Cаломатлик – туман бойлик Принтер учун
06.04.2012 й.
Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда, тана аъзоларини мутаносиб ва кўркам қилиб яратган ҳамда унинг Ер юзида фаровон ва қийинчиликсиз яшаши учун жуда кўп неъмат ва қулайликларни ато этиб қўйган. Инсонга берилган неъматлар шу қадар кўпки, ҳатто уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.
Инсонларнинг соғлом, тана аъзолари бут яратилгани ҳам Парвардигорнинг уларга ато этган неъматларидандир. Инсонлар барча нарсада бўлгани каби касалликдан тезроқ тузалишда, дардларига шифо излашда ҳамиша Аллоҳ таолога муҳтождирлар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Эй, инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, албатта, Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ зот)дир”.
Ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳим, соғлиқдан кўра кўпроқ эътибор бериладиган нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун кишилар хасталиклардан сақланиш, саломатликларини асраш ва мустаҳкамлаш учун куч-ғайрат, маблағ ва вақтни аяшмайди. Бунда турли муолажа усуллари, спорт ва бадантарбия машқларидан ҳам, Аллоҳ яратиб қўйган турли шифобахш неъматларни истеъмол қилишдан ҳам, тез-тез шифокор ва табиблар қабулида бўлиб, улардан маслаҳат ва тавсия олиб туришдан ҳам эринишмайди.
Булар бежизга эмас. Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга аввало соғлиқ керак. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дуо ўргатишни сўраганларида, Пайғамбаримиз: «Аллоҳдан авф ва офият тилагин. Зеро, У ҳеч кимга қатъий иймон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзалроқ неъмат ато этмаган», деган эканлар.Офият бу – танларимиз соғлиги, ризқларимиз мўллиги ва турли хавф-хатарлардан омонликдир. Ҳасан Басрий айтадилар: «Ёмонликлардан холи яхшилик, бу-шукри адо этилиши лозим бўлган офиятдир».
Лекин саломатлик, бойлик ва офиятнинг қадри кўпинча улар ўртадан кўтарилгандан сўнг билинади. Ўз вақтида сиҳат-саломатлигимизнинг қадрига етиб хайрли амаллар қила олмаймиз, ибодатларимизни мукаммал қила олмаймиз. Бойлик келган вақтда унинг шукрини адо қилиш ўрнига, кибр ва манманлик отига минамиз. Набий (алайҳиссалом) айтганларидек: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”.
Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлиқ ҳақида қанчалик қайғуришмасин, бу йўлда нечоғли фидокорлик кўрсатишмасин, ҳар вақт, ҳар қачон  батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ. Бирорта одам ўзини ҳамма жиҳатдан «соппа-соғман» деб ҳисоблай олмайди, «менинг ҳеч қандай касалим йўқ», дея баралла айта олмайди. Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтадилар:
“Аллоҳ кимгаки яхшиликни истаса, унга мусибат беради”.Яна бир ривоятда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) шундай марҳамат қиладилар: Мўминга нимаики касаллик, машаққат, ташвиш, қайғу ва озор етса, ҳатто унга тикан кирса ҳам албатта Аллоҳ шу сабабли унинг гуноҳларини ўчиради. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ушбу ривоятлардан бизларга етадиган касалликлар мутлақ зарар эмас балки фойдамизга бўлиши очиқ-ойдиндир. Чунки, касаллик туфайли мусулмон киши ўзининг ожизу нотавон бир банда эканлиги, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг иноятига муҳтож экани ёдига тушади. Аллоҳга илтижо қилиб, шифо ва енгиллик сўрайди. Аллоҳга убудияти кучаяди. Сабр қилади. Натижада кўп яхшиликларга эришади.
Шундай экан бирор касалликка чалинган кишилар ранжимасдан, жазавага тушмасдан буни Аллоҳнинг синови ва неъмати деб билишлари мақсадга мувофиқдир.
Лекин айримлар назарида хасталик ва дард  гўё Яратганнинг ғазабига учраганлик белгиси саналади. Касал бўлган киши буни Аллоҳнинг бир балоси ва жазоси сифатида қабул қилади. Танасини дард-оғриқ чирмай бошлаши билан дарров: «Эй Худойим, Сенга нима ёмонлик қилувдим, нега мени беморлик билан  азоблаяпсан?» деб нола-фарёд чекишга, ношукрлик қилишга тушади.
Аслида эсадард Яратганнинг мўмин бандага юборган бир неъмати, имтиҳонидир. Чеккан дарди туфайли унинг гуноҳлари кечирилади, амаллар китобига катта савоблар ёзилади, охиратдаги мартаба-мақоми юксалтирилади. Дард ёрдамида танадаги ортиқча ғубор ва зарарли моддалар ташқарига чиқади, ҳужайралар янгиланади, кўпгина аъзоларнинг ишдан чиқа бошлаган ёки мароми бузилган фаолияти қайтадан изга тушади. Дард чекиш туфайли инсон Яратганни кўпроқ эслашни бошлайди, Унга янада яқинлашади, саломатликнинг қадрига етадиган бўлади. Хасталик ўлимни, охират дунёсини инсоннинг кўз олдига келтириб қўяди. Лубнонлик атоқли ёзувчи Жуброн Халил Жуброн «Оғриқ – хаста қалбингиз шифо топиши учун Хозиқи Табиб юборган аччиқ доридир», деган.
Агарда дард ва хасталик фақат ёмон одамларга берилганда пайғамбарлар умуман оғримаган, бирон дардга чалинмаган бўлардилар. Ҳолбуки, касалликларнинг ҳам, машаққатларнинг ҳам, мусибатларнинг ҳам оғири пайғамбарларга берилган. Ҳадиси шарифларда “Одамлар ичида энг қаттиқ балоларга анбиёлар йўлиқадилар, ундан кейин қаттиқ синовлар уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади” дейилади.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни “Мен сизлардан икки киши оғригандек оғрийман”, деган эдилар. Ҳолбуки, Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башарият саййиди, анбиёлар хотами, Раҳмоннинг халилидирлар.
Демак, касалликни асло ёмонлик сифатида эмас, балки ортидан кўп яхшиликлар ва неъматлар эшигини очиб берадиган Аллоҳнинг бир синови ва неъмати деб қабул қилиш лозим экан.
Шунингдек Касаллик бой билан фақир ўртасини ажратмайди. Агар касаллик фақат фақирлик ёки муҳтожлик сабабли яхши тўйиб овқатланмасликдан бўлганда эди, касаллигу-дардлар фақат фақирлар олдида  тўхтаган бўлар вабадавлатлар эса бундан халос бўлишган бўлар эди. Лекин касаллик, ҳақир билан обрўлини фарқламайди. Унинг учун барча инсонлар тенгдирлар.
Агар Аллоҳ таоло азоб ва аламларни яратмаганда эди, неъмату-марҳаматларга эришганлар, у неъматларни қадрини билмаган ва кўпгина ато этилган яхшиликларнинг қадрига етмаган бўлишар эди., Аллоҳ таоло кўпгина қарама-қаршиликларни яратдики, улар сабабли неъматлар қадри англанади. Агар тун бўлмаганда кундузнинг қадри билинмас, агар касаллик бўлмаганда соғлик-саломатликнинг қадри сезилмас, фақирлик бўлмаганда бойликнинг нафи кўринмас, дўзах бўлмаганда жаннат қадри англанмас эди. Аҳли жаннатнинг сурури, дўзах аҳлининг аламлари ҳақида тафаккур қилишган чоғларида зиёдалашиб кетади. Шунинг учун ҳам жаннат аҳлига дўзах аҳлининг азобланишларини кўрсатиб турилишини неъмат деб санаса ҳам бўлади.
Киши ҳаёти давомида неъматлар ва балоларга рўбарў қилинади. Қанчалар балою мусибатлар борки, у инсонга неъмат сифатида етади. Баъзида банда учун фақирлик ва касаллик неъмат бўлиши мумкин. Чунки у инсон агар соғлом бўлса ва мол-дунёси ортса, ношукрлик қилиши ва туғёнга кетиши мумкин. «Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлар эдилар.» (Шуро 27).

Касаллик фойдалари

Аллоҳ таоло бу коинотда мутлақ ёмонликни, мутлақ зарарни яратмаган, валлоҳу аълам. Ҳар бир зарарли нарсада фойдали томонлари ҳам бўлади. Етарки, инсон ўша “зарар”дан фойда чиқаришни билиши керак. Машҳур америкалик руҳшунос ва ёзувчи Дейл Карнеги:“Агар ҳаёт сенга лимон тақдим қилса, ундан ширин бир ичимлик - лимонад тайёрлаб ич”, дейди.Ёзувчи бу ўринда “лимон” сўзи билан кишига ёқмайдиган аччиқ бир ҳолат, мусибатни назарда тутган. Чунки, чет элда лимон меваси ўта тахир ва нордон бўлади. Лимоннинг ўзини ейиш қийин ва ёқимсиз. Лекин унга озгина шакар ва сув аралаштирилса, ундан лаззатли бир ичимлик пайдо бўлади. Руҳшунос нима демоқчи бўлади? У айтмоқчики, агар сен ҳаётингда қандайдир мусибатга рўбарў бўлсанг, ғам-қайғуга ботиб, ҳаётингни барбод қилма, чунки, ҳаётда унинг ширин дамларини тахир қиладиган нарсалар учраб туради. Бу табиий ҳол. Лекин, сен ўзингга етган мусибатдан сабоқ ол. Ундан фойдалар чиқар, мусибатингни саодатга айлантир, демоқчи бўлади.
Мусибатнинг фойдалари ҳақида Исломдан хабари бўлмаган бир руҳшунос гапирмоқда, ҳолбуки, биз мусулмонлар бу нарсани ундан яхшироқ билишимиз ва англашимиз лозим эмасми?!.. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, қуйида касалликнинг фойдалари ҳақида мухтасар суҳбатлашамиз, зеро касаллик ҳам мусибатдир. Араб тилида мусибат деб кишига тўсатдан етадиган нохуш ҳолатга айтилади. Шу маънода касалликни ҳам мусибат дейишимиз мумкин.  
1. Касалликнинг фойдаларидан: нафснинг ислоҳ бўлиши ва ёмонликва гуноҳлардан покланишига сабаб бўлиши .
«(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур». (Шуро 30). Агар бандага мусибат етса, у : «Бу ўзи қаердан келиб қолди? Ким бу дардни менинг бошимга солди?» демасин. Мусибат гуноҳ туфайлигина етур ва бунда хушхабар ва огоҳлантириш бордир. Тузукроқ уйлаб қарасак, дунё мусибатлари гуноҳларимиз учун тортаётган уқубатларимиз, холос. Бир ҳадисларида Пайғамбаримиз: «Мўмин кишига аҳлида, молида, фарзандларида балою-офатлар устма-уст кела бошлайдики, шулар туфайли гуноҳлари кечирилганидан, Аллоҳга ҳеч қандай хатоси қолмаган ҳолда рўбарў бўлади»,- дедилар. Салафларимиз айтишган экан: «Агар дунё мусибатлари бўлмаганда эди, қиёматга ҳеч вақосиз (яъни ҳеч қандай савобларсиз) борган  бўлар эдик».
2. Охиратда, кишига етган касалликдан кўра бир неча баробар лаззат ва сурурни келтириши.   Агар бандага касаллик ёки мусибат етса ва у Аллоҳга ҳамд айтса, у умид қилаётган савобни устига, унга жаннатда «ҳамд уйи» деб аталган бир уй бино қилинади. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Пайғамбаримиз дедилар: «Одамлар қиёматда бало аҳлига берилаётган савобни кўрганларида, дунёда терилари қайчилар билан қиймаланган бўлишини орзу қилиб қоладилар»  (Термизий ривояти)
3. Аллоҳнинг беморга яқин бўлиши. Бу эса хос яқинликдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дейди: «Эй Одам боласи! Фалончи бандам касал бўлди, кўргани бормадинг, агар борганингда  уни ҳузурида Мени топган  бўлардинг» (Муслим ривояти)
4. Касаллик  орқали банданинг сабри юзага чиқади.
Айтганларидек: «Агар имтиҳонлар бўлмаганда эди, сабрнинг фазли зоҳир бўлмаган бўлар эди». Агар инсон сабрга эришса, у кўп яхшиликларга эришибди. Агар йўқотса, у ҳолда барча яхшиликларни йўқотибди. Аллоҳ таоло банданинг сабрини ва иймонини имтиҳон қилади, шунда ёки тилла ҳосил бўлади ёки чиқинди. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: «Албатта мукофотнинг  катталиги, балонинг катталиги биландир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Кимки рози бўлса,  унга ҳам  розилик, кимки ғазаб қилса,  унга ғазаб насиб бўлади. Банда мусибатларга иймон ва сабот ила сабр қилса, у сабрлилар девонига ёзиб қўйилади. Агар ундан розилик ҳосил бўлса, уни рози бўлганлар девонига ёзиб қўйилади.  Бандадан  ҳамд ва шукр ҳосил бўлар экан, Аллоҳ  тақдир қилган барча қазолар унинг учун хайрли бўлиб қолаверади.
Суҳайб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: «Мўминнинг ишига ажабланаман. Унинг барча ишлари (ҳолатлари) унинг учун хайрлидир. Агар унга хурсандлик етса шукр қилади. Натижада унга яхшилик бўлади. Бордию мусибат етса сабр қилади ва бу ҳам унга хайрли бўлади. Бу фақат мўмингагина хос.  Аллоҳнинг  мусулмон учун белгилайдиган ҳар бир тақдири хайрлидир.»   (Муслим ривояти).
5. Аллоҳ бандасига зарар ва қаттиқликларини нозил этиши сабаби,  бандасини Ўз  даргоҳига илтижо қилишга, паноҳига қочишга, тавҳидига суянишга ва қалбини динини холис қилган ҳолида Роббисига дуо  қилишга  ундайди.
Балолар юбориб, дуога ундайдиган, неъматлар ато қилиб, шукрга чақирадиган зот қандай ҳам Пок! Тобеинлардан Ваҳб ибни Мунаббиҳ айтган эканлар: «Балолар, аслида дуоларни юзага чиқариш учун тушади» Аллоҳ таоло шундай дейди: «Қачонки Биз инсонга (неъмат-давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир». (Фуссилат 51).   
Мусибат етиши  натижасида  бандада таваккул, тазарру, ихлос билан дуо қилиш каби иймони ва ишончини зиёда қиладиган ишлар ҳосил бўлади.  Яна касалликнинг кетишидан ҳам кўра фойдаси улканроқ бўлган, инобат-Аллоҳга қайтиш, иймон халовати ва уни тотиш лаззати каби ҳолатлар ҳам, шу мусибат туфайли юзага келади. Чин мўминлар ўзларига етаётган мусибатларга сабр қилишади, дарров сеҳргар ёки фолбинга югуриб боришмайди. Балки касаллик ёки муҳтожлик етса, ёлғиз Аллоҳдан ёрдам сўрайдилар, агар паноҳ тилашса, ёлғиз Аллоҳдангина паноҳ тилайдилар. Бу каби якка Аллоҳдангина мадад кутиш намунаси Айюб алайҳиссаломнинг ҳаётларида яққол кўринади: «Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг)!»  (Анбиё 83).  Айюб Пайғамбарнинг балою-мусибатларини ўйлаб кўринг, бор мол-мулклари, фарзандларидан ажралдилар, ўзлари оғир дардга йўлиқдилар. Бу аламларнинг улканлигига қарамай, у зот эртаю-кеч Аллоҳга ҳамд айтар, эртаю-кеч Аллоҳдан бу имтиҳонлар учун рози бўлар эдилар.  Чунки, у киши барча ишлар Аллоҳнинг қўлида эканини билар, дарду аламлари ҳақида ҳеч кимга шикоят қилмас эдилар. Ниҳоят Роббиларига сидқ ила нидо қилдилар: «Эй Роббим мени бало ушлади, ўзинг раҳм қилувчиларнинг Раҳмлироғисан». Шунда   Аллоҳ таоло балони кўтарди ва у зотни мақтаб, шундай деди: «Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир.”
7. Касаллик фойдаларидан яна бири, Аллоҳ таоло дард бериш орқали бандасини  кибр, ўзига бино қўйиш, мақтанчоқлик каби  ёмон сифатлар ва иллатлардан поклайди.
Агар банда ўзининг эски ҳолатида давом этаверса, ҳаддан ошади, туғёнга кетади, қаердан келиб, қаерга кетаётганини ҳам унутиб қўяди. Аллоҳ таоло унга касалликлар, дардлар ва офатлар каби мусибатларни ҳукмрон қилиб қўяди. Банда хоҳламасада, Аллоҳ касал қилади, ёқтирмасада, мажбурлаб очлик беради. Инсон ўзига на фойда ва на зиён, на ўлим ва на ҳаёт бера олади.
Баъзида инсон бир нарсани билишни хоҳлайди, лекин, Аллоҳ уни билдирмайди. Бир нарсани эслаб қолишга ҳаракат қилади, лекин Аллоҳ уни унуттиради. Баъзида бир нарсани истайди, лекин у нарса унинг фожеаси бўлиши мумкин, бир нарсани ёмон кўради, у нарса унинг ҳаёти бўлиши мумкин. Инсон кеча-кундуз бирор лаҳзасида ҳам хотиржам бўлмасинки, ҳар дакиқада Аллоҳ унга ато қилган кўриш ва эшитиш неъматидан маҳрум қилиб қўйиши, ақлини кетказиб қўйиши, роҳатланиб, баҳраманд бўлиб турган дунёсини тортиб қўйишга қодирдир. Ожизгина инсонча ўзини ҳеч нарса билан ҳимоя қила олмайди. Ўзини бир таниб олсинчи,  ундан ҳам ҳақирроқ  ким бор?! Шундай экан, нодонлиги сабабли Аллоҳга ва унинг яратган халқига мутакаббирлик қилишга ҳақлимикан? Баъзи инсонларга Аллоҳ фазли ила бойлик ато этса, ўзини беҳожат сеза бошлайди. Бахиллиги ортиб, манмансираши зиёдалашиб кетади ва мутакаббирлик доимий сифати бўлиб қолади. Шунда Аллоҳ таоло унга касалликлар ва офатларни жўнатиб қўяди. Ким бўлишидан қатъий назар бемор кишини қалби синиқ, кўнгли яримта бўлади.  Бу кўнгил синиқлиги унда дард ва касалликдан вужудга келади. Инсонда бу мусибат туфайли тазарру ва бўйсуниш, ҳокисорлик юзага келади, Аллоҳга қурбати ортади. Бу касалликнинг катта фойдаларидандир. Аллоҳ таоло: «Мен ҳокисорлар билан биргаман» дейди. Бу ерда уч тоифанинг дуосини ижобат бўлиш сири бордир. Бу тоифалар мазлум, мусофир ва рўзадордир. Булардан ҳар бирининг қалбида синиқлик бордир. Мусофир   ғурбатга ўзига бир яқини йўқлигидан кўнгли синиқ, рўзадор очлик машаққатидан, мазлум зулмдан, касал одам  дарддан кўнгли синиқдир. Аллоҳ бандасига яхшиликни ирода этса, унинг дардига даво бериб, уни ҳалокатли мусибатдан фориғ қилиб, офият, саломатлик ато қилади.
8. Касаллик манфаатларидан бири, бандани енгилликка интизор бўлиши, роҳатга  эришишни кутишидир.
Нажотни кутиш ибодатларнинг афзалидандир. Бу банда қалбини ёлғиз Аллоҳга боғлайдиган ишдир. Бу мусибатлар ва дардлар аҳлига малҳам ва юпанчдир. Хусусан, бемор, инсонлар тарафидан шифо топиш умиди узилиб, нажоти кесилган чоғда, ёлғиз Аллоҳдан нажот илинжида бўлиб қолади ва: «Эй Роббим! Касалимга Сендан ўзга шифо истайдиганим ҳеч ким қолмади!» деб нола қилади. Ана шунда Аллоҳнинг изни ила шифо ҳосил бўлади. У ҳожатлар сўраладиган энг улкан сабаблардандир. Зикр қилишадики, бир бемор, табиблар унинг дардига шифо топиш иложсиз, дейишгани ҳақида хабар топади. Бемор саратон касали билан оғриган эди. Аллоҳ уни саҳарларда дуога, илтижога илҳом қилди. Дуоларни сабаб қилиб, бироздан сўнг шифо нозил этди. Бу-нажот билан қаттиқ қийинчилик бир-бирига яқин, боғлиқ  эканининг латиф сирларидандир. Банда одамлардан батамом умидини узиб, ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад, ёрдам кутади ва шунда Аллоҳдан ёрдам келади. Убудиятнинг бу кўриниши фақатгина шундай шиддатли аламдан сўнггина ҳосил бўлиши мумкин.
9. Касаллик фойдаларидан: Агар банда хотиржамлик кунларида ибодат ва Аллоҳ маърифати йўлида бўлар экан, Аллоҳ таоло бандага, беморлик етган дамларида ҳам унга солиҳ амалларни номаи аъмолига битиб, сақлаб қўяди. Бу Аллоҳнинг карами ва фазилатидир.
Бу гуноҳларни каффорат қилиб юборишдан-да юқори турувчи марҳаматдир. Банда хушида бўлмаса ҳам, ёки ақли кетиб қолса ҳам,  токи Аллоҳнинг ҳидоятида бўлар экан, унинг ҳаққига ҳасанотлар ёзилиши давом этаверади. Аллоҳни хотиржамлик, осойишталик кунларингизда зикр қилишингиз, ёд қилишингиз, Аллоҳ ҳам сизни оғир мусибатли кунларингизда зикр этишига сабабдир. Гарчи инсон оғир касал бўлиб, ҳатто, ақли-хуши кетиб қолса ҳам, унга маъсият эмас, худди фаровонлик кунларида яхши амаллар қилгани каби яхшиликлар битилгусидир. Абдуллоҳ ибни Умар розиялоҳу анҳумо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: «Одамлардан кимки танасига бир касал етиб, мусибатланар экан, Аллоҳ азза ва жалла унга қўриқчи бўлган малоикаларига шундай буюрар экан: «Бандам учун, худди у соғ кунларида хайрли амаллар қилгани каби кеча-ю кундуз яхшиликларни ёзинглар».  (Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида келтирганлар)
Банда, сиҳат-саломатлиги улкан неъмат эканлигини билиши.
Агар инсон офият ичра улғайса, балоланган инсон бошидан кечирадиган аламларни билмасдан ҳаёт кечиради ва ўзидаги соғлик неъматини ҳис этмайди. Қачонки бирор мусибатга йўлиқса, аввалги саломатли ваофиятли ҳолатига қайтишни ва Аллоҳ таоло уни офият, сиҳат-саломатлик ила неъматлашини орзу қилади. Касаллик бўлмаса, соғликнинг қадри билинмайди, тун бўлмаса кундузнинг қадри сезилмайди. Бу қарама-қаршиликлар бўлмаса кўплаб неъматлар, марҳаматлар танилмасди. Ҳар қандай касал ҳам, агар атрофига қараса, ўзиданда  оғирроқ касалга мубтало бўлган беморларни кўриши мумкин. Бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ҳар қандай манаман деган бой ҳам, мундоқ ён-верига қараса, ўзидан анча бойроқ кишиларни топади. Ҳар қандай ўзини фақир санайдиган инсон ҳам, ўзидан-да фақирроқ минглаб кишиларни кўриши мумкин. Албатта, касалликда кўплаб манфаатлар ва фойдалар бордирки, инсон уларни билишдан ғофилдир. «Шоядки, сизлар ёмон кўрган нарса сизлар учун хайрлидир.» (Бақара-216)
 Банда бало-мусибатга йўлиққан инсонни кўрган чоғида: «Сени балолаган (синов берган) нарсадан мени соғлом этган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дейди. Аллоҳ уни ҳамд айтгани туфайли балодан саломат сақлайди. Мусибат етган инсон эса сабр қилар экан, улкан ажру-савобга эришади.
Шуниси ажабланарлики, банда агар дунёсига боқса, ўзидан юқоридагига қарайди. Динига боқадиган бўлса-чи, у ҳолда, ўзидан пастроқдагиларга қарайди ва уни:«Биз динда бошқалардан кўра афзалроқмиз» деяётганини эшитасиз. Лекин ушбу сўзларини дунёси хусусида айтмайди. Кимки касаллликлар аламини тортиб кўрар экан, тан-сиҳатлигининг қийматини билади. Ривоят қилишадики, Фузайл ибни Иёзнинг кичик ёшли қизлари бор эди. Кунлардан бири, қизнинг кафтига бир яра чиқди. Фузайл ундан: «қизим, кафтинг тузукми?» деб сўради. Шунда қиз: «Раҳмат, отажон яхшиман. Аллоҳга қасамки, гарчи Аллоҳ мени танамни оз қисмига дард берган бўлса-да, жисмимни кўп қисмига офият ато этгандир. Кафтимга касаллик берди, қолган аъзоларимни эса  соғ қолдирди. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб жавоб берди.
12. Касаллик фойдаларидан: Касаллик, мўминга жазо эмас, балки, Роббиси тарафидан ато этилган эҳсон ва раҳматдир!
Аллоҳ бандани азоблаш учун эмас, балки унга раҳм қилиш учун яратгандир. «Агар шукр қилсангизлар ва иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) Шукр қилувчи ва Билгувчи бўлган Зот-ку?!» (Нисо-147)
Лекин инсонларнинг кўпчилиги, Аллоҳнинг ҳикматидан ғофилдирлар. Бир мисол келтирамиз,ота касал боласига мажбурлаб аччиқ дорини ичираётганда, боланинг инжиқлик қилиб йиғлаётганини кўриб, онаси: «Ахир унга раҳмингиз келса-чи?!» деб маломат қилади. Аслида бу ишни ота болани яхши кўрганидан, унга азбаройи раҳми келганидан қилаётган бўлади. Олий мисоллар эса Аллоҳникидир. Банда ўзига етган мусибат учун Роббисини айбламасинда, балки ато этмиш эҳсони учун У Зотга ҳамд айтсин. Аллоҳнинг мўминга берган озгина синови ўша инсонни Аллоҳ яхши кўришидан, унга келажакда яхшиликни раво кўраётганидан далолат қилади.  Шоир айтганидек:

Офиятдан мосиво ҳолимга ҳамшукр илақарайман бу кун,
Ажабмаски,машаққатинг ортида ҳамдга лойиқ неъмат макнун.
Олов билан тоблангандек темиру мис кумуш олтин,
Дардлар ила шифо топур баданлар ҳам, гар  алардаиймон нурибўлса бутун

13. Касаллик туфайли гуноҳлар каффорот қилиниши ва даражалар юксалтирилиши
 Муслим Жаброндан ривоят қиладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бир куни Умми Соибнинг ҳузурига кирдилар ва: «Сизга нима қилди?» деб сўрадилар. У аёл: «Иситма, ундан қийналиб кетдим» деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Иситмани ёмонламанг, у одам боласининг хатоларини худди, босқон темирнинг устидаги зангини кетказганидек кетказади» дедилар. Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан Ибн Умардан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «Бир кунлик иситма бир йиллик гуноҳларга каффоратдир». Имом Аҳмад ва Насоий Абу Саид разиялоҳу анхудан ривоят қиладилар: «Кунларнинг бирида бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Ё Расулуллоҳ биз учун касалликларда нима бор? Расулуллоҳ: «Каффорат бор» дедилар. Шу суҳбатда иштирок этаётган Убай ибн Каъб сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ оз миқдорда бўлса ҳамми?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Бир тикан киришидан бошлаб ундан юқоригача» деб жавоб бердилар. Шунда Убай ўз ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан ҳаж, умра, жамоат намози ва ҳоказодан тўсмайдиган доимий иситмани сўради. Ровий айтадиларки, Убай ўзига шу дуони қилганидан кейин, унинг қўлини ушлаган киши уни ҳамиша иситма ҳолида топарди. Бу ҳол то унинг вафотигача давом этди.
Банда  ўзига етаётган балоларга нисбатан Аллоҳ таоло ҳозирлаб қўйган мукофотларни тасаввур қилса, боши узра турган балонинг кетмаслигини орзу қилади.
Биз ҳозир мусибатлар, машаққатлар ва касалликлар туфайли мўмин киши эришадиган савоблар, гуноҳларнинг ўчирилиши ва бошқа фойдали ҳолатлар ҳақида суҳбатлашдик. Лекин, бу дегани банда атайин ўзини касалликларга йўлиқтириши керак дегани эмас, албатта. Набий (алайҳиссалом) Тоиф шаҳрида тошбўрон қилинганларида Аллоҳга илтижо қилатуриб: “Эй Аллоҳ бу мусибатлар ортида Сенинг менга ғазабинг бўлмаса, уларга парво қилмайман. Аммо барибир офиятинг мен учун кенгроқ (ёқимлироқ)дир” деганлар.
Банда бирон касалликка чалинса, илож қадар мубоҳ бўлган йўллар билан ўзини муолажа қилишга буюрилган. Банда ўзига омонат қилмиб топширилган жони, моли ва ақлини муҳофаза қилишга буюрилган.
Пайғамбар (алайҳиссалом) бошлари оғриса уни боғлардилар. Очликдан ошқозонлари оғриганда ейишга ҳеч нарса тополмасалар қоринларига тош боғлад олардилар. Шунингдек, Коинот сарвари бош оғриғидан халос бўлиш учун хина қўйишни тавсия этганлар. Кўз касалликларида тинчликни сақлаш, осойишталик ва дам олишни буюрганлар. Томоқ оғриғини даволашда ҳинд ёғочини, қорин оғриғида асални қўллаганлар. Ул зот (алайҳиссалом) Шифо сутда, асалда ва куйдиришда эканини айтиб, куйдириб даволашдан қайтарганлар. Яна бир ҳадисларида даволанишга чақириб (маъноси): “Даволанинглар, зеро Аллоҳ нимаики дард яратган бўлса, албатта унинг давосини ҳам яратган. Қачонки, даво дардга мувофиқ келса, албатта Аллоҳнинг изни билан шифо топади” дея марҳамат қилганлар.
Абул Баракотнинг ёзишича, «Бир касаллик чиққан жойда бўлсангиз, бошқа бирор ёққа чиқманг, бир ерда касаллик тарқаса у ерга саёҳат қилманг», деб буюриб, карантин усулини ҳам илк марта Расулуллоҳ алайҳиссалом тавсия этганлар. Яна у зот барча касалликларда парҳезга буюриб, «Ҳамма даволарнинг боши шудир», деганлар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг кунига бир неча марта мисвок қилишга буюришларининг ҳикмати ҳам жуда катта экан. Олимлар эътирофича, мисвок оғиздаги нохуш ҳидларни йўқотиб, уни хушбўй қилади, тиш чириши олдини олади, милкни мустаҳкамлайди, бўғизга қувват беради, оғиз сувини юмшатади, зеҳнни очиб, ёд олиш қобилиятини оширади, овқат ҳазмини яхшилайди, юрак, меъда, кўз хасталикларига даво, кўз оғриғини йўқотади, кўзни равшан, назарни ўткир қилади, овозни чиройли қилади, юзни гўзаллаштиради, заковатни кучайтиради, қаришни секинлаштиради ва бошқа кўплаб касалликларга шифодир.
 
Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон
 
« Олдинги   Кейинги »