Зумар сураси, 54-61 Принтер учун
05.06.2012 й.
islom.uz
54. Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас.

«Азоб келиши»ни ўлим соати етиши деб тушуниш лозим. Яъни, ўлим соати етгунча одам тавба қилиб Аллоҳга қайтиши, иймонли бўлиб, яхши амаллар бажариши ва ёмон амаллардан четланиши керак. Аллоҳ таолога буткул таслим бўлиб, ўзини Унга топшириши лозим. Бундай одам, албатта, гуноҳ ишлардан тийилади.
 Аммо ўлим кўзига кўринганда қилинган тавба қабул бўлмайди, сўнгги дамда келтирилган иймон фойда бермайди.
«Сўнгра сизга ёрдам берилмас».
Азоб(ўлим) келгандан сўнгра сизга ҳеч қандай ёрдам берилмайди.

55. Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Роббингиздан сизга туширилган энг гўзал нарсага эргашинг.
Эй одамлар, фурсат борида ўзингизни ўнглаб олинг. Эсингизни йиғиб олинг. Турли-туман бўлмағур тузум ва таълимотларга эргашиб залолатга кетманг.
«Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин...»
Тўсатдан, сездирмай келиб қоладиган ўлим бошингизга етмасидан олдин...
«...Роббингиздан сизга туширилган энг гўзал нарсага эргашинг».
Аллоҳ таоло сизни икки дунё саодатига эриштириш учун туширган Қуръони Каримга эргашинг. Қуръон Аллоҳ бандаларига туширган илоҳий китобларнинг энг гўзалидир. Ушбу энг гўзал нарсага эргашмай, нимага эргашасиз?!

56. Жон: «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Тўғриси, мен масхара қилгувчилардан бўлган эдим», демасидан олдин...
57. Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлар эдим», демасидан олдин...
58. Ёки азобни кўрган чоғида: «Агар менга яна бир марта ортга (дунёга) қайтиш бўлганида, гўзал амал қилгувчилардан бўлар эдим», демасидан олдин...
Аллоҳга тавба қилинг, унга бутунлай таслим бўлинг ва Қуръонга эргашинг. Ҳа, фурсат борида тавба қилиб, Аллоҳга қайтинг. Тўла-тўкис мусулмон бўлиб, Қуръонни ҳаётингизнинг барча соҳаларига татбиқ қилинг. Яна, эртага бошингизга азоб келганида:
«Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин», деб қолманг.
Аллоҳнинг ваҳдониятига ишонмай, Унга куфр ва ширк келтириб юрганингизга фсус чекиб қолманг. Аллоҳнинг динига юрмай, Унинг шариатига амал қилмай юрганингизга пушаймон еб қолманг.
«Тўғриси, мен масхара қилгувчилардан бўлган эдим», демасингиздан олдин тавба қилиб, мусулмон бўлиб, Қуръонга эргашинг. Яна, эртага бошингизга азоб келганида, тўғрисини эътироф этай, мен вақтида тавба қилгин, деганларни масхаралаган эдим, деб қолманг. Тўғрисини эътироф қилай, мен Қуръонга эргаш,  деганларни масхара қилувдим, деб қолманг.
Ҳа, фурсат борида тавба қилиб, Аллоҳга қайтинг. Тўла-тўкис мусулмон бўлиб, Қуръонни ҳаётингизнинг барча соҳаларига татбиқ қилинг. Яна, эртага бошингизга азоб келганида:
«Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлар эдим», деб надомат қилиб қолманг.
Аллоҳ кўрсатган ҳидоятга юрмаганингиз учун ўзингизни ўзингиз койиб юрманг. У вақтда қилган надоматингиз, ўзингизни ўзингиз койишингиз ҳеч фойда бермайди.
Ҳа, фурсат борида тавба қилиб, Аллоҳга қайтинг, тўла-тўкис мусулмон бўлинг. Яна эртага:
«Азобни кўрган чоғида: «Агар менга яна бир марта ортга (дунёга) қайтиш бўлганида, гўзал амал қилгувчилардан бўлар эдим», деб афсус чекиб юрманг. Охират азобини, ўлим талвасасини кўргандан кейинги надоматлар фойда бермайди. Ҳақ калом етиши билан дарҳол тавба қилиш, Аллоҳга тўла-тўкис таслим бўлиш ва Қуръонга эргашиш керак.
Фурсат ўтганидан кейин надомат қилганларга Аллоҳ таоло:

59. «Йўқ! Батаҳқиқ, сенга Менинг оятларим келди. Бас, сен уларни ёлғонга чиқардинг, мутакаббирлик қилдинг ва кофирлардан бўлдинг!» дер.
Эй кофир! Эй мушрик! Эй осий!
«Йўқ!»
Айтаётган гапларинг ҳаммаси ёлғон. Сен азобни кўрганингдан сўнг ноилож қолиб, дўппинг тор келганидан айтмоқдасан бу гапларни. Агар сенинг ниятинг тўғри бўлса, у дунёда яхши ишларни қилишинг мумкин эди. Сенга қулай фурсат берилган эди. Ўйлаб кўр. У дунёда:
«Батаҳқиқ, сенга Менинг оятларим келди».
Сен уларни эшитдинг. Уларнинг хабари сенга етди. Сен уларга иймон келтириб, амал қилишинг керак эди.
«Бас, сен уларни ёлғонга чиқардинг...»
Бу оятлар ёлғон, дединг. Уларга ишонмадинг. Уларга иймон келтиришдан:
«...мутакаббирлик қилдинг ва кофирлардан бўлдинг!»
Шунинг учун ҳозирги надоматингга ишонилмайди. Сен ортга ҳам қайтарилмайсан. Албатта, жазоингни оласан.
Шу ўринда ҳар бир мухотаб учун қиёмат куни манзаралари васф этилади:

60. Қиёмат куни Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзлаганларни кўрсанг, юзлари қоп-қорадир. Ёки мутакаббирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!
Бу дунёда Аллоҳ таоло ҳақида ёлғон гапларни гапириб, У зотни йўқ деб, шериги бор деб, турли нолойиқ сифатлар билан сифатлаб, тавҳидини инкор қилиб юрган кимсаларнинг ҳолини қиёмат куни бир кўрсанг эди! Ўзлари йўлиққан азобларнинг кўплиги ва шиддатидан уларнинг «юзлари қоп-қора» бўлади.
Ҳа, азобнинг кучидан, жаҳаннам оловининг шиддатидан ва халойиқ олдидаги шармандаликдан юзлари қоп-қорайиб кетади. Бундай ҳолга тушишларига ўзлари сабабчидирлар. Улар ёруғ дунёда иймонга келмадилар, Қуръонга эргашишдан бош тортдилар.
«Ёки мутакаббирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!»
Албатта, уларнинг жойи жаҳаннамдадир!
Ўша даҳшатли кунда Аллоҳ таоло тақводорларга нисбатан тамоман бошқача муносабатда бўлади:

61. Аллоҳ тақво қилганларга ютуқлари туфайли нажот берур. Уларга ёмонлик етмас ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
Қиёмат кунида Аллоҳ таоло бу дунёдан тақво билан ўтган бандаларига иймон ва Ислом йўлидаги ютуқлари туфайли нажот беради. Турли ноқулайликлардан сақлайди.
У кунда:
«Уларга ёмонлик етмас...»
 Фақат яхшилик, мукофот ва хурсандчиликлар етар.
 «...ва улар хафа ҳам бўлмаслар».
Жаннатга, Аллоҳнинг розилигига эришганлар ҳеч қачон хафа бўлмайди. Бу ишларнинг бўлиши аниқ.
 
« Олдинги   Кейинги »