Фиқҳнинг фазилати Принтер учун
26.08.2013 й.
    Имом Бухорий Муовия ибн Аби Суфён разийаллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шарифни ривоят қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
من يرد الله به خيرا يفقه فى الدين
“Кимгаки Аллоҳ унга яхшиликни хоҳласа, динда уни фақиҳ қилиб қўяди”.
    Муҳаддис Абу Яъло ал-Мавсилий мазкур ҳадиси шарифга бундай деб давомини зиёда қилган:
ومن لم يتفقه لم يبال الله به
“Кимки фиқҳ ўрганмаса, Аллоҳ унга парво қилмайди (унга илтифот назари билан қарамайди)”.
    Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан Муҳаддис Ибн Абдулбарр ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ё Абдаллоҳ ибн Масъуд!”, дедилар. Мен: “Лаббай, ё Расулаллоҳ!”, дедим. Бу уч марта такрор бўлди.
Кейин Расулуллоҳ: “Биласанми, қайси (қандай) имон энг мувофиқроқ?!”.
Мен дедим: “Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ”.
Ул зоти шариф дедилар: “Аллоҳ йўлида дўстликдир. Аллоҳ учун севиш, Аллоҳ учун адоват қилишдир”.
Сўнг яна: “Ё Абдаллоҳ ибн Масъуд!”, дедилар. Мен: “Лаббай, ё Расулаллоҳ!”, дедим. Бу уч марта такрор бўлди.
Кейин Расулуллоҳ: “Биласанми, қайси инсон энг афзалдир?!”.
 Мен дедим: “Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ”.
Ул зоти шариф дедилар: “Албатта одамларнинг афзали амал жиҳатдан афзал бўлганидир. Қачонки, динида фақиҳ бўлсалар, шундайдир!”.
Сўнг яна: “Ё Абдаллоҳ ибн Масъуд!”, дедилар. Мен: “Лаббай, ё Расулаллоҳ!”, дедим. Бу уч марта такрор бўлди.
Кейин Расулуллоҳ: “Биласанми, қайси инсон энг билимдон?!”.
Мен дедим: “Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ”.
Ул зоти шариф дедилар: “Одамларнинг энг билимдони одамлар ихтилофга боришганида ҳақиқатни энг олдин  кўргувчироғидир. Гарчи амалда нуқсонли бўлса ҳам!”.
Ҳазрати Али ибн Аби Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу деганлар: “Аё, сизларга одамларнинг энг фақиҳи ҳақида хабар берайинми?!”. Унга: “Ҳа, хабар беринг”, дейишди. Шунда у дедилар: “Кимки одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаса, Аллоҳнинг роҳатларидан умид уздирмаса, Аллоҳнинг макридан уларни омонликда деб ўргатмаса, Қуръонни бошқа нарсаларга рағбат қилиб тарк қилмаса, ўша кимса фақиҳдир. Эй, огоҳ бўлинг! Фиқҳи йўқ ибодатда хайр бўлмайди. Фаҳму фаросат бўлмаган нарсада илм йўқ. Тартилу тажвид бўлмаган тиловатда қироат йўқ”.
Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳдан: “Кимга фатво бериш жоиз бўлади?” деб сўрашди. Ул зот дедилар: “Одамлар ихтилоф қилаётган нарсани (яхши, чуқур) билган кимсагагина бу жоиздир”. Унга: “Раъй аҳлининг ихтилофини айтаяпсизми?”, дедилар. У: “Йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ихтилофи”, дедилар.
Абу Ҳайён ат-Таймий раҳимаҳуллоҳайтади: “Олимлар уч тоифа бўлади:
-Аллоҳга ва Аллоҳнинг ишларига олим.
-Аллоҳга олим, лекин Аллоҳнинг ишларига олим эмас.
-Аллоҳнинг ишларига олим, Аллоҳга олим эмас.
Аллоҳга ва унинг ишларига олим одамга келсак, у шундайдир: Аллоҳдан қўрққувчи, унинг суннатлари, чегаралари, фарзларини билгувчидир.
Аллоҳга олим, лекин унинг ишларига олим эмас кимсага келсак, у шундайдир: Аллоҳдан қўрққувчи, лекин унинг суннатлари, ҳудудлари ва фарзларини билмайди.
Аллоҳнинг ишларига олим бўлса ҳам, унинг ўзига олим эмас кимсага келадиган бўлсак, у шундай: Аллоҳнинг суннатлари, ҳудудлари ва фарзларини билади, лекин унинг ўзидан қўрқмайди”.
Халил ибн Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Кишилар тўрт хилдир. Бир кимса ўзининг билишини билади. У олимдир. Ундан таълим олинглар. Бир кимса ўзининг билмаслигини билади. У жоҳилдир. Унга ўргатинглар. Бир кимса билади, лекин билишини билмайди. У ғофилдир. Уни огоҳлантиринглар. Бир кимса бор: у ўзининг билмаслигини билмайди. У аҳмоқдир. Ундан ҳазар қилинглар”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шеър айтган:
Касаллик уни ўлдиришини билган он,
Тақвога қадам қўйган йигитдир шодмон.
Илмнинг фазилати борасида “Фатовойи Нақшбандиййа” асарида Пайғамбар (а.с.)нинг “Кимки илмни ва олимларни яхши кўрса, ҳаёти давомидаги хатоликлари ёзилмайди”, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг “Олимнинг ҳалқасида қалам тутмасдан ва бирорта ҳарф ёзмасдан ҳам бир соат ўтиришинг сен учун минг йиллик ибодатдан яхшироқдир”, Абу-д-Дардонинг “Билмаган кимсанинг ҳолига бир марта вой бўлсин, билиб туриб амал қилмаган кимсанинг ҳолига етти марта вой бўлсин!”, Ибн Муқотилнинг “Илмга назар солиш “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни беш минг марта ўқигандан яхшироқ” деган гаплари нақл қилинган.

Ҳамидуллоҳ Беруний  

 
« Олдинги   Кейинги »