Уламолар наздида вақтнинг қадри (3) Принтер учун
23.10.2012 й.
Убайд ибн Яъийшнинг ҳадис ёзиши учун кечки овқатини ўттиз йил синглиси оғзига солиб турган
Ҳофиз Заҳабий "Сияру аъламун Нубала"да Бухорий ва Муслимларнинг шайхи улуғ муҳаддис Убайд ибн Яъийшнинг таржимаи ҳоли тўғрисида қуйидагиларни ҳикоя қилган: "У ҳофиз, танҳо ҳужжат, Абу Муҳаммад Убайд ибн Яъийш Куфий, Маҳамилий ал-Аттор бўлиб, ундан Бухорий "Рофъул ядайн" жузида, Муслим "Саҳиҳ"ида, Насоий билвосита, Абу Заръата Розий, Муҳаммад ибн Айюб Бажалий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. 129- ҳижрий санада Рамазон ойида вафот этган".

Аммор ибн Ражо айтади: Убайд ибн Яъийшнинг шундай деганини эшитганман: "Ўттиз йил қоим бўлдим, тунда қўлим билан овқат емадим, мен ҳадис ёзардим синглим оғзимга овқат солиб қўярди".
Ибн Маъийннинг шайхига: "Менга ҳозироқ имло қилинг сизга йўлиқмай қолишимдан қўрқаяпман" дегани
Имом Аҳмад ва Имом Абу Ийсо Термизийлар ривоят қилишган, ҳадиснинг лафзи ва бу ерда келтирилган исноди Термизийники.
Термизий айтади: Бизга Абд ибн Ҳумайд, Муҳаммад ибн Фазлдан, у Ҳаммод ибн Саламадан, у Ҳабиб ибн Шаҳийддан, у Ҳасан Басрийдан, у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилди, "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан ( у зот вафотларидан олдин бемор бўлгандилар)   Усома ибн Зайдга  суяниб чиқдилар. Устиларида  қитрий кийим бор эди, уни эгниларига кийиб олгандилар, уларга намоз ўқиб бердилар.   
Термизий ушбу ҳадисни ривоят қилганидан сўнг қуйидагиларни айтган: "Абд ибн Ҳумайд (Термизийнинг шайхи) Муҳаммад ибн Фазлнинг шундай деганини айтди: " Яҳё ибн Маъийн менинг олдимда биринчи марта ўтирганида мендан ушбу ҳадис ҳақида сўради. Мен: Бизга Ҳаммод ибн Салама айтган, дедим. У: Китобингиздан бўлганида эди, деди. Мен китобимни чиқариш учун турдим, у бирдан кийимимдан ушлаб олдида: Менга ҳозироқ имло қилинг, сизга йўлиқмай қолишимдан қўрқаяпман, деди. Мен унга имло қилиб бердим, сўнгра китобимни чиқардим ва унга ўқиб бердим".   
Ибн Маъийннинг ҳадисда имом экани

Ушбу хабарни янада яхшироқ тушуниш учун Имом Яҳё ибн Маъийннинг таржимаи ҳолидан айримларини зикр қилишн лозим деб биламан. Ҳофиз Заҳабий "Сияру аъламун Нубала"да Яҳё ибн Маъийннинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидагиларни айтади:" У зот имом, ҳофиз, улуғ олим, ҳофизлар саййиди ва подшоҳи, муҳаддислар шайхи Абу Закарё Яҳё ибн Маъийн ибн Авн ибн Зиёд ибн Бистомдир. Ибн Маъийн араб бўлмаган, балки Бани Мурра қабиласининг баъзиларини дўст тутган, шунга кўра уни Муррий дейишган, туғилган ва улғайган жойига кўра Бағдодий дейишган. Бу зот улуғ муҳаддисларнинг машҳурларидан бири ҳисобланади.
Ибн Маъийн ҳижрий 158-санада Бағдодда таваллуд топган ва шу ерда ўсиб улғайган. У ўн ёшидаёқ илмни ёза бошлаган. Унинг отаси Маъийн Абдуллоҳ ибн Моликнинг Рай харожини ёзадиган мўтабар ёзувчиларидан бўлиб, унга бир миллион дирҳам қолдирган. Яҳё ибн Маъийн ҳадис таҳсили учун барчасини сарф қилиб юборган ҳатто киядиган оёқ кийими ҳам қолмаган!
Яҳё ибн Маъийн Абдуллоҳ ибн Муборак, Ҳушайм ибн Башир, Исмоил ибн Иёш, Суфён ибн Уяйна, Абдурразоқ Санъонийлардан Яманда, Вакиъ ибн Жарроҳ, Яҳё ибн Саъийд Қоттон, Абдурроҳман ибн Маҳдий ва бошқа кўплаб зотлардан Ироқ, Шом, Жазира, Миср ва Ҳижоз ўлкаларида ҳадис эшитган.
   Яҳё ибн Маъийндан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Бухорий, Муслим, Абу Давуд, Аббос Дурий Бағдодий (унинг илмини ривоят қилган зот), Абу Заръата Розий, Абу Ҳотим Розий, Усмон ибн Саъийд Доримий, Абу Яъло Мавсилий ва санаб саноғига етиб бўлмайдиган кўпчиликлар ҳадис ривоят қилишган.

Ибн Маъийннинг миллионта ҳадисни қўлида ёзгани ва битта ҳадисни эллик марталаб ёзиши

Али ибн Майдоний айтади: инсонларнинг илми Яҳё ибн Маъийнда интиҳосига етди. Абдулхолиқ ибн Мансур айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Румийга: Яҳё ибн Маъийннинг ҳадисларини ривоят қилаётган баъзи ҳадис соҳибларининг: Менга ҳадисни шундай киши айтиб берганки қуёш ундан кўра улуғроқ одамнинг устига чиқмаган, деганларини эшитдим, дедим. Ибн Румий: нимага ажабланасан? мен Али ибн Мадинийнинг шундай деганини эшитганман: инсонлар орасида унинг мислидекини кўрмаганман, Одамдан бошлаб бирор кишининг Яҳё ибн Маъийнчалик ҳадис ёзганини билмаймиз. Муҳаммад ибн Наср Марвазий айтади: Яҳё ибн Маъийннинг шундай деганини эшитганман: қўлим билан миллионта ҳадис ёзганман . Заҳабий айтади: Яъни битта ҳадиснинг ана шу ададда такрорланганлари бўлган, унинг айтганига эътибор беринг: Агар ҳадисни эллик марта ёзмасак танимасдик.

Ибн Маъийн билмаган ҳадис ҳадис эмас

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: Яҳё ибн Маъийн билмаган ҳадис ҳадис эмас. Яҳё ибн Маъийн шундай кишики, Аллоҳ таоло уни ушбу иш учун яратган, у ёлғончиларнинг ёлғонини зоҳир қилади.
Абу Ҳотим Розий айтади: Агар Аҳмад ибн Ҳанбални яхши кўрадиган Бағдодликни кўрсанг билгинки у суннат соҳибидир, агар Яҳё ибн Маъийнни ёмон кўрганини кўрсанг билгинки у каззобдир.
Ибн Маъийннинг "Агар ёзсанг йиғгин, агар сўзласанг текширгин" дегани
Яҳё ибн Маъийн илмни қабул қилиш ва уни тарқатишдаги муҳим услубнинг соҳиби ҳисобланади. Зеро у илм ҳосил қилиш ва етказишда муҳаддислар ва уламоларнинг дастурига айланган: "Агар ёзсанг йиғгин, (яъни эшитган барча нарсангни ёзгин ва жамлагин) агар сўзласанг текширгин" сўзини айтган эди.

Ибн Маъийн қолдирган китобларнинг кўплиги

Солиҳ ибн Аҳмад Ҳофиз айтади: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитганман: Яҳё ибн Маъийндан 114 жавон ва китоб билан лиқ тўла 4 катта хум китоблар қолган.
Ибн Маъийннинг Аллоҳ элчисини туҳматдан ҳимоя қилгани
Яҳё ибн Маъийн қачон ҳаж қилса, Маккага Мадина йўлидан кетар ва қайтишда ҳам Мадина йўлидан қайтар эди. 233-ҳижрий санада ҳаж қилиш учун йўлга чиққанида ҳаждан олдин Мадина шаҳрига кирди. Зулқаъда ойининг охирлари эди. У шу ерда бетоб бўлиб қолди ва Зулқаъда ойининг тугашига етти кун қолганда вафот этди. Инсонлар унинг келганини ва вафот этганини эшитишди. Бани Ҳошим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғусл қилдирилган ёғочларни олиб чиқишди ва уни ҳам ўша ёғочлар устида ғусл қилдиришди. Инсонлар унга жаноза ўқишди ва Бақиъ қабристонига дафн этилди. Инсонлар: Бу Аллоҳнинг элчисини туҳматдан ҳимоя қилган зот, дейишарди.

Ибн Маъийн ва шайхи Муҳаммад ибн Фазл ораларида бўлиб ўтган воқеанинг шарҳи

Яҳё ибн Маъийннинг бир ҳадисни шайхи Муҳаммад ибн Фазлдан қабул қилиб олишида содир бўлган воқеада қимматли фойдалар бор. Биз юқорида таржимаи ҳолидан айримларини ўрганган Яҳё ибн Маъийн шайхи Арим лақаби билан танилган Муҳаммад ибн Фазл Садусий Басрийдан унинг ёнига аввалги ўтиришида бир ҳадисни айтиб беришни сўрайди. У ҳадис айтишга жиддийлик билан киришмасдан: "Бизга Ҳаммод ибн Салама айтди" деб бошлаганида, Ибн Маъийн: Китобингиздан бўлганида эди, дейди.
Яҳё аслида ундан мустаҳкамлик ва собитликдаги зиёдаликни талаб қилган эди. Чунки Муҳаммад Ибн Фазл ҳофиз, собит, содиқ ишончли бўлган   таниқли сиқалардан бири эди. Шундай бўлсада Яҳё ишонч ва зобтнинг зиёдалигини ирода қилган.
Бешинчи ҳижрий асрларда мадрасалар барпо этилишидан олдин муҳаддисларнинг одати шу эдики,  шайх масжидда, агар талабалар масжидга сиғмасалар бирор кенг жойда, ёки талабалар камроқ бўлса, ҳовлиси эшиги ёнида ҳадис айтишарди. Фазл ибн Муҳаммад Яҳё ибн Маъийнга ушбу ҳадисни ҳовлиси эшиги ёнида айтган.  
Муҳаммад ибн Фазл ҳовлисига кириб уйидан китобини олиб чиқиб ўқиб бериши учун ўрнидан қўзғолган. Яҳё Муҳаммад ибн Фазлнинг китобини олиб келиш учун ўрнидан туриб уйига бориши ва қайтиб келиши оралиғидаги қисқагина вақтда унга бирор бир монеълик пайдо бўлиб қолишидан натижада ушбу ҳадисни ундан эшита олмай қолишидан қўрққан.  У уйидан китобини олиб келиш учун ўрнидан тураётганида кийимидан ушлаб олган ва то ҳадисни ёддан айтиб бергунича ҳовлига киришидан тўхтатиб турган. У бу ишни ҳадис эшитишга иштиёқи ўта кучли эканидан бирор тўсиқ ё бирор монеълик сабабидан ҳадисни эшита олмай қолишидан қўрққани сабабли қилган. У шайхига: Менга ҳозир ёдлаб олганингиздан имло қилиб беринг, сизга йўлиқмай қолишимдан қўрқаяпман, чунки ҳаётнинг ажратиб  қўядиган сабаблари кўп, мен билан сизнинг орамизга бирор тўсиқ пайдо бўлиб сизни учрата олмай қолишимдан қўрқаяпман, деган. Муҳаммад ибн Фазл Яҳё ибн Маъийнга аввал ёддан имло қилиб берган, сўнгра ҳовлисига кириб китобини олиб чиқиб иккинчи марта китобидан ўқиб берган.
Ушбу воқеа бизга Имом Яҳё ибн Маъийннинг вақтга ва илм таҳсилида ҳофизларга қанчалар ҳарис эканини, илмни мустаҳкамлашда қанчалар матонатли эканини, билиб ўрганишга қанчалар тез ҳаракат қилишини, илмни ва фикрларни қайд қилиб қўйишни кейинга суришдан қанчалар узоқ туришини, илм йўлида ҳаётдаги тасодифий тўсиқлардан қанчалар ҳадиксираганини яққол намоён қилиб беради.
Эътиборни тортган ушбу кичкинагина воқеа туфайли Имом Ибн Маъийннинг вақтни зое қилмасликка ва замондан фойдаланиб қолишга қанчалар ҳаракат қилганини билиб олдик. Шунингдек, қўли билан миллионта ҳадисни ёзишга, шаҳарларни айланишга, шайхлар ҳузурида ҳадис тинглашга, эшитганларини ривоят қилишга ва минглаб муҳаддислар ва толиби илмлар билан учрашишга қандай имкон топганини ҳам ушбу воқеадан англаб олдик.
Аслида ушбу улуғвор сифат билан сифатланган ва мазкур услубни тутган зот фақатгина Имом Яҳё ибн Маъийн эмасдилар, балки худди шу сўзларни Имом Али ибн Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Бухорий, Муслим, Абу Давуд, Термизий, Насоий ва кўплаб зотлар тўғрисида ҳам айтиш мумкин.   
 
 Жоҳиз, Фатҳ ибн Хоқон ва Исмоил Қозиларнинг илмга бўлган иштиёқлари

Хатиб Бағдодий "Тақйидул илм"китобида Абу Аббос Мубарриддан ривоят қилади: Илмга уч кишидан кўра иштиёқлироқ одамни кўрмадим: Улар, Жоҳиз, адаб аҳлининг имоми Амр ибн Баҳр (163-ҳижрий санада туғилиб, 255-ҳижрий санада вафот этган), адиб, закий шоир, подшоҳларнинг ўғилларидан бўлган  Фатҳ ибн Хоқонлардир. Халифа Мутаваккил Аббосий Фатҳ ибн Хоқонни ўзига вазир ва ука қилиб олган. Унинг жуда катта китоблар хазинаси бўлган. 247-ҳижрий санада вафот этган.
Моликий мазҳаби фақиҳи Исмоил ибн Исҳоқ қози Бағдодий 200-ҳижрий санада туғилиб 282-ҳижрий санада вафот этган.
Жоҳиз қўлига тушган китобни қандай китоб бўлишидан қатъий назар аввалидан охиригача ўқиб чиқарди, иштиёқи шу даражада эдики, китобфурушларнинг дўконларини ижарага олар ва китоб ўқиш учун уларда тунаб қоларди.
Фатҳ ибн Хоқон эса енгига ёки маҳсисига китоб солиб юрар, агар Мутаваккилнинг ёнидан таҳоратгами ё намозгами турса китобини чиқарар ва уни то бордиган жойига етиб олгунча юриб ўқиб кетарди. Сўнгра қайтиб келишда ҳам то жойига етиб келгунича шундай қиларди. Агар Мутаваккил бирор бир иш учун турса, у китобини енгидан ё маҳсисидан чиқарар ва то у қайтиб келгунича Мутаваккилнинг мажлисида китоб ўқиб ўтирарди.
 Исмоил ибн Исҳоқ қози эса мен қачон унинг ёнига борган бўлсам, ё қўлидаги китобга тикилиб ўтирганини ё китоблар орасидан бирор китобни излаётганини ё китобларни артиб ўтирганини кўрганман.

Ибн Суҳнунга жориясининг кечки овқатини едириб қўйгани ва унинг китоб ёзиш билан машғул бўлгани сабабли буни сезмагани

Қози Иёзнинг "Тартибул мадорик" китобида Моликий фақиҳ, муҳаддис имом Муҳаммад ибн Суҳнун Қайрованийнинг (202-ҳижрий санада туғилиб 256-ҳижрий санада вафот этган) таржимаи ҳоли тўғрисида қуйидагилар келган: Моликий шундай деган: Муҳаммад ибн Суҳнуннинг  Умму Мудом номли суррияси яъни хизматкор чўриси бўлган. У бир куни чўрисининг олдида тунгача китоб ёзиш билан машғул бўлган. Кечки таом ҳозир бўлганда чўриси уни овқатланишга таклиф қилган. У: Мен бир соат бандман, деган.
Чўри узоқ кутиб қолгач таомни унинг олдига олиб келиб унинг оғзига сола бошлаган, у эса тўхтамасдан то бомдодга азон айтилгунича олдингидай ёзишда давом этган. Сўнгра: кеча сизга қарашдан машғул бўлиб қолдик, эй Умму Мудом! нимангиз бор олиб келинг, деган. У: Аллоҳга қасамки эй саййидим уни сизга едириб қўйдим, деган. У : мен буни сезмабман, деган.
Наҳвий олим Саълабнинг чақирилган жойга китобини ўқишга имкон беришлари шарти билан бориши
Абу Ҳилол Аскарий "Алҳассу ала толабил илм вал ижтиҳади фи жамъиҳи" номли китобидан қуйидагиларни айтади: Саълаб ҳақида шундай дейилган: У Аҳмад ибн Яҳё Шайбоний, Куфий, Бағдодий бўлиб, наҳв, луғат, адаб, ҳадиси шариф, ва қироат имомларидан бўлган. 200- ҳижрий санада туғилиб, 291-ҳижрий санада вафот этган. Унинг дарс қилиб ўқийдиган китоби доимо у билан бирга бўлган. Агар уни бирор жойга чақирсалар мисвара миқдорида (теридан бўлган суяниб ўтириладиган нарса) кенгроқ жой беришлари шарти билан борарди ва ўша ерга китобини қўйиб ўқиб ўтирарди.

Саълабни кўчада китоб ўқиб кетаётганда бир ҳайвоннинг туртиб кетгани ва унинг вафот этиши

Саълабнинг вафот этиши сабаби қуйидагича бўлган: У жума куни асрдан сўнг жомеъадан чиққан. Унинг қулоғи оғирлашиб қолган бўлиб қийинчилик билан эшитарди. У кўчада қўлидаги китобига қараб кетаётганида унга бир от келиб урилган ва уни чуқурликка улоқтириб юборган. Уни чуқурликдан чиқариб олишганида ақлидан айрилган каби ётарди. Уни шу ҳолатда уйига олиб боришди, бошидан қаттиқ жароҳатланганди. Эртаси куни вафот этди. Аллоҳ таоло ўз раҳматига олган бўлсин.  

Ибн Жарирнинг вақтини асраши ва Қуръонни ўттиз минг варақда тафсир қилишга азму қарор қилгани

Ушбу имом Ибн Жарир Тобарий муфассирлар, муҳаддислар ва муаррихларнинг шпйхи ва улуғ мужтаҳид имомдирлар. Бу зот вақтдан унумли фойдаланишда ҳамда уни таълим олиш, таълим бериш, ёзиш ва таълиф этиш билан ўтказишга энг улкан намуналардан биридирлар. Бу зотнинг таълиф этган асарлари мукаммал ва ишончли бўлиши билан бирга ҳайратланарли даражада кўп бўлган.
Аллома Ёқут Ҳамавий "Мўъжамул удаба" китобида имом Ибн Жарир Тобарий ёзган асарларнинг рўйхатини баён қилган. Рўйхатининг ўзи 56 саҳифа бўлган. Ушбу улуғ имомнинг таржимаи ҳоли тўғрисида келадиган қуйидаги жумлаларни Ҳофиз Хотиб Бағдодийнинг "Тариху Бағдод" китобидан йиғиб олдим. Бу икки китобдаги сўзлар бир бирига мос келади.
Али ибн Убайдуллоҳ Луғавий Симсимий, Қози Абу Умар Убадуллоҳ ибн Аҳмад Симсар ва Абул Қосим ибн Ақийл Варроқлардан қуйидагиларни ривоят қилган: Абу Жаъфар Тобарий  дўстларига: Қуръон тафсирига рағбат қиласизларми? деган. Улар: ҳажми қандай бўлади? дейишган. У: ўттиз минг варақ, деган. Улар: Бу миқдорни охиригача ўқиб чиқишга умрлар етмайди, дейишган. У тафсирини қисқартириб уч минг варақ атрофида қилган ва уни 283-ҳижрий йилдан 290-ҳижрий йилгача етти йил давомида имло қилиб берган.

Ибн Жарирнинг тарихни ўттиз минг варақда ёзишга азму қарор қилгани

Сўнгра Ибн Жарир дўстларига: Одамдан то ҳозирги вақтимизгача бўлган оламнинг тарихига рағбат қиласизларми? деган. Улар: ҳажми қандай бўлади? дейишган. Уларга тафсир ҳақида айтган ҳажмга тенг миқдорни айтган. Улар ҳам ўша миқдорга айтган гапларини яна айтишган. Шунда у: Инна лиллаҳ, ҳимматлар ўлиб бўлибди, деган ва уни ҳам тафсирни қисқартирганчалик миқдорга қисқартирган. У ушбу асарини ёзишни ва ёзилганларни ўзига ўқиб берилишини 303-ҳижрий санада робиъул охир ойи тугашига уч кун қолганда чоршанба кунида якунлаган. Асарини 302-йилнинг охирлари ҳақидаги сўзлар билан ниҳоялаган.

Ибн Жарир ҳар куни қирқ варақ асар ёзган

Хотиб айтади: Симсимийдан эшитдимки, ҳикоя қилинишича Ибн Жарир қирқ йил бардавом ҳар куни қирқ варақдан асар ёзган. Унинг шогирди Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Жаъфар Фарғоний "Ас-Сила" номи билан танилган китобида (бу китоб "Тарихи Ибн Жарир"га уланиб кетган) қуйидагиларни айтган: "Ибн Жарирнинг шогирдларидан бир гуруҳи унинг балоғат ёшидан то вафотигача бўлган ҳаётини ўрганиб чиқдилар. У саксон олти ёшда вафот этган эди. Сўнгра ёзган асарларининг варақларини унинг ўтказган умрига бўлиб чиқишди. Ҳар бир кунига ўн тўрт варақдан тўғри келди. Бу махлуқнинг имкони етмайдиганадиган фақатгина  Холиқнинг гўзал инояти билангина эришиладиган кўрсаткич эди". Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, ҳимматнинг юксаклигини қаранг!

Ибн Жарирнинг таснифотлари 358 минг варақ атрофида бўлган

Ибн Жарир 224-ҳижрий санада таваллуд топиб 310-ҳижрий санада 86 ёшда вафот этган. Агар бу ёшдан балоғат ёшигача бўлган даврни ўн тўрт йил деб ҳисоблаб олиб ташласак, шунда Ибн Жарир етмиш икки йил ҳар куни ўн тўрт варақдан ёзган бўлади. Агар ҳар куни ўн тўрт варақдан ёзилган етмиш икки йилни ҳисоблаб чиқадиган бўлсак имом Ибн Жарир  энг камида 358 минг варақ тасниф этган бўлади.
Ҳисоблашда у зотнинг "Тарих" ва "Тафсир"ларининг ҳар бирини уч минг варақ атрофида бўлган деб эътиборга олишган. Шунга кўра ушбу икки китобнинг ўзи етти ё саккиз минг варақ атрофида бўлган. "Тарих" катта-катта ўн бир жузда, "Тафсир" катта-катта ўттиз жузда чоп этилган бўлиб, бу жузларнинг ҳар бири бир мужаллад келади.
Булардан ташқари яна 351 минг варақ тасниф этган асарлари борлигини ҳисобласангиз, ушбу имомнинг фанларнинг кенг илмларини жамлаган янглиғ кўплиги жиҳатидан нашриёт сингари қанчалик даражада кўп асарлар таълиф этганини билиб оласиз. Бу зот шунча маълумотларни ёлғиз ўзлари қўллари билан варақларга ёзардилар, инсонларга ўзларининг фикрларини ва илмларини мусаффо асал ва тотли қаймоқ қилиб чиқариб берардилар. Агар вақтларидан унумли фойдаланмаганларида ҳамда вақтларини қандай қилиб истефода қилиш ва таълиф этиш билан тўлдиришни билмаганларида буларнинг барчасига эриша олмаган бўлардилар.

Ибн Жарирнинг вақтлари ва амалларини тартиблаши

Ибн Жарирнинг шогирди ва дўсти қози Абу Бакр ибн Комил (Аҳмад ибн Комил Шажарий) Ибн Жарир роҳматуллоҳи алайҳнинг вақтлари ва амаллари интизомини қуйидагича сифатлаб берган:
"У овқатланиб бўлганидан сўнг хойш деб аталадиган енглари калта сондал ва атиргул суви билан бўялган кийм кийимда ухларди. Бу кийим ингичка қилиб тўқилган, иплари қўпол, дағал каноп матодан таёрланган, баданга совуқ тортиб тургани учун иссиқ пайтда кийиб ухланадиган кийим бўлган. Сўнгра туриб пешинни уйида ўқирди ва то асргача китоб ёзарди. Сўнгра уйидан чиқиб асрни ўқирди ва то шомгача одамларга ўқиб берарди, улар унга ўқиб  дарс тоширишарди. Сўнгра ўзи то хуфтонгача фиқҳ ва бошқа дарс билан машғул бўларди. Шундан кейин уйига кирарди. У кечаси-ю кундузини Аллоҳ таоло муваффақ қилганича ўзининг, динининг ва халойиқнинг манфаати учун тақсимлаб қўйганди".

Ибн Жарирнинг вафотидан бир соатгина олдин ҳам маълумотни ёзиб қўйгани

Устоз Муҳаммад Курдали "Кунузул аждад" номли китобида имом Ибн Жарир Тобарийнинг таржимаи ҳоли тўғрисида қуйидагиларни айтган: " Айтилган хабарларга кўра у зот ҳаётининг бирор дақиқасини ҳам фойда бериш ва фойда олишсиз ўтказиб юбормаган. Муъафа ибн Закарё сиқа кишиларнинг биридан қуйидаги ривоятни келтиради: У Абу Жаъфар Тобарийнинг вафотидан бир соат ё ундан ҳам камроқ вақт олдин унинг ҳузурида бўлган. Ўша вақтда унга Жаъфар ибн Муҳаммаддан бир дуо зикр қилинган. У эшитиши биланоқ сиёҳдон ва саҳифа келтиришларини сўраган ва уни ёзиб қўйган. Унга: шундай ҳолатда ҳама?! дейишганида, у: инсон учун то ўлгунича илмдан иқтибос олишни қўйиш дуруст эмас," деган.
Аллоҳ унга раҳм қилган бўлсин, ҳамда уни илм, дин ва ислом номидан энг яхши мукофотлар билан мукофотласин.

Ибн Жарирнинг номи китоблари ва ўлмас асарлари тургунича боқий қолиши

Ушбулар имом Ибн Жарир Тобарийнинг таълиф этган асарларини санамасдан, ҳисобламасдан ҳамда исмлари ва мавзуларини зикр қилмасдан келтирилган баёнотлардир. Уларнинг баъзилари ҳозирги кунимизгача етиб келган. Бу асарлар ўн ё йигирма ё ўттиз нафар фарзанд ва набиралардан кўра яъни орқада қолган инсонлардан кўра у зотни кўпроқ эслатиб туради. Чунки бу инсонлар озгина вақтдан кейин фано саҳифаларида кўмилиб, унутилиб ёддан чиқиб кетадилар. Аммо у зотнинг асарлари доимий равишда замонлар узра у зот учун гўзал эслатма бўлиб тураверади. Мана у зотнинг вафотларига бир минг бир юз йил атрофида вақт ўтибдики, кеча кундуз алмашиб турар экан бу асарлар то Аллоҳ хоҳлаган пайтгача боқий тураверадилар. Имом Ибн Жавзийнинг гаплари ҳақ: Олимнинг китоби унинг абадийлаштирилган боласидир.        

Пардаев Абдулқодир таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz