Ижмоъ уммати Муҳаммадиянинг бирдамлигини таъминловчи омилдир! Принтер учун
07.08.2013 й.
Ижмоънинг умумий таърифи

Шариати исломияда бирор ҳукм чиқарилар экан, энг аввало, Аллоҳ таолонинг сўзи – Қуръони каримга мурожаат қилиш вожиб бўлади. Қуръон шубҳасиз шаръий ҳужжатларнинг энг аввалидир. Масала Қуръон билан ҳал бўлса ҳукм бош устига қабул қилинади. Муаммонинг ечимини Қуръондан топишнинг имкони бўлмаса, навбатда суннати набавия туради. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ва қилиб кўрсатган феъллари. Суннат ҳужжатлар ичида Аллоҳнинг каломидан кейин иккинчи ҳужжат ҳисобланади. Бу ерда ҳадис дейилмасдан суннат дейилганининг сабаби барча ҳадислар ҳам суннат бўлавермаганидандир. Аксинча, барча суннатлар ҳадис бўлади. Суннати набавиядан ҳам далил топилмаса, масаланинг ечими ижмоъ йўли билан ҳал қилинади. Яъни, аҳли суннат вал жамоат фақиҳларининг кенгаши, бир қарорга келишувлари билан ҳукм чиқарилади. Ижмоъ илк бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин саҳобаи киромлар орасида йўлга қўйилган бўлиб, шаръий далиллардан учинчиси ўлароқ, мусулмон уммати фақиҳлари томонидан бирдамлик ила тан олинган. Абу Бакр разийаллоҳу анҳу халифалик даврларида, бирон масалада ҳукм қилмоқчи бўлса-ю унинг ҳукмини китоб ва суннатдан топа олмаса, саҳобаларнинг катталарини тўплаб, улар билан кенгашар эдилар. Улар бирор тўхтамга келишса, шу буйича қарор қабул қилинарди. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг одатлари ҳам шундай бўлган. Ҳудди шу машварат – маслаҳат ва кенгашни фақиҳлар «ИЖМОЪ» деб атадилар.
Ижмоъ луғатда икки турли маънода қўлланади:
1- Бир киши бирор нарсага азму қарор қилишини "ижмоъ қилди" дейилади;
2- Бир жамоа бир-бирлари билан кенгашиб, келишиб бир қарорга келишларига ҳам "ижмоъ қилди" дейилади.
Мана шу иккинчи маъно, биз баҳс қилмоқчи бўлган мавзуга муносиб маънодир.

Ижмоънинг истилоҳий таърифи ва шартлари

Ижмоъ шариатда ҳам алоҳида истилоҳий маъноларга эга. Жумладан, усул ал-фиқҳ илми истилоҳида ижмоъ қуйидагича таърифланади:
«Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан бўлган мужтаҳидлар, ул зотнинг вафотидан сўнг, қайси асрда бўлишдан қатъий назар бирор қавлий ёки феълий ва шаръий ҳукмга иттифоқ қилишларига «Ижмоъ» деб айтилади».
Таърифга разм солар эканмиз, ижмоънинг қуйидаги шартлари ойдинлашади:
1- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги давр. Ижмоъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин, шариатга далил сифатида киритилган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик даврларида ижмоъ шаръий далилга ҳисоб қилинмаган. Чунки, у даврда ижмоъга ҳожат ҳам бўлмаган. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳар бир муаммони ҳал қилиб берардилар.
2- Аҳли ижмоъ – мужтаҳидлар. Ижмоъ уммати Муҳаммадия ичидан, фақатгина ижтиҳод мартабасига ета олган фақиҳлар тарафидан собит бўлиши мумкин. Ижтиҳод мақомига етмаганларнинг ижмоъси луғатан ижмоъ дейилса-да, шариатда далил бўла олмайди. "Усули Шоший"да авомнинг, шунингдек, мутакаллимлар ва усули фиқиҳни билмайдиган муҳаддисларнинг гапларининг эътибори йўқ, дейилган.
«Мийзонул усул»да ижмоъ аҳлидан бўлиш учун, аҳли суннат вал жамоатдан бўлиш, аҳли бидъат ва аҳли фисқ бўлмаслик шарт қилингани айтилган (Мийзон, 492 /с). Демак, ижмоъ собит бўлишида, бидъат билан танилганларнинг хилофига эътибор қилинмайди. Ижмоъ, аҳли ижмоънинг ҳурмати, фазилати ва каромати юзасидан ҳужжат деб олинади. Бидъат аҳлининг эса на ҳурмати ва на фазилати бор. Шунингдек, аҳли суннатда бўлган мужтаҳидлар бир ё икки киши эмас, балки, бир қанча адад бўлиши лозим. Чунки, фикрий иттифоқ бир ё икки кишидан эмас, балки, кўпчиликдан содир бўлади.
3- Бир асрга хосланмаслик. Ижмоъ маълум бир асрга хосланган эмас. На саҳобалар ва на тобеъинлар асрига. Қайси асрда бўлишидан қатъи назар, мужтаҳидлар иттифоқи ила собит бўлса, уни шаръий далил ўлароқ қабул қилинаверади. Баъзилар ижмоъ фақат саҳобаларга хос деганлар.
4- Иттифоқ. Ижмоъда айни аср мужтаҳидларининг барчасининг бирдамлик ила иттифоқи шарт. Агарда баъзилар бир қарор қилиб, бошқалар унга хилоф қилсалар, бу ижмоъ бўла олмайди. Иттифоқ ижмоънинг шартигина бўлиб қолмай, балки унинг рукни ҳамдир. Шуни билиш лозимки, фақиҳларга кўра ижмоъда мужтаҳидларнинг энг кўпчилиги иттифоқ қилиши лозим. Ижмоъ бўлган даврнинг бир ёки икки нафар олими қарши чиқишининг эътибори йўқ. Чунки, бутун олимларнинг мутлақ ҳаммаси бир фикрга келишлари воқеъликда мумкин эмас.
5- Ижмоъ уммати Муҳаммадиянинг омматан мужтаҳидлари орасида собит бўлади. Яъни, махсус бир мазҳаб ёки оқим, муайян бир шаҳар ёки қавмнинг ичида ўзаро ижмоъ собит бўлмайди. Балки, даврнинг мужтаҳиди деб тан олинган барча аҳли суннат вал жамоат фақиҳларининг иттифоқи шарт. Айрим тадқиқотчилар: «Мадиналикларнинг ижмоъси ҳужжатдир», деганлар. Яна бошқалар, масалан, шиалар: «Ижмоъ фақат аҳли байтдангина бўлади», деганлар.
6- Ижмоъ шаръий ҳукмлардагина бўлади. Ибодат ва муомалотда ҳаром-ҳалол, вожиб-мубоҳ каби ҳукмларни исбот қилади. Дунёвий ишларда ижмоъ собит бўлмайди. Ижмоъ заруриёти диндан бўлган ақлий масалаларга ҳам дахлдор эмас. Яъни, Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлиги, жасадлар қайта тирилтирилиши каби масалаларга ижмоъ билан ҳужжат қилинмайди.

Ижмоънинг сабаблари

Мужтаҳидлар бир нимага ижмоъ қилишларида икки нарсани сабаб қилиб кўрсатадилар. Ана шу икки сабаб билан вужудга келган ижмоъ ҳамиша ўз кучида туради ва умматнинг бирдамлигини таъминлайди.
1- Сабаб усулийлар истилоҳида «ноқил» ("нақл қилувчи") дейилади. Яъни, ижмоъ ҳақидаги хабар кейинги умматга нақл этилиши шарт. Янада тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, бирор ҳукмга ижмоъ қилиниб, қатъий қарор қабул қилинишининг биринчи сабаби, кейинги уммат ҳам бу ижмоъдан хабардор бўлмоғи ва ўзидан олдинги уммат билан бир йўлда давом этмоғи лозим бўлади.
2- Сабаб усулийлар истилоҳида «доъий» ("даъват қилувчи") дейилади. Яъни, ижмоънинг санади – суянадиган далили бўлиши шарт. Шаръий ҳукмни ижмоъ йўли билан эълон қилинганда, унга бирор шаръий суянчиқ бўлиши лозим. Суянчиқ бу ижмоъ қилинаётган масала мавзусига доир, шаръий далилдир. Санадсиз ижмоъ, ижмоъ ҳисобланмайди. Чунки, мужтаҳидлар шаръий ҳукмни жорий қилишларида албатта шаръий далилга асосланишлари лозим. Ўз-ўзидан аёнки, шахсий фикр билан қарор қабул қилиш хатога олиб бориши мумкин. Айни санад, мужтаҳидларни бир фикрга жамловчи доъий – даъватчи омил ҳисобланади.

Ижмоъ санадининг фойда ва мисоллари

Ижмоънинг санади китоб, суннат ва қиёсдан бўлиши ҳам мумкин.
Қуръони каримга суянган ижмоъга мужтаҳидларнинг инсон ўз онасига уйланиши ҳаром деб ижмоъ қилганларини мисол келтира оламиз. Бу ижмоънинг санади Аллоҳ таолонинг: «Сизларга оналарингиз ҳаром қилинди», (Нисо 23) деган ҳукми эди. Мазкур ояти кариманинг ўзи оналарга уйланиш ҳаром эканини исбот қилса-да, ижмоъ бу ҳукмни янада қувватлади.
Ҳадиси шарифга - хабари аҳодга суянган ижмоънинг мисолига уламоларнинг: «Таомни қабз қилишдан олдин яъни, таом сотиб олувчи, таомни қўлига буткул олишидан олдин, ўша таомни бошқага сотиб юбориши мумкин эмас!» деган ҳукмга ижмоъ қилганларини келтиришимиз мумкин бўлади. Бу ижмоънинг санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: «Таомни қабз қилишдан олдин сотманглар!», деган қавли эди. Бу ижмоъ туфайли, зонний далил бўлган аҳод хабарнинг ҳукми янада қувватланди ва қатъийлик даражасига кўтарилди.
Қиёсга суянган ижмоънинг мисолига рибо – судхўрлик турлари тўғрисидаги ижмоъни келтиришимиз жоиз. Уламолар ўртасида: «Гуруч савдосида ҳам рибо бўлиши мумкин», деган масалада ижмоъ қилинган. Бунинг санади қиёс эди. Яъни, ҳадисда санаб ўтилган, рибо жорий бўлиши мумкин бўлган олти нарсага гуручни ҳам қиёс қилдилар. Шу билан, гуручни гуручга айирбошлашда нақд ва теппа-тенг миқдор шарт деб қатъий қарор қилинди. Ҳадиси шарифда, тилло, кумуш, хурмо, буғдой, туз ва арпалар санаб ўтилган эди. Демак, уламолар ҳадиси шарифда рибонинг турларидан олтитасигина мисол тариқасида келтирилган, қолганларини уларга қиёс қилинади, деб тушунганлар ва ҳақли ижмоъга бирлашганлар.
 Ижмоъ санадга суянар экан, бунинг учта фойдаси борлигини айтиб ўтиш ўринли:
1- Далил устида баҳс соқит бўлади. Яъни, ижмоъга санад бўлган далил устида баҳслашиш мумкин эмас. Янги ҳукм чиқариш учун ижтиҳодий баҳс ва фикрлаш жоиз бщлмайди. Бу нарсаларга ижмоъ билан чек қўйилади.
2- Ҳурматул мухолафа. Яъни, санад асосида чиқарилган, аниқроғи, Қуръон ва ҳадисдан далили бўлган ижмоъга мухолафат қилиш ҳаром бўлади.
3- Ижмоъ билан чиқарилган ҳукм қатъийга айланади ва уни қабул қилиш вожиб бўлади. Демак, мусулмонларнинг мужтаҳидлари жамоаси қилган ижмоъга шак-шубҳа билдириш жоиз эмас. Ижмоъ далилларини қайта кўриб чиқиш, ижмоъ ва унинг далилларига шубҳа назари билан қараш, далил устида қайта мунозаралар қилиш кабилар ижмоъ билан бартараф этилади. Айниқса, санад, ҳабари оҳод ёки қиёсдан иборат бўлган ҳолларда ижмоънинг қатъийлиги янада ошади.
Юқоридаги учунчи фикрдан келиб чиқиб, «Ижмоъ собит бўлишида далилга ҳожат йўқ», деган тоифа ҳам бўлганлигини таъкидлаб ўтиш керак бўлади. Улар мутакаллимлардан иборат кам сонли, кичик бир жамоа эди. Уларнинг фикрлари қуйидагича: «Ижмоъ агар далил асосида бўлса, масаланинг ҳужжати ижмоъ бўлмайди. Балки, унинг суянчиғи ҳужжатнинг ўзи бўлиб қолади. Шундай экан, ижмоънинг ҳужжат сифатида тан олиниши учун суянчиққа ҳожат йўқ», дейдилар.
Жумҳурнинг наздида санад шартдир. Улар мухолифларига қуйидагидек раддия қиладилар: "Ҳеч бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан юқорида эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукм қилишларида доим далилга асосланар эдилар. Ул зотнинг далили ваҳй ёки далил асосидаги ўз ижтиҳодлари бўлар эди. Шундай экан, ҳар бир мужтаҳид, ижтиҳодида далилга асосланиши шартдир!".
«Суянчиқ шарт» деганларнинг орасида ҳам, хабари аҳод ва қиёснинг «суянчиқ бўла олиш» масаласида ихтилофлар бўлган. Тўрт имом ва уларнинг издошлари, хабари аҳод ҳам, қиёс ҳам ижмоънинг суянчиғи бўла олади, деганлар. Довуд Зоҳирий (р.ҳ.) ва унинг тобеълари, Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (р.ҳ.), шунингдек, шиалар ҳамда мўътазилийлардан бир қисми: «Ижмоъ фақат қатъий далилга суянади. Ижмоъни қатъий далил деб олганимиздан кейин унинг санади ҳам қатъий бўлиши лозим. Зонний далил ижмоъга санад бўла олмайди», дейдилар.
Бу фикрга аҳли суннат уламоларининг жавоби қуйидагича: «Ижмоънинг қатъий ҳужжат экани унинг санади билан боғлиқ эмас. Балки, ижмоънинг қатъий ҳужжат бўлиши уммати Муҳаммадиянинг каромати, фазилати ва уларнинг залолат устида жамланмаслиги билан боғлиқдир. Уммат бирор фикрда жамланар эканми, уларнинг ҳидоятда бирлашганига шубҳа йўқ! Шундан келиб чиқиб, уммат ижмоъси қатъий ҳужжатдир, деб айтамиз. Шунингдек, агар «Санад фақат қатъий бўлиши лозим», деган тақдиримизда, ижмоъ бефойда, лағв нарса бўлиб қолар эди. Чунки, унинг далили фақат қатъий бўлса, унга асосланган қўшимча қатъий далилнинг ҳожати йўқ.
Табиий савол туғилади: Агар санад қатъий бўлса ижмоъ бекор бўлиб қолар экан, у ҳолда санади қатъий бўлган ижмоълар ҳам борку?. Бунга нима дейсиз?
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Усулул фиқҳ» асарида юқоридаги саволга жавоб бериб, суянчиғи Қуръон ёки мутавотир суннатдан бўлган ижмоъ ўз суянчиғини қувватловчи омил вазифасини ўтайди, деб қайд қилганлар.
Шайх Мулло Али ал-қори (р.ҳ.) ҳам "Манор"нинг шарҳида ҳудди шундай жавоб берган эдилар.

Ижмоънинг турлари

Ижмоънинг турлари ҳақида гап кетадиган бўлса, тадқиқотчи олимлар унинг асосан икки хил бўлишини таъкидлаб келадилар:
1- Равшан ижмоъ. Мужтаҳидлар ўз фикрларини, азму-қарор билан баён қилиши натижасида равшан ижмоъ ҳосил бўлади. Масалан, уларнинг ҳаммаси: «Бу амалнинг ҳукми ҳаромдир», дейдилар. Бу ижмоъни: «Қовлий ижмоъ» ҳам дейилади. Ёки мужтаҳидларнинг бари иттифоқ билан бирор амални бажарадилар. Масалан, аҳли суннатдан деб танилган мужтаҳидлар омматан музораба – фойда-шерик амалини қила бошлайдилар. Бу ижмоъни «Феълий ижмоъ» дейилади.
Демак, ижмоъ икки йўл билан собит бўлиши мумкин. Аҳли ижмоъ мужтаҳидларнинг сўзлари ёки феъллари билан. Ҳар иккисида ҳам мужтаҳидларнинг азму-қарори асосий омил саналади. Яъни, равшан ижмоънинг рукни бу аҳли ижмоънинг бил-иттифоқ азму-қароридир.
«Равшан ижмоъ»ни тўрт мазҳаб фақиҳлари бирдек, қатъий далил сифатида тан оладилар. "Усули Шоший"да мазкур ижмоъ турини Аллоҳ таолонинг ояти ўрнида дейилган.
Абдул Ваҳҳоб Ҳаллофнинг ёзишича, равшан ижмоъ асосан саҳобалар даврида оммалашди. Ундан кейин, ҳижрий иккинчи асрда яшаб ўтган, айрим Андалус олимларининг таржимаи ҳолларида, уларнинг аҳли ижмоъдан бўлгани қайдлаб ўтилган. Ҳижрий иккинчи асрдан кейин эса, мужтаҳидлар бирор шаръий масалада ижмоъ қилмадилар. Улар ҳар бирлари ўз юрти ва ватанларида мустақил ижтиҳод ила ҳукм қила бошладилар.
2- Сукутий ижмоъ. Айрим мужтаҳид уламолар ўз фикрларини баён қилганларида, бу ҳабар бошқа мужтаҳидларга етиб боргач, улар айни ҳукм ҳақида мулоҳаза қилиб тааммул қилгудек вақт мобайнида улар томонидан, тасдиқ ё инкорий фикр билдирилмаса, яъни улар айни масалада сукут қилсалар, "сукутий ижмоъ" собит бўлади.
Шарт қилинган муддат ҳабар етиб борганидан кейин уч кунгача деб белгиланган. Баъзи қавлга кўра эса бир илм мажлисига етарли муддат, деб ҳам айтилган.
Шунингдек, мужтаҳидларнинг бир қисми, бирор амални бажарсалар. Уларнинг бу феъллари ҳақидаги ахборот бошқа мужтаҳидларга етиб борганида, улар бу ҳақида сукут қилсалар, яъни бу амални бажармасалар ҳам, инкор ҳам қилмасалар, ана шу йўл билан собит бўлган ижмоъ "сукутий ижмоъ" ҳисобланади.
Демак, вужудга келишининг эътиборидан, бу сукутий ижмоъ ҳам, қавлий ва феълийга ажратилади.

"Сукутий ижмоъ"нинг шаръий далил экани ҳақида

Сукутий ижмоънинг, ижмоъ бўлиши ва ҳужжат деб олинишида, ҳар-хил гаплар бор. Аҳи суннат вал жамоатнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаб фақиҳлари томонидан сукутий ижмоъ қатъий далил сифатида тан олинган. У ҳанафий ва ҳанбалий олимлари тарафидан билиттифоқ қатъий далил дейилади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Усулул фиқҳ» асарида сукутий ижмоъ ҳанафий ва ҳанбалийларда қатъий ҳужжат эканини, моликий ва шофеъийларда эса ижмоъ ҳам, ҳужжат ҳам эмаслигини зикр қиладилар (Усулул фиқҳ, 101 с.). «Усулул фиқҳ»даги моликий ва шофеъийларда сукутий ижмоъ ижмоъ ҳам, ҳужжат ҳам эмас, деган гап уларнинг мазҳабларидаги ихтилофли фатвога асосланган. Ушбу мазҳабларнинг муҳаққиқ алломалари жумҳурнинг фикрига – сукутий ижмоънинг далил ва ҳужжат эканига қўшилганларини зикр қилиб ўтиш ўринли.
Моликий олимларидан қози Абул Валид Сулаймоннинг (вафоти 474 ҳ) «ал-Ишора фи маърифатил усул вал важоза фи маърифати ад-далил фи усул ал-фиқҳил моликий» асаридан моликий мазҳабида ҳам сукутий ижмоъ ҳужжат сифатида тан олинганини билиш мумкин. У бу борада қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Агар бир саҳоба ёки имом бирор ҳукмни эълон қилса ва бу ҳукм атрофга тарқалса, унга бирор мухолиф ё мункир чиқмаса, бас у ижмоъдир ва қатъий ҳужжатдир. Асҳобларимизнинг жумҳури, шунингдек, Абу Ҳанифа ва Шофеийнинг асҳоблари ҳам шунга қарор қилганлар».
Муаллиф бу иборадан кейин, қози Абу Бакр Боқилоний (р.ҳ.) ва Довуд Зоҳирий (р.ҳ.) сукутий ижмоъни ижмоъ деб тан олмаганларини айтади ва ўзининг ушбу далилини келтиради:
«Одатда бир ҳукм ер юзига тарқалар экан, унга бирор мухолиф маълум бўлмаса, балки сукут қилсалар, уларнинг сукути розилик деб баҳоланади. Агар унга бирор мужтаҳид мухолиф бўлганида эди, у сукут қилмас эди. Балки, ўз фикрини баён қилишга шошилган бўлар эди. Шундай экан сукут розилик деб олинади ва ижмоъ собит бўлади. Агар сукутий ижмоъни далил деб билмасак, бугунги кунда ижмоъ ҳам, у билан ҳужжат қилишлик ҳам ботил бўлиб кетар эди. Чунки, ер юзида бизга номаълум қанча-қанча аҳли ижмоъ олимлар бор. Уларнинг барчасини бир жойга жамламоқ амри маҳолдир» (ал- Ишора фи маърифатил усул вал важоза фи маърифати ад-далил фи усул ал-фиқҳил моликий, 54 с.).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг юқоридаги гапларидан англашиладики, шофеъий уламолари орасида ҳам сукутий ижмоънинг ижмоъ эканида ихтилоф бор. Ҳанафий олимларидан, ҳамюртимиз Абул Баракот Ҳофизуддин ан-Насафий (р.ҳ.) «Манор»нинг матнида сукутий ижмоъни ижмоъ эканига шофеъийларнинг хилофи бор, деб қайд қилиб ўтганлар. Аллома Зайнуддин ибн Нужайм ал-Мисрий ал-Ҳанафий ҳам (вафоти 970 ҳ) ҳам "Манор"нинг шарҳи «Фатҳул ғаффор»да сукутий ижмоъ шофеъийларда ҳужжат эмас деганлар.
Аммо, шофеъийларнинг кўзга кўринган уламоларидан Тожуддин ас-Субкий (р.ҳ.) эса (вафоти 771 ёки 772 ҳ) «Жамъул жавомеъ» асарида: «Сукутий ҳам ҳужжатдир. Баъзи уламолар унинг ижмоъ бўлишида аср инқирозини шарт қилганлар. Яъни, ҳукм эълон қилинган аср ўтиб, кейинги асрга қадар мухолиф чиқмаса, у кейинги асрдан ижмоъ ҳисобланади, деганлар. Саҳиҳ шуки, сукутий ҳам қатъий ҳужжатдир. Унинг «Ижмоъ» деб номланишидаги хилоф лафзийдир», деганлар.
Шунингдек, шофеъий олимларидан Абу Исҳоқ Иброҳийм Шерозий (р.ҳ.) шофеъий усули фиқҳида ёзилган «ал-Лумъа» асарида ҳам Тожуддин Субкий (р.ҳ.)нинг сўзига яқин гапни айтганлар. «Васийт»нинг шарҳида ал-Футуҳий (р.ҳ.) имом ан-Нававий (р.ҳ.)дан сукутий ижмоънинг ҳужжат эканини нақл қилган.
Холид Муҳаммад Абдулвоҳид ал-Ҳанафий (р.ҳ.) «Ифазатул анвар»нинг таҳқиқида: «Сукутий ижмоънинг ҳужжат эканида кўп гаплар бор. Шофеъий мазҳабида энг тўғри гап шуки, сукутий ижмоъ ижмоъдир ва қатъий ҳужжатдир. Бу ҳақида ироқликларнинг китобларида батафсил айтилган», деб ёзади.
Хатиб Бағдодий (р.ҳ.) «Саҳиҳул фақиҳ вал мутафаққиҳ» китобида сукутий ижмоъни қатъий ҳужжат ва ижмоъ эканини билдирганлар.
Хулласи калом, сукутий ижмоъ шофеъий мазҳабида ҳам қатъий ҳужжат саналади.
Жазоирлик шайх Абдулазиз ибн Рийс ҳижрий 1429/ ражаб /08 санасидаги илмий анжумандаги чиқишида сукутий ижмоънинг мисоли тариқасида икки масалани кўрсатиб ўтган эди:
1- «Қуръонни махлуқ – яратилган, деган киши кофирдир!» деган масала.
2- «Аҳли бидъатни ҳажр қилишлик ва у билан муносабатларни узишлик лозим!» эканига боғланган ижмоъ.
Шайх Абдулазиз ибн Рийс айтадики, сукутий ижмоъни ҳужжат санамаганлар, шу масалаларда аҳли бидъатлар билан бир хил фикрда бўлдиларми ёки ҳамма қилган мана шу икки масаладаги ижмоъи сукутийга қўшиладиларми?!

Ижмоънинг шаръий ҳужжат экани

Аҳли суннат фикрича, уммати Муҳаммадиянинг ижмоъси китоб ва суннат каби шаръий бўлиб, қатъий ҳужжат сифатида тан олинади. Зотан, уммат, залолат ва хатода жамъ бўлмаслиги ҳақида кўплаб нақлий далиллар мавжуд. Ижмоънинг ҳужжат эканини биринчи бўлиб инкор қилган шахс Низом Мўътазилийдир. Шунингдек, шиалар ҳам ижмоъни қабул қила олмайдилар. «Усулул фиқҳ» фанида китоб ёзган кўплаб муаллифлар, ижмоънинг ҳужжат эканига қуйидаги ояти каримани далил сифатида келтирганлар:
وَمَن يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِن بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَى وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ وَسَاءتْ مَصِيراً
«Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўъминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!».
Шай[ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари "Тафсири Ҳилол"да, мазкур ояти кариманинг сабаби нузулини изоҳлаш жараёнида, оят маълум шахсга ишора қилиб турган бўлса-да, унинг ҳукми умумий эканини айтади. Дарҳақиқат, мўъминлар жамоаси айни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидадирлар! Мўъминлар жамоасини тан олмаган ўзбошимчалар эса жаҳаннам сари борувчи адашганлардир!
Айтишларича, Имом Шофеъий (р.ҳ.)дан ижмоънинг ҳужжат эканига далил сўрашганида мазкур ояти каримани ўқиб эшиттирган ва "Қуръонни уч юз марта ўқиб, ижмоънинг ҳужжат эканига энг катта далил мана шудир!", деб таъкидлаган экан.
Яна Ҳофиз Хатиб Бағдодий (р.ҳ.) «Саҳиҳул фақиҳ вал мутафаққиҳ» асарида, ижмоънинг ҳужжат эканига қуйидагича далиллар келтиради. Аллоҳ таоло айтади:
وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطاًلِّتَكُونُواْ شُهَدَاء عَلَى النَّاسِ...
«Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта (одил, адолатли) миллат қилдик…».
Умматнинг одил эканини айтган Аллоҳ таоло уларни залолатда жамламаслиги муқаррардир. Одил умматнинг жамоаси доимо ҳақда бўлади!
Аллоҳ таоло Нисо сурасида қуйидагича хитоб қилади:
فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللّهِ وَالرَّسُولِ ...
«..Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг….».
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло мўъминлар ихтилоф қилиб қолган вақтларида ишни Аллоҳ ва Расулига қайтаришлари, бу ишнинг ҳукми борасида Аллоҳ ва унинг Расулига мурожаат қилиш кераклиги лозимлигини уқтиряпти. Агар мўъминлар ихтилоф қилмасдан иттифоқ қилсалар-чи? У ҳолда, мўъмин-мусулмонлар ўша иттифоқлари бўйича амал қиладилар.
Шунингдек, Абу Молик Ашъарий (р.а.)дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Аллоҳ таоло сизларни учта зиёндан асради. 1-Пайғамбарингиз, сизни дуо-бад қилмайдики, барингиз ҳалок бўлсангиз. 2- (Ораларингизда) ботил тараф ҳақ тарафга ғолиб бўлмайди. 3- Залолат устида жам бўлмайсизлар».
Залолатда жам бўлмаган умматнинг ижмоъси доим ҳидоятда бўлади. Шундай экан, умматнинг ижмоъси ҳақ ҳужжатдир!
Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бани Исроил етмиш бир фирқага ажраб кетди. Менинг умматим, тез кунларда етмиш икки фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг бари дўзаҳдадир. Магар бир фирқа бундан мустасно. Огоҳ бўлинг, у жамоатдир!».
Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч хислат бордирки, мўъминнинг қалби улар билан тўғри йўлдан тоймайди. 1- амални холис Аллоҳ учун қилишлик. 2- ишбошилар билан яхши муносабатда бўлишлик. 3 – мусулмонлар жамоъасини маҳкам тутишлик».
Юқоридаги саҳоба Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган икки ҳадис ҳам мусулмонлар жамоаси доимо ҳақ устида бўлишини билдириб турибди.
Шунингдек, тобеъинларнинг улуғларидан Шаъбий (р.ҳ.)дан ривоят қилинади: Умар разийаллоҳу анҳу Шурайҳга мактуб ёзди: «Аллоҳнинг китоби билан ҳукм қилгин. Агар сенга, Аллоҳнинг китобида бўлмаган нарса келса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннати билан ҳукм қилгин. Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатида учрамаган муаммога дуч келсанг, мусулмонлар жамоасига этибор қил!».
Умар разийаллоҳу анҳунинг ушбу мактуби ҳам китоб ва суннатдан кейинги шаръий ҳужжат бу ижмоъи уммат эканини очиқ билдириб турибди.
Ислом тарихига диққат қилар эканмиз, ўтмишдаги мусулмонларнинг ҳар бир муаммони аҳли илмлар билан кенгашиб, маслаҳат ила амалга оширганликларини билиб оламиз. Бу ҳам ижмоънинг нечоғлик муҳим эканини билдиради.

Ижмоънинг мартабаси ва ҳукми

Ижмоъ бир неча мартабаларга ажратилади. Энг юқори поғонани, табиийки, саҳобаларнинг ижмоъси эгаллайди. Саҳобалар ижмоъсидан равшан ижмоъ биринчи мартабада бўлиб, у худди оят ва мутавотир хабар каби ҳукми қатъийдир ва илми яқинийни ифода этади. Равшан ижмоъ қайси асрга мансуб бўлишидан қатъий назар унинг мункири иттифоқан кофирга ҳукм қилинади.
Ижмоънинг иккинчи нави бўлмиш сукутий ижмоъ, мартабада ҳам иккинчидир. Унинг ижмоъ эканида ихтилофлар бўлгани туфайли унинг мункири кофирга чиқарилмайди. У худди омм қабилидаги оятлар каби олинади. Шундай бўлса-да, сукутий ижмоъни бузганлар, аҳли суннат наздида аҳли бидъат ва аҳли залолат деб ҳукм қилинади.
Учинчи мартабада кейинги умматнинг, салафлар ихтилоф қилмаган масаладаги ижмоъси туради. Бу тур ижмоънинг ҳукмини инкор қилганлар ҳам кофирга чиқарилмайди. Аммо аҳли бидъат, аҳли залолат дейилади.
Уммат агар бирор масалада икки ҳил қарашга эга бўлса, бу ҳол улардан ижмоъ ўлароқ қабул қилинади ва учинчи фикрни чиқариш ҳаром бўлади. Аммо кейинги уммат бу икки ҳил фикрдан бирига ижмоъ қилсалар, бу ижмоъ, ижмоъ мартабалари ичидан сўнггисини банд этади. Бу турдаги ижмоъ хабари аҳод (ҳадислар) билан бир ҳил манзилда ҳисобланади. Бу ижмоънинг мункири залолатда дейилмайди. Шунингдек, бу ижмоъни уламоларнинг келишувига қараб, бир ёки икки аср ичида ўзгартириш ҳам мумкин. Аммо юқоридаги ижмоъларнинг ҳукми, ҳеч бир асрда ўзгармайди, то даври қиёматгача ўз кучида қолади.
Сўнгги мартабадаги ижмоъга мисол тариқасида айтишимиз мумкин: қадимда аҳли илмлар эшак гўштининг ҳукмида ихтилоф қилганлар. Кейинчалик эса унинг ҳаромлигига ижмоъ қилинган. Шунингдек, подшоҳга қарши бош кўтариш масаласида ҳам саҳобалар орасида икки ҳил қараш бўлган. Кейинчалик эса бу масалада ҳам уммат бирдамлик йўлини тутиб, «Подшоҳга қарши чиқиш бидъат, залолат ва ижмоъга хилофдир!» деган ҳукмда ижмоъ қилганлар.
Хатиб Бағдодий (р.ҳ.) «Саҳиҳул-фақиҳ вал мутафаққиҳ» асарида шундай ёзишича, ижмоъ икки қисмга бўлинади.
1- Хос ва авомнинг ижмоъси. Масалан: каъбанинг қибла экани, рамазон рўзасининг фарзлиги, ҳажнинг вожиблиги каби масалаларда аҳли ижмоънинг ҳам ва аҳли авомнинг ҳам ижмоъси собит бўлган. Бу қисм ижмоъни бузганлар, иймондан ажрайди, уларни тавба қилдириш лозим бўлади. Тавба қилсалар яхши, акс ҳолда қатл қилинадилар.
2- Хос зиёлиларнинг ижмоъси. Масалан: жинсий муносабат ҳажни фосид қилиши; шунингдек, рўзани бузиши; даъвогарга ҳужжат-гувоҳ, инкор қилувчига эса қасам лозим бўлиши; бир аёлни унинг аммасининг устига никоҳланиши, шунингдек, холасининг устига никоҳланишининг ҳаром бўлиши каби масалалар. Бу масалаларда хоснинг ижмоъси бор, авомники эмас. Бу турдаги ижмоъни бузганларни жоҳил деб баҳоланади ва унга таълим берилади. Агар қабул қилсалар, яхши. Рад қилсалар, уларга: «Сен ҳақни тан олмайдиган қайсар кимса экансан!» деб айтилади.
Салафи солиҳинлар йўлга қўйган ижмоъни ижмоъ ҳолича, хилофни хилоф ҳолича қабул қилиш умматга вожибдир! Салафлар ижмоъсини бузиб, динда янгилик қилиш ҳаромдир! Асло жоиз эмас! Агар бир масаланинг ҳукми салафи солиҳинлар орасида икки хил бўлиб келган бўлса, ўша масаладаги хилоф, ижмоъ деб қабул қилинади ва халаф - кейингиларга учинчи фикрни чиқариш ҳаром бўлади. Учинчи фикрни даъво қилишлик ижмоъни бузишлик деб баҳоланади.
Умар ибн Абдулазиз (р.а.)дан ривоят қилинади: у киши айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зотдан кейинги раҳбарлар бизга бир қанча суннатларни қолдириб кетган. Уларни олишлик Аллоҳнинг китобини тасдиқлаш билан баробардир. Шунингдек, улар қолдирган суннатларни тутишлик Аллоҳга итоат қилишликнинг мукаммал кўринишидир, дини исломга қувватдир. Уларнинг суннатини ўзгартиришлик, алмаштиришлик ва уларга хилоф қилганларнинг сўзига эътибор беришлик ҳеч кимга мумкин эмас! Ким салафлар суннатига эргашар экан, бас, у албатта ҳидоят топади! Ким уларга мухолиф бўлса ва мўъминлар йўлидан бошқа йўлга юрса, Аллоҳ уларни ўзлари танлаган йўлларида қолдиради ва Жаҳаннамга киргизади. Жаҳаннам нақадар ёмон жой!!!" (Саҳиҳул-фақиҳ вал мутафаққиҳ, 170 с.).

Бугунги асримизда ижмоънинг имкони борми?

Бу саволга жавоб топиш жуда осон. Бу учун ижмоънинг истилоҳий таърифи ва шартларига назар қиламиз. Таърифда, ижмоъ бирор асрга хосланган эмаслиги кўрсатилган. Демак, шартлар ҳосил бўлса, ижмоъ ҳар қайси даврда, ҳатто бугунги кунимизда ҳам вужудга келиши мумкин. Балки, янги-янги муаммо ва ихтилофларга бой бугунги замон ижмоъга жуда-жуда муҳтож деб айтсак, хато қилмаган бўламиз.
Аммо, бугунги кунимизда ижмоънинг шартлари тўлиқ топиладими, ўзи?! Салафи солиҳинлар давридаги мужтаҳидлар каби етук фақиҳларни бугун топа оламизми?! Агар уларни бор деб фараз қилганимизда, уларнинг барини бир жойга жамлаб машварат, кенгаш ташкил қилишнинг имкони борми? Аҳли қиблага мансуб тоифаларнинг ададини санаб саноғига етиш мушкул бўлган бу кунларда Аҳли сунна мужтаҳидларини улардан ажратиб олишнинг имкони бормикин? Мана шу саволларга жавоб топиш муаммо.
Бу ҳақида мулоҳаза қилар экансиз, ўз-ўзидан жавоб ҳосил бўладики, бу даврда равшан ижмоънинг имкони жуда қийиндир. Балки йўқдир ҳам. Уламолар кейинги асрларда ҳам бир қанча ҳукмлар ижмоъ йўли билан собит бўлганини билдирганлар. Аммо ўша ижмоъларнинг аксари ҳам сукутий йўл билан собит бўлган бўлса ажабмас. Чунки, салафи солиҳлар даври билан ҳозирги даврни бир-бирига асло таққослаб бўлмайди. Илгари мусулмон уммати озчилик эди. Ислом ҳукмлари саноқли ўлкалардагина жорий эди. Шунингдек, ўтган даврларда мужтаҳидлар барчага маълум ва машҳур эди. Уларни бир жойга жамланишлари осон эди. Равшан ижмоънинг собит бўлиши учун энг қулай шароит бу салафи солиҳлар даври эди.
Буларни ўйлар эканмиз, ислом дунёнинг деярли ҳамма нуқтасига етиб борган бугунги кунда, равшан ижмоънинг воқеъ бўлишига умид ҳам қила олмаймиз. Лекин, сукутий ижмоъдан умидимиз йўқ эмас. Фиқҳий анжуманлар, фиқҳий академиялар чиқараётган қарорларга уммати муҳаммадиянинг фақиҳ уламолари ва мазҳаб ичидаги ўзига хос "мужтаҳид"ларининг мазкур қарор ва ҳукмларга қўшилишлари ва ёки сукут қилишлари бу хилдаги сукутий ижмоъга сабаб бўлса ажаб эмас. Бундай ижмоъга ҳам жами мусулмонлар оммаси якдиллик билан қўшилсалар, ана шунда исломнинг бирлиги, бирдамлиги, мусулмонлар иттифоғи таъминланган бўларди.

Хулоса

Ижмоънинг туб-моҳияти ва мақсадини фаҳмлар эканмиз, қуйидаги хулоса ҳосил бўлади: Ижмоъ уммати Муҳаммадия учун Аллоҳнинг раҳмати ўлароқ йўлга қўйилган шаръий муқаддас одат бўлган. Ижмоъ китоб ва суннат каби қатъий ҳужжатдир! Уммат пешволари, салафларимиз жамланиб, уммат бирдамлиги ташвишида, уларни ихтилофлардан сақлаш мақсадида ижмоъ билан иш кўрган эканлар. Ижмоъни қабул қилмоқ диний бирдамликни таъминлаш деганидир. Унга мухолиф бўлмоқ ёки мухолифларга эргашмоқ динни бузишлик, умматни парчалашлик демакдир. Ижмоъ масалаларини уламолар халққа кўрсатиб беришлари, ижмоъга қарши чиқмасликка чақиришлари керак. Аҳли илмлар ижмоъ масалалари борасида баҳс-мунозара қилмасликлари, уларни якдиллик билан қабул қилишлари, унинг равшан ва сукутий турларини бир хилда амалда қўллашлари ислом динидаги мусулмонларнинг бирдамлиги ва иттифоқини таъминлайди.

Мақола муаллифи: Ботирали Алишер ўғли (Андижон шаҳар "Уйғур" жомеъ масжиди нойиби).
Муҳаррир: Ҳамидуллоҳ Беруний
 
« Олдинги   Кейинги »