Талоқ (рисола) (7) Принтер учун
22.11.2012 й.
ЯҚИНЛИК ҚИЛИНГАН ВА ЯҚИНЛИК ҚИЛИНМАГАН АЁЛЛАРНИНГ ТАЛОҚ ҚИЛИНИШЛАРИШДАГИ ФАРҚ

Қиз балоғатга етмаган бўлса ёки балоғатга етган бўла туриб, эри билан хилватда қолган ва жимо қилган бўлмаса, шариатда бундай аёлни ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган аёл) дейилади. Аёл балоғатга етган ва эр у билан ҳеч қандай монеъликларсиз хилватда қолган ёки жимо қилган бўлса бундай аёлни мадхула (яқинлик қилинган аёл) дейилади. Икки аёл ўртасида шаръий аҳкомларда бироз фарқ мавжуддир.

Биринчи фарқ: Яқинлик қилинган аёлга сариҳ лафзлар билан талоқ қўйилса, икки талоқгача ражъий талоқ бўлади. Агар киноя лафзлар билан талоқ қўйилса, боин талоқ воқе бўлади. Ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёлга ҳар икки суратда ҳам боин талоқ тушади;

Иккинчи фарқ шуки, мадхула (яқинлик қилинган) аёл талоқ иддасида уч ҳайз ёки уч ой ёки ҳомиласини қўйгунича ўтиради. Ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёл талоқ қўйилганидан кейин идда ўтирайди, яъни талоқ қўйилгандан кейиноқ идда ўтирмасдан бошқа эрга тегиб кетиш мумкин. Бунга Қуръони каримнинг қуйидаги оятида ишора бор:

ثُمَّ طَلَّقْتُمُوهُنَّ مِنْ قَبْلِ أَنْ تَمَسُّوهُنَّ فَمَا لَكُمْ عَلَيْهِنَّ مِنْ عِدَّةٍ تَعْتَدُّونَهَا

“Сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас” (Аҳзоб 49-оят).

Танбеҳ: Эри вафот этган аёлнинг иддаси мадхула (яқинлик қилинган) аёлга ҳам, ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёлга ҳам бирдай вожибдир.

وَ الْعِدَّةُ لِلْمَوْتِ أَرْبَعَةُ أَشْهُرٍ وَعَشْرٌ مُطْلَقًا وُطِئَتْ أَوْ لَا وَلَوْ صَغِيرَةً

“Вафот иддасида ўтирган аёлнинг иддаси тўрт ойю ўн кундир. Бунда аёл яқинлик қилинган ёки қилинмаганлиги ёки балоғатга ёки етмаганлигининг фарқиси йўқдир”Дуррул мухтор. Ж. V. Б. 188.

Учинчи фарқ шуки, мадхула (яқинлик қилинган) аёлга бир талоқ қўйилгандан кейин иддаси чиқиб кетишидан илгари унинг эри иккинчи, учинчи талоқларни қўйса тушади. Унга хилоф ўлароқ ғайри мадхула (яқинлик қилинмаган) айлга бир талоқ қўйгандан кейин эрда иккинчи, учинчи талоқларни қўйиш ҳаққи тугайди. Чунки ғойри мадхула аёл бир талоқдан кейиноқ никоҳдан чиқиб кетгани учун талоқнинг маҳалли қолмайди;

Тўртинчи фарқ шуки, мадхула (яқинлик қилинган) аёлга бирин кетин бир, икки, уч талоқсан дейилса, уч талоқ воқе бўлади. Лекин, ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёлга бирин кетин бир, икки, уч талоқсан дейилса, биринчи қўйилган талоқ билан бир талоқ, иккинчи, учинчи талоқлар эса, бекор бўлади. Ҳа, агар бирданига ғойри мадхула аёлга уч талоқ қўйилса, уч талоқ тушади.

 БОИН ТАЛОҚНИНГ ТЎРТИНЧИ СУРАТИ РАЖЪИЙ ТАЛОҚ ИДДАСИДА РАЖЪАТ ҚИЛМАСЛИК

Боин талоқнинг тўртинчи сурати эр сариҳ ёки ражъий тушадиган киноий лафзлар билан бир ёки икки ражъий талоқ қўйса, сўнг идда мабойнида хотинига никоҳланмай ражъат қилиш ихтиёри бўла туриб, ражъат қилмаса ҳамда идда муддати ўтиб кетса қўйилган ражъий талоқлар боинга айланади ва эрнинг ражъат қилиш ихтиёри бекор бўлади. Бу ҳақда ражъий талоқ бобида батафсил баён қилиб ўтилди.

 БОИН ТАЛОҚНИНГ БЕШИНЧИ СУРАТИ ЭВАЗГА КЎРА ҚИЛИНГАН ТАЛОҚ ВА ХУЛУЪ

Аёл эридан маҳри эвазига талоғини сўраса, эр унга бир талоқ қўйса, талоқнинг лафзи гарчи сариҳ бўлсада бир боин талоқ воқе бўлади. Шунингдек, эр маҳрдан бошқа бирор мол ёки нарса эвазига кўра аёлига талоқ қўйса, бир талоқ бўлса ҳам, икки талоқ бўлса ҳам ёки аёл куёв уйига туширилишидан олдин ёки кейин бўлса ҳам, бу билан боин талоқ бўлади. Бунинг шарҳи хулуъ бобида зикр қилинади.

وَقَعَ بِالْخُلْعِ تَطْلِيقَةٌ بَائِنَةٌ وَلَزِمَهَا الْمَالُ

“Хулуъ билан бир талоқи боин тушиб, эрнинг зиммасига хотинга ваъда қилинганмолни бериши лозим бўлади” (Ҳидоя. Ж. II. Б. 404).

 БОИН ТАЛОҚНИНГ ОЛТИНЧИ СУРАТИ ИЙЛОНИНГ МУДДАТИ ТУГАШИ

Бир киши жимо қилишга қодир бўла туриб, узурсиз тўлиқ тўрт ойгача ёки ундан зиёда ёки умуман аёли билан яқинлик қилмасликка қасам ичди. Унинг ҳукми шуки, агар тўрт ойнинг ичида аёли билан қўшилиб қўйса, шаръий ийло рўёбга чиқмайди ва ичган қасамини каффоратини тўлайди. Агар аёлим билан тўрт ойгача ёки ундан зийда муддатгача яқинлик қилмийман деган киши, ичган қасамида туриб, тўрт ой ўтгунча аёлига яқинлик қилмаса, бир боин талоқ воқе бўлади. Бунинг шарҳи ийло бобида келади.

وَإِذَا قَالَ الرَّجُلُ لِامْرَأَتِهِ وَاَللَّهِ لَا أَقْرَبُك أَوْ قَالَ وَاَللَّهِ لَا أَقْرَبُك أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ فَهُوَ مُولٍ فَإِنْ وَطِئَهَا فِي الْأَرْبَعَةِ الْأَشْهُرِ حَنِثَ فِي يَمِينِهِ وَلَزِمَتْهُ الْكَفَّارَةُ وَسَقَطَ الْإِيلَاءُ وَإِنْ لَمْ يَقْرَبْهَا حَتَّى مَضَتْ أَرْبَعَةُ أَشْهُرٍ بَانَتْ مِنْهُ بِتَطْلِيقَةٍ.

“Эр аёлига: “Аллоҳга қасамки сенга яқинлик қилмайман” ёки “Аллоҳга қасам сенга тўрт ой яқинлик қилмайман” деса, бундай кишини ийло қилгувчи деб айтилади. Агар тўрт ойнинг ичида аёлига яқинлик қилиб қўйса, қасамини бузган бўлиб каффорат тўлаши лозим бўлади ва қасами бекор бўлади. Агар тўрт ойнинг ичида яқинлик қилмай, тўрт ой ўтиб кетса, бир талоқи боин бўлади” (Ҳидоя. Ж. II. Б. 401).

 БОИН ТАЛОҚНИНГ ЕТТИНЧИ СУРАТИ НИКОҲНИ ФАСХ ҚИЛИШ

Жинсий заъиф, мажнун, пичилган, бедарак кетган ёки бедаво дардга чалинган ёки золим кишининг аёли никоҳни қози ёки ҳокимнинг ҳукмига биноан фасх қилдирса, бу билан боин талоқ воқе бўлади. Фасх бобида тўлиқ тарзда буни баёни келади.

 БОИН ТАЛОҚНИНГ ҲУКМИ

Енгил боин талоқ икки талоқгача бўлиб, у билан никоҳ риштаси узилади ва эрда қўйган талоғини қайтариб олиш ва аёлига никоҳсиз ражъат қилиш ихтиёри қолмайди. Ҳа, албатта ўзаро рози-ризолик билан идда ичида ёки идда тугагандан кейин қачон хоҳлашса ўшанда иккинчи бор никоҳ билан эр аёлини қайтариб олиши мумкин. Фақат эр аёлини қайтадан никоҳлаб олишни хоҳласаю, аёл ҳали бунга тайёр бўлмаса ёки қайта никоҳга рози бўлмаса, зўрлик билан аёлни никоҳлаб ололмайди. Ражъий талоқда ражъат қилиш учун аёлнинг розилиги шарт эмас.

Агар эр оғир боин талоқ қўйса, яъни сариҳ ёки киноя лафзлар билан уч талоқ қўйса, шаръий ҳалоласиз никоҳни иккинчи бор ўқитиш билан бузилган никоҳ ришталарини қайта тиклаб бўлмайди.

وَإِذَا كَانَ الطَّلَاقُ بَائِنًا دُونَ الثَّلَاثِ فَلَهُ أَنْ يَتَزَوَّجَهَا فِي الْعِدَّةِ وَبَعْدَ انْقِضَائِهَا

“Агар боин талоқ қўйилган бўлиб, у учтадан оз бўлса, эр аёлнинг иддасида ёки иддаси тугагандан кейин қайта никоҳига олиш ҳуқуқи бордир” (Ҳидоя. Ж. II. Б. 399).

 НИКОҲНИ ЯНГИЛАГАНДАН КЕЙИН ЭР УЧУН НЕЧТА ТАЛОҚНИНГ ҲАҚҚИ ҚОЛАДИ

Уч талоқ қилинган аёл аввалги эрига шаръий ҳалоладан кейин яна никоҳланса, эр яна уч талоққа молик бўлади. Талоқ қилинган аёл хафифа боина бўлса, уни икки сурати бор, биринчиси, яқинлик қилиб талоқ қилинган, иккинчиси, яқинлик қилмай талоқ қилинган. Яқинлик қилиб талоқ қилинган аёлнинг ҳам икки сурати бор: биринчиси, ражъий талоқ, иккинчиси боин талоқ. Агар ражъий талоқ қилинган бўлса, ражъатдан кейин эр қолган талоққа молик бўлади, яъни бир талоқ қилган бўлса, икки талоққга, икки талоқ қилган бўлса, бир талоққа эга бўлади ва қолган талоқларни қўйгандан кейин аёлга оғир талоқ воқе бўлади. Муфтий Маҳмуд Ҳасан Гангуҳий раҳматуллоҳи алайҳ “Мажмаъул анҳур”нинг ҳаволасида у масалани келтирганлар.

Боин талоқ қилинган аёлнинг никоҳи янгиланса, уни ҳам икки сурати бор. Биринчиси, аввалги эрига бошқа эрга тегмай никоҳланса, эр бил иттифоқ қолга талоққа эга бўлади.

وَلَوْ تَزَوَّجَهَا قَبْلَ إصَابَةِ الزَّوْجِ الثَّانِي، كَانَتْ عِنْدَهُ بِمَا بَقِيَ مِنْ الطَّلاقِ

“Агар эр ўз аёлига иккинчи эр яқинлик қилмай туриб уйланса, эр қўйган талоғидан қолганига эгадор бўлиб қолади” (Кашфул асрор. Ж. I. Б. 26).

Яқинлик қилинган аёл боин талоқдан кейин бошқа эрга тегиб чиқиб, аввалги эрига бошқаттан никоҳланса, бас бу масала ихтилофлидир. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳларнинг наздиларида эр тўлиқ талоққа эга бўлади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида қолган талоққа эга бўлади. Масалан, эр яқинлик қилган аёлини бир талоқ қўйса ва аёл бошқа эрга тегса, сўнг у эри ҳам талоқ қўйиб иддаси чиққач аввалги эрига никоҳланса, Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳлар наздиларида эр қайта уч талоқ қўйишга эга бўлади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида эса, икки талоқ қўйиш ҳаққига эга бўлади.

وَإِذَا طَلَّقَ الْحُرَّةَ تَطْلِيقَةً أَوْ تَطْلِيقَتَيْنِ وَانْقَضَتْ عِدَّتُهَا وَتَزَوَّجَتْ زَوْجًا آخَرَ ثُمَّ عَادَتْ إلَى الْأَوَّلِ عَادَتْ بِثَلَاثِ تَطْلِيقَاتٍ وَيَهْدِمُ الزَّوْجُ الثَّانِي مَا دُونَ الثَّلَاثِ كَمَا يَهْدِمُ الثَّلَاثَ وَهَذَا عِنْدَهُمَا وَقَالَ مُحَمَّدٌ لَا يَهْدِمُ مَا دُونَ الثَّلَاثِ.

“Эр ҳур аёлига бир ёки икки талоқ қўйса, иддаси чиққач бошқа эрга тегса, сўнг бошқа эр ҳам уни талоқ қилиб иддаси чиққач аввалги эрига никоҳланса, эр уч талоққа эга бўлади. Иккинчи эр уч талоқ қўйилган аёлни аввалги эрига уч талоқни бекор қилиб қайтадан уч талоқ қўйишга эгадор қилганидек учтадан кам суратда ҳам шунингдекдир”Ҳидоя. Ж. II. Б. 400-401.

Бу масалаларнинг барчаси яқинлик қилинган аёлга таълиқли эди. Ғойри мадхулун биҳа, яъни яқинлик қилинмаган аёлларда бил иттифоқ барча суратда қолган талоққа молик бўлади.

والخلاف مقيد بها اذا دخل بها وان لم يدخل لا يهدم اتفاقا

“Хилоф яқинлик қилинган аёл билан қайдлангандир. Агар яқинлик қилинмаган бўлса, бил иттифоқ иккинчи эр қўйилган талоқларни бекор қилмайди” (Сакбул анҳур. Ж. I. Б. 44).

БОИН ТАЛОҚДАН КЕЙИН ҚИЛИНГАН ИККИНЧИ НИКОҲ БИЛАН ИККИНЧИ МАРТА МАҲР ВОЖИБ БЎЛАДИ

Бир киши бир аёлга уйланиб, у билан яқинлик қилгандан кейин ёки хилвати саҳиҳадан кейин боин талоқ берса ёки ражъий талоқ иддаси тугаб боинга айланса ва янги никоҳ билан иккинчи марта эр аёлига уйланса, иккинчи марта аёлга маҳр берилади. Бу маҳр аввалиги маҳрдан алоҳидадир, яъни илк никоҳга алоҳида, иккинчи никоҳга алоҳида маҳр вожиб бўлади. Агар эр аввалги маҳрини бермаган бўлса, эрга биринчи билан иккинчи маҳрни қўшиб аёлига бериши вожиб бўлади (Фатво дорул улум).

 БОИН ТАЛОҚ СУРАТИДА ЭР-ХОТИННИНГ ЎЗАРО МУОМАЛАСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Боин енгил ёки ғализа талоқ қўйилган аёл эри билан ўзаро муносабатларини барчасига чек қўяди ва эридан пардада бўлади. Ҳа, албатта идда чиқгунча аёл эрнинг уйида яшайди ва унинг нафақаси, турар жойи эр зиммасига бўлади.

Боин талоқ иддасида ўтирган аёл қимматбаҳо тақинчоқларни тақиши ва зеб-зийнатлар билан пардоз-андоз қилиши, хушбзўй маҳсулотларидан фойдаланиш дуруст эмас. Балки, аёл никоҳ риштаси узулгандан кейин ғамгин, паришон тарзда ўзини тутуши лозим. Бурҳониддин раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Ҳидояа” асарларида “Сунан Байҳақий”дан қуйидаги ҳадисни нақл қилиб келтирадилар:

وَلَنَا مَا رُوِيَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى الْمُعْتَدَّةَ أَنْ تَخْتَضِبَ بِالْحِنَّاءِ. وَقَالَ الْحِنَّاءُ طِيبٌ وَلِأَنَّهُ يَجِبُ إظْهَارًا لِلتَّأَسُّفِ عَلَى فَوْتِ نِعْمَةِ النِّكَاحِ (هِدايَة) أَعَمُّ مِن أَن تَكُونَ مُعتَدَّةُ الوَفاةِ أو مُعتَدَّةُ الطَّلاقِ (هَاشِيَة)

“Биз учун қуйида ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иддада ўтирган аёлни ҳина қўйишдан қайтариб: “Ҳина ҳушбўй нарсалардандир” дедилар. (Ҳадисни нақл қилиб, “Ҳидоя”нинг соҳиби айтадилар) Зеро, никоҳ неъмати фавт бўлгани боис аёл афсус ва пушаймонликни изҳор қилиш лозимдир. (Ҳидоянинг ҳошиясида вуйидагилар келтирилган) Бу вафот иддасида ёки талоқ иддасида бўлишидан омроқдир”.
 
МУҒАЛЛАЗА ТАЛОҚ

“Муғаллаза” сўзи “ғализа” сўзидан олинган бўлиб, “қаттиқ” деган маънони англатади. Шариати исломияда эр томонидан аёлига қўйилган уч талоққа “муғаллаза” талоқ дейилади. Чунки, бу талоқ сабабли никоҳ риштаси буткул узулиб, эр-хотинлик ришталарига катта таъсир ўтказади. Шу боис, уч талоқ қўйилгандан кейин никоҳни янгилаш билан эр-хотинлик ришталари қоим бўлмайди. Аввалги эр билан никоҳ риштасини қайтадан тиклаш учун уч талоқ қўйилган аёл бошқа эрга тегиб, у билан жинсий яқинлик қилади ва иккинчи эр у аёлни набодо талоқ қилса, иддадан сўнг аввалги эрига никоҳ воситаси ила қайтиш имкони юзага келади. Шунча тадбир ва босқичлардан кейин никоҳ риштаси юзага келганлиги учун ҳам бу талоқни “муғаллаза (оғир)” талоқ дейилади. Қуръони карим эрга аёлига қайтиш имконини икки талоқгача ихтиёр берган. Уч талоқдан сўнг эса, эрда буткул ражъат ихтиёри тугайди ва аёлни ўзига қайтара олмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
الطَّلَاقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ
“Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш” (Бақара 229-оят).
فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلَا تَحِلُّ لَهُ مِنْ بَعْدُ حَتَّى تَنْكِحَ زَوْجًا غَيْرَهُ
“Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунича унга ҳалол бўлмайди” (Бақара 230-оят).

МУҒАЛЛАЗА ТАЛОҚНИНГ СУРАТЛАРИ

Муғаллаза талоқнинг воқе бўлишини бир неча суратлари мавжуддир:
1. Муғаллаза талоқнинг биринчи сурати ҳасан бўлиб, уч покликда битта-битта талоқ қўйиб боришдир;
2. Уч покликда битта-битта талоқ қўймай, алоҳида-алоҳида турли тарзда мухталиф мажлисда уч талоқ қўйишдир. Масалан, биринчи куни бир, иккинчи куни икки, учинчи куни учинчи талоқни қўйиш ёки икки кун ёки ҳафта давомида уч талоқ қўйиш каби. Хуллас, идда давомида эр аёлига уч талоқ қўяди;
3. Бир киши аёлига ражъий талоқ қўйиб, сўнг унга ражъат қилди ва бироз муддат эр-хотин бирга яшашгандан кейин яна ўртада жанжал чиқиб, эр яна аёлига бир ражъий талоқ қўйиб, яна аёлига ражъат қилди ва маълум муддат ўтгач эр-хотин ўртасида жанжал чиқиб, эр аёлига учинчи талоқни қўйди. Шу билан аёлга қўйилган талоқлар учтага етиб, аёл муғаллаза талоқ бўлади;
4. Бир киши аёлига бир боин талоқ қўйиб, эр-хотин ўзаро розилик билан қайтадан никоҳландилар. Маълум муддат ўтгач эр аёлига яна бир боин талоқ қўйиб, яна эр-хотин ўзарор розиликда қайтадан никоҳландилар. Шу билан эрни қўлида бир талоқ қолди. Яна бир кун эр-хотин ўртасида жанжал чиқиб, эр аёлига учинчи талоқни қўйди. Шу билан аёл муғаллаза боинага айланиб, шаръий ҳалоласиз аввалги эрига никоҳланиши дуруст бўлмайди.
يتملك الزوج سواء كان حرا ام عبدا خيار طلاق زوجته الحرة ثلاث مرات
“Эр хоҳ ҳур бўлсин ёки қул бўлсин ўзининг ҳур аёлига уч бор талоқ қўйиш ихтиёрига эгадир” (Шарҳул бидоя. Ж. II. Б. 339);
5. Сариҳ ёки киноя лафзлар билан эр аёлига уч талоқни қўйиши, яъни сариҳ лафзлар билан уч талоқ қўйиш билан уч талоқ воқе бўлади. Киноя лафзларда эса, уч талоқни ният қилиш шартдир. Ушбу ҳар икки суратда аёл муғаллаза боина бўлади.

МУҒАЛЛАЗА ТАЛОҚНИНГ ЛАФЗЛАРИ

Муғаллаза талоқ сариҳ ва киноя лафзларнинг ҳар иккиси билан ҳам воқе бўлади. Ҳа, ҳар иккаласини икки сурати мавжуддир:
1. Талоқ лафзига уч ададни қўшиб ёки қўшмай талоқ қўйиш. Бу тўрт суратга эгадир. Улар:
1. Сариҳ лафзларга уч сонини қўшиб, масалан, Эр аёлига: “Сенга уч талоқ” ёки “Бугун бир талоқ, эртасига бир талоқ ва учинчи куни бир талоқ” деб айтиши;
2. Ададни қўшмай, фақат талоқ лафзларини боб-бор такролаш. Масалан, сенга талоқ, сенга талоқ, сенга талоқ ёки сен талоқ, талоқ, талоқсан каби;
3. Киноя лафзлари билан уч сонини айтиб талоқ қўйиш. Масалан, мен сенга учта жавоб бердим ёки мен сени уч марта озод қилдим ёки бор кет бир, икки, учсан каби;
4. Киноя лафзларини ададсиз айтиб, уч талоқ қўйиш. Масалан, мен сени тарк қилдим, мен сени тарк қилдим, мен сени тарк қилдим ёки бир марта мен сени озод қилдим деб, уч талоқни ният қилиш каби. Демак, киноя лафзларнинг тўртинчи суратида уч талоқ воқе бўлиши учун ният лозимдир. Агар уларда уч талоқни ният қилмаса, бир талоқ воқе бўлади.
وَإِذَا قَالَ لِامْرَأَتِهِ أَنْتِ طَالِقٌ وَطَالِقٌ وَلَمْ يُعَلِّقْهُ بِالشَّرْطِ إنْ كَانَتْ مَدْخُولَةً طَلُقَتْ ثَلَاثًا وَإِنْ كَانَتْ غَيْرَ مَدْخُولَةٍ طَلُقَتْ وَاحِدَةً وَكَذَا إذَا قَالَ أَنْتِ طَالِقٌ فَطَالِقٌ فَطَالِقٌ أَوْ ثُمَّ طَالِقٌ ثُمَّ طَالِقٌ أَوْ طَالِقٌ طَالِقٌ كَذَا فِي السِّرَاجِ الْوَهَّاجِ
“Агар эр хотинига талоқни бирор шартга боғламай: “Сен талоқсан, ва талоқсан ва талоқсан” деса, агар хотин яқинлик қилинган аёл бўлса, уч талоқ бўлади. Яқинлик қилинмаган аёл бўлса, бир талоқ воқе бўлади. Шунингдек, агар эр: “Сен талоқ, ортидан яна талоқ, ортидан яна талоқ” деса ёки: “Сен талоқсан, кейин яна талоқсан, кейин яна талоқсан” деса ёки “сен талоқсан, талоқсан, талоқсан” деса, яқинлик қилинган аёлга уч, яқинлик қилинмаган аёлга бир талоқ воқеъ бўлади. “Сирожул ваҳҳож”да шунингдек зикр қилинган” (Фатавои ҳиндия. Ж. II. Б. 271).

МУҒАЛЛАЗА ТАЛОҚНИНГ ҲУКМИ

Қандай сурат, қандай ҳолатда ва қандай шаклда уч талоқ қўйилса, эр аёлига на никоҳ ёрдамида ва на никоҳсиз ражъат қила олади, яъни уч талоқдан кейин шаръий ҳалоласиз аёл эрига буткул ҳаром бўлади. Шаръий ҳалоладан кейинг аёл аввалги эрига никоҳ ила қайтиши мумкин.

ҲАЛОЛАНИНГ ШАРЪИЙ СУРАТИ

Шаръий ҳалоланинг йўли ва жоиз тариқаси шуки, уч талоқ қўйилган аёл (ҳайз кўргувчи бўлса, уч ҳайз, ҳайздан умидини узган аёл, яъни ёши бир жойга етиб, ҳайз кўрмай қолган аёл уч ой, ҳомиладор аёл ҳомиласини қўйгунича) идда ўтириб, ундан кейин ўзининг розилигига биноан бирор кишига никоҳланиб, у билан яқинлик қилиб, бирга яшайдилар. Кейинчалик бирор можаро ёки келишмовчилик сабабли эр-хотин ўртасида жанжал чиқиб, иккинчи эр ҳам аёлга талоқ қўйса ёки иккинчи эр вафот этса, талоқ ёки вафот иддасидан кейин аёл аввалги эрга ҳалол бўлади. Энди иккалалари қайтадан никоҳланишлари мумкин бўлади. Бу борада Аллоҳ таолонинг каломида шундай дейилган:
فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلَا تَحِلُّ لَهُ مِنْ بَعْدُ حَتَّى تَنْكِحَ زَوْجًا غَيْرَهُ فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِمَا أَنْ يَتَرَاجَعَا إِنْ ظَنَّا أَنْ يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ يُبَيِّنُهَا لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ
“Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунча унга ҳалол бўлмайди. Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмайди. Ушбулар Аллоҳнинг билган қавмларга баён қилаётган чегараларидир” (Бақара 230).

ҲАЛОЛАНИНГ ШАРТЛАРИ

Қуръони карим, ҳадиси шариф ва фиқҳий китоблар ибораларидан маълум бўлишича, ҳалоланинг муҳим шартлари олтитадир. Улар:
1. Бошқа эрга никоҳланиш;
2. Иккинчи эр билан саҳиҳ никоҳ қилинган бўлиши;
3. Иккинчи эрга бирор ташқи босимсиз, ўз ихтиёри билан никоҳланиши;
4. Никоҳдан кейин иккинчи эр билан яқинлик қилиш;
5. Иккинчи эр қўйган талоқдан кейин тўлиқ идда ўтириши;
6. Аввалги эр яхши ният билан уч талоқ қўйган аёлига шаръий ҳалоладан кейин уйланиши.

ҲАЛОЛАНИНГ БИРИНЧИ ШАРТИ ИККИНЧИ ЭРГА НИКОҲЛАНИШ

Аллоҳ таолонинг “Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунича унга ҳалол бўлмайди” оятида эр томонидан аёлга уч талоқ қўйилгандан кейин ўз эрига шаръий ҳалоласиз қайта олмаслигига ишора бордир. Иккинчи эрга тегишдан олдин аввалги эр қўйган талоқ иддасини тўлиқ қилиб, кейин никоҳ ўқитишлари лозим. Агар аёл иккинчи эрга идда пайтида никоҳланса, фосид никоҳ бўлади.

ҲАЛОЛАНИНГ ИККИНЧИ ШАРТИ НИКОҲ САҲИҲ ВА ДУРУСТ БЎЛИШИ

Ҳалоланинг иккинчи шарти шуки, аёл билан иккинчи эр ўртасида қилинган ақди никоҳ саҳиҳ ва арконлари дуруст тарзда амалга оширилган бўлиши шартдир. Уч талоқ қилинган аёл иддадан кейин иккинчи эрга гувоҳсиз турмушга чиқса ёки бирор маҳрамига турмушга чиқса ёки никоҳни шартларисиз ақду никоҳ бўлса (чунки шартларсиз қилинган никоҳ фосид, ботил бўлади ва бу билан) ҳалола дуруст бўлмайди.
Ҳалола дуруст бўлиши учун никоҳ ўша вақтда боғланган бўлиши шартдир. Никоҳ кимнингдир розилигига тўхтаб турган бўлса ва эр аёли билан яқинлик қилса, ҳалола дуруст бўлмайди. Масалан, бир аёл валийнинг ижозатисиз тенги бўлмаган бир эрга тегди. Бас, бу никоҳ валийнинг ижозатига тўхтаб туради. Валий ижозат берса, никоҳ никоҳ бўлади. Агар валий ижозат бермаса, никоҳ бекор бўлади. Шу боис валийнинг ижозатисиз турмуш қуриб, яқинлик қилинса, ҳалола учун кифоя қилмайди.
لَا ينْكِحُ مُطَلَّقَةً مِنْ نِكَاحٍ صَحِيحٍ نَافِذٍ… بِهَا أَيْ بِالثَّلَاثِ… حَتَّى يَطَأَهَا غَيْرُهُ وَلَوْ الْغَيْرُ مُرَاهِقًا يُجَامِعُ مِثْلُهُ، وَقَدَّرَهُ شَيْخُ الْإِسْلَامِ بِعَشْرِ سِنِينَ أَوْ خَصِيًّا أَوْ مَجْنُونًا، أَوْ ذِمِّيًّا لِذِمِّيَّةٍ.
“Уч талоқ қўйилган аёлни саҳиҳ никоҳ билан никоҳлаш дуруст бўлмайди, то унга бошқаси яқинлик қилмагунича. Гарчи ўша бошқаси тенгқурлари яқинлик қиладиган ва балоғат ёшига яқинлашиб қолган бола бўлсада. Шайхул ислом бундай болани ўн ёш билан белгилаганлар. Гарчи, бошқа эр балоғат ёшига яқинлашган бола бўлсин ёки бичилган киши бўлсин ёки мажнун ёки зимий аёлни зиммий эркак ҳалол қилсин” (Дуррул мухтор. Ж. V. Б. 42).

ҲАЛОЛАНИНГ УЧИНЧИ ШАРТИ АЁЛ ИККИНЧИ ЭРГА ЎЗ ХОҲИШИ БИЛАН ТЕГИШИ

Ҳалоланинг учинчи шарти шуки, аёл аввалги эрдан тўлиқ ажрашгандан кейин ўз розилигига биноан бирор ташқи босимсиз иккинчи эрга тегиши. Бу ҳозирги кунда шариат кўрсатмаларидан бехабар, табиати бузуқ кишилар жаҳл устида аёлига уч талоқ қўйиб, ҳовуридан тушгандан кейин аёлини ўзига қайтаришни турли ношаръий йўлларига қўл урмоқдалар. Жумладан, вақтинчалик никоҳ ёки талоқ қўйиш шарти билан укаси ёки бирор яқинларига аёлини никоҳлаб талоқ қилдириш каби. Бу “уддабуронлик” бошдан оёқ ношаръий ва лаънатни вожиб қиладиган амаллардандир. Бундай ишни қилувчи ва қилдиргувчи ҳар иккаласи қаттиқ гуноҳкор бўладилар. Бу ҳақда бир неча саҳобаи киромлардан қуйидаги ҳадис марфуъ тарзда нақл қилингандир:
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم الْمُحِلَّ وَالْمُحَلَّلَ لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалолловчини ва ҳалоллатувчини лаънатладилар" (Термизий ва икки Соҳиби ривоят қилишган). Ҳа, агар эр-хотиннинг бири билан шартлашиб ҳалола қилиб бериш учун уч талоқ қилинган аёлни олиб, у билан яқинлик қилиб талоқ қўйса, аввалги эрига ҳалол бўлади. Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кишилар қаторига киради.
وَكُرِهَ التَّزَوُّجُ لِلثَّانِي تَحْرِيمًا لِحَدِيثِ لَعْنِ الْمُحَلِّلِ وَالْمُحَلَّلِ لَهُ بِشَرْطِ التَّحْلِيلِ كَتَزَوَّجْتُكِ عَلَى أَنْ أُحَلِّلَكِ وَإِنْ حَلَّتْ لِلْأَوَّلِ لِصِحَّةِ النِّكَاحِ وَبُطْلَانِ الشَّرْطِ فَلَا يُجْبَرُ عَلَى الطَّلَاق.
“Ҳалола шарти билан иккинчи эрга турмушга чиқиш, ҳалолловчи ва ҳалоллатувчини лаънати борасида келган ҳадисга биноан макруҳи таҳримийдир. Масалан, мен сени ҳалола қилиб бериш шарти билан никоҳимга олдим каби. Никоҳни саҳиҳ бўлгани ва шарт бекор бўлгани учун гарчи аёл аввалги эрига ҳалол бўлсада, лекин иккинчи эрни талоқ қўйишга мажбур қилинмайди” (Дуррул мухтор Ж.V. Б. 47).
Лекин, уламолар бир киши никоҳнинг аввалида эр-хотиннинг бирортаси билан ҳалолани шарт қилмай аввалги эрига ҳалоллаб бериш ниятида никоҳланса ва яқинлик қилгач талоқ қўйса бу иш лаънатни вожиб қилмайди. Яхши ниятига иншаааллоҳ ажр олади, деганлар.
أَمَّا إذَا أَضْمَرَ ذَلِكَ لَا يُكْرَهُ وَكَانَ الرَّجُلُ مَأْجُورًا لِقَصْدِ الْإِصْلَاحِ
“Уч талоқ қўйилган аёлни никоҳига олаётган киши аввалги эрига ҳалоллаб бериш мақсадини ният қилса (лекин эр-хотиннинг бирортаси билан ҳам ҳалола қилиб беришни шартлашмаса ва зикр қилмаса) унинг бу қилган иши макруҳ саналмайди ва иккаласини орасини ислоҳ қилишни мақсад қилгани учун ажр олади” (Дуррул мухтор. Ж.V. Б. 48).

ҲАЛОЛАНИНГ ТЎРТИНЧИ ШАРТИ НИКОҲЛАНГАНДАН КЕЙИН ИККИНЧИ ЭР БИЛАН ЯҚИНЛИК ҚИЛИШ

Тўртинчи шарт уч талоқ қилинган аёлни никоҳига олган эр аёл билан яқинлик қилишидир. Агар иккинчи эр аёлга уйланиб, яқинликсиз талоқ қилиб юборса ёки иккинчи эр яқинлик қилмай оламдан ўтиб қолса, аёл аввалги эрга ҳалол бўлмайди. Зеро, бу ҳақда Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Оиша розияллоҳу анҳодан марфуъ ҳолатда қуйидаги ҳадисни ривоят қилиганлар:
عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: إِنَّ امْرَأَةَ رِفَاعَةَ الْقُرَظِيِّ جَاءَتْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ الله إِنَّ رِفَاعَةَ طَلَّقَنِي فَبَتَّ طَلاَقِي وَإِنِّي نَكَحْتُ بَعْدَهُ عَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنَ الزُّبَيْرِ الْقُرَظِيَّ وَإِنَّمَا مَعَهُ مِثْلُ الْهُدْبَةِ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم لَعَلَّكِ تُرِيدِينَ أَنْ تَرْجِعِي إِلَى رِفَاعَةَ لاَ حَتَّى يَذُوقَ عُسَيْلَتَكِ وَتَذُوقِي عُسَيْلَتَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Рифоъа ал-Қуразийнинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
“Эй Аллоҳнинг Расули, Рифоъа мени талоқ қилди. Талоқ қилганда ҳам боин талоқ қилди. Мен ундан кейин Абдурроҳман ибн Зубайр Қуразийга никоҳландим. Ундаги нарса эса, этакнинг титилган учига ўхшар экан”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сен Рифоъага қайтишни хоҳлаётган бўлсанг керак? Йўқ! Токи, у сенинг асалингни тотмагунича ва сен унинг асалини тотмагунинг-ча бўлмайди”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар.
Биринчи эр билан аёл уч талоққа биноан ажрашгандан кейин аввалги эрга шаръий ҳалоласиз ҳеч қандай ҳолатда қайта олмайди.
 
давоми бор
 
« Олдинги   Кейинги »