БАРОАТ КЕЧАСИ Принтер учун
21.06.2013 й.

islom.uz
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  
васалламнинг шаъбон ойида
ги амаллари

Муборак Рамазон ойи келишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кутиб олиш учун ибодатга белларини маҳкам боғлар эдилар. У зот одатдаги ибодатларига қўшимча яна ибодат қилар эдилар. Нафақат ўзлари, балки бунга умматларини ҳам жалб қилар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида ибодат қилишга ва унинг кундузида рўза тутишга тарғиб қилар эдилар. Бу борада фақат тил ила тарғиб қилиш билан кифояланмас эдилар, балки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам амалий тарзда ўзлари ҳаммадан олдин бу майдонда намоён бўлар эдилар. Чунончи, бу ой келиши билан у зотнинг ибодатларида одатдан ташқари ўзгариш кўзга ташланар эди. Буни Оиша онамизнинг ривоятларидан билиб олсак ҳам бўлади:

ما رايته فى شهراكثر صياما منه فى شعبان

 У зот айтдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмадим» («Саҳиҳи Муслим»).

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбон ойида кўп рўза тутганларини далил қилиб, аллома имом Нававий бу ойда рўза тутишни суннат деб айтганлар:

ومن المسنون صوم شعبان

«Шаъбон ойида рўза тутиш суннатдандир» («Ал Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб»).

 Юқорида зикр қилинган Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадислари ва бошқа кўпгина ҳадислардан шу маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутишга барча умматларини тарғиб қилганлари Рамазон ойига тайёргарлик кўриш учун экан. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳи шунга ишора қилиб айтадилар: «Менинг наздимда бу хос рўзанинг ҳикмати шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан олдин, шаъбоннинг ярмида Рамазоннинг рўзасига намуна бўлиши учун рўза тутганлар. Токи Рамазондан ваҳшат ва ҳайбат бўлиб, қандай қилиб рўза тутаман, энди рўзамиз қандай ҳолатда бўлар экан, деб ўйламасин. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутишга буюрганлар».

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Марҳамат, шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиб кўринглар, Рамазоннинг рўзаси қандай эканини билиб оласизлар», демоқдалар. Бу бир кунлик рўзани тутишга ҳаммада ҳиммат топилади. Тўлиқ бир кун рўза тутган кишига Рамазоннинг рўзаси ҳам шундай бўлиши маълум бўлади. ўн бешинчи кечада бедор бўлиб ибодат қилиш эса таровеҳга намунадир. Яъни таровеҳда қандай қилиб ибодат қиламиз экан, деган одам шу кечада туриб, ибодат қилса, таровеҳнинг қандай экани маълум бўлади. «Бугун туни билан бедор бўлдик, таровеҳда бир-икки соат туриш нима бўлибди», деган фикр пайдо бўлади. Бу кечада қилинган ибодат мислга-мисл билан ёрдам қилишдир («Ал-юср маъал-уср»).

 

БАРОАТ КЕЧАСИ

Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда тўлиқ маълумотлар келган. Уларни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш биз мусулмонларнинг вазифасидир. Унда бизлар учун икки дунё саодати бор.

Энг аввал бу кеча хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўрсатмаларини келтирамиз, ундан кейин фақиҳлар ҳамда аҳли сунна вал жамоанинг бу борадаги қарашлари, фикрларига тўхталиб ўтамиз. Бу кеча ҳақида шариатда қандай кўрсатмалар борлигини яхшилаб билиб олишга ҳаракат қиламиз.

Бароат кечаси борасида Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари

(1) عن أبي بكر الصديق رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم: (ينزل الله إلى السماء الدنيا النصف من شعبان فيغفر لكل شيء إلا رجل مشرك أو رجل في قلبه شحناء). (شعب الإيمان للبيهقي)

1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади».

(2) فقال رسول الله صلي الله عليه و سلم: (أتردين أي ليلة هذه؟) قلت: الله و رسوله أعلم قال: هذه ليلة النصف من الشعبان إن الله عز و جل يطلع علي عبده في ليلة النصف من شعبان فيغفر للمستغفرين و يرحم المسترحمين و يؤخر أهل الحقد كما هم. (شعب الإيمان للبيهقي)

2. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Эй Оиша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?» дедилар. Мен:

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди», дедилар.

(3) عن أبي موسي الأشعاري رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: (إن الله تعال ليطلع في ليلة النصف من شعبان فيغفر لجميع خلقه إلا لمشرك أو مشاحن). (سن ابن ماجة)

3. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади».

(4) عن عبد الله ابن عمرو رضي الله عنه أن رسول الله صلي الله عليه و سلم قال: يطلع الله عز و جل إلي خلقه ليلة النصف من شعبان فيغفر لعبده إلا الإثنين: مشاحن و قاتل نفس). (مسند أحمد إبن حنبل)

4. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи», дедилар».

(5) عن عثمان بن أبي العاص رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال:إذا كان ليلة النصف من الشعبان نادي مناد هل من مستغفر؟ فأغفر له؟ هل من سائل؟ فأعطيه فلا يسأل أحد شيئا إلا أعطى إلا زانية بفرجها أو مشرك. (شعب الإيمان للبيهقي)

5. Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман», дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа. (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар)».

 (7) عن عطاء بن يسار رضي الله عنه قال: إذا كان ليلة النصف من شعبان و إن الرجل ليظلم و يتجر و ينكح النسوان و نسخ إسمه من الأحياء إلي الأموات ما من ليلة بعد القدر أفضل منها ينزل اللع إلي السماء الدنيا فيغفر لكل أحد إلا لمشرك أو مشاحن أو قاطع رحم. (كنز العلم)

7. Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтади:

«Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, ўлим фариштаси бу шаъбондан кейинги шаъбонгача ўлувчиларнинг исмини (Лавҳул маҳфуздан ўзининг дафтарига) кўчиради. Баъзи шахс зулм, тижорат ёки бирорта аёлга уйланади, ваҳоланки, унинг исми тирикларнинг қаторидан ўликларнинг қаторига кўчирилган бўлади. Қадр кечасидан кейин бу кечадан кўра афзалроқ кеча йўқ. Аллоҳ таоло (Ўзининг шаънига мувофиқ) дунё осмонига тушиб, мушрик, гиначи ва силаи раҳмни узувчилардан бошқа барчани мағфират қилади».

(8) أتاني جبريل عليه السلام فقال: (هذه الليلة ليلة النصف من شعبان و الله فيها عتقاء من النار بعدد شعور غنم كلب لا ينظر الله فيها إلي مشرك و لا مشاحن و لا إلي قاطع رحم و لا إلي مسبل و لا إلي عاق لوالديه و لا إلي مدمن خمر. (شعب الإيمان للبيهقي)

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар:

«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди».

 (10) عن أبي الدرداء رضي الله عنه قال: من قام ليلتي العيدين لله محتسبا لم يمت قلبه حين تموت القلوب قال الشافعي رحمه الله: و بلغنا أنه كان يقال إن الدعاء يستجاب في خمس ليال: في ليلة الجمعة. و ليلة الأضحي. و في ليلة الفطر. و أول ليلة من رجب. و ليلة النصف من شعبان. (شعب الإيمان للبيهقي)

10. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким савоб умидида қоим туриб ибодат қилса, бас, унинг қалби (қиёмат куни сабабидан) одамларнинг қалби ўлган пайтда унинг қалби ўлмайди». Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

«Бизга шу гап етдики, беш кечада дуолар қабул қилинар экан: жума кечаси, ийдул азҳо кечаси, ийдул фитр кечаси, ражаб ойининг аввалги кечаси ва шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси».

 Юқоридаги ҳадислардан ташқари, яна кўпгина ривоятларда ҳам бу кечанинг фазилатлари ворид бўлган.

 

 

عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله تَبارَكَ وَ تَعَالَى إِلى السَّماءِ الدُّنيا فّيغفِرُ لِعِبادِهِ كُلِّهِم إِلا لِمُشرِكٍ أَو مُشاحِنٍ أو قَاطِعِ رَحمٍ فِيا مَن أُعتِقَ فِيها مِن النَّارِ هَنيئاً لَكَ المِنحَةُ الجَسِيمَةُ وَ يا أَيُّها المَردُودُ فِيها جَبَّرَ الله مُصِيبَتَكَ هَذِه فَإنَّها مُصِيبَةٌ عَظِيمَةٌ.

«Ато ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ:

«Қадр кечасидан кейин бирор кеча шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидан афзал эмас. Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб, барча бандаларини мағфират қилади. Мушрик ёки хусуматчи, ёки силаи раҳмни узувчи бундан мустаснодир. Унда (бу кечада) ким дўзахдан озод бўлса, улуғ ҳадя муборак бўлсин. Эй (бу кечада ноумид) қайтарилган! Аллоҳ таоло бу мусибатингни тузатсин. Чунки у улкан мусибатдир», дедилар».[1]

Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушишининг кайфиятини англашга инсон ақли ожизлик қилади. Шу боис бу тушишни дунёвий ўлчовлар, мезонлар билан идрок этишга уриниш нотўғри иш бўлади.

Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бир неча номлар билан номланади:

1. Лайлатул муборока – баракали кеча;

2. Лайлатур роҳма – Аллоҳ таолонинг хос раҳмати ёғиладиган кеча;

3. Лайлатус сок – ризқлар белгиланадиган кеча;

4. Лайлатул бароъа – дўзахдан қутулинадиган, озод бўлинадиган кеча.

Урфда бу кеча бароат кечаси деб аталади. «Бароъат» сўзи араб тилида «озод бўлиш», «нажот топиш» деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади. Ҳадиси шарифларда у кечанинг улкан фазилати ва хусусиятлари зикр қилинган. Дастлаб бу борадаги ҳадисларни, сўнгра ҳадислардан чиқариб олинган ҳукм ва масалаларни келтирамиз. Чунки бугунги кунда халқимиз орасида бароат кечасининг фазилати борасида ворид бўлган ҳадисларга доир нотўғри фикр ва ташвиқотлар оралаб қолган. Эмишки, бароат кечасининг фазилати тўғрисидага барча ҳадислар мавзуъ ёки тўқима, ёки жуда заиф. Шунинг учун дастлаб бароат кечаси тўғрисида келган ҳадисларни санади билан батафсил тарзда зикр қиламиз. Шояд, бу орқали нотўғри ташвиқот ва тарғибот қилишга ҳаракат қилаётган кимсаларнинг юзлари фош бўлиб, содда, ғўр халқни алдашдан четлансалар.

Қуйида аввал бароат кечаси тўғрисида келган ҳадисларни ўрганиб чиқамиз.

У кечада нима бўлади?

وَعَن عَائِشَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « هَل تَدرِينَ مَا فِي هذِه اللَّيلة؟ « يَعنِي لَيلَةَ النِّصفِ مِن شَعبَانَ قَالَت : مَا فِيهَا يَا رَسُولَ اللهِ فَقَالَ : «فِيهَا أَن يُكتَبَ كُلُّ مَولُودِ بَنِي آدَمَ فِي هذِهِ السَّنَةِ وَفِيهَا أَن يُكتَبَ كُلُّ هَالِكٍ مِن بَنِي آدَمَ فِي هذِهِ السَّنَةِ وَفِيهَا تُرفَعُ أَعمَالُهُم وَفِيهَا تُنزَلُ أَرزَاقُهُم». (الدعوات الكبير للبيهقي)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу кечада (яъни шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?» дедилар.

У зот:

«У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг аммаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади», дедилар».[2]

وَقَالَ عَطاءُ بنُ يَسارٍ: إذَا كَانَ لَيلَةُ النِّصفِ مِن شَعبَانَ دُفِعَ إِلَى مَلَكِ الموتِ صَحِيفَةٌ، فَيُقَالُ: إِقبِض مَن فِي هذِهِ الصَّحِيفَةِ، فَإِن العَبدَ لَيَغرِسُ الغَرَاسَ، وَيَنكِحُ الأَزوَاجَ، وَيَبنِي البُنيَانَ، وَأَنَّ إسمَهُ قَد نُسِخَ فِي الموتَى مَا يَنتَظِرُ بِهِ مَلَكُ الموتِ إِلَّا أَن يُؤمَرَ بِهِ، فَيَقبِضُهُ.

Ато ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида ўлим фариштасига бир саҳифа берилиб:

«Бу саҳифадаги кишиларнинг жонларини олгин!» дейилади. Чунки банда дарахт экади, уйланади, бино қуради, ваҳоланки, унинг исми ўликлар рўйхатига киритиб қўйилган бўлади. Ўлим фариштаси буйруқ берилган нарсага қарайди ва уни қабз қилади», дедилар».[3]

عَن عُثمَانَ بنِ أبي المغِيرَةِ بنِ الأَخنَسِ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تُقطَعُ الآجَالُ مِن شَعبَانَ إِلى شَعبَانَ، حَتَّى أَنَّ الرَّجُلَ لَيَنكِحُ، وَيُولَدُ لَهُ وَقَد خَرَجَ إِسمُهُ فِي الموتَى». (شعب الإيمان للبيهقي)

Усмон ибн Муҳаммад ибн Муғийра ибн ал-Ахнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбондан кейинги шаъбонгача ажаллар (умрлар) белгиланади. Бир киши уйланиб, фарзанд кўради. Ваҳоланки, унинг исми вафот этганлар сафига киритиб қўйилган бўлади», дедилар».[4]

عن راشد بن سعد أنَّ النبي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال فِي لَيْلَةِ النَّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ يُوحِي الله إِلَى مَلَكِ المَوْتِ بِقَبْضِ كُلَّ نَفْسٍ يُرِيدُ قَبْضَهَا فِي تِلْكَ السَّنَةِ.

Рошид ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло ўлим фариштасига ўша йилда қабз қилишни ирода қилган ҳар бир жонни қабз қилишни ваҳий қилади», дедилар».[5]

Бароат кечасида Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушиши
ва баъзи кишилардан ташқари барчани мағфират қилиши

عَن أَبِي بَكرٍ عَنِ النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَنزِلُ اللهُ إِلى السَّماءِ الدُّنيا لَيلَةَ النِّصفِ مِن شَعبَانَ فَيَغفِرُ لِكُلِّ شَيءٍ إِلَّا رَجلٌ مُشرِكٌ أَو رَجلٌ فِي قَلبِهِ شَحنَاءُ.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб, мушрик ва хусуматчидан ташқари барчани мағфират қилади», дедилар».[6]

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ فَقَدْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ لَيْلَةٍ فَخَرَجْتُ فَإِذَا هُوَ بِالْبَقِيعِ رَافِعٌ رَأْسَهُ إِلَى السَّمَاءِ فَقَالَ لِي أَكُنْتِ تَخَافِينَ أَنْ يَحِيفَ اللَّهُ عَلَيْكِ وَرَسُولُهُ قَالَتْ قُلْتُ ظَنَنْتُ أَنَّكَ أَتَيْتَ بَعْضَ نِسَائِكَ فَقَالَ إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ يَنْزِلُ لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا فَيَغْفِرُ لِأَكْثَرَ مِنْ عَدَدِ شَعَرِ غَنَمِ كَلْبٍ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир кеча мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўйиб, (ташқарига) чиқдим. Қарасам, у зот Бақиъ қабристонида эканлар. У зот:

«Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилади деб қўрқдингми?» дедилар. Мен:

«Аёлларингиздан бирортасининг олдига келдингизмикан, деб ўйлабман», дедим. У зот:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таборака ва таоло дунё осмонига тушиб, Калб қабиласининг қўйларининг жунларидан ҳам кўпроқ кишиларни мағфират қилади», дедилар».[7]

Бароат кечасида Аллоҳ таоло махлуқотларига раҳмат
назари билан қарайди ва унинг барокати сабабли бир
неча кишилардан ташқари барча мағфират қилинади

عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّ اللَّهَ لَيَطَّلِعُ فِي لَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ فَيَغْفِرُ لِجَمِيعِ خَلْقِهِ إِلَّا لِمُشْرِكٍ أَوْ مُشَاحِنٍ.

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат билан назар қилиб, мушрик ёки хусуматчидан бошқа махлуқотларининг барчасини мағфират қилади», дедилар».[8]

عَن مُعاذٍ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيه وسَلم ، قال : يَطَّلِعُ الله عَزّ وجَلّ إِلَى خَلقِهِ لَيلَة النِّصفِ مِن شَعبان ، فَيَغفِرُ لِجَمِيعِ خَلقِهِ إِلاّ لِمُشرِكٍ أَو مُشاحِنٍ.

Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига (раҳмат назари билан) қарайди ва жамики махлуқотларини мағфират қилади. Фақат мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».[9]

عَنْ أَبِي ثَعْلَبَةَ الْخُشَنِيِّ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : إِذَا كَانَ لَيْلَةُ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ اطَّلَعَ اللَّهُ إِلَى خَلْقِهِ ، فَيَغْفِرُ لِلْمُؤْمِنِينَ وَيُمْلِي لِلْكَافِرِينَ ، وَيَدَعُ أَهْلَ الْحِقْدِ لِحِقْدِهِمْ حَتَّى يَدَعُوهُ.

Абу Саълаба ал-Хушаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло махлуқотларига раҳмат назари билан қарайди. Мўминларни мағфират қилиб, кофирларга муҳлат беради ва гина аҳлини ўз гиналаридан воз кечмагунларича тарк қилади», дедилар».[10]

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: يَطَّلِعُ اللهُ ، عَزَّ وَجَلَّ ، إِلَى خَلْقِهِ لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ ، فَيَغْفِرُ لِعِبَادِهِ ، إِلاَّ لاِثْنَيْنِ : مُشَاحِنٍ ، وَقَاتِلِ نَفْسٍ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига қараб, бандаларини мағфират қилади. Фақат икки (тоифа) кишилар бундан мустаснодирлар. (Улар) хусуматчи ва (ноҳақ) одам ўлдирувчи», дедилар».[11]

عَنْ أبي هريرة قَالَ قَالَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ إذا كان ليلة النصف من شعبان يغفر الله لعباده إلا لمشرك أو مشاحن «.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларини мағфират қилади. Фақат мушрик ёки хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».[12]

عَنْ عَوْفٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : يَطَّلِعُ اللَّهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى عَلَى خَلْقِهِ لَيْلَةَ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ ، فَيَغْفِرُ لَهُمْ كُلِّهِمْ إِلاَّ لِمُشْرِكٍ أَوْ مُشَاحِنٍ.

Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларига раҳмат назари билан қараб, мушрик ва қалбида гинаси бор кишидан бошқаларнинг барчасини мағфират қилади»

Баззор ривоят қилган.

عَنْ كَثِيرِ بْنِ مُرَّةَ الْحَضْرَمِيِّ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: « فِي لَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ يَغْفِرُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ لِأَهْلِ الْأَرْضِ إِلَّا الْمُشْرِكَ وَالْمُشَاحِنَ « .

Касир ибн Мурра ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ азза ва жалла ер аҳлини мағфират қилади. Мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».[13]

Бароат кечасида бир нидо қилувчининг нидо қилиши

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ أَبِي الْعَاصِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: « إِذَا كَانَ لَيْلَةُ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ نَادَى مُنَادٍ: هَلْ مِنْ مُسْتَغْفِرٍ فَأَغْفِرَ لَهُ، هَلْ مِنْ سَائِلٍ فَأُعْطِيَهُ فَلَا يَسْأَلُ أَحَدٌ شَيْئًا إِلَّا أُعْطِيَ إِلَّا زَانِيَةٌ بِفَرْجِهَا أَوْ مُشْرِكٌ «

Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси (Аллоҳ таоло томонидан бир) нидо қилувчи: «Мағфират сўровчи борми, уни мағфират қилсам! Сўровчи борми, унга берсам!» деб нидо қилади. Фаржи билан зино қилувчи аёл ёки мушрикдан ташқари ким нимани сўраса, (сўраган нарсаси) унга берилади», дедилар».[14]

 

Бароат кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васалламнинг қабристонга ташриф буюришлари

قَالَتْ عَائِشَةُ: دَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَوَضَعَ عَنْهُ ثَوْبَيْهِ ثُمَّ لَمْ يَسْتَتِمَّ أَنْ قَامَ فَلَبِسَهُمَا فَأَخَذَتْنِي غَيْرَةٌ شَدِيدَةٌ ظَنَنْتُ أَنَّهُ يَأْتِي بَعْضَ صُوَيْحِباتِي فَخَرَجْتُ أَتْبَعَهُ فَأَدْرَكْتُهُ بِالْبَقِيعِ بَقِيعِ الْغَرْقَدِ يَسْتَغْفِرُ لِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالشُّهَدَاءِ، فَقُلْتُ: بِأَبِي وَأُمِّي أَنْتَ فِي حَاجَةِ رَبِّكَ، وَأَنَا فِي حَاجَةِ الدُّنْيَا فَانْصَرَفْتُ، فَدَخَلْتُ حُجْرَتِي وَلِي نَفَسٌ عَالٍ، وَلَحِقَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: « مَا هَذَا النَّفَسُ يَا عَائِشَةُ ؟ «، فَقُلْتُ: بِأَبِي وَأُمِّي أَتَيْتَنِي فَوَضَعْتَ عَنْكَ ثَوْبَيْكَ ثُمَّ لَمْ تَسْتَتِمَّ أَنْ قُمْتَ فَلَبِسْتَهُمَا فَأَخَذَتْنِي غَيْرَةٌ شَدِيدَةٌ، ظَنَنْتُ أَنَّكَ تَأْتِي بَعْضَ صُوَيْحِباتِي حَتَّى رَأَيْتُكَ بِالْبَقِيعِ تَصْنَعُ مَا تَصْنَعُ، قَالَ: « يَا عَائِشَةُ أَكُنْتِ تَخَافِينَ أَنْ يَحِيفَ اللهُ عَلَيْكِ وَرَسُولُهُ، بَلْ أَتَانِي جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَامُ، فَقَالَ: هَذِهِ اللَّيْلَةُ لَيْلَةُ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ وَلِلَّهِ فِيهَا عُتَقَاءُ مِنَ النَّارِ بِعَدَدِ شُعُورِ غَنَمِ كَلْبٍ، لَا يَنْظُرُ اللهُ فِيهَا إِلَى مُشْرِكٍ، وَلَا إِلَى مُشَاحِنٍ ، وَلَا إِلَى قَاطِعِ رَحِمٍ، وَلَا إِلَى مُسْبِلٍ ، وَلَا إِلَى عَاقٍّ لِوَالِدَيْهِ، وَلَا إِلَى مُدْمِنِ خَمْرٍ « قَالَ: ثُمَّ وَضْعَ عَنْهُ ثَوْبَيْهِ، فَقَالَ لِي: « يَا عَائِشَةُ تَأْذَنِينَ لِي فِي قِيَامِ هَذِهِ اللَّيْلَةِ ؟ «، فَقُلْتُ: نَعَمْ بِأَبِي وَأُمِّي، فَقَامَ فَسَجَدَ لَيْلًا طَوِيلًا حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ قُبِضَ فَقُمْتُ أَلْتَمِسْهُ، وَوَضَعْتُ يَدِي عَلَى بَاطِنِ قَدَمَيْهِ فَتَحَرَّكَ فَفَرِحْتُ وَسَمِعْتُهُ يَقُولُ فِي سُجُودِهِ: « أَعُوذُ بِعَفْوِكَ مِنْ عِقَابِكَ، وَأَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ، جَلَّ وَجْهُكَ، لَا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أَنْتَ كَمَا أَثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ «، فَلَمَّا أَصْبَحَ ذَكَرْتُهُنَّ لَهُ فَقَالَ: « يَا عَائِشَةُ تَعَلَّمْتِهُنَّ ؟ «، فَقُلْتُ: نَعَمْ، فَقَالَ: « تَعَلَّمِيهِنَّ وَعَلِّمِيهِنَّ، فَإِنَّ جِبْرِيلَ عَلَيْهِ السَّلَامُ عَلَّمَنِيهِنَّ وَأَمَرَنِي أَنْ أُرَدِّدَهُنَّ فِي السُّجُودِ».

Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кириб, кийимларини ечдилар, кўп ўтмай, кийимларини қайтадан кийдилар. Рашким тутди ва у зот кундошларимнинг бирортасиникига кетиб қолдилармикан, деган хаёлга бордим. (Ҳужрамдан) чиқиб, у зотнинг орқасидан эргашдим. У зотни Бақиъул ғорқода топдим. У зот мўмину мўмина ва шаҳидлар ҳаққига мағфират сўраётган эдилар. Дилимда: «Ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз Роббингизнинг иши билан экансиз-у, мен эса дунё иши билан овора эканман», дедим. Ортимга қайтиб, хансираган ҳолатда ҳужрамга кирдим. Расулуллоҳ орқамдан етиб келиб:

«Бу нима нафас олиш, эй Оиша!» дедилар. Мен:

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳузуримга кириб, кийимингизни ечдингиз, кўп ўтмай кийимингизни қайтадан кийдингиз. Шунда қаттиқ рашким келди. Кундошларимнинг бирортасиникига кетдингизмикан, деган хаёлга бордим. Ниҳоят сизнинг Бақиъ қабристонида нима қилаётганингизни кўрдим», дедим. У зот:

«Эй Оиша! Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилишидан қўрқдингми? Аслида Жаброил алайҳиссалом келиб: «Бу кеча шаъбоннинг ўн бешинчиси. Бу кеча Аллоҳ таоло Калб қабиласи қўйларининг жунлари ададича кишиларни дўзахдан озод қилади. Лекин бу кеча Аллоҳ таоло мушрик, қалбида гинаси бор, қариндош-уруғ ришталарини узувчи, почасини ошиғидан тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлган, ароқ ичишни одат қилган кишиларга раҳмат назари билан қарамайди, – дедилар. Сўнг кийимларини ечиб: – Эй Оиша! Бу кечани бедор ўтказишга менга изн берасизми?» дедилар. Мен:

«Майли, ота-онам сизга фидо бўлсин», дедим.

У зот ўринларидан турдилар ва узоқ сажда қилдилар. Ҳатто мен у зотнинг руҳлари қабз қилиндимикан, деб ўйладим. Ушлаб кўриш учун ўрнимдан турдим ва қўлимни оёқларининг остига қўйдим. У зот қимирлаган эдилар, хурсанд бўлиб кетдим. Мен у зотнинг саждада «Аъузу би афвика мин иъқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука ла уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта алаа нафсика», деяётганларини эшитдим. Тонг отгач, уларни у зотга зикр қилган эдим:

«Эй Оиша! Уларни ўрганиб олдингизми?» дедилар. Мен:

«Ҳа», дедим. У зот:

«Уларни ёдлаб олинг ва (ўзгаларга) ўргатинг. Чунки Жаброил алайҳиссалом уларни менга ўргатиб, саждада такрор-такрор ўқишимга амр қилдилар», дедилар».[15]

Дуонинг таржимаси: «Сенинг афвинг ёрдами ила иқобингдан паноҳ сўрайман. Сенинг розилигинг ёрдами ила ғазабингдан паноҳ сўрайман. Сенинг ёрдаминг ила Сендан паноҳ сўрайман. Важҳинг улуғ бўлди. Сенга санони ҳисобламайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтганинг кабисан».

عَنِ الْعَلَاءِ بْنِ الْحَارِثِ، أَنَّ عَائِشَةَ، قَالَتْ: قَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنَ اللَّيْلِ يُصَلِّي فَأَطَالَ السُّجُودَ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ قَدْ قُبِضَ، فَلَمَّا رَأَيْتُ ذَلِكَ قُمْتُ حَتَّى حَرَّكْتُ إِبْهَامَهُ فَتَحَرَّكَ، فَرَجَعْتُ، فَلَمَّا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ السُّجُودِ، وَفَرَغَ مِنْ صَلَاتِهِ، قَالَ: « يَا عَائِشَةُ أَوْ يَا حُمَيْرَاءُ ظَنَنْتِ أَنَّ النَّبِيَّ خَاسَ بِكِ ؟ «، قُلْتُ: لَا وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ وَلَكِنِّي ظَنَنْتُ أَنَّكَ قُبِضْتَ لِطُولِ سُجُودِكَ، فَقَالَ: « أَتَدْرِينَ أَيَّ لَيْلَةٍ هَذِهِ ؟ «، قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: « هَذِهِ لَيْلَةُ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ، إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يَطْلُعُ عَلَى عِبَادِهِ فِي لَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ فَيَغْفِرُ لِلْمُسْتَغْفِرِينَ، وَيَرْحَمُ الْمُسْتَرْحِمِينَ، وَيُؤَخِّرُ أَهْلَ الْحِقْدِ كَمَا هُمْ «.

Аъло ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда туриб, намоз ўқидилар ва саждани узун қилдилар. Ҳатто қабз қилиндилар, деб гумон қилдим. Ўшани кўрибоқ, бошмалдоқларини қимирлатган эдим, қимирлади. Сўнг ортга қайтдим. Саждадан бошларини кўтариб, намоздан фориғ бўлдилар-да:

«Эй Оиша – ёки эй Ҳумайро, – Набий сенга адолатсизлик қилди, деб ўйладингми?» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, йўқ, эй Аллоҳнинг Расули. Лекин саждангиз чўзилиб кетганидан қабз қилиндингизми деб ўйладим», дедим.

«Бугун қайси кечалигини биласанми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дедим.

«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси. Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида бандаларига қарайди ва истиғфор айтувчиларни мағфират қилиб, раҳм сўровчиларга раҳм қилади. Хусуматчи аҳлни ўз ҳолларича қолдиради», дедилар».

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِذَا كَانَتْ لَيْلَةُ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ ، فَقُومُوا لَيْلَهَا ، وَصُومُوا نَهَارَهَا ، فَإِنَّ اللهَ يَنْزِلُ فِيهَا لِغُرُوبِ الشَّمْسِ إِلَى سَمَاء الدُّنْيَا ، فَيَقُولُ : أَلاَ مِنْ مُسْتَغْفِرٍ لِي ، فَأَغْفِرَ لَهُ ، أَلاَ مُسْتَرْزِقٌ ، فَأَرْزُقَهُ ، أَلاَ مُبْتَلًى فَأُعَافِيَهُ ، أَلاَ كَذَا ، أَلاَ كَذَا ، حَتَّى يَطْلُعَ الْفَجْرُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича:

«Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон» (дейди)» дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Бароат кечасига тегишли ҳукмлар

Юқорида келган ҳадиси шарифлар билан бароат кечасининг қанчалик фазилатли ва улуғ кеча экани собит бўлади. У кечанинг фазилати ҳақида ўнта улуғ саҳобийлардан ривоятлар нақл қилинган. Улар Абу Бакр Сиддиқ, Али Муртазо, Оишаи Сиддиқа, Муъоз ибн Жабал, Абу Ҳурайра, Авф ибн Молик, Абу Мусо ал-Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абу Саълаба ал-Хушаний, Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳумодир. Шунингдек, бароат кечаси ҳақида бир қанча катта тобеъинлардан ҳам ривоятлар нақл қилинган. Юқорида улардан қилинган ривоятлар бирин-кетин келтирилиб, улар борасида жарҳ ва таъдийл имомларининг баҳсларини ҳошияларда бериб борилди. Бу улуғ кеча борасида шунчалар кўп ривоятлар мавжудки, агар бирор киши бароат кечасининг фазилатини инкор қилса, бас, у бу кечанинг фазилатларидан маҳрум бўлибди.

Кўршапалак кундузи кўрмаса, офтоб нурида нима гуноҳ?!

Аҳли сунна вал жамоа бароат кечасининг улуғлиги ва фазилатли кеча эканига доимий равишда эътиқод қилиб келганлар.

Ибн Ҳож Моликий (ваф. 737/1337) раҳматуллоҳи алайҳ салаф олимларининг бароат кечаси ҳақидаги қарашларини ёзиб, шундай деганлар:

وَلَا شَكَّ أَنَّهَا لَيْلَةٌ مُبَارَكَةٌ عَظِيمَةُ الْقَدْرِ عِنْدَ اللَّهِ تَعَالَى ...وَكَانَ السَّلَفُ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ يُعَظِّمُونَهَا وَيُشَمِّرُونَ لَهَا قَبْلَ إتْيَانِهَا فَمَا تَأْتِيهِمْ إلَّا وَهُمْ مُتَأَهِّبُونَ لِلِقَائِهَا ، وَالْقِيَامُ بِحُرْمَتِهَا عَلَى مَا قَدْ عُلِمَ مِنْ احْتِرَامِهِمْ لِلشَّعَائِرِ عَلَى مَا تَقَدَّمَ ذِكْرُهُ.

«Аллоҳ таолонинг ҳузурида (бароат кечаси) шаксиз қадри улуғ, муборак кечадир... Салаф розияллоҳу анҳумлар у(бароат кечаси)ни улуғлар эдилар ва у(кун)ни келишидан аввал у (кеча) учун (енгларини) шимариб кутиб олиш ва унинг ҳурматини жойига қўйиш учун (алоҳида) тайёргарлик кўрар эдилар. Уларнинг Ислом шиорларини эҳтиром қилганликлари маълум. Бу ҳақда юқорида зикр қилинди»[16].

Ёдда тутингки, Ибн Ҳож[17] раҳматуллоҳи алайҳнинг бароат кечасига алоҳида эътибор қаратиб, уни баён қилишлари арзимаган иш эмас. У киши ўзларининг «Ал-Мадхал» номли асарларида бароат кечасига алоҳида эътибор қаратишни бидъат дейдиганларга раддия берганлар. Китобда салаф олимларнинг бароат кечасига тегишли фикрлари ва йўлларини зикр қилиб: «Барча салафлар у кечани улуғлаганлар ва у кеча келишидан аввал унинг учун алоҳида тайёргарлик кўрганлар», деганлар.

У кечада кўплаб ишлар ўз поёнига етади, яъни у йилда кимлар туғилиши ёки вафот этиши керак бўлса, уларнинг номлари ёзиб қўйилади. У кечада бандаларнинг амаллари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. У кечада махлуқотларга бир йил давомида етадиган ризқ, шунингдек, бошқа нарсалар ҳам ёзиб қўйилади.

Бир шубҳанинг жавоби

«Бу ишларнинг барчаси Лавҳул маҳфузда ёзилган бўлса, кейин бароат кечасида яна у ишларнинг ёзилишида нима маъно бор?» деган шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Ушбу шубҳага «У кечада мазкур ишларнинг фиҳристи (мундарижаси) Лавҳул маҳфуздан алоҳида қилиниб, ишларга масъул қилинган фаришталарга топширилади», деб жавоб берилади.

Бир эътироз ва унга жавоб

Баъзи одамлар эътироз билдириб, «Бароат кечасида бўладиган мазкур ишлар бир неча асосга кўра тўғри эмас, – деб таъкидлайдилар. – Биринчидан, буларнинг барчаси Қуръони Каримнинг «Ўша(кеча)да ҳар бир ҳикматли иш ажратилур» (Духон сураси, 4-оят) оятининг мазмунига хилофдир. Чунки муфассирлар оятдаги «Ўша(кеча)да» деган сўзни Лайлатул қадр кечаси, деб тафсир қилганлар. Иккинчидан, саҳиҳ ҳадисларда у ишларнинг бажарилиши бароат кечасида эмас, Қадр кечасида бўлади, дейилган». Ушбу иккинчи эътирозлари билан бароат кечасининг фазли тўғрисида ворид бўлган ҳадисларни инкор қилмоқдалар. Бу каби эътирозларга муфассир ва муҳаддислар томонидан кўплаб жавоблар берилган. Бу ерда уларнинг бир нечасини нақл қилиб келтирамиз.

Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 1014/1605) бароат кечасида юз берадиган нарсалар борасида шундай деганлар:

ولا نزاع في أن ليلة نصف شعبان يقع فيها فرق ، كما صرح به الحديث ، وإنما النزاع في أنها المرادة من الآية. والصواب أنها ليست مرادة منها. وحينئذٍ يستفاد من الحديث والآية وقوع ذلك الفرق في كل من الليلتين إعلاماً بمزيد شرفهما. قال القاري : ويحتمل أن يقع الفرق في إحداهما إجمالاً ، وفي الأخرى تفصيلاً ، أو تخص إحداهما بالأمور الدنيوية ، والأخرى بالأمور الأخروية وغير ذلك من الاحتمالات العقلية.

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида фарқ, яъни ишларнинг ажратилиши воқеъ бўлишида ҳадислар таъкидлаганидек, ҳеч қандай тортишув йўқ. Низо у (шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси) оятнинг муроди (ёки муроди эмаслигида)дир. Тўғриси, оятдан мурод, у (шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси) эмас. Ҳадис ва оятдан фарқ, яъни ажратилиш иккисининг шарафини билдириб қўйиш учун ҳар икки кечада воқеъ бўлиши истифода қилинади». Али Қорий: «Эҳтимол, фарқ у иккисидан бирида ижмоъан, иккинчисида тафсилан воқеъ бўлар ёки иккисидан бирида фарқ дунёвий, иккинчисида эса ухровий бўлар ва шундай бошқа ақлий эҳтимоллар бор», деганлар».[18]

Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 671/1273) бу ҳақда шундай деганлар:

وقيل يبدأ في استنساخ ذلك من اللوح المحفوظ في ليلة البراءة ويقع الفراغ في ليلة القدر فتدفع نسخة الأرزاق إلى ميكائيل عليه السلام ونسخة الحروب إلى جبرائيل عليه السلام وكذلك الزلازل والصواعق والخسف ونسخة الأعمال إلى إسرافيل عليه السلام صاحب سماء الدنيا وهو ملك عظيم ونسخة المصائب إلى ملك الموت .

«Бир қавлга кўра, Лавҳул маҳфуздан ўшанинг нусхасини кўчириш бароат кечасида бошланиб, Лайлатул қадр кечасида тугатилади. Ризқлар нусхаси Микоил алайҳиссаломга, ҳарблар нусхаси Жаброил алайҳиссаломга, зилзила, момақалдироқ, ойнинг тутилиши ва амалларнинг нусхаси дунё осмонининг соҳиби, улуғ фаришта Исрофил алайҳиссаломга, мусибатлар нусхаси ўлим фариштасига берилади».[19]

Олусий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 1270/1854) бароат кечасининг фазли ҳақида қуйидаги асарни келтирганлар:

وروي عن ابن عباس رضي الله تعالى عنه تقضي الأقضية كلها ليلة النصف من شعبان وتسلم إلى أربابها ليلة السابع والعشرين من شهر رمضان .

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида қазоларнинг барчасига ҳукм қилиниб, Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси ўз эгаларига топширилади».[20]

Ушбу келтирилган далиллардан кейин бирор эътирозга ўрин қолмаслиги керак. Биз ҳар бир нарсанинг зоҳирига қараганимиз учун шак, шубҳа, иккиланиш кабиларга дуч келамиз. Лекин кашф аҳли, яъни муқарраб бандалар Аллоҳ таолонинг ботиний нуридан бир озини кўрадилар. Шунинг учун уларда на шак ва на тараддуд бўлади. Бароат кечасининг фазилати борасида ҳазрати Мужаддиду Алфи Соний раҳматуллоҳи алайҳ бир кашфни зикр қилганлар. Унда мазкур ҳадисларнинг исботи изҳор қилинган.

Аллоҳ таоло бароат кечаси одатдаги каби шомдан кейин, субҳи содиққача дунё осмонига тушиб, Ўзининг махлуқотларига раҳмат назарини ташлаб, беҳисоб инсонларни мағфират қилади.

 

Бароат кечасининг фазилатлари ва
у кеча билан боғлиқ бидъатлар

Ўтган ва ҳозирги замонларда маълум бўлмоқдаки, бу кеча борасида баъзи одамлар ҳаддан ошсалар, баъзилар ибодатга бепарво бўлмоқдалар. Шунинг учун бу кечанинг фазилатлари ҳамда бу кечанинг фазилатларидан маҳрум бўлувчи шахслар ҳамда бу кеча билан боғлиқ равишда кейиин пайдо бўлган бидъатларга батафсил назар соламиз.

 

Бароат кечасида Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум шахслар

 

1. Мусулмонларга гина сақловчи;

2. Ширк келтирувчи;

3Ноҳақ одам ўлдирувчи;

4Зино қилувчи;

5Силаи раҳмни узувчи;

6Шим ёки шалворини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб, судраб юрувчи;

7. Ота онасига оқ бўлувчи;

8. Доимий ҳамр ичувчи.

 

1. КИН ВА БУҒЗ (АДОВАТ, КЕК САҚЛАШ)

Бирор кишига аччиқ қилиб, унга нисбатан қалбидаги нарсани чиқара олмаса, унинг сабабидан қалбида оғирлик пайдо бўлса, бу кин дейилади. Унинг бошқа номи буғздир. Кин ва буғз шунчаки бир гуноҳ ёки айб эмас, балки у деярли барча гуноҳларнинг онасидир. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аччиқланишдан кин, киндан саккизта гуноҳ пайдо бўлади:

1. Ҳасад.

2. Шамотат (бировнинг устидан кулиш).

3. Саломга жавоб бермаслик.

4. Паст назар билан қараш.

5. Бировни ғийбат ва туҳмат билан тилга олиш.

6. Бировни масхара қилиш.

7. Имкон топса, бировга озор етказиш.

8. Бировнинг ҳақларини адо қилмаслик» («Кимёи саодат»).

Яна ҳадисларда баён этилишича, қалбида кин ва буғз ўрнашган одамнинг гуноҳи кечирилмайди («Мишкотул масобиҳ»). Бошқа кўпгина ҳадисларда гинанинг қанчалик ёмон иллат экани айтиб ўтилган ва мазаммат қилинган. Шунинг учун ҳар бир мўмин мусулмон бундай ёмонликдан сақланиши лозим. Бирорта одамдан жахли чиққанда уни тезда кечириб юбориш, унга нисбатан дилида бирорта ёмон гап сақлаб қўймаслик, у билан борди-келди ва салом-аликни узмаслик ушбу иллатдан сақланишнинг йўлларидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилади:

«Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан»

Ҳашр сураси, 10-оят.

 

2. ШИРК

Аллоҳ таолонинг зоти ёки хос сифатларида бирор кишини ёки бирор нарсани шерик қилиш ширк дейилади. Ширк тавҳиднинг зиддидир. Ҳозирги замонда ширкнинг бир неча кўринишлари бор бўлиб, уларнинг барчасидан сақланишимиз зарур. Аллоҳдан бошқани фойда ва нуқсонга эга деб билиш, ўлдиришга, тирилтиришга қодир деб билиш, касал қилишга ва шифо беришга қодир деб билиш, ризқимизни кенгайтириш ёки танг қилишга қодир деб билиш, анбиё ва авлиёларга яқинлик ҳосил қилиш учун уларнинг номига назру ниёзлар қилиш, жонлиқлар аташ, уларнинг қабрларига сажда қилиш, уларни ғайбни билувчи ва ҳозир-у нозир деб тушуниш – буларнинг ҳаммаси ширкнинг қисмларидандир. Ширкнинг иккита қисми бор: Ширки акбар; Ширки асғар. Юқорида санаб ўтилганлар ширки акбарга киради. Ширки асғар еса риёкорлик, Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичиш ва бошқаларни ўз ичига олади. Ширкнинг борадиган жойи дўзахдир.

 

3. НОҲАҚ ОДАМ ЎЛДИРИШ

Узрсиз, ноҳақ одам ўлдириш, хоҳ у мусулмон бўлсин, хоҳ кофир бўлсин, қаттиқ гуноҳдир. Мусулмонни ўлдириш улкан гуноҳ саналади. Бундай шахс хусусида Қуръони Каримда қаттиқ ваъийдлар келган.

ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ

«Нисо» «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қиладир, уни лаънатлайдир ва унга улкан азобни тайёрлаб қўядир» (Нисо сураси, 93-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло қотилга абадий жаҳаннамни, Ўзининг ғазабини, Ўзининг лаънатини ва қаттиқ азобини ваъда қилмоқда. Ҳозирги замонда инсон жони ҳеч бир қийматга эга бўлмай қолди. Дунёнинг арзимас матоҳини деб яқин танишининг бошини танасидан жудо қилиш, бегуноҳ болаларни тирик етим қилиб ташлаб кетиш, кексайиб қолган оналарнинг ёлғиз суянчиғини тортиб олиш каби ишлар шунчаки бир ўйинчоққа айланиб қолди. Булар эса қиёматнинг аломатларидан эканини уламолар кўп таъкидлаганлар.

 

4. ЗИНО

Гуноҳи кабиралардан яна бири зинодир. Ушбу гуноҳга қул урган аёлга ҳам, эркакка ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда қаттиқ азоб ваъда қилинган. Ҳозирги кунда ниҳоятда авж олгани каби, бу амални касб қилиб олиш эса гуноҳ устига гуноҳ бўлади. Ушбу йўл билан топилган мол-дунё ҳам ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида кўкраклари ва оёқларидан осиб қўйилган аёлларнинг олдидан ўтдилар ва Жаброил алайҳиссаломдан: «Улар ким?» деб сўрадилар. У киши: «Булар зинокор хотинлар ва ўзларининг фарзандларини ўлдирган аёллардир», дедилар.

 

5. СИЛАИ РАҲМНИ УЗИШ

Ўзининг азиз ақраболари ва ўзига яқин кишиларнинг зарур ҳақларини адо этмаслик силаи раҳмни узиш дейилади. Саломига жавоб бермаслик, бетоб бўлганида бориб кўрмаслик, акса урганида жавоб бермаслик, ўлганида узрсиз унинг жаноза намозини ўқимаслик кабилар шулар жумласидандир. Буларнинг ҳаммаси даражама-даража силаи раҳмни узишга дохилдир. Бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Қариндошлик алоқаларини узувчи жаннатга кирмайди» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

 

6. ШИМ ЁКИ ШАЛВОРИНИ (МАНМАНЛИК БИЛАН)
ТЎПИҒИДАН ПАСТГА ТУШИРИБ, СУДРАБ ЮРУВЧИ

 

Эркаклар учун шалворини ёки шимини тўпиғидан пастга тушириб юриш ҳаром ва гуноҳи кабирадир. Бир ҳадисда айтилади: «Изорини тўпиғидан пастга осилтириб юрувчи дўзахдадир» («Мишкотул масобиҳ»). Такаббурлик ниятида бўлса ҳам ёки бошқа ниятда бўлса ҳам, ҳар қандай ҳолатда бу гуноҳдир. Агар такаббурлик ниятида бўлса, яна ҳам катта гуноҳ саналади. Агар ҳеч қандай ният бўлмаса ҳам, бу гуноҳи кабирадир.

 

7. ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ

 Ота-онага оқ бўлиш жуда катта гуноҳ бўлиб, бу ҳақда бир неча ҳадисларда айтиб ўтилган. Бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қилган эҳсонини миннат қулувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи жаннатга кирмайди» (Насоий, Доримий). Қуръони Каримда ота-онага «Уфф» дейишдан қайтарилган. Ҳозирги кунда ёшларимиз орасида одат тусига кириб бораётган ота-онага оқ бўлиш, уларнинг ҳақларини адо этмаслик каби гуноҳлардан сақланиш жуда муҳим бўлиб, бундай ишларда бардавом бўлиш дунё ва охиратни бой бериш демакдир.

8. ДОИМИЙ ХАМР ИЧУВЧИ

Ушбу ишни қилувчиларга ҳам қаттиқ азоблар ваъда қилинган. Бу гуноҳи кабира бўлиш билан бирга, кўп гуноҳларнинг, ёмонликларнинг онаси ҳамдир. Бир ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: «Менинг умматим ичида номини ўзгартириб хамр ичувчилар бўлади. Уларнинг олдида қўшиқ айтиб, рақсга тушувчи аёллар ҳам бўлади. Бундай одамларни Аллоҳ таоло ерга юттириб юборади ёки уларнинг кўринишини маймун, тўнғизларга айлантириб қўяди». Шунинг учун хамр ёки бошқа маст қилувчи нарсалардан сақланиш лозим. Виски, пиво каби ичимликлар, героин ва бошқа турли гиёҳвандлик моддалари ҳам маст қилувчилар ҳисобланиб, ҳаммаси ҳаром саналади. Ҳадисда айтилган кўриниш ҳозирги кунда тўлалигича намоён бўлмоқда.

Агар бирортамизда юқорида санаб ўтилган гуноҳлардан заррача бўлса ҳам бор бўлса, тезда улардан қутулишга, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасидан олдинроқ тавба қилиб, Аллоҳ таолони рози қилишга ҳаракат қилайлик.

Умр оқар сув каби аста-секин ўтиб бораверади. Умримизнинг энг ғаниматли даври бўлмиш ёшликни Аллоҳни эслашдан, У Зотни тинимсиз зикр қилишдан ғафлатда ўтказмайлик, ушбу фазилатли дамларнинг қадрига етайлик.

Бароат кечаси Аллоҳ таоло томонидан бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Бирор мағфират сўровчи борми, уни мағфират қилсам? Бирор сўровчи борми, унга сўраганини берсам? Бирор ризқ сўровчи борми, унга ризқ берсам? Бирор мусибатга гирифтор бўлган борми, ундан мусибатини аритсам?» дейди. Ҳадисларда келишича, бундай нидо Аллоҳ таоло томонидан ҳар кечада бўлади. Лекин Аллоҳ таоло томонидан бароат кечасида бўладиган нидо билан бошқа кечаларда бўладиган нидонинг фарқи шуки, бошқа кечаларда нидо кечанинг учдан бирининг охирида бўлади. Бароат кечасида эса нидо офтоб ботишидан бошланади. Биз ушбу кечани ғанимат билиб, Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрашимиз ва ҳожатларимизни Аллоҳ таолонинг ҳузурига тақдим қилишимиз ҳамда ҳалол ризқ, мусибат ва ташвишларимизни аритишини сўраб дуо қилишимиз лозим.

وقال صلى الله عليه وسلم: «من أحيا الليالي الخمس وجبت له الجنة ليلة التروية وليلة عرفة وليلة النحر وليلة الفطر وليلة النصف من شعبان».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бешта кечани ким тирилтирса (бедор ўтказса), жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир», дедилар».

Ҳадиси шарифда санаб ўтилган кечалар:

1. Саккизинчи зулҳижжа кечаси;

2. Тўққизинчи зулҳижжа кечаси;

3. Қурбон ийди кечаси;

4. Фитр ийди кечаси;

5. Ўн бешинчи шаъбон кечаси.

Ушбу бешта кечанинг бири бароат кечасидир. Бу улкан фазилат ва саодатга тўла кечада Мавлоимиз Аллоҳ таоло: «Сўранглар! Сўрганларингизни беришга тайёрман», дейди. Шунинг учун у кечани бедор ўтказиб, дуолар қабул бўлади, деган эътиқодда дуо қилишимиз лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бароат кечасини бедор ўтказганлар, бошқаларни ҳам бедор ўтказишга чақириб, «Бароат кечасини бедор ўтказиш фазилатлидир», дея марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам фақиҳлар бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 970/1563) шундай деганлар:

وَمِنْ الْمَنْدُوبَاتِ إحْيَاءُ لَيَالِي الْعَشْرِ مِنْ رَمَضَانَ وَلَيْلَتَيْ الْعِيدَيْنِ وَلَيَالِي عَشْرِ ذِي الْحِجَّةِ وَلَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ كَمَا وَرَدَتْ بِهِ الْأَحَادِيثُ وَذَكَرَهَا فِي التَّرْغِيبِ وَالتَّرْهِيبِ مُفَصَّلَةً وَالْمُرَادُ بِإِحْيَاءِ اللَّيْلِ قِيَامُهُ وَظَاهِرُهُ الِاسْتِيعَابُ وَيَجُوزُ أَنْ يُرَادَ غَالِبُهُ.

«Рамазон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва шаъбон ойининг ўн бешинчи кунининг кечаларини тирилтириш ҳадисларда ворид бўлганидек, мустаҳаб амаллардандир. «Ат-Тарғиб ват тарҳиб»да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. «Кечаларни тирилтириш» дегандан мурод кечаларни бедор ўтказишдир. Матннинг зоҳири мазкур кечаларни тўлиқ бедор ўтказишдир. (Кечаларнинг) аксарияти(ни бедор ўтказишни) ирода қилиш ҳам жоиз».[21]

Алоуддин ал-Ҳаскафий (ваф. 1088/1677) бароат кечасини бедор ўтказиш ҳақида шундай деганлар:

وَمِنْ الْمَنْدُوبَاتِ رَكْعَتَا السَّفَرِ وَالْقُدُومِ مِنْهُ وَإِحْيَاءُ لَيْلَةِ الْعِيدَيْنِ ، وَالنِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ ، وَالْعَشْرِ الْأَخِيرِ مِنْ رَمَضَانَ ، وَالْأُوَلُ مِنْ ذِي الْحِجَّةِ ، وَيَكُونُ بِكُلِّ عِبَادَةٍ تَعُمُّ اللَّيْلَ أَوْ أَكْثَرَهُ .

«Сафарга чиқиб кетишдан олдин ва сафардан қайтгандан кейин икки ракъат намоз ўқиш, икки ийд, шаъбоннинг ўн бешинчиси, Рамазоннинг охирги ўн кунлиги, зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигининг кечаларини тўлиқ ёки аксарини қамраб оладиган ҳар қандай ибодат билан бедор ўтказиш мустаҳабдир».[22]

Ҳасан ибн Аммор ибн Алий Шурунбулолий (ваф. 1099/1688) бу ҳақда шундай деганлар:

وندب إحياء ليالي العشر الأخير من رمضان وإحياء ليلتي العيدين وليالي عشر ذي الحجة وليلة النصف من شعبان.

«Рамазоннинг охирги ўн кунлиги, икки ийд, зулҳижжанинг (аввалги) ўн кунлиги, шаъбоннинг ўн бешинчи кунларининг кечаларини тирилтириш мустаҳабдир».[23]

Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 1304/1887) бароат кечаси ҳақида шундай деганлар:

لا كلام في استحباب إحياء ليلة البراءة بما شاء من العبادات وبأداء التطوعات فيها كيف شاء لحديث ابن ماجة والبيهقي في شعب الإيمان عن علي مرفوعا إذا كان ليلة النصف من شعبان فقوموا ليلها وصوموا نهارها فإن الله ينزل فيها لغروب الشمس إلى سماء الدنيا فيقول ألا من مستغفر فأغفر له ألا من مسترزق فأرزقه ألا من مبتلي فأعافيه ألا من سائل فأعطيه ألا كذا وكذا حتى يطلع الفجر وقال ابن رجب في لطائف المعارف في فضل ليلة نصف شعبان أحاديث آخر متعددة وقد اختلف فيها فضعفها الأكثرون وصحح ابن حبان بعضها وخرجه في صحيحه ومن أمثلها حديث عائشة قالت فقدت رسول الله فخرجت فإذا هو بالبقيع رافع رأسه إلى السماء فقال أ كنت تخافين أن يحيف الله عليك ورسوله فقلت ظننت أنك أتيت بعض نسائك فقال إن الله ينزل ليلة النصف من شعبان إلى السماء الدنيا فيغفر لأكثر من عدد شعر غنم بني كلب خرجه الإمام أحمد والترمذي وابن ماجه. وفي الباب أحاديث أخر أخرجها البيهقي وغيره على ما بسطها ابن حجر المكي في الإيضاح والبيان دالة على أن النبي أكثر في تلك الليلة من العبادة والدعاء وزار القبور ودعا للأموات فيعلم بمجموع الأحاديث القولية والفعلية استحباب إكثار العبادة فيها فالرجل مخير بين الصلاة وبين غيرها من العبادات فإن اختار الصلاة فكمية أعداد الركعات وكيفيتها مفوضة إليه ما لم يأت بما منعه الشارع صراحة أو إشارة إنما الكلام في استحباب هذه الصلوات المخصوصة بالكيفيات المخصوصة وثبوتها عن رسول الله وكون الرواية موضوعة أو ضعيفة شديد الضعف لا شبهة في أنه يضره ولا يفيده كون الصلاة خيرا موضوعا واستحباب مطلقها في هذه الليلة وغيرها.

«Хоҳлаган ибодатлари ва нафл намозларни қандай хоҳласа шундай адо қилиш билан бароат кечасини тирилтириш, шак-шубҳасиз, Ибн Можа, Байҳақий «Шаъбул иймон»да Али розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда нақл қилган ҳадисларга кўра мустаҳабдир.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон шаъбондан ўн бешинчи кеча бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки унда (у кечада) Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва то фажр чиққунича:

«Қани, истиғфор айтувчи борми, Мен уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, Мен унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, Мен унга офият бераман. Сўровчи борми, унга (сўраганини) бераман. Қани фалон, фалон», (дейди)»

(Ибн Можа ривоят қилган).

 

Ибн Ражаб ўзларининг «Латоифул маъориф» номли асарларида шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси фазилати ҳақида (юқоридаги ҳадисдан) бошқа бир неча ҳадисларни келтирганлар. (Муҳаддислар) унда ихтилоф қилишган. Аксарияти заиф саналган. Ибн Ҳиббон улардан баъзисини саҳиҳ деб билиб, ўзларининг саҳиҳ тўпламларида зикр қилганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис шулар жумласидандир:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир кеча мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўйиб, (ташқарига) чиқдим. Қарасам, у зот Бақиъ қабристонида эканлар. У зот:

«Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилади, деб қўрқдингми?» дедилар. Мен:

«Аёлларингизнинг бирортасининг олдига келдингизмикан, деб ўйлабман», дедим. У зот:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таборака ва таоло дунё осмонига тушиб, Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам кўпроқ одамни мағфират қилади», дедилар» (Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган).

Ушбу бобга доир бошқа ҳадисларни Байҳақий ва бошқалар тахриж қилганлар. Ибн Ҳажар Маккий ўзларининг «Ал-Ийзоҳ вал баён» номли асарларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша кечаларда ибодат, дуо, қабрларни зиёрат қилиш, вафот этганларнинг ҳаққига дуо қилиш каби ибодатларни кўп қилганликларига далолат қилиш учун ушбу мавзуга тегишли ҳадислардан кўпини келтирганлар. Қавлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали у кечаларда ибодатни кўпайтириш мустаҳаб экани билинади. Киши намоз ўқиш ва бошқа ибодатларни қилиш орасида ихтиёрлидир. Намоз ўқишни ихтиёр қилса, Шориъ манъ қилган нарсаларни сароҳатан (ошкора) ҳам, ишоратан ҳам қилмаслик шарти билан ракъатлар ададларининг миқдори, кайфияти ихтиёрийдир (яъни қандай хоҳласа ва қанча хоҳласа, шунча ўқийди). У кечаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлиши ва ривоят қилиниши мавзуъ ҳамда қаттиқ заиф бўлган махсус кайфиятдаги махсус намозларни мустаҳаб деб ўқиш шубҳасиз, зарарлидир. Бу кеча ва бошқаларда умуман намоз ўқиш мустаҳабдир (яъни, махсус кайфиятдаги намозлар бўлиши шарт эмас)».[24]

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу кечада бедор бўлиб, ибодат қилиш хоҳ у хилватда бўлсин ёки очиқликда бўлсин, афзалдир. Лекин жамланмасликка эътибор қаратиш лозим», дедилар.[25]

Муфтий Муҳаммад Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Юқоридаги ҳадислардан бу кечанинг фазилатлари маълум бўлганидек, мусулмонларга бу кечада қуйидаги амалларни қилиш суннат экани маълум бўлади:

1. Кечани бедор ўтказиб, намоз ва зикр, тиловатга машғул бўлиш;

2. Аллоҳ таолодан мағфират, оқибат ва ўзининг дунёю охиратдаги мақсадларининг ҳосил бўлишини дуо қилиб сўраш»[26].

Аҳли сунна вал жамоа улуғлари бу кечада бедор бўлиб ибодат қилиб чиқишни ўзларига одат қилганлар. Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 795/1393) бу ҳақда шундай деганлар:

و ليلة النصف من شعبان كان التابعون من أهل الشام كخالد بن معدان ، ومكحول و لقمان بن عامر و غيرهم يعظمونها و يجتهدون فيها في العبادة ، وعنهم أخذ الناس فضلها و تعظيمها

«Шаъбондан ўн бешинчи кечада Шом аҳлидан бўлган Холид ибн Миъдон[27], Макҳул[28], Луқмон ибн Омир[29] ва бошқа тобеъинлар у кечани улуғлаб, қаттиқ ибодат қилар эдилар. Инсонлар у кечанинг фазилатини ва улуғлашни улардан ўрганганлар»[30].

Бароат кечасини ихлос билан бедор ўтказиш ва у кечада Аллоҳ таолони рози қилишга уриниш барчамиз учун зарурдир. Қайси бир киши у кечани бедор ўтказишни бидъат деб билса, уни Аллоҳга ҳавола қилинг ва унинг ташвиқотларига ҳаргиз эътибор берманг. Чунки бароат кечасини бедор ўтказиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган амалдир. Салаф олимлар ҳам бароат кечасини бедор ўтказишга муттасил амал қилганлар. Фақиҳлар томонидан бу кунни бедор ўтказиш мустаҳаб деб белгиланган.

 

Бароат кечаси қандай бедор ўтказилади?

Ҳасан ибн Аммор ибн Али Шурунбулоли Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 1069) айтадилар:

ومعنى القيام أن يكون مشتغلا معظم الليل بطاعة وقيل بساعة منه يقرأ أو يسمع القرآن أو الحديث أو يسبح أو يصلي على النبي صلى الله عليه و سلم.

«Кечаси қоим бўлишнинг маъноси кечанинг аксар қисмида ибодат билан, бир қавлда эса кечанинг озгина қисмида Қуръон, ҳадис ўқиш ёки уларни эшитиш ёки тасбеҳ, ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салават айтиш билан машғул бўлишдир».[31]

Бундан маълум бўладики, ушбу кеча учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи қанча вақт Аллоҳ таолони ёд этишга қодир бўлса, ўшанча вақтни Қуръон ва ҳадис тиловати билан ёки уларни эшитиш билан ўтказиш лозим. Шу билан бир қаторда тасбеҳ, дуруду шариф ва нафл намозларни ўқиш лозим. Баъзи бир улуғлар бу кечада тасбеҳ намози ўқишни одат қилиб олган эдилар. Агар тасбеҳ намозини ўқий олса, уни ўқийди. Чунки у ҳақда келган ҳадисларда унинг фазилати жуда катта, деб айтилган.

 

Баъзи китобларда пешволардан нақл қилинган хос
нафл ибодатлар ва бошқа амалларнинг ҳақиқати

Баъзи китобларда баъзи пешволардан фазилатли кечаларга хос нафл қамаллар нақл қилинган. Ушбу ўринда уларнинг ҳақиқатини тушуниб олиш лозим. Баъзилар бундай амалларга эътироз билдирса, баъзилар уларга амал қиладилар. Пешволардан нақл қилинган нафл ва бошқа амалларнинг ҳақиқатини муносиб тарзда тушуниш учун Ашраф Али Таҳонавий шундай деганлар:

«Баъзи вирд китобларида ўн бешинчи шаъбон кечасида ўқиладиган хос нафл намозлар ёзиб қўйилган. Лекин улар қайд (яъни фақат шуни қилиш керак, дегани) эмас. Қайси нарса шариатда қайд қилинмаган бўлса, шу ҳолда қолади. Ҳадисларда бароат кечасида қилинадиган бирорта нафл ибодатнинг номи қайд этилмаган. Демак, қайси ибодатни қилиш осон бўлса, ўшани қилинади. Бароат кечасида ўқиладиган нафл намозлар бирор ҳайъатга эга эмас (яъни биринчи, иккинчи ракъатларида фалон-фалон суралар ўқилади, дейилган жойи йўқ).

Баъзи пешволарнинг сўзларида хос ҳайъатга эга бўлган нафл ибодатлар зикр қилинган. Уларнинг барчаси муриднинг ҳолати, тақозосидан келиб чиқиб, шайх томонидан берилган тавсиядир. Булар мурид учун маслаҳатдир. Уни оммалаштириш бидъатдир.[32]

 

Бароат кечасининг қайси қисмини
бедорликда ўтказиш афзал?

Бу борада Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтадилар: «Шу ўринда кечанинг қайси бирида туриш зиёда фазилатли экани ҳақида Қуръон ва ҳадисда баён қилинган. Уларга кўра кечанинг охирида бедор бўлиш мушкул ва энг фазилатлидир. Чунончи, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

«Муззаммил» «Албатта, тунги ибодат салмоғи кўпроқ ва қироати тўғрироқ бўлур» (Муззаммил сураси, 6-оят).

«Нашиатул лайл»ни «Жалолайн»да бир ухлаб тургандан кейин ибодатга қоим бўлиш дейилган. Чунки бу вақтда туриш машаққатли бўлиб, у вақтда қилинган ибодат жуда қадрли бўлади. Ушбу ҳақиқат машкур суранинг охирги оятидан ҳам маълум бўлади.

ﭠﭡ ﭥﭦ ﭬﭭ ﭲﭳ

 

«Муззаммил» «Албатта, Роббинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизларнинг буни ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар» (Муззаммил сураси, 20-оят).

Оятдаги «ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб» деган иборада кечанинг охирига ишора қилинган. Қуръони Каримнинг ушбу кўрсатмаси ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган. Кечанинг охирининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Уни ақл ҳам тасдиқ қилади. Чунки у пайтдаги уйқу уйқуларнинг ширини, ёқимлисидир. Уни тарк қилиб, бедор бўлиш мушкулдир. Жумладан, бир ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилиб, шундай деганлар: «Ким кечаси туриб, илтижо қилса, Мен ундан жуда хурсанд бўламан. Чунки у Мен сабабли аёлини, кўрпасини тарк қилди». Бу ҳадиси қудсийдан кечанинг охирги қисми афзал экани маълум бўлади. Лекин кечанинг охирида бедор бўлиш мушкул бўлса, кечанинг аввалги қисмида бедор бўлади. Чунки бароат кечасидан бошқа кечаларда Аллоҳ таоло дунё осмонига кечанинг охирги қисмида тушади. Бароат кечасида эса Аллоҳ таоло дунё осмонига кечанинг аввалида тушади. Шу боис бароат кечасининг охирги қисмида бедор бўлиш мушкул бўлганлар кечанинг аввалида бедор бўлсалар ҳам, у кечанинг фазилатини ҳосил қилган бўладилар»[33].

 

Бедор ўтказиш мустаҳаб бўлган
кечаларда масжидга йиғилиш

Бедор ўтказиш керак бўлган кечаларда бедор бўлиб, ибодат билан машғул бўлиш мустаҳаб амалдир. Шунинг учун бу амални ёлғиз ҳолда қилиш яхши ва авлодир. Ушбу кечаларни бедор ўтказиш учун масжидларда тўпланиш мумкин эмас. Фақиҳлар фазилатли кечаларда, жумладан, бароат кечасида масжидларда тўпланишни макруҳ санаганлар. Ибн Нужайм Мисрий бу ҳақда шундай деганлар:

وَيُكْرَهُ الِاجْتِمَاعُ عَلَى إحْيَاءِ لَيْلَةٍ مِنْ هَذِهِ اللَّيَالِي فِي الْمَسَاجِدِ قَالَ فِي الْحَاوِي الْقُدْسِيِّ وَلَا يُصَلَّى تَطَوُّعٌ بِجَمَاعَةٍ غَيْرَ التَّرَاوِيحِ وَمَا رُوِيَ مِنْ الصَّلَوَاتِ فِي الْأَوْقَاتِ الشَّرِيفَةِ كَلَيْلَةِ الْقَدْرِ وَلَيْلَةِ النِّصْفِ مِنْ شَعْبَانَ وَلَيْلَتَيْ الْعِيدِ وَعَرَفَةَ وَالْجُمُعَةِ وَغَيْرِهَا تُصَلَّى فُرَادَى وَمِنْ هُنَا يُعْلَمُ كَرَاهَةَ الِاجْتِمَاعِ عَلَى صَلَاةِ الرَّغَائِبِ الَّتِي تُفْعَلُ فِي رَجَبٍ فِي أَوَّلِ لَيْلَةِ جُمُعَةٍ مِنْهُ وَأَنَّهَا بِدْعَةٌ.

«Ушбу кечалардан бирини масжидда тўпланиб, бедор ўтказиш макруҳдир. «Ал-Ҳовий ал-қудсий»да: «Таровиҳдан бошқа нафл намозлар жамоат ҳолда ўқилмайди», дейилган. Қадр, бароат, ийд, арафа, жума ва бошқа шу каби шарафли кунларнинг кечаларида ўқиладиган намозлар якка-якка ўқилади. Юқоридаги матнлардан ражаб ойининг аввалги жумасида рағоиб намозини ўқиш учун тўпланишнинг макруҳлиги маълум бўлади. Рағоиб намози ўзи аслида бидъатдир» [34].

Ҳасан ибн Аммор ибн Али Шурунбулолий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:

ويكره الاجتماع على إحياء ليلة من هذه الليالي المتقدم ذكرها في المساجد وغيرها لأنه لم يفعله النبي صلى الله عليه و سلم ولا الصحابة فأنكره أكثر العلماء من أهل الحجاز منهم عطاء وابن أبي مليكة وفقهاء أهل المدينة وأصحاب مالك وغيرهم وقالوا ذلك كله بدعة.

«Юқорида зикр қилинган ушбу кечаларни ва бошқаларни тирилтириш мақсадида масжидда тўпланиш макруҳдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳобийлар ҳам у ишни қилмаганлар. Ҳижозлик аксарият олимлар, жумладан, Ато, ибн Аби Малика ва Мадина аҳли фақиҳлари ҳамда имом Моликнинг асҳоблари ва бошқалар ўшанинг (яъни фазилатли кечаларни жамоат билан бедор ўтказишнинг) барчасини макруҳ деганлар» [35].

Ибн Ражаб Ҳанбалий: «Фазилатли кечаларни масжидда тўпланиб, бедор ўтказиш борасида Шом аҳлининг икки қавли бор. Биринчиси – мустаҳаб. Иккинчиси – макруҳ. Иккинчи қавл аввалгисига нисбатан рожиҳдир», деб қуйидагиларни ёзганлар:

والثاني : أنه يكره الإجتماع فيها في المساجد للصلاة والقصص والدعاء ولا يكره أن يصلي الرجل فيها لخاصة نفسه وهذا قول الأوزاعي إمام أهل الشام وفقيههم وعالمهم وهذا هو الأقرب إن شاء الله تعالى.

«Иккинчиси жамоат бўлиб, намоз, қисса ва дуо қилиш учун масжидда тўпланиш макруҳ. Лекин (фазилатли кечаларда) кишининг масжидда ёлғиз намоз ўқишида ҳеч қандай кароҳият йўқ. Бу Шом аҳлининг имоми Авзоийнинг, фақиҳларининг ва олимларининг қавлидир. Бу иншаааллоҳ, (ҳақиқатга) яқинроқдир».[36]

Ашраф Али Таҳонавийнинг бу ҳақдаги қавллари юқорида ўтди. Унда бундай дейилган: «Бу кечада бедор бўлиб, ибодат қилиш хоҳ у хилватда бўлсин ёки очиқликда бўлсин, афзалдир. Лекин жамланмасликка эътибор қаратиш лозим».[37]

Бошқа томондан олиб қаралса, ҳозирги кунда масжидда фазилатли кечаларни ўтказиш мақсадида тўпланиш оқибатида албатта шариат томонидан қайтарилган турли ишлар юз беради. Одамлар масжидда шовқин-сурон қилиш ва беҳуда сўзарни сўзлаш билан масжид одобларини поймол қилиб, савоб ўрнига гуноҳ ишларни қилмоқдалар. Шунинг учун фазилатли кечаларни масжидларда тўпланиб ўтказишдан сақланиш зарур. Афсус билан айтиш керакки, баъзи инсонлар ўзларини ҳақ йўлда деб билиб, олимлар айтган сўзларга бўйин эгмай, бидъат аҳлига қўшилиб, улар қилган ишни олқишламоқдалар. Аллоҳ таоло уларга тавфиқ ато этсин.

 

Хожа Низомиддин авлиё раҳматуллоҳи
алайҳнинг бароат кечасида масжидда
тунни бедор ўтказишга тегишли иршодлари

Ҳазрати Амир Ҳасан Алоу Сижрий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 730/1330) бу ҳақда шундай деганлар:

«Йигирма бешинчи шаъбон, чоршанба куни ҳазратникига зиёратга бордим. У кишининг мажлисларида бароат кечасида бедор бўлиб, Қуръони каримни тиловат қилиш ҳамда у кечаларни масжидда ўтказувчи кишилар ҳақида сўз кетаётган эди. Шунда мен: «Бир киши фазилатли кечаларни уйида бедор ўтказса нима бўлади?» деб савол бердим. Жавоб шу бўлди: «Масжидда у кечаларда Қуръони Каримни хатм қилгандан кўра уйда бир-икки пора тиловат қилган яхшидир»[38].

Бароат кечасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабристонга ташриф буюриб, вафот этганлар ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳ таолодан уларни мағфират этишини сўраганлар. Шунинг учун у кечада қабристонга бориш ва вафот этганлар ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳ таолодан уларни мағфират этишини сўраш мустаҳаб амалдир.

«Фатавои оламгирия»да бу ҳақда шундай дейилган:

وَأَفْضَلُ أَيَّامِ الزِّيَارَةِ أَرْبَعَةٌ يَوْمُ الِاثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ وَالْجُمُعَةِ وَالسَّبْتِ وَالزِّيَارَةُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ بَعْدَ الصَّلَاةِ حَسَنٌ وَيَوْمَ السَّبْتِ إلَى طُلُوعِ الشَّمْسِ وَيَوْمَ الْخَمِيسِ فِي أَوَّلِ النَّهَارِ وَقِيلَ فِي آخِرِ النَّهَارِ وَكَذَا فِي اللَّيَالِيِ الْمُتَبَرَّكَةِ لَا سِيَّمَا لَيْلَةَ بَرَاءَةَ وَكَذَلِكَ فِي الْأَزْمِنَةِ الْمُتَبَرَّكَةِ كَعَشْرِ ذِي الْحِجَّةِ وَالْعِيدَيْنِ وَعَاشُورَاءَ وَسَائِرِ الْمَوَاسِمِ كَذَا فِي الْغَرَائِبِ.

«(Қабристонларни) зиёрат қилиш учун афзал кунлар тўрт кундир. Улар душанба, пайшанба, жума, шанба кунлари. Жума куни намоздан кейин, шанба куни қуёш чиққунича, пайшанба куни куннинг аввалида ва бир қавлга кўра куннинг охирида (қабристонларни) зиёрат қилиш яхшидир. Шунингдек, муборак кечаларда, хусусан бароат кечасида ва зулҳижжанинг аввалги ўн куни, икки ийд, ашуро каби муборак вақтларда (қабристонларни) зиёрат қилиш яхши амаллардандир. Бошқа мавсумлар ҳам шу кабидир. «Ғароиб»да шундай дейилган».[39]

Ҳазрати Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида қабристонларга бориб, ўтганлар ҳаққига дуои хайр қилиш ва уларга Аллоҳ таолодан мағфират сўраш ҳадис билан собит бўлган мустаҳаб амаллардандир».[40]

Шуни эсда тутингки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бароат кечасида қабристонни зиёрат қилишга жамоат билан эмас, ўзлари ёлғиз борганлар ва шариат кўрсатмасига биноан Фотиҳа сурасини тиловат қилиб, орқаларига қайтганлар. Бу кечада қабристонни зиёрат қилишга аёллар эмас, эркаклар борадилар. Бу кечада аёллар қабристонларни зиёрат қилишлари жоиз эмас. Яна шуни эсда тутиш лозимки, бароат кечаси каби фазилатли кечаларда қабристонларни зиёрат қилишни фарз ёки вожиб деб тушунмаслик лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бешинчи шаъбонда рўза титишга ҳукм қилганлар. Шунинг учун у кунда рўза тутиш мустаҳабдир.


 

Шаъбон ойи ҳақида улуғларнинг сўзлари

 

Ҳакимул уммат Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:

«Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиш мустаҳабдир».[41]

Муҳаммад Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳ бароат кечасида қилинадиган суннат амаллар қоторида қуйидаги амални зикр қилганлар:

«У куннинг субҳида, яъни ўн бешинчи шаъбонда рўза тутиш».[42]

Муфтий Азизурраҳмон раҳматуллоҳи алайҳ бир саволга шундай жавоб ёзганлар:

«Шаъбоннинг бирор кунида рўза тутиш фарз ёки вожиб эмас. Ўн учинчи шаъбон кунининг рўзаси борасида хос фазилат ҳадиси шариф билан собит бўлмаган. Лекин шаъбоннинг ўн бешинчи кечасини бедорликда, ибодатда ўтказиш ва ўша куни рўза тутиш ҳадиси шарифларда собит бўлган. Шунга асосан ўн бешинчи шаъбонда рўза тутиш мустаҳабдир. Бу куннинг рўзасини тутган киши савоб олади, тутмаса гуноҳкор бўлмайди».[43]

Шоҳ Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Наввоб Қутбуддин раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай ёзадилар:

«Бир йилда суннат рўзаларнинг сони эллик бир кундир. Шулардан ўттиз учтаси ҳар ойда уч кун рўза тутишдир. Тўққизтаси зулҳижжанинг аввалидан тўққизинчи кунигача рўза тутишдир. Иккитаси ашуро кунларида, яъни ашуро куни ва ундан бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутиш. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиш. Шавволдан олти кун рўза тутиш»[44].

Энг афзали шаъбоннинг ўн учинчи кунидан бошлаб ўн бешинчи кунигача, яъни уч кун рўза тутишдир. Уларни бийз кунлари дейилади. У кунларда рўза тутиш суннатдир.

Аллома ибн Ҳож Моликий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Бу кўп фазилатлари ва кўп яхшиликлари бор кечадир. Бизнинг улуғларимиз бу кечани қаттиқ ҳурмат қилар эдилар ва бу кеча келишидан олдин унга тайёргарлик кўрар эдилар» («Ал мадҳал ибнул Ҳоож»).

«Латоифул маориф» номли китобда айтилади: «Бу кечага қаттиқ таъзим бажо келтириш ва унда кўп ибодатлар қилиш керак».

Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида бедор бўлиш мустаҳабдир» («Баҳрур-Роиқ»).

Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида ибодат қилиш мустаҳабдир» («Дуррул мухтор»).

Аллома Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: «Бешак, бу кеча бароат кечасидир ва бу кечанинг фазилати борасидаги ривоятлар саҳиҳдир». («Ал-арфуш-шазий»).

 Шайх Абдулҳақ муҳаддис Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: «Бу кечада бедор туриш мустаҳабдир ва фазилатга оид амалларда бундай ҳадисларга амал қилинади». Бу Имом Авзоийнинг сўзидир» («Маа сабата бис-суннати»).

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бароат кечасининг асли бор, ўн бешинчи кеча ва ўн бешинчи кун бу ойнинг улуғ ва баракотли кечасидир».

«Кифоятул муфтий»да: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси афзал бир кечадир», дейилган.

 Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний айтадилар: «Бароат кечаси борасида «Унинг бирорта фазилати ҳадисларда собит бўлмаган», деб айтиш қаттиқ хатодир. Ҳақиқат шуки, ўнта саҳоба розияллоҳу анҳумдан ҳадислар ривоят қилинган. Уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечанинг фазилатини баён қилганлар. Уларда баъзи ҳадислар санадининг эътиборидан заифдир. Лекин муҳаддис ва фуқаҳоларнинг ҳукми шуки, агар бир ривоят санадининг эътиборидан заиф бўлса, лекин уни қувватлаш учун бошқа ҳадислар ҳам бўлса, бас, унинг заифлиги йўқолади».

 

Бароат кечасининг расм-русумлари ва бидъатлари

 Бу кечада ҳаддан зиёд ибодат қилиш, масжидларда тўпланиб, кечаси бедор бўлиш, махсус нафл намозлар ўқиш каби амалларнинг шариатда бирорта асли йўқ. Нафллар, тасбеҳу таровеҳни жамоатда ўқиш, овоз кучайтиргич орқали байтлар айтиш, бозорларда айланиш, ҳолва пиширишни зарур деб тушуниш, хусусан, бу кечада савоб етказишни зарур деб тушуниш, қабристонда чироқ ёқиш, бу кечада уйларга руҳлар келишига эътиқод қилиш, ўлган шахсннинг руҳи келади, деб тушуниш, буларнинг барчаси шариатга хилоф ишлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буларнинг ҳеч бири бизга етиб келмаган. Шунинг учун бу бидъат ва расм-русумларни тарк қилиш, жамоат ичидан бу бидъатларни йўқотиш ҳар бир мусулмонга тоқати етганича фарздир.

Бароат кечасида қилинадиган ишлар

Рисоламиз сўнгида ушбу муборак кечада аҳамият берилиши керак бўлган жиҳатлар хусусида маълумотлар бериб ўтамиз, токи ифрот ва тафритдан сақланиб, бу кечанинг фазилатларига эга бўлайлик:

1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилишга эътибор қилиш;

2. Бу кечада ибодат қила олмаса ҳам, гуноҳлардан сақланишга қаттиқ эътибор қаратиш. Хусусан, бу кечанинг фазилатларидан маҳрум қиладиган гуноҳлардан сақланиш лозим;

3. Бу кечада тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилиб, ҳар ҳил бидъатлардан сақланиш;

4. Ўзи ва барча уммат учун хайрли дуолар қилиш;

5. Тоқат етганича зикрлар, нафллар, тиловати Қуръонлар қилиш;

6. Имкон топган киши шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутиши.

Абдулманнон Жаъфар Алий



[1] Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ. «Латоифул маъориф». – Б. 145.

[2] Табризий. «Мишкотул масобиҳ». – Б. 115.

[3] «Латоифул маъориф». – Б. 148, «Маа сабата бис-сунна». – Б. 353, «Мусаннафу Абдурраззоқ». Ж. IV. – Б. 317.

[4] Тобарий. «Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон». Ж. XXV. – Б. 65, Қуртубий. «Ал жомиъу ли аҳкомил Қуръон». Ж. XVI. – Б. 126, Ибн Касир. «Тафсирул қуръонил азим». Ж. IV. – Б. 137, «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 386.

[5] Дийнаврий. «Мужоласа», «Руҳул маъоний» Ж. XXV. – Б. 113.

[6] Байҳақий. «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 38, Бағавий. «Шарҳус сунна». Ж. IV. – Б. 126, «Мажмауз завоид». Ж. VII. – Б. 65. Ҳайсамий: «Баззор ривоят қилган санадда Абдулмалик ибн Абдулмалик бўлиб, уни Абу Ҳотам жарҳ ва таъдилда заиф санамаган. Ҳадис санадидаги қолган кишилар ишончлидир» деди. Мунзирий ўзининг «Ат-Тарғиб ват тарҳиб» номли асарида: «Баззор, Байҳақий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумдан ушбу ҳадисни ҳадиснинг саҳиҳлигига путур етказмайдиган санад билан нақл қилганлар», деган («Ат-Тарғиб ват тарҳиб». Ж. III. – Б. 459).

[7] Бу ҳадисни имом Термизий ривоят қилиб: «Биз бу ҳадис Ҳажжож йўлидан нақл қилинганини биламиз. Мен Муҳаммад ибн Исмоилдан бу ҳадисни заиф деб эшитганман. У киши бу ҳадис санадидаги кишилар ҳақида: «Яҳё ибн Абу Касир Урвадан бу ҳадисни эшитмаган. Шунингдек, Муҳаммад, Ҳажжож Яҳё ибн Касирдан ушбу ҳадисни эшитмаганлар», деган. Юқоридаги ҳадисни Термизий, ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, ибн Абу Шайба, Бағавий, ибн Ҳумайд, Табризий каби олимлар ўз асарларида келтирганлар. Муҳаддислар бу ҳадиснинг санадлари кўп бўлганлиги учун саҳиҳ ҳадис деганлар.

[8] Ибн Можа. – Б. 101, Байҳақий. «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 382, Байҳақий. «Фазоилул авқот». – Б. 132, «Мишкотул масобиҳ». – Б. 115

[9] Байҳақий. «Фазоилул авқот». – Б. 119. Аднон Абдураҳмон ушбу ҳадис санадини ўрганиб чиқиб, уни ҳасан ҳадислар сирасига киритган. Ибн Ҳиббон ҳам ўзининг «Саҳиҳ» тўпламида ушбу ҳадисни (Ж. XII. – Б. 581) ривоят қилган. Шуъайб Арнут: «Бу ҳадис ўзининг шавоҳидлари билан саҳиҳдир», деган. Имом Тобароний ўзининг «Муъжамул кабир» асарида ҳам ушбу ҳадисни (Ж. XX. – Б. 91) зикр қилган.

[10] Байҳақий. «Фазоилул авқот». – Б. 121, «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 381, Тобароний. «Муъжам». Ж. XXII – Б. 184, «Зилолул жанна». Ж. I. – Б. 224.

[11] Ҳайсамий: «Ҳадис санадида келган Луҳайъа юмшоқроқ. Лекин қолган кишилари ишончли», деган («Мажмауз завоид». Ж. VII. – Б. 65), Имом Аҳмад. «Муснад». Ж. II. – Б. 176, Мунзирий. «Тарғийб». Ж. III. – Б. 240.

[12] Баззор ривояти. Ҳайсамий: «Ҳадиснинг санадида Ҳишом ибн Абдураҳмон бўлиб, уни билмайман. Лекин санаддаги қолган кишилар ишончлидир», деган. («Мажмауз завоид». Ж. VII. – Б. 65).

[13] Байҳақий. «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 381, «Мусаннафу ибн Абу Шайба». Ж. X. – Б. 438, «Мусаннафу Абдурраззоқ». Ж. IV. – Б. 316.

[14] Байҳақий. «Фазоилул авқот». – Б. 125, Байҳақий. «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 383.

[15] Байҳақий. «Шаъбул иймон». Ж. III. – Б. 384.

[16] «Ал-Мадхал». Ж. II. – Б. 292.

[17] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 852/1448) Ибн Ҳож раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида қуйидагиларни ёзганлар: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳож ал-Абдарий Фосда туғилиб, бир муддат у ерда ҳадис эшитганлар ва кейинчалик ҳадис эшитиш мақсадида Мисрга келганлар. Аллоҳ таолонинг байтини ҳаж қилиш шарафига мушарраф бўлганлар. Тақиюддин Убайдуллоҳ ал-Исъирдийдан (622/1225-692/1293) имом Моликнинг «Муватто» асарларини эшитиб, қабул қилиб олиб, кейинчалик у йўл билан нақл қилганлар. Абу Муҳаммад ибн Абу Жамра раҳматуллоҳи алайҳни лозим тутган ва унинг баракаси унга қайтган. Натижада Миср шайхи ва улуғига айланган. «Мадхал» деб номланган асарида инсонлар томонидан қилинадиган бидъат ва хурофот ишлар очиб берилган. Унда келтирилган амалларнинг баъзиси бутунлай қайтарилган ва баъзиси эҳтимолли амаллардир. Шайхимиз Шамсуддин Муҳаммад ибн Али ибн Зирғом ибн Сакар ҳам Ибн Ҳождан ижозат олганлар («Ад-Дурарул комина фи аъёнил миатис сомина». Ж. 4. Б. 237).

[18] Али Қорий. «Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкотул масобиҳ». Ж. III. – Б. 195.

[19] Қуртубий. «Ал-Жомеъ ли аҳкомил Қуръон». Ж. XVI. – Б. 128.

[20] Олусий. «Руҳул маъоний фи тафсирил Қуръонил азийм». Ж. XXV. – Б. 113.

[21] «Ал Баҳрур роиқ». Ж. II. – Б. 52.

[22] «Ад-Дуррул мухтор маа шарҳи раддул муҳтор». Ж. II. – Б. 24-25.

[23] «Нурул ийзоҳ маа шарҳи ва ҳошияти Таҳтовий». – Б. 325.

[24] «Ал-Аасаарул марфуъа фил ахбарил мавзуъа». – Б. 73-74.

[25] Ашараф Али Таҳонавий. «Заволус сунна ан аъмалис сунна». – Б. 17.

[26] Муфтий Муҳаммад Шафиъ. «Фазоилу ва аҳком шаби бароат». – Б. 8.

[27] Холид ибн Миъдон ўз вақтининг муҳаддиси ва фақиҳи бўлганлар. Етмишдан зиёд саҳобалар билан учрашганлар. Шуҳратдан ўзини йироқ тутиб, илму амални мўл қилиб, бир кунда етмиш минг марта тасбеҳ айтганлар. Язид ибн Абдулмалик замонасида (103/722) вафот этганлар.

[28] Макҳул Шомий раҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 112/730) ҳофизул ҳадис, фақиҳ ва мужтаҳид эдилар. Катта-катта олимлар у кишининг илмларини тан олар эдилар. Олим Анас ибн Молик, Абу Ҳиндуворий, Восила ибн Асқаъ, Абу Амома, Абдураҳмон ибн Ғанам, Абу Жандал ибн Суҳайл раҳматуллоҳи алайҳлардан бевосита ҳадис эшитганлар. У кишининг шогирдлари ҳам ўз даврининг етук муҳаддислари бўлганлар.

[29] Луқмон ибн Омир Ҳимсда яшаб, ижод этганлар. Абу Дардо, Абу Ҳурайра, Абу Амома розияллоҳу анҳумлардан ҳадис эшитганлар. Ибн Ҳиббон у кишини сиқа деганлар.

[30] «Латоифул маъориф». – Б. 144.

[31] «Мароқил фалоҳ». – Б. 326.

[32] «Ҳақиқати ибодат». – Б. 455.

[33] «Ҳақиқату ибодат». – Б. 466.

[34] «Ал-Баҳрур роиқ». Ж. II. – Б. 52.

[35] «Нурул ийзоҳ маа шарҳи ва ҳошияти Таҳтовий». – Б. 326.

[36] «Латоифул маъориф». – Б. 144.

[37] Ашараф Али Таҳонавий. «Заволус сунна ан аъмалис сунна». – Б. 17.

[38] «Фавоидул фидод». – Б. 24.

[39] «Ал Фатавои ҳиндия». – Б. 35.

[40] «Заволус сунна ан аъмолис сунна». – Б. 17.

[41] «Заволус сунна ан аъмолис сунна». – Б. 17.

[42] «Фазоил ва аҳкоми шаби бароат». – Б. 8.

[43] «Фатаво дорул улум Девбанд». Ж. VI. – Б. 500.

[44] «Мазоҳиру ҳаққи жадид». Ж. II. – Б. 364.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz