Алвидо Рамазон Принтер учун
09.08.2013 й.

Алвидо эй нури Раҳмон алвидо,
Алвидо эй кони ирфон алвидо,
Алвидо эй қути иймон алвидо,
Алвидо эй моҳи Қуръон алвидо.

Чун ҳилолинг ерга нур сочган замон,
Бўлди ер хушбўй, мунаввар осмон,
Барча дилларга етиб амну амон,
Чин ибодат бўлди ҳар он, алвидо.

Сенда кўкдан ерга нурлар сочилур,
Барча жаннат боблари ланг очилур,
Етти дўзахнинг эшиги ёпилур,
Сенда муғлақ бўлди шайтон, алвидо.

Ким қудумингдан агар масрур ўлур,
Маҳзун ул сендан қачон маҳжур ўлур,
Журму исёни анинг мағфур ўлур,
Хушхабардир анга ризвон, алвидо.

Кунларинг ўтказса ким ҳирмон ила,
Тунларинг бедор ўлиб Қуръон ила,
Ким буларни айласа иймон ила,
Марҳабо дер анга Раййон, алвидо.

Сенда тушди илк бор Қуръонимиз,
Равшан этди йўлимиз Фурқонимиз,
Қўлни ихлос бирла очган онимиз,
Айлади мақбул Маннон, алвидо.

Поклагаймиз сенда мулку молимиз,
Тарк этармиз сенда қийлу қолимиз,
Сен­ла соф ўлгай ҳама аҳволимиз,
Нафсу шайтон бўлди вайрон, алвидо.

Шубҳасиз сен бирла руҳнинг чоғлиги,
Ҳамда кетгайдир кўнгилнинг доғлиги,
Тикланар ҳам сенда таннинг соғлиги,
Сен ўзингсан дори дармон, алвидо.

Сенга сиғмас ҳеч бир сумъа, риё,
Бас, мукофотинг берар ёлғиз Худо,
Сен шафоатхоҳимиз келса жазо,
Дўзах ўтидин­да қалқон алвидо.

Бир тунинг бор мингча ойлардан фузун,
Зотан уммат умри эрмасди узун,
Сен била армонлари кетди бутун,
Тўлдирурлар сенда хирмон, алвидо.

Хуллас, этсам бир умр васфинг агар,
Айта олгум минггидин биррин магар,
Ҳақ Расул мадҳ этди, шу сенга етар,
Ҳам гувоҳлик берди Қуръон, алвидо,

Ё Илоҳий, фазлу лутф айлаб ато,
Эт қабул биздан намоз, рўза, дуо,
Ҳам умид айлар Ҳасан келса қазо,
Рўза ичра чиқса бу жон, алвидо.

1429 Рамазон 23
2008. 09. 23. м.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 
« Олдинги   Кейинги »