Инсон меҳмондир Принтер учун
09.09.2013 й.
Абу Сулаймон Дороний айтадилар: “Менга Саъид ал-Ифриқий қуйидаги воқеани сўзлаб берди: “Мен шерикларим билан Байтул Мақдисда, масжидда ўтирган эдим. Қарасам, ёнимда юнгдан тикилган кўйлак кийиб, худди шундай рўмол ўраб олган бир аёл турибди. У шундай деб дуо қилар эди: “Эй Аллоҳим, эй Хожам, Сен йўл кўрсатмаган кишининг йўли нақадар тор! Сен унинг дўсти, улфати бўлмаган банданг эса, нақадар ёлғиз!”
Мен унга: “Эй синглим, банда Аллоҳдан қайси иши сабабли узилади?” деб сўрадим. У: “Дунёга муҳаббат қўйиши сабабли узилади. Аммо Аллоҳнинг шундай бандалари ҳам борки, У зот уларга Ўзининг муҳаббат шаробидан ичириб қўяди. Натижада улар Аллоҳдан бошқа ҳеч кимни яхши кўрмайдилар” деб жавоб берди-да, қуйидаги шеърни ўқиди:

“Амалларингдан ўзингга яқин дўст тайёрлаб ол.
Чунки, йигит кишининг қабрдаги дўсти қилган амалидир.
Огоҳ бўлингларки, инсон оиласи учун бир меҳмондир.
Улар билан озгина яшайди-да, кейин ҳақиқий уйига кетади”.

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса”
китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »