Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти (19-дарс) Принтер учун
28.06.2013 й.

34‑Матн:

Сўнгра маъсур дуолар ила дуо қилардилар.

34‑Матннинг далиллари:

۱-عن عائشة زوج النبي صلى الله عليه و سلم أخبرته  : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم كان يدعو في الصلاة ( اللهم إني أعوذ بك من عذاب القبر وأعوذ بك من فتنة المسيح الدجال وأعوذ بك من فتنة المحيا وفتنة الممات اللهم إني أعوذ بك من المأثم والمغرم

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда: “Аллоҳумма иннии ауузу бика мин азаабил қобри ва ауузу бика мин фитнатил масииҳид дажжаал ва ауузу бика мин фитнатил маҳя ва фитнатил мамаат, Аллооҳумма иннии ауузу бика минал маъсами вал мағром”, дея дуо қилар эдилар”. Бухорий ривояти 1/115.

۲-عَنْ عَبْدِ اللَّهِ ، فَذَكَرَهُ بِبَعْضِ مَعْنَاهُ وَفِى آخِرِهِ :« ثُمَّ لْيَتَخَيَّرْ أَحَدُكُمْ مِنَ الدُّعَاءِ أَعْجَبَهُ إِلَيْهِ فَيَدْعُو بِهِ ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

2. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиснинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сўнгра дуодан ўзига ёққанини танлаб, ўша дуони қилсин”. Бухорий ривояти 1/115.

Бу ўриндаги дуолардан мурод ҳадисларда ёки Қуръон оятларида келган ёҳуд шуларга ўхшаган дуолардир.

۳-عَنْ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ كُنْتُ أُصَلِّي وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ مَعَهُ فَلَمَّا جَلَسْتُ بَدَأْتُ بِالثَّنَاءِ عَلَى اللَّهِ ثُمَّ الصَّلَاةِ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ دَعَوْتُ لِنَفْسِي فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَلْ تُعْطَهْ سَلْ تُعْطَهْ

3. Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Намоз ўқиётган эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар бирга эдилар. Ўтиргач Аллоҳ таолога сано айтиш (яъни ташаҳҳуд) билан бошладим. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот, сўнгра ўзим учун дуо қилдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўра, сўраганинг берилади, сўра, сўраганинг берилади”,  дедилар”. Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган. “Тайсирул вусул” 55‑саҳифа.

۶-قَالَ عَبْدُ اللَّهِ : يَتَشَهَّدُ الرَّجُلُ ثُمَّ يُصَلِّى عَلَى النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- ثُمَّ يَدْعُو لِنَفْسِهِ.

4. Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳу айтади: “Киши ташаҳҳудни ўқийди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади. Сўнгра ўзи учун дуо қилади”. Ҳоким кучли санад билан ривоят қилган. “Фатҳул Борий” 11/140.

35‑Матн:

Қуръони Карим лафзларига ўхшаш лафзлар билан дуо қилардилар.

35‑Матннинг далиллари:

Қуръони каримда келган “Роббанаа аатинаа фид дуня ҳасанатав ва фил аахироти ҳасанатав ва қинаа азаабан нар, Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ва ҳабланаа милладунка роҳматан иннака антал Ваҳҳааб”, каби дуоларни қилиш мумкин. Булардан дуо қасд қилинганда уларни оят дейилмайди ва уларни ҳайз‑нифосли ҳамда жанобатли кишилар ҳам дуо мақсадида ўқишлари мумкин.

36‑Матн:

Одамларнинг каломларига ўхшаш калом билан дуо қилмас эдилар.

 36‑Матннинг далиллари:

۱-مُعَاوِيَةُ بْنُ الْحَكَمِ السُّلَمِيُّ في حديث طويل ثم قال النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم إن هذه الصلاة لا يصلح فيها شيء من كلام الناس إنما هو التسبيح و التكبير و قراءة القرآن

1. Муовия ибн Ҳакам Сулламий розияллоҳу анҳу ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейди: “Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта бу намозда  инсон сўзидан бирор нарса бўлиши дуруст эмас. Албатта бу тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидир”, дедилар.  Муслим ривояти. 1/202.

Демак намоздаги дуолар тасбиҳ, такбир ва қироат қабилида бўлиши лозим. Ҳадиснинг далолатига кўра намозда: “Аллоҳим, мени кийинтир, Аллоҳим мен Фалончи аёлга уйланай”  каби инсон сўзи билан дуо қилиш жоиз бўлмайди.

Эътироз:

Имом Термизийдан бошқа беш муҳаддис ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнгра дуодан ўзига ёққанини танлаб, ўша дуони қилсин”, дедилар. Бухорий ривояти 1/115. Бу ҳадисга кўра киши намозда ўзи хоҳлаган дунё ва охиратга тегишли дуоларни қилиши мумкин.

Бу эътирозга қуйидаги жавобни берамиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Албатта бу намозда  инсон сўзидан бирор нарса бўлиши дуруст эмас”,  дедилар. Бу ҳадис эътироздаги ҳадисга қарши келиб қолди. Имом Бухорийнинг ҳадиси мубоҳликка далолат қилмоқда, Имом Муслимнинг ҳадиси эса инсон сўзи билан дуо қилишни ман этмоқда. Мубоҳ қилувчи ва ман этувчи ҳадис бир‑бирига рўбарў келиб қолса, усулга кўра ман қилувчи олдинга сурилади. Демак бу мавзуда Имом Муслим ривоят қилган ҳадис амал учун эҳтиётлироқдир.

 

 
« Олдинги   Кейинги »