Кабш масжиди: Минодан Арафот томонга юрилганда чап қўлда Сабийр тоғи этагида жойлашган масжид бўлиб, у ерда Исмоил алайҳиссалом қурбонлик қилинаётган пайтда осмонда бир қўчқор нозил қилинган. Шунинг учун бу масжидга Исмоил ёки Кабш (қўчқор) масжиди дейилади. Лекин, ҳозир у масжид манашу масжид деб аниқ кўрсатиб бўлмайди. Ҳа, албатта жамротдан муздалифа ва арафот томонга боришда чап қўл тарафда, тоғнинг этагида Кубро Абдулазиздан Муъайсим тарафга юрилиб борилса, ўнг қўлга муттасил бир масжид бўлиб, уни ҳозир Квайтий масжид деб номланади. Ҳозир Минода шу икки масжиддан бошқа бирорта масжид йўқ.

Масжиди намира: Арафот майдонида жойлашган кенг масжид бўлиб, унга бир вақтни ўзида 80 ёки 50 минг одам сиғади. Макка билан Мадинада энг катта масжидлар учта бўлиб, улар, Масжиди ҳарам, Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Масжиди Намира

Масжиди ҳаром: Байтнинг тўрт томонига қурилган биноларнинг барчаси Масжиди ҳарам ҳисобланади. Унда ўқилган бир намознинг савоби юзмингга тенгдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن أنس بن مالك رَضِيَ اللَّهُ عَنْه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :صَلاَةُ الرَّجُلِ فِي بَيْتِهِ بِصَلاَةٍ وَصَلاَتُهُ فِي مَسْجِدِ الْقَبَائِلِ بِخَمْس وَعِشْرِينَ صَلاَةً وَصَلاَتُهُ فِي المَسْجِدِ الَّذِي يُجَمِّعُ فِيهِ بِخَمْسِمَائَةِ صَلاَةٍ وَصَلاتُهُ فِي المَسْجِدِ الأَقْصَى بِخَمْسِينَ ألْفَ صَلاَةٍ وَصَلاَتُهُ فِي مَسْجِدِي هَذَا بِخَمْسِينَ ألْفَ صَلاَةٍ وَصَلاَتُهُ فِي المَسْجِدِ الحَرَامِ بِمائَةِ أَلْفِ صَلاَةٍ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Кишини уйидаги намози бир намозга баробардир. Қабила масжидидаги намози йигирма беш намозга баробардир ва жомеъ масжидидаги бир намози беш юз намозга тенгдир. Масжидул ақсодаги бир намози эллик минг намозга тенгдир. Мени масжидимдаги бир намози эллик минг намозга баробардир. Масжидул ҳаромдаги бир намози юз минг намозга тенгдир” дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Масжиди роя: Масжиди ҳарамдан жаннати муъаллога қараб юришда йўлда жойлашган бир масжид бўлиб, у масжид ўрнида фатҳ куни ислом пайроғи тикилган эди.

Масжиди жинн: Бу масжид ҳам жаннати муъалло йўлида бўлиб, роя масжидидан бироз узоқликда йўл бўйида жойлашгандир. Бу масжид Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни қолдириб, ўзлари жинларни олдиларига борган жой ўрнида қад кўтаргандир.

Масжиди машъари ҳаром: Муздалифада барпо қилинган масжиднинг номидир. Муздалифада кичик бир Қузаҳ деган тоғ бўлиб, унга ҳам машъари ҳаром дейилади.

Масжиди Оиша розияллоҳу анҳо: Танъийм тоғи этагида жойлашган масжид Масжиди оиша ҳисобланади. Маккаликлар у ердан Умрага эҳром боғлайдилар. Бу ер ҳарам ҳудуди ҳисобланмайди.

Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига айтилади. Ҳозирда бу масжидда бир вақтни ўзида бир неча юзминглаб одамлар намоз ўқийдилар. Бу масжидда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан эллик минг баробар савоблидир. Бу ҳақда ҳадисларда шундай дейилган:

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاةٌ فِي مَسْجِدِي هَذَا أَفْضَلُ مِنْ أَلْفِ صَلَاةٍ فِيمَا سِوَاهُ إِلَّا الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ وَصَلَاةٌ فِي الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ أَفْضَلُ مِنْ مِائَةِ أَلْفِ صَلَاةٍ فِيمَا سِوَاهُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Менинг бу масжидимдаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Фақат масжидул ҳаром бундан мустаснодир. Масжидул ҳаромдаги намоз ундан бошқадаги юз минг намоздан афзалдир” (Ибн Можа ривояти).

عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَنْ النَّبِيّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ صَلَاةٌ فِي مَسْجِدِي هَذَا أَفْضَلُ مِنْ أَلْفِ صَلَاةٍ فِيمَا سِوَاهُ إِلَّا الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Менинг бу масжидимдаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Фақат Масжидул ҳаром бундан мустаснодир” (Бухорий ривояти).

Масжиди қубо: Бу масжид Мадинадан тахминан уч мил узоқликда жойлашган бўлиб, у масжидни қурилишида Расулуллоҳнинг ўзлари иштирок этганлар. У ерда икки ракъат нафл намозини ўқиш Умра ибодатига тенгдир. Қубо масжидининг фазилати ва унда қилинган ибодатларнинг аҳамияти қуйидаги ҳадисларда баён қилинган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم يأْتِي مَسْجِدَ قُبَاءٍ، رَاكِباً ومَاشِياً. فَيصَلّى فِيهِ رَكْعَتَينِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжидига уловда ҳам, пиёда ҳам келиб, унда икки ракъат намоз ўқир эдилар” (Бухорий ривояти).

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْتِي مَسْجِدَ قُبَاءٍ كُلَّ سَبْتٍ مَاشِيًا وَرَاكِبًا.

Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар шанба Қубо масжидига гоҳида уловда, гоҳида пиёда келиб турар эдилар” (Бухорий ривояти).

عَنْ أُسَيْد بْنِ ظُهَيْرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الصَّلاَةُ فِي مَسْجِدِ قُبَاءٍ كَعُمْرَةٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Усайд ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қубо масжидидаги намоз(нинг савоби) худди умра кабидир”, дедилар” (Термизий ривояти).

عَنْ سَهْلِ بْنِ حنِيفٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم : مَنْ تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ وُضُوءَهُ، ثُمَّ جَاءَ مَسْجِدَ قُبَاءَ، فَرَكَعَ فِيهِ أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ كَانَ ذَلِكَ عَدْلُ عُمْرَةٍ.

Саҳл ибн Ҳуниф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким яхшилаб таҳорат олиб, сўнг Қубо масжидига келса ва унда тўрт ракъат намоз ўқиса, шу у учун умранинг баробари бўлади” дедилар” (Муъжами кабийр).

Масжиди қиблатайн: Ушбу масжидга Масжиди бану Салама ҳам дейилади. Чунки, бу ерда Бану Салама қабиласи яшайди. Бу масжид адр тепасига қурилган. У масжидда икки меҳроб бўлиб, бири Байти мақдисга, иккинчиси Байтга қараган эди. Чунки, ҳижратдан кейин ўн етти ойгача Байти мақдисга қараб ибодат қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у масжидда намоз ўқиётганларида Аллоҳ таоло томонидан Байтуллоҳга юзланиб намоз ўқишга амр бўлганлиги учун ҳам у масжидни масжиду қиблатайн (икки қиблали масжид) дейилган ва унинг деворига қиблани ўзгартирилиши тўғрисида ворид бўлган оят ёзиб қўйилган. Бир неча йил олдин Байти мақдисга қараган меҳроб беркитилиб юборилди ва қиблани ўзгартирилиши тўғрисида ворид бўлган оят у масжид деворларидан ўчириб ташланди.

Олти масжид: Хандақ воқеаси бўлиб ўтган жойда барпо қилинган олти масжид қуйидагилардир: Масжиди фатҳ, Масжиди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу, Масжиди Али розияллоҳу анҳу, Масжиди Умар розияллоҳу анҳу, Масжиди Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу, Масжиди Абу Бакр розияллоҳу анҳу. Мадинаи мунавваранинг машҳур Салъ тоғи этагида ушбу масжидлар барпо қилинган. Ушбу тоғ этагида, яъни хандақ қазилган жойда бир дўмлик бўлиб, у ерга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хандақ ғазоти вақтида ташриф буюрганлар. Ўша жойга кейинчалик Масжиди фатҳ номлик бир масжид қурилган. Ушбу масжиддан бироз пастроққа тушилса, яъни хандақ ғазоти пайтида Салмони Форсий розияллоҳу анҳу тайин қилинган жойда Масжиди Салмони Форсий розияллоҳу анҳу барпо қилинган. У ердан эллик қадам узоқликда, яъни хандақ ғазоти пайтида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу тайин қилинган жойга, Масжиди Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қурилган. Ундан йигирма қадам узоқликда, яъни хандақ ғазоти вақтида Умар розияллоҳу анҳу тайин қилинган жойга, Масжиди Умар розияллоҳу анҳу барпо қилинган. Ундан бир неча қадам узоқроқда, яъни хандақ ғазоти пайтида Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу тайин қилинган жойда Масжиди Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу қурилган. Ундан йигирма қадам узоқликдаги бир дўмда, яъни хандақ ғазоти пайтида Али розияллоҳу анҳу тайин қилинган жойга Масжиди Али розияллоҳу анҳу барпо қилинган. Ушбу олти масжидга масожиди ситта, яъни олти масжид дейилади. Мадинаи мунавварага ташриф буюрган зиёратчилар албатта ушбу табаррук жойларда намоз ўқиб, дуо қилишлари лозим. Ҳожилар зиёрат давомида у жойларни эътиборсиз қолдирмасликлари даркор. Лекин, ушбу олти масжид 2005 йил бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига катта бир масжид барпо қилинди.

 



[1]  Қаранг: Саҳиҳи Бухорий Ж. I. Б. – 295, 474 (2166, 3247 ҳадислар).

[2]  Маъорифул Қуръон. Ж. VII. Б. – 457.

[3]  Фатҳул борий. Ж. VI. Б. – 461.

[4]  Имом Азроқий. Ахбори Макка. Ж. I. Б. – 52.

[5]  Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 475.

[6]  Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 475-76 (3252, 3253 ҳадис).

[7]  Қаранг: Маъорифул Қуръон. Соффот сураси 103 оят шарҳи.

[8]  Қаранг: Маъорифул Қуръон. Ж.VII. Б. – 460.

[9]  Қаранг:Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 474-77.

[10]                Қаранг: Қаранг:Саҳиҳи Бухорий. Ж. I. Б. – 474-77 (3252, 3253 ҳадислар).

[11]                Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. VI. Б. – 465 (3365 ҳадис шарҳи).

[12]                Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. VI. Б. – 465.

[13]                Руҳул маъоний. Ж. X. Б. – 213., Сунани кубро. Ж. VII. Б. – 385.

[14]                Руҳул маъоний. Ж. X. Б. – 213., Тафсиру ибн Касир. Ж. II. Б. – 539.

[15]                Ат-Тарғийб ват тарҳийб. Ж. II. – Б. 107.

[16]                Қаранг: Ат-Тарғийб ват тарҳийб. Ж. II. – Б. 109.

[17]                Ийзоҳут Таҳовий. Ж. III. – Б. 629.

[18]                Авжозул масолик. Ж. III. – Б. 475.

[19]                Авжозул масолик. Ж. III. – Б. 486.

[20]                Мустафоду ҳидоя. Ж. I. – Б. 217.

[21]                Ал-Масолик фил маносик. Ж. I. – Б. 369.

[22]                Ҳидоя. Ж. I. – Б. 214.

[23]                Термизий шариф. Ж. I. – Б. 186.

[24]                Термизий шариф. Ж. I. – Б. 186.

[25]                Ҳидоя. Ж. IV. – Б. 214.

[26]                Ҳидоя. Ж. IV. – Б. 214.

[27]                Ғания жадийд. – Б. 103.

[28]                Фатвои Маҳмудия. Ж. III. – Б. 541.

[29]                Ийзоҳут Таҳовий. Ж. III. – Б. 642.

[30]                Тарихул қавийм. Ж. II. – Б. 402.

[31]                Мустафоду фатҳул қадийм. Ж. III. – Б. 183.

[32]                Тарихи Маккаи мукаррама. – Б. 30.

[33]                Авжозул масолик. Ж. II. – Б. 486.

[34]                Тарихи Маккада у Ҳарамдан йигирма икки километр узоқликда жойлашган дейилган. Лекин, ўзимни тажрибамга кўра 24 билан 25 ўртасидаги узоқликда жойлашган.

 
« Олдинги   Кейинги »