Зилзила - ибрат ва сабоқ Принтер учун
26.05.2013 й.

Бугун 25 май тун уйқуси шаҳримизнинг барча хонадонини ўз оғушига олган ва теварак-атрофда ғофил сукунат ҳукмрон кезиб юрган бир вақтда тақрибан соат 03дан 18 дақиқа ўтар экан, уйқунинг айни ширин пайтида бирдан тагимиздаги Ер қаттиқ зилзила билан жунбушга келди. Бир неча сония давомида уйлар хавотирли шаклда худди яшовчилари устига қулаб тушадигандек қасир-қусур, қалдир-қулдир қилган ваҳимали товушлар билан ларзага келиб турди. Қандиллар уёқдан-буёққа бориб келди. Баъзи омонат турган шкафлар эшиги очилиб, жавонлардаги нарсалар ерга тушиб кетди ҳам. Ер силкинишидан машиналарнинг огоҳлантириш занглари ҳам чалиниб кетди. Гўдак ва кичик ёшдаги болалардан бошқа: зилзила шу ҳолда давом этса, қандай ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англайдиган ва ҳис қиладиган барча катталар уйқуларидан сакраб туриб, қўрқув ва ожизлик ичра Яратганни эслаб, Ундан омонлик сўраб беихтиёр “Субҳоналлоҳ” калимасини қайтаришга тушдилар.
Алҳамду лиллоҳ зилзила ўтиб кетди... Ҳеч ким зарар кўрмади... Лекин, бир неча сониялик бу силкиниш одамларга бир олам ибрат ва сабоқ бериб кетди. Ҳа, атиги бир неча сониялик бу силкиниш инсоният ўзи даъво қилувчи шунча тараққиёт, куч-қудрат ва илми билан Аллоҳнинг балоси олдида ҳеч нарса қилолмаслигини, Аллоҳ хоҳласа бир неча лаҳзалар ичида бандаларини ер билан яксон этишга қодир эканлигини яна бир карра эслатиб қўйди. Яна айнан тунда, ҳамма ўз ихтиёрини ғафлат уйқусига топширган паллада. Нима учун?! Токи, гуноҳлар ихтиёрига ўзини топшириб, Яратганнинг амру фармонларига бепарволик билан ғафлатга чўмган бандалар кўзларини очишлари, гуноҳларига тавба ва истиғфор айтиб, ўзларини ислоҳ этишлари, турли туман жиноятлардан тийилиб, тўғри йўлга юришлари учун!..
Албатта зилзила инсониятни огоҳлантириб, қўрқитиб турадиган оят-аломатлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтганидек, “وَمَا نُرْسِلُ بِالْآيَاتِ إِلَّا تَخْوِيفًا” “Биз оят-аломатларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз” (Исро, 59-оят). Бошқа бир ояти каримада эса шундай дейилади: “أَفَأَمِنَ أَهْلُ الْقُرَى أَنْ يَأْتِيَهُمْ بَأْسُنَا بَيَاتًا وَهُمْ نَائِمُونَ أَوَأَمِنَ أَهْلُ الْقُرَى أَنْ يَأْتِيَهُمْ بَأْسُنَا ضُحًى وَهُمْ يَلْعَبُونَ أَفَأَمِنُوا مَكْرَ اللَّهِ فَلَا يَأْمَنُ مَكْرَ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْخَاسِرُونَ” яъни: “У юртларнинг аҳолиси тунда ухлаётганларида, (тўсатдан) устиларига азобимиз келиб қолишидан омондамилар?! Ёки у юртларнинг аҳолиси чошгоҳ вақти ўйнаб турганларида устиларига азобимиз келиб қолишидан хотиржаммилар?! Аллоҳнинг “макридан” ҳам хотиржаммилар?! Аллоҳнинг “макридан” (синови, азобидан) фақат зиён кўрувчи қавмларгина хотиржам бўлурлар” (Аъроф сураси, 97-99-оятлар).
Бандалардан ҳеч ким Аллоҳнинг азобидан ўзини хотиржам ва омонликда ҳис қилиши мумкин эмас. Оятда айтилганидек, фақат зиён кўрувчиларгина бундан ўзларини хотиржам ҳис қиладилар.
Зилзила ва бошқа табиий офатлар одамларни сергакликка ундайди, гуноҳлардан тўхтаб, Аллоҳга қайтишга чақиради. Бундай ҳолатлар бамисоли огоҳлантириш ва маломатга сабаб бўлувчи ишларни тарк этишлари учун насиҳатомуз итоб кабидир. Ер қимирлаганда солиҳ салафлар “فأعتبوه إن ربكم يستعتبكم” яъни “Раббингиз сизлардан хатоларингизни, маломатга сабаб ишларингизни бартараф қилиб, Уни рози қилишингизни сўраяпти, бас, шундай экан, ўша ишларингизни тўхтатиб, Раббингизни рози қилинг!” дер эканлар.
Зилзила ва бошқа табиий офатлар каби барча мусибатлар фақат инсониятнинг ўз гуноҳ ва маъсиятлари туфайлигина келади. Лекин у келганда яхшини ҳам ёмонни ҳам олиб кетади. Мазкур офатлар туфайли зарар кўрган яхши кишиларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлади, ёмонларга эса бу офатлар Унинг ғазаби ва жазоси бўлади.
Мадинаи Мунавварада зилзила рўй берганда ҳазрат Умар ибн хаттоб разияллоҳу анҳу ваъз қила туриб, “агар бу зилзила яна такрорланса, мен бу шаҳарда сизлар билан бирга турмайман!”, деган эканлар.
Инсоният бошига нимаики, бало келса, ўзларининг гуноҳу маъсиятлари сабабидан келади. Аллоҳ таоло айтганидек: “وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ))” яъни “Сизларга неки мусибат етган бўлса, у ҳам бўлса, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳларингиз) туфайлидир. Яна У кўп (гуноҳларингиз)ни кечиб юборади” (Шўро сураси, 30-оят). Яъни тағинам Аллоҳ таоло ҳар битта гуноҳимиз туфайли азобга тутмайди, балки, кўпини кечириб юборади.
Шундай экан, гуноҳлар, жиноятлардан тийилиб, Аллоҳга тавба ва истиғфор айтишимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, неъматлар кўтарилиб, офатлар тушишига фақат гуноҳларнинг оммавий равишда авж олишигина сабаб бўлар экан.
Адий ибн Умайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло оммани (аксариятни )хосларнинг (маълум тоифанинг) қилаётган ишлари учун азобламайди. Бу ҳолат токи, ўша мункар ва ёмон ишларни ўз ораларида кўриб, қайтаришга, ислоҳ қилишга қодир бўлсалар ҳам ўша мунокаротлардан қайтармай, ислоҳ қилмай юришгунча давом этади. Ана шундай қилсалар, Аллоҳ уларнинг оммасини ҳам, (асосий мункарни қилаётган) хос кишиларини ҳам азобга тутади. (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
Гуноҳ-маъсиятлар неъматлар завол топиб, балою офатлар тушишига сабаб бўлса, тавба ва истиғфор неъматлар бардавом бўлишига ва балолар қайтарилишига сабабдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики “وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ” яъни “Улар истиғфор айтиб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол сураси, 33-оят). Бундан аввалги оятда эса “وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذّبَهُمْ وَأَنتَ فِيهِمْ” яъни “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азоблагувчи эмас”, дея марҳамат қилинган.
Маъно аҳли айтадиларки, юқоридаги оятлар истиғфор яъни Аллоҳдан гуноҳлар учун мағфират ва кечирим сўраш азобдан сақлагувчи омонлик эканлигига далолат қилади.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Одамлар ичида иккита ҳимоя, омонлик бор эди: бири Аллоҳнинг Пайғамбари, иккинчиси эса истиғфор. Аллоҳнинг Пайғамбари ўтиб кетдилар, аммо истиғфор қиёматгача боқийдир”.
Қайси бир ўлкада Аллоҳга ибодат қилинар экан, истиғфор айтилиб турар экан, фисқ-фужур оммавий тус олмаган экан у ерга аҳолининг кўп қисмига зарар келтирадиган, оммавий бало тушмайди иншоаллоҳ. Шунингдек, нуроний отахонлар, эмизикли, маъсум гўдаклар, ўтлаб юрувчи чорвалар ҳам азоб нозил бўлишини тўсиб турар экан. Баъзи ривоятларда шундай сўзлар ворид бўлган:
“لَوْلاَ شُيوخٌ ركع، وصِبْيَانٌ رُضَّعٌ، وبَهَائمُ رُتَّعٌ، لصُبَّ عَليكُمُ العَذَابُ صَبًّا” яъни “агар орангизда қадди рукуъга эгилган мўйсафидлар, эмизукли гўдаклар ва эркин ўтлаб юрувчи чорвалар бўлмаганда, устингизга азоб ёғилган бўларди”.
Алҳамду лиллаҳ, гарчи вақти-вақти билан инсоний талафот келтирмайдиган зилзила ва ҳоказолар рўй бериб турса ҳам бизнинг гўзал юртимизда 66 йилдан бери одамларнинг ҳаётига зомин бўлувчи, оммавий азоб бўлиб келувчи фалокатлар содир бўлмади. (Илоҳим, бундай буёғига ҳам Аллоҳ юртимизни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин!..) Бу ҳам бўлса, юртимизда яхшилик ва эзгулик ҳукмрон эканлигидан, нуроний қарияларимиз, маъсум гўдакларимиз ва эмин-эркин ризқини териб юрган чорваларимиз борлигидан ҳамда бошқа кўп жойлардан фарқли ўлароқ диёримизда фаҳш ишлар оммавий тус олмаганлигидан, юртимизга Аллоҳнинг раҳмат назари тушганлидан далолатдир, иншоаллоҳ.
Курраи заминнинг ҳали у-ҳали бу чеккасида кетма-кет зилзила, тўфон ва бошқа офатлар туфайли ўнлаб, юзлаб одамлар фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмаётган, қанча-қанча юртлар турли-туман фитналар, ички низолар, террорчилик хуружлари оқибатида тинчини йўқотиб, вайронагарчиликка юз тутаётган, яна қанча-қанча илғор давлатлар эса устма-уст иқтисодий бўҳронларга оқимига нишон бўлиб турган бир вақтда мамлакатимиз тинч-осойишта, ризқи мўл, офиятли бир ҳаёт билан яшамоқда. Бунинг учун Яратганга тинмай шукр қилишимиз, фаровон турмушимиз бардавом бўлиши учун дуода бўлишимиз, шу юртимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, янада обод бўлиши учун ўз ҳиссасимизни қўшмоғимиз ҳар биримизнинг зиммамизда лозим бўлган ишлардан бирига айланади. Зеро, шукри адо қилинмайдиган неъматлар олиб қўйилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтганидек:
“وإذْ تأذَّن ربُّكم لإن شكرتم لأزيدنَّكم ولَئِن كفرتم إنَّ عذابِي لَشَديد” “Яна Парвардигорингиз билдирган бу сўзларни эслангиз: “Қасамки, агар сизлар (менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони неъмат қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси).

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди имом хатиби

(www.kamolon.uz)

 
« Олдинги   Кейинги »