Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашиш ва улфат бўлиш Принтер учун
29.03.2012 й.
Ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим.

Одамлар орасидан вафоли, садоқатли ва ҳақиқий дўстни топиш жуда мушкул иш. Бири мансабингизга, бири пулингизга, яна бири обрўйингизга ошна бўлган сохта дўстлар жуда кўп. Шунинг учун ҳақиқий дўстни топишга Яратганнинг ўзи бундай маслаҳат беради: “Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари “юзи”ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Дунё ҳаёти зийнатини деб улардан кўзларингиз четланмасин! Ва қалбини Биз зикримиздан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф, 28).
Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар эканликлари баён қилиниб:
“Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар…”, - дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят). Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади. Чунки, Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сан-манга бориб қолган тақдирда ҳам уларнинг дўстлигига путур етмайди.
Коинотдаги ҳар бир мавжудот бошқа мавжудотлар билан ўзаро узвий боғлиқ ёки алоқадор бўлганидек, инсон ҳам ўз ҳаёти давомида олдига қўйган мақсадларини амалга ошириб бориш жараёнида, хоҳ дунёвий, хоҳ ухровий бўлган барча юмушларида бошқалар билан мулоқотга эҳтиёж сезади, улар билан ҳамкорликда ва ҳамкасбликда умр кечиради.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг аршиси соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир”, - деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса:
“Аллоҳ йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Инсон ахлоқини гўзал ва чиройли қиладиган нарсалардан бири яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлишдир. Бировга тақлид қилиш инсон табиатида бор нарса. Ўз атрофидагиларнинг кийимларига ўхшаш кийим кийишга уринган инсон, албатта, ўшаларнинг ишларига ва одоб-ахлоқларига ҳам тақлид қилади.
Модомики, инсон кундалик ҳаётида ўзгалар билан биргаликда ҳаёт кечирар, суҳбатлар қурар, ҳамроҳ бўлиб йўл юрар экан, Ислом динимиз таълимоти бўйича у доимо оқилу доно кишиларга яқин юришга интилмоғи, жоҳилу нодонлардан узоқлашишга ҳаракатда бўлмоғи зарур. Бу борада кўпдан-кўп ҳадислар ҳам ворид бўлган. Жумладан, саҳобий Абу Ҳурайра ривоятлари ила жаноби Расулуллоҳ шундай марҳамат қилган эканлар: “Ҳар киши ўзининг дўсти ва улфатларининг дину диёнати ва ахлоқу одобидан албатта таъсирланур. Шунинг учун ҳар бирингиз дўсту улфатни билиб танлангиз”.
Дарҳақиқат, аҳли солиҳ кишилар билан ошно бўлган инсон ҳеч қачон панд емайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш нафақат дунёда балки, охиратда ҳам фойда бериши Қуръони каримда баён қилинган (Зухруф сураси, 67-оят). Шунингдек, бетавфиқ, нодон инсонлар билан дўстлашиш дунёда шармандалик, охиратда эса хасрату надомат келтириши ҳам очиқ равшан баён қилинган (Фурқон сураси, 27-29-оятлар). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида:
“Киши ўз биродарининг динида бўлади”, - деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда эса: “Сен ўзинг дўстлашаётган одамнинг хулқи атвори, унинг қандай одам эканлигига эътибор бергин”, - деб марҳамат қилганлар. Халқимизда ҳам: Сен менга дўстларинг кимлигини айт, шунда мен сенга қандай одам эканлигингни айтаман, деган бир гап бор.
Яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлиш инсон қалбига яхши одоб-ахлоқни жойлайди ва уни яхши ишларни амалга оширишга ундайди. Ёмонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш эса, одоб-ахлоқни менсимай, ёмон ишларни қилишга олиб боради. Ҳаётда катта муваффақиятларга эришганлар кўпинча ўз муваффақиятларининг сирини яхши дўстлар маслаҳати билан юрганликда, деб биладилар.
Расулуллоҳ бошқа бир ҳадисларида яна шундай дейдилар: “Яхши улфат билан ёмон улфатнинг мисоли гўё мушку анбар кўтариб турувчи билан темирчининг босқонини босиб турувчи кишилар кабидур: мушкдан сотиб олсанг ҳам фойда қиласан, ёнида турсанг ҳам унинг хушбўй ҳидидан роҳатланасан. Босқончининг ёнида тургудек бўлсанг, ўт учқунлари кийимингга тушиб куйдиради ёки кўмир тутуни ҳидидан лоҳас бўлиб, озорланиб ўтирасан”.
Дарвоқеъ, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру биродарлари қандай одамлар эканлигига қаралади. Агар улар баобрў, дину диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар назарида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худони танимайдиган, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, муттаҳам кишилар бўлса, уларнинг касофати туфайли биродари ҳам ёмон отлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим.
Дўстлар бир-бирларига бирор нарса ҳадя ёки эҳсон қилганларида, очиқ юзлик билан бериб, биродари қабул этса, бунга хурсанд бўлмоқлари лозим бўларкан. Биродари бирор нарсага муҳтож бўлиб турганини сезиб қолса, унинг шу ҳожатини сиздан сўрашини кутмай, дарҳол ёрдам бериш керак бўлади. Бу борада Расулуллоҳ ҳам: “Кимики биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ҳожатини раво қилур”, — деб башорат берганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатни шундай таърифлаганлар: “Яхши ҳамсуҳбат худди мушку анбар олиб юрган кишига ўхшайди. Бирга бўлсанг, мушкидан беради ёки ўзинг ундан сотиб оласан, ҳеч бўлмаганда эса, унинг хуш бўйидан баҳраманд бўласан. Ёмон ҳамсуҳбат эса, худди темирчининг босқонига ўхшайди: ё кийимингни куйдиради ёки унинг бадбўй ҳиди сенга ҳам уриб қолади”.
Дўст танлашдаги Ислом таълимотлари мана шулардан иборат. Улар доимо бизни яхшиликка етаклайди ва ёмонликдан сақлайди.

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz