Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг насиҳати Принтер учун
04.09.2013 й.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ Ато Хуросонийнинг олдига келди ва унга:
 “Ҳолингга вой, эй Ато! Мен сенга илмингни подшоҳлар ва дунё қуллари эшигига олиб боряпсан, демаганмидим?
Ҳолингга вой, эй Ато! Эшиги сенга ёпиладиган, ўзини фақир қилиб кўрсатадиган ва сендан бойликларини яширадиганларнинг эшигига боряпсан-у, эшигини сенга катта очиб қўядиган, бойлигини сенга кўрсатадиган Зотнинг эшигига бормаяпсан” деб, ушбу оятни ўқиди: “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди” (Ғофир, 60).
Ҳолингга вой, эй Ато! Озгина дунёга рози бўлиб, кўп ҳикматга эга бўл. Кўп дунёга эга бўлиб, озгина ҳикматга рози бўлма!
Ҳолингга вой, эй Ато! Агар сенга кифоя қилгудек мол-давлат сени ортиқчасидан беҳожат қилса, озгина мол сенга кифоя қилади. Борди-ю, сенга кифоя қилгудек мол-давлат сени ортиқчасидан беҳожат қилмаса, у ҳолда бутун дунё ҳам сенга кифоя қилмайди.
Ҳолингга вой, эй Ато! Сенинг бу қорнинг денгизлардан бир денгиз, водийлардан бир водийдир. Уни фақатгина тупроқ тўлдиради”.

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса”
китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz