Эллипс шаклдаги ерда Каъбага юзланиш мумкинми? Принтер учун
28.07.2013 й.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

“Мен уларни на осмонлару ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилмаганман ва адаштиргувчиларни ёрдамчи қилиб олган эмасман[1]” деган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Иймон ва илм дини бўлган Ислом омонатини умматларига етказган Аллоҳнинг суюкли Набийси Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин! Меҳвари коинотга жонларию, молларини фидо қилиб эргашган саҳобалардан, уларнинг шогирдлари тобеъинлардан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин!  Исломнинг соясида дунёни илм ва маърифатга тўлдириб ташлаган, Қиёматга қадар яхшилик ва иймонда, илм ҳамда маърифатда ушбу муҳташам карвонга қўшилган аҳли инсофларга Аллоҳнинг раҳмати ва нусрати бўлсин! 

Қуръони Карим илоҳий китобдир. Инсоф билан уни  ўқиган киши ундан мантиқ ва ақлга зид иддаоларни топа олмайди. Яъни унда иккига иккини қўшса етти, деган мантиқсизлик йўқ. Балки Қуръони Каримда ҳар қандай мавҳум мулоҳазаларнинг  мантиқли жавобини кўриш мумкин. Мисол учун оламнинг пайдо бўлиши ҳақида турли қарашлар мавжуд. Буларнинг энг марказлашгани иккита:

1. Олам ўз‑ўзидан пайдо бўлган;

2. Оламни Аллоҳ яратган.

Бу икки жавобдан қайси бири мантиқлироқ? Биринчи жавобнинг мантиқдан узоқлиги  кундай равшан! Чунки Инсон ўз қўли билан ясаган ҳар қандай нарсани  ўз‑ўзидан пайдо бўлган, дея олмайди. Мабодо шу даъвони бирор киши қилса, ақли расо инсонлар уни аниқ аҳмоқ дейишади. Шунинг учун Қуръони Каримда оламнинг ўз‑ўзидан пайдо бўлиб қолган, деган тутуриқсиз даъво олға сурилмайди, балки мантиқли бўлган иккинчи жавоб, яъни оламни Аллоҳнинг Ўзи яратгани таъкидланади! Энди бирор киши ушбу саволга астойдил уринса ҳам бундан кўра мантиқлироқ жавобни айта олмайди! Классик атеизм ДНК кашфиётларидан кейин ўзининг сафсаталарини ҳеч кимга ўтказа олмай қолди. Чунки улар борлиқни азалий ва тасодиф асосида дейишарди. Лекин бугунга келиб энг машҳур атеистлар Аллоҳнинг борлигини тан олишга мажбур бўлди. Улардан бири Энтени Флюдир[2]. Атеистларнинг давримиздаги энг "доҳий"ларидан бири Энтони Флю 85 ёшга етганда: "Адашибман, Худо бор экан", дея китоб ёзди! У китобида шундай дейди: "Бир атеист ўлароқ менинг мантиғим, даъвойим олиб борган жойгача боришдир! ДНКни ўрганиш менинг учун йўлни ўзгартиришимни тақозо этди. ДНКнинг бу қадар аниқ  дастурлангани ва шу билан бирга уларнинг ҳаракати ўзаро уйғун бўлиши тасодиф эҳтимоллари назариясига тўғри келмайди. Буларнинг барчаси аниқ бир онгли бошқарувнинг натижаси эканига қаноат ҳосил қилдим. Ҳаётимнинг узун даврида атеист бўлиб яшаганимдан сўнг, энди Тангрининг борлигига ишонаман!" 

Яна шуларнинг машҳурларидан бири Ричард Докинз дунё азалийми деган саволга: “Йўқ, унинг бошланиши бўлиши керак, лекин уни ҳеч ким билмайди. Балки бу ўзга сайёраликлар томонидан юксак ақлли технология орқали ер юзида жорий қилинган бўлиши мумкин”, деб жавоб берди. Бечора оламни Аллоҳ яратган дея олмаяпти холос, лекин бунинг қаршисида оғзига нима келса гапиряпти! Демак аслида энг мантиқий жавоб, оламни Аллоҳ яратганидир!

Шунингдек, Қуръони Каримда ақлдан устун турадиган, уларни фақат давр ўтиши билангина англаса бўладиган кўплаб назариялар мавжуд. Қизиғи шуки, ушбу назариялар замонлар ўтиши билан эскириб, яроқсиз бўлиб қолмайди. Балки тараққиёт юксак чўққиларга чиққанда ҳам Қуръон оятларидаги ифодалардан бирор дона хато топа олмайди! Қуръоннинг хитоблари башарий эмас, айнан илоҳий экани ушбу журъатда равшан кўриниб туради[3]:

 Мисол учун мавзуимизга тегишли ер ҳақидаги назария:

Қуръон нозил бўлаётган давр бундан 1400 йил аввалги, фан ва тараққиётдан асар ҳам бўлмаган давр эди. Ўша давр имкониятлари ернинг юмалоқ эканини исботлаб бера олмас эди. Ернинг юмалоқ шаклда экани ҳақида айрим кишилар томонидан тахминлар айтилган бўлса-да, одамларнинг аксари ернинг шаклини тўғри тасаввур қила олишмаган. Лекин қуйида баҳс юритмоқчи бўлган оятларимизда ернинг юмалоқ ва  эллипс шаклда эканлиги очиқ айтилган. 1400 йил аввал бу кескин иддаони бу қадар тафсилий суратда ўртага қўйиш қайси инсоннинг қўлидан келарди? Қайси ақл бу даъвони тасдиқлай оларди?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда очиқчасига атеистик даъволарни олдинга сураётган, Исломни хато дейишга урунаётган бир ҳовуч даҳрийларнинг чиранишлари кўзга ташланмоқда. Уларнинг Ислом ҳақидаги иддаолари ўта саёз ва тутуриқсиз бўлиши билан бирга, соддароқ кишилар қалбида Исломга бўлган соф эътиқодни шубҳа остига олишга йўналтирилган. Улар қўзғаётган бу каби фитналар янгилик эмас. Шу билан бирга бу даъволарни илмий изланишлар натижасида топишаётгани ҳам йўқ, балки авваллари ғарблик шарқшунослар ёки миссионерлар томонидан қўзғатилган шубҳаларни кўчириб, ўртага ташламоқдалар! Мусулмон уламоларимиз ўз вақтларида қўзғатилган бу каби сафсаталарга етарли жавобларни беришган. Бугунги кунимизда ҳам уларга етарли жавобларни илмий асосда бериш мумкин! Қуйида шулардан иккитасини таҳлил қилиб, мантиқий хулосани қадрли ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола қиламиз!

 “Бу ҳақиқат Роббингдандир, бас, шак келтирувчилардан бўлма[4]”.

Савол: Биз яшаётган ер курраси Қуръони каримда қандай тасвирланган? Фаннинг охирги натижалари  унинг эллипс шаклда эканини тасдиқлайди. Айрим моддапараст атеистлар шуни рўкач қилишиб, Қуръон оятлари ернинг юмалоқ эканини инкор қилади,  шу билан бирга ер юмалоқ бўлгач, Каъбага юзланишнинг имкони йўқ. Дастлабки мусулмонлар ернинг юмалоқлигини билишмаган, шунинг учун ернинг айрим нуқталарида каъбага юзланиш мумкин эмаслигини фараз қилиша олмаган,  дейишмоқда. Шу хусусда Исломнинг жавобини баён қилиб берсангиз!

Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин!

Аммо баъд:

Қуръони каримдаги бир оятни мисол келтириб, шунинг ўзи билан якуний хулосани чиқариш ёки шунга уриниш жаҳолатдан бошқа нарса эмасдир. Ернинг шакли, унинг яратилиши борасида ҳам барча оятларни ўрганиш ва шунга кўра умумий хулоса чиқариш лозим. Қуръони Каримда “ер” – “ал‑ард” калимаси жаъми 431 маротаба зикр қилинган. Йигирма тўққиз жойда ер ва осмонлар калимаси ёнма‑ён зикр қилиниб, уларни Аллоҳнинг Ўзи яратганини эслатган. Аллоҳ Қуръонда ерни олти ўринда олти хил тавсифлайди ва буни фақат инсоннинг қулай яшаши учун ҳозирлаганини таъкидлайди:

1. Фирош, яъни тўшама;

“У сизларга ерни тўшаб, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган Зотдир. Билиб туриб Аллоҳга бошқаларни тенглаштирманг[5]”.

2. Бешик;

“У сизга ерни бешик қилган, сизга унда йўллар очган ва осмондан сув туширган Зотдир”, деди. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик[6]”.

3. Қароргоҳ;

“Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг сувратларингизни гўзал сувратда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир”. [7]

4. Бешик;

“У Зот сизга ерни бешик қилиб берди ва сизга унда йўллар қилиб қўйди. Шоядки, ҳидоят топсангиз[8].

5. Залул‑ яъни бўйсундирилган, яшаш учун мос ва қулай;

У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг. Ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир[9].

6. Бисот яъни тўшалган, ёйиб қўйилган;

“Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди[10]”.

 Бу оятларда кўриниб турганидек, Аллоҳ таоло ерни Ўзи яратганини ва уни бандалари учун тўшаб қўйганини, устида юришлари қулай бўлиши, унда қарор топиб яшашлари, ундан чиқадиган ризқдан фойдаланишлари учун бўйсундириб қўйганини, ниҳоят қабрлари ҳам шу ер бўлишини, бир кун келиб қабрдан чиқишлари ва Аллоҳнинг ҳузурига ҳисоб учун боришларини баён қилмоқда. Улар турли ўринларда турли муносабатлар билан келтирилган бўлсада, ақли соғлом инсон буларнинг орасида зиддият йўқлигини кўради аксинча, улар бир-бирини тўлдириб келаётганини дарҳол англайди..

Бундан ташқари яна етти ўринда ер ҳақида зикр қилинади:

1. “Биз ерни ёйиб, устига баланд тоғларни ташлаб қўйдик ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик. Ва унда сизлар учун маош воситаларини ва сиз ризқини бера олмайдиган кимсаларни қилиб қўйдик”. Ҳижр‑19‑20.

2. “У сизга ерни бешик қилган, сизга унда йўллар очган ва осмондан сув туширган Зотдир», деди. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик. Енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир. Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз”.Тоҳа‑53‑54‑55.

3. “Улардан: «Осмонлару ерни ким яратган!» деб сўрасанг, албатта: «Уларни азиз ва ўта илмли Зот яратган», дерлар. У Зот сизга ерни бешик қилиб берди ва сизга унда йўллар қилиб қўйди. Шоядки, ҳидоят топсангиз” .Зухруф‑9‑10.

4. “Ва ерни чўзиб қўйдик, унга тоғларни ташладик ва унда турли гўзал жуфтларни ўстирдик. (Роббига) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма қилиб”. Қоф‑7‑8.

5. “Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандай ҳам яхши тайёрловчимиз! Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик. Шоядки эсласангиз”. Зарият‑48‑49.

6. “Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди. Унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун», деб айтдим”. Нуҳ‑19‑20.

7. “Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди. Ундан сувни, ўт-ўланларни чиқарди. Ва тоғларни собит қилди. Сизларга ва чорваларингизга манфаат бўлсин учун”. Назиат‑30‑31‑32‑33.

Кўриниб турибдики, Қуръони Каримдаги бирор мавзуда бир оятнинг ўзи билан хулоса чиқариш тўғри эмас. Бу оятларнинг умумий хулосасида ҳам ернинг юмалоқ шаклда эканига қарши ҳеч қандай гап йўқ.

Ернинг шакли юмалоқ экани борасида мусулмон уламолар қадимдан иттифоқ қилиб келишган. Улар бу хулосани Қуръони Карим оятларининг далолати ила ўз даврлари  илмий савияси билан айтишган. Ушбу хулосалардан айримларини келтириб ўтадиган бўлсак ва ҳурматли ўқувчимиз даҳрийларнинг очиқ туҳматчи эканини кўради:

1. Имом Фахриддин Розий[11] Раъд сурасининг учинчи ояти тафсирида шундай дейди: “Ернинг ястанган ҳолда кўриниши, инсон кўзи билан унинг охирини кўра олмайдиган ҳолда тўшалганидандир. Аллоҳ таоло ерни шу қадар улкан ҳажмда яратганки, унинг ниҳоясини кўз идрок қила олмайди, ернинг қаеридан қаралса ҳам унинг охирини кўриб бўлмайди. Агар юмалоқ жисм ўта катта шаклда бўлса, қайси томондан қаралса ҳам у текис кўринаверади”[12].

2. Абу Ҳайён[13] “Тафсирул Баҳрил Муҳит”да шундай дейди: “Абу Абдуллоҳ Дороний айтади: “Далилларнинг собит бўлишича ер куррадир яъни юмалоқдир. Аллоҳ таолонинг ерни тўшаб, текис қилиб қўйгани ҳақидаги оятлари унинг юмалоқлигини инкор қилмайди. Чунки ер инсонга нисбатан ниҳоят даражада катта жисм бўлиб, унинг қаеридан қараганда ҳам кишига текис бўлиб кўринаверади”.

3. Ибн Нафис Ибн Синонинг “Ташриҳу Қонун” китобига ёзган шарҳида кўзнинг узоқдаги жисмларни кўра олмаслиги сабаблари баҳсида шундай дейди: “Баланддаги кўз пастдаги кўздан кўра кўпроқни кўради. Бунинг сабаби ўша кўзнинг қувватли эканида ёки идрокида эмас, балки ернинг юмалоқ эканидадир. Ер юзасидаги ўта узоқлик, унинг томонини кўришга имкон бермайди”.

4. Имом Заҳабий[14] “Мухтасарул Улув”да шундай дейди: “Ер осмоннинг ўртасида, худди тарвузнинг ўртасидаги тарвузга ўхшайди. Осмон ернинг ҳар томонидан ўраб туради. Оламнинг ости юмалоқ ернинг ўртасидир. У марказдир ва у остнинг интиҳосидир. Ернинг пастини паст дейиш тўғри эмас. Чунки у марказ бўлгач ҳар жиҳатдан қаралганда юқори ҳисобланиши мумкин... Агар фаразан бир мусофир ер курраси бўйлаб машриқдан мағрибга қараб сафарга чиқса, ниҳоят сафарга чиққан жойига қайтиб келади. Унинг мутлақ сафари давомида ер унга нисбатан пастда, осмон эса юқорида кўринаверади. Ернинг юмалоқлигини билгач, осмон ернинг остида деган ҳис пайдо бўлади. Аслида осмон ернинг остида эмас, балки зотан унинг устидадир”. 

5. Абу Бакр Сўфий Ибн Халликон[15]нинг “Вафийётул Аъён” асарида ворид бўлган маъноларни зикр қилади: “Агар фаразан ернинг хоҳлаган жойига арқоннинг бир учини қўйиб, уни ер курраси устидан тортиб борсак, арқоннинг иккинчи учи унинг биринчи учи билан туташади”.

6. Шариф Идрисий[16] аслида ер юм юмалоқ эмас, балки чўзинчоқ яъни эллипс эканини айтган. Ибн Фазлуллоҳ Умарийнинг “Масоликул Абсор фий Мамоликул амсор” номли китоби муқаддимасида қуйидаги жумлалар келади: “Шариф айтади: “Ер айлана бўлиши билан бирга, юм‑юмалоқ эмасдир”.

7. Зоҳирийларнинг имомларидан бўлган Ибн Ҳазм Андалусий ўзининг “Ал-Фаслу фил-милал вал-аҳваи ван-ниҳал” номли асарида қуйидагиларни зикр қилади: “Мусулмон уламоларининг барчаси далиллар ернинг юмалоқ эканини тасдиқлашини айтишади, бундан бошқача гапни эса омилар айтиши мумкин. Аллоҳнинг тавфиқи билан бизнинг жавобимиз қуйидагича: «Илмда имомлик деган номга ҳақли бўлган мусулмон пешволаридан бирортаси ернинг юмалоқ эканини инкор этмаган. Улардан бирортасидан буни рад этадиган ҳеч бир калима нақл қилинмаган. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Аксинча, Қуръон ва Суннатдаги далиллар унинг юмалоқ эканини айтади... Аллоҳ азза ва жалла Зумар сурасида шундай марҳамат қилади: “У осмонлару ерни ҳақ ила яратган, кечани кундуз устига ўрайдиган, кундузни кеча устига ўрайдиган, қуёш ва ойни бўйсундирадиган Зотдир”.

Оятдаги “ўрайдиган” деб таржима қилинаётган калима араб тилидаги таквир масдарининг феълидир. Таквир деб юмалоқ шаклда ўрашга айтилади. Араблар “салла ўради” жумласини “кавварол амомата”, дейишади. Ушбу оят ернинг юмалоқ эканига очиқ далолат қилади. Уламолар бу оятдан Ернинг юмалоқ, доира шаклида экани тушунилади, деб айтганлар. Бу ҳақда алоҳида китоб ёзган уламоларимиз ҳам бўлган.

8. Тўртинчи ҳижрий аср алломаларидан Абу Ҳасан Аҳмад ибн Жаъфар Мунодий[17] раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Осмонинг тўп шаклида экани ҳақида уламолар ўртасида хилоф йўқ... Шунингдек, ер ҳам қуруқлигию денгизлари билан қўшилиб тўп шаклидадир. Қуёш, ой ва юлдузларнинг ер юзининг ҳамма жойида бир вақтда чиқиб-ботмай, мағрибдан олдин машриқда чиқиб-ботиши ҳам шунга далолат қилади”.

9. Абу Райҳон Беруний[18] Қуръон оятлари кўзгусида математик ҳисобларни қўллаб илк бор глобусни ихтиро қилди ва ернинг бошқа тарафида қитъа яъни Америка борлигини, у ерда одамлар яшаши мумкинлигини ўз китобида баён қилди. Лекин бу ихтирони Галилео Галилейга нисбат берилди. Аслида Галилео Галилей Беруний асарларини ўзига асос қилиб олган ҳолда, ернинг юмалоқ эканини айтган.  Беруний глобусни тўп шаклида ясаган ва ойнинг ер атрофидаги айланиш нуқталарини китобида чизиб кўрсатган[19]. (1‑расмга қаранг).

1‑расм.

Гап шундай экан, бугунги кунда Исломга туҳмат қилаётган айрим нокаслар, ер ҳақидаги баъзи оятлардан хато хулосани чиқаришаётганига нима туртки бўлмоқда? Улар бу иддаоларга илмий баҳслар орқали етиб келдиларми ёки кимнингдир аввалдан чалиб берган ноғорасига ўйнашмоқдами? Аслида бу каби хато тушунчалар хурофий кишилардан содир бўлмаганмиди? Мусулмон уламолар ер борасидаги илмий тадқиқотлари натижасида унинг юмалоқ эканини бир овоздан айтишганида, ўша даврда Европа халқлари бошига бало бўлган канисанинг хурофотчи роҳиблари бу гапларни инкор қилишмаганмиди? Мусулмонлар билан алоқа боғлаб, илм ўрганган ва ернинг айланишини айтган Коперник[20]ни хоинликда айблаб, уни ўлимга ҳукм қилган шу инкивизитор[21]лар эмасмиди? Қайси инсоф билан бошқаларнинг жиноятини Исломга тақашмоқда? Ўша даврда ернинг юмалоқлиги мавзуси икки томонда ҳам, яъни мусулмонлар ва масиҳийлар орасида ҳам кўтарилган. Атеист даҳрийлар эса у даврнинг илмий майдонида деярли кўринишмаган!  Европада ҳукмдорлик қўлида бўлган Черков мутасаддилари ким ерни юмалоқ деса уни, мусулмонларга сотилган хоин, дея эълон қилишган ва инкивизиторлар уларни қийнаб ўлдиришган ёки китоблари устига ўтқазиб, тириклайин ёқиб юборишган. Мусулмонлар эса ернинг юмалоқ эканига илмий асосда иттифоқ қилишган, лекин бирор киши уни юмалоқ эмас деса кофир, хоин, деб уни ўлимга ҳукм қилишмаган, балки Ибн Ҳазмнинг иборасида кўриб ўтганимиздек, бундай тутуриқсиз гапларни омилар гапиради, деб қўя қолишган!

Инсон фазога чиққач, Ернинг эллипс шаклда эканлиги яққол кўринди. Қалбида Исломга адовати бор ҳасадгўйлар мусулмон уламолар қадимдан таъкидлаб келган бу илмий ҳақиқатни ўз кўзлари билан кўришгач, Қуръони Каримдан минг йиллар давомида топа олмаган “хато”ларини топгандек, қарсак чалиб рақсга туша бошладилар! Эмишки, Қуръонда ер юмалоқ дейилмаган, балки мана бу икки оятда:

Биз ерни ёйиб, устига баланд тоғларни ташлаб қўйдик ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик[22]”.

“Ва ерни ёйиб қўйдик, унга тоғларни ташладик ва унда турли гўзал жуфтларни ўстирдик[23]”, дейилган, гўё!

Лекин ушбу оятларда ҳам ернинг юмалоқ экани инкор қилинмайди, балки ақл ва мантиқ билан мушоҳада қилинса, бу ва юқорида келтирганимиз ер ҳақидаги оятларнинг деярли барчасида Аллоҳ таоло ерни сизлар учун, дея инсонга хитоб қилаётгани кўринади. Яъни ер инсон унда юриши ва яшаши учун қулай ҳамда унга нисбатан кенг ва ёйилган ҳолда яратилган. Уни айнан шу инсон учун тўшаб қўйилган. Инсон ер юзида қаерга борса ҳам ернинг ниҳоясини топа олмайди, у юрган сари ер ҳам ёйилиб бораётгандек бўлаверади! Бу ҳолат ер юмалоқ бўлгандагина юзага чиқади. Шу билан бирга текислик юмалоқнинг зидди эмасдир. Агар Қуръонда ерни тўртбурчак ёки учбурчак ёхуд тҳғри чизиқли дейилганда эди, очиқ‑ойдин хато бўларди. Демак ернинг ёйиб қўйилгани Инсонга нисбатан шундайдир”.

“Ва ундан сўнг ерни тухумсимон шаклда қилди. Назиат‑30.

Бу ояти каримада ернинг айнан илмий шакли айтилмоқда. Оятдаги; “тухумсимон шаклда қилди” жумласи араб тилида “دحاها  “даҳаҳа” феъли билан ифода қилинган. Аввалги тафсирларда бу калимани “ёйиб қўйди”, “текис қилди” деб бошқа оятлардаги маънога мувофиқ ҳолда тафсир қилинган. Лекин луғатнинг асос қоидасига кўра, агар луғат икки хил бўлса, демак маъно ҳам икки хил бўлиши керак. Синонимлар маънодош бўлсада, аслида уларнинг орасида фарқли жиҳатлар бўлади. Шунга кўра “маддал ард” билан “даҳал ард” жумлалари муродиф бўлиши билан бирга, уларнинг икки хил маъноси ҳам бўлиши шарт! Улар бир‑бирларини тўлдирсада, лекин маънода турлилик мавжуд.

مدد” “мадада”  феъли ёйиш, чўзиш маъноларини ифодалайди.

بسط” “басато” феъли эса тўшаш, ёйиш маъноларини ифода этади.

دحا” “даҳа” феълида ҳам шу ифодалар бор бўлиб, бундан ташқари унда қулайлаштириш, тухумсимон қилиш маънолари ҳам мавжуд! Бу маъно араб луғатларида бор, хусусан Либия араблари ҳозирда ҳам тухумни даҳия дейишади. Ернинг юмалоқ шаклда экани Қуръони Каримнинг фақат мана шу оятидагина ифода қилинмаган, бу маъно жуда кўп ўринларда очиқ айтилган. Улардан айримларига юқорида ишора қилиб ўтдик.

“Ёсин” сурасида шундай марҳамат қилинади:

«Қуёшнинг ойга етиб олиши ҳам, кечанинг кундуздан ўзиб кетиши ҳам мумкин эмас. Ҳаммаси фалакда сузиб юради».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятнинг тафсирида шундай дейди: «Қуёш ва ойнинг фалакда сузиб юриши, ҳудди ип йигирадиган чархнинг доираси айланишига ўхшайди». Ушбу тафсир бошқа салафлардан ҳам нақл қилинган ва бу осмоннинг доира шаклида эканини англатади. «Фалак» сўзи араб тилида доира шаклидаги нарсага нисбатан айтилади. Шунинг учун араблар ип йигирадиган дукни ҳам «фалкатун» дейишади. Бизларда ҳам Чахпалак айнан шу сўздан олинган! Чахпалакнинг юмалоқлигини исботлаб ўтириш шарт эмас...

Демак, оятдаги биргина калиманинг ўзи осмоннинг доира шаклида эканини очиқ ифода қилмоқда. Бу оятнинг айнан ўхшаши Анбиё сураси 33‑оятда ҳам келган:

“У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган Зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар”.

Оятлар отасидаги мутаносибликни кўряпсизми? Бу қадар илмий далилни ўша давр шароитида инсон зоти айта олиши мумкинми? Қуръони Каримни Муҳаммад алайҳиссалом Буҳайро роҳибдан кўчирган, дейдиганларнинг бу даъволари ботил бўлсада, лекин улар Буҳайро роҳибнинг ўша даврда мавжуд шахс бўлгани, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан кўришганларини  эҳтимоллар назарияси сифатида далил қилишади. Лекин астраномияга тегишли ўта аниқ баёнатларни қилаётган бу оятларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси астраномдан кўчирганлар? Инсонда бир оз мантиқий қараш мавжуд бўлса бу каби туҳматларни қилишдан уялиши керак! Афсуски, Қуръони Каримни ўқимай, унинг илмий баҳсларини таҳлил қилмай фақат Қуръонга мухолиф бўлганларнинг эски ашулаларини айтиб юрадиганларда мантиқ ҳам, уят ҳисси ҳам қолмаган! Улар бир оз уялганларида отаоболаримиз маймун бўлган, дейишмас эди!

Шу ўринда фитначилар мусулмонларнинг Каъба томонга юзланиб намоз ўқишларини ҳам хато деб иддао қилмоқдалар. Ер юмалоқ бўлгач, Каъбага қараб бўлмас эмиш. Бу тутуриқсизлик ҳам ё жоҳилликдан ёки ҳасад билан тўлган душманлик туйғуси ила ўртага чиқиши мумкин холос. Намозда Каъба томонга юзланиш мусулмонлар учун фарз, лекин ер юмалоқ бўлса Каъбага юзланиб бўлмайдими? Юзланишнинг маъноси фақат қараб туришми? Агар Каъбага юзланиш борасидаги оятларни жамлаб, таҳлил қилинса аслида бу иддао ҳам асоссиз экани равшан кўринади!

“Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир”[24].

Бу ояти карима ҳар тараф Аллоҳники эканига, масаланинг асли қаёққа қараш эмас, балки Аллоҳнинг буйруғига итоат этиш эканига ишора қилмоқда.

Одамлардан эси пастлари: «Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан?» дейдилар. «Машриқу мағриб Аллоҳники, кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга бошлайди», деб айт[25]”.

Дастлаб Қуддус томонга юзланиб намоз ўқиларди. Аллоҳ таоло қиблан ўзгартирди. Шунда мунофиқ ва кофирлар мусулмонларнинг итоат ва интизомларига ҳасад қилиб, оятда ифода қилинган маъноларни айта бошладилар. Демак Каъба томонга юзланишни кўра олмаслик бугуннинг янгилиги эмас экан. Бу каби унсурларга Аллоҳ таълим берган жавобни беришимиз лозим: «Машриқу мағриб Аллоҳники, кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга бошлайди», деб айт”.

Шу ўринда юзланиш фақат моддий маънода эмаслигини ҳам тушунишимиз керак. Бизнинг луғатларимизда ҳам бу калиманинг мажозий маъноси қўлланилади. Мисол учун ота‑онасини ташлаб кетган фарзандни “ота‑онасидан юз ўгирган” дейилади. Машҳур бобакалонларимиздан Заҳириддин Муҳаммад Бобур шундай ёзади:

Толеъ йўқки, жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди,

Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетай, не юз қаролиғ бўлди.

Демак бадиий тасвирда юзланиш калимаси йўналиш, интилиш юриш маъноларини ҳам ифода қилар экан. Энди бир даҳрий бу бадиий ифодани ўқиб: “Бобур Ҳинд сори юзландим, деганда хато қилган, у Ҳиндистонга қараб юзландим, деб ўйлаган, аслида эса қуёшга юзланган, деса нақадар кулгили ва аҳмоқона гап айтаётган бўлади!

Каъба томонга юзланиш Аллоҳ ҳидоят қилган тўғри йўлга юзланиш, У Зотнинг буйруғи томонга йўналишдир. Аллоҳ таоло Каъбани қибла қилиш билан бандаларни синашни ҳам ирода қилган:

“Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани ортга бурилиб кетадиганлар ким-у Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз. Гарчи бу иш Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ иймонингизни зое қилмайди. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир[26]”.

Демак Каъба томонга юзланишда бир неча ҳикматлар мавжуд экан. Аввало мўъминларнинг иймонларини имтиҳон қилиш, мусулмонларнинг сафларини жипслаштириш, моддий ва маънавий жиҳатдан барчаларини бир томонга йўналтириш, душманларни доғда қолдириш ва ҳоказо...

Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир”.

Бу оятда Масжидул Ҳаром томонга юзланиш икки бор айтилмоқда. Яъни томон калимасига алоҳида урғу берилмоқда. Қибла ҳам аслида жиҳат ва томон маъноларини ифода қилади. Демак оятнинг маъносига кўра Каъбаи Муаззама томон юзланиш, унга йўналиш жиҳатига қараб туришдир. Оддий бир мисол: “Учоқ Ўзбекистондан Америкага қараб учди”, дейилса (одатда доим шундай дейилади), буни ҳеч ким атеистлар каби: "Учоқ Америкага қараб учмаяпти, балки у қуёшга қараб учиб кетди", демайди. Бундай гапни айтадиганларни барча бир овоздан аҳмоқ дейди! Инсон ер юзининг қаерида бўлса ҳам Каъбага юзланиши соғлом ақл қабул қиладиган буйруқдир! 1400 йилдан бери ҳеч бир мусулмон Каъба томонга юзланишда муаммога учрамаган. Қуръони Каримнинг мўъжизалик жиҳатларидан бири унинг ифодаларини ҳамма тушуна оладиган савияда бўлишидир. Аммо бу ифодаларни илмий терминлар ва услублар ҳам инкор қила олмайди. Мусулмон уламолар айнан ернинг юмалоқ эканини билган ҳолларида, Каъбага юзланиш борасида китоблар тасниф қилишган. Муҳаммад Арабий Луббий айнан шу мавзуда “Ал‑Қонун ар‑Риёзий литтижоҳил Каъбати ва татбиқотиҳи” (“Каъбага юзланишнинг математик қонуни ва унинг татбиқотлари”) номли 42 саҳифалик рисола тасниф қилган. Китобнинг муқаддимасида муаллиф жумладан қуйидагиларни айтади:

“Оламнинг қаерида бўлса ҳам ернинг юмалоқлиги сабабидан Каъбаи Муаззамага юзланиш неэвклид геометриясининг ҳандасий усули[27] билан ечиладиган масаладир. Аввалги мусулмонлар Каъбага юзланиш масаласини ер юзасида тригонаметрик функциялардан фойдаланиш орқали ҳал қилишган. Биз бу рисолада бугунги математик истилоҳлар билан ернинг қайси томонида бўлмасин, ҳатто фазода бўлган ҳолда ҳам Каъбага юзланиш имконияти қонунларини баён қиламиз...[28]

Саводи бор кишилар  баҳснинг илмий шаклдаги муфассал баёнини ушбу линкдан олиб ўқишлари мумкин.

http://www.kantakji.com/fiqh/Files/Studies/1009.pdf

 “Ҳар кимнинг юзланадиган тарафи бор. У ўшанга боқади. Яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни жамлайди. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Қаердан чиқсанг ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Ва, албатта, бу Роббингдан бўлган ҳақдир. Ва қаердан чиқсан ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томонга буринг”[29]

Ҳа, ҳар кимнинг ўзига хос юзланадиган тарафи бор. У ўша томонга боқиб, ўзи учун баъзи нарсаларни таъма қилади. Атеистлар ҳукмронлиги даврида уларнинг ҳам юзланадиган, буйруқ кутиб турадиган қиблалари яъни  кремль императорлиги эди! Бу мустабид тузум барбод бўлгач, бечора атеистлар қиблаларини йўқотиб қўйишди. Алам қилганидан биз мусулмонларнинг қибламизга, яъни юзланадиган тарафимизга осилишмоқда! Ажаб бўлсин, баттар бўлинглар! Ана шундай, инсон томонидан ташкил қилинган қиблаларнинг умри қисқа бўлади! Аллоҳ жорий қилган қибла эса доим барҳаётдир! 

            Хулоса қилиб айтганда буларнинг бошқа туҳматлари ҳам илмий баҳснинг олдида муз каби эриб тушади. Исломнинг барҳаёт ва оламшумул асослари эса мустаҳкам ҳолда давом этиб бораверади. Даҳрийларнинг қўзғаётган кўплаб фитна ва туҳматларидан иккитасига ақл, мантиқ ва илмий услуб кўзи билан назар солиб кўрдик. Натижанинг холис баҳосини доно ўқувчининг ўзи беради. Буларнинг бошқа иддаолари ҳам қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас. Чунки улар ўзларича хато деяётган мавзуларда бир ёки икки жумлани ўқиб, шундан хулоса чиқаришга уринадилар, натижада эса кўриб ўтганимиз каби илмий услубдан йироқ бўлган мантиқсизлик чуқурчасига тушиб қоладилар.  Бу мақолани ёзишдан мақсад Аллоҳнинг дини илмий асосга зид эмаслигини тасдиқлаш, Ислом душманларининг ҳийласи беҳуда эканини кўрсатиш ва соддароқ мусулмонларнинг маккор даҳрийлар фитнасига алданиб қолишларидан огоҳлантиришдир. Аллоҳ таолодан бизларни ҳидоятда бардавом қилишини сўраб қоламиз. Агар У Зот кимни ҳидоят қилса уни ҳеч ким адаштира олмайди, мабодо адаштириб қўйса ҳеч ким йўлга сололмайди!  

Аброр Мухтор Алий

Ҳижрий 1434 сана 19‑Рамазони Шариф.  

Мелодий 2013 йил 28-июл.

 



[1] Каҳф‑51.

[2] Энтони Флю, Буюкбританиялик. 1923 йил 11 февралда туғилган. 2010 йил 8 апрелда вафот топган. ХХI асрда бундан кўра машҳурроқ атеист йўқ эди. Атеистик қарашларда бир неча китоблар ёзган, умрининг охирроғида, тўғрироғи 2007 йилда ўз қарашларини ўзгартириб, “Адашибман, Худо бор экан” номли китоб ёзди...

[3] “Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. Нисо‑82.

Аслида   илмий асосга кўра хатонинг мавжудлигини ёки унинг чегарасини назариётда белгилаб, кейин тўғрисини исбот қилишга уринилади. Буни инглиз тилида Falsification test дейилади. Ажабланарлиси шундаки, Қуръони Карим башарий хитобга ўхшамаган тенги йўқ журъат билан ўзида хато ва чалкашлик йўқлигини  баралла айтмоқда. Бу ҳам етмагандек, агар қидирсанглар ҳам хато топа олмайсизлар, демоқда! Ваҳоланки, уни 1400 йилдан бери қидиришмоқда. Топдик, деган “хатолари” айнан илмий ҳақиқат бўлиб чиқмоқда. Дунёда бирорта муаллиф китоб ёзиб, сўнг: “Бу китоб хатодан холийдир”, дейишга журъат қила оладими? Бошланишнинг ўзидаёқ, “Бу китобда шак-шубҳа йўқ яъни унинг барча ифодаси ҳақиқат, дея оладими?

[4] Оли Имрон‑60.

[5] Бақара‑22.

[6] Тоҳа‑53.

[7] Ғофир‑64.

[8] Зуҳруф‑10

[9] Мулк‑15.

[10] Нуҳ‑19.

[11] Фахриддин Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Розий, фиқҳда шофеъий, ақидада ашъарий  мазҳабида бўлган тасаввуф олимларидан. Ҳижрий 544 да туғилиб, 606 да вафот топган. (Мелодий 1149/1209)

[12] Мафотийҳул ғойб.

[13] Абу Ҳайён Ғарнотий, фиқҳда шофеъий, ақидада ашъарий бўлган сўфий олимлардан бўлган. Милодий 1256 туғилиб, 1344да вафот топган.

[14] Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймаз Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Заҳабий, Имом Ҳофиз аср муҳаддиси бўлган Ислом алломаларидан бири. Икки юздан ортиқ китоб тасниф қилган. 673‑748 ҳижрийда яшаб ижод қилган. Мелодий 1274‑1348.

[15] Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абу Бакр ибн Халликон, Абул Аббос куняси билан машҳур. Тарихчи, адиб ва Дамашқда қозилик қилган алломалардан бири. Ҳижрий 608 йил Ирбилда дуёга келди. Бутнн умр Дамашқда бўлди. Ўзи Аъломлардан эди. Аҳком, фиқҳ, усулид дин ва Дамашқ Аъломлари ҳамда шайхларининг урфи борасида китоблар тасниф қилди. Малик Зоҳир уни Шомга қози этиб сайлади ва ўн йилдан кейин бўшатиб, Дамашқ мадрасалаларининг волийси этиб таъйинлади.  Ҳижрий 681 да вафот топди ва Дамашқдаги Қосиюн тоғи ёнбағрига дафн қилинган.  

[16] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Идрис Шарифий, мусулмон олимларидан бири. Аҳли Байтдан. География илмининг асосчиларидан ҳисобланади. Тарих, адаб, шеър ва наботот борасида китоблар тасниф қилган. Қуртубада фалсафа, тиб ва астраномия фанларидан дарс берган. Ҳижрий 493, м.1100да Ақсонинг кунботар томонидаги Сабтаҳ шаҳарчасида дунёга келган, ҳ. 559да, м. 1166да вафот топган.

[17] Абу Ҳасан Аҳмад ибн Жаъфар Мунодий, ҳ.336 в.

[18] Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Бетуний. Мусулмон ашъарий ақидасида бўлган. Фалакий, илмун нужум, илмул инсон, кимё, геология, тарих, математика, тиб, фалсафа ва физика каби илмларни мукаммал ўзлаштирган. ҳ.т. 362, в.440 – м.т. 973, в.1048.  

[19] Ўрта асрда Ернинг ҳажмини аниқлашда юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг хизматлари катта бўлган. Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий бир градус меридиан ёйнинг узунлиги 111,8 километрга тенглигини исботлаб берган. Бағдодда ташкил топган «Донишмандлик уйи» номли ўша даврнинг фанлар академиясида ўрта осиёлик олимлардан Хоразмий, Фарғоний, Ҳабаш Хасиб, Мовардий каби олимлар турли соҳаларда иш олиб борганлар. Беруний ҳам шу «Донишмандлик уйи»нинг аъзоси бўлиб, у ерда 7 йил ишлаган. Унинг ёзишича, халифа Маъмун буйруғига биноан «Донишмандлик уйи»нинг олимлари икки гуруҳга бўлиниб, Ироқнинг Мосул шаҳри ғарбидаги Сандар саҳросида градус ўлчаш усули асосида Ер катталигини аниқлашга киришишган, бунда Холид ал-Марваридий бир гуруҳга, Абу ибн Исо ас Астурлобий иккинчи гуруҳга раҳбарлик қилган. Ҳар қайси гуруҳ ўзи ўлчаб топган натижалар бўйича бир градус меридиан ёйнинг узунлигини ҳисоблаган. Биринчи гуруҳдагиларнинг ҳисоблашича, бир градус меридиан ёйнинг узунлиги 111,815 километрга тенг чиққан, иккинчи гуруҳ топган қиймат 1315 метр кам бўлган. Беруний натижалар ўртасидаги бу тафовутнинг сабаби икки хил ўлчашда, дейди ва ўзи бу натижаларни текшириб кўришга қизиқиб, градус ўлчаш ишларини олиб бормоқчи бўлади. Бунинг учун у Деҳистон даштини (Касбий денгизининг жануби-шарқий қисми) танлаган, лекин ёрдамчиси ва етарли маблағи йўқлиги учун бу ишни амалга оширолмаган. Ер ўлчамини градус ўлчови усули билан аниқлаш учун маълум кенгликда текис жой керак бўлади ва бу ерда бир неча ўн километр аниқ ўлчаниши лозим. Бу иш кўп вақт, катта маблағ ва пухта тайёргарлик талаб қиларди. Бу ҳақда Беруний: «Ер айланаси узунлигини саҳрони кезиб юрмасдан қуйидагича аниқлаш мумкин. Бунинг учун денгиз соҳилидаги ёки текис жойда қад кўтариб турган баланд тоққа кўтарилиб қуёш чиқиши ёки ботиши олдидан қуёш гардишининг ярми уфқ орасида бўлган вақтда доирали армилляр асбоб билан унинг пасайиш бурчаги ўлчанади» дейди. Уфқ пасайишини ўлчаш усулини чизма ва формулалар ёрдамида тушунтиради. Бунда, тоғ тепасида қуёш чиқиши ёки ботишига қараб кўриш нурининг тоғ тепасидан ўтган горизонтал чизиқ билан ҳосил қилган бурчак ўлчанади. Х асрда яшаб ижод қилган улуғ қомусий олим Абу Райҳон Беруний Ернинг катталигини ўлчашда янги усул қўллаб, бир градус меридиан ёйнинг узунлиги 111,16 километр эканлигини ҳисоблаб чиқарган. Беруний Ернинг радусини ўша давр учун аниқ ўлчаб берган. У Ернинг меридиан айланасининг узунлигини 40183 километр эканлигини ҳисоблаб чиқарган. Султон Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонга қилган сафарининг бирида Берунийни ҳам бирга олиб кетади, йўлда шарқий Покистоннинг Мўлтон шаҳрида вақтинча истиқомат қилишга тўғри келади. У ўзга юртда бўлишига қарамай, фурсатдан фойдаланган ҳолда Мўлтондан 400 километр ғарбдаги Нандна қўрғонида Ер курраси ўлчамини аниқлашга киришади, аввал шу жойнинг географик кенглигини ўлчаб 320001 га тенг эканлигини аниқлайди. Сўнгра уфқнинг пасайиш бурчагини ўлчайди. Бу ҳақда олимнинг ўзи қуйидагича ёзади: «Ҳиндистон еридаги Нандна қўрғонида истиқомат қилишимга тўғри келди. Қўрғоннинг ғарб томонида баланд тоғ, жанубий томонида эса кенг саҳрони кўрдим ва шу он (уфқ пасайишини ўлчаш усулини) синаб кўришга киришдим. Тоғ тепасидан туриб ернинг ложувард рангдаги осмон билан туташганини яққол кўрдим. Қараш чизиғи вертикалга перпендикуляр бўлган чизиқдан 00 341 пасайди. Перпендикуляр бўлган тоғ баландлигини ўлчадим, у шу ерда қўлланадиган ўлчовда 652,055 чўзим (газ)га тенг келди». Беруний ўлчаб топган қийматлар бўйича ўзига хос усул билан Ер курраси радиусининг узунлиги 12803337,036 газга тенг эканлигини ҳисоблаб чиқарди. Агар бир газ 0,4933 метр эканлигини эътиборга олсак, Ер курраси радиуси узунлиги, Беруний ҳисобича, 6315,886 километр бўлади. Бу рақам ҳозирги вақтда олинган қийматдан жуда кам фарқ қилади, яъни хатолик радиус узунлигини 0,9 фоизни ташкил этади. Сўнгра Беруний шу 320 001 кенгликдаги бир градус меридиан ёйнинг узунлиги 223550,329 газ ёки 110,277 километр эканини ҳисоблаб чиқади. Бу рақамни ҳозирги даврда аниқланган бир градус ёйнинг қиймати 110,885 километр билан таққосласак, бундан минг йил илгари Беруний бир градус ёй узунлигини ҳисоблашда атиги 618 метр хато қилганлиги маълум бўлади. Ер айланасининг узунлигини аниқлаш, Беруний айтганидек, саҳроларни кезиб 10 ёй узунлигини аниқлашга нисбатан аниқ ва қулай. Шу боис, у тригонометрик усуллардан фойдаланиб, тоғ баландлигини ўлчашда аввалги астрономлардан ҳам аниқроқ натижага эришган. Ер айланасининг узунлигини топиш ҳақида Беруний бундай дейди: «Ер айланасининг узунлигини топиш учун ҳамма ҳолларда ҳам шу топилган топилмани, яъни радиусни иккилантириб 22 га кўпайтир, ҳосил бўлган кўпайтмани 7 га бўл, шунда сен ўлчаган бирликларда Ер айланасининг узунлиги келиб чиқади». Беруний айтган амалларни бажарганда л=2пР ни айлана узунлигини ҳисоблаш мумкин. Бунда 22/7=3,14.... (п)ни ифодалайди. Шундай қилиб, Беруний шахсан ўзи бир қанча шаҳарларнинг географик кенгликларини ҳисоблади. Масалан, Ғазнанинг кенглиги 330 351, Канданики 330 551, Думпурники 340 201. Унинг ҳисоблашига кўра, Бухоро шаҳрининг кенглиги 390 201 деб топилган. Ҳозирги кунда бу қиймат 390 461 дир. Демак, бу Беруний ҳисобидан фақат 00 261га фарқ қилади...( Қодир Тўраев, Жиззах ВПХҚТМОИ катта ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди, Муҳайё Зокирова, Жиззах туманидаги 12-мактаб физика фани ўқитувчиси).

[20] Миколай Коперник. Мелодий 1473 йил 19 февралда туғилган, 1543 йил 24 майда вафот топган, масиҳий фалакий ва риёзий олимлардан. Коперник Қуёш назариясини Ибн Шотирдан (1304-1376) айнан кўчириб олган..

[21] Христианларнинг ўзлари ҳам инквизиция қурбони бўлган эдилар. Черков даҳшатли усулларни инквизиция воситасида христианларга нисбатан ҳам қўллаган эди. Черков бу билан одамларга дин номи билан жорий қилган фикрларининг ижросини таъминлар, черковга қарши чиққан ёки черков фикрларини танқид қилган кишиларни қамоққа олар, уларни дорга осиш ва гулханларда тириклай ёқиш билан қатл этар эди. Инквизиция қарорлари билан қатл этилган христианларнинг сони 300 000 (уч юз минг)дан ортиқ бўлиб, шулардан 32 000 (ўттиз икки минг)таси гулханда тириклай ёқилган эди. Улар ичида машҳур олим Жордано Бруно ҳам бор эди. Черков ундан бошқа сайёралар борлиги ҳақида айтган сўзлари учун интиқом олди. Бошқа олим Галилео Галилей эса "Ер Қуёш атрофида айланади"- деб эътиқод қилгани учун қатл этилди! Аслида бу табиий фанлар олимлари бўлган масиҳийлар  мусулмон олимлардан илмий истифода олганлари учун Черков улардан ўч олган эди.  Бугунги кунда ҳам  дин деганда ўша Черков жаҳолати тушиниш ва Исломга ҳам шу фалсафа кўзойнаги остидан қараш мавжуд. Бу эса кишилар наздида Исломни жаҳолат дини, деб кўрсатишга сабаб бўлмоқда. Аслида инсоф назари билан Ислом динининг таълимотларига қаралса, унинг мутлақ илм дини экани ёрқин кўринади!...   

[22] Ҳижр‑19

[23] Қоф‑7.

[24] Бақара‑115.

[25] Бақара‑142.

[26] Бақара‑143.

[27] Дунёнинг барча ўлкаларида муҳандислар ўзлари қураётган биноларнинг жойлашишини геометрик ўлчамлар асосида белгилашади. Бунда бинонинг қайси томонга юзланиши муҳим аҳамият касб этади. Лекин қизиғи шуки, муҳандисларнинг бирортаси бино аслида ғарб ёки шарққа эмас, балки осмонга қараб турибди, демайди. 

[28] Муҳаммад Арабий Луббий,  “Ал Қонун ар Риёзий литтижоҳил Каъбати ва татбиқотиҳи”, 1‑саҳифа.

[29] Бақара‑148,149,150.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz