Ўлмас уммат Принтер учун
24.07.2012 й.

Ушбу умматнинг бир хусусияти бор: у ўлмас умматдир. Дини ва Китоби боқий экан у ҳам боқийдир. Модомики тун ва кун бор экан, модомики дунёда Қуръон тиловати янграб турар экан бу уммат ҳам боқийдир. Қуръон Аллоҳнинг ҳимояси ила ҳимояланган экан ана шу Қуръоннинг уммати ҳам Қуръоннинг боқийлиги билан боқий қолгувчидир.

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ўзининг буюк пайғамбарига унинг умматини улардан олдинги умматларни ҳалок қилган нарсалар билан ҳалок қилмаслигига кафолат берган. Яъни тўфон, ер ютиши, масх (ташқи кўринишнинг хунук сувратга ўзгартирилиши), қаттиқ шамол ва бошқалар каби табиий офатлар ҳамда тасодифий уқубатлар билан ҳалок қилмайди.
Шунингдек Аллоҳ таоло у зотга у кишининг умматларига уларни таг томирлари билан суғуриб ташлайдиган ўзларидан бўлмаган душманларни ҳукмрон қилиб  қўймасликни ҳам кафолатлаган. Аммо ўзларини ўзлари ҳалок қилишлари, бир­ бирларига азоб беришлари бундай мустасно.
Яна Аллоҳ таоло Ўзининг расулига бу умматни бутунлай йўқ қилиб юборишлик азоби каби ҳиссий ҳалокатдан ҳимоя қилиш кафолатини ҳам бериб қўйган. Залолат узра жам бўлишдек маънавий ҳалокатдан ҳам ҳимоя қилишнинг кафолатини берган. Зотан ҳадисда: «Албатта Аллоҳ менинг умматимни залолат устида жам қилмайди», деганлар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Бунинг сири унинг энг охирги уммат эканидир. Шунингдек унинг набийси ҳам энг сўнги набий бўлганидир. Китоби ҳам энг сўнги Китоб эканидир. Демак Муҳаммаддан кейин ҳеч бир расул йўқ. Қуръондан кейин ҳеч бир китоб йўқ. Исломдан кейин ҳеч бир шариат йўқ. Ислом умматидан кейин ҳеч бир уммат йўқ.
  Агар Исломдан олдин умматлардан бирортаси залолат узра жам бўлишган бўлса, бу нарса башарият учун хатар бўлмаган. Чунки у уммат мусулмон умматидан фарқли равишда  жойи белгиланган, замони чекланган уммат бўлган. Зотан мусулмон умматининг оламшумуллиги ва боқийлиги  шарқу ғарбни қамраб оладиган даражада унинг маконини кенгайтириб, қиёмат бўлгунига қадар давом этадиган даражада вақтини чўзиб  юборди. Шунинг учун ҳам агар бу умматнинг ҳаммаси адашадиган бўлса, уларга қўшилиб бутун башарият тузатиб бўлмайдиган даражада адашиб кетади. Чунки у билан бирга ҳам ундан кейин ҳам одамлар учун ҳидоят байроғини кўтариб юрадиган киши қолмайди.
Шу нуқтаи назардан илоҳий иноят ўз ишини кўрсатиб ушбу умматнинг ичида ҳақ йўлда юрадиган ва шу йўлда жон берадиган бир гуруҳ доим бор бўладиган қилди. У худди нажот кемасига ёхуд халоскор қўшинга ўхшаб кетади. У гуруҳ мувозанатни ушлаб туради. Бинонинг қулаб тушишини олдини олиб туради. У ҳақида Аллоҳ таолонинг: «Ва Биз яратган кимсалар ичида ҳақ ила ҳидоят қиладиган ва у ила адолат қиладиган жамоат ҳам бор» (Аъроф: 181) деган сўзи келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Менинг умматимдан бир тоифа доим ҳақ устида бўлади. Уларга қаршилик қилганлар уларга зарар бера олмайди. Ҳатто улар ана шу ҳолда эканлар Аллоҳнинг амри (қиёмат) келади».
Ана шу тоифа йўлда юрганларнинг чироғи, ҳайратда қолганларнинг етакчиси, кучсизларнинг куч­ қувватидир. Уллар Аллоҳ учун хужжат билан иш қиладилар. Ақл билан Аллоҳга даъват қиладилар. Аллоҳнинг шариатини одамларга етказадилар, Ундан қўрқадилар. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимсадан қўрқмайдилар.
Улар одамлар бузилиб кетган вақтларида тузатиб қўядиган, одамлар бузган нарсани ислоҳ қилиб қўядиган «ғариблар»дир. Улар ҳалокатга учраганлар орасидаги «нажот топган фирқа»дирлар. Расул ва унинг асҳоблари бўлган йўлга ҳаёт берадиган соликларнинг тўғри йўлдагиларидир. Одамларга Аллоҳнинг раҳмати ўлароқ уларнинг ораларида ана шу сингари Аллоҳ таоло тарафидан вакил  қилиб қўйилган танланган бир гуруҳ бор. Билмаганга ўргатади. Адашганга йўл кўрсатади. Унутганга эслатади. Албатта эслатиш мўминларга манфаат беради. «Агар анавилар буларга куфр келтирсалар, батаҳқиқки, Биз уларга куфр келтирмайдиган қавмни вакил қилиб қўйганмиз». (Анъом: 89)
Қуйидаги гапни айтган Аҳмад Шавқийни Аллоҳ раҳматига олсин:
Ҳақиқатни аччиқ қилиб яратган Зот ҳеч бир халқни ҳақиқат аҳлидан холи қилиб қўймади.
Ушбу умматнинг боқийлигига далилллардан бири шуки, қийинчилик ва фалокатлар уни синдирмайди ва ҳалок қилмайди. Аксинча унинг ичига қаршилик кўрсатиш ва беллашиш руҳиятини пуфлайди. Шунинг учун ҳам унинг бошига қаттиқ мусибат тушганида яна ҳам куч­ қудратлироқ, яна ҳам бақувватроқ бўлиб кетганини кўрасиз. Ҳатто одамлар ҳардам хаёлларга бориб энди улар тамом бўлдилар деб қолган вақтларида баногоҳ қисқа фурсатда ўзининг ичида яширин ётган қувват руҳи билан ўзини ўраб турган ожизликнинг омилларини енгиб чиқади. Қарабсизки уни узоқдан кузатиб турган ёки унга яқиндан қараб турганлар мағлубиятдан кейинги ғалабани, тарқоқликдан кейинги иттифоқликни, ўлимга ўхшаб кетадиган ҳаракатсизликдан кейинги ҳаёт ва ҳаракатни кўрадилар.
1. биз бу нарсани Исломнинг бошида, диндан қайтиш урушида, закот беришдан бош тортганларга қарши бўлган курашда кўрдик.
2. биз буни Ислом давлати парчаланиб кетган асрларда кўрдик. Худди Яъжуж ва Маъжужлар сингари шарқдан оқиб келган ёхуд «қайси нарсага етиб борса, титиб ташламасдан қўймайди»ган ваҳший мўғул­ татарларнинг юришларига қарши курашди.
3. оврўполиклар мусулмон шарқига тиш­ тирноғигача қуролланиб юриш қилган, одамларни ўлдирган, уйларга ўт қўйган, бузғунчилик ва вайронкорликлар қилган салибчилик уришларидаги қаршиликларида кўрдик. Тарихнинг ўша даврларини ўқиган ҳар ким буни билади.
Бироқ Ислом умматининг ичида яшириниб ётган ўзига хос қувват тарихдаги аламли воқеаларда ўзини намоён қилмай қўймади. Ҳатто Ҳитмийнда салибчиларнинг орзуларини пучга чиқарди. Тўқсон йилдан кўпроқ жангарила қўлида асир ётган «Байтул Мақдис»ни қўлга киритди. Мансура шаҳрининг «Дор Ибн Луқмон»ида Франция шоҳи «Льюс IX»ни асирга олди. «Айни Жолут»да одамлар «енгилмас куч» деб ҳисоблаб юрган татарлар тор­ мор бўлганча ортга қайтдилар. Ҳатто одамлар орасида: «Татарлар мағлуб бўлибдилар дейилса, ишонмагин!» қабилидаги гаплар тарқаб қолган эди.
Ҳозирги давримизда бошқа Ислом ўлкаларида ҳам қаҳрамонларча курашларни кўрдик. Амир Абдулқодир Жазоирийнинг французларга қарши курашида, амир Абдулкарим Хаттобийнинг испанларга қарши курашида, жасур Умар Мухторнинг италиякларга қарши курашида,  шайх Иззуддин Қассомнинг француз босқинчиларига қарши олиб борган Жазоир инқилобидан ўтиб, инглизлар ва яҳудийларга қарши, саҳюнийларга қарши Фаластин урушларидаги курашларида кўрдик.  

Доктор Ю. Қаразовий
Алоуддин Ҳофий таржимаси

 
« Олдинги   Кейинги »