Рўзаи рамазон (Ҳайит намози) Принтер учун
06.08.2013 й.
Ҳайит намози

САВОЛ: Ҳайит намозининг ҳукми нима? Уни ўқиш кимлар учун лозим?
ЖАВОБ: Ҳайит намозини ўқиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида вожибдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни доим ўқиганлар, асло тарк қилмаганлар. Имом Молик ва Имом Шофиъий наздида суннати муаккададир. Имоми Аҳмад бўлса, фарзи кифоя дейдилар.
Ҳайит намозини ўқишга Аллоҳ таолонинг мана бу ҳукми далолат қилади:
ولتكبروا الله على ما هداكم
“Яна рўзани тамом қилиб, Худони улуғлаб ёд қилмоқликларингизни хоҳлайди, чунки сизларни шу ибодатларни қилишга ҳидоят қилди”. (Бақара сураси, 185-оят).
Тафсир олимлари мазкур оятдаги “Худони улуғлаб ёд қилиш”ни ҳайит намозини ўқишдир, деганлар.
Ҳайит намози ҳам жумъа намози каби балоғатга етган эркакларга, ақли жойида, озод инсонга, кўзи, оёғи саломат кишига, шунингдек, шаҳар ва катта қишлоқларда яшовчиларга вожибдир.
Шу боисдан шаръий узри йўқ одам ҳайит намозга бормаса, қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолиши, шубҳасиздир. Йилда бор йўғи икки марта ўқиладиган намозни қолдирмаслик керак. Бундай маъсиятдан Худонинг ўзи асрасин!

САВОЛ: Аёллар ҳайит намозга чиқмайдиларми?
ЖАВОБ: Бизнинг мазҳабимизда аёлларнинг ҳайит намозга чиқишлари шарт эмас. Оила ишларига қарайдилар.
Тўғри, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёл-қизлар беш вақт намозга чиқар эдилар, шунингдек, улар ҳайитлардан ҳам қолмас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳайитга чиқишларига ўзлари буюрганлар ва уларнинг ёнларига бориб, улар учун алоҳида мавъиза қилиб берар эдилар.
Аммо, халифаи одил Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу замона зайлига қараб, аёлларни беш вақт намозларга ва ҳайит намозларга чиқишдан манъ қилиб қўйдилар. Буни кўрган Ойша онамиз кейинчалик бундай деган эдилар:
لو أدرك رسول الله صلى الله عليه وسلم ما أحدث النساء لمنعهنّ كما منعت نساء بنى اسرائيل
“Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам хотинларнинг бундай пайдо қилган нарсалари, юриш-туришларини кўрганларида эди, Бани Исроил аёлларини манъ қилгандек манъ қилар эдилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Бир куни Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо дегандилар:
أيها الناس، انهوا نساءكم عن لبس الزينة والتبختر فى المساجد فان بنى اسرائيل لم يلعنوا حتى لبس نساءهم الزينة وتبخترن فى المساجد
“Эй одамлар! Хотинларингизни масжидларда зийнатланиб, хушбўйланиб юришдан қайтаринглар! Зеро, албатта Бани Исроил хотинлари ибодатгоҳларида зийнатланиб, хушбўйланиб юргунларича лаънатланмаган эдилар”.
Бу ривоятни муҳаддислардан Ибн Абдулбарр “ат-Тамҳид” асарида зикр қилган.
Ана шундай ривоятларга асосланиб, мазҳабимизнинг фиқҳий матн китобларида аёлларнинг беш вақт намозга чиқишлари, шунингдек, ҳайит намозларга чиқишлари макруҳ, дейилган.

САВОЛ: Ҳайит намозларига чиқишнинг одоблари қандай?
ЖАВОБ: Ҳайит намозларига чиқишда ва намоз ўқишда ўзига хос одоблар бор. Улар асосан қуйидагичадир:
1).Агар Рамазоннинг ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади. Чунки, Имом Бухорий ҳазратлари Анас разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида зикр қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитига хурмо еб чиқар эканлар. Уларни тоқдан ер эканлар. Имом Термизий ва Ибн Можжалар ҳам шу тариқа ривоят қилганлар.
2).Агар Қурбон ҳайити бўлса, ҳеч нарса емай чиқилади ва ҳайит ўқиб келгандан сўнг қурбонлигидан ейди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай йўл тутар эканлар. Буни тўртта сунанда ва Имом Дорақутний ҳамда Имом Ҳокимлар ривоятида кўриш мумкин. Баъзиларга ўхшаб ҳайит тонги отмасдан саҳарлик қилиб, ҳеч нарса емасдан ҳайитга чиқишга ҳаракат қилиш шарт эмас.
3).Ҳайит намозларига боришда мисвок қилиб ва алоҳида ғусл қилиб олиш керак. Мисвокнинг барча намозлар олдидан қилиниши суннат эканлиги машҳур. Ғусл қилиш борасида эса Пайғамбаримиз ҳайит намозларига алоҳида ғусл қилишлари ривоят қилинган. (Ибн Можжа ривояти).
4).Чиройли, янги, ювилган кийимларини кийиш ҳам мустаҳабдир. Ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда, Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу эслашича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ҳам йўл-йўл чопон (бурда)ларини кийиб чиққанлар. Бошқа муҳаддислар ҳам буни алоҳида зикр қилган. Ибн Умар разийаллоҳу анҳуга эса Пайғамбаримиз: “Ҳайит учун чиройли кийим сотиб олгин!”, деб буюрганлар.
5).Фитр садақасини адо қилади. Рамазон ҳайитига чиқишидан аввал, агар фитра садақасини бермаган бўлса, уларни адо қилади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар намозга чиқишидан аввал фитр закотини адо қилишни буюрганлар. Ҳолбуки, ўзлари бир-икки кун аввал уни адо қилган бўлардилар. Буни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
6).Йўлда такбир айтиб боради. Имом Дорақутний ривоят қилишича, саҳобийлардан Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг одатлари худди шундай бўлган. Ошкора такбир айтишнинг зарари йўқ. Айниқса, қурбонлик ҳайитида ошкора такбир айтиш ўринли. Баъзи заиф иснодли ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳам шундай бўлган. Бу нарса рўза ҳайитида ҳам, қурбонлик ҳайитида ҳам жоиздир. Мазҳабимизда қурбон ҳайитига боришда такбир айтиб бориш кўпроқ таъкидланган.
7).Ҳайитга боришда бошқа йўлдан, қайтишда эса бошқа йўлдан келишга ҳаракат қилиш. Чунки, Имом Бухорий ривоят қилишига қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай бўлган. Буни Абу Довуд ва Ибн Можжалар Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Зотан, бошқа-бошқа йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради. Шунингдек, пиёда бориш ҳам ҳайит одобларидандир. Имом Аҳмад ва Имом Бухорийлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилишларича, “Ҳайитга пиёда чиқишлик суннатдандир”.
8).Намоз ўқиладиган жойда нафл ўқимаслик керак. Чунки, Бухорий ва Муслимлар Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига чиққанларида намоздан аввал ҳам, кейин ҳам намоз ўқимасдилар. Ибн Можжа ривоятида эса ул зоти шариф уйларига келганларидан сўнг икки ракъат намоз ўқиб олар эканлар.
9).Қурбон ҳайити куни ҳайит намоз ўқилгандан сўнг қурбонлигини қилиш. Қурбонлик вожиб амал бўлиб, уни ҳайит кунидан сўнг икки кун ҳам бажариш мумкин. Лекин ҳайит куни қилиш афзал. Шунингдек, эътибор берадиган нарса: Рамазон ҳайити куни ҳам қурбонлик сўйишнинг савоби етти юз баробар бўлиши айтилган. (“Рамазон ва тақво”). Бунга аҳамият беришимиз керак!
10).Қурбон ҳайитини имомларимиз тезроқ, эртароқ ўқиб беришлари, Рамазон ҳайитини эса кечиктириброқ ўқишлари мустаҳабдир. Зотан, Имом Шофиъий ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ҳазм разийаллоҳу анҳуга шундай деб мактуб ёздириб юборган эканлар. Бу қурбонликка шошишилиш, улгуриш учун ҳам фойдалидир.
Мазҳабимизнинг уламолари яна баъзи мустаҳаб ва мандуб амалларини зикр қилганлар. Улар бу хилдаги ишларни саҳобаи киромлар ва тобиъини изомларнинг одатларидан олишган. Чунончи, фиқҳий асарларда фақиҳларимиз бомдод намозини ҳар ким ўз маҳалласининг масжидида ўқиб, кейин жомиъга бориши; атирлар ишлатиб, хушбўйланиб бориш; иложи бўлса, пиёда бориш; иложи бўлса, узук тақиб олиш; бир-бировни ҳайит билан муборакбод этиш; уйидаги бутун болалари, қўни-қўшнилар, ёру биродарлар билан жамъланиб бориш каби ишларни қилишга тарғиб қилганлар.
Қурбон ҳайити арафасида бир жойга тўпланиш макруҳдир. Бу фақат Арафот майдонида турган ҳожиларга фарз қилинган. Уларга ўхшаб тўпланиш ортиқча ҳаракат бўлгани учун бидъат, дейилган.

САВОЛ: Бир дўстим ҳайит намозини ийдгоҳларда ўқиш керак, масжидларда ўқилмайди, деб қолди. Ундан далил сўрасам, қадимга шаҳарларда, масалан, Бухорода ийдгоҳ бўлганлигини айтди. Шунга нима дейсиз?
ЖАВОБ: Дўстингиз тўғри айтибди. Аслида ҳайит намозларида жумъа жамоатлари ҳам тўпланиб, махсус ҳайит ўқиладиган катта майдонда ўқиган афзал. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг асҳоблари ҳам худди шундай қилар эдилар. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳайит ўқилган жойда намоздан кейин қурбонлигини сўйиб қолардилар. Буни Имом Бухорий ҳазратлари Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Бироқ, узрли ҳолатларда, очиқ майдонга чиқиб ўқиш имконияти бўлмаса, ёмғирли, совуқ кунларда масжидда ўқиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир марта ёмғир бўлгани учун ҳайитни масжидларида ўқиганликлари ривоят қилинган. (Абу Довуд ва Ибн Можжа Абу Ҳурайра р.а.дан ривоятлари).

САВОЛ: Ҳайит намозининг вақти қачон? Уни бир кун орқага суриш мумкинми?
ЖАВОБ: Ҳайит намозининг вақти қуёш бир ёки икки найза бўйи кўтарилгандан сўнг бошланиб, қуёш заволга юз тутгангача давом этади.
Қуёш чиқаётган вақтда намоз ўқиш макруҳлигини ҳамма яхши билади. Бу жуда машҳур ҳадислар билан собит бўлган ҳукм. Бинобарин, ҳайитнинг ҳам бошланишини қуёш кўтарилгандан сўнг деб олиниши ўз-ўзидан маълум.
Абу Довуд, ан-Насоий ва Ибн Можжалар Абу Умайр разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларига қараганда, бир йили Рамазоннинг охирида Шаввол ойининг ҳилолини кўриш имконияти бўлмай қолган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар рўза тутиб тонг оттирганлар. Шу куни заволдан сўнг баъзи одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кеча янги ойни кўрганликларининг хабарини етказганлар. Шунда ул зот ҳаммани рўзани очишга буюрганлар ва эртасига ҳайит намози ўқилишини эълон қилганлар. Агар заволдан сўнг ҳайит ўқиш мумкин бўлганда, ўша куни ҳайит ўқилар эди. Демак, ҳайитнинг вақти заволгачадир. Бу ҳадисни шу тариқада имом Таҳовий ҳам ривоят қилган.
Яна ушбу ҳадиси шарифдан ҳайитни узрли бўлиб қолганда бир кун орқага суриш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Қурбонлик ҳайитини уч кунгача орқага суриш мумкин.

САВОЛ: Бизнинг шаҳарда масжидимизда ҳайит намози бир неча марта ўқилади. Имом мусулмонлар билан ўқигандан сўнг, кечикиб келганлар ўзлари жамоат бўлиб, ҳайит намози ўқишаверади. Баъзида имом домла, уларга ўқиб бериш учун ҳайит намозини ўқиб биладиган одамларни тайинлаб қўяди.
ЖАВОБ: Бир марта ўқилгандан сўнг яна ҳайит намози ўқиш макруҳдир. Чунки, бу нарса бошқа намозларда ҳам шундайдир. Зотан, бу жамоатнинг озайишига олиб келади. Буни яхши англаб олиш керак! Яхшиси, эртароқ ҳаракат қилиб, имом домланинг ҳайит ўқишига улгуриш даркор. Ёки энг яқин масжидда ҳайит ўқиш лозим.

САВОЛ: Қишлоқларда ҳайит намози ўқиладими?
ЖАВОБ: Бизнинг мазҳабимизда қишлоқларда ғайит намози ўқилмайди. Ҳайит намозига ҳам жумъа намози учун бўладиган шартлар таъйинланган. Имом Байҳақий, Абдурраззоқ ва Ибн Аби Шайбалар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг гапларини ривоят қилганлар. Ибн Ҳазм буни саҳиҳ деган:
لا جمعة ولا تشريق اى تكبيرة ولا صلوة فطر ولا أضحى الا فى مصر جامع او مدينة عظيمة
“Жумъа, такбири ташриқ, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари фақатгина ҳамма нарсаси бор шаҳарда ёки жуда ҳам катта шаҳарда бўлади”.
Шунинг учун қишлоқларда жумъа ҳам, ҳайит намозларини ҳам ўқишга ҳаракат қилгандан кўра, шаҳарлардаги жомиъ масжидларни бориб тўлдирган маъқул. Аммо, мазҳабимизнинг баъзи уламолари жуда катта қишлоқ бўлса ва унга ҳоким ва қозилар томонидан рухсат берилган бўлса, жумъа ҳам, ҳайит ҳам ўқиса бўлади, деганлар.

САВОЛ: Ҳайит намозига азон ва иқомат айтиш шартми? Хутба нима учун намоз ўқилгандан сўнг айтилади?
ЖАВОБ: Икки ҳайит учун ҳам азон ва иқомат айтилмайди. Зеро, азон ва иқомат фарз намозлари учун суннатдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шундай қилиб, яъни ҳайитларни азон ва иқоматсиз ўқиганлар. Жобир разийаллоҳу анҳу айтадилар:
صليت مع رسول الله صلى الله عليه وسلم العيدين غير مرّة ولا مرّتين بغير اذان ولا اقامة
“Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир неча марта икки ҳайитни азон ва такбир айтмасдан ўқиганман”. (Имом Муслим ривояти).
Хутба ўқиш жумъа намозида шарт бўлса ҳам икки ҳайитларда шарт эмас, балки, суннатдир. Шунинг учун ҳам ҳайитларда хутба намоз ўқилгандан сўнг бўлади. Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, Абу Бакр, Умар ва Усмон разийаллоҳу анҳумлар ҳам хутбадан аввал ҳайит намозларини ўқиганлар. Буни Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан бу ҳақда сўралганда ҳам ул зот шундай жавоб берганлар.

САВОЛ: Ҳайит намози қандай ўқилади? Унинг тартибини баён қилиб берсангиз?
ЖАВОБ: Ҳайит намози икки ракъат бўлиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан бери келаётган одат.
Бизнинг мазҳабимизда икки ҳайит намози ҳам қуйидагича ўқилади:
Ҳайит намозига ният қилади. Ният дилдан қилинади. Рамазон ҳайити ёки Қурбон ҳайитини ўқишга ва имомга иқтидо қилишга дилидан ва тили билан ҳам ният қилади.
Имом орқасидан такбири таҳрима айтади. Қўл кўтариб такбир айтгандан сўнг, қўлни қовуштириб туриб, сано ўқилади. Чунки, сано такбири таҳрима изидан қилинадиган энг биринчи амалдир.
Кейин имом билан бирга, унинг орқасида қўлларни кўтариб уч марта такбир айтади.
Имом кейин қироат қилади, у билан қўшилиб, такбир айтиб рукуъга боради ва саждаларни бажаради.
Сўнг иккинчи ракъатга турганда имом бошлаб қироат қилади. Қироатдан кейин имом билан яна уч марта такбир айтади. Такбирда қўллар кўтарилади.
Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан рукуъга борилади. У билан бирга саждаларни адо қилинади.
Саждалардан сўнг қаъдада ўтириб, аттаҳийёт, саловот ва дуолар ўқиб, имом билан салом беради.
Мана шу ҳар ракъатдаги учтадан қилинадиган такбирлар ҳайит намозининг вожибларидан саналади. Баъзи уламоларимиз ҳайит намозларининг рукуъга кетишдаги такбирларини ҳам вожиб, деганлар.
Ҳайит намозларидаги ортиқча такбирларни айтиш вақтида қўллар қулоқ баробарига кўтарилади, ораларида қўллар икки ёнга тушириб турилади. Имом қироат қилаётганда эса қўллар таъзим учун киндик остида қовуштириб турилади.
Ҳар ракъатда уч такбир алоҳида айтилиши Абу Мусо ал-Ашъарий, Ҳузайфа ибн ал-Ямон, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби буюк саҳобалар томонидан тасдиқланган. Бунинг хабари Аҳмад, Абу Довуд, Абдурраззоқ, Ибн Аби Шайба ва Муҳаммад аш-Шайбоний каби муҳаддислар томонидан ривоят қилинган.
Бошқа мазҳабларда эса такбирлар кўпроқ айтилади. Имом Шофиъий наздида биринчи ракъатда такбири таҳрима ва рукуъ такбирларидан бошқа етти такбир, Имом Молик ва Имом Аҳмадда шулар билан бирга етти такбир; иккинчи ракъатда эса рукуъ такбиридан бошқа беш такбир айтилади.

САВОЛ: Ҳайит намозига бир ракъат кечикиб келган одам қолган ракъатни қандай адо қилади?
ЖАВОБ: Ҳайит намозига бир ракъат кечикиб келган одам имом салом бергандан сўнг туриб, аввал қироат қилади, сўнг учта такбирни қўл кўтариб ва тўртинчи такбирни рукуъ учун айтиб адо қилади. “ан-Наводир” ривоятига суянадиган бўлсак, аввал туриб сано ўқийди ва уч марта қўл кўтариб такбир айтади ва қироат қилиб, намозини охирига етказади.
Агар бир одам рукуъга етиб келса, у дарҳол рукуъга эргашади ва шу ракъатнинг такбирларини рукуъда турганида айтади.
Агар бир одам биринчи ракъатга, такбирлардан сўнг, имом қироат қилаётганда етиб келса, иқтидо қилиб, такбирларни айтиб олади, кечиктирмайди. (Мавлоно Алий ал-қори: “Шарҳи Ниқоя”).

САВОЛ: Такбири ташриқ айтишнинг ҳукмлари ва одобларини айтиб берсангиз?
ЖАВОБ: Такбири ташриқ айтиш қурбон ҳайити арафаси ва кунларида мусулмонларга одат бўлган амалдир. Унинг ҳукми вожибдир.
Такбири ташриқ мана будир:
الله أكبر الله أكبر لا اله الا الله والله أكبر الله أكبر ولله الحمد
“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллааҳил-ҳамд”.
Такбири ташриқни айтиш арафа кунининг бомдодидан бошланади ва Қурбон ҳайитидан кейинги унинг учинчи кунининг асрида тугайди. Ҳар бир фарз намозини жамоат бўлиб ўқигандан сўнг бир мартадан айтилади. (Уни уч марта айтиш зарар қилмайди). Бу ҳаммаси бўлиб, йигирма уч вақт намоздир. Мана шу имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад фатволарига асосланган. Бунга Ҳазрати Умар, Ҳазрати Али Абдуллоҳ ибн Масъуд каби саҳобалар амал қилишган. Бунга бошқа мазҳаб вакиллари ҳам қўшилишган.
Имоми Аъзам ҳазратлари такбирлар ҳайит куни асргача давом этади, деганлар.
Жамоат бўлиб ўқилган намозларда, ёлғиз ўқиган эмас; фақат эркаклар, аёллар эмас; мусофирлар эмас, муқим одамлар айтадилар. Агар имомнинг такбири ташриқни айтиш имомнинг эсидан чиқса, унга иқтидо қилганлар айтиб юбораверадилар.

САВОЛ: Ҳайит куни жумъа кунига тўғри келиб қолса, ҳайит намозини ҳам, жумъа намозини ҳам ўқиш шартми?
ЖАВОБ: Имом Ҳанбал мазҳабларида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳайит кунига тўғри келган жумъани ўқимасликка рухсат берганлари учун (“Сиҳҳоҳи ситта”да Бухорийдан бошқалари, шунингдек, Ибн Хузайма ва Ҳоким Зайд ибн Арқам р.а.дан ривоят қилган) жумъани ўқимасликни жоиз, дейдилар. Лекин, унинг ўрнига пешин фарз бўлиб қолаверади.
Имом Шофиъий мазҳабларида юқоридаги ҳадиси шарифни таъвил қилиб, қишлоқдан ҳайитга келганлар, жумъага қолмасалар ҳам бўлади, дейилади. Аммо, жумъага ҳозир бўлиш имконияти борларга асло жумъани қолдириш мумкин эмас, деб уқтирилган.
Аҳли ҳадисларнинг баъзиси умуман пешинни ўқимасдан ҳам жумъани тарки қилиш мумкин, дейдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит ва жумъа бир кунга тўғри келиб қолса, икковини ҳам ўқиганликлари, уларнинг икковида ҳам зам сурага “Аъло” ва “Ғошия” сураларини ўқиганликлари ривоят қилинган. (Имом Муслим ривояти).
Шунинг учун ҳам Ҳанафийлар, шунингдек, Имом Молик наздида ҳайит ва жумъа бир кунга тўғри келиб қолса, жумъани тарк қилиш асло мумкин эмас. Зотан, жумъага буюрилган ояти карима ва ҳадиси шарифларда бу борада ҳеч қандай истисно йўқ.

    САВОЛ: Икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиш мумкин эмас, деган гап юради. Шу фикр тўғрими?
ЖАВОБ: Асло тўғри эмасдир. Бу икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиб бўлмайди, дейишлик ҳар хил, бўлмағур гапларни тарқатадиган инсофсиз, беақл аёллар топган гапларидир.
Ҳеч бир фиқҳий китобларимизда никоҳ манъ қилинган вақт айтилган эмас. Хусусан, бу нарса бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда яққол ўз аксини топган. Бошқа мазҳабдагилар ҳаж вақтида, одамлар эҳром кийиб юрганларидан никоҳ қилинмайди, дейдилар. Лекин бизнинг уламоларимиз никоҳ қилинаверади, дейишади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам Маймуна онамиз разийаллоҳу анҳони эҳромлик вақтларида никоҳларига олганлар.
Шунга ўхшаш мазҳабимиз ҳукмига кўра икки ҳайит орасида ҳам никоҳ қилинаверади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамиз разийаллоҳу анҳони Шаввол ойида, яъни икки ҳайит ўртасида никоҳлаб олганлар.
Икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиб бўлмайди, деганга ўхшаш бидъатларга бош қўшмаслик даркор. Хайрият, яхшилик кечиктирилмайди. Тўйда яхшилик бор. Аммо, ароқлар сувдек оқадиган, ҳар хил бўлмағур амаллар, бидъатлар авж оладиган тўйларни ҳар қанча кечиктирса, авло ва яхшироқ. Балки, бундай тўйларнинг умуман бўлмагани яхшироқдир.
Юқоридаги икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиб бўлмайди, деган гапнинг чиқишига сабаб қилиб: “Ширъат ул-ислом” китобининг шарҳи “Мафотиҳ ул-жинон” асарида бу ердаги икки ҳайитдан мурод ҳайит намози жумъа кунига тўғри келиб қолса, ана шу назарда тутилган бўлса керак, дейилади. Чунки, жумъа ҳам ҳайит каби байрамдир. Шунда ҳайит билан жумъанинг орасида вақт жуда озлиги учун тўй қилмай турган маъқул. Чунки, тўй қилинса, жумъанинг қолиб кетиши хавфи бор.

САВОЛ: Ҳайит куни нафл рўза тутса нима қилади? Биров ўша куни рўза тутишни ўзига назр қилган бўлсачи?
ЖАВОБ: Икки ҳайит куни ва Қурбон ҳайитидан кейин уч кун, яъни ташриқ кунлари, демак йилда беш кун рўза тутиш макруҳи таҳримийдир.
Бу кунлари нафл рўза тутган одам рўзасини очиб юбориши лозим бўлади. Сўнг унинг қазоси лозим эмас.
Аммо мазкур кунларда рўза тутишни назр қилган одам назрига вафо қилмайди. Чунки, маъсиятга ичган қасами ва назрига вафо қилмаслик буюрилган. Бироқ, у бошқа кунлари назрининг қазосини тутиб беради. Ва назри, қасамига вафо қилмагани учун каффорати ҳам лозим бўлади.
Мазкур кунларда рўза тутишни назр қилган одам, мабодо макруҳ бўлса ҳам рўза тутган бўлса, гуноҳкор бўлади, аммо назрининг уҳдасидан чиққан ҳисобланади. Яъни, унга кейинчалик ҳеч нарса лозим бўлмайди. (“Шарҳи Виқоя”).

САВОЛ: Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам ҳожиларга ўхшаб тукларини ва тирноқларини олмасдан юриши керак, деган гапни эшитиб қолдим. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Бундай гап бор. Имом Муслим Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни тавсия қилганлар:
اذا دخل العشر وأراد بعضكم ان يضحى فلا يمسّ من شعره و بشره شيئا و فى رواية فلا يخذنّ شعرا و يُقلمَنّ ظفرا و فى رواية من رأى هلال ذى الحجة وأراد ان يضحى فلا يأخذ من شعره و لا من أظفاره. رواه مسلم
“Қачонки Зилҳижжанинг ўн кунлиги кирса, (унинг ҳилолини кўрса), сизлардан бировингиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, сочи-тукларини ва тирноқларини олмасин!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу буйруқлари вожиюэмас, балки мустаҳаб эканлигини барча уламолар таъкидлаганлар. Демак, шундай қилса, яхшироқ. Қилмаса, айб эмас.
Бироқ, тирноқ олиш ва баданни туклардан тозалашнинг ўз вақти ҳам бор. Уларни ҳар ҳафтада бир марта олиш афзал, ўн беш кунда бир олиш яхши, қирқ кундан ўтказмаслик керак бўлади. Бу ўтган барча Пайғамбарларнинг суннатлари эканлиги барчага маълум. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганлар. Шунинг учун “Музмарот”, “Шарҳ ал-Муниййа” ва “Радд ул-муҳтор” каби мазҳабимизнинг фиқҳий асарларида тирноқ ва туклар жуда ўсиб кетадиган бўлса, Пайғамбарлар суннатига амал қилиб, ўн кунликда бўлса ҳам олиш керак, дейилади.
Демак, юқоридаги ҳадисга амал қилмоқчи бўлган ақлли одам Зулҳижжа киришига бир кун қолганда мисоли ҳожиларга ўхшаб, тайёргарлик кўриб, ҳамма жойини тозалаб, кейин суннатга амал қилишга киришар экан.

Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган
 
« Олдинги   Кейинги »