Танловга: islom.uz портали учун тўйнома Принтер учун
19.09.2013 й.
islom.uz порталининг ўн йиллик тўйи муносабати ила унга ихлос қилган жами ўқувчилар ва портал сайтларидан фойдаланувчилар тўйнома битишни мақсад қилган эдим. Шу муносабат ила қуйидаги дил изҳорлари ва портал ишларини қисқа тарзда бир назардан ўтказишга ҳаракат қилиб кўрдим. Зотан, islom.uz портали ўн йиллик тўйига етиб келиши осон бўлмади, у бу қисқа давр ичида буюк ишларни қилиб улгурди.
Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, 22-йиллик истиқлол даврида юртимизда Ислом динининг шукуҳи ва аҳамияти ортиб борди. Элимиз яна ўзининг диний соҳалардаги VIII-XV асрлардаги каби энг буюк ва энг илғор даврлари ўзанига тушиб бормоқда. Бунга 2007 йили Ислом конференцияси ташкилотининг тузилмаларидан бири бўлган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳрининг "Ислом маданияти пойтахти" деб эълон қилинишини далил келтиришимиз мумкин. (ISESCOнинг қарорини ҳам Ўзбекистонга Ислом.Уз сайти олиб кирган ҳамда ушбу ташкилот қарорига жавобан бир қатор маърифий тадбирларни амалга оширди)
Истиқлолнинг илк йиллариданоқ диний эркинлик инсонлар онгида динга бўлган муносабат ижобий тарафга ўзгара бошлади, одамлар ёппасига динни ўрганишга, шаръий ибодатларни қилиш ва қилишни ўрганишга астойдил киришдилар. Бунга диний адабиётларнинг пешма-пеш чоп қилиниб туриши, араб, форс ва туркий тиллардаги исломий манбаларнинг таржималарининг эълон қилиб борилиши, мамлакат миқёсида янгидан-янги масжидларнинг очилиши, матбуот ва телевиденияда диний мавзуларга алоҳида ўрин ажратиб борилиши, халқимизнинг диний ибодат ва маросимларини эркинлик билан жамоавий тарзда адо қилишлари каби омиллар ҳам сабабчи бўлди. Мамлакатимиз ҳали мустақиллигини эълон қилиб улгурмасданоқ Қуръони каримни ўзбек тилида маъно-таржима қилишга, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларини таржима қилишга киришилганининг ўзиёқ, ўзбек халқининг ҳали ҳам буюк-буюк ишларни амалга оширишга қодирлигини намоён қилди, дейиш мумкин. Шу тарзда Қуръон 5 марта таржима ва тафсир қилинди, Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг Қуръондан кейинги иккинчи исломий манба бўлмиш асарлари тўла равишда таржима қилинди, бошқа муҳаддисларнинг асарлари, фақиҳларнинг фиқҳий манбалари, тасаввуф намоёндаларининг битиклари ўзбек китобхонлари қўлига етиб борди.
Компьютердек мосламалар илм олиш, илм ўрганиш, сонсиз-саноқсиз маълумотларга, ҳисобсиз электрон китобларга эга бўлиш каби буюк неъматларни қўлга киритишга сабабчи бўлганини ҳеч ким инкор қилмайди. Мана шу мослама орқали янада улуғроқ, буюкроқ неъмат – интернет деган тармоқ юзага келди. Мусулмонлар ҳам бу буюк неъматдан унумли фойдалана бошладилар. Бундан ўзбек халқи ҳам бенасиб қолмади.
Интернет тармоғи "оммавий маданият"нинг бузуқ оқимининг кучайиши, фаҳш ва ифлосликларнинг тарғиботи учун ҳам катта имконият ҳисобланади. "Оммавий маданият" ва фаҳшдан миллатни, айниқса, ёш авлодни сақлаш ҳам ўта долзарб муаммолардан ҳисобланади. Юртимизга интернетнинг кириб келиши билан мана шу долзарб муаммони ҳал қилиш мавзуси ўртага чиқди. Интернетда UZ домени очилиши билан интернет тармоғига қизиқиш айниқса кучайди. Компьютери бор хонадонлар ва  одамларнинг кўпайиши, хусусан, компьютерга эгалик ва ундан фойдалана билиш маданият белгиси бўлиб бориши натижасида интернетга кирувчиларнинг ортиб бориши кузатилди.
Интернетда исломдан гапирувчилар, диний мавзуларда мақолалар эълон қилишлар кўпайиб борди. Бундай исломдан бонг урувчилар, диний мақолалар эълон қилувчиларнинг кимлигини билиш, айтаётганлари ҳақиқатлигини аниқлаш ҳам ўта муҳим эди. Чунки, улар орасида ҳар хил диний экстремистик оқимларга мансублар, ўта мутаассиб "олим"лар, жиҳод, ҳижрат, куфр ва такфир каби нозик масалаларни ўртага солиб, ҳамманинг бошини қотирувчилар ҳам бор. Рус ва бошқа тилларда диний маълумотларни тарғиб қилувчи сайтлар аллақочон иш бошлаб юборган эдилар. Хорижда ўтириб, ўзбек тилида ҳам ўзларича дин ўргатувчи гуруҳлар пайдо бўла бошлаган эди. Мустақилликнинг илк йилларидан то 2003 йилгача интернетда ўзимизга хос ва мос, аҳли суннат ва жамоа ақидасига асосланган, ҳанафий мазҳаби бўйича фатво берадиган, соф исломни тарғиб қиладиган сайт йўқ эди. Ана шу шароитда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳафизаҳуллоҳ ҳазратлари ташаббуслари билан интернет оламида ўзбек тилидаги исломий сайт юзага чиқди. 2003 йили islom.uz сайти расман иш бошлади.
islom.uz сайти ишга тушурилиши маънавият оламида, исломий дунёда, жонажон ватанимизда жуда катта ҳодиса бўлди!
Сайт ишларини амалга оширишда компьютерни яхши биладиган, интернет оламида анчадан бери кезиб юрган, халқаро ҳуқуқ бўйича мутахассис Абу Муслим катта ёрдамчи бўлди. Айтиш керакки, бу йиллар ичида Абу Муслим islom.uz нинг юрагига айланди.
Исломий сайтларга бўлган талаб кун-кундан ошиб боргани сайин янгидан-янги сайтларнинг ишга тушишига замин ҳозирланди. Орадан етти-саккиз йил ўтар-ўтмас эса  islom.uz сайти ўзида ўндан ортиқ сайтларни бирлаштирган катта порталга айланди. Ҳозирги кунда портал ишларининг тўғри йўлга қўйилиши, ривожланиши учун 20 нафардан ортиқ мутахассис ходимлар холис фаолият олиб борадилар.
islom.uz да аввалига асосан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мақолалари кўпроқ ўрин олган эди. Ул зотнинг асарларидан парчалар, лавҳалар бир неча юзлаб мақолаларга асос бўлиб хизмат қилди. Одамлардан келаётган саволлар, халқ орасида муҳим ҳисобланган мавзуларнинг кўтарилиши, оғзаки савол-жавоблар ўта муҳим алоҳида-алоҳида мақолалар ёзилишига сабаб бўлди. Порталда сайтлар сони кўпайган сари мақола ёзувчилар ҳам кўпайиб борди. Исломий саволларга жавоб берадиган сайтда ул зотнинг фатволари билан бирга Ҳасанхон ва Ҳусайнхон қорилар, Абдулазим Зиёуддин, Одинахон Муҳаммад Содиқ кабиларнинг ҳам жавоб ва фатволар бериши йўлга қўйилди. Шу тариқа портал ва сайтлар биргина шахс ёки ташкилотнинг эмас, балки бутун халқнинг ва илм аҳлларининг портали ва сайтларига айланди. Мақола ёзувчиларнинг кўпайгани, турли мавзудаги мақолалар сони ортгани сабабли 2012 йилга келиб энг кўп мақола ёзувчи фаолларнинг алоҳида блоглари ҳам очилди.
Бугунги кунда исломга бўлган қизиқиш, ўқувчилар сонининг ортиши натижасида 20 дан ортиқ ўзбек тилидаги исломий сайтлар фаолият олиб бормоқда. Айниқса, уларнинг сони 2012-2013 йилларга келиб кескин ошди. Islom.uz портали ва унинг сайтлари эса интернет оламида ўзининг муҳим ўрнига эга.
Islom.uz порталидан жой олган барча сайтларнинг кўринишлари, мақолалар ва бўлимларнинг жойлаштирилиши ўзига хос. Ранглар ҳассослик билан танланган, ҳар бир ранг, кўриниш ўз ўрнига эга ва мос тушган. Сайтларнинг кўринишли бўлгани, шахсий компьютерларда тезда ва қулай очилиши фойдаланувчиларнинг унга кўпроқ интилишларини таъминлаб келади. Хуллас, сайтларнинг дизайнига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
islom.uz порталининг тезкорлиги, тез-тез сайтлардаги маълумотлар янгиланиб турилиши, айниқса, энг ўқимишли сайтлар  islom.uz, info.islom.uz, oilam.uz, e-tarix.uz, quran.uz, muslimaat.uz, siyrat.uz, fiqh.uz сайтларидаги маълумотлар ҳафта давомида ўзгармасдан қолиб кетмаслиги, айримларида ҳар уч-тўрт кунда янги маълумотлар қўшиб борилиши ҳақиқатдан ҳам Islom.uz портали жуда улкан маълумотлар базасига айланиб улгурганидан дарак беради.   
islom.uz порталининг олдига қўйган шиор ва ғоясининг ўзидаёқ буюк ишларни мақсад қилинган эди. У "Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш"ни асосий шиор қилиб олинган бўлса, ислом дини асосларини кенг оммага тарғиб қилиш, Аллоҳнинг ризолигига элтувчи солиҳ амалларга чақириш ва бузғунчи, ношаръий амаллардан қайтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Порталдаги жами сайтлари инсонларни ҳидоятга чорлаш, иймонлашиш, мулоқот қилиш, ҳар хил фитналардан огоҳ бўлиш, эътиқодимизни мустаҳкамлаш ва динда мўътадил йўл тутиш тамойилларига асосланган. Айтиш керакки, мазкур шиор islom.uz порталининг барча сайтларидан қизил чизиқ бўлиб ўтади ва портал сайтларининг асосий йўналишини белгилаб беради.

islom.uz сайти
islom.uz сайти ишга тушурилганидан бери ўтган 10 йилда жуда катта ишларни амалга оширди.
Сайтда исломнинг учта қирраси асосий йўналиш қилиб олинди. Бу ақида, фиқҳ ва ботин поклиги. Ботин поклиги учун сайт ходимлари "тазкия" атамасини ишлатдилар. Унда қалб поклиги, инсоннинг виждонли шахс бўлиш, пок тасаввуфий ҳаёт эгаси бўлиш каби масалалар кўриб чиқилади. Мазкур учта йўналиш машҳур "Жаброил ҳадиси" номини олган ҳадиси шариф мазмунидан олинган. Унда айтилишича, Жаброил фаришта (а.с.) келиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бир неча савол сўраган ва жавобларни ўзи тасдиқлаб кетган эди. Бу саволлар юқоридаги учта йўналишга оид бўлган. Имон шартлари, ислом бинолари ва ақида борасида. Шунингдек, амалларни ихлос билан адо қилиш, яъни сайт атамасига кўра тазкия ҳақида. Бугунга келиб бу учта йўналишнинг ҳар бирида ўқувчилар юзлаб мақолаларни ўқишлари мумкин.
Ақидавий масалалар ёритилар экан, сайтда одатда одамлар кўпроқ мурожаат қиладиган, кўпроқ тортишувларга сабабчи бўладиган, адашиш ва тойинишлар кўпоқ учрайдиган масалаларга катта эътибор бериб келинади. Бу соф исломий ақида, аҳли сунна ва жамоанинг эътироф қилган мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотлари асосийда ҳал қилишга ҳаракат қилинади. Одамларни кофирга чиқариш ҳукми, такфир ҳукми, ҳар хил бидъатларни бартараф қилиш, "Ё Расулуллоҳ!" дейиш ҳукми, шумланиш ва кўз тегиши, Аллоҳнинг сифатлари, унинг тараф ва макондан беҳожат экани борасидаги мақолалар долзарб мавзулар сифатида битилган, дейиш мумкин.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намозларининг кайфиятига бағишланган мақолалар тизими ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради. Зотан, бугунги кунда бу мавзуга бағишланган бир неча асарлар мавжуд, уларнинг аксарияти бошқа мазҳабларга мувофиқ ёки умуман бемазҳаблик асосида ёзилганки, уларга амал қилиш фитна ва ихтилофлар келиб чиқишига сабабчи бўлган бўларди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг намозларининг кайфиятини ҳанафий мазҳабига оид ҳадис ва ривоятлар ҳамда далиллар билан ёритиб беришнинг аҳамияти катта. Умуман, ибодатга бағишланган ҳар бир мақола ҳанафийлик мазҳабига асосланиб ёритилади ва эълон қилинади.
Мазкур мақолалар билан танишар экансиз, исломнинг буюк таълимотлари соф ислом ақидасига асосланган, кучли далилларга эга ҳанафий мазҳабига мувофиқ қилинган керакли маълумотлар эканига амин бўласиз. Аслида, бу хилдаги энг кучли ва энг керакли маълумотларни йиғиб, энг ўқимишли мақолаларни тўплаб, "islom.uz кутубхонаси" рукнида рисола ва брашюра шаклида нашр қилиб борилса, арзийди. Бу сайтда қўйилган мақолаларни нечта одам ўқиганлигини оммага кўрсатиб борилса ҳам ўқувчилар сонининг ортишига, қайси мавзулар одамларни кўпроқ қизиқтираётганини билиб боришга сабаб бўлур эди.    
Ислом дини фақат юқорида зикр қилинган учта йўналишдан иборат эмас, балки ислом ҳаётнинг барча жиҳатларини ўзида мужассам қилган ўлмас таълимотлар мажмуйидир. Ижтимоий ҳаётнинг барча қирраларидаги муаммоларни исломгина ҳал қилиб беришга қодир. Шунинг учун сайт ходимлари жамият ва ижтимоий ҳаётдаги ҳодиса ва воқеаларга, муаммо ва муваффақиятларга исломнинг фикрини бериб боришни ҳам мақсад қилиб олганлар. Бу "исломий оила", "болалар дунёси", "кучли мўъмин", "шахсият" ва "муомалот" бўлимларидан ташкил топган жамият устунидир.
Ислом динининг ўлмас таълимотларини тарғиб қилиш, соф ислом ақидаларини оммалаштириш, анъанавий фиқҳий масалаларни йўлга қўйиш, илм олиш ва ўргатиш мақсадида дарслар ва кутубхона бўлимлари ташкил қилинди. Онлайн дарслари мусталаҳул ҳадис, усулул фиқҳ, Қуръон тартили ва тажвиди, ақида масалалари, ислом тарихи, фароиз, яъни мерос тақсимоти ҳуқуқи масалалари ҳамда воизлик ва нотиқлик санъати бўйича олиб бориш режалаштирилган. Бунда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларидан унумли фойдаланиш кўзда тутилган.
Албатта ислом дини тарғиботи, ижтимоий ҳаётдаги воқеа ва ҳодисаларга онгли равишда ёндашиш, исломий билимларни юксак даражаларга кўтариш мақсадида сайт ходимлари 2007 йил Тошкент шаҳрининг "Ислом маданияти пойтахти" деган юксак унвонга эга бўлганлиги муносабати билан танлов ўтказдилар ва бу хилдаги танлов кейинги йиллардан бери узлуксиз давом қилдирилиб келмоқда. Мазкур танловларда юзлаб мўъмин-мусулмонлар, ихлосли, тақводор, ижодкор ёшлар иштирок қилмоқда. Бу хилдаги танловларнинг islom.uz порталининг оммалашувига ҳисса бўлиб қўшилди. Одамлар islom.uz портали ўтказаётган танловларни ҳаёжон билан кутадиган, иштирок қиладиган бўлиб қолдилар.
Ҳар бир мусулмон ҳаётда яшар экан, ўзини қийнаган саволларга, олдига келган кўндаланг муаммоларга дуч келади. Бу савол ва муаммоларни исломий жиҳатдан билишга қизиқади, кимдандир маслаҳат олгиси келади, жавоб излайди. Бу ҳақиқатни англаган сайт ходимлари islom.uz порталининг ҳар бир сайтида фатволар ва савол-жавоблар саҳифаларини ташкил қилганлар. Шак йўқки, фатволарни қисқа ва лўнда, кескин ва аниқ тарзда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўзлари берадилар. Бундай фатво ва савол-жавоблар кифоя қилмай қолгани боис алоҳида "Savollar islom.uz" сайти ҳам ишлай бошлади. Facebook да ҳам алоҳида саҳифага эга бўлди. Ундаги энг муҳим ва энг керакли жавоб ҳамда фатволар узлуксиз равишда "Зикр аҳлидан сўранг..." ойномасида чоп қилиниб турмоқда. Бу ҳолат ўзбек халқини бениҳоя қувонтиради. Зотан, интернетдан фойдалана олмайдиган, компьютерни кўрмаганлар кўрган ва фойдаланаётганлардан кўра кўпчиликни ташкил қилади. Интернетда келган саволларга жавоблардан ташкил топаётган "Зикр аҳлидан сўранг..." ойномаси айниқса кекса авлод вакилларига жуда қўл келмоқда.
Энг муҳим саналган мақолалар ва маълумотлар islom.uz ва бошқа сайтларда катта-катта лавҳаларда алоҳида линкларда намойиш қилинади. Шу ерда "Ҳилол" ва "Omina" электрон журналлари ҳақида ҳам гапирмасликнинг иложи йўқ.
"Ҳилол" ва "Omina" электрон журналлари 2012 йилдан бери чоп қилиб келинмоқда. "Omina" журнали Muslimaat.uz сайти ходималари томонидан таъсис қилинган бўлиб, унда асосан аёллар, муслималар ҳаёти, муаммолари, зарурий масалалари ёритиб борилади.

Quran.uz
Мазкур Quran.uz сайти Қуръони каримни оммалаштириш, унинг таълимотларини тарғиб ва ташвиқ қилиш, Қуръоннинг соф ва аниқ маълумотларини мусулмонларга етказиш, Қуръон билан алоқадор маълумотлар ва янгиликлар билан хабардор қилиб туриш мақсадида ташкил қилинган. Унга Ўзбекистонда таниқли ва ишончли қорилардан ҳисобланган Ҳасан қори ва Ҳусайн қори Абдулмажид ўғиллари масъул ходимлар этиб таъйинланган.
Мазкур сайтнинг энг асосий йўналишларидан бири Қуръони каримга боғлиқ "Қуръони янгиликлар"дир. Дунёда бўлаётган янгиликларнинг бир қисми Қуръонга алоқадор. Ушбу янгиликларни тезликда ва ҳаммадан илгари билиб олишнинг бир йўли Quran.uz сайтига ошно бўлишдир.
Қуръонга тааллуқли илмий мақолалар, суҳбатлар, унга оид фатволар, қуръоний дуолар, ундаги фазилатлар, оятларнинг фазилат ва хосиятлари, Қуръоннинг илмий мўъжизалари, Қуръоний илмлар – тафсир, қироат, сабаби нузул каби илмий маълумотлар, Қуръон ўқиш одоб ва шарт-шароитлари, уни ёд олиш, ҳифз қилиш усул-услублари, ҳар хил тафсир йўналишлари, қироат  услублари ва қироат олимлари, тажвид илми ва тажвид дарслари ва ниҳоят дунёга машҳур қориларнинг видео ва аудио савтлари ва тасвирлари – мана буларнинг ҳаммаси маданиятли ва Қуръонсевар мусулмонларнинг Quran.uz сайтидан оладиган насибаларидир.    
Quran.uz сайти Қуръони каримнинг тафсирлари, Қуръони каримнинг маъно-таржималарини таништириш билан бирга машҳур қорилар ҳаёти ва ижоди, илмий фаолиятлари билан ҳам оммани таништиради. Аниқса, Ўзбекистон ва Марказий осиёлик қорилар ҳаёти одамларни кўпроқ қизиқтиради. Бу хилдаги рўйхатни янгилаб, тўлдириб борилаверади, албатта.
Quran.uz сайтида Қуръони каримнинг ишончли маъно таржималари, айрим ва муайян ояти карималарга қилинган ажойиб тафсир ва тушунтиришлар ҳар қандай мзъмин-мусулмоннинг диний ва қуръоний эҳтиёжларини қониқтира олади.

Siyrat.uz
Мазкур сайт севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари, саҳобалар ҳаёти ва ислом тарихига бағишланган. "Сийрат" бу мазкур сайтга сийрат илми билимдонларидан, сийрат илми мутахассиси, сийратга бағишланган бир қанча асар ва мақолалар муаллифи  Абдулазим Зиёуддин бошчилик қилади.
Siyrat.uz Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаётларини муфассал ёритувчи сайт. Жаноби Расул акрам (с.а.в.)нинг ҳаётларининг барча қирралари, энг дақиқ ва қаронғу лавҳалари ҳам илмий ва аниқликда ёритиб борилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) атрофларидаги зотлар – саҳоба ва саҳобияларнинг ҳаётлари ва фаолиятлари, саҳобаларни кўриб, уларга хизмат қилганлар – тобеъинлар ва ундан кейингилар табъа тобеъинларнинг ҳаёт йўллари, илмий ижодлари, исломий фаолиятлари ҳақидаги мақолалар ислом тарихига бепарво бўлмаган ҳар бир мусулмон ва тадқиқотчи учун битмас-туганмас хазинадир.
Siyrat.uz сайтида ислом тарихининг турли йиллари, ҳар хил воқеалари атлас ва расм кўринишида ҳам тақдим қилиб борилади.
Siyrat.uz сайтида сийратга оид, Расулуллоҳ (с.а.в.) ва ул зотдан кейинги уч давр тасвири бўйича аниқ ва қизиқарли илмий маълумотлар ёзиб борилади.
Siyrat.uz сайтида сийратга оид, ислом тарихига тааллуқли саволларга қониқарли ва муфассал жавоблар бериб борилади.
Siyrat.uz сайтида Пайғамбаримиз (с.а.в.)га бағишланган мақолалар, мактублар, ул зоти шарифнинг шаънини улуғловчи ашъорлар ва қасидалар мавжуд бўлади.
Айниқса, сийрат илмига қизиқувчилар учун сийрат илми олимларининг ҳаёт ва ижодлари, сийрат илмига оид асарлар бўйича маълумотлар, сийрат бўйича қалам тебратган қалам аҳли тўғрисидаги керакли илмий маълумотлар толиби илм ва аҳли илмларга зарур ҳисобланади.
Дунёда бўлаётган воқелардан Расулуллоҳ (с.а.в.)га тааллуқли ишлар, ҳодисалар янгиликлар рукнида Siyrat.uz сайтида хабардор бўлиш мумкин. Расулуллоҳ (с.а.в.)га қилинаётган жаҳон аҳлининг муносабатига бу сайтда алоҳида эътибор қаратилиб, ўз муносабати акс эттирилади.

Hadis.islom.uz (Муҳаддис)
Ислом динининг асосий манбаларидан бири Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳисобланади. Мазкур табаррук ва муборак ҳадисларни тўпловчилар муҳаддислар деб аталади. Islom.uz порталининг таркибида "Муҳаддис" сайт – бўлимчаси очилишининг ўзига хос мақсад ва вазифалари мавжуд. "Муҳаддис"да ўқувчилар асрлар давомида тўпланган ва амал қилиб келинган ҳадис китобларининг ўзбекча матнлари ва изоҳ-таржималари билан танишади. Айниқса, дунё бўйича тан олинган "Сиҳоҳи ситта" – "Олтита саҳиҳ тўплам", "Сиҳоҳи тисъа" – "Тўққизта саҳиҳ тўплам"ларнинг киритилиши ҳар қандай одамни ҳаёжонга солади ва уни бутун умрга мазкур "Муҳаддис" бўлимига ошиқ қилиб қўяди. Бу ерда фойдаланувчилар ҳозиргача 20 дан ортиқ ҳадис китоблари ва рисолаларидан баҳраманд бўлдилар. Айрим ҳадис тўпламларининг таржима ишлари давом қилмоқда.
"Муҳаддис"да ҳадис китоблари қаторида ҳадис илмига бағишланган "Мусталаҳул ҳадис", "Рижолул ҳадис" каби фан соҳаларига оид маълумотлардан ҳам хабардор бўлинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сийратларига бағишланган асарлар, сийрат устозлари ҳаёти ва ижоди, сийрат маълумотлари билан бу ерда ҳам танишиш имконияти мавжуд.
Мазкур сайтнинг "Муҳаддис" деб аталиши унда фақат ҳадис китоблари мавжудлигини англатмайди, балки муҳаддис олимларнинг ҳаёти ва ижоди билан тўлиқ баҳраманд қилиш мақсади ҳам борлигини билдиради. Шу мақсад йўлида 15 нафарга яқин муҳаддиснинг ҳаёти ва ижоди бўйича илмий мақолалар жой олган. Бу мақолалар сон-саноқсиз муҳаддисларнинг ҳар бирига бағишланиб, кўпайгандан-кўпайиб, ортиб бораверади.
"Муҳаддис"да ҳадис китоблари билан бирга таржималарининг овозли аудио вариантларидан ҳам истифода қилиш мумкин ва айрим асарлар ва фанлар бўйича онлайн дарслари ҳам ташкил қилинган.

Muslimaat.uz
Муслима аёл-қизлар учун мўлжаллаб ташкил қилинган сайт уларнинг диди-нафосатига мос равишда дизайн ишлови берилган улардек гўзал сайтлардан биридир. Ундаги мақолалар, маълумотлар, саволларга берилаётган жавоблар эса ундан-да гўзал. Мазкур сайт билан ҳар бир мусулмон аёл-қиз хабардор бўлиши, ундан ҳаёти давомида истифода қилиб туриши лозим.
Muslimaat.uz да аёлларга керакли бўлган жами нарсалар бор: ҳаётидаги муаммоли масалаларга жавоблар, муслима аёллар ҳаётидан олинган қизиқарли янгиликлар, болалар тарбияси, келин-куёв муносабатлари, эр-хотин алоқалари, пишириқлар, диний-тасаввуфий масалалар – ҳамма-ҳаммаси бор.
Muslimaat.uz да айнан аёлларга бағишланган "Омина" электрон журнали ҳам чоп қилиниб борилмоқда. Ҳозиргача унинг 10 та сони ўқувчилар назарига етиб борди.   

Fiqh.uz
Ислом фиқҳига, қонун ва ҳуқуқ масалаларига бағишланган сайтлардан бири fiqh.uz ҳисобланади. Фиқҳ ҳар бир мусулмонга фарз амаллардан ҳисобланади. ҳар бир мўъминга Қуръоннинг барча қисмини ёд олиш фарз эмас, бироқ, фиқҳнинг барча масалаларини билиш фарз бўлади, деган фатво мавжуд. Шу маънода fiqh.uz сайтининг аҳамияти ортади.   
 fiqh.uz ўзига бир неча ўн нафардан ортиқ фиқҳни чуқур биладиган мутахассислар, аҳли илм инсонларни бирлаштирган ҳолда ва фиқҳ йўлида ҳали кўплаб ишларни амалга ошириш ниятида, катта мақсадларни кўзланган ҳолда ўзига "Мовароуннаҳр фиқҳ академияси", деган фахрли номни қабул қилган.
fiqh.uz ташкил қилинганидан бери унда жуда кўплаб илмий мақолаларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилиб улгурди. Уларда асосан фиқҳ аҳамияти ва фазилати, фиқҳий қоидалар, фиқҳий манбаларнинг ўзига хос жиҳатлари, айрим муаммоли масалаларга бағишланган таҳлилий мақолалар ўз аксини топган. Ҳаётда бўлаётган муаммолар қаламга олиниб, уларга фиқҳий жиҳатдан жавоблар изланади ва хулосалари халққа таклиф қилинади.
Сайтда фақиҳларнинг ҳаёти ва ижоди, ўтмишда яшаб ўтган фиқҳ илми олимлари тўғрисидаги маълумотлар, ҳозирги даврда илмий фаолият олиб бораётган дунёга машҳур фиқҳ мутахассислари борасида ҳам маълумотлардан хабардор бўлиш мумкин.
fiqh.uz дунё бўйича фаолият юритаётган фиқҳий академиялар ҳақида ҳам маълумотлар берилади. Шунингдек, уларда чиқарилаётган фатволарнинг матнларининг берилиши фиқҳнинг бугунги кунларда ҳам долзарб эканлигини билиш мумкин. Бу билан ўзбек халқи ҳам дунё олимларининг чиқараётган асосли фатволари билан таништириб бориш кўзда тутилган.
fiqh.uz сайти аҳли сунна ва жамоада эътироф этилган тўрт мазҳабдан бири, ўзбек хали асрлар давомида амал қилиб келаётган мазҳаб ҳанафийлик мазҳаби асосида мақола ва фатволарини эълон қилиб боради.

Oilam.uz
Мазкур сайт islom.uz порталининг энг жажжи сайтларидан бири бўлиб, ёш бўлишига қарамасдан ўзининг мухлисларига эга бўлиб улгурди. Сайтдаги мақолалар оилавий муносабатлар, ҳаётда мавжуд муаммолар, ҳар хил бидъат ва хурофотлар, турли-туман афсусланарли ҳолатлар тўғрисидадир. Мақолалар асосан оммага мўлжалланиб, бадиий ва журналистик руҳда ёзиб борилади. Бу oilam.uz нинг ўзига хос ташриф қоғозига айланиб қолди. Унда ҳар бир оилага керак маслаҳатлар, таомлар, пишириқлар борасида ҳам ажойиб маълумотлар бериб борилади.
Урф-одатлар, саломатлик, иллатлар, долзарб мавзу, муносабат рукнидаги мақолаларнинг ҳар бири ҳар қандай мусулмонни бефарқ қолдирмайди.
Oilam.uz сайти янги-янги мақолаларини тез-тез янгилаб, қўшиб турадиган сайтлардан биридир. Ундаги мақола ва маълумотлар ўқимишли ва қизиқарлидир.
 
Бошқа сайтлар
islom.uz порталининг юқоридаги сайтлари биз мухтасар таҳлил қилишга улгурган сайтлардан бир қисми холос. Тарихни севадиганлар учун e-tarix.uz, адабиёт шинавандалари учун e-adabiyot.uz, араб тилини ўрганмоқчи бўлаётган ва араб тилини севадиганлар учун arabic.uz, тиббиётга ошно қалблар учун tib.islom.uz ишлаб турибди. Бу сайтлардан ҳар бир инсон, дини, ирқи, миллатидан қатъий назар битмас-туганмас фойдалар, ҳаёти давомида керак бўладиган маълумотларни олиши мумкин.
Бугунги кунда миссеонерлар бутун дунёга, халқ ва элатлар орасига, юртларга ҳуда-беҳуда, қонуний-ноқонуний равишда суқилиб кириб бормоқдалар ва айниқса мўъмин-мусулмонларнинг имонларига чанг солмоқдалар. Уларнинг кирдикорларини фош қилиб туриш, мўъмин-мусулмонлар орасида улар ёяётган шак-шубҳаларни бартараф қилиб туриш, ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр билан жавоб бериш мақсадида hilol.com сайти ташкил топган.
Ҳалол-ҳаром барча даврларда, ҳамма маконларда, турли-туман одамлар орасида доимо ва ҳамиша долзарб бўлиб келган. Ҳалол-ҳаром масаласи айниқса бугунги кунда ўз долзарблигини кучайтирган. Ҳалол-ҳаром масаласи ҳар бир мўъмин-мусулмоннинг ҳаёт-мамот масаласи дейишимиз мумкин. Бинобарин, ҳалол-ҳаром масалаларини ишончли манбалар орқали, энг ишончли, обрў-эътиборли зотлар орқали ўрганиш зарур бўлади. Мана шундай ишончли манбалардан бири halol.org сайти ҳисобланади. Айтиш ўринлики, мазкур сайт мўъмин-мусулмонларнинг доимий ҳамроҳи, ишончли маслаҳатгўйи бўлиб қолажак.
Ҳалол-ҳаром масаласи ўртага тушар экан, албатта инсон бозорларсиз ҳаёт кечира олмаслиги маълумлигини айтишимиз керак бўлади. Айнан бозорларда ҳалол-ҳаром масаласи энг аҳамиятли, энг зарур, энг керакли ҳолатдир. Шунинг учун бозор муносабатларини ўрганиш, бозор янгиликларини билиш, бозордаги муаммолар, ундаги ҳар хил ҳолатлардан хабардор бўлиб бориш, савдо-сотиққа олиб чиқилган маҳсулотлар, нарх-наволарни билиб туриш мақсадида e-bozor.uz сайти иш бошлаб юборган. Бугунги кунда ушбу сайт ҳам ўзининг доимий мижозлари – мухлисларига эга.
Инсонга ҳаёти давомида энг кераклиси унинг соғлигидир. Соғ танда соғлом ақл мужассам. Соғлом ақлда эса соғлом имон бўлади. Бинобарин, мўъмин-мусулмонлар Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларидан бери бадан тарбияга, бир сўз билан айтганда, спортга аҳамият бериб келадилар. Ана шу аҳамият натижаси ўлароқ s-port.uz сайти ташкил топган.
Мўъмин-муслмонлар ўзларига керак ҳар хил маълумотларни олишлари учун мақолалар тўпламларидан, дунёвий маълумотларини қўлга киритиш учун эса порталнинг UzWebiston, Блогосфера сингари бўлимларидан хабарлашиб туришлари керак бўлади. Айниқса, диний-дунёвий хабарлар, янгиликлар, энг тезкор ахборотлар порталнинг info.islom.uz сайтидан жой олгандир. Ўзбек сайтлари ичида ўзининг тезкор хабарларни етказиб туриши, айниқса, долзарб муаммоларга инсонларнинг эътиборини қаратиши нуқтаи назаридан мазкур сайтнинг алоҳида ўрни бор.
Юқоридаги сайтлар билан кифояланиб қолмасдан мусулмонлар ўзлари билан ҳар хил аудио, видео маҳсулотларини олиб юришга қизиқадилар. Оилалар, жамоатлар даврасида уларни муҳокама қилиб турадилар. Шунинг учун ушбу маҳсулотларга ҳам эҳтиёж сезадилар. Айниқса, диний адабиётлар ўқиб берилган дисклар, воизларнинг ваъз-насиҳатлари, қориларнинг қироат ва тиловатларига доим эҳтиёж бўлаверади. Ушбу эҳтиёждан келиб чиқиб, media islom.uz ҳам ташкил топган.
Ўзбекистонда русийзабон муслмонлар ҳам яшайдилар. Хорижлик муслмонлар ҳам динни ишончли одамлардан, ишончли манбалардан олгиси келади. Уларга мўлжаллаб порталда рус тилида фаолият олиб борадиган islam.uz (rus) сайти мавжуд.
islom.uz портали сайтларидан мусулмонларнинг кўпроқ масжидларга қатнайдиган қисми фойдаланадилар. Ўзбекистон масжидларини тарғиб қиладиган, масжидлар хабарларини етказадиган сайтлардан бири masjid.uz ҳам фаолият олиб боради.  
Мусулмонлар ҳаёти давомида ҳар хил саволларга рўпарў бўладилар, бир-бирларидан сўрайдиган саволлари бўлади. Мўъминлар ҳар бир ишни қилар экан, унинг исломий ҳукмини билгиси келади. Шу нуқтаи назаридан олимларга, домлаларга саволлар берадилар. Саволларни ҳам ишончли, эътиборли, обрўли, таниқли олимларга бериб, уларнинг жавобларини билгиси, фатволарини эшитгиси келади. Шундай савол берувчилар учун алоҳида savollar islom.uz сайти ҳам ташкил қилинган. Ҳар бир инсон ушбу сайтнинг аъзоси бўлиб, бир марта бўлса ҳам савол бериши лозим ва унинг жавобига амал қилиб ҳаёт кечириши лобуддир.

Хулоса
Юқорида биз islom.uz портали борасида жуда қисқача, умумий маълумотларни кўриб чиқа олдик холос. Порталнинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари оламшумул аҳамиятга молик, дея оламиз. Унинг сайтларидаги маълумотларни бутун дунё қабул қилиб олмоқда. Бутун дунё муслмонлари орасида порталнинг мухлислари, доимий ўқувчилари бор. Мана шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, 10 йиллик тўйини ўтказаётган портал ҳам 100 сайтларга эга бўлган йирик порталга айланади ва ўзининг 100 йиллик тўйларини ўтказади, деб баралла айта оламиз.
Парвардигори олам 10 йиллик юбилей тўйини ўтказаётган портал 100 йиллик тўйларини ҳам ўтказсишга мадакор бўлсин! Илоҳим, портал ходимлари бу йўлда ҳормай-толмай савобли йўлдан бораверсинлар! islom.uz нинг мухлислари ҳам, ўқувчилари ҳам улардаги маълумотларни ўқиб илмларини зиёда қилаверсинлар ва билганларига амал қилиб, омил тақводор мўъмин-мусулмон бўлиб ҳаёт кечираверсинлар.

Тўйлар муборак!
              
Тўйнома

Эй, тўй қилувчи портал, бу тўй сизо муборак,
Ушбу портал зийнатли бўлсин, яно муборак.

Кони тўла ҳикматдур, ёзса ҳадис-оятдур,
Бидъатга офатдур, ақли расо муборак.

Ойдек эрур Ислом.уз, жондек эрур Қуръон.уз,
Бошдин аёқ порталда файзу сафо муборак.

Гулчеҳра-ю суманбар, мақолалар муанбар,
Муслимаат.уз мунаввар, шамъи зиё муборак.

Ҳар бир сўзи ярашган, Сийрат.узда қалашган,
Ҳар бири мос-мос тушган, ҳақ Мустафо муборак.

Еткурди сизни тўйга, зийнат беринг Фиқҳ.узга,
Бу сайт ичида сизга зўр мақоло муборак.

Тўйлар ўлсин оилада, етказсин яхши жойга,
Етингиз юксак ойга, Оилам.узга мусаммо муборак.

Бир-бирни иззат айланг, эй сайтнинг мухлислари,
Ҳақ кўрди сизга лойиқ, Сизга дунё муборак.

Илмни мўл олишга ғайрат этинг ҳамиша,
Шараф-шонлар муборак, илму тақво муборак.

Бу портални, ё Раб, ҳамиша қилгин шодон,
Ҳақдин умидим ижобат, биздин дуо муборак.

Ҳамидуллоҳ Беруний

 
« Олдинги   Кейинги »