Қоннинг икки қўриқчиси Принтер учун
23.04.2012 й.
“Қуръонни замон тафсир қилади”, деган машҳур ибора умматнинг донишманди Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога тегишли эканлиги айтилади. Албатта бу воқеаликдан узоқ бўлмаган гапдир. Қуръони карим қиёматга қадар ҳар бир замоннинг пешқадамларига ўзининг ҳақ калом эканлигини исботлаб боради. Аслида Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ҳидоят манбаи ўлароқ нозил қилинган. Бу калом мутлақ ҳақиқатдир. Бизнинг ҳаётимиздаги ўзгаришлар, илмий изланишлар ва кашфиётлар эса нисбий ҳисобланади. Шу жиҳатдан қадимги  ва ҳозирги уламоларимиз мутлақ ҳақиқат бўлган Қуръони карим оятларини нисбий илм-фан билан исботлаш мақтовга сазовор иш эмас, дейдилар. Чунки илм-фан кеча инкор қилган нарсасини  бугун исбот қилиб, эртага эса бугунги исботни инкор қилиб тураверади.

Аммо Қуръони каримни тафсир қилувчи ҳар бир олим ўз даври ва маълумотлари асосида тафсир қилганлигини, яна асл ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи билишилигини эътироф этади.
Биз ҳам қуйидаги мақолада ўзимизга етиб келган маълумотлар асосида бир оятнинг далолатига ишора қилдик. Аммо бу билан мутлақ ҳақиқатни топдик, деб даъво қила олмаймиз. Мақолада келтирилган Ислом уламолари ва муфассирлар сўзи асосдир, кашф қилинган илмий гаплар эса қўшимча, аввалгисини тўлдириб келиши мумкин деган маънода келтирилади.
Зеро илм эгаси Аллоҳдир, У ўзи хоҳлаган бандасига уни ато қилади.
Қавминг уни ёлғонга чиқарди. Ҳолбуки у ҳақдир. Сен:«Мен сизларга вакил эмасман. Ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни биласизлар», деб айт. ”, дейилади Қуръони каримда. (Анъом сураси, 66-67-68 оятлар)

Қуйида олимлар 70 йил олдин кашф қилган кашфиёт ҳақида сўз боради. Бироқ бу кашфиёт ўша вақтлар катта шов-шувга сабаб бўлмаган эди, чунки муаллифлар ўз кашфиётларини Қуръони карим билан алоқадор жойини кўра олишмаган эди.

Бу қандай кашфиёт экан ва унинг Қуръон билан қандай алоқаси бор?

Инсон организмида каротид тугунчалар (каротидные клубочки) деб аталувчи нарса бор. Тариқ донга ўхшаш бу майда таначалар маълум бўлишича, инсон организмининг ўта муҳим қисми бўлиб, унинг функцияларини бажаришда катта аҳамиятга эгадир.
Инсонда бундай тугунчалар иккитадир. Уларнинг ҳар қайсиси қоннинг мияга ўтиш жойида, уйқу артерияси (каротис) бўлинган жойда жойлашган. Ўттизинчи йилларнинг ўзидаёқ белгиялик олим К. Гейманс уларнинг қондаги кислород таркиби ўзгаришига ўта сезгирлигини пайқаган.
Қирқ йилдан ошиқ вақт ичида И.П.Павловнинг шогирди Сергей Викторович Аничков фармакологик лабораторияда каротид тугунчалар устида тадқиқот олиб борган. Бу зарра таначалар нимаси билан уни қизиқтирди экан-а?
Аничков ўзининг дастлабки тадқиқотларида тугунчаларнинг ғайри оддий “ҳаёт кечириши”га эътиборини қаратди. Уларга гипоксия (кислородга тўйинмаслик) келтириб чиқарадиган турли заҳарли (токсинли) моддалар билан таъсир қилиб кўришди. Одатда бундай ҳолда барча тўқималар кислород камлигидан қийналади, улар ўз вазифаларини бажаришда хунобликка дуч келишиб, ишдан чиқа бошлашади. Мазкур тугунчалар эса кислород йўқота бошлаганидан тирила бошлашган. Уларни сероводород билан “бўғиб” кўришди, улар эса янада ғайрат билан ҳаракат қилишди, цианийли калий билан заҳарлаб кўришди, улар эса янада фаоллашиб кетишди. Уйқу артерияси (жон томири) бўлинган жойига ёпишиб олган бу кичкина таначалар гўё организмга бошқа дунёдан келгандек ўзларини тутар эдилар: улар бошқа барча орган ва тўқималарнинг антиподига ўхшаб ҳаракат қилишади. (Қаранг: Т.Кутузова, "Тайны каротидных клубочков", — "Наука и жизнь" журнали, 1975г., №5, стр. 97).
Т. Кутузованинг асари давомидан каротид тугмачалар аслида қонни таҳлил қилиб,  уни ўқишини ҳамда унинг кимёвий таркибидаги озгина ўзгаришига ҳам ва ҳар қандай қаттиқ ҳаяжон (стресс), одамнинг ички кечинмаларига ҳам бефарқ эмаслигини билиб оламиз.
Қуръони каримда:
Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз. Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида  ҳозиру нозир борлар”, дейилган. (Қоф сураси, 16-18)
Ушбу ояти каримадаги икки кутиб олувчидан мурод, мусулмон инсон иймон келтириши керак бўлган, инсоннинг яхшилик ва ёмонликларини ёзиб турувчи икки фаришта эканлигини муфассирлар айтиб ўтишган. Аммо моддий ўлароқ Қуръони каримдаги ушбу оят маъноси билан каротид тугунчалар таърифи ўртасида қандайдир боғлиқлик борга ҳам ўхшайди. Бироқ уларни батафсил қиёс қилишдан олдин – каротид тугунчалар таҳлил қиладиган инсон қони нима ўзи, деган саволга жавоб топишимиз керак бўлади.
Эски Аҳдга мурожаат қиламиз. Худо Нуҳ пайғамбар ва унинг ўғиллари  билан аҳд тузаётганида уларга айтади:
“Ўтни ва сабзавотларни сизларга емиш қилиб берганим сингари, ҳамма тирик жонзотларни ҳам сизлар учун емиш қилиб бераман. Лекин этни қони билан емайсизлар. Қонда жон бўлгани учун, Мен буни таъқиқлайман”. (Ибтидо 9: 3-5)
Мана бу ерда эса Худо Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилади:
“Агар Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси қони чиқарилмаган гўштни еса, Эгамиз қон истеъмол қилган ўша одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юборади. Зотан жонзотнинг жони унинг қонидир...” (Левилар, 17:10-11).
Шундай қилиб, яҳудий ва насронийларнинг муқаддас китоблари таъкид оҳангида ҳар нарсанинг жони унинг қонида деб айтади. Таврот ва Инжилнинг инсонлар томонидан ўзгартириб юборилганлиги маълум бўлсада, улардаги айрим маълумотлар Қуръони каримдаги оятлар билан уйғун келади. Шунинг учун мусулмонлар Таврот ва Инжилни мутлақ инкор ва мутлақ тасдиқ қилмайдилар. Чунки булар ҳам Аллоҳнинг каломи бўлиб, уларда ўзгармай қолган оятлар ҳам бордир. Лекин айнан қайси оятлар ўзгариб ёки ўзгармаганлигини ҳеч ким билмайди.
Қуръони карим ҳам қон ейишликни ман қилади:
Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз. Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди”. (Бақара сураси, 172-173 оятлар)
Қон билан ўтказилган кўплаб тажрибалардан тирик организмлар қони ҳақиқатдан ҳам уларнинг рефлекслари, ҳис-туйғу, сезгилари, тажрибалари ва ҳоказолари сақланадиган жой, яъни “жон” (нафс десак тўғри бўлади- таржимон) деб аталадиган нарсанинг макони эканлиги маълум бўлади.
Қуръони каримда чуқур маънога эга бўлмаган ҳеч бир сўз йўқдир. Чунки бу Аллоҳ таолонинг каломидир! Шунинг учун “Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз” деган ибора адабий (метафора) истиора эмас, балки бу  “нафси нимани васваса қилишини” билиб турувчи, яъни  “икки кутиб олувчи”нинг моддий маънодаги инсон организмида жойлашган жойига аниқ ишорадир. Эсимизда бўлса олимлар айнан уйқу артерияси (каротис)  ёки жон томиридан инсон қонини таҳлил қиладиган жуда кичкина иккита тугунчани топишган. Ажойиб ўхшашликка қаранг-а!?
Юқорида таъкидлаганимиздек, Қуръон оятларининг маъноларидаги мутлақ ҳақиқатни топишга муваффақ бўлдик, деб айта олмаймиз. Зеро бундай дейишлик мақомида ҳам эмасмиз. Аллоҳ таолонинг:
Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин”, деган ояти бизни юқоридаги тушунчага келишимизга сабаб бўлди. (Фуссилат сураси, 53-оят)
Балки, каротид тугунчалари бизнинг “ўзимизда”, яъни инсон организмида  кўрсатилган Аллоҳ таолонинг оят-белгиларидан бири эмасмикан?!.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Қоф сурасининг 16-18 оятларига қуйидагича тафсир ёзганлар:
Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз”.
Бирор асбоб ва ёки буюмнинг устаси ундаги энг майда икр-чикрларигача яхши билади. Унинг хусусиятларини, афзалликларини, шунингдек, камчиликлари-ю нуқсонларини ҳам яхши билади. Ҳолбуки, у яратувчи эмас. У бор йўғи мавжуд нарсаларни бир-бирига қўшиб, улаб, кесиб, ўйиб ясайди. Яратувчи эса йўқдан бор қилади.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло:
«Албатта,  инсонни Биз яратганмиз», деб таъкидламоқда.
Демак, яратувчи яратган нарсанинг ҳамма тарафини мукаммал билади. Шу билишни Аллоҳ таоло инсоннинг энг нозик жойларидан бирини тилга олиш билан билдирмоқда:
«Ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам биламиз».
Нафснинг васвасаси инсоннинг ҳаёлида кечади, унинг жараёнини ташқаридан ҳеч ким билмайди.  Аллоҳ таоло ўшандай махфий нарсани ҳам билиб туришини зикр қилар экан, инсоний ўлчовда  ундан бошқасини билиш Унга ҳеч гап эмаслиги тушунилади.
Инсон ҳар доим, ҳар лаҳза Аллоҳнинг чангалида, Унинг сергак кузатиши остида туришини билидириш учун Аллоҳ оятнинг охирида:
«Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз», дейди.
«Жон томири» деганда қон томирини тушунамиз. Инсон шуни тўла ҳис қилиб олса, ҳар бир ҳаракати, гапи, сўзи Яратганни рози қилиш учун бўлиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолади. Ҳеч бир гуноҳга, ҳаром ишга яқинлашмай қўяди. Доимо ҳушёр сергак яшайди. Лекин инсонни кузатиш, унинг ишларини ҳисоб-китоб қилиш бу билан тугамайди. Балки яна бошқа қўшимча кузатиш ҳам бор. Инсон доимо, қаерда бўлмасин, вакил қилинган икки фариштанинг назоратида бўлади. Улар инсондан содир бўлаётган гап-сўз ва амалларни зудлик билан ёзиб борадилар.
Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида  ҳозиру нозир борлар”.
Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи», дейилмоқда.
«Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар».
Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида  ҳозиру нозир борлар».
Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назаридан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.
Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмасдир. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки, аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг ҳаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталарнинг ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор: қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган намои аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса, ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишга, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига боис бўлади.
Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.
Алий ибн Абу Талҳа  Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. У:
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида  ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида:
«Инсоннинг ҳар бир яхши ёмон гапи, ҳаттоки, едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим кабилари ҳам ёзиб борилади. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади. Яхшилик ва ёмонликлари қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», дейди.
Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда  ва чапда ўтирган ҳолда» оятини ўқиб туриб:
«Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади. Озми, кўпми нимани хоҳласанг қилавер. Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» деган экан.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан:
«Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилару дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунича инграмаган эканлар.

Хулоса

Кўриб ўтганимиздек, Қуръони каримнинг оятлари инсоният учун ҳидоят кўрсатмасидир. Дунёнинг етакчи олимларидан бири инсоннинг асаб тизимига оғриқнинг ахборотини етказиб берувчи аъзолари унинг терилари орасига жойлашганини, қачон терилар куйиб битса ёки тамоман шилиб олинса, ундан кейин инсон оғриқни сезмай қолишини кашф этганини эълон қилган эди. Унга, сиз кашф қилган ҳақиқат Қуръони каримда бундан 14 аср олдин очиқ-ойдин айтилган, дейилганда, олим ажабланган ва ояти каримани ўз тилида ўқиб тушунгач мусулмон бўлган эди. Ушбу оят Нисо сурасида келган:
 “Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритамиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир”. (Нисо-56).
Бу ояти каримадан олинадиган хулоса нима бўлиши керак? Қуръони каримда тиббий ҳақиқатлар баён қилинган экан, деб ажабланиш керакми? Дунёнинг етакчи олимларини Қуръони карим лол қилиб қўйди, дея фахрланиш керакми? Албатта, ушбу ояти каримадан олинадиган асосий ва бирламчи хулоса, оятларига  куфр келтирмаслик, дўзахга олиб борувчи йўллардан сақланиш лозимлигидир. Хуллас калом Қуръони каримга иймон келтириб яшаш, буюрганини қилиб, қайтарганидан сақланиш керак. Бу эса асосий ва бирламчи мақсаддир. Замон эса нақадар юксак тараққиётга эришмасин, доим Қуръони каримга эҳтиёжи борлигини ҳис қилиб тураверади.

Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, у унга очилган ҳолда рўбарў бўлур. Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)”. (Исро сураси 13-14)

Абу Муслим тайёрлади
Масъул муҳаррир: Аброр Мухтор Алий
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz