Мадинаи мунавварани зиёратига тегишли масалалар Принтер учун
28.09.2013 й.

 

هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَى وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَكَفَى بِاللَّهِ شَهِيدًا مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا.

У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, у(дин)ни барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Аллоҳ гувоҳликка кифоя қилувчидир. Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан” (Фатҳ 28-29 оятлар).


يا رب صلِّ وَسَلِّم دائماً أبَدَاً على حبيبك خَيرِ الخَلقِ كُلِّهِمُ

РАВЗАИ МУТАҲҲАРАНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

Ҳаждан фориғ бўлгандан кейин афзал ва саодатли амал Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи мутаҳҳараларини зиёрат қилишдир. Бирор мусулмон Мадинаи мунавварга етиб келгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларини зиёрат қилмай ортига қайта олмайди. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш қанчалар маҳбуб амал эканлиги айтилган:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَنْ زَارَ قَبْرِي وَجَبَتْ لَهُ شَفَاعَتِي " .

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким мени қабримни зиёрат қилса, шафоатим унга вожиб бўлади” дедилар” (Шуабул иймон).

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَنْ حَجَّ فَزَارَ قَبْرِي بَعْدَ وَفَاتِي كَانَ كَمَنْ زَارَنِي فِي حَيَاتِي "

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки ҳаж қилиб, вафотимдан кейин қабримни зиёрат қилса, ҳаётлик чоғимда мени зиёрат қилган киши каби бўладидедилар” (Мишкоти шариф).

МАДИНАИ МУНАВВАРАГА САФАР ҚИЛИШ

Макки мукаррамадан Мадинаи мунавварга келишда йўлда кўп бор дуруду саломлар айтиш лозим. Йўлда Масжиди ҳарамдан 16 километр узоқликда Сирф деган жойда Маймуна онамизнинг мақбаралари бўлиб, имкон бўлса, у ерга тўхтаб, тиловат қилиб, савобини бағишлаш лозим. Мадинаи мунавварга яқинлашган сари хушуъ-хузуъни зиёдалаштириб бориш лозим.

МАДИНАИ МУНАВВАРГА ЯҚИНЛАШГАН ПАЙТДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Мадинаи мунавварга қараб йўлга отланилганда бутун хаёлини икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратиш лозим. Мадинаи мунавварга яқинлашиб қолинганда дуруди шарифни кўпайтириб, етиб келай деганда ушбу дуони ўқилинади:

اللهم هذا حرم رسولك فاجعله دخولي وقاية من النار وأمانا من العذاب وسوء الحساب.

Аллоҳумма ҳазаа ҳараму Расулик фажъалҳу духулий виқоятан минан наар ва амаанан минал ъазааби ва суъил ҳисааб” (Фатавои қозихон).

Маъноси: Эй, Аллоҳим! Бу Расулингни ҳарами шарифларидир. Мени бу ерга киришимни дўзахдан сақланишимга зариа қилгин ва азобдан, ҳисоб-китобни қаттиқлигидан омонлик қилигин.

МАДИНАИ МУНАВВАРАГА КИРИШ ОДОБИ ВА ДУОСИ

Мадинаи мунавварга етиб келгандан сўнг шаҳарга киришдан олдин иложи бўлса, ғусул қилиб олиш керак. Агар ғусул қилишга шароит бўлмаса, таҳорат қилиб олиш лозим. Мадинаи мунавварга киришда янги ёки ювилган кийимларни кийиб олинади. Мадинаи мунаввара одобига риоя қилишга халақит қилмайдиган уловга миниш лозим.

Икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарларига киришда қуйидаги дуо ўқилади:

بسم الله ما شاء الله لا حول ولا قوة إلا بالله رَبِّ أَدْخِلْنِي مُدْخَلَ صِدْقٍ وَأَخْرِجْنِي مُخْرَجَ صِدْقٍ وَاجْعَلْ لِي مِنْ لَدُنْكَ سُلْطَانًا نَصِيرًا اللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِك وَارْزُقْنِي مِنْ زِيَارَةِ رَسُولِك صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا رَزَقْت أَوْلِيَاءَك وَأَهْلَ طَاعَتِك وانقذني من النار وَاغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي يَا خَيْرَ مَسْئُولٍ.

Бисмиллаҳи маа шаа Аллоҳ лаа ҳавла валаа қуввата илл биллаҳ. Робби адхилний мудхола сидқин ва ахрижний мухрожа сидқин ва ижъал лий мин ладунка султонан насийро. Аллоҳумма ифтаҳ лий абвааба роҳматика варзуқний мин зиёрати Расулика соллаллоҳу алайҳи васаллама маа розақта авлияаака ва аҳла тоъатик. Ва инқизний минан наар. Ва иғфир лий варҳамний яаа хойра масъул” (Ғуния жадийд).

Маъноси: Аллоҳ номи ила кираман. Аллоҳ хоҳлаган нарсагина бўлур. Гуноҳдан сақланишга ҳам, тоатга қувват ҳам ёлғиз Аллоҳ тарафидандир. Эй Роббим, мени кирадиган жойимга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимга содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт. Эй, Аллоҳим! Менга раҳмат эшикларингни очиб, Расулингни зиёратидан Ўзингни дўстларинг ва тоат аҳлингга берган фойдаларни ато қилгин ва мени дўзахдан халос қилгин. Мени мағфират қилигин ва менга раҳим қилгин. Эй, сўралувчи зотларнинг яхшиси!

اللَّهُمَّ اجْعَلْ لنا فِيهَا قَرَارًا وَرِزْقًا حَسَنًا.

Аллоҳумма ижъал ланна фийҳаа қаророн ва ризқон ҳасана” (Ғуния жадийд).

Маъноси: Эй, Аллоҳим! Бизлар учун бу шаҳардан яхши жой ва яхши ризқ ато қилгин.

МАДИНАИ МУНАВВАРАНИНГ ФАЗИЛАТИ

Ер юзида афзал ва улуғ жой Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадлари тегиб турган ердир. Манашундай улуғ қисмат Мадинаи мунаввара ерига тегишлидир. Ундан кейин Каъбатуллоҳ ва ҳарамдир. Ундан кейин эса, Мадинаи мунаввара ҳудудидир.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ ، أَنَّهُ قَالَ : خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - ، حَتَّى إِذَا كُنَّا بِالْحَرَّةِ ، بِالسُّقْيَا الَّتِي كَانَتْ لِسَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - : ائْتُونِي بِوَضُوءٍ ، فَلَمَّا تَوَضَّأَ ، قَامَ فَاسْتَقْبَلَ الْقِبْلَةَ ، ثُمَّ كَبَّرَ ، ثُمَّ قَالَ : اللَّهُمَّ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ كَانَ عَبْدَكَ وَخَلِيلَكَ ، دَعَا لأَهْلِ مَكَّةَ بِالْبَرَكَةِ ، وَأَنَا مُحَمَّدٌ ، عَبْدُكَ وَرَسُولُكَ ، أَدْعُوكَ لأَهْلِ الْمَدِينَةِ أَنْ تُبَارِكَ لَهُمْ فِى مُدِّهِمْ وَصَاعِهِمْ ، مِثْلَيْ مَا بَارَكْتَ لأَهْلِ مَكَّةَ ، مَعَ الْبَرَكَةِ بَرَكَتَيْنِ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда (Мадинадан) чиқдик. Ҳарра деган жойдаги Саъд ибн Абу Ваққосга тегишли сув бор жойга етиб келдик. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳоратга сув келтиринглар” дедилар. Таҳорат қилиб бўлгач ўрниларидан туриб, қиблага юзландилар, сўнг такбир айтиб орқасидан: “Эй, Аллоҳим! Иброҳим Сени банданг ва халилинг эди. Макка аҳлига барака сўраб дуо қилди. Мен Муҳаммад банданг ва расулингман. Мадина аҳлига уларнинг муди ва соъларида Макка аҳлига берган баракангнинг икки баробарини баракасини беришлигинни сўрайман. Бир барака икки барака ўрнида бўлсин” дедилар” (Термизий ривояти).

Дилимни бир Арабий банд қилди

маккалик, мадиналик, ҳошимий, муттолибий

МАДИНАИ МУНАВВАРА ҲУРМАТИ

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ: أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم طَلَعَ لَهُ أُحُدٌ فَقَالَ :« هَذَا جَبَلٌ يُحِبُّنَا وَنُحِبُّهُ اللَّهُمَّ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ حَرَّمَ مَكَّةَ وَإِنِّى أُحَرِّمُ مَا بَيْنَ لاَبَتَيْهَا ». رَوَاهُ الْبُخَارِى.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Уҳуд тоғи номоён бўлди. Шунда у зот:

“Ушбу тоғ бизни ва биз уни яхши кўрамиз. Эй, Аллоҳим! Иброҳим алайҳиссалом Маккани ҳарам қилди. Мен эса, Лобатайҳ (Мадинанинг икки тарафи) орасидаги жойларни ҳарам қиламан дедилар” (Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссалом Макка аҳлига барака тилаб дуо қилганлари каби Мадина аҳлига барака тилаб дуо қилганлар.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَتَّى إِذَا كُنَّا بِالْحَرَّةِ بِالسُّقْيَا الَّتِي كَانَتْ لِسَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ائْتُونِي بِوَضُوءٍ فَلَمَّا تَوَضَّأَ قَامَ فَاسْتَقْبَلَ الْقِبْلَةَ ثُمَّ كَبَّرَ ثُمَّ قَالَ اللَّهُمَّ إِنَّ إِبْرَاهِيمَ كَانَ عَبْدَكَ وَخَلِيلَكَ دَعَا لِأَهْلِ مَكَّةَ بِالْبَرَكَةِ وَأَنَا مُحَمَّدٌ عَبْدُكَ وَرَسُولُكَ أَدْعُوكَ لِأَهْلِ الْمَدِينَةِ أَنْ تُبَارِكَ لَهُمْ فِي مُدِّهِمْ وَصَاعِهِمْ مِثْلَيْ مَا بَارَكْتَ لِأَهْلِ مَكَّةَ مَعَ الْبَرَكَةِ بَرَكَتَيْنِ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда (Мадинадан) чиқдик. Ҳарра деган жойдаги Саъд ибн Абу Ваққосга тегишли сув бор жойга етиб келдик. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳоратга сув келтиринглар” дедилар. Таҳорат қилиб бўлгач ўрниларидан туриб, қиблага юзландилар, сўнг такбир айтиб орқасидан: “Эй, Аллоҳим! Иброҳим Сени банданг ва халилинг эди. Макка аҳлига барака сўраб дуо қилди. Мен Муҳаммад банданг ва расулингман. Мадина аҳлига уларнинг муди ва соъларида Макка аҳлига берган баракангнинг икки баробарини баракасини беришлигинни сўрайман. Бир барака икки барака ўрнида бўлсин” дедилар” (Термизий ривояти).

МАДИНАИ МУНАВВАРА ҲУДУДИ

Мадинаи мунаввара икки катта тоғ орасида жойлашган бўлиб, бир томондан уҳуд тоғи иккинчи томондан Айра тоғи қуршаб олган. Баъзи ривоятларда Уҳуд тоғи ўрнига Савр тоғи дейилган. Мадинаи мунавварада Савр деб аталган бир кичик тоғ мавжуд бўлиб, у Уҳуд тоғи этагида жойлашган. Маккаи мукаррамадаги Савр тоғи жуда катта тоғдир.

Демак, Мадинаи мунаввара ҳудудига киргандан кейин доимо у ерда ножўя иш қилиб қўймаслик фикрида юриш лозим.

РИЁЗУЛ ЖАННАТДА ИБОДАТ ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنّ رَسُولَ اللّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَا بَيْنَ بَيْتِي وَمِنْبَرِي رَوْضَةٌ مِنْ رِيَاضِ الْجَنّةِ. وَمِنْبَرِي عَلَىَ حَوْضِي".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Уйим билан минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ бор. Минбарим эса, ҳавзи кавсарим устидадир” дедилар” (Бухорий ривояти).

Риёзул жаннат жуда ҳам тиқилинч бўлганлиги сабабли у ерга бориш машаққатлидир. Шу боис намоздан бир ярим соат олдин у ерга боришга ҳаракат қилиш лозим. Аксар уламолар наздида ернинг ушбу бўлаги қиёмат куни жаннатга боради.

МАСЖИДУ НАБАВИЙ (СОЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ)ГА КИРИШ ОДОБИ

Мадинаи мунавварага кирибоқ, биринчи Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кириш лозим. Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га киришдан илгари бошқа бирор иш билан машғул бўлмаслик керак. Агар бирор зарурий иш бўлса, ундан тезроқ фориғ бўлиб, у ерга кириш лозим. Аёлларни кечки пайт киришлари афзалдир. Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кираётган пайтда қуйидаги дуо ўқилади:

بِسمِ الله والصلوة والسَّلامُ عَلَى رَسُولِ الله ، رب اغفِر لِي ذُنُوبِي ، وافتَح لِي أَبواب رَحمَتِك.

Бисмиллаҳи вас солаату вас салааму ъала Расулиллаҳ, Робби иғфир лий знубий, вафтаҳ лий абвааба роҳматик” (Ғуниян носик).

Маъноси: Аллоҳ номи ила киришни бошлайман. Аллоҳнинг расулига солавоту саломлар бўлсин. Роббим гуноҳларимни мағфират қилгин ва мен учун раҳмат эшикларингни очгин.

Ушбу дуони ниҳоятда хокисорлик ва тазарруъ ила ўқиш лозим. Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Жаброил алайҳиссалом эшигидан кириш афзал. У ерга киргандан кейин риёзул жаннатда икки ракъат таҳиятул масжид ўқиб, дуо қилинади. Агар масжидга кирганида жамоат намоз ўқиётган бўлса, уларга қўшилиб олади ва ушбу фарз намози таҳиятул масжид ўрнига ҳам ўтади.

РАВЗАИ МУБОРАК СОҲИБИ НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛОМ АЙТИШ ОДОБИ ВА ЙЎЛ-ЙЎРИҒИ

Риёзул жаннатда икки ракъат таҳиятул масжид ўқиб, дуодан фориғ бўлгандан кейин чиройли одоб ила қибла томондан муборак қабр олдига бориб, тик туриб қиблага орқасини, олдини эса муборак қабрга қилиб, ихлос ва хушуъ билан чин қалбдан қуйидаги лафзлар билан салом айтилади:

السَّلَامُ عَلَيْك يَا رَسُولَ اللَّهِ ، السَّلَامُ عَلَيْك يَا خَيْرَ خَلْقِ اللَّهِ ، السَّلَامُ عَلَيْك يَا خِيرَة اللَّهِ مِنْ جَمِيعِ خَلْقِهِ ، السَّلَامُ عَلَيْك يَا حَبِيبَ اللَّهِ ، السَّلَامُ عَلَيْك يَا سَيِّدَ وَلَدِ آدَمَ ، السَّلَامُ عَلَيْك أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ يَا رَسُولَ اللَّهِ ، إنِّي أَشْهَدُ أَنْ لَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَأَنَّك عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ وَأَشْهَدُ أَنَّك يَا رَسُولَ اللَّهِ قَدْ بَلَّغْت الرِّسَالَةَ وَأَدَّيْت الْأَمَانَةَ وَنَصَحْت الْأُمَّةَ وَكَشَفْت الْغُمَّةَ ، فَجَزَاك اللَّهُ عَنَّا خَيْرًا ، جَازَاك اللَّهُ عَنَّا أَفْضَلَ مَا جَازَى نَبِيًّا عَنْ أُمَّتِهِ. اللَّهُمَّ أَعْطِ سَيِّدَنَا عَبْدَك وَرَسُولَك مُحَمَّدًا الْوَسِيلَةَ وَالْفَضِيلَةَ ، وَالدَّرَجَةَ الْعَالِيَةَ الرَّفِيعَةَ ، وَابْعَثْهُ الْمَقَامَ الْمَحْمُودَ الَّذِي وَعَدْته ، وَأَنْزِلْهُ الْمَنْزِلَ الْمُقَرَّبَ عِنْدَك ، إنَّك سُبْحَانَك ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ .

Ассалааму ъалайка яаа Расулаллоҳ, ассалааму ъалайка яаа хайра холқиллаҳ, ассалааму ъалайка яаа хияротиллаҳи мин жамийъи холқиҳ, ассалааму ъалайка яаа ҳабибаллоҳ, ассалааму ъалайка яаа саййида валади аадам, ассалааму ъалайка айюҳан Набиййи ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу яаа Расулаллоҳ. Инний ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийкалаҳ ва аннака ъабдуҳу ва Росулуҳу ва ашҳаду аннака яаа Расулаллоҳ қад баллағтар рисаалата ва аддайтал амааната ва насаҳтал уммата ва кашафтал ғуммата фажазаакаллоҳу ъаннаа хойрон, жазаакаллоҳу ъаннаа афдола маа жаазаа набийян ъан умматиҳ. Аллоҳумма аъти саййидинаа ъабдака ва Расулака Муҳаммаданил васийлата вал фадийлата вад дарожатал олиятар рофийъаҳ, вабъасҳул мақомал маҳмуудал лазий ваъадтаҳ, ва анзилҳул манзилал муқорроба ъиндак, иннака субҳаанака зул фадлил ъазийм” (Фатҳул қодир).

Маъноси: Эй, Аллоҳнинг расули сизга саломлар бўлсин. Эй, Аллоҳнинг махлуқотларини энг яхшиси, сизга саломлар бўлсин махлуқотлар ичидан Аллоҳ танлаб олган зот, эй, Аллоҳнинг ҳабиби сизга саломлар бўлсин, эй, Одам фарзандларининг сардори сизга саломлар бўлсин, эй, Аллоҳнинг Набийси сизга саломлар ва Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин. Эй, Аллоҳнинг расули мен ёлғиз Аллоҳ таолодан Ўзга илоҳ йўқ эканлигига ва Унинг шериги йўқ эканлигига ҳамда сиз Аллоҳнинг бандаси ва Унинг расули эканлигингизга гувоҳлик бераман. Эй, Аллоҳнинг расули сиз рисолатни етказдингиз, омонатни адо қилдингиз, умматга хайри ҳох бўлдингиз, ғамларни кетказдингиз, Аллоҳ сизни бизни тарафимиздан ва Набийларни ўз умматлари томонидан мукофотлаганидан афзалроғи билан мукофатласин. Эй, Аллоҳим! Саййидимиз ва Сенинг банданг ҳамда расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга василани, фазилатни, баланд ва олий даражани ато қилгин ҳамда у зотни Ўзинг ваъда қилган мақоми маҳмудга етказгин. У зотга ҳузурингдаги муқарраб манзилни ато қилгин. Шубҳасиз Сен пок ва улуғ фазл эгасидирсан.

Ушбу дуруду салом айтилгандан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари олдида тик туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, Аллоҳ таолодан истаклар, чиройли хотима, Аллоҳ таолони розилиги ва мағфирати сўралади. Ундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шафоат қилишларини сўраб, қуйидаги лафзлар айтилади:

يَا رَسُولَ اللَّهِ أَسْأَلُك الشَّفَاعَةَ وَأَتَوَسَّلُ بِك إلَى اللَّهِ فِي أَنْ أَمُوتَ مُسْلِمًا عَلَى مِلَّتِك وَسُنَّتِك.

Яа расулаллоҳи асъалукаш шафоата ва атавассалу илаллоҳи фий ан амута муслиман ала миллатика ва суннатика” (Фатҳул қодир).

Маъноси: Эй, Аллоҳнинг расули сиздан шафоат қилишингизни сўрайман ва мусулмон ҳолатда миллатингиз ва суннатингизга кўра вафот топишимда сизни Аллоҳ таолога васила қиламан.

ЎЗГАЛАР НОМИДАН САЛОМ ЕТКАЗИШ

Ҳаж ёки умра сафарига кетаётган кишига бирор киши: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг номимдан салом айтинг” деса, у киши номидан қуйидаги лафзлар билан салом айтилади:

السَّلَامُ عَلَيْكَ يَا رَسُولَ اللَّهِ مِنْ فُلَانِ بْنِ فُلَانٍ يَسْتَشْفِعُ بِكَ إلَى رَبِّكَ.

Ассалому ъалайка яаа расулаллоҳи мин фулон ибн фулонин ясташфиъу бика илаа роббика фашфаъ лаҳу ва лижамиъил муслимийн” (Ғуния жадийд).

Маъноси: Фалончининг ўғли фалончидан эй, Аллоҳнинг расули сизга салом бўлсин. У сизни Роббингизга шафоатчи бўлишлигингизни сўрайди.

Бундан бошқа кўплаб узун дуолар китобларда мавжуд. Лекин, кўплаб узундан-узун дуоларни ёдлаш инсонларга қийинчилик туғдиради. Шу боис қисқа дуо келтирилди. Кимдаки, мазкур дуони ёдламаган бўлса, она тилида қандай хоҳласа ўшандай одоб ила салом беради. Мадинаи мунавварада турилганда кўпроқ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам равзаларига бориб дуруду салом айтиш ажру савобли амаллардандир.

АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА САЛОМ АЙТИШ

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салом айтиб бўлгандан кейин бир зироъ (қўл) миқдорида ўнг томонга силжиб Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қуйидаги лафзлар билан салом айтилади:

السَّلَامُ عَلَيْك يَا خَلِيفَةَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، وَثَانِيَهُ فِي الْغَارِ ورفيقه في الاسفار وامينه على الاسرار أَبَا بَكْرٍ الصِّدِّيقِ ، جَزَاك اللَّهُ عَنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَيْرًا.

Ассалааму ъалайка яаа холийфата расулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллама ва саанияту фил ғори ва рофиқаҳу фил асфаари ва амийнаҳу алал асрори Абаа Бакринис сиддийқ жазаакаллоҳу ан уммати Муҳаммади соллаллоҳу алайҳи васаллам хойрон” (Фатҳул қодир).

Маъноси: Эй, Аллоҳнинг расулининг халифаси, ғордаги ҳамроҳи, сафарлардаги рафиқи ва сирларига омонатдори Абу Бакр Сиддийқ розияллоҳу анҳу сизга саломлар бўлсин ва Аллоҳ сизни уммати Муҳаммадия тарафидан яхши мукофот ила мукофатласин.

УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА САЛОМ АЙТИШ

Абу Бакр розияллоҳу анҳуга салом айтгандан кейин бир зироъ (қўл)дан кўпроқ ўнг томонга силжиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга қуйидаги лафзлар билан салом айтилади:

السَّلَامُ عَلَيْك يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ عُمَرَ الْفَارُوقَ الَّذِي أَعَزَّ اللَّهُ بِهِ الْإِسْلَامَ ،امام المسلمين مرضيا حيا وميتا جَزَاك اللَّهُ عَنْ أُمَّةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَيْرًا.

Ассалааму алайка яаа амийрол муъминийн Умарол фаарууқ аллазий аъаззаллоҳу биҳил ислаама имомал муслимийн, мардиян, ҳайян ва маййитан жазаакаллоҳу ан уммати Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама хойрон” (Фатҳул қодир).

Маъноси: Эй, Аллоҳ у билан исломни азиз қилган, ҳаётидаю вафотида Аллоҳ сиздан рози бўлган, мусулмонларнинг имоми, мўминларнинг амири, ҳақ билан ботил ўртасини ажратувчи Умар розияллоҳу анҳу сизга саломлар бўлсин, Аллоҳ сизни уммати Муҳаммадия томонидан яхши мукофот ила мукофотласин.

Агар равзаи муборак олди тиқилинч бўлганлиги сабабли, уни олдига яқинлашишни иложи бўлмаса, Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бир жойига туриб, салом айтилади. Лекин, ушбу саломнинг фазилати Равзаи муборак олдида берилган салом фазилатига етмайди. Агар Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ташқарисидан Равзаи муборак қаршисидан ўтса, бироз тўхтаб салом берса ҳам бўлади. Улуғ устозларимиз аксар қабристонлар олдидан ўтиб кетаётганларда ҳам шундай амалларни қиладилар.

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ РАВЗАИ МУБОРАКЛАРИ ОЛДИДА ТУРИБ ДУО ҚИЛИШ

Дуруду саломлардан фориғ бўлгандан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам равзалари олдига келиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар айтиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб қўлни кўтариб, Аллоҳ таолодан истак ва муродлар ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни шафоталарини сўраб дуо қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб ота-она, яқинлар, дўстлар ва бутун мўмину мўминотлар ҳақларига дуо қилинади. Ушбу дуолар мустажоб бўладиган жойда бизларнир ҳаққимизга дуо қилсалар, биз гуноҳкорларга катта марҳамат қилган бўладилар.

ДУРУДУ САЛОМ ВА ДУОДАН КЕЙИН ЎҚИЛАДИГАН ИККИ РАКЪАТ НАМОЗ

Дуруду салом ва дуодан кейин Абу Лубоба устуни олдига келиб, икки ракъат намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан истаклар сўралади. Ундан кейин риёзул жаннатда қанча хоҳласа ўшанча нафл намоз ўқиб, дуо қилади. Риёзул жаннат дуолар мақбул бўладиган жойдир. Мадинаи мунавварада истиқомат қилиб турган пайтда беш маҳал намозни жамоат билан Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)да ўқишга ҳаракат қилиш лозим. Шунингдек доимо тиловат, зикр, дуо ва нафл ибодатлар билан машғул бўлиш керак. У ерда бирор вақтни ҳам зоя кетказмаслик даркор. Кечаларини ҳам тоат-ибодатда ўтказиш керак.

РИЁЗУЛ ЖАННАТНИНГ ЕТТИ УСТУНИ

Масжиди Набавий(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қадимги бир бўлаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари билан Оиша розияллоҳу анҳо хўжралари ўртасида жойлашган бўлиб, уни Риёзул жаннат дейилади. Риёзул жаннатда еттита устун бўлиб, ҳар бир устунга тилла суви югиртирилган. Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)да еттита устун бошқа барча устундан фарқланиб туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналаридан бери ҳар бир етти устунга алоҳида ном ёзилган бўлиб, уларнинг тафсилоти қуйидагичадир:

Ҳаннона устуни: Ҳаннона устуни хурмо дарахтидан тайёрланган. Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг минбари ясалишидан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша устунга суяниб хутба ва ваъз-насиҳат қилар эдилар. Минбар битгандан кейин устунни тарк қилиб, минбарга чиқиб хутба қилганлар. Ушбу устун овоз чиқариб йиғлаганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларининг кўкси муборакларига босганларида йиғидан тўхтаган. Хурмо устуни ҳозир кўмилиб кетган. Лекин, ҳозирги кунда унинг ўрнига бир устун барпо қилинган;

Абу Лубоба (розияллоҳу анҳу) устуни: Абу Лубоба розияллоҳу анҳу қадри улуғ саҳобий бўлиб, Табук ғазоти куни ушбу саҳобий томонидан қандайдир хато содир бўлганида улар ўз-ўзларини Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни устунига боғлаганлар ва манашу устун Абу Лубоба (соллаллоҳу алайҳи васаллам) деб машҳур бўлган. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ечмагунларича биз уни ечмаймиз деб аҳд ичганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло томонидан менга ҳукм келмагунича уларни ечмайман” деб, айтганлар. Улар шу ҳолатда беш кун боғланиб турганлар. Ундан кейин Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилганлигини Ўзининг каломи Қуръони карим орқали эълон қилган. Шундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак қўллари билан уларни ечиб юборганлар. Уларнинг тавбаси ва тавбаларини қабул бўлганлиги ҳақида “Тавба” сурасида зикр қилинган. Шу сабабли у ерда икки ракъат намоз ўқиб, тавба ва истиғфор айтиб, дуо қилиш лозим;

Вуфуд (элчилар) устуни: Ушбу устун олдида ташқаридан келувчи қабила элчилари ўтиришиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларида исломни қабул қилиб, байъат қилганлар. Ушбу устун Оиша ва Фотима розияллоҳу анҳолар ҳўжралари деворига ёпишгандир;

Ҳуррас (қўриқчилар) устуни: Оиша розияллоҳу анҳо ҳўжралари деворига ёпишган устунга ҳуррас устуни дейилади. Ҳижрат аввалида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарвозалари қўриқланар эди. Қўриқчилар эса, ўша устун олдида ўтиришар эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзи ҳимоя қилишини эълон қилганидан кейин қўриқчилик қилишлик тугатилган;

Жибрийл алайҳиссалом устуни: Жибрийл алайҳиссалом Диҳятул Калбий суратида ваҳий олиб келганларида аксарият ҳолатда ўша устун олдига ўтирар эдилар ва ўша жойга мақоми Жибрийл алайҳиссалом ҳам дейилар эди. Ўша жойда қилинган дуолар мустажоб бўлади;

Сарийр устуни: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларида дам олишлари учун тўшак ёзиб қўйилган устунга сарийр устуни дейилади. Чунки, бу жой Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътикофгоҳлари бўлган. Шунинг учун бу ерда қилинган дуо мустажоб бўлади;

Оиша розияллоҳу анҳонинг устунлари: Бир бор Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг масжидимда шундай жой борки, у ерда ўқилган намозларни фазилати инсонларга маълум бўлса, навбат олиш учун қуръа ташлашга тўғри келиб қолади” деганлар. Шундан кейин саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар ўша жойни қидиришга тушганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Оиша розияллоҳу анҳо ўзларининг жиянлари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга ўша жойни айтганлар. У ерда тавба, истиғфор, дуо ва намоз билан машғул бўлиш лозим. Шунинг учун у ерни Оиша розияллоҳу анҳо устуни дейилади ва у ерда қилинган дуолар мустажоб бўлади. Демак, мазкур жойлардан бирор жойни дуосиз тарк қилмаслик даркор.

МАСЖИДИ НАБАВИЙ (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ)НИНГ ЭШИКЛАРИ

Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кириш учун бир неча эшиклар бўлиб, уларнинг қисқача тафсилоти қуйида баён қилинган. Шоҳ Фаҳд таъмиридан олдин Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)да ўнта эшик бор эди. Улар қуйидагилар:

1. Жибрийл алайҳиссалом эшиги;

2. Аёллар эшиги;

3. Абдулазиз эшиги;

4. Умар розияллоҳу анҳу эшиги;

5. Мажидий эшиги;

6. Усмон розияллоҳу анҳу эшиги;

7. Саъуд эшиги;

8. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эшиги;

9. Раҳмат эшиги;

10. Салом эшиги.

Жануб тарафда қибла жойлашган бўлиб, у томонда эшик йўқ.

МАШРИҚ ТОМОНДАГИ УЧ ДАРВОЗА

Машриқ томонда уч дарвоза бўлиб, уларга боби Жибрийл алайҳиссалом, боби Нисоъ ва боби Абдулазиз дейилади. Улардан аввалги иккитаси қадиймийдир. Боби Абдулазиз эса, Саудия ҳукумати томонидан қурилгандир. Муборак равзага яқин жойда жойлашган дарвоза боби Жибрий алайҳиссалом дарвозасидир. У дарвозадан киришда чап тарафда Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳўжраси жойлашган. Ўнг томонда эса, асҳоби суффанинг турар жойи бўлган. Чап тарафдаги Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳўжралари тугаган жойдан Риёзул жаннатнинг бир ҳиссаси бошланади. Жибрийл алайҳиссалом аксарият ҳолатда ўша тарвозадан ташриф буюрар эдилар. Ундан кейин боби Нисо, сўнг боби Абдулазиз келади.

ШИМОЛ ТОМОНДАГИ УЧ ДАРВОЗА

Шимол томондан Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га киришда уч дарвозага дуч келинади. Улар: боби Умар (розияллоҳу анҳу), боби Мажийдий ва боби Усмон (розияллоҳу анҳу) кабилар. Ўртада боби Мажийдий, чап томонда Умар (розияллоҳу анҳу), ўнг томонда Усмон (розияллоҳу анҳу)ни эшиклари мавжуд.

МАҒРИБ ТОМОНДАГИ ТЎРТ ДАРВОЗА

Мағриб томонда тўртта дарвоза жойлашган бўлиб, улардан шимолий мағриб томонда жойлашган биринчи эшик боби Саъуд, сўнг боби Абу Бакр (розияллоҳу анҳу), сўнг боби Раҳмат, сўнг боби Саломдир. Салом эшиги Жибрил (алайҳиссалом) дарвозаси рўбарасида жойлашган. Ушбу ўн дарвозалар ичидан Жибрил (алайҳиссалом) эшигидан кириш зиёда афзалдир.

Фойда: Мазкур дарвозалардан бирортаси жануб, яъни қибла томонда жойлашмаган. Туркия ҳукумати таъмирлагандан кейин Саъудия ҳукумати ўнг ва чап тарафга, яъни мағриб ва машриқ томонга икки дарвозани қўшган. Улардан бири Салом бобининг мағриб томонига, иккинчиси Жибрил (алайҳиссалом) бобининг машриқ томонига қурилган. У икки дарвоза ҳам жуда каттадир. Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг янги биноаси эскисига нисбатан бироз орқага силжитиб қурилган.

ЖАННАТИ БАҚИЙЪ

Бақийъ қабристони Мадинаи мунавварада жойлашган кенг қабристон бўлиб, у ерга минглаб саҳобий розияллоҳу анҳумлар, тобиин ва авлиёлар дафн этилган. Ушбу қабристон Масжиди Набавий (розияллоҳу анҳу)нинг қибла томонида жанубий машриқ томонда жойлашган. Дастлаб, Масжиди Набавий (розияллоҳу анҳу) билан Бақийъ қабристони орасида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган. Ушбу қабристонга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўққизта аёллари, яъни оналаримиз дафн этилганлар. Улар қуйидагилар:

1. Уммул мўминийн Оиша розияллоҳу анҳо;

2. Уммул мўминийн Ҳафса розияллоҳу анҳо;

3. Уммул мўминийн Савда розияллоҳу анҳо;

4. Уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо;

5. Уммул мўминийн Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо;

6. Уммул мўминийн Умму Салама розияллоҳу анҳо;

7. Уммул мўминийн Жувайрия розияллоҳу анҳо;

8. Уммул мўминийн Умми Ҳабиба розияллоҳу анҳо;

9. Уммул мўминийн София розияллоҳу анҳолардир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳароларидан Хадижаи Кубро розияллоҳу анҳо Маккаи мукаррамадаги Жаннатул муъалло қабристонига дафн этилганлар. Уммул мўминийн Маймуна розияллоҳу анҳонинг қабрлари Сирф деган жойдадир. Ушбу жой Масижиди ҳарамдан ўн олти километр узоқликда, Мадинаи мунаввара йўлида жойлашган. Ушбу масофани узунлиги Масжиди ҳарамдан Жаннати муалло йўли орқали Масжиди Оиша (розияллоҳу анҳо)гачадир.

Бақийъ қабристонида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотимаи Заҳро, Руқайя, Зайнаб, Умму Кулсум, Иброҳим розияллоҳу анҳумлар дафн эитлганлар. Набиралари Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳунинг қабрлари ҳам Бақийъда жойлашган. Зайнул Обидийн розияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари ҳам шу ерда жойлашган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Қосим ва Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуларнинг қабрлари Жаннатил муъаллодадир. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари София бинти Абдулмуттолиб, Отика бинти Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳолар ва амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ва сут оналари Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қабрлари Бақийъда жойлашган. Шунингдек, Усмон зин нурайн, Абу Саъийд Худрий, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Асад ибн Зурора, Усмон ибн Мазъун, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлар, Али розияллоҳу анҳунинг оналари Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳонинг қабрлари ҳам Бақийдадир. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг қабрлари ҳам айни шу жойдадир. Ушбу қабристондаги энг кўркам мақбара Усмон розияллоҳу анҳунинг қабрларидир. Усмон розияллоҳу анҳунинг қабрлари Бақийъ дарвозасидан кирилгандан кейин икки юз қадам узоқликда жойлашган. У ердан юз қадам узоқликда, яъни девор олдида Абу Саъид Худрий, Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳуларни қабрлари жойлашган.

ЖАННАТИ БАҚИЙЪНИНГ ФАЗИЛАТИ

Бақийъ қабристони дунёдаги барча қабристонлардан мақоми улуғ ҳисобланади.

عَنْ عبد الله ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ اسْتَطَاعَ أَنْ يَمُوتَ بِالْمَدِينَةِ فَلْيَمُتْ بِهَا فَإِنِّي أَشْفَعُ لِمَنْ يَمُوتُ بِهَا.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Кимки Мадинада вафот эта олса, унда вафот этсин. Чунки, унда вафот этган кишини шафоат қиламан” дедилар” (Термизий ривояти).

Баъзи китобларда Бақийъ қабристонига дафн этилганлар доимо қабр азобидан эминда бўладилар, деб ёзилган.

ЖАННАТИ БАҚИЙЪНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

Ҳожи ва умра қилувчилар сафарлари давомида Мадинаи мунавварани зиёрат қилиш бахтига муяссар бўладилар. Зиёрат асносида албатта Бақийъ қабристонини ҳам зиёрат қилиш учун вақт ажратишга ҳаракат қилиш лозим. Бундай имкониятни қўлдан бой бермаслик лозим. Агар имкони бўлса, ҳар куни ёки бир ҳафтада бир марта зиёрат қилиш лозим. Жумъа кунида зиёрат қилиш эса, жуда яхшидир.

БАҚИЙЪ АҲЛИГА САЛОМ АЙТИШ

Бақийъ қабристони ҳар доим ҳам очиқ бўлмайди. Жаноза вақтида эса очиқ бўлади. Одатда аср намозидан кейин жаноза билан у ерга кириш осон бўлади. Шунинг учун у ерга кириш вақтини интизорлик билан кутиб туриш лозим. У ерга кириб, Бақийъ аҳлига қуйидаги лафзлар билан салом берилади:

السَّلامُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ وَانَّا إن شاء اللَّهُ بِكُمْ لاحِقُونَ.

Ассалааму алайкум доро қовмим муъминийн ва иннаа ин шаа Аллоҳу бикум лааҳиқуун” (Абу Довуд ривояти).

Маъноси: Эй, мўминлар қавминининг ховлиси сизларга салом бўлсин. Ин шаа Аллоҳ бизлар ҳам сизларга қўшилгувчимиз.

اللهم اغفر لاهل البقيع الغرقد اللهم اغفر لنا ولهم.

Аллоҳумма иғфир ли аҳлил Бақийъил ғарқоди. Аллоҳумма иғфир ланаа ва лаҳум”.

Маъноси: Эй, Аллоҳим! Бақийъ аҳлини мағфират қилгин. Эй, Аллоҳим бизларнию уларни мағфират қилгин.

Умумий салом бергандан кейин қайси улуғларга алоҳида аломат қўйилган бўлса, уларга алоҳида салом айтилади.

УСМОН ЗИННУРАЙН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА САЛОМ АЙТИШ

Бақийъ қабристонида Усмон розияллоҳу анҳунинг қабрлари алоҳида ажралиб туради. Ушбу қабр олдига келиб, қуйидаги лафзлар билан салом берилади:

السلام عليك يا امام المسلمين السلام عليك يا ثالث الخلفاء الراشدين السلام عليك يا ذا النورين السلام عليك يا مجهز جيش العسرة بالنقد والعين السلام عليك يا صاحب الهجرتين السلام عليك يا جامع القران بين الدفتين السلام عليك يا صبور على الاكدار السلام عليك يا شهيد الدار السلام عليك ورحمة الله وبركاته.

Ассаламу алайка я имамал муслимийн, ассаламул алайка я солисал хулафаар рошидийн, ассаламу алайка я зан нурайни, ассаламу алайка я мужаҳиза жайшал усрати бин нақди вал айни, ассаламу алайка я соҳибал ҳижратайн, ассаламу алайка я жомиал Қуръон байна даффатайни, ассаламу алайка я собуру алал акдаар, ассаламу алайка я шаҳийдад даар, ассаламу алайка ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ” (Ғуния жадийд).

Маъноси: Эй, мусулмонлар имоми, эй хулафои рошидинларнинг учинчиси, эй икки нур соҳиби, эй, Табук ғазоти аскарларини таъминотчиси, эй икки ҳижрат соҳиби, эй Қуръонни китоб шаклида жамлаган, эй, машаққатларга сабр қилган, эй ховлисида шаҳид бўлган зот сизга саломлар ва Аллоҳнинг раҳмати ҳамда баракоти бўлсин.

БАҚИЙЪ АҲЛИГА САВОБ ЙЎЛЛАШ

Усмон розияллоҳу анҳуга салом айтиб бўлгач, “Фотиҳа”, “Бақара” сурасининг аввалидан “муфлиҳун”гача, “Оятал курсий”, “Аманар расул”, “Яасин”, “Мулк”, “Қадр”, “Такаасур”, “Қурайш” ва “Ихлос” сурасини уч мартадан ўн бир мартагача қанчасига қодир бўлса, ўшанча ўқиб, Бақийъ аҳлига ва барча мўмину мўминотларга савобини бағишлайди. Агар юқоридаги сураларни ўқишга қодир бўлмаса, ўзи билган суралардан ўқиб, савобини бағишлайди.

ҲАМЗА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ ВА УҲУД ШАҲИДЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

Масжиди Набавий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан беш ёки олти километр узоқликда машҳур Уҳуд тоғи жойлашган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тоғ ҳақида такрор-такрор шундай деганлар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ: أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم طَلَعَ لَهُ أُحُدٌ فَقَالَ :« هَذَا جَبَلٌ يُحِبُّنَا وَنُحِبُّهُ...». رَوَاهُ الْبُخَارِى.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудга назарлари тушганида:

“Ушбу тоғ бизни яхши кўради ва биз уни ҳам яхши кўрамиз...” (Бухорий ривояти).

Ушбу тоғда ҳижрий иккинчи йили машҳур воқеа, яъни Уҳуд жанги бўлиб ўтган. Жангда етмишта саҳобий шаҳид бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки тишлари ҳам шу жангда синиб тушган. Таналарининг бир неча жойларига камон ўқлари сайилган. Тоғ этагида бир қоя бўлиб, ўша қоядан Талҳа розияллоҳу анҳунинг елкаларига муборак оёқларини қўйиб юқорига чиқиб, саҳобалар ва кофирларни ҳолатини кузатиб турганлар. Ҳозирда ҳам ушбу қоя мавжуд.

Уҳуд тоғи этагида теккис жой бўлиб, у ерда Ҳамза розияллоҳу анҳу ва қолган Уҳуд шаҳидларини қабрлари жойлашган. Ушбу жойни тўрт томондан девор билан ўраб қўйилган. Лекин, паст девор устидан қабрлар кўзга ташланиб туради.

Мадинаи мунавварада турган пайтда Уҳуд шаҳидлари зиёратига ҳам бориб келиш лозим. Чунки, бу улкан ажру савобга сабаб бўлади.

УҲУД ТОҒИ ДАРАХТИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачон Уҳуд тоғига борсаларинг, унинг дарахтидан озгина енглар” деганлар”. Шу боис Уҳуд тоғидаги дарахт ёки шунга ўхшаш ўсимликлардан бироз ейиш мустаҳабдир.

МАСЖИДИ НАБАВИЙ (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ)ДА ЎҚИЛГАН ҚИРИҚ НАМОЗ

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намозлардан эллик минг даража савоби улуғ бўлиши қуйидаги ҳадиси шарифда баён этилган:

عن أنس بن مالك رَضِيَ اللَّهُ عَنْه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :صَلاَةُ الرَّجُلِ فِي بَيْتِهِ بِصَلاَةٍ وَصَلاَتُهُ فِي مَسْجِدِ الْقَبَائِلِ بِخَمْس وَعِشْرِينَ صَلاَةً وَصَلاَتُهُ فِي المَسْجِدِ الَّذِي يُجَمِّعُ فِيهِ بِخَمْسِمَائَةِ صَلاَةٍ وَصَلاتُهُ فِي المَسْجِدِ الأَقْصَى بِخَمْسِينَ ألْفَ صَلاَةٍ وَصَلاَتُهُ فِي مَسْجِدِي هَذَا بِخَمْسِينَ ألْفَ صَلاَةٍ وَصَلاَتُهُ فِي المَسْجِدِ الحَرَامِ بِمائَةِ أَلْفِ صَلاَةٍ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Кишини уйидаги намози бир намозга баробардир. Қабила масжидидаги намози йигирма беш намозга баробардир ва жомеъ масжидидаги бир намози беш юз намозга тенгдир. Масжидул ақсодаги бир намози эллик минг намозга тенгдир. Мени масжидимдаги бир намози эллик минг намозга баробардир. Масжидул ҳаромдаги бир намози юз минг намозга тенгдир” дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида узулуксиз қириқ маҳал намоз ўқиш улкан ажру савобларга сабаб бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، أَنَّهُ قَالَ: مَنْ صَلَّى فِي مَسْجِدِي أَرْبَعِينَ صَلاَةً، لاَ يَفُوتُهُ صَلاَةٌ، كُتِبَتْ لَهُ بَرَاءَةٌ مِنَ النَّارِ، وَنَجَاةٌ مِنَ الْعَذَابِ، وَبَرِئَ مِنَ النِّفَاقِ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким мени масжидимда қириқ (маҳал) намоз ўқиб, бирор намозни қолдирмаса, унга дўзахдан сақланиш, азобдан нажот ва нифоқдан эминлик ёзилинади” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

ҚУБО МАСЖИДИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ВА У ЕРДА НАМОЗ ЎҚИШ

Масжиди Қубони қурилишида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари иштирок этганлар ва муборак қўллари билан тошини қўйганар. Ҳижратдан кейин илк қурилган масжид Қубо масжиди ҳисобланади. Ушбу масжид борасида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

لَمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى

Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжид” (Тавба 108 оят).

Ҳозирги кунда Қубо масжиди йўл бўйидаги кенг майдонда жойлашган. қилинган. Масжиди Набавийдан уч ёки тўрт километр узоқликда жойлашган.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْتِي مَسْجِدَ قُبَاءٍ كُلَّ سَبْتٍ مَاشِيًا وَرَاكِبًا.

Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар шанба Қубо масжидига гоҳида уловда, гоҳида пиёда келиб турар эдилар” (Бухорий ривояти).

عَنْ سَهْلِ بْنِ حنِيفٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم : مَنْ تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ وُضُوءَهُ، ثُمَّ جَاءَ مَسْجِدَ قُبَاءَ، فَرَكَعَ فِيهِ أَرْبَعَ رَكَعَاتٍ كَانَ ذَلِكَ عَدْلُ عُمْرَةٍ.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким яхшилаб таҳорат олиб, сўнг Қубо масжидига келса ва унда тўрт ракъат намоз ўқиса, шу у учун умранинг баробари бўлади” дедилар” (Муъжами кабийр).

Зиёрат асносида имкони бўлса, ҳар ҳафта у ерга бориб намоз ўқиб туришга ҳаракат қилиш керак. Қубода Арийс қудуғи ҳам жойлашган бўлиб, ушбу қудуққа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари Усмон розияллоҳу анҳунинг қўлларидан тушиб кетиб, ҳозиргача топилмаган.

ИККИ ҚИБЛА МАСЖИДИ ВА ОЛТИТА МАСЖИД

Қиблатайн масжиди ва олти масжид ҳақида атамалар изоҳида танишиб чиқдик.

ЖУМЪА МАСЖИДИ

Масжиди Набавийдан Қубо томонга кетишда йўлда машриқ томонда Зонуно водийсида Набий соллаллоҳу алайҳи васааллам замоналарида бани Солим қабиласи истиқомат қилган. Ўша вақтда ушбу қабила учун Жумъа масжиди барпо қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам илк бор жумъа намозини ушбу масжидда ўқиганлар. Шунинг учун ҳам Жумъа масжиди деб аталади. Ушбу ерда қилинган дуолар мустажоб бўлади. Шу боис у ерда икки ракъат намоз ўқиб Аллоҳ таолодан муродларни сўраш лозим.

ИЖОБА МАСЖИДИ

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ намоз ўқиб, учта нарсани сўраб дуо қилган жойлари ушбу жой бўлади.

وَعَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ , قَالَ : صَلَّى رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم صَلاَةً ، فَأَطَالَ فِيهَا قِيَامَهَا وَرُكُوعَهَا وَسُجُودَهَا ، فَلَمَّا قَضَى الصَّلاَةَ ، قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللهِ ، لَقَدْ صَلَّيْتَ صَلاَةً أَطَلْتَ قِيَامَهَا وَرُكُوعَهَا وَسُجُودَهَا ، قَالَ : إِنَّهَا صَلاَةُ رَغْبَةٍ وَرَهْبَةٍ ، وَإِنِّي سَأَلْتُ رَبِّي ثَلاَثًا ، فَأَعْطَانِي اثْنَتَيْنِ وَزَوَى عَنِّي وَاحِدَةً ، سَأَلْتُهُ : أَنْ لاَ يُسَلِّطَ عَلَيْهِمْ سَنَةً فَيُهْلِكَهُمْ مَجَاعَةً ، فَأَعْطَانِيهَا ، وَسَأَلْتُهُ : أَنْ لاَ يُسَلِّطَ عَلَيْهِمْ عَدُوًّا مِنْ غَيْرِهِمْ فَأَعْطَانِيهَا ، وَسَأَلْتُهُ : أَنْ لاَ يَجْعَلَ بَأْسَهُمْ بَيْنَهُمْ فَمَنَعَنِيهَا.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқидилар ва намозларида унинг қиёми, рукуси ва саждасини узун қилдилар. Намозларини тугатгач: “Мен:

“Эй, Аллоҳнинг расули! Қиёми, рукуси ва саждаси узун намоз ўқидингиз-а?” дедим. У зот:

“Бу рағбат, умид ва қўрқинч енамозидир. Мен роббимдан уч нарсани сўрадими. У зот менга иккисини бериб, бирини мендан ман қилди. Мен Аллоҳ таолодан умматимга қаҳатчилик етказиб, уларни оч ҳолларида ҳалок қилмаслигини сўрадим. Сўраганимни берди. Уларни устидан ўзга душманларни султон қилмаслигини сўрадим. Сўраганимни берди. Уларнинг зарари ўз ораларидан бўлмаслигини сўрадим. Буни Аллоҳ мендан ман қилди” дедилар” (Итҳофул хияра).

Ҳозирга келиб, ўша жой ўрнига бир масжид барпо қилинган. Унга “Масжиди ижоба” дейилади. Ушбу масжид Бақийъ қабристонининг шимол томонидан блиб, Самон боғи олдида жойлашган. У ерга келиб, икки ракъат намоз ўқиб дуо қилиш мустаҳабдир.

УБАЙ ИБН КАЪБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ МАСЖИДИ

Жаннатул Бақийъга туташган ҳолатда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг уйлари бўлган. Кўпинча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерга ташриф бюриб намоз ўқиб дуо қилар эдилар. Айни ўша жойга Масжиди Убай ибн Каъб номли масжид барпо қилинган. У ерда қилинган дуолар ҳам мақбул бўлади. Ҳозирга келиб, ушбу масжид Бақийънинг ичига кириб кетган.

МАДИНАИ МУНАВВАРАДАН ҚАЙТИШ ОДОБИ

Мадинаи мунавварадан қайтишни ирода қилган пайтда Риёзул жаннат ёки Масжиди Набавийнинг бирор жойида икки ракъат нафл намоз ўқиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга солавоту саломлар айтиб, аввалгидагидек дуруду салом айтиб, икки қўлини кўтариб: “Сафаримни осон қилгин. Мени саломат, тинч ҳолатда аҳли аёлимга етиб боришимини таминлагин. Икки дунё офатларидан асрагин. Ҳажимни ва зиёратимни мақбул қилгин. Қайта-қайта Мадинаи мунавварага ҳозир бўлишимни насиб қилгин. Ушбу сафаримни охирги сафар қилиб қўймагин” деб дуо қилади. Агар қуйидаги мавзу остида келган дуони ёдалаган бўлса, дуо қилиш асносида уни ўқийди.

МАДИНАИ МУНАВВАРАДАН ҚАЙТИШДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Агар қуйидаги дуони ёдлаган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам равзалари олдига келган пайтда уни ўқийди:

اللهم لا تجعل هذا آخر العهد بنبيك ومسجده وحرمه ويسر لي العود اليه والعكوف لديه وارزقني العفو والعافية في الدنيا والاخرة وردنا الى اهلنا سالمين غانمين آمنين برحمتك يا ارحم الراحمين.

Аллоҳумма лаа тажъал ҳаза аахирал аҳди бинабиййика ва масжиди ва ҳарамиҳи ва яссирли ал-авда илайҳи ва укуфа ладайҳи варзуқний ал афва вал офията фид дуня вал аахиро ва руддана ила аҳлина солимийна, ғонимийна, оминийна бираҳматика я арҳамар роҳимийн” (Ғуния жадийд).

Маъноси: Эй, Аллоҳим Набиййинг ва масжиди ва ҳарамининг зиёратига бўлган бу сафарларимни охиргсии қилмагин. Бу ерга қайтиб келишлигим, у зотнинг ҳузурида туришлигимни менга осон қилгин. Эй, Меҳрибонлар меҳрибони дунё ва охиратда афвингни ва офиятни сўрайман ҳамда ўз аҳлимизга саломат, ажри савобга эга бўлган ҳолда қайтаришлигингни сўраймиз.

Шундан кейин ниҳоятда ҳасрат ва надомат ила Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам диёридан қайтади.

МАДИНАИ МУНАВВАРА ХУРМОЛАРИДАН ЎЗ ВАТАНИГА ОЛИБ КЕТИШ

Мадинаи мунавварадан қайтишда Мадина хурмоларидан ўзи билан олишга эътибор бериш керак. Ҳадиси шарифларда Мадинаи мунавваранинг хурмолари жуда фазилатга эга эканлиги баён этилган.

عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِى وَقَّاصٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« مَنْ أَكَلَ سَبْعَ تَمَرَاتٍ مِمَّا بَيْنَ لاَبَتَيْهَا حِينَ يُصْبِحُ لَمْ يَضُرَّهُ سُمٌّ حَتَّى يُمْسِىَ ».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким тонгда Лобатайҳ (Уҳуд ва Айр тоғлари) орасидаги жойдан еттита хурмо еса, то кеч киргунича заҳар унга таъсир қилмайди” деганлар” (Имом Муслим ривояти).

Шу боис ҳожилар ўз ватанларига қайтиб кетаётганларида ўзлари билан Мадина хурмоларидан олиб, зиёратчиларни у билан силаса, хайру баракага сабаб бўалди. Буларнинг барчаси улуғларимиздан собит бўлган.

ЎЗ ВАТАНИГА ЯҚИН ҚОЛГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО

Ҳожи ёки умра қилувчи ватанига яқин қолганда ушбу дуони ўқийди:

بسم الله آيِبُونَ تَائِبُونَ عَابِدُونَ لِرَبِّنَا حَامِدُونَ صَدَقَ اللَّهُ وَعْدَهُ وَنَصَرَ عَبْدَهُ وَهَزَمَ الأَحْزَابَ وَحْدَهُ.

Бисмиллаҳ ааибуна, тааибуна, обидуна лироббинаа ҳамидуна, содақаллоҳу ваъдаҳу ва насора аҳдаҳу ва ҳазамал аҳзааба ваҳдаҳу” (Имом муслим ривояти).

Маъноси: Аллоҳ номи ила сафардан қайтмоқдамиз. Бизлар қайтгувчилармиз, тавба қилгувчилармиз, ибодат қилгувчилармиз, Роббимизга ҳамд айтгувчилармиз. Аллоҳ Ўз ваъдасини рўёбга чиқарди, бандасига нусрат берди. Кофирларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди.

ҲОЖИНИ КУТИБ ОЛИШ

Ҳожилар ватанларига қайтиб келганларидан кейин зиёратчилар улар билан салом алик қилиб, қўл бериб кўришиб, улардан ўзларини ҳақларига дуо оладилар. Чунки, ҳожиларни қилган дуолари мақбулдир.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِلْحَاجِّ وَلِمَنِ اسْتَغْفَرَ لَهُ الْحَاجُّ ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Эй, Аллоҳим! Ҳаж қилгувчини ва ҳаж қилгувчи ҳаққига истиғфор айтганни ҳам мағфират қилгин” дедилар” (Байҳақий ривояти).

Ҳожиларни сафарга жўнатаётган пайтда издиҳом уюштириш ёки қандайдир базм уюштириш қайтарилган ишлардандир.

ҲОЖИЛАРНИНГ ЧАҚИРИҒИ

Ҳожилар сафарга кетишларидан олдин ёки сафардан қайтганларидан кейин бирор издиҳом ташкиллаштиришлари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар ҳамда тобиин, мужтаҳид имомлардан собит бўлмаган ишлардандир. Ҳаж улкан ибодат бўлгани боис уни турли риё ишлардан сақлаш лозим. Ҳожиларни издиҳом уюштиришлари эса, риёкорлик ва ҳажларни бекор бўлиб қолишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун бундай издиҳомларни тарк қилиш лозим. Чунки, дунё орзу ҳаваслари деб, улкан ибодатни йўққа чиқармаслик керак.

الله اكبر كبيرا والحمد لله كثيرا وسبحان الله بكرة واصيلا اللهم تقبل منا انك انت السميع العليم وتب علينا انك انت التواب الرحيم اللهم وفقنا لاداء المناسك كما تحب وترضى وارزقنا العود بعد العود مرة بعد مرة في كل سنة وصلى الله تعالى على خير البرية سيدنا ومولانا محمد وآله وسلم تسليما كثيرا كثيرا.

 
« Олдинги   Кейинги »