Нега кашфиёт деймиз? Принтер учун
28.07.2013 й.
«Исм осмондан нозил бўлади», деган нақл бор. Қуръони Каримда: «У (Аллоҳ) Одамга барча исмларни ўргатди», дейилади. Ушбу маънолардан келиб чиқиб айтганда, шахслар, нарсалар ва айрим иш-ҳаракатларнинг номидан ҳам қандайдир ҳақиқатларни англаш мумкин.
Қайсидир изланувчи олим коинотдаги бирор ҳақиқатни илмий равишда топиб, аниқласа, унинг бу ишини «кашфиёт» деймиз, ўзини эса «кашфиётчи» деб атаймиз. Хўш, нега кашфиётчининг ушбу ҳаракати айнан «кашфиёт» деб аталиб қолган? Бу сўзнинг асли мазмуни ўзи нима?
«Кашф» арабча сўз бўлиб, асли луғатда бирор нарсанинг юзидан тўсиқни олиб ташлашни, уни очишни билдиради. Мисол учун, аёл киши юзидан ниқобини олса, «юзини кашф қилди», дейилади. Аврат саналган жойни очишни «кашфул-ъавроҳ» дейилади. Бу сўз айни маънода мавҳум нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан, Аллоҳга муқарраб бўлган валий бандага ғайбиётга оид бирор илм ёки ҳолат маълум қилинса, буни ҳам «кашф» дейилади. Бу сўз араб тилида айнан кашфиётлар учун ҳам ишлатилади. Сўзнинг ушбу маъноларидан келиб чиқиб қаралса, «кашфиёт» аввалдан мавжуд, бор нарсани аниқлашни билдиради. Эътиборлиси, кашфиёт рус ва инглиз тилларида ҳам айнан «очмоқ» мазмунини англатувчи феъллар («открыть», «discovery» ‒ «очиш (ёпиқ нарсани)») билан ифодаланади.
Хўш, инсон кашфиёт қилганда нимани очади? Кашфиётнинг табиати шу: борлиқда бор, аммо шу пайттгача инсонга номаълум бўлган, инсон учун яширин, ёпиқ бўлган нарсанинг энди маълум бўлиши. Демак, кашфиёт йўқ нарсани бор қилиш эмас, балки бор нарсани аниқлаш, билишдан иборатдир. Ўша нарса аслида аввалдан бор эди, аммо инсон ҳали уни билмас эди, энди билди, кашф қилди.
Мана шу жойда бизга бир ҳақиқат равшанлашади: инсон борлиқдаги изчил қонуниятларни, турли илмларни кашф қилар экан, демак, у кимдир томонидан жорий қилинган қонуниятларни, илмларни аниқлаб бораётган бўлади, шу пайтгача инсониятга номаълум бўлган, яширин бўлган ҳақиқатни очган бўлади. Бинобарин, бу илмлар аслида уларни ўрганаётган инсонга эмас, балки борлиқнинг Эгасига тегишли ҳисобланади. Мисол учун, қайсидир ихтирочи математика, геометрия ва бошқа фанлардаги билими асосида бир мослама ясади. Кейин бу мосламани бошқа бир киши олиб, ўрганиб, унинг айрим геометрик ва бошқа қонуниятларини кашф қилди. Ушбу билим аслида кимга тегишли, ихтирочигами ёки кашфиётчигами? Табиийки, ихтирочига тегишли, чунки кашфиётчи аслида бу ҳақда ҳеч нарса билмас эди, у мазкур мосламани ўрганиш натижасида ундаги айрим илмларни ўзлаштирди. Ҳали унинг билмаган нарсалари яна чандон кўпроқдир. Инсон ҳам борлиқдаги илмларни ўрганар экан, ушбу борлиқни яратган Зотнинг илмларидан насибасига яраша ўзлаштириб бораётган бўлади. Ушбу билими асосида қилган ихтиролари ҳам аслини олганда мазкур илмларнинг Эгасига бориб тақалади.
Инсоният яралибдики, борлиқдаги илм ва қонуниятларни ўрганиб, қўлдан келганича ўзлаштириб келмоқда. Аммо билгани билмагани олдида денгиздан томчи экани кун сайин равшанлашиб бормоқда. Ҳар қандай ақлли инсон инсоф билан ёндашса, бу илмлардан бохабар бўлган сари уларнинг ҳеч қачон ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмаслигини тушуниб етади, уларни яратган Эгасининг қанчалар буюк эканини англаб бораверади, У Зотнинг қаршисида ўзининг нақадар ожизлигини ҳис қилади. Шунинг учун ҳам Ислом нуқтаи назарида илмнинг барчаси Аллоҳнинг илми ҳисобаланади, бу илм дунёвий ва ухравийга ажратилмайди, чунки ҳар иккиси ҳам бир манбадан келиб чиққан ва ҳар икки дунё учун манфаатлидир. Улардан бири – дин Аллоҳ томонидан инсониятга махсус йўллангани билан имтиёзли бўлса, иккинчисини ўрганиш инсонга берилган ақлу тафаккурга юклатилган. Шу боис, динда асосан инсон ақли топа олмайдиган ёки топишга уринса, хато қилиши эҳтимоли юқори бўлган мавзулар ўрганилади. Шунингдек, динда бошқа билимларни ўрганишга тарғиб ва уларни ростлаб турувчи асослар ҳам берилади. Мусулмонлар ушбу ҳақиқатларни яхши англаб етган пайтларида илм-фанга бемисл хизматлар қилишган, уларнинг билимлари Аллоҳни янада яхшироқ танишга, У Зотга тақво қилишга ундаган ҳамда фақат ва фақат инсониятнинг манфаатига хизмат қилган.
Афсуски, айрим инсонлар ушбу ҳақиқатни англамай, борлиқдаги билимларни ўрганиб, ўзлаштириб олиб, уни тўла ўзига нисбат беришга ўрганиб қолишган. Бу ҳам етмагандек, улар ушбу билимларнинг Эгасини инкор қилиб, уларнинг ўз-ўзидан юзага келган деб даъво қилишдан ҳам тойишмайди.
Қизиқ, инсон бирор қонуниятнинг ўз-ўзидан кашф бўлганига ишонмайди, балки дарҳол: «Буни ким аниқлаган экан?», дейди, бироқ ўша қонуниятнинг ўз-ўзидан жорий бўлиб қолганига ишонгиси келаверади. Инсон ўзи кашф қилган  ўша бир ҳовуч билими асосида ясалган бирор жиҳознинг ўз-ўзидан вужудга келиб қолганига ҳеч қачон ишона олмайди, аммо негадир ўша билимига асос бўлган, унга нисбатан миллионлаб марта кенг ва мураккаб бўлган илм асосида яратилган борлиқни ўз-ўзидан пайдо бўлганига ишонаверади. У бор ашёларни йиғиб, жамлаш орқали ясалган ҳар қандай нарсани кимдир ясаганини жуда яхши билади, бошқача бўлиши мумкин эмас, дейди, аммо ўша ашёларнинг ўз-ўзидан йўқдан бор бўлганини даъво қилади. Инсон борлиқнинг яратувчиси борлигига ҳам керагича далил топиши мумкин эди. У бу ҳақиқатга ҳар қадамда дуч келади, бироқ, негадир у борлиқ ўз-ўзидан яралган деган даъвога ишқибоз. У бу ҳақда чуқурроқ ўйлашни ҳам истамайди, ҳатто яхшироқ тафаккур қилса, Яратувчига ишонишга тўғри келиб қолишидан чўчийди, ўжарларча «Менга у ёғининг қизиғи йўқ», дейди.
Бугун инсоният табиий моддалар жадвали учун Менделеевга, тортишиш кучи ва нисбийлик назариясини аниқлагани учун Ньютон ва Эйнштейнга тинимсиз раҳмат айтиб, ўзини уларнинг олдида бир умр қарздордек тутади. Аммо ўша қонуниятни йўқдан бор қилган, уни инсониятнинг билимига бўйсундириб қўйган Буюк Яратувчини инкор қилади, унга шак келтиради. «Ўша қонуниятлар кашф қилинмаганида бугунги фалон-фалон ютуқлар инсониятга муссар бўлмас эди», дея кашфиётчиларни кўкларга кўтариб, уларнинг қаршисида бош эгади, аммо бу ва бундан бошқа қонуниятларни инсон манфаати учун жорий қилиб қўйган Зотни тан олгиси келмайди, қўйиб берса, Унга қарши уруш ҳам эълон қилади.
Хўш, нима учун инсон бунчалар кўрнамаклик қилади? Нега унинг шунча нарсага етган ақли шу ерга келганда оқсайди? Нега у эволюция деган назария билан бир асрдан зиёд ўз-ўзини алдаб юрганини аниқ билса ҳам, буни баралла айтишга ботина олмайди? Ўрганган билимлари эволюцияни инкор қилса, Яратувчини тан олиб қўя қолмай, ечимсиз янги бир фараз – «Ўзга сайёраликлар билан мулоқот» назарияси билан ўзини юпатишга ҳаракат қилади? «Сени Аллоҳ яратган», дейилса, «илмий» исбот талаб қилиб, бундан бошқа ҳар қандай фаразни «илм» деб қабул қилгиси келаверади.
Нима учун инсон ўз Яратувчисини инкор қилиш учун ўзини қандайдир ҳайвондан пайдо бўлган дейишгача боради? Яратувчисига итоат этадиган инсон бўлишдан кўра Уни инкор қиладиган ҳайвон бўлишни хушлайди? Нима қилиб бўлса ҳам, Яратувчини инкор этса-ю, бемалол яшаса. Нега у «Ҳаётнинг ҳақиқати ўзи нима?», «Хўш, ўша илк портлаган нарсани ким яратган эди?», «Ўзингиз айтаётган эҳтимоллар назариясига кўра коинотдаги бу қадар комил мувозанат тасодифан пайдо бўлиши мумкинми?» каби оддий саволларга жавоб бера олмагани ҳолда, илмни даъво қилиб бонг уради? Камига, ожизлигини тан олиб, мард бўлиб «Билмадим» дейиш ўрнига, отдан тушса ҳам эгардан тушмай, «Буёғи ҳали фанга маълум эмас», деб гапни айлантиради? Нега у тинимсиз хатога йўл қўяётганини била туриб ҳам ўзига келмайди? Нима учун у бугун исбот қилганини эртага инкор қилиб, бугун инкор этганини эртага тасдиқлаб турган фанни ўзгармас асосдек фаҳмлаб, уни Буюк Яратувчи хусусида ҳал қилувчи қози қилиб сайлаб олади, Аллоҳга куфр келтиради? Нега у Аллоҳнинг илмидан озгина қисмини ўрганиб олиб, У Зотга қарши отланади?
Ушбу саволлар ҳақида ўйлар эканмиз, бизга яна бир ҳақиқат равшанлашади: инсонни бошқаришда ақлдан ташқари яна бошқа омиллар ҳам иштирок этади. Чунки соғлом ақл юқоридаги саволларда санаб ўтилган  ҳолатларнинг ҳеч бирини қабул қилмайди, аммо инсон бу жиноятларни тап тортмай қилаверади. Демак, унга бошқа бир туртки бор.
Бугунги инсон инкор қилишни истаётган бу борлиқ – нафс ва шайтондир. Нафс инсоннинг ёмон хоҳишини акс эттирса, шайтон ушбу хоҳишга ўз таъсирини ўтказа оладиган, йўл кўрсатадиган, унинг қўлтиғига сув пуркайдиган мавжудотдир.  Ҳа, инсон гоҳида бу икки ҳақиқатни тан олмаса-да, уларнинг мавжудлиги кундек равшан. Инсон уларни инкор қилиш билан ҳеч нарса ютмайди, балки бу ушбу икки душманнинг муваффақияти ҳисобланади. Чунки душманни инкор қилиш кишига бироз хотиржамлик бахш этса-да, аслида бу ўша душманнинг ютуғи, унинг қошида мағлуб бўлишнинг асосий нуқтасидир.
Инсон табиатан ҳар қандай муваффақиятни ўзига нисбат беришга интилади, «Уни мен қилганман», «Буни мен қилдим» дейишни яхши кўради. Чунки унинг «МЕН»и бор. Ундаги мана шу хусусият борлиқдан ўзлаштирган илмларни Яратувчига эмас, ўзига нисбат беришга ундайди. Шу билан бирга, инсоннинг нафси ўзини тергаб турувчи кучни ёқтирмайди, хоҳлаганини қилишни истайди. Бу ҳам уни куфрга етаклайди. Шу боис, агар нафс ақлдан устун келса, инсонга Яратувчини инкор қилишни буюради, шайтон эса бу тадбирни гўзал кўрсатиб, нафсни қўллаб-қувватлаб туради. Натижада, инсон инкордан иборат ушбу фаразни «илм» дейишгача боради.
Илмга нисбатан ана шундай нотўғри ёндашув инсониятни таназзул томон судраб бормоқда. Бугун ҳар қадамда инсоннинг тарихда мисли кўрилмаган тараққиётга эришгани ҳақида бонг ураётганига гувоҳ бўласиз. Бироқ, яхшироқ разм солиб қаралса, аслида инсон эмас, техника тараққиёт этаётгани маълум бўлади, инсоният эса, аксинча, ҳалокат сари бормоқда. Инсон ерда, сувда ва ҳавода юрадиган турли уловларни ихтиро қилди, қўлидан ишини оладиган техникаларни, компьютерларни яратди. Бироқ, у ўзининг асл қиёфасини, инсонийлигини бой бермоқда. Авваллари қўлига қилич олиб, душманига юзма-юз туриб урушар эди, фақат ўша душманидан интиқом оларди. Бугун эса у қирувчи самолётга ўтириб олиб, жилмайганча юзлаб инсонлар устидан бомба ёғдирмоқда. Бир қўлига қаҳва ушлаб, иккинчи қўлида бир тугмачани босиб, минглаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. У бугун ҳар қандай разилликни оқлашга тайёр бўлиб қолди. Бугун инсон зино, баччавозлик ва бошқа ҳар қандай ахлоқсизликни тортинмай қилиш у ёқда турсин, уларни тарғиб қилишни, ҳимоя қилишни ўзига вазифа деб билмоқда. Эркакда эркаклик, аёлда аёллик хислатлари қолмаётир. Жўмардлик, олижаноблик, орият, ҳамият, рашку ғайрат каби инсоний фазилатлар унут бўлиб бораётгандек. Пушкин ва Лермонтов каби шаънининг ҳимояси учун жонини тикиш худди эртакдек туюладиган бўлиб қолди. Шу кунгача номини ўзи учун ҳақорат деб билган ҳайвонни бугун «Катта бобом» дейишдан ҳам уялмаяпти. Буларнинг барчаси инсонийликнинг хароб бўлиб бораётганидан дарак беради.
Инсон ўз Яратувчисининг итоатидан қочиб, нафсининг тузоғига тушди. У Аллоҳга ибодат қилишдан қўрқиб, ўз манфатига сажда қиладиган худбинга айланди. У ҳар бир инсонга фақат Аллоҳгина жон ато этишини инкор қилиб, натижада ўзидан бошқа инсонларнинг ҳаётини арзимас санаб қолди. Энди унинг учун бир инсоннинг ўлдирилиши ўрмондаги бир маймуннинг ўлимидан сал фарқли, холос. «Бир инсонни беҳудага ўлдириш бутун инсониятни ўлдириш билан баробар, бир инсонга ҳаёт бахш этиш бутун инсониятга ҳаёт бахш этишдир», деган олижаноб тушунча энди унга ёт (Моида сураси, 32-оят). Чунки бугун унинг «илм»и ўта ғовлаб кетиб, шу кунгача жонга боғлиқ деб билган ҳаётни оддий биологик жараён деб қарай бошлади.
Инсоннинг Аллоҳни инкор қилиши бугун ҳар доимгидан кўра авж олган бўлса-да, бу аслида янгилик эмас. Ўзини билмаган, нафсининг қули бўлган қавмларнинг Яратувчини у ёки бу шаклда инкор этиши қадимдан мавжуд. Шу боис, ҳозирги замон одамларининг куфрларини, инкорларини кўрсангиз, аввалги умматларникидан умуман фарқ қилмайди, фақат сўзлар бироз бошқача. Аллоҳнинг динини инкор қилган қавмлар аввал ҳам худди ҳозиргиларга ўхшаб, ўзларидаги илму қувватга таянишган эди. Улар ҳам ўзларини ўта ақлли деб билишган, ақлларига сиғмагандек кўринган нарсаларни эса инкор қилишган. Аввалги мункирлар ҳам пайғамбарларни ва уларга эргашган кишиларни масхара қилишган, қолоқликда айблашган эди. Мўминлар охири уларга: «Майли, сизлар бугун бизни масхара қилаверинг, сизлар билан эрта Қиёматда гаплашамиз», деб жавоб беришга мажбур бўлишган эди.
Шуни яхши англаш керакки, инсониятнинг Аллоҳга итоатда бўлиши ёки бўлмаслиги, ишониши ёки ишонмаслиги У Зотнинг мулкига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда жумладан шундай дейилади:
«Эй бандаларим! Агар сизларнинг аввалгиларингизу охиргиларингиз, инсонларингизу жинларингиз ичингиздаги энг қалби тақволи кишидек бўлса, бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди. Бордию сизларнинг аввалгиларингизу охиргиларингиз, инсонларингизу жинларингиз ичингиздаги энг қалби фожир кишидек бўлса, бу Менинг мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди».
Ҳа, бор ҳақиқат шу. Инсон бу бепоён коинотда заррадек бўлиб турган Курраи заминдаги бир зарра. Аллоҳ эса ушбу ва бошқа борлиқларни яратган, уларни тасарруф этиб турган Зот. Инсон итоат қилса ҳам, қилмаса ҳам, ўзи учун қилади, Аллоҳга бундан ҳеч қандай манфаат йўқ. Барча мавжудотлар истаса-истамаса Аллоҳнинг ибодатини, тасбеҳини қилиб туришибди. Фақат Аллоҳ бу борлиқда Ўзига ихтиёрий равишда ибодат собит бўлиши учун инсонни яратган ва унга ихтиёр берган. Инсондан кўзланган илоҳий мақсад шу! Инсон ҳаётининг асл мазмуни ҳам шу! Шунинг учун ўзининг ушбу инсоний вазифаларини бажарган кишиларнинг садоқатларини Аллоҳ жаннат билан, Ўз розилиги билан тақдирлашни ваъда қилган. Аммо, агар бутун инсоният Аллоҳнинг ибодатидан юз ўгриса ҳам Аллоҳнинг мулкига ҳеч қандай зарар келтира олмайдилар, фақат ўзлари зиён кўрадилар, бадбахт бўладилар, маҳкама ишини – Қиёмат ҳисоб-китобини яқинлаштирадилар, холос.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1434 йил 16-Рамазон
2013 йил 25-июл.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz