Уламолар наздида вақтнинг қадри Принтер учун
08.06.2012 й.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيم

 Бу кичкинагина номнинг ўзига гапларни жалб қиладиган катта ва кўп маънолардан иборат тарафлари бор. Фалсафачилар, тижоратчилар, деҳқонлар, хунармандлар, аскарлар, сиёсатчилар, ёшлар-у, қарилар, толиби илмлар-у, илм аҳлларининг ҳар бирлари наздида вақтнинг ўзига хос қадри бор.


Мен сўзимни  толиби илмлар ва илм аҳллари наздидаги “Вақтнинг қадри”гагина хослайман. Бу уринишимдан толиби илмларнинг ҳимматлари сустлашган бугунги кунда азми қарорли ёш илм толиби бўлган ўсмирларнинг ҳимматига туртки ва рағбат бўлишини умид қилдим. Тиришқоқларнинг мақсадлари секинлаб қолиб, илм учун ёниб ҳаракат қиладиган талабларнинг топилиши нодир бўлиб қолди. Зийраклик ва зукколик йўқолиб, дангасалик ва лоқайдлик ҳукм сура бошлади. Бунинг оқибатида илм аҳлларининг сафларида заифлик ва ортта қолиш кўриниб қолди.
Бандаларига Аллоҳнинг неъмати сон-саноқсиздир. Уларни санаб чиқишга ёки идрок қилишга башариятнинг умуман имкони йўқ. Бунга  неъматларнинг кўплиги, бардавомлиги, осонгина эришилиши,  Аллоҳ таолонинг узликсиз бериб туриши ва инсонларнинг уларга турли йўллар билан етишиши сабабдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
“Aгaр Aллoҳнинг нeъмaт(лaр)ини сaнaсaнгизлaр, сaнoғигa етa oлмaйсизлaр. ҳaқиқaтaн, инсoн ўтa зoлим вa жудa нoшукрдир.”  Иброҳим-34

НЕЪМАТНИНГ АСЛЛАРИ ВА ФАРЪЛАРИ

Неъматлар аслий ва фаръий бўлади. Фаръий неъматлар илм, жисм ва мол-мулкдаги кенглик, кечаларни қоим қилиш, Қуръон тиловатини кўпайтириш, Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш каби нафл ибодатларда бардавом бўлиш, юз, қўл ва оёқлардаги фитрий суннатларни муҳофаза қилиш, эркаклар учун жамоат жойларда хушбўй суртиш, бир бирига йўлиққанда қўл бериб кўришиш, масжидга ўнг оёқ билан кириш, ундан чап оёқ билан чиқиш, йўлдан азиятларни олиб ташлаш каби суннат амалларни ва шунга ўхшаш одоб, суннат, мустаҳаб ва баъзи вожибларни бардавом қилишдир. Буларнинг барчаси неъматларнинг фаръларидир. Буларни биладиганлар наздида неъматларнинг фарълари жуда ҳам кўпдир.

НЕЪМАТЛАРНИНГ АСЛЛАРИ

Неъматларнинг асллари ҳам сон саноқсиз, кўпдир. Уларнинг энг аввалгиси Аллоҳ таолога ва унинг ҳузуридан келган нарсаларга иймон келтириш ҳамда У зот буюрган ва вожиб қилган нарсаларда иймон тақозосига кўра амал қилишдир.
Шунингдек саломатлик ва офиятлик неъматларнинг аслларидан бўлиб, қулоқ, кўз, қалб, аъзолар саломатлиги ҳам шулар жумласидандир. Ушбулар инсон ҳаракатининг меҳвари ва ўз вужудидан истифода қилиш тиргагидир.
Илм ҳам неъматларнинг аслларидан бўлиб, ўта катта неъмат ҳисобланади. Инсоннинг тарққиёти, дунёвий ва ухровий саодатларининг барчаси унга боғлиқдир. Илм қандай бўлмасин улкан неъматдир. Уни ҳосил қилиш неъмат, ундан фойдаланиш неъмат, у билан фойда етказиш неъмат, уни сақлаш ва келажак авлодларга етказиш неъмат, инсонлар ўртасида уни ёйиш неъмат ва шулар кабиларнинг барчаси нематдир. Неъматларнинг аслларига мисоллар жуда кўп бўлса ҳам вақтнинг қийматини риоя қилиб узундан узоқ зикр қилмайман.

ЭНГ КАТТА АСЛИЙ НЕЪМАТ

Аслий неъматлардан, балки уларнинг энг буюги ва энг қимматлиси вақтдир. Бу саҳифаларни унинг қиймати ҳақида,  хусусан толиб илм ва аҳли илмларга нисбатан қиймати ҳақида сўзлаш учун жамладим.
Вақт ҳаётнинг умри, инсоннинг борлиқ майдони, унинг даври, боқийлиги, фойда бериши ва фойдаланишининг саҳнасидир. Қуръони карим аслий неъматлар ичида ушбу асл неъматнинг улуғлигига, бошқасидан кўра қадрининг олий эканига  ишора қилган. Вақтнинг қиймати, қадрининг баландлиги ва таъсирининг катта эканига далолат қилувчи бир қанча оятлар келган.

ВАҚТ НЕЪМАТИНИ БИЛДИРУВЧИ ОЯТЛАРДАН НАМУНАЛАР

Ушбу ўринда вақт неъматини билдирувчи баъзи оятларнигина келтириб ўтаман:
Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга бўйсундирган ва анҳорларни сизга бўйсундирган Зотдир. У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди. Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, аноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир. Иброҳим сураси 32-33-34-оятлар.
Ҳа, Аллоҳ таоло кўплаб улуғ неъматлари ичида кеча ва кундуз неъматини ҳам берган. Бу иккиси эса, биз у ҳақида сўз юритаётган вақтдир. Ушбу улкан олам аввал бошидан то сўнгигача вақт бўлиб ўтиб бораверади.
Аллоҳ таоло ушбу буюк неъматни бошқа бир оятда қуйидагича таъкидлайди:
У сизга кечанию кундузни, қуёшни. Ойни хизматкор қилди. Юлдузлар Унинг амри ила хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритгувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.  Наҳл сураси 12-оят.
Аллоҳ таоло оят сўнгида ақл юритувчилар ва тадаббур қилувчиларга мазкур неъматларда улкан белгилар борлигига ишора қилди.
Бошқа бир оятда қуйидагича хабар берган:
Кеча ва кундузни икки белги – аломат қилдик. Кеча аломатини маҳв этдик. Роббингиздан фазл талаб қилишингиз ва йиллар ададини ҳамда ҳисобини билишингиз учун кундуз аломатини кўрсатувчи қилдик. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз. Исро сураси 12-оят.  
Яна бир оятда қуйидагича хабар берган:
Кечаю кундуз, қуёшу ой Унинг оят(белги)ларидан. Бас, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар. Уларни яратган Аллоҳга сажда қилинг. Гар сиз Унгагина ибодат қилмоқчи бўлсангиз. Фуссилат сураси 37-оят.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло замон ва маконнинг ҳам, замону маконга тегишли бўлган барча нарсаларнинг ҳам эгаси Ўзи эканини мадҳ қилиб келтирди. Бу ҳақда бошқа бир оятда қуйидагича хабар берган:
Кеча ва кундузда сокин бўлганлар Уникидир. У эшитгувчи ва билгувчи бўлган Зотдир. Анъом сураси 13-оят.

УМРЛАРИНИ ЗОЯ ҚИЛГАН КОФИРЛАРГА АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ҒАЗАБ ҚИЛИШИ

 Оятларда Аллоҳ таолонинг кофирларга ғазаб билан хитоб қилиши хабари берилган. Чунки улар умрларини зое қилиб, умр бўйи куфрда қолгандилар. Умрларининг узун бўлганига қарамасдан куфрдан иймонга чиқмаган эдилар. Ва ҳолангки Аллоҳ таоло уларга мўл-кўл вақт ва узундан-узоқ умр берган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай хабар берган:
“Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантирувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тортаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир”, (дейилур). Фотир сураси 37-оят.  
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандага берилган умрни унинг насиҳат олиши ва тўғри йўлни топишига асосий сабаб қилди ҳамда иймонга келиш ва эслатма олишга майдон қилиб қўйди. Элчи юбориш ва огоҳлантириш моҳиятини инсонга қарши ҳужжат қилганидек, берилган умрни яъни вақтни ҳам инсоннинг ўзига қарши ҳужжат қилиб қўйди.  
Ҳофиз Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ояти кариманинг тафсирида қуйидагиларни айтганлар: “Яъни, агар ҳақни топишга уринганингизда уни топа оладиган муддат дунёда яшамадингизми? дейилади.” Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Билингларки, узун умр ҳужжатдир, Аллоҳ таолодан узун умр туфайли таънага қолишдан паноҳ сўраймиз.”, деганлар.

ОЛТМИШ ЙИЛ УМР БЕРИЛГАН КИШИГА УЗР УЧУН ЎРИН ҚОЛМАГАНИ

Имом Бухорий “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Аллоҳ таоло ёшини то олтмиш йилгача етказган кишига узр учун ўрин қолдирмади. Бухорий ривояти.  
Имом Аҳмад ҳам “Муснад”ларида қуйидагича ривоят қилганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ Аллоҳ унга умр тўғрисида узр қолдирмабди. Аҳмад ривояти.
Яъни Аллоҳ таоло ушбу узун муддатли умрни унга муҳлат қилиб бериш билан унинг узрини кетказибди ва ўзини оқлашига бирон бир ўрин қолдирмабди.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ВАҚТ БИЛАН ҚАСАМ ИЧГАНИ УНИНГ УЛУҒВОРЛИГИ ВА АҲАМИЯТИНИ БАЁН ҚИЛИШИ ЭКАНИ

Кўплаб оятлар борки уларда ушбу асл неъматнинг улуғворлигига ишора қилинган. Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда турли ўринларида замон билан қасам ичганинг ўзи ҳам буни билишингизга кифоя қилади. У зот замон қийматини билдириш ва аҳамиятини баён қилиш учун кўплаб оятларда вақт билан қасам ичган. Жумладан У зот тун, кундуз, тонг, субҳидам, шафақ, чошгоҳ ва аср вақтлари билан қасам ичган. Қуйидаги оятлар мазкур маъноларни ифодалайди:
Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам. Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам. Лайл сураси 1-2 оятлар.
Ва чекинаётган тун билан қасам. Ва ёришаётган тонг билан қасам.  Муддассир сураси 33-34-оятлар.
Қоронғулиги ила кириб келган кеча билан қасам. Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам. Таквир сураси 17-18-оятлар.
Шафақ билан қасамки. Кечаси ва у ўраб олган нарсалар билан қасамки. Иншиқоқ сураси 16-17-оятлар.
Фажр билан қасам. Ва ўн кеча билан қасам. Фажр сураси 1-2-оятлар.
  Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Зуҳо сураси 1-2-оятлар.
Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир. Аср сураси 1-2-оятлар.
Аллоҳ таоло нима нарсага замон билан қасам ичган бўлса, унинг катта аҳамиятга эга бўлган муҳим нарса экани мулоҳаза қилинади. У зот ўта муҳим бўлган икки иш тўғрисида замон билан қасам ичган. Биринчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар ва душманлар ўйлаганидек Роббиси у зотни ташлаб қўймагани, иккинчиси барча инсоннинг хусрон ва ҳалокатга йўлиқувчи эканини фақатгина иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганларгина бундан мустасно эканини замон билан қасам ичиб хабар берган:
Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ. Зуҳо сураси 1-2-3- оятлар.
Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир. Илло,иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар ва бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир.) Аср сураси 1-2-3-оятлар.
Уммат олими, Қуръон таржимони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо  ушбу оят тафсирида : “Аср бу  вақтдир”  деганлар.

ФАХРИДДИН РОЗИЙНИНГ ВАҚТ ҚИЙМАТИ ВА ШАРАФИНИ БАЁН ҚИЛГАНИ

Имом Фахриддин Розий роҳматуллоҳи алайҳ аср сураси тафсирида қуйидаги маъноларни айтганлар: “Аллоҳ таолонинг аср билан яъни вақт билан қасам ичиши, унда ажойиботлар бўлгани учундир. Чунки хурсандлик ҳам хафалик ҳам, саломатлик ҳам беморлик ҳам, бойлик ҳам фақирлик ҳам барча-барчаси вақт ичида ҳосил бўлади. Ўтаётган умрни бирор бир бойлик билан баҳолаб бўлмайди.
Шундай экан агар сиз минг йилни бемани ишларга сарфлаб зое қилиб юборган бўлсангизу умринггизнинг сўнги дақиқасида тавба қилишга муваффақ бўлиб ўша лаҳзадагина сизга саодат собит бўлган бўлса ва бунинг натижасида сиз абадул-абад жаннатда яшашга эришган бўлсангиз демак сиз учун энг шарафли нарса ўша лаҳзадаги ҳаётингиздир.  Шундай экан вақт асл неъматлар жумласидан саналади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у билан қасам ичган. Кеча ва кундузнинг инсон зое қиладиган фурсат эканига эътиборни қаратган. Вақт ҳеч бир нуқсони бўлмаган холис неъмат бўлгани сабабли макондан кўра шарафли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у билан қасам ичган. Ҳа, хусронга йўлиқувчи айбдор шахс инсоннинг ўзидир.”
Ушбу қараш вақтнинг қийматига ҳамда барча неъматларнинг асли ва улуғи эканига ишора қилувчи оятлар маъноларининг бир тарафи холос.   

ВАҚТ ҚИЙМАТИНИНГ СУННАТИ МУТОҲҲАРОДА КЕЛГАН БАЁНОТЛАРИ

Суннати мутоҳҳарода вақт қиймати ҳақида ёрқин баёнотлар келган. Жумладан Бухорий, Термизий ва Ибн Можалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: кўп инсонлар улардан бебаҳра бўлган икки неъмат бор: соғлик ва бўш вақт. Бухорий ривояти.
Демак вақт буюк неъмат ва улкан ҳадя бўлиб, бундай буюк неъмат бўлган ҳадядан ҳадиси шариф лафзида “кўп инсонлар улардан бебаҳра” дейилишига кўра ўта кам ададдаги бахтли инсонларгина баҳраманд бўлар эканлар. Уларни исроф қилиб бебаҳра қоладиганлар эса кўпчиликни ташкил қилар экан.

ВАҚТГА НАДОМАТ ОБИД ВА ОҚИЛНИНГ НАЗДИДА ҲАЛОК ЭТУВЧИ НАДОМАТДИР

Имом Ибн Қайюм роҳматуллоҳи алайҳ “Мадарижус соликийн” номли китобларида вақтни қизғаниш ва унинг кўп ишларни ўз ичига қамраб олиши ҳақида сўз юритиб жумладан қуйидагиларни баён қилганлар: “ ўтиб кетган вақтга надомат чекиш ҳалок этувчи надоматдир. Чунки ҳар бир вақт тез ўтиб кетадиган, қадри баланд, қайта келмайдиган фурсатдир. Вақт обид инсон наздида ибодат ва вирдлар вақтидир. Мурийднинг наздида эса у Аллоҳ таолога юзланиш, Унинг ҳузурида жамланиш ва бутун қалби билан батамом Унга берилиш вақтдир. Шунинг учун вақт унинг наздида энг азиз нарсадир. Обид ҳам мурийд ҳам вақтини ўша нарсаларсиз ўтказиб юборишига қаттиқ қизғонади. Агар вақт ўша нарсаларсиз ўтиб кетса, энди унинг ўрнини тўлдириш имкони бўлмайди. Чунки кейинги келган вақт ўзига хос вазифага ҳақлидир. Ўтказиб юборилган вақтнинг ўрнини тўлдириш асло мумкин бўлмайди.
“Ҳалок этувчи надомат” деган сўзларининг маъноси шуки, ўша надоматнинг асари худди ўлдиришга ўхшайди. Чунки ўтиб кетган нарсанинг ҳасрати ҳалок этувчи ҳасрат бўлади. Айниқса ҳасрат чекувчи уни тўлдиришга йўл йўқлигини билса. Шунингдек, вақтни ўтказиб юборганига надомат чекиб ўтиришининг ўзи ҳам яна бошқа бир вақтни ўтказиб юборишдир. Худди, “ўтган вақтга надомат чекиб ўтириш ҳозирги вақтни зое қилишдир” дейилгани каби. Шунинг учун ҳам “вақт қилич кабидир, агар сен уни кесмаган бўлсанг у сени кесибди” дейилган.  
Вақт зотан тез тугайдиган ва тўхтамасдан доимий ўтиб турадиган нарсадир. Кимки  унга беэтибор бўлса, вақтлари беҳуда ўтиб кетади, ўтказиб юборган имкониятлари кўпаяди ва ҳасратлари кучайиб боради. Айниқса имконини бой бериб бўлганидан кейин зое қилган нарсаларининг миқдорини билса қай ҳолатга тушиб қолади? олдинги ҳолатига қайтишга уринади аммо у билан қайтиш ораси тўсилган бўлади. Ўтказиб юборган нарсаларини қайта қўлга киритиш учун изланади, аммо кечаги кун бугунги янги кунга қандай қайтарилсин?
Энди, узоқ бир макондан қўллари қандоқ етсин?! Сабаъ сураси 52-оят.     
Вақтга беэтибор кимса ўзи яхши кўрадиган ва хоҳлаган нарсаларидан маҳрум бўлади ва биладики, ўзининг қўлга киритган нарсалари оқил киши қўлга киритиши лозим бўлган нарсалар эмас экан. У билан истаётган нарсалари ораси тўсилган бўлади.
Во ҳасрато, ундек нарсани қайтаришга йўл йўқ
Агар қайтарилганида қайғуриш аҳамиятсиз бўларди.
Барча келувчиларнинг заволи тездир
Булутларданда тезроқ ўтарлар.  
Вақт ўзидаги нарсалари билан бирга ўтиб кетади. Сизга фақатгина унинг асари ва ҳукми қайтади. Ўзингиз учун ўтказган вақтингиздан нима қайтишини танланг. Ўша нарса албатта сизга қайтади. Шунинг учун ҳам жаннатда саодатли зотларга қуйидагича хитоб бўлади:
Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин.  Ал-Ҳааққоҳ сураси 24-оят.
Дўзахда азобланаётган бадбахтларга эса шундай дейилади:
Мана шулар ер юзида ноҳақдан шодланиб юрганингиз ва кибру ҳавога берилиб юрганингиз учундир. Ғофир сураси 75-оят. (“Мадорижус соликин” китобидан бир оз қисқаририш билан олинди.)
Барча манфаатлар вақтдан келиб чиқар
Ким уни зое қилса ҳеч қачон тўлдиролмас.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан таржима
Сидиқметов Қудратуллоҳ
ва Пардаев Абдулқодир таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz