Танловга: "Ислом.Уз.ни севамиз..." Принтер учун
06.09.2013 й.
Ислом.уз порталидаги барча сайтларни, у жумладан Исломий форумимизни яхши кўрамиз!

Инсон дунёга келибдики, у ўзлигини таний бошлайди, атрофидагиларни танийди; динини, ватанини, миллатини англайди...

Биз, токи тирик эканмиз, энг ишонарли манбалардан, энг зарур адабиётлардан илм таҳсил қилишимиз лозим. Инчунун, манбаларнинг энг биринчи ўринда турадиганлари: Аллоҳнинг муқаддас Каломи ҳамда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннати санийялари ҳисобланади.

Ана шу икки мислсиз манбани бизга етказишда хормай-толмай хизмат қилаётган Қуръон.Уз ва Ҳадис.Ислом.Уз сайтларининг ўрни бўлакча.

Биз у ердан ояти кариймалар ва ҳадиси шарифлар маъноси, тафсири, таъвили, изоҳи, шарҳи, моҳияти, сабаби нузули, сабаби вуруди, ҳикматлари, олингки барча-барчасини ўрганишимиз мумкин. Бизга шундай хизматларини беминнат тақдим қилаётган мазкур сайтларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ва ушбу неъматларни инъом этган Аллоҳ Таолога чексиз ҳамд-у санолар айтамиз.

Сўнгра, ушбу фойдали маълумотлардан нафақат муслим биродарларимиз, шу билан бирга муслима ва муъминаларимиз ҳам манфаатланишлари учун хизмат қилаётган Муслимаат.Уз сайтини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтишимиз лозим. У ерда муслима опа-сингилларимиз ўзаро иймонлашиб, бир-бирларига фойдали илмларини илиниб, таълимлар олишмоқда.

Шунингдек, билмаганларимизни сўраб, ўрганиб боришимиз учун йўлга қўйилган Саволлар.Ислом.Уз сайтини ҳам айтиб ўтишимиз ўринли бўлади. Унда саволларга муҳтарам шайхимиз, устоз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан берилган жавобларни ўқиб, ўрганиб, илмимизга илм қўшиш имкони мавжуд. Деярли ҳар куни киритиладиган янги саволлар; ва ҳар куни мазкур саволларга бериладиган янги жавобларни ўқиб, кун сайин илм-у амалнинг зиёда бўлиб боришлиги ҳақиқатан қувонарли ҳолат.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги, дунёдаги, ҳамда Ислом оламидаги кундалик янгиликлар билан таништириб борадиган ахборот сайти бўлмиш Инфо.Ислом.Уз нинг ҳам ўз ўрни бор. Айни дамда дунёнинг тўрт бурчида бўлиб ўтаётган энг долзарб воқеа ва ҳодисалар, уларга нисбатан биз мусулмонларнинг фикр мулоҳазалари, мубоҳаса ва мунозаралари жойлаб бориладиган ушбу сайтдан ҳам, ҳеч шубҳасиз, кўпгина нарсаларни билиб олишимиз тайиндир.

Шу қатори, Ислом динимизнинг нақадар гўзал дин эканлигини, унинг ўзга ботил динларга нисбатан қанчалар улуғ эканлигини, ўзга муҳарраф динларнинг эса нақадар тубанликка юз тутганлиги-ю, улардаги таҳрифга учраган жиҳатларни кенг ёритиб бердиган Ҳилол.Ком сайтини ҳам жуда манфаатли эканлигини таъкидлаб ўтсак, ўринли бўлиши табиий.
Бу сайтда яҳудий ва насронийларнинг кирдикорлари, ғирромликлари, Исломга ҳамда Қуръонга нисбатан ғараз ва душманликлари имкон қадар исбот-далиллари билан ёритиб берилади. Шунингдек, ўзга дин вакиллари билан мусулмонлар ўртасида бўлиб ўтадиган баҳс-мунозара, суҳбат (диалог), атеистларга қарши мантиқли жавоблар, ҳидоятга юз тутган бахтиёр замондошлар, Ислом билан мушарраф бўлган “янги диндошлар” тўғрисида муҳим маълумотлар ёритиб борилади.

Ислом.Уз порталидаги сайтлардан яна бири, бу – Ҳалол.Орг сайтидир. Бу ҳам ҳаётимизда жуда муҳим ўрин тутадиган сайтлардан бири бўлиб, фақатгина ҳалол таомлар истеъмол қилишимиз зарурлигини, савдо-сотиқда бўлсин, либосда бўлсин, кундалик муомалаларда бўлсин, доимо ҳалол ва пок ҳолатда турмуш кечиришимиз лозимлигини бод-бод уқтирадиган сайтдир.

Ана шундай; турмуш тарзимизнинг гўзал бўлишига, соғлом турмуш тарзини қаттиқ таъкидлайдиган сайтлардан яна бири Тиб.Ислом.Уз сайти ҳисобланади. Бу сайтда Ислом дини ва Тиббиёт, инсон саломатлигининг роли, Ислом динида тиббиётнинг ўзига хос ўрни, динимизнинг тиббиётга (медицинага) нақадар чуқур аҳамият беришлиги, ҳамда Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг тиббиёт борасида айтган ҳадиси шарифлари батафсил келтирилади.

Бундан ташқари нафақат якка шахсларнинг, шу билан бирга бутун оила аъзоларининг бахтли бўлишлари учун ташкил қилинган Оилам.Уз сайти ҳам эътиборга молик. Унда ота-онанинг тутган ўрни, уларнинг фарзандлардаги ҳақлари ва ўз ўрнида фарзандларнинг ҳам ота-онадаги ҳақлари кенг турда ёритилиб, жамиятдаги ҳар бир оиланинг у дунё-ю бу дунёда бахтли-саодатли бўлишига саъй-ҳаракат қилинади.
Зеъро, бахтли саодатли оилаларда илм бўлади, орада меҳр-муҳаббат пайдо бўлади, ўзаро суҳбат йўлга қўйилади. Адабий муҳит, тарихга қизиқиш зоҳир бўлади. Ана шундай пайтларда "электрон" Е-Тарих.Уз ва Е-Адабиёт.Уз сайтлари ниҳоятда қўл келади. Айниқса, иттифоқ тузуми даврида нотўғри етказилган тарихий ҳақиқатларни, ҳақпарвар адабиётчиларнинг наср ва назмларини мазкур ўзбекзабон сайтлардан ўқиб-ўрганишимиз мумкин бўлади.

Шунингдек, Ислом тарихимиз, Расулуллоҳ (с.а.в.), Саҳобийлар (р.анҳум) ҳаётлари, маноқиби, сафарлари, сийратлари, таржимаи ҳоллари борасида Сийрат.Уз сайтининг ҳам ўрни бўлакча. Бу сайт бизга Ислом тарихини энг ишончли манбалардан олишимизда ўз ўрнида хизмат қилади.

Ана шу Ислом тарихини ўрганиш билан бирга шариатимиз ҳукмларини, яъни аҳкомни ҳам ўрганишимиз лозим бўлади. Ва бу борада бизга Фиқҳ.Уз сайти жуда қўл келади. Ушбу сайтда динимиз ҳукмлари, фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, макруҳ, ҳаром, ҳалол, пок, нопок ва ҳоказо каби иборалар ва уларнинг араб тилидаги таржималари, истилоҳлари, маънолари, масалалари кенг ёритиб борилади. Шу жиҳатдан олганда бизнинг араб тилини ҳам билишлигимиз жуда фойдали эканлиги маълум бўлади. Ва шунда: Ислом.Уз порталининг яна бир сайти бўлмиш – Арабик.Уз сайти айнан шу мақсадларда, араб тилини ўрганишимиз учун манфаатли бўлишлиги кўнгилни қувонтиради. Арабик.Узда алифбодан тортиб, турли луғатларгача, грамматикадан бошлаб, матнлар таржимасигача, араб диёрларига сайр-у саёҳатдан эътиборан фойдали ҳикояларгача барча-барчаси жойлаб борилади. Бундан ташқари, болажонларимиз учун ҳам араб тилидаги мультфильм ва қисқа роликлар таржима қилиниб, “жаннат тили” десак муболаға бўлмайдиган араб тилининг таълим олиниши учун тинимсиз хизматлар олиб борилади.

Шу сайтлар қаторида айтиб ўтишимиз лозим бўлган яна бир сайт – Ислом.Узнинг рус тилидаги сайти бўлмиш Ислам.Уз сайтидир. Ушбу сайт – рус миллатига мансуб ватандошлар ҳамда Россия ва турли чет элларидаги русий забон диндошларимиз учун қўл келадиган, Исломий маълумотлар билан таништириб борадиган манфаатли сайтдир.

* * *

Ва ниҳоят, ушбу маълумотлар билан танишиб боришимизда ўзига хос ўрин тутадиган Форум.Ислом.Уз сайти, оиласи, жамоаси ҳақида ҳам ожизона фикр билдириб ўтсак...

Ушбу форумнинг “Ислом форуми” деб аталиши, асло бежиз эмас. Ислом динимизни ўрганадиган, чин дўстлар орттирадиган, ўзаро суҳбатлашиб-иймонлашадиган, дардимизни ўртоқлашиб, қувончимизни бўлишадиган, билмаганда маслаҳат сўрайдиган, билганда эса маслаҳат берадиган, катталарни ҳурмат қилиб, кичикларни иззат қиладиган, имкон қадар аҳил-иноқликда муомала қилинадиган муқаддас даргоҳ десак, адашмаймиз, ИншаАллоҳ...

Бу ерда дўстларимиз ниҳоятда кўп... Алҳамдулиллаҳ...
Балки бир-бирларимизни ҳаётда танимасмиз, юзма-юз кўришмагандирмиз, эҳтимол. Аммо, иймонлашиш, илм- таълим, насиҳат ва маслаҳат юзасидан чин дўстлардай яқин бўлиб кетган азизларимиз қанча!

Икки тилагининг бири “Самимий ташаккур”, икки сўзининг бири “ЖазакАллоҳ”, икки дуосининг бири “Аллоҳ рози бўлсин” бўлган биродарларимиз қанча!

Кимнингдир бирор хатосини сезгудек бўлса, Аллоҳ учун, секингина насиҳат қилиб, яхшиликка чақириб қўядиган азизларимиз қанча!

Ёшим улуғ демай, катта кетмай, кибр ва ғурурга берилмай, мутавозеъ ва камтар бўлиб, ўзидан кичикларни ҳам ниҳоятда ҳурмат қиладиган ёши улуғ фойдаланувчиларимиз қанча!

Мабодо хафа қилиб, ранжитиб қўйган бўлса, у дунёга қолмаслиги учун бу дунёда кун-у тун хавотир олиб, кечирим сўрайдиган форумдошларимиз қанча!

Доимо манфаатли маълумотлар киритишга интиладиган; диндошлари учун доимо яхшиликни илинадиган мусулмонларимиз қанча!

Янги келган “меҳмон”ларни яхши кутиб олиб, уларга меҳмондорчилик қиладиган; билганларини ўргатиб, беминнат ёрдамлари билан сийлайдиган “мезбон”ларимиз қанча!

* * *

Барча-барчалари мана шу ерда, ўз орамизда, Ислом форумида.
Барча-барчалари бу дунёда чиройли ҳаёт, у дунёда эса жаннат ҳаёти кечиришни орзу қиладилар.

Ва биз ҳам барчаларининг ушбу орзуларига етишларини тилаб қоламиз.
Аллоҳнинг жамолини кўришлик, Расулуллоҳ соллоллоҳу ъалайҳи ва салламнинг шафотига муяссар бўлишлик бахти ато қилишини сўраб қоламиз.

Зеъро, ўзбекзабон Исломий сайтлардан бўлмиш Ислом.Уз порталининг, ҳамда ушбу порталдаги барча сайтларнинг беминнат хизматларидан кўзланган асосий орзу-мақсад:
Аллоҳнинг ризолигига эришишликдир...

Меҳрибон ва Раҳмли Роббимиз ана шу эзгу ниятларга етказсин...
У дунёда барчамизга Жамолини кўришлик неъматини ато этсин. Зеъро, неъматлар-у мукофотларнинг энг улуғи айнан мана шу неъматдир.

* * *

Жазакумуллоҳу хойрон!

Ва ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ...

Энг ожиз банда
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz