Еру осмон ғавғоси Принтер учун
28.07.2013 й.

Бир вақтлар фалсафа, мантиқ каби илмларни ўрганиш урф бўлиб, ҳар бир нарсага шу илмлар нуқтаи назаридан қараш одат бўлган эди. Кўпчилик ҳатто Қуръон ва ҳадисга ҳам шу асосда ёндашишга ўтиб кетди. Айримлар ўзларини ўта билимли фаҳмлаб, Қуръон ва Суннатдаги маълумотлардан камчилик топишга ҳам ҳаракат қилиб қолишди. Шунда уламоларимиз оят-ҳадисларни фалсафий, мантиқий жиҳатдан ўрганиб, уларда бу маънода ҳам ҳеч қандай камчилик йўқлигини, балки уларнинг айнан ушбу жиҳатдан ҳам тенги йўқ манба эканини исботлаб беришди. Шундай қилиб, Ислом ҳақида тарқалган шубҳалар бартараф бўлиб, иймонида шубҳага тушган кишилар куфр балосидан сақланиб қолган эди. Ўшанда имом Ғаззолий, Ибн Жавзий каби мутафаккирларимиз Қуръон ва ҳадиснинг илоҳийлигини, мукамаллигини исботлаш билан бирга, ҳар бир илмни ўрганишда ўзига хос йўл тутиш кераклигини уқтиргандилар, кишиларни фойдали илмлар билан машғул бўлишга ундагандилар.

Орадан йиллар, асрлар ўтиб, шароит тубдан ўзгариб кетди. Одамлар фалсафий фанлардан кўра кўпроқ табиий фанларга берилиб, бу борада аввалда мисли кўрилмаган ютуқларга эришишди. Энди кишилар ҳар бир нарсага табиий фанлар асосида ёндашиб, шу илмларга кўра баҳо берадиган бўлиб қолишди. Натижада, кўпчилик Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни ҳам шу асосда таҳлил қилишга интилиб қолди. Баъзи бир кишилар «фурсатдан фойдаланиб» Қуръон ва ҳадисни ушбу фанний тарозида ўлчаб, шу асосда уларга нисбатан шубҳа ўйғотиш йўлига ўтиб олди. Айрим ўзини билмаган кимсалар мана шундай «илмий тадқиқот»ни ўзига касб қилиб олиб, мусулмонларни динларида шубҳага солишни ўзларига мақсад қилиб олишгача боришди. Ниятлари чатоқ бўлганидан ўзлари ўраганаётган бу икки манбани холис ўргана олмасликлари аниқ эди. Агар уларнинг мақсадлари тўғри бўлганда, ҳақиқатни англаш бўлганида, инсоф қилар эдилар, бу икки муқаддас манбанинг илм-фанда тутган ўрнини англаб етар эдилар. Ана шундай фитначи тоифаларнинг иғволари кўпайгач, Ислом уламолари уларга муносиб жавоб бериш билан ўз бурчларини адо этишга киришишди. Улар шубҳаларга қарши керакли раддияларни бериш билан бирга, шубҳачиларнинг қаерда хатога йўл қўйганини ҳам кўрсатиб бердилар. Бу ҳақда қатор илмий мақолалар, жилд-жилд китоблар ёзилди ва бошқа ҳаракатлар ҳам бўлди. Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тавфиқи билан мусулмонлар куфр бўҳронининг янги босқинидан ҳам сақланиб қолдилар.

Бугунги кунда интернет тармоқларини кузатар экансиз, ўзбек тилидаги саҳифаларда ҳам мусулмонларни динларида шубҳага солишни мақсад қилган юқорида айтилганга ўхшаш гап-сўзлар пайдо бўлиб қолганига гувоҳ бўласиз. Агар уларни бир чеккадан таҳлил қилиб кўрсангиз, ҳаммаси туҳмат ёки тушунмовчиликдан келиб чиққан хаёл экани равшан бўлади. Аслида уларнинг кўпларига уламоларимиз аллақачон жавоб бериб қўйишган ва жавоблар ҳам оддий. Бироқ, халқнинг диний саводи етарли эмаслигидан фойдаланишга бўлган уриниш натижасида турли фитна-фасод гаплар тарқамоқда. Биз ҳозир ана ўшандай гаплардан бири – Ер ва Осмон ҳақидаги исломий тушунча ҳақида сўз юритамиз.

Динга қарши сафсата сотаётган саҳифалардан бирида қуйидаги маъноларни ўқиймиз: «Диний манбаларда ер текис, осмон том шаклида деб таърифланган. Бу эса воқеий ҳақиқатга тамоман зид экани кундек равшан. Демак, дин Худодан келмаган. Агар у оламни яратган Худо томонидан келган бўлганида, унда бундай хатога йўл қўйилмаган бўларди. Дин қадимги афсоналар асосида шаклланган. Осмонни том, ерни теккис дейдиган дин ҳақ дин бўла олмайди...».

Яна шунга ўхшаш баландпарвоз, тумтароқ гаплар кўп. Аввало, бу ерда «диний манбалар» деганда қайси диннинг манбалари назарда тутилган? Агар Ислом динининг манбалари кўзда тутилган бўлса, бу фикр Қуръон ва ҳадисда ҳақиқатан ҳам борми ёки бу даъволар уларни нотўғри тушунишдан келиб чиққанми? Ёки бу ердаги гап сохтаю ҳақиқий динларнинг ҳаммасига бир кўз билан қарашнинг оқибатими? Агар бу “шоввозлар” бирор диннинг ҳақлигини аниқлаш учун унда коинотга доир ҳақиқатлар тўғри баён қилинган бўлишини шарт қилиб олган бўлсалар, бирор динда ўша шарт топилса, унинг ҳақ дин эканини эътироф этишармикин?

Ушбу саволлар хаёлдан ўтар экан, бир муддат олдин шу ҳақда ўзим ўқиган айрим маълумотлар ёдимга тушди. Унда қадимги уламоларимизнинг айнан шу мавзу – ер ва осмоннинг шакли ҳақидаги баҳслари берилган эди. Дарҳол ўша манбаларни қайта ўқиб чиқиб, у ердаги маълумотларни сиз азизлар билан баҳам кўришни лозим топдим. Қуйидаги сатрлар ўша маълумотларнинг қисқача хулосаси ҳисобланади.

Қуръони Каримда шундай дейилади:

«У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган Зотдир. Ҳамма-ҳаммаси фалакда сузиб юрар».

(Анбиё сураси, 33-оят.)

Кеча ва кундуз деганда ер сайёрасидаги кеча-кундуз назарда тутилган бўлиб, бу билан Курраи заминга ишора қилинмоқда. Бундан ер, қуёш ва ойнинг фалакда сузиб юришини тушуниш мумкин. Шунинг учун ҳам оят сўнгидаги олмош фақат қуёш ва ойга ишора ўлароқ иккилик шаклида эмас, балки ерни ҳам қўшиб, кўплик шаклида келтирилмоқда.

Ёсин сурасида шундай марҳамат қилинади:

«На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳамма-ҳаммаси фалакда сузиб юрар» (40-оят).

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятнинг тафсирида: «Яъни ип йигирадиган чархга ўхшаш доирада», деган. Ушбу тафсир бошқа салафлардан ҳам нақл қилинган бўлиб, осмоннинг юмалоқ шаклда эканини англатади. «Фалак» сўзи араб тилида юмалоқ, доира шаклидаги нарсага нисбатан ишлатилади. Ип йигирадиган дук ҳам «фалкатун» дейилади. Оятда ер, қуёш ва ойни фалакда «айланиб юради» демай, «сузиб юради» дейилиши ҳам ақлли одам учун етарли ишорадир.

Демак, буюк саҳобий ва бир қатор салаф уламолар оятда ишлатилган биргина калиманинг мазмунидан, оятнинг далолатларидан келиб чиқиб, осмонинг шарсимон эканини хулоса қилишган экан.

Фотир сурсида шундай дейилади:

«У Зот кечани кундузга, кундузни кечага киргизади».

Оятда кеча ва кундузнинг алмашиб туришини айнан «киргизиш» сўзи билан ифодаланиши ернинг юмалоқ эканини тасвирлайди. Чунки кеча-кундуз бир-бирига киргизилиши, кириштирилиши учун ер юмалоқ бўлиши керак. Бу таъбир ерни ясси деб, қуёшни унинг атрофида айланади деган тасаввурга тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида шундай дейди:

«У Зот кечани кундузга, кундузни кечага ўрайди».

Ушбу оятдаги «ўрамоқ» деб ўгирилган «йукаввиру» феъли араб тилида ип, газмол каби нарсани доира шаклидаги нарсага ўрашни англатади. Араб тилида тўпни «куротун» дейилади, «Ер курраси» деган ибора ҳам айнан шу сўздан ясалган. Уламолар ушбу оятдан ернинг юмалоқ, тўп шаклида эканини тушунилади, деб айтганлар. Бу ҳақда алоҳида китоб ёзган уламоларимиз ҳам бўлган.

Тўртинчи ҳижрий аср алломаларидан Абу Ҳасан Аҳмад ибн Жаъфар Мунодий (в.336 ҳ.) раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Осмонинг тўп шаклида экани ҳақида уламолар ўртасида хилоф йўқ... Шунингдек, ер ҳам қуруқлигию денгизлари билан қўшилиб тўп шаклидадир. Қуёш, ой ва юлдузларнинг ер юзининг ҳамма жойида бир вақтда чиқиб-ботмай, мағрибдан олдин машриқда чиқиб-ботиши ҳам шунга далолат қилади».

Абу Муҳаммад ибн Ҳазм Андалусий (384/994 ‒ 456/1064) раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Ал-Фаслу фил-милал вал-аҳва ван-ниҳал» номли асарида «Ернинг тўп шаклида эканининг баёни ҳақида» алоҳида боб очиб, қатор далиллар келтирар экан, жумладан шундай дейди: «Далиллар ернинг тўп шаклида эканини тасдиқлайди, омма эса бошқача гап айтади?» дейишади. Аллоҳнинг тавфиқи билан бизнинг жавобимиз қуйидагича: «Илмда имомлик деган мақомга ҳақли бўлган мусулмон пешволаридан бирортаси ернинг тўп шаклида эканини инкор қилмаган. Улардан бирортасидан буни рад этадиган бирор калима нақл қилинмаган. Балки Қуръон ва суннатдаги далиллар унинг тўп шаклида эканини айтади».

Имом Фахриддин Розий (544/1149 ‒ 606/1209) раҳматуллоҳи алайҳи Раъд сурасининг учинчи оятининг тафсирида жумладан қуйидагиларни ёзади: «Ернинг ястанган ҳолда кўриниши инсон кўзи унинг охирини кўра олмайдиган даржада тўшалганидандир. Аллоҳ таоло ерни шу қадар улкан ҳажмда яратганки, унинг ниҳоясини кўз идрок қила олмайди, ернинг қаеридан қаралса ҳам унинг охирини кўриб бўлмайди. Агар юмалоқ жисм ўта катта шаклда бўлса, қайси томондан қаралса ҳам у текис кўринаверади».

Тақюддин Аҳмад ибн Абдулҳалим (661/1263 ‒ 728/1328) раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Уламоларнинг наздида осмонлар доира шаклидадир. Кўплаб Ислом имомлари, имом Аҳмаднинг издошларидан, иккинчи табақадаги кўзга кўринган йирик уламолардан бири, тўрт юз адад асар муаллифи Абу Ҳасан Аҳмад ибн Жаъфар Мунодий каби  уламолар мусулмонларнинг шунга ижмоъ қилганларини ҳикоя қилган. Имом Абу Муҳаммад ибн Ҳазм, Абу Фараж ибн Жавзийлар ҳам шунга ижмоъ бўлганини айтганлар. Уламолар буни ўзларининг таниқли санадлари орқали саҳоба ва тобеинлардан ривоят қилишган ва бу маънони Аллоҳнинг китоби ҳамда Расулининг суннатларидан келтиришган. Бу ҳақда ҳисобий – астрономик далиллар ҳам бор бўлсада, самоъий – эшитиб нақл қилиш орқали ўзлаштирилган хабарлар асосида батафсил сўз юритишган. Таниқли олимлардан бирортасининг бу гапни инкор қилганларини билмайман. Фақатгина тортишқоқ айрим кичик фирқалар мунажжимлар билан мунозара қилишганда эҳтимоллик билан: «Тўрт бурчак ё олти ёки ундан кўп бурчаклик бўлиши мумкин», дейишган. Улар ҳам думалоқ шаклда эканини инкор қилишмаган, бироқ бошқача бўлиши мумкин деб билишган. Мен муваффақиятсизликка юз тутган жоҳиллардан бошқа бирор кишининг «Ер думалоқ эмас», деганини билмайман… Фалакларнинг тўп шаклида деб билар эканмиз, буни инкор қилган киши жумла далилларга мухолиф ҳисобланади… Гарчи ҳисоб – фалакиёт илмига кўра бундан бошқа гап айтишса ҳам, биз оят-ҳадисларнинг далолати билан чекланамиз, бошқаларга қулоқ осмаймиз».  

Қадимги фиқҳ китобларимизда мерос мавзусида бир масала зикр қилинади: «Агар бир-биридан мерос олишга ҳақли бўлган икки кишидан бири шарқда кун ботар вақтда, иккинчиси ғарбда туриб кун ботарда вафот этса, ғарбдаги киши шарқдагидан мерос олади». Бу ҳукм ҳам уламоларимизнинг ерни думалоқ деб билишганидан дарак беради. Чунки агар ерни ясси жисм деб қаралса, унда кун ҳамма жойда бир вақтда ботиши керак бўлади.

Қадимги мусулмон уламолар ўртасида осмон ва ернинг шар шаклида экани бир қатор ақида масалалари юзасидан ҳам зикр қилинган. (Мажмаъул-фатава.)

Ҳижрий 2-3 асрларда яшаган, халифа Маъмун даврида Бағдодда илмий-ижодий ишлари билан ном чиқарган, «Ҳабаш ал-Ҳасиб» номи билан донг таратган Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий, фалакиётшунос олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Баттоний (в. 317/929), математик олим Абу Вафо Муҳаммад Бузжоний (328/940 ‒ 387/998), Абу Жаъфар Муҳаммад Тусий (в. 5097 ‒ 672ҳ.) ва Ғиёсиддин Коший (в. 839/1436) каби уламоларимизнинг ер юзининг турли жойларидан намозда қиблага юзланиш даражасини аниқлаш мақсадида олиб борган тадқиқотлари билан танишилса, уларнинг ҳандасий изланишлари тўпсимон Ер шари устида ўтказилганини кўриш мумкин.

Ернинг думалоқ экани ҳақидаги тушунча мусулмон шоирларимизнинг ижодларида ҳам акс этган. Ҳазрат Навоий «Садди Искандарий»да шундай дейди:

Ки ер жирмидур ҳайъати мустадир,

Курра айлади ани Ҳаййи Қадийр.

Яъни, Ер думалоқ шаклдадир. Ҳайй – ҳамиша барҳаёт, Қадийр – ҳар ишга қодир Зот уни шундай тўпсимон қилган.

Уламоларимиз осмон ва ернинг думалоқ экани ҳақидаги фикрларига юқорида биз ўрганган ва яна бошқа қатор оят-ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Уларнинг ерни тўпсимон деб айтишлари унинг эллипс шаклида эканини инкор қилмайди. Чунки олдинги уламоларимиз ерни фазодан туриб кузата олмаганлар. Балки ўзларидаги билим асосида, фаҳму заковатлари билан ернинг юмалоқ эканини аниқлаганлар, холос.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: «Ахир Қуръонда бир нечта ўринда «ернинг гилам қилиб тўшаб қўйилгани», «ёйиб қўйилгани» таъкидланади-ку? Буларни қандай тушунамиз?

Қадимги уламоларимиз бунга қуйидагича жавоб беришади:

«Қуръон инсонларга уларнинг ҳисларига, сўзлашдаги одатларига кўра хитоб қилган. Инсон ер юзида туриб унинг юмалоқлигини ҳис этмайди, балки Ер унга теккисликдек туюлади. Бу худди «Кун ботди», «Юлдуз чиқди», «Қуёш денгиз ортига ботди» каби гапларга ўхшайди. Аслида қуёш ёки юлдуз ерга нисбатан «чиқиш» ёки «ботиш» деб аталадиган ҳаракатда бўлмайди. Агар фалакиёт илмидан келиб чиқиб айтилса, «Қуёш кўринмай қолди», «Юлдуз кўринди» дейиш керак. Аммо инсон ўзининг ҳис-туйғулари, кўрганлари асосида сўзлайди. (Яна бир мисол:. Фараз қилайлик, агар ер юзини айлантириб темир йўл ётқизилса, ҳамма «Темир йўл текис қилиб ётқизилди», дейди. Ҳеч ким «Доира шаклида ётқизилди», демайди.) Қуръон ҳам инсонларга улар одатланган услубда хитоб қилган, асл ҳақиқатга эса ўрни келганда ишора қилиб ўтган. Қолаверса, Қуръон фалаккиёт илмига тегишли асар эмаски, унда шу илм истилоҳларига кўра сўз юритилса. У инсониятга ҳидоят йўлини кўрсатиб берувчи китобдир. Ундан кўзланган бош мақсад шу. Шу билан бирга, унда кавний ҳақиқатлар, шаръий ҳукмлар, луғат бойлиги, балоғат, бадиият, бадиий тасвир, сўз санъати ва бошқа қатор ҳикматлар мужассам. Шу боис, оятларни тўла ва чуқур ўрганмай туриб, бир хулоса чиқариш тўғри эмас».

Қуръони Каримда ерни инсонларга бешик қилиб берилгани ҳам айтилади. Бу ҳам ўхшатиш, холос. Бироқ, негадир фитначилар бу ҳақда гап очишмайди. «Кўрдингларми, Қуръонда ерни бешик деган, бу илмий ҳақиқатга зид», дейишмайди. Чунки  бу гап билан оддий оқил инсон қаршисида ҳам бефаҳмликлари ошкор бўлиб, шарманда бўлишдан қўрқишади. Зеро, ҳар қандай эс-хуши жойида бўлган одам бу ерда ўхшатиш борлигини билади. Аммо бироз илм ва тааммул талаб қиладиган ўринларда гапни айлантириб, кишиларни чалғитишга ҳаракат қилишади. Бу ҳам уларнинг ўта нохолис, ғаразгўй эканларидан дарак беради.

Иккинчи бир савол ҳам пайдо бўлиши мумкин: «Қуръонда осмонни том дейилган экан. Том деганда биз бинонинг тепа тарафи, қаттиқ жисмни тушунамиз. Сиз эса оятларда осмонинг доира шаклида экани айтилган, демоқдасиз. Бу гаплар бир-бирга зид эмасми?»

Жавоб: «Ҳар бир тилнинг ўзига хос хусусиятлари, услубияти бор. Тилда тамсил, ташбеҳ, тасвир каби бадиий услублар мавжуд. Хусусан араб тили бу маънода юксак савияга эга. Қуръон эса араб тилида нозил бўлган ва унда бу тилнинг имкониятлари шу қадар юқори даражада ишга солинганки, инсоният унга яқин келишга ҳам ожиз экани асрлар оша ўз тасдиқини топиб келмоқда. Қуръонда айниқса бадиий тасвир жуда кенг қўлланилган. Бу ҳақда алоҳида асарлар битилган. Бу ерда ҳам ана шундай ташбеҳ ва бадиий тасвир бор. Инсон ер юзида туриб тепага қараса, қандайдир чексизликни эмас, балки мовий осмонни кўради ва бу кўк гумбаз унга худди дунёнинг томидек бўлиб кўринади. Бу барча адабиётларда кенг қўлланадиган услуб. Бу худди «Баҳор келиб, далаларга қизил гилам тўшалди» деган гапга ўхшайди. Агар биров шу гапни эшитиб, «Ана холос, шу ҳам гапми? Қанқасига далаларга гилам тўшалади? Ёлғон! Ҳеч қаерда бундай бўлгани йўқ. Далаларга гилам етказиб бўларканми? Яна баҳорда деб гапни айлантиришини қаранг. Бу гап воқеий ҳақиқатга, илмга тамоман зид. Баҳорда далаларда лолалар очилади, илм шу, ҳақиқат шу! Қайси аҳмоқ шундай гўзал манзара устига гилам тўшар экан? Бўлмаган гап», деса, очиғини айтганда, биз бу одамнинг ақли расолигига шубҳаланиб қоламиз. Қуръон оятларини ўзининг тор дунёқараши билан, саёз билими билан тушуниб олиб, бўлар-бўлмас сафсата сотиб юрган киши ҳам худди мана шу одамга ўхшайди.

Фуссилат сурасида шундай дейилади:

«Сўнгра У Зот тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «Икковингиз хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий ҳолда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёрий ҳолимизда келдик», дедилар» (11-оят).

Ушбу оятдан «осмон том каби қаттиқ жисм» деган тушунча Қуръонга туҳмат экани, тамоман фаҳмсизликнинг хосиласи экани англашилади. Бир-икки оятнинг юзаки таржимасини ўқиб олиб, ўзича Қуръондан «айб» топишга ҳаракат қилиш ўта кетган жаҳолат, инсофсизлик ва бўҳтондан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам уламолар Қуръондан гапириш учун Қуръонни тўла-тўкис ўрганиб чиқишдан ташқари, ўндан ортиқ илмда етук мутахассис бўлишни шарт қилганлар».

Ҳа, Қуръон илоҳий китоб, унда инсоний услубда сўз юритилмайди. У ўзига хос услубга эга. Бирор инсоннинг асарида Қуръондаги услубият йўқ, Қуръон ҳеч қачон башарий услубиятга бўйсунмайди. Қуръонни ўрганиб, таҳлил қилмоқчи бўлган одам олдин унинг тилини, услубини ўрганиши керак. Бу борада алоҳида асарлар бор, буни ўргатадиган «Қуръон илмлари» деган соҳа бор. Аммо бу каби билимларнинг остонасини ҳам кўрмаган кишиларнинг Қуръон ҳақида оғзига келганини айтиб, вайсашлари ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Бир-иккита таржималарни варақлаб, ўзларича нимадир топган бўлиб, дунёга жар солишлари тамоман шармандаликдан бошқа нарса эмас. Улар «ерни ясси деган» деб даъво қилаётган Қуръон оятларидан қадимги уламоларимиз ер ва осмоннинг шарсимон эканини тушунишган. Демак, муаммо оят-ҳадисларда эмас, уларни англаётган фаҳмларда, уларни ўрганаётган қалбларда экан. Бир нарсани чала-чулпа ҳижжалаб ўқиб олиб, бонг уришда экан. Ана шундай бузуқ фаҳм, ноқис билим билан Қуръон ҳақида гапираётганларни кўриб, халқимиз «чала мулла – кофирдир» деб бежизга айтмаган экан, дейсан киши.  Қолаверса, ҳамма нарса ниятга боғлиқ, агар мақсад яхши бўлмаса, ақлу тафаккур ҳам нотўғри ишлай бошлайди. Шунинг учун ҳам ҳакимлар: «Қанчадан-қанча тўғри гаплар бор, уларнинг офати ‒ носоғлом фаҳмлардир», дейдилар.

Қуръони Карим илоҳий китоб, шу боис, у бутун инсониятга қаратилган. Унинг ифодалари шундай мукаммал ва оламшумулки, ҳар қандай ақли расо инсон ундан ўз савиясига яраша фойда олади. Энг оддий деҳқон ҳам, етук мутахассис олим ҳам уни ўзига тегишли деб била олади. Мисол учун, Воқеъа сурасидаги бир оятни олайлик: «Юлдузларнинг ўринларига қасам. Бу, агар билсангиз, жуда ҳам буюк қасамдир» (75‒76-оятлар). Ушбу оятларни ўқиган оддий одам «Ҳа, бу ерда осмоннинг зийнати бўлган юлдузларнинг турган жойларига қасам ичиляпти экан. Ҳақиқатан ҳам бу буюк қасам-да», дейди-да, кетаверади. Фалакиёт илмидан бироз хабари бор инсон юлдузларнинг жойлашишидаги мувозанатни ўйлайди, уларнинг ер юзида юрган инсонга йил-ўн икки ой тўғри йўлни топишга ёрдам берадиган тарзда териб қўйилганини тафаккур қилади. Энди агар ушбу оятни фалакиятчи олим ўқиса, дарҳол унинг хаёлига юлдузлар ботаётган «Қора туйнук» келади. Тилшунос олим эса бу ердаги сўзларнинг танлови ҳақида фикр юритиб, ҳайратдан ақли шошиб қолади ва ҳоказо. Қуръон агар бирор давр ё жой ёки соҳа кишиларига хос гап сурганида, унинг оламийлиги кетиб қолган бўларди, илоҳийлигига футур етган бўларди. Агар Қуръон бундан 15 аср олдинги кишиларга Ернинг думалоқлигини очиқ-ойдин айтганида, бу ҳеч нарсани ҳал қилмас эди, бир қанча инсонлар буни қабул қила олмай Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлишлари мумкин эди, натижада, мақсаддан узоқлашилган бўларди. Зотан, Қуръон инсонларга бирор бир табиий фанни ўргатиш учун юборилган эмас, балки у инсонга ҳаётнинг ҳақиқатини англатишни мақсад қилгандир. Бошқа маънолар эса ушбу мақсад атрофига яширилган. Инсоният билими ортган сари, тафаккур қилган сари улардаги ҳақиқатни англаб бораверади. Шунинг учун, мана бир минг тўрт юз йилдан бери Қуръонни ўрганиш, изоҳлаш, уни замон руҳида тафсир қилиш бирор асрда тўхтамаган. Ҳар даврда олимлар янги-янги маъноларни кашф қилишган, янги-янги тафсирлар ёзишган ва бу жараён бугун ҳам муваффақиятли давом этмоқда. Энг асосийси, Қуръонда илмга, воқеликка зид бирорта ҳам сўз йўқ. Мана шунинг ўзи унинг илоҳийлигини тасдиқлашга етарлидир. Бироқ, бу ҳақиқатни англаш учун кишининг ақлу тафаккури соғлом бўлиши, қалби мусаффо ва билми етарли бўлиши керак.

Қуръони Каримга тош отаётган ўша нобакорларнинг гапларини ўқисангиз, маълум бўладики, улар Қуръонни ўзлари ўқиб кўрмаган, Қуръон тили бўлмиш араб тилидан тамоман бехабар одамлар. Фақат Қуръони Каримнинг айрим таржималарини у ер-бу еридан чўқилаб кўришган ёки ўшандай чўқиланган ушоқларни ҳар жойдан териб олишган. Энди ўзингиз ўйланг, қайси ақлли одам ўзи ҳали бирор марта асл матнини ўқиб чиқмаган китобга, ўқиса ҳам тушуна олмайдиган китобга, бирор калимасини таҳлил қилишга ярамайдиган китобга раддия беради? Қандай қилиб ўзи бирорта сўзини илмий асосда тушунтириб бера олмаган киши 14 асрдан бери инсониятнинг катта қисми муқаддас санаб келган, ер юзи аҳолисининг тўртдан бири иймон келтирган бу буюк китоб ҳақида ўзича сўз юритади? Заррача инсонийлиги бор одам шундай қиладими? Уларнинг бунга нима ҳаққи бор? Бу қандай инсоф, қанақа одоб? Қандай маданият бу? Қайси ўзини билган одам бунга журъат қилади? Шуми илмий таҳлил? Ҳеч бўлмаса бир минг тўрт юз йилдан бери ўтган аждодларимизнинг, буюк алломаларимизнинг, ўзини мусулмон деб билган миллионларча ватандошларимизнинг юз-хотири йўқми? Қайси виждон билан, қайси ақл билан улар ўз халқи муқаддас деб билган Китобга бу қадар писандсизлик билан тил теккизишади, ўз халқининг кўксига заҳарли ханжар санчишади? Яна уларнинг бошқаларни аҳмоқ деб, ўзларига билим ва ақлни нисбат беришлари, ўзларини халқпарвар, ватанпарвар қилиб кўрсатишлари ортиқча.

Хўп, агар сизга Ислом ёқмаётган бўлса, сиз аввал инсонларга қалбларни ўзига ром қиладиган, дилларга таскин бахш этадиган шунга ўхшаш бирор мукаммал таълимот тақдим этинг. Одамлар сизларнинг гапларингизга кўра ҳаёт тарзларини белгилаб, саодатли ҳаёт кечирсинлар. Сиз Исломни Муҳаммад (алайҳиссалом) ўзи тўқиган, дейсиз. Марҳамат, сиз ҳам инсонларга йўл кўрсатадиган шунга ўхшаш бирор таълимот келтиринг. Муҳаммад алайҳиссалом умуман устоз кўрмаган, ўқиш-ёзишни билмайдиган саводсиз одам бўла туриб шунча буюк кўрсатмаларни берган эканлар. Сиз эса ўқимишли одамсиз, 10 йил мактабда, бир неча йил олий ўқув юртларида таълим олгансиз. Шарқу Ғарб адабиётидан бохабарсиз. Устига-устак, ўзингизни билимли, ўта ақлли, халоскор инсон деб турибсиз. Одам қилганини одам қила олади. Марҳмат, ўзингизни кўрсатинг. Қани, айб ахтариб фитна қўзғашдан бошқа қўлингиздан нима иш келади? Сиз Исломни инкор қилиб, тирноқдан кир қидириб шарманда бўлиш ўрнига, ўзингиз шундай бир таълимот тақдим қилингки, Ислом инсонларнинг қалбидан ўз-ўзидан сиқилиб чиқиб кетсин, ўрнини сизнинг таълимотингиз эгалласин. Гапларингиз қалбларга таскин, руҳларга ором бахш этсин. Ана шунда қилаётган даъвойингизга яраша иш қилган бўласиз. Инкор қилиш осон, аммо бу илм эмас, ҳаёт йўли эмас. Сизлар эса инкор қилишдан бошқага ярамайсиз. Фақат инкор билан кун кўриш ўзида ҳеч нарса йўқ ожиз жоҳилнинг ишидир.

Агар суриштирилса, бу каби фитналарни қўзғаётган жаноблар ўзлари ҳеч ким эмас. Дунёқарашлари, мақсадлари ўта чиркин экани гап-сўзларидан, фикр-мулоҳазаларидан яққол кўриниб туради. Масхарабозлик, адабсизликдан нарига ўтиша олмайди. Улар ўзлари инсониятга нима яхшилик тақдим қилишибдики, Исломга ва унинг муқаддас манбаларига тил теккизишади? Нимани қойиллатибдиларки, бу қадар баландпарвоз гап суришади? Буларнинг барчаси Қуръон таъбири билан айтганда, «ҳаддан ошишдир».

Бу бечоралар ўта моддапараст бўлиб кетганларидан, маънавиятлари тамом бўлганидан тилдаги ташбеҳ, тамсил, бўрттириш каби усулларни ҳам тушунишмайди, билишмайди. Қайсидир оғаларининг дийдиёларини такрорлашдан нарига ўтиша олмайди. Ўз тарихларини ўзлари ўргана олмайдилар, ўз аждодларининг асарларини мустақил ўқий олмайдилар. Шунинг учун ҳам улар дунёга дарс айтган боболарини ҳам яхши танишмайди, уларни сева олишмайди, эҳтиром қила олишмайди. Аждодлари Қуръон асосида, илм ёрдамида Ер ва Осмоннинг шарсимон эканини бошқалардан минг йил олдин илмий исботлаб берганидан, ҳатто шу юмалоқ Ерда Каъбага юзланиш ҳандаса илми жиҳатидан қандай таҳлил қилинишини ҳам ҳал қилиб қўйганларидан умуман бехабарлар. Тарбиясизликларидан, бошқаларга тамоман қул бўлиб қолганларидан ўз аждодларига ва уларнинг муқаддас китобларига туҳмат қилишдан ҳам тойишмайди, уларнинг шаъну обрўларини топташдан ҳам уялишмайди. Ватанга, миллатга бундан ортиқ хиёнат бўладими?! Халққа бундан ортиқ душманлик қилиб бўладими?! Мана шунинг ўзи ҳам уларнинг кимлигини, шахсиятларини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: Биз уларнинг фитналари қаршисида нима қилишимиз керак?

Аввало шуни билиш керакки, пайғамбарларга, илоҳий китобларга, хусусан, Қуръони Каримга нисбатан бу каби таъна тоши отилиши янгилик эмас. Ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш бор экан, бу каби гап-сўзлар ҳам давом этаверади. Қуръон нозил бўлган соатдан бошлаб унга қарши курашадиганлар ҳам пайдо бўлган. Тарихни ўргансангиз, таъначиларнинг даъво ва гаплари ҳар доим деярли бир хил, фақат сўзлар, услублар бироз ўзгача бўлиши мумкин. Уларнинг гап-сўзларига рўбарў бўлганда Наҳл сурасининг қуйидаги оятлари ёдга тушади:

«Илоҳингиз ягона Илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ҳам, нимани ошкор қилаётганларини ҳам билади. Албатта, У мутакаббирларни суймас. Қачон уларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?» де­йилса, улар: «Аввалгиларнинг афсоналарини», дейишади. Бу уларнинг Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва илмсиз равишда ўзлари йўлдан адаштирганларининг гуноҳларидан ҳам кўтаришлари учундир. Огоҳ бўлинг! Улар орқалаган нарса жуда ҳам ёмон! Батаҳқиқ, улардан олдингилар ҳам макр қилганлар. Бас, Аллоҳ биноларини пойдеворидан йиқитди. Шифт устиларига қулаб тушди. Ва уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келди». (22‒26-оятлар.)

Ушбу оятлар тадаббур қилинса, улардаги маъноларнинг нақадар теран ва воқеий эканига тан бермай иложимиз йўқ. Демак, инкорчилик, мутакаббирлик, ниманидир яшириб, ниманидир кўрсатиш, Қуръонни афсона дейиш, фитна-фосод гаплар билан одамларни йўлдан адаштириш бугунги кофирларга хос хислат эмас экан, уларнинг аҳволи аввалдан шундай экан. Бу бечоралар ўзларининг гуноҳлари етмагандек, ўзлари адаштирган гумроҳларнинг гуноҳларидан ҳам зиммаларига ортиб борадилар.

Иккинчидан, Қуръони Каримда муҳкам оятлар билан бирга муташобеҳ оятлар ҳам борлигини ва уларнинг қалблар учун имтиҳон эканини англаб етиш лозим. «Муҳкам» ‒ маъноси очиқ-ойдин, равшан бўлган оятлар. «Муташобеҳ» ‒ турли маъноларда тушуниш мумкин бўлган оятлардир.  Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай дейди:

«У сенга китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор – улар китобнинг аслидир – ва қолганлари муташобиҳлардир. Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвийл қилишни истаб ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар. «Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг Ваҳҳобсан. Роббимиз, албатта, Сен одамларни у ҳақида ҳеч шубҳа йўқ кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас».

Демак, муҳкам оятлар Қуръоннинг асосий қисмини ташкил қилади ва улар бирламчи, асос ҳисобланади. Муҳкам оятлар муташобеҳлар борасида ҳукм чиқаришга ёрдам беради. Қалбида Аллоҳга иймони бўлмаган, ўз Яратувчисига муҳаббати бўлмаган кимсалар ўша муташобеҳ оятларни ушлаб олиб, фитна қўзғашга интиладилар. Аммо ҳақиқий илмга эга бўлган, ўзини билган кишилар эса «Барчасига иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дейдилар.

Бу оятлардан шу тушуниладики, мўмин киши юқорида айтилганга ўхшаш фитна-фасод гапларга рўпара бўлганда, ушбу оятдаги ахлоқни маҳкам тутиши керак. Чунки бу унинг иймонига синов, ахлоқига синов. Кейин агар билими етса, фитналарга илмий жавобини беради, агар бунга қодир бўлмаса, ҳаққи бўлмаса, мазкур дуони қилади-да, йўлида давом этиб кетаверади, бошқа бўлар-бўлмас гапларга қулоқ солиб, вақтини, куч-қувватини беҳуда сарфлаб юрмайди. Зеро, бундай фитна гапларни тарқатишда одатда Исломга нисбатан шубҳа уйғотишдан ташқари, мўмин-мусулмонларни беҳуда мунозаралар, майда-чуйда тортишувлар билан банд қилиб, асл ғоя – соф Ислом таълимотларини ўрганишдан чалғатиш ҳам кўзда тутилади.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, диннинг ҳақиқийлигини аниқлаш ундаги хабарларни инсоний билимлар тарозисида, инсоннинг ақлий қуввати асосида ўлчаш билан бўлмайди. Чунки инсоннинг ақли ҳам, билими ҳам бардавом ўсиб борар экан, уннинг ўлчовлари ҳам, қарашлари ҳам ўзгариб боради. Масалан, бундан юз йил олдинги илмий ҳақиқат деб билинган қанчадан қанча тушунчалар изланишлар натижасида тамоман ўзгариб кетди. Бундан кейин ҳам бу жараён тўхтамайди. Шу боис, диннинг ҳақиқийлигини аниқлашнинг бошқа илмий йўллари бўлиб, бу ҳақда уламоларимиз ақийда китобларида ва бошқа алоҳида асарларда батафсил сўз юритганлар. Ана ўша асосларга кўра бирор диннинг ҳақиқатан ҳам Аллоҳ тарафидан келган таълимот эканига тўла ишонч ҳосил қилингач, энди шу диннинг ҳар бир асл ҳукми ақлдан устун қўйилади, ақлни унинг устидан ҳакам қилиб олиш ноўрин бўлади, чунки соғлом ақлнинг ўзи шуни тақозо қилади. Диний ҳукмларни ақл тасдиқлашини аниқлаш, айтиш бошқа гап, ақлни бу ҳукмлардан устун қўйиш бошқа гап. Мана шу ҳақиқатни ҳам яхши тушуниш лозим.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Қуръон ва ҳадисга қаратилган турли таъналардан кўп ҳам ажабланмаслик керак, уларни кўриб тушкунликка тушишнинг ҳам ҳожати йўқ. Бу каби синовлар қадимдан бўлган ва бундан кейин ҳам бўлаверади. Қалбида Аллоҳга бўлган иймоннинг лаззатини тотган, кўнгли тоза, нияти соф кишилар ҳеч қачон бундай фитна гапларга учмайдилар. Қолаверса, бунда ҳам ҳикмат бор. Мусулмонлар ана ўшандай фитна гапларга жавоб ахтариб, ўз динларини яна ҳам чуқурроқ ўрганмоқдалар, унинг манбаларини янада теранроқ англамоқдалар, натижада эътиқодлари зиёда бўлиб, муқаддас динларига бўлган ишончлари ортиб бормоқда. Бу ҳақиқатни бугун бутун дунё миқёсида кузатиш мумкин.

Инсоният тарихида қанчадан қанча кофир қавмлар, туғёнга кетган халқлар ўтган. Бири «Мана мен худоман», деса, бошқаси «Қани Худойинг?» дея шаккоклик қилган. Қанчадан қанча даҳрийлар «Ер юзида Худонинг салтанатини супириб ташлайман», дея иш бошлаб, дунёни жабру зулмга, туҳмату ёлғонга тўлдириб, қон кечиб юриб Аллоҳнинг динини инсонлар қалбидан суғириб ташлаш учун бир умр бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Ҳаммаси бирин-кетин ҳалок бўлиб, ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди, аммо иймон ҳануз инсониятнинг аксарияти қалбида яшаб келмоқда.

«Бас, ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир, лекин одамларнинг кўплари билмаслар» (Рум сураси, 30-оят).

                                                                 Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

1434 йил 18-Рамазон

2013 йил 28-июл.

 
« Олдинги   Кейинги »