Фиқҳий мазҳабларнинг исломдаги бирликни асраб туришдаги аҳамияти (2) Принтер учун
12.05.2013 й.

Фиқҳий ихтилофлар бўлган ва ўзаро ҳамкорлик борасидаги ихтилофлигича қолаверади:

Энди, бизга берилган саволга жавоб беришлик учун тайёрлашимиз керак деб билган  учта нуқталарнинг қисқача баёнини қилиб бўлганимиздан сўнг, айтамизки:

Биз   ҳозир айтиб ўтган гапларга асосланиб фиқҳий мазҳабларнинг келиб чиқиши, уларнинг ривожланиши ва ҳозирги ҳолатига етиб келишида, ана шу ишларнинг барчаси исломий бирликни парчаланиб бўлиниб кетишдан энг яхши ҳимоячи бўлганига шубҳа қилмаймиз.  

Айрим одамларнинг онгларида мусулмонларнинг шариати исломияни тушунишдаги ихтилофлари уларнинг бирликларини мустаҳкамлаш, ўша бирликни парчаланиб бўлиниб кетишдан ҳимоя қилиш бўлгани ғарибдек кўринади.

Аммо шу ихтилофнинг манбаи ҳар бир гуруҳ ўз шеригини нотўғри тушунишлик ва нотўғри йўлни танлашликда ёки кечириб бўлмайдиган хатога йўл қўйганликда айблаш бўладиган бўлса,  ана шу ғариб кўринишлик тўғридир.

Лекин фиқҳий мазҳабларнинг маъноси, уларнинг келиб чиқиши омилларидан бизга аниқ бўлган нарса шуки, ўша мазҳаблардаги умуртқани ташкил қиладиган фиқҳий ихтилофлар ўзаро ҳамкорлик йўлидаги ўзини оқлайдиган ихтилофлар бўлган, хусуматлар ёки жиноят ҳисобланадиган мафкуравий низолар эмас.

Бунинг маъноси шуки, исломий бирлик тўқимасининг ўриши ва арқоқи ўзаро ҳамкорлик йўлидаги ана шу ихтилофлардир. Чунки агар бир қанча фиқҳий ижтиҳодлар мажмуасидан пайдо бўладиган кенг қонунчилик майдони бўлмаганида эди исломнинг бепоён ва турли ҳудудлари ягона қонун сояси остида учрашиб бирлашиш имконига эга бўлмас эди. Шу нуқтаи назардан  у ўзининг бепоёнлиги билан ягона давлатнинг низомига бўйинсуниши мумкин бўлмаган бўлар эди.

Бир томондан фиқҳий мазҳабларнинг фаолиятлари, бошқа томондан исломий давлатдаги бирликнинг кўринишлари орасидан исломнинг аввали ва ундан кейинги адолатли халифалар даврига тадаббур билан солинган биргина назар биз айтган гапларнинг ҳақиқат эканлигини намоён этиб таъкидлайди. Биз тарихда фиқҳий мазҳабларнинг ораларидаги ихтилофлар исломий бирликка унинг олтин асрларидан бирортасида зарар келтирганини ҳеч қачон эшитмаганмиз. Биз ана шу ҳақиқатни таъкидлаб туриб бу мазҳабларнинг иши имомлар ва уламоларнинг бир бирларига бўлган ишончларини суғуриб олиш, уларнинг ўзаро ҳамкорлик йўлидаги ихтилофларини айбловлар ва низоларга айлантириш бўлган биёбонларда тентираш ва тойилиш омилларидан ҳимоя қилишда тафаккурнинг ролини, фақиҳларнинг иккинчи асрнинг охирларида ёзиб битирилган нассларни тафсир қилиш қоидаларига эътимод қилганликларини унутишимиз мумкин эмас.

Тўртала мазҳаблар имомларининг бир бирлари шаънига айтган мақтовларини, имом Шофеий билан имом Аҳмадларнинг ўрталаридаги икки томонлама дўстлик ва тақдирлаш риштасини, бир бирларини ёқтиришларини, имом Шофеийнинг Абу Ҳанифа, унинг шогирди Муҳаммад ва Абу Юсуфни мақтаганликларини, Шофеийнинг имом Молик ҳақида: “Молик менинг муаллимимдир, илмни ундан ўрганганмиз”, деганини яна ёдга солиб ўтиришга сабаб йўқ.

Фиқҳий мазҳабларга ёпиштирилган офатлар:

Лекин фиқҳий мазҳаблар шариати исломиянинг умридан беш асрдан кам бўлмаган даври мобайнида шариати исломиянинг биносини мустаҳкамлаш, исломий бирликнинг устунларини чуқурлатишдаги ўзларининг ижобий ролига қарамасдан бошқа ҳар қандай нарса сингари уларга ҳам уларнинг ижобий таъсирларидан кўпини йўққа чиқарадиган офатлар тегди, унинг бирлик борасида фойдали бўлган таъсирларини кўпгина замонларда зарар бергувчи салбий натижаларга айлантириб юборишига яқин қолди.

Ана шу офатларнинг қисқача баёни ушбулардир:

1. Ақидавий ва сиёсий гуруҳлар орасидаги ихтилофларнинг таъсирларидан каттагина қисми унинг устидан ҳукмронлик қилиши.

2. Ривоят қилиш қоидалари, жарҳ ва таъдил илмининг айрим ақидавий ва сиёсий мазҳабларнинг оқимига бўйсундириш.

3. Мазҳабларга эргашганларнинг ўз мазҳабларига мутаассибликлари.

Энди, ана шу офатларнинг барчаси ҳақида ушбу мақомда керак бўладиган миқдорда батафсил гаплашиб олсак.

Биринчи: ақидавий ва сиёсий ихтилофларнинг фиқҳий мазҳабларга таъсири:

Маълумки, фирқалар дея таъриф бериладиган ақидавий мазҳабларнинг кўплари тарқалиб ҳукмронлик қилганидан сўнг йўқ бўлиб кетган. Масалан муржиалар, жаҳмиялар, қадариялар, мужассималар ва ҳашавиялар ҳатто мўътазилалар ҳам бир пайтлар Аҳли Суннат вал Жамоат деб аталадиганларда гавдаланадиган улкан ислом ақидасининг оқими ичида эриб зим бўлиб кетганига қадар ўз зоти ва қарашларини бир бу ерда, бир у ерда жадаллик билан намоён қилиб турган.

Сир эмаски, бу борадаги хизматлар битта асрда пайдо бўлган икки буюк имомлар- Имом Абулҳасан Алий ибн Исмоил ал Ашъарий (260-330) ва Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотурийдий (000-268)ларга тегишлидир.

Албатта ана шу иккала имомнинг ҳеч бири мазҳаб ёки даъво соҳиби   ёхуд қайсидир янги бидъатга даъват қилгувчи ҳам эмасдилар. Аксинча улардан ҳар иккалаларининг ишлари Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатига ёрдам бериш билан, мусулмонларни бошқа бидъатлару янги пайдо бўлган ҳой- ҳаваслардан узоқ бўлган ҳолда Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари бўлган йўлга қайтаришлик учун узлуксиз ҳаракат қилишда чекланиб қолган.

Ҳижоз, Шом ўлкаси ва Ироқдаги фақиҳлару муҳаддислар жамоаси ва тафсир билан машғул кишилар алангаси ҳаяжондаги ўша бидъатчи фирқалар орасида кўтарилган тортишувлардан ўзларини четга олган, ҳар ким ўзи алоҳида бўлиб олган ҳадис ё фиқҳ ёда тафсир билан машғул бўлганича қолаверган.

Энди қачонки улар Имом Ашъарийни ўша оқимларнинг барчасига қарши чиқиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва ундан кейинги тобеинлар бўлган манҳажга чақирган ҳолда Китоб ва Суннатни ҳимоя қилаётганини кўргач чор тарафдан уни дастаклаш, унга таянч бўлиш ва ёрдам бериш учун у томонга юзландилар ва шу нуқтаи назардан улар Ашъарийни Аҳли Суннатнинг ҳимоячиси деб атадилар.

Ҳар иккала имомларнинг қилган ишларининг хулосаси устида тупроқ, тош ва қумлар кўпайиб кетганидан йўловчиларга белгилари кўринмай қолган, ҳатто унинг ҳудудлари бўйлаб юришда ҳайратда қолган кенг йўлга юзланиб, ундаги тупроқларни, тошлару қумларни кеткизаётган, аввалгидек қадам босилган ҳолатига қайтараётган, ундаги белгилар ва ҳудудларни кўзларга кўринадиган қилиб қўяётган кишига ўхшаб кетар эди.

Яъни, Имом Ашъарий бирор бир янги мазҳабни янгидан пайдо қилган эмас, у Расулуллоҳ қолдириб кетган ботини каби зоҳири ҳам очиқ ойдин бўлган, сўнгра ўша бидъатчи фирқалар келиб, белгилари бошқаларга, улардан кейин келадиган ҳаммага кўринмайдиган қилиб, ўз хусуматлари ва бидъатларинининг пардасини унинг устидан ташлаб қўйган кенг йўлга интилган эди. Бу имом эса ўзининг қатъийлиги билан, Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Расулининг Суннатини ҳимоя қилиши билан ана ўша пардаларни очиб ташлади, ўша йўлни Расулуллоҳ қолдириб кетгандек аниқ ва равшанлик ҳолатига қайтарди. Шунинг учун ўша пайтда фиқҳ, ҳадис ва тафсир уламолари ўша мужодалаларнинг шовқин суронидан қочиб ўзлари бошпана топишни афзал билган узлатларидан чиқдилар ва Имом Ашъарийни ҳар томондан дастаклашга юзландилар, қўмондон атрофига йиғилган аскарлар каби унинг атрофига йиғилдилар.

Имом Мотурийдий ҳам Мовароуннаҳрдаги ўлкаларда ана шу ишларни қилди.

Биз  Имом Ашъарийнинг ҳар хил шарқшунослик мактаблари ишора қилиб юрганларидек ўша мубтадиъ фирқаларга қўшиладиган бир фирқанинг соҳиби бўлмаганига амин бўлишимиз муҳимдир. Фаразан, у аслида ўшандай бўлганида эди гуруҳ -гуруҳ  фиқҳ, ҳадис ва тафсир уламолари ўзлари барча мубтадиъ фирқаларни тарк қилиб узлатга чиқиб кетганлари ҳолда уни дастаклашмаган ва ёрдам бермаган бўлар эдилар.

Ибн Субукий “Тобақотуш- шофеийя”да шундай дейди:

“Билгилки, Абулҳасан Ашъарий янги бир фикрни ўйлаб топмаган ва янги бир мазҳабни пайдо ҳам қилмагандир. У, шубҳасиз, салафларнинг мазҳабини такидловчи, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари юрган йўлнинг ҳимоячисидир. Бинобарин унга мансуб бўлишлик (яъни, ашъарий деб аталишлик- тарж.) унинг салафларнинг йўлидан юришда белини боғлаб уни маҳкам тутгани, бунинг учун далил хужжат ва асосларни келтириб бергани сабабидан бўлади, холос. Шунинг учун далил хужжатлар борасида ўша йўлбошчининг йўлида унга эргашган киши ашъарий деб аталади”.

Ибн Халликон: “У усул соҳиби, Аҳли Суннат мазҳабини ҳимоя қилгувчисидир. Ашъарийлар тоифаси унга нисбат берилади”, дейди.

У ҳақида Ибнул Имод “Шазаротуз заҳаб”да шундай деган:

“Батаҳқиқ, Аллоҳ у билан Аҳли Суннати набавиянинг юзини оқ қилди ва иътизол ва жаҳмиялар аҳлининг байроқларини у билан қаро қилди. Бас, у билан ҳақиқатнинг порлоқ, аҳли илм ва маърифатнинг диллари учун баҳра бўлган  юзини очиб берди”.

У ҳақида Ибн Асокир шундай деган:

“Ҳадис соҳиблари шу нарсага иттифоқ қилмишларки, Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий розияллоҳу анҳу Ҳадис соҳибларининг имомларидан бир имом бўлган, унинг мазҳаби Ҳадис соҳибларининг мазҳабидир. У диёнатнинг асллари борасида Аҳли Суннатнинг йўли асосида гапирган, мухолиф бўлган залолат ва бидъат эгаларига қарши қатъият кўрсатган”.

Хуллас, исломий жамиятнинг саҳнасида соғлом жисмда сўгаллар пайдо бўлганидек пайдо бўлган ўша тўлқинланган фирқаларнинг кўплари ғойиб бўлган ва бу умматнинг эътиқод ва мафкурадаги бирлигининг асослари янгидан барқарор ва мустаҳкам бўлиб қайтган. Фақатгина аввал ҳукмрон бўлиб кейин йўқ бўлиб кетган, маълум бир шарқшунослик билим юртлари бугун унинг муносабатлари ва жузъий қарашларидан майда чуйдаларни ташвиқот қилишлик билан қайтадан ҳаётга қайтариш ҳаракатида бўлган мўътазилалик қарашларини ҳисобга олмасак.

Демак, биз ана шу фирқалар ўзларининг ҳаяжонланган даврларида фиқҳий мазҳабларнинг бир бирлари билан бўлган алоқаларида тилга олса бўладиган салбий таъсир қолдирмаганлар, деб айтишимиз мумкин.

Лекин, ўша ақидавий фирқаларнинг баъзилари билан фиқҳий мазҳабларнинг ўрталарида бир бирларига таъсир қилиш ёки бир бирларидан таъсирланишнинг ёрқин навини ўзида мужассам қиладиган иккита ҳодисани мулоҳаза қилишимиз мумкин. Баҳс юритгувчи киши ана шу таъсирни фойдали ижобий ҳодиса деб билиши ҳам, шунингдек, бунинг акси бўлган бошқа бир   тушунча билан тушунтириши ҳам мумкин.

Биринчи ҳодиса: ибозийлик мазҳаби. Биз ибозияни хаворижлар деб аталганларнинг кўпчилигини ташкил қиладиган олти фирқадан боқий қолган бир фирқа эканини, аммо қолган бештасига келсак Али розияллоҳу ануҳнинг улар билан оқилона олиб борган суҳбатлари ва уларга очиқ кўнгиллик қилганликлари сабаб кўплари тавба қилиб, залолатларидан қайтганликларини, такфир ва урушишдан бошқасига рози бўлмаган қолганларини эса ҳалок қилганини биламиз.

Ана шу ибозийлик фирқаси хаворижлар ичида энг кам ҳаддан ошгани ва энг кам ғулувга кетгани, энг кўп тақво қиладиган ва энг масъулиятлироғидир. Уларнинг ўзлари учун хос бўлган фиқҳий қарашлари ўзларига хос бўлган эътиқодий ишларга тааллуқли бўлган нуқталар билан чекланган эканини фараз қилиш мумкин. Лекин улар бундан ошиб ўзларига хос бўлган фиқҳий иморатни барпо қилишгача етиб бордилар, уларнинг ўзларининг асарлари вужудга келди, ҳатто ибозийлик фирқасига хос бўлган фиқҳдаги хусусий ҳолат деб ифодаланадиган фиқҳий энсиклопедиялари яратилди.

Кўнгил таскин топадиган эҳтимол гап шуки, ибозийлик мазҳабининг фақиҳлари, агар улардан мустақил бир жамоани шакллантирган ақидавий ҳамда сиёсий қарашлари бўлмаганида, бугун улар албатта тўртала фиқҳий мазҳабларнинг орасида тақсимланиб кетган шогирдларга ҳатто номдор фақиҳларга айланган бўлар эдилар. 

Лекин, уларнинг мафкура ва ақидадаги илдизлари ўзларининг мустақил фиқҳий шахсиятлари бўлишидан бошқасига рози бўлмади. Бу уларнинг фиқҳий қарашлари синчиклаб текширилганда кўплари тўртала мазҳабларнинг доирасидан ташқарига чиқмаганини билсак ҳам.

Албатта ушбу ҳодисанинг ҳеч биримизнинг эсимиздан чиқмайдиган салбий таъсири шуки, ибозийлик мазҳабидаги йигит ўз қаршисида турган ибозийликка хос бўлган фиқҳий мазҳабни кўриб туриб ҳам унинг мерос қилиб олган эътиқодий мазҳаби ўзининг фиқҳий мазҳабидан бошқа бирор мазҳабни ушламасликни фарз қилади, деб ҳисоблайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб у бошқаларнинг фиқҳий ижтиҳодларига қарар экан уларни ўзи учун яроқсиз деб, ўзининг эътиқодий ёки сиёсий мазҳабига тўғри келмайди деб билади.

Аммо иш ўзининг амалий воқеълигида ана шу тасаввурдан тамоман бошқачадир. Чунки фиқҳий ҳукмларни чиқариб олиш учун таяниладиган манбалар уларнинг, хусусан, фиқҳнинг ижтиҳодий ҳукмларидан кўпида улар билан Аҳли Суннат жумҳури ўртасида бирор бир фарқни кўрмайдиганимиз ибозиялар эътиқодий қарашларида таяниладиган далиллардан бутунлай мустақилдир.

Иккинчи ҳодиса: бир қанча фиқҳий мазҳабларнинг асли бўлган шийъалик мазҳабидир. Уларнинг энг машҳурлари имомийлик, зайдийлик, ҳодавийлик ва бошқа- бошқалардир.

Ҳозир биз ҳаммаси ягона мазҳабга бориб тақаладиган ана шу мазҳаблар орасида мавжуд бўлган фарқларни баён қилиш ниятида эмасмиз. Бироқ бу масалада бизни умуман олганда шийъалик мазҳабининг мафкуравий ҳамда ақидавий таркибининг фиқҳий ижтиҳодлар борасида ўзлари белгилаб олган манҳаж билан алоқаси ҳақида сўрашимиз  қизиқтиради.

Албатта Имом Муҳаммад Боқир ва унинг ўғли Жаъфар Содиқ ва Зайд ибн Али розияллоҳу анҳумларнинг ҳаммалари бугунги шийъалик фиқҳининг энг машҳур имомларидандир. Шийъалик мазҳабидаги бирор бир фиқҳий масала йўқки, ана шу уччала имомлардан бирига нисбат берилмаса.

Аммо биз фиқҳий ижтиҳоднинг ана шу буюк имомлар наздида мўътамад бўлган асосларига қайтар эканмиз улар билан бошқа фақиҳлар, хусусан, тўрттала мазҳаблар имомлари наздида амал қилинадиган ижтиҳод қилиш асослари ўртасида ҳеч бир фарқни топмаймиз.

Аксинча, ана шу уччала имомлар билан тўртала имомларнинг ўрталарида  уларнинг ягона фиқҳий масдарлардан илм олганликларини таъкидлаб турадиган ўзаро ҳамкорлик ва бирлашишлик бор эди. Шу нуқтаи назардан улар битта жамоа ҳатто битта фиқҳий гуруҳ бўлганлар. Дарҳақиқат Абу Ҳанифа Зайд ибн Али, Муҳаммад Боқир ва Жаъфар Содиқларнинг ҳаммалари билан учрашиб улар билан дарс музокара қилган ва улардан илм ўрганган.  Оли Байтни севиш, уларни яхши кўриш борасида улар билан ҳамфикр бўлган, улар ҳам учта халифани ҳурмат ва эҳтиром қилиш, бирор бир ёмон гап билан уларни тилга олмаслик борасида Абу Ҳанифа билан ҳамфикр бўлганлар.

Дорул ҳижрат имоми бўлмиш Имом Молик Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу билан учрашган, у кишидан илм олган, у кишини шогирд ўз устозини мақтагандек қилиб тилга олар эди.

Суютий “Тазйинул мамолик”да ривоят қилишича Имом Молик шундай деганлар:

“Мен Жаъфар ибн Муҳаммаднинг олдига келар эдим, у киши кўп ҳазил ва табассум қиладиган киши эди. Қачон у кишининг ҳузурларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилга олинса кўкариб бўзариб кетар эди. Мен у кишининг олдига бир қанча вақт қатнадим учун у кишини учта хислатдан бошқасида ҳеч ҳам кўрмадим: ё намоз ўқиётган ҳолда, ё Қуръон ўқиётган ҳолда ёки рўзадор ҳолда. Мен у кишининг Расулуллоҳ ҳақларида бетаҳорат гапирганларини асло кўрмаганман. Бефойда гапларни гапирмасди. Обид ва зоҳид уламолардан эди. Мен у кишини қачон кўрсам тагларидаги болишни олиб менинг тагимга тўшар эди...”.

Демак, ўша имомларнинг ҳаммалари учун фиқҳий масдар ва ижтиҳод қилиш усуллари битта бўлган, шариати исломияга хизмат қилиш, унинг аҳкомларини аниқлашда ҳаммалари битта илмий-исломий оила бўлиб бирлашганлар.

Бугун  бу иш   шийъаликнинг, имомия бўладими ёки зайдия, ўзлари учун хос  бўлган мустақил бир фиқҳий мазҳабини кўрмаслигингизни тақозо қилар эди.  Лекин бу ишнинг воқеликдаги охир оқибати бунинг акси бўлди. Чунки, бугун шийъаларнинг фақат ўзларига тегишли бўлган  ақидавий ҳамда сиёсий мазҳабларига қўшимча тарзда  ўзларига хос бўлган фиқҳлари ҳам бор.

Бизлардан бирортамиз сўраши мумкин: биз  - бугун шийъалик фиқҳи деб аталаётган илмнинг масдарлари ва марказлари бўлган- Зайд ибн Али, Муҳаммад Боқир ҳамда Жаъфар Содиқлардан ҳар бирларининг тўрттала мазҳаблардаги кўплаб имомларнинг, агар уларни ўша имомларнинг ҳаммаларига устоз ва шайх бўлганларини, узоқ изланиш ва тадқиқлардан кейин ҳам икки тарафнинг бирортасидан иккинчи тарафга нисбатан мазҳабга ёки мафкурага оид қандайдир эҳтиёткорликни учратмаганимизни айтмасак, устозлари бўлишганини аниқ билганимиз ҳолда  шийъаларнинг ўзларига хос бўлган ва мустақил фиқҳларининг пайдо бўлиши қандай қилиб уларнинг Аҳли Суннат вал Жамоат жумҳуридан бўлинишлари ва мустақилликларини зиёда қилган бўлиши мумкин? Балки биз сўрармиз: ана шу мазҳабчиликка доир бирликнинг бугунга қадар етиб келишига нима тўсқинлик қилган?

Менимча, шуниси эҳтимолки, шийъаликнинг фиқҳий шахсияти кейинроқ, замон ўтиши билан пайдо бўлган.  Пайдо бўлганда ҳам шубҳасиз тарафкашликнинг шахсиятига, унинг излари ва оқибатларига соя бўлиб пайдо бўлган. Бу нарса расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаб ўтган муборак уч асрдаги  ўша уччала алломалар даврида мавжуд бўлмаган.

Эҳтимол ана шу фиқҳий шахсиятнинг кейинроқ пайдо бўлиши бор йўғи битта омилнинг-  у ҳам бўлса, Оли Байтга тарафкашлик қилиш ва ҳимоя қилишнинг мазмунига чуқур кетишликнинг натижасидир. Ҳар ҳолда айнан ана шу чуқур кетишлик барчалари ҳамфикр бўлган ва у орқали битта йўл устида бўлган нарса- фиқҳнинг амалий аҳкомлари борасида шийъаларнинг мусулмонлар жумҳуридан бўлиниб чиқишларига сабаб бўлиши мумкин эмасди.

Бордию, бунинг бошқа бир омили бор бўладиган бўлса, демак, у биз энди гаплашадиган ва ўз навбатида фиқҳий мазҳабларга ёпишган офатлар ичидан иккинчисини ташкил этадиган иккинчи омил ана шудир.

Иккинчидан: ривоят илми,  жарҳ ва таъдил илмининг маъсумлик шартига тобе қилиниши:

Шийъалар аслида маъсумликни имоматчилик дуруст бўлиши учун шарт қилганлар, холос. Уларнинг ичларидан имоматчиликни Фотима розияллоҳу анҳонинг авлодларига насс воситасида кетма- кетликда чеклайдиганлари ҳам ёки халифаликни унинг авлодига тегишли дейдиганлари ҳам барибир. Аммо бу иш шайхларнинг танлови билан бўлади. Уларнинг бу ишда ўзлари келтирадиган далил- хужжатлари бордир.

Лекин улар, ёки уларнинг кўплари, ана шу шартни ривоят, жарҳ ва таъдил илмигача олиб кирдилар. Натижада ровийнинг Оли Байтдан бўлишини ривоятнинг қабул қилиниш шартлари жумласидан қилиб қўйдилар. Афтидан улар бу нарсани ровийлардаги маъсумлик хусусиятини истаганлари учун шарт қилганлар. Чунки, агар Оли Байтнинг ривоят қилиш билан ажралиб туришлари фарз қилинмайдиган бўлса, у ҳолда ровийнинг оли Байтдан бўлишини шарт қилишнинг ҳеч бир маъноси бўлмас эди.

Албатта бу шартни эътиборга олиш, кейинроқ шийъаларнинг уни ижро мақомига қўйишлари саҳиҳ ҳадисни тушуниш ва унга амал қилиш шартлари йўлида шийъаларнинг ўзларига хос бўлган мустақил услублари бўлиши лозим эди. Ва шу жиҳатдан   уларнинг ўзларига хос бўлган ҳадисларга суянадиган ўзларига хос бўлган фиқҳлари ўша нарсадан келиб чиқиши керак эди.

Биз бу ерда Оли Байтнинг имомлари розияллоҳу анҳумлардан ҳеч қайсилари, энг аввало ўша уччала улуғлари ҳадисга амал қилишда оли Байт билан чекланиб қолмаганликларини баён қилиб ўтишдан бошқа улар аслида имомат дуруст бўлсин учун фарз қилиб қўйган ана шу шартни муҳокама қилишни истамаймиз.

Балки улардан ҳам, ҳамма саҳобалардан ҳам, Иброҳим ибн Саъд ибн Абу Ваққос, Саийд ибн Мусаййаб ва Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъ каби кўплаб тобеинлардан ҳам ривоят қилишган улар. Шунингдек оли Байтнинг ўзларигина ривоят қилишда уларнинг барчаларидан ажралиб туришмаган. Аксинча улардан ривоят қилиш ва уларнинг ривоятини қабул қилишда оли Байт ва бошқалардан иборат бўлган Аҳли Суннат ва Жамоатнинг жумҳури бирлашганлар.

Бас, бу ишнинг таъсирлари шу бўлдики, фиқҳда ижтиҳод қилишнинг йўли уларнинг ўрталарида бирлашди, унинг мезонлари битта қараш ва асослардан келиб чиқди. Шундай экан кейинроқ пайдо бўлган бу ажралишнинг сабаби нимада? Ҳадисни фақат оли Байтдан қабул қилиш керак деган фикр ва ривоятни уларга чеклаб қўйиш қаердан келиб чиқди?

 
« Олдинги   Кейинги »