Ғофир сураси, 47-51 Принтер учун
03.09.2013 й.
47. Ўшанда улар дўзахда бир-бирлари ила хусумат қилурлар. Бас, заифлар мутакаббирлик қилганларга:  «Албатта, биз сизга эргашувчи бўлган эдик. Энди сиз бизнинг дўзах насибамиздан бирор бўлагини даф қиласизларми?!» дерлар.

Қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳнинг амри ила Фиръавн аҳли энг ашаддий азобга гирифтор қилинган пайтда, улар дўзахда туриб бир-бирлари билан талашиб-тортишадилар.
Аввал бу дунёда заиф ҳолида катталар ва бошлиқларнинг гапига кириб, уларга эргашиб кофир бўлиб ўтганлар сўз очадилар:
«Бас, заифлар мутакаббирлик қилганларга: «Албатта, биз сизга эргашувчи бўлган эдик...», деб гап бошлайдилар.
Бу дунёда заиф бўлиб ўтганлар Худога ҳам, бандага ҳам мутакаббирлик қилиб кофир бўлган, ўзгаларни ҳам куфрга чақирган бошлиқларига таъна билан: «У дунёда сизга эргашган эдик. Сизга эргашиб, кофир бўлган эдик. Сизлар, бизнинг айтганимизни қилаверинглар, бир нарса бўлса, биз жавоб берамиз», деган эдингизлар. Қани, айтинг-чи:
«Энди сиз бизнинг дўзах насибамиздан бирор бўлагини даф қиласизларми?!» дерлар».
Мана, гапингизга кириб, биз ҳам дўзахга тушдик. Дўзах азобига дучор бўлдик. Энди бизнинг азобдан бўлган насибамиздан бирор улушини даф қила оласизларми, дерлар
 
48. Мутакаббирлик қилганлар: «Албатта, ҳаммамиз унинг ичидамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ бандалар орасида ҳукм чиқариб бўлди», дерлар.
Бўлар иш бўлди, энди бу саволни бериб нима қиласизлар. Бу ерда у дунёдагига ўхшаб  катта-бошлиқ ёки заифлигига қараб эмас, қилган амалига қараб ҳукм чиқарилар экан. Биз ҳам куфр келтирдик, сиз ҳам куфр келтирдингиз ва қилганимизга яраша ҳаммамиз жазоимизни олдик. Аллоҳ  ҳукмини чиқариб бўлди. Ҳаммамиз жаҳаннамга тушдик.
Шу билан жаҳаннам эгалари орасидаги ўзаро жанжал ҳам тамом бўлди. Энди улар биргалашиб, бошқа томонга мурожаат қилишга ўтадилар:

49. Дўзахда турганлар жаҳаннам қўриқчиларига: «Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин», дедилар.
Бир-бирлари билан даъво талашиш фойда бермаслигига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, дўзахда турган ҳолларида, шояд бирор ёруғлик чиқиб қолса, деб жаҳаннам қўриқчиларига мурожаат этадилар:
«Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин».
Уларнинг гапидан азобдан қутулишнинг ёки уни бирйўла енгиллатишнинг иложи йўқлигига ишониб етганлари кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам улар жаҳаннам қўриқчилари бўлмиш фаришталардан ҳеч бўлмаса бир кунгина азобни енгиллатишни сўраб беришни илтимос қилмоқдалар.
Уларнинг бу илтимосларига жаҳаннам қўриқчилари савол билан жавоб бердилар:

50. Улар: «Сизга Пайғамбарларингиз очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келмаган эдиларми?!» дедилар. Булар: «Ҳа», дейишди. Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар.
Жаҳаннам қўрқинчлари: «Нима сабабдан бу ҳолга тушиб қолдингиз?! Сизга Пайғамбар келиб, шу кун бошингизга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирмаган эдими?! « деб сўрадилар. Шунда:
«Улар: «Ҳа», дейишди».
Дўзаҳилар: «Ҳа, Пайғамбарларимиз бизга очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келган эдилар», деб жавоб қилишади. Уларнинг бу эътирофларидан кейин жаҳаннам қўриқчилари узил-кесил жавобни берадилар.
«Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
   Яъни, ундай бўлса, бизга мурожаат этиб, Роббимизга дуо қилиб, сизларга берилаётган азобни енгиллаштиришимизни сўраб ўтирмасдан, ўзингиз дуо қилаверингиз. Билиб қўйингларки, кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас. Сизнинг дуоингиз  залолатдадир. Азобни тортаверасиз.
Энди мазкур оятларда ўтган маъноларга изоҳ берилади:

51. Албатта, Биз  Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга бу дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган кунда ҳам нусрат берурмиз.
Яъни, Аллоҳнинг нусрати бу дунёда ҳам Пайғамбарларга ва мўминларга бўлади, у дунёда ҳам. У дунёда Пайғамбарлар ва мўминлар учун Аллоҳнинг нусрати бўлиши ҳақида ҳеч ким, ҳатто кофирлар ҳам шак-шубҳа қилмайди. Аммо бу дунёдаги нусрат ҳақида турли фикр ва мулоҳазалар бўлиши мумкин. Инсонинг тор фикри ва қисқа ўлчови оқибатда «Пайғамбарларга ва мўминларга нусрат берадиган бўлса, нима учун баъзи Пайғамбарлар ўлдирилган, баъзилари азоб-уқубатга учраган, кўплари ҳижрат қилишга мажбур бўлган? Нима учун ҳозир гувоҳ бўлаётганимиздек, кўплаб мўминлар кофирлар томонидан ўлдирилган, қийноқларга солинган, қамалган, қувилган ва бошқа хорликларга учраган?» деган фикрлар уйғонади. Бу каби саволларга Қуръони Карим руҳини, Ислом таълимотларини яхши англаб етган уламоларимиз атрофлича жавоб берганлар.
Аввало, Пайғамбарларга ва мўминларга бу дунёда нусрат берилиши ҳақида гап кетганида, бир шахс, бир авлод, бир миллат ва маълум бир замон назарда тутилганми? Қолаверса, «нусрат» деганда нима кўзда тутилади? Баъзи одамларни ўлдириш, баъзиларини қамаш, баъзиларини калтаклаш ва айримларни қувиб чиқаришми? Агар ҳар бир ўлдирган ғолиб бўлиб, ўлдирилган мағлуб ҳисобланадиган бўлса, дунёда ўғри, муттаҳам ва золим-қонхўрлар ғолиб саналган бўлар эди. Агар ҳар бир қамаган ғолиб, қамалган мағлуб саналса, адолат торозуси тамоман тескари тортилган бўларди. Агар ҳар бир қувган ғолиб, қувилган мағлуб ҳисобланса, ҳақиқатнинг юзи қорайиб кетган бўларди.
Иймон билан куфр орасидаги кураш бир шахс, бир авлод, бир замонга боғлиқ эмас. Балки бу кураш дунё бунёд бўлганидан бошлаб, қиёматгача давом этадиган курашдир. Бу кураш давомида турли ҳолатлар бўлиб ўтади. Иймон томонида турган баъзи кишиларнинг эътиқод йўлида шаҳид бўлишлари улкан нусрат бўлиши мумкин. Ҳозиргача бутун дунё қанчадан-қанча шаҳидларни мадҳ этиб, эҳтиром ила эслаб келмоқда, уларни шаҳид этган қотиллар эса, лаънатланмоқда. Қани, кўрайлик-чи, бу ерда нусрат шаҳидгами ё қотилга?! Баъзи бир шаҳидларнинг ўлими бутун бошли умматларни ғалабага чорлаган вақтлар ҳам бўлган. Демак, ўлимнинг ҳаммаси ҳам, хусусан иймон йўлидаги ўлим, мағлубият ҳисобланмайди.
Шунингдек, иймон йўлида қамалганлар, азобланганлар фидокорликлари билан жаллодлар устидан доимо ғолиб бўлганлар. Ҳозирда қанчадан-қанча қамалганларга, азобланганларга ҳамма-ҳамма, ҳатто кофирлар ҳам тасанно ўқимоқда, қамаган ва азоблаганларга лаънатлар ёғдирмоқда. Демак, ҳар бир қамалиш ёки азобланиш мағлубият бўлавермайди.
Иймон ва куфр орасидаги курашда нусрат кимга бўлиши тор ўлчовда эмас, балки кенг мезонлар билан ўлчанади. Иймоннинг қалбларда, ер юзида тантанаси учун инсоннинг ўзи саъйи-ҳаракат қилишини Аллоҳ шарт этган экан, унинг йўлидаги қурбонлар, машаққатлар эришиладиган нусратнинг қийматини оширади, қадрини кўтаради. Ундан кейин, инсоният тарихидаги иймон билан куфр ўртасидаги курашнинг оралиқ натижаларига ҳам бир назар солайлик. Уларнинг ҳаммаси Пайғамбарлар ва мўминларга нусрат берилиши билан якун топганини кўрамиз.
 
« Олдинги   Кейинги »