Кўришиш одоблари Принтер учун
28.03.2012 й.
Сўз боши

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва салавотлар бўлсин!

Инсон ҳаётда доимо бошқалар билан учрашишга, улар билан мулоқот қилишга муҳтож. У турли ҳолатларда турли табақадаги, турли суратдаги инсонлар билан учрашади. Бу жараённи гўзал суратда, завқли бир ҳолатда ўтказиш нақадар яхши! Хусусан, бунга мусулмон киши ҳаммадан кўра ҳақли ва бурчли ҳисобланади. Зеро, динимизда бу борада ҳам энг тўғри ва гўзал таълимотлар баён қилинган. Бу хусусда ҳам инсоният учун энг олий намуна – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Кўришиш деганда кишиларнинг қўл олиб кўришишлари ёки қучоқ очиб бир-бирларини бағрига босиш каби ҳолатлар назарда тутилади. Кўришиш – дўстона муносабатлар белгиси, меҳр-муҳаббат, аҳду вафо ва қутлов рамзидир. Кўришиш – қалбларни улфат қилувчи, ўзаро ишончни мустаҳкамловчи омилдир. Кўришганда томонларнинг ҳис-туйғулари ҳам тўқнашади, улар бир-бирларига ҳар қачонгидан ҳам кўра яқинроқ келадилар.
Кўришиш деярли барча халқларда бор. Уларнинг ҳар бирида бу одат ўзларининг умумий дунёқарашлари, эътиқодлари асосида турлича шаклланган. Кўпчилик миллатларда кўришиш шакллари ва меъёрлари асосан уларнинг ўз кўникмалари ва одатларига кўра жорий қилинган. Мусулмонларда эса ҳаётнинг ушбу жабҳаси ҳам Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларига кўра йўлга қўйилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илоҳий таълимотлар асосида инсонлар ҳаётини ислоҳ қилар эканлар, ўша даврда кишилар ўртасида мавжуд бўлган одатларнинг яхшиларини маъқуллаб, қарор топтириб, номаъқулларини рад этиб, ўрнига яхши одатларни жорий қилдилар. У зот алайҳиссаломнинг бундай фаолиятлари кўришиш хусусида ҳам акс этди.
Муҳаддисларимиз ўзларининг ҳадис тўпламларида ушбу мавзуда ворид бўлган ҳадис ва асарларни ривоят қилганлар. Уламоларимиз уларни шарҳлаганлар, тафсилотларини баён қилганлар. Фақиҳларимиз бу соҳага тегишли ҳукмларни ўз асарларида батафсил муолажа қилганлар. Уламоларимиз одоб-ахлоққа доир китобларида бу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтганлар.
Хуллас, сиз билан биз – мўмин мусулмонлар бу борадаги энг мукаммал ва тўғри таълимотларга, кўрсатмаларга эгамиз. Барчаси батафсил айтиб қўйилган, уларни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этсак бўлди, иншааллоҳ, икки дунё бахту саодатига эришамиз. Бошқа халқларнинг маданятларига, ўзларича ўйлаб топган урф-одатларига эҳтиёжимиз йўқ. Биздаги меъёрлар илоҳий таълимотлар асосида, одоб-ахлоқ доирасида жорий қилинган бўлиб, уларни ҳеч қачон бошқа меъёрларга алиштириб бўлмайди. Уларга тенг келадиган бирор кўрсатма топилмайди ҳам.
Ислом таълимотига кўра, кўришиш саломлашишни тўлдирувчи ҳолат ҳисобланади. Шу билан бирга, саломлашишсиз фақат кўришишнинг ўзи билан чекланиш қораланади. Кўришиш саломлашиш баробарида бўлиши лозим.

Қандай кўришилади?

Кўришганда қўл қўлга ёки кўкс кўксга тегиши керак. Бир-бирига энгашиш, бош чайқаш кўришиш ҳисобланмайди, ишора билан саломлашиш бўлади. Исломда одатий кўришиш қўл олиб кўришишдир, қучоқ очиб кўришиш эса маълум ҳолатлардагина бўлади.
Ибн Можа Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир-биримизга эгилайликми?», дедик. У зот: «Йўқ», дедилар. «Бир-биримизни қучоқлаб кўришайликми?», дедик. У зот: «Йўқ, балки қўл бериб кўришинглар», дедилар».
Имом Термизий ривоятида ҳадис қуйидагича келади:
«Анас бин Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизлардан бир киши биродари ёки дўсти билан учрашганда унга эгиладими?», деди. У зот: «Йўқ», дедилар. У: «Бўлмаса, уни қучоқлаб, ўпадими?», деди. У зот: «Йўқ, қўлини олиб кўришади», дедилар».
Ушбу икки ҳадис биз ўрганаётган мавзуда асос манбалардан ҳисобланади. Улардан бир қанча хулосаларни олиш мумкин. Бу ҳадисларда ўзаро эгилиб, қучоқлашиб ёки ўпишиб кўришишдан қайтарилмоқда. Аммо уламоларимиз бу борадаги бошқа ҳадис ва хабарларни ўрганиб чиқиб, қуйидагича фикрга келганлар:
а) Бу ерда бир-бирига эгилиб кўришиш деганда айрим халқлардаги каби таъзим қилиш шаклида кўришиш, шунингдек, белни букиб, рукуъга яқин тарзда эгилиш назарда тутилган. Бироқ, қўл бериб кўришганда бироз таъзим қилишнинг зарари йўқ. Айниқса бу кишилар ўртасида урфга айланган бўлганда. Аммо буни ҳаддан ошириб юбормаслик, қоматни букмаслик керак. Зеро, инсонга таъзим қилишда чегарадан чиқиш динимизда қаттиқ қораланади. Қолаверса, ўзини заиф кўрсатиш мусулмон кишига фазилат ҳисобланмайди, аксинча, нуқсон ҳисобланади ва ярашмайди ҳам.
б) Ушбу ҳадисдан қучоқлашиб кўришиш жоиз эмаслиги келиб чиқади. Бу маънода бошқа ҳадислар ҳам бор. Шу боис айрим уламолар, жумаладан, имом Нававий қучоқлашиб кўришини танзиҳий макруҳ, яъни одобсизлик санаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ҳам шу маъно нақл қилинган. Имом Муҳаммад ҳам шу сўзни айтган. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи эса жоиз деб билган.
Аслида қучоқлашиб кўришишдан қайтаришда фитна хавфи бўлиши, номуносиб ҳолатларда, масалан, кийимсиз бўлганда кўришиш ҳамда буни доимий кўришишга айлантириш каби вазиятлар назарда тутилган. Бинобарин, уни қўл бериб кўришишнинг ўрнига қўймаслик керак, балки унга қўшимча қилиш керак. Айниқса, узоқ муддат учрашмай юриб кўришганда, сафардан келганда, соғинч ва муҳаббатнинг изҳори сифатида ва бошқа шу каби ҳолатларда қучоқлаб кўришиш мумкин. Чунки Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу сафардан келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши билан қучоқлашиб кўришиб, бағирларига босганлар. Шунингдек, Жаъфар розияллоҳу анҳу Ҳабашистондан қайтганда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан қучоқ очиб кўришганлар.
Имом Абу Довуд бу ҳақда қуйидаги ривоятни келтиради: «Абу Зарр розияллоҳу анҳу Шомдан кетаётган пайтда аназалик бир киши: «Мен сендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадислари ҳақида сўрамоқчи эдим», деди. «У ҳолда, агар сир бўлмаса, албатта сенга айтиб бераман», деди. «У ҳеч қандай сир эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашганингизда у зот сизлар билан қўл бериб кўришармидилар?», деди. «Қачон у зот билан учрашсам, мен билан қўл бериб кўришардилар. Бир куни менга одам юборибдилар. Мен аҳлим ҳузурида эмас эдим. Келганимда, у зотнинг менга одам юборганлари айтилди. У зотнинг олдиларига келсам, чорпоя устида эканлар. Мен билан қучоқлашиб кўришдилар. Бу янада яхшироқ, гўзалроқ бўлди».
Ғолиб Таммор айтади: «Муҳаммад ибн Сийрин қўл бериб кўришишни ёқтирмас эди. Мен буни Шаъбийга айтган эдим, у: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари учрашганларида қўл бериб, сафардан келганларида бир-бирларини қучоқлаб кўришишар эдилар», деди.
Ушбу ва бошқа далиллар асосида кўпчилик уламолар, жумладан Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи бу борада келган ҳадисларни мувофиқлаштириб, «Фитна хавфи бор бўлса, қучоқлашиб кўришиш макруҳ, аммо дўстлик, яхшилик маъносида бўлса жоиз», деган. Бурҳониддин Марғилоний бундай ёзади: «Қучоқлашиб кўришишдаги хилоф биргина изор кийгандаги ҳолат хусусидадир. Аммо эгнида кўйлак ёки чопон бўлса, бунинг жоизлигига ижмоъ қилинган ва мана шу тўғридир».
Имом Таҳовий «Маъонил-осор»да қучоқлашиб кўришиш ҳақида келган ҳадисларни келтиргач, бундай дейди: «Демак, булар, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари қучоқлашиб кўришишган. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қучоқлашиб кўришишнинг мубоҳлиги ҳақида ривоят қилинган хабарлар ундан қайтарилгани ҳақидагилардан кейин ворид бўлганини кўрсатади. Биз мана шуни оламиз. Бу Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг сўзидир».
в) Аввало, ўпиб кўришиш ҳам, қучоқлашиб кўришиш каби, доимий кўришиш шакли бўлиб қолмаслиги, ҳар кўришганда бўлмаслиги керак. Бундай кўришиш фақат аҳёнда, айрим ҳолатлардагина жоиз. Шу билан бирга, бунда пешонадан, бошдан ёки қўлдан ўпиб кўришилади, юздан ўпилмайди, лабдан ўпиш эса умуман мумкин эмас. Бу нарса мазкур ҳадисларда айнан мана шу шартлар эътиборидан маъқул кўрилмаган. Аммо шарт ва одобларга риоя қилинса, бунинг зарари йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар розияллоҳу анҳунинг икки қошлари ўртасидан ўпганлар, шунингдек, Зайд ибн Ҳориса билан қучоқлашиб кўришганларида ҳам уни ўпиб кўришганлар ва булар саҳиҳ ривоятларда келган.
Шунингдек, маййитни зиёрат қилганда унинг пешонасидан ўпиш ҳам жоиз. Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб, у зотнинг олдиларига чўккалаб ўтириб, пешоналаридан ўпгани таъкидланган.
г) Исломда асл қоида қўл бериб кўришишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидан мана шу хулоса келиб чиқади. Баъзан қучоқлашиб ёки ўпиб кўришиш қўл бериб кўришишга қўшимча қилинади, холос.
Бу борада энг яхши хулосани Имом Бағавийнинг битикларида ўқиймиз. У киши «Шарҳус-сунна»да шундай ёзади: «Қучоқлашиб ва ўпишиб кўришишнинг макруҳ ҳолати хушомадгўйлик, улуғлаш маъносида ва ҳазарда (яъни муқимликда) бўлганидадир. Рухсат берилгани эса хайрлашиш ва сафардан келганда, шунингдек, дўстлар билан узоқ вақт кўришилмаганда ва қаттиқ муҳаббат турткиси билан бўлганидир. Аммо ўпиб кўришмоқчи бўлган киши оғиздан ўпмайди, балки қўл ёки пешонадан ўпади. Кўринишидан, қучоқлашиб кўришишнинг ҳазарда макруҳ саналиши бу ҳолатнинг кўпайиб кетиши ва ҳар ким ҳам қилавермаслиги сабабидандир. Агар бир киши одамларнинг айримларини қўйиб, айримлари билан шундай кўришса, қучоқ очиб кўришмаганлари ундан хафа бўлишади ва уни ўз ҳақларини поймол қилган ва улардан бошқаларни устун қўйган деб ўйлаб қолишади. Саломлашиш аслида қўл бериб кўришиш билан тугал бўлади».

Кўришиш илк бор кимлар томонидан жорий қилинган?

Саломлашганда қўл бериб кўриш узоқ тарихга эга. Бу ҳақда Имом Бухорий «Ал­Адаб ал­муфрад»да қуйидаги ривоятни келтиради:
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:
«Аҳли Яман келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яман аҳли келмоқда. Улар сизлардан кўра юмшоқ қалблидир. Улар қўл бериб сўрашишни биринчи бўлиб жорий қилганлардир», дедилар».
Ушбу ҳадисдан қўл бериб кўришиш Яман аҳлидан бошланганини билиш билан бирга, бу одат юмшоқ қалбликнинг аломатларидан эканини ҳам фаҳмлаб оламиз.
Айрим ривоятларга кўра, қучоқлашиб кўришишни илк бор Иброҳим алайҳиссалом жорий қилган эканлар.

Кўришиш қандай амал?

Саломлашганда бир-бирига яқин турган кишилар қўл бериб кўришишлари суннат ҳисобланади. Икки қўллаб кўришишнинг савоби кўпроқ, мукаммалроқ бўлади. Имом Нававий Ислом аҳли қўл бериб кўришиш суннат эканида якдил фикрда бўлиб келганларини айтган. Бу мавзуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўрашишнинг тўлиқ бўлиши қўл олиш биландир», дедилар».
Демак, бош чайқаш ёки таъзим қилиб эгилиш ёхуд қандайдир ишоралар билан эмас, айнан қўл бериб кўришиш билан саломлашиш тугал бўлар экан. Чунки бу саломлашишдан кўзланган асосий мақсад — ўзаро муҳаббат ва яқинлик тўла ҳосил бўлишига хизмат қилади. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам, у зотнинг саҳобалари ҳам, саломлашганда қўл бериб кўришишар эди.
Қатода айтади: «Мен Анасдан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўртасида қўл бериб кўришиш бормиди?», деб сўрадим. У: «Ҳа», деб жавоб берди».
Бухорий ривоят қилган.
Имом Нававий айтади: «Билгинки, ҳар учрашганда қўл олиб кўришиш суннатдир, унинг ўрни учрашувнинг аввалидадир».
Қўл бериб кўришиш инсоний муносабатлардаги энг гўзал ҳолатлардан бири бўлиши билан бирга, динимизда тарғиб қилинган амаллардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар бу амалга алоҳида эътибор берганлар. Кўришишга эриниш, бунга бепарво бўлиш динимизнинг таълимотларига зиддир. Чунки динимизда кўришиш кўплаб фазилатларга, яхшиликларга эга бўлган амал ҳисобланади.

Кўришишнинг фазли

Қўл бериб кўришишнинг кўплаб фазилатлари, фойдалари бор. Жумладан, қўл бериб кўришиш қалбдаги кек­адоватни, ғиллу ғашни кетказади, саломдан кўзланган фойдалардан бири бўлмиш ўзаро муҳаббатни мустаҳкамлайди.
Имом Молик Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўл бериб кўришинглар, қалбларингиздан ғиллу ғаш кетади», деганлар.
Энг муҳими, қўл бериб кўришган кишилар учун ўзаро муҳаббат, кўплаб ажру савоблар бўлишидан ташқари, уларнинг гуноҳлари ҳам ювилади.
Имом Абу Довуд Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон учрашиб, қўл бериб кўришса, улар ажралмай туриб гуноҳлари албатта кечирилади», дедилар.
Имом Баззор Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон ўз биродари билан қўл бериб қўришса, икковларининнг хато гуноҳлари дарахт барглари тўкилгани каби тўкилади», дегалар.
Олимларнинг айтишича, қўл бериб кўришишнинг тиббий, жисмоний фойдалари ҳам бор экан. Инсоннинг кафтида сон-саноқсиз нерв толалари мавжуд бўлиб, кафт кафтга текканда икки томон ўртасида энергия алмашинуви юз берар экан, бу ҳолат инсонга қувват бахш этиши эса ҳаммага маълумдир.
Психологларнинг таъкидлашларича, меҳмон билан қўл бериб кўришишнинг ижобий таъсири унга нисбатан «хуш келибсиз», «марҳабо» каби ибораларни ишлатишдан кўра яхшироқ бўлар экан.

Кўришишда нималарга риоя қилиш лозим?

Кўришишдаги одоблар ва меъёрлар ҳақида тўхталар эканмиз, фурсатдан фойдаланиб, бу борада кишилар ўртасида мавжуд бўлган айрим хато ва камчиликларни ҳам эслаб ўтишга ҳаракат қиламиз. Зеро, нима қилиш кераклигини айтиш баробарида нималарни қилмаслик кераклигини эслаб ўтиш ҳам фойдадан холи бўлмаса керак.
Аввал қўл бериб кўришиш ҳақида сўз юритамиз. Қўл бериб қўришишда қуйидагиларга риоя қилиш лозим:
1. Рўпарама-рўпара бўлиб кўришиш керак. Бировнинг ортидан келиб қўл ушлаш ҳақиқий қўл бериб кўришиш ҳисобланмайди. Бу нарса фақат зарурат юзасидангина инобатга олиниши мумкин. Кўришганда юзма-юз бўлиш, кўз кўзга тушиши керак, бошқа томонга қараб, у ёқ-бу ёққа аланглаш одобдан эмас. Айрим кишилар тортинчоқликданми ё бошқа бир сабабданми, кўришганда нигоҳни бошқа томонга олиб қочади. Нигоҳни ерга бериб кўришиш ҳам бир қарашда одобга ўхшаса-да, аслида эса суннатга хилоф ишдир, шу боис, у қалбга сингмайди, томонлар ўртасида самимий муҳаббат пайдо бўлишига хизмат қилмайди.
2. Ўнг қўл билан кўришиш. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча шарафли ишларида ўнг қўлни ишлатишни яхши кўрар эдилар. Қўл бериб кўришиш ўнг қўл билан кўришганда адо бўлади. Зиёуддин Ҳанафий айтади: «Шариат одобларидан равшанки, кўришишда суннат ҳосил бўлиши учун икки томондан ҳам ўнг қўл ишлатилади. Чап қўл билан чап қўлни ёки ўнг қўлни ушлаш билан суннат ҳосил бўлмайди». Ўнг қўл билан кўришиш келишув ва кўришишдаги асл ҳисобланади.
3. Ўнг қўл билан кўришганда чап қўлни кўксга қўйиш. Бу зиёда ҳурмат рамзи ҳисобланади. Аммо ўнг қўлни узатиб, чап қўлни чўнтакда сақлаш ўта кетган беодоблик кўринишларидандир. Бу каттадан содир бўладими, ёки кичикданми, фарқи йўқ, кибр ва манманлик аломати ҳисобланади.
4. Икки қўллаб кўришиш. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг таъкидлашларича, «Қўл бериб кўришишнинг суннатини унинг икки қўл билан бўлиши мукаммал қилади». Имом Бухорий бу ҳақда алоҳида боб очиб, унга «Икки қўллаб кўришиш» деб ном қўйган ва унда Ҳаммод ибн Язиднинг Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришганини ҳамда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ташаҳҳудни ўргатдилар, кафтим у зотнинг икки кафтлари ўртасида эди», деганини далил қилиб келтирган.
Аллома Ибн Баттол ушбу ҳадисларнинг шарҳида жумладан шундай дейди: «Икки қўллаб кўришиш қўл бериб кўришишни маромига етказишдир. Бу – уламолар наздида мустаҳабдир».
Икки қўллаб кўришиш кўпчилик жамиятларда зиёда эҳтиром ва муҳаббат аломатидир. Аммо бу борада урфни ҳам эътиборга олиш лозим. Чунки айрим жойларда икки қўллаб кўришиш умуман одат бўлмаган ёки аксинча, ҳурматсизлик ҳисобланиши ҳам мумкин. Шу боис, кўришишдан кўзланган мақсад ҳосил бўлиши учун бу хусусда урфни эътиборга олиш жуда ҳам муҳим. Икки қўллаб кўришаётган киши билан икки қўллаб кўришиш таъкидлироқ ва одобга мувофиқроқдир.
5. Қўлни тўлиқ узатиш. Бир қўл билан кўришганда ҳам, икки қўл билан кўришганда қўлни тўлиқ узатиш катта аҳамиятга эга. Чунки қўл узатиб кўришиш дегани фақат билакни кўтариб кўришиш дегани эмас. Шу боис, қўлларни узатганда тирсакларни гавдадан узоқ тутиш керак. Акс ҳолда, кишида мутакаббирлик кўриниши юзага келиши табиий.
6. Қарши томоннинг қўлини бироз ўзига тортгандек ҳайъатда бўлиш. Кўришганда кўришаётган одамини ўзидан узоқлаштиришга интилиш ундан нафратланиш, аразлаш белгиси бўлади. Бировга нисбатан бу каби тасарруф мусулмон кишига дуруст эмас.
7. Кафт кафтга тегиши даркор. Қўл бериб кўришганда кафт кафтга тегиши, маҳкам ушланиши лозим. Араб тилида қўл бериб кўришишни «мусофаҳа» дейилади. Бу сўзнинг асл маъноси кафтни кафтга текказишдир. Ҳадисларда ҳам қўл бериб кўришиш деганда айнан шу феъл қўлланилган ва мазкур маъно назарда тутилган. Шунга кўра, Бармоқларни текказиб қўйиш, қисиб қўйиш, қўл учида кўришиш қўл бериб кўришиш саналмайди. Бу кибр ва манманлик аломати ҳисобланади.
8. Кўришганда қўл тоза, покиза бўлиши лозим. Ювуқсиз, кир, бадбўй қўл билан кўришиш қарши томонга озор бериши, кўнгилни хира қилиши турган гап. Шу боис, кўришганда қўлнинг тозалигига эътибор бериш лозим. Агар қўл нопок бўлса, кўришмасликка узр бўлади. Иложи бўлса, қўлга бирор хушбўй суртиб олиш, ҳеч бўлмаса уни хушбўй совунда ювиб юриш мустаҳабдир.
Имом Бухорий Собит Бунонийдан ривоят қилишича, Анас розияллоҳу анҳу эрталаб дўстлари билан кўришиш учун қўлларига хушбўй мой суртиб олар эканлар.
9. Қўлқоп кийган ҳолда, шунингдек, қўлда бир нарса ушлаб турган ҳолда кўришиш ҳам одобдан эмас. Бу нарса бирор узрли сабаб билан, истисно тариқасида жоиз бўлиши мумкин.
10. Очиқ юз билан кўришиш. Қўл бериб кўришганда ҳар қандай ҳолатда ҳам қарши томоннинг юзига очиқ чеҳра билан юзланиш лозим.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир маъруф садақадир. Биродарингга очиқ юз билан йўлиқишинг ҳам маъруфдандир», дедилар.
Имом Муслим Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маъруфдан ҳеч бир нарсани ҳақир санама, ҳатто биродарингга очиқ юз билан йўлиқишингни ҳам», деганлар.
Маъруф бу – соф инсоний табиатга таниш бўлган, шариъат ва ақл яхши санаган амал, сўз ва ниятдир. Унинг тескариси мункардир. Демак, биров билан учрашганда унга очиқ юз билан муомалада бўлиш ҳам маъруф ишлардан, Аллоҳ ва Унинг Расули яхши санаган амаллардан экан. Бундан унинг аксини қилиш мункар иш экани келиб чиқади.
11. Кўришиш асносида Аллоҳ талолга ҳамд ва истиғфор айтиш. Бу иш мустаҳаб саналади ва кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд айтсалар ва У зотга истиғфор айтсалар, икковлари ҳам мағфират қилинади», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Сунний ривоят қилишган.
12. Кўришгандан сўнг қўлни тортиб олишга шошилмаслик. Бу ҳам ҳурмат ва эътиборнинг аломатидир. Кўришиш биланоқ қўлни тортиб олишга шошилиш қандайдир норозилик, тоқатсизлик белгиси бўлиб, қарши томонга озор бериши, унинг кўнглига тегиши мумкин. Шу билан бирга, бу уни менсимаслик, ундан безорлик аломати бўлиб ҳам кўриниши эҳтимоли бор. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўл бериб кўришганда қўлларини биринчи бўлиб тортиб олмас эдилар. Айрим ҳолларда кишиларнинг кўришиб-ла, тезда бошқа томонга бурилишга интилиши ҳам одобга зид. Зеро, кўришиш учрашувнинг бошланишидир, тугаши эмас.
13. Бир жамоа кишилар билан кўришганда уларнинг ичидаги энг ҳурматлисидан бошлаб кўришилади. Кейин унинг ўнг тарафидагилар билан, сўнг чап тарафидагилар билан кўришилади. Агар жамодагилар деярли бир хил мақомдаги кишилар бўлса, ўнг қўлдан бошлаб кўришилаверади.
14. Бирор юмуш билан банд бўлиб турган, тиловат қилиб турган, гаплашиб турган, таомланаётган киши билан ўзи қўл чўзмагунича ёки шунга ишора бўладиган бирор ҳаракат қилмагунича кўришилмайди.
15. Ўтирган кишиларнинг ҳузурига келганда кўришиш учун уларни безовта қилиш одобдан эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кейин келган киши дарҳол бўш жойга ўтириб олишини тавсия қилганлар. Аммо ўтирганлар ўзлари туриб, кўришишни истасалар, шунга рағбат қилсалар, у ҳолда кўришишнинг зарари йўқ.

Қучоқлашиб кўришишда ҳам ўзига яраша одоб ва меъёрларга риоя қилишни унутмаслик лозим. Жумладан:
1. Ҳар сафар қучоқлашиб кўришмаслик. Оддий ҳолатларда ҳар гал қучоқлашиб кўришавериш ҳам яхши эмас. Чунки суннатда кўришишнинг ҳақиқий шакли қўл бериб кўришишдир. Қолаверса, ҳар сафар қучоқлашиб кўришиш айрим ноқулайликларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
2. Қучоқлашиб кўришганда кийимлик ҳолатда бўлиш. Шунга кўра, кўйлак, тўн каби устки кийим бўлмаганда қучоқлашиб кўришиш танзиҳий макруҳ саналган.
3. Хушбўй ҳолда бўлиш. Ҳеч бўлмаса, нохуш ҳидлардан холи бўлиш лозим. Терлаб турганда, кир-чир иш кийимларда қучоқлашиб кўришиш одобдан эмас. Саҳобаи киромларнинг оддий қўл бериб кўришиш учун ҳам қўлларига хушбўй суртиб юрганлари юқорида айтиб ўтилди. Демак, қучоқ очиб кўришганда бунга янада эътибор бериш зарур бўлади. Айниқса, ёз кунларида, терлаб турганда қучоқлашиб кўришиб бўлмайди, кишига озор беради. Шунингдек, бўйин ва юзлар ҳўл бўлганда уларни қарши томонга текказишдан ҳам сақланиш лозим.
4. Кўксни кўксга олиб бориш. Одатда қучоқлашиб кўришиш деганда деярли барча халқларда бир хил ҳолат назарда тутилади: кўкрак кўкракка текказилади, бошлар елка устига олинади. Биз ҳадисларнинг таржимасида «қучоқлашиб кўришиш» деб берган сўз ҳам айни шу маънога далолат қилади. Бу сўз аслида «бўйин уриштириш», аниқроғи, «бўйинни бўйинга яқин олиб келиш», «бўйиндан қўлни ўтказиб, ўзига тортиш» деган маъноларни англатади.
Демак, ҳадисларда назарда тутилган, мусулмонларга қадимдан маълум бўлган ва уларнинг ўзаро муносабатларида муомалада бўлиб келган қучоқлашиб кўришиш елкаларни яқинлаштириб, кўкракларни бериб кўришиш экан. Бундан келиб чиқадики, ҳозирда урфга айланаётган бош уриштириб кўришиш ҳақиқий маънодаги қучоқлашиб кўришиш ҳисобланмайди. Чунки бу аслида мусулмонлар одатидан эмас. Агар бу яхши иш бўлганида, олдинги ва бугунги уламоларнинг шундай қилаётганларини кўрган бўлар эдик. Бу тур кўришиш бизга ажнабийлардан, мусулмон бўлмаганлардан кириб келганини ҳам унутмаслик лозим. Мусулмон киши кимга тақлид қилаётганига эътибор бериши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, у ўшалардандир», деганлар.
Шунингдек, уламоларимиз қучоқлашиб кўришганда елкани яқинлаштириб, белни узоқроқ тутиш лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Акс ҳолда, бундай кўришиш ахлоқсизлик кўринишига ўхшаб қолади.
Айрим кишиларда кузатиладиган яна бир нотўғри кўришиш шаклларидан бири — қорин уриштириб кўришишдир. Бу борада ҳам юқоридаги сўзларни айтиш мумкин. Қолаверса, бу қарши томонга озор бериши, унинг кўнглига тегиши ҳам турган гап. Агар тўғри қучоқлаб кўришишга имкон бўлмаса, қўл олиб кўришиш билан кифояланган маъқул.
Баъзи одамлар қучоқлашиб кўришганда кўришаётган одамни ўзидан итариб кўришади. Бу ҳол ҳам кишига озор беради. Одатда бу каби ҳолат кибр ва манманликдан келиб чиқади. Ундан кўра яхшилаб қўл қисишиб кўришган афзалроқдир.
5. Таъзия билдиришда қучоқ очиб кўришиш мусибатда елкадошликнинг рамзидир. Аммо мусибат аҳлини уринтирмаслик учун, айниқса таъзиячилар кўп бўлган пайтда маҳкам қўл ушлаб кўришиш ҳам кифоя қилади.
6. Улуғ кишилар, олим одамлар, устозлар билан кўришишда агар уларнинг ўзлари қучоқ очиб кўришишга рағбат билдирмасалар, икки қўллаб кўришиш билан кифояланиш ҳам одобдандир.
Умуман олганда, барча ҳолларда кўришишдан кўзланган мақсад ‒ ўзаро муҳаббатни мустаҳкамлашни унутмаслик керак. Сиз билан кўришган киши кўришганидан мамнун бўлсин, кўнгли ёзилсин, руҳи кўтарилсин, «мен билан самимий кўришди» деган хулосага келсин, яна қайта кўрганда кўришишга беихтиёр интиладиган бўлсин, ана шунда сиз динимиз таълимотларига тўғри амал қилган бўласиз. Агар сиз билан кўришган одам яна қайта кўришишдан безиллайдиган бўлса, кўришишга интилмаса, у ҳолда, сиз кўришиш одобларига риоя қилмаган бўласиз, бу эса исломий одоблардан кўзда тутилган мақсадга зид ҳолатдир.
Мазкур одоб ва меъёрлар умуман олганда эркагу аёл учун баробардир. Аммо уламоларимиз бошқа ҳолатларда бўлгани каби бу борада ҳам аёллар ҳаё ва ибога яқинроқ кўринишда кўришишлари кераклигини айтганлар. Шунга кўра, аёллар бир-бирлари билан қўл олишиб, билак ушлашиб, қучоқ очиб, юз ва қўлларидан ўпиб кўришишлари мумкин. Қучоқ очиб ва ўпиб кўришилганда фитна хавфи бўлмаслиги ва бу доимий одатга айланмаслиги шарт. Шунингдек, лабдан ўпиб кўришиш мутлақо жоиз эмас.

Кўришганда қўл ўпиш

Кўришганда бирор кишига нисбатан бўлган чуқур эҳтиром ва муҳаббат эътиборидан унинг қўлидан ёки пешонасидан ўпиш жоизлиги ҳақида кўплаб ҳадис ва асарлар келган.
Имом Абу Довуд ва Насоийлар Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, у киши жумладан шундай деган:
«...Кейин биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бориб, у зотнинг қўлларини ўпдик».
Абу Бакр ибн Муқрий Усома ибн Шарикдан ривоят қилади: «...Кейин биз туриб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига бориб, у зотнинг қўлларини ўпдик».
Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Тобаронийлар Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда иккита яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан тўққиз мўъжиза ҳақида сўрайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг саволларига жавоб бериб, насиҳат қилганларида улар у зотининг қўл-оёқларини ўпиб, «Биз сенинг ҳақиқий набий эканингга гувоҳлик берамиз», деганлари айтилган.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Шомда волий бўлиб турган кезлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу билан учрашганда у кишининг қўлларини ўпган эди.
Улуғ саҳоба, етук олим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга отининг узангини тута туриб, «Уламоларимизга шундай эҳтиромда бўлишга амр қилинганмиз», дедилар. Шунда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг қўлларини ўпди ва «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг аҳли байтига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», дедилар.
Имом Аҳмаднинг ўғли Абдуллоҳ айтади: «Мен кўплаб уламолар, фақиҳлар ва муҳаддисларнинг, шунингдек, Бану Ҳошим, қурайший ва ансорийларнинг отамни ўпиб кўришганларини кўрганман. Уларнинг баъзилари отамнинг қўлларини, баъзилари бошини ўпарди. Улар у кишини жуда ҳам улуғлашар эди. Уларнинг бошқа фақиҳлардан бирортасига бундай қилишганини кўрмаганман. Отам эса уларнинг бундай қилишларини истамас эдилар».
Уламоларимиз ушбу ва бошқа далиллардан келиб чиқиб, керакли шартларга риоя қилинса, киши ўзи ҳурмат қилган кишисининг қўлини ўпиб кўришиши мумкинлигини айтганлар.
«Шарҳул-виқояда» бу ҳақда шундай дейилади: «Олимнинг ва одил подшоҳнинг қўлини табаррукан ўпишнинг ҳечқиси йўқ. Шунингдек, ота-онанинг, қариянинг ва солиҳ кишнинг қўлини ўпишнинг ҳам зарари йўқ. Аммо жоҳил кишилар қилганидек, ўз қўлини ўпиш макруҳдир».
Имом Нававий айтади: «Бошқанинг қўлини ўпиш агар унинг илми, парҳезкорлиги, зоҳидлиги, дин-диёнати ва бошқа шу каби диний ишлар юзасидан бўлса, макруҳ эмас, балки мустаҳабдир. Агар бойлиги, дунёвий мартабаси юзасидан бўлса, макруҳдир, балки ҳаром ҳам дейилган».
Имом Молик ва бошқа бир қанча уламолар кўришганда қўлни ўпишни макруҳ санаганлар. Имом Абҳарий бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди: «Бу нарса буюклаштириш ва такаббурлик юзасидан бўлса, Молик буни макруҳ санаган. Аммо кишининг дини, илми ва шарофати учун Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш маъносида бўлса, жоиздир».
Эркак киши маҳрам аёлларнинг, аёл киши ўз маҳрамларининг қўлини ўпиши мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳар куни оналарининг қўлларини ўпиб кўришардилар. Бунда ҳам фитна хавфи бўлмаслиги шарт. Зеро, айрим табиати бузилган, ахлоқсиз кишиларда кўнгил бузилиши мумкин. Шу боис, ёш маҳрам аёллар билан бундай кўришмаган маъқул. Шунингдек, аёллар учун ҳам номаҳрам эркакларнинг қўлини ўпиш ҳаромдир. Аёллар аёлларнинг қўлини ўпиши бу борадаги ҳукмнинг умумийлигига кўра жоиздир.
Ғарб халқларининг маданиятига айланган одат – номаҳрам аёлларнинг қўлини ўпиш одати динимиз таълимотларига ҳам, халқимизнинг тарбиясига ҳам, соф инсоний табиатга ҳам тамоман зиддир. Айрим кимсаларнинг бу каби номақбул одатни ёшларимиз ўртасида ёйишга интилиши, тарғиб қилиши оқибати ёмон бўлган, бузуқлик эшиги, ахлоқсизлик дебочаси бўлган аянчи ҳолдир.
Бу борада келган ҳадис ва асарларни ўрганган уламоларимизнинг таъкидлашларича, қўл ўпиш жоиз бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши лозим:
1. Одат бўлиб қолмаслиги. Мисол учун, устоз ёки олим киши ўрганиб қолиб, табиий равишда қўлини чўзадиган бўлиб қолмаслиги керак. Зеро, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ўпган бўлсалар ҳам, бу нарса нодир ҳолат ҳисобланади. Бинобарин, буни доимий суннат қилиб олмаслик лозим. Хусусан, фуқаҳолар буни бардавом қилиш жоиз эмас деб таъкидлаганлар.
2. Кибр ва манманликка, ўзига баҳо беришга олиб бормаслиги. Яъни, олим ё устоз ёки бошқасининг қўлини ўпиш агар унда кибр ва манманлик касалини пайдо қилиши эҳтимоли бўлса, унинг қўлини ўпилмайди.
3. Суннатга хилоф бўлмаслиги. Олим, аҳли фазл кишиларнинг қўлини ўпиш уларга нисбатан муҳаббат ва эҳтиром рамзи, уларнинг баракаларидан баҳраманд бўлишга қаратилган ҳаракатнинг бир кўриниши, холос. Шу боис, бунда ҳаддан ошмаслик, ҳиссиётга берилиб, чегарадан чиқиб кетмаслик даркор.
4. Бу нарса бирор суннат амалнинг йўқолишига сабаб бўлмаслиги лозим. Мисол учун, бундай кўришиш қўл бериб кўришишнинг ўрнига ўтиб қолмаслиги, уни суриб чиқармаслиги шарт. Зеро, бу қўл бериб кўришишнинг ўрнига эмас, балки аҳёнда унга қўшимча равишда бажариладиган ишдир.

Ғайридинлар билан кўришиш мумкинми?

Ғайридинлар билан кўришиш жоизлиги ҳақида жумҳур уламолар якдил фикрдалар. Хусусан, бу уларнинг Исломга мойил бўлишларига туртки бўлиши, сабаб бўлиши умид қилинган ўринларда бунга янада эътибор бериш керак. Аммо мусулмонларга душманлик қилиб турган, динларини ҳақорат қилаётган кишилар билан имкон қадар кўришмаслик керак, дейди уламолар.

Эркак аёл билан, аёл эркак билан кўришиши мумкинми?

Қўл бериб, қучоқ очиб, ўпиб кўришиш фақат жинсдошлар ўртасида эмас, балки бир-бирларига маҳрам бўлган эркак-аёллар ўртасида ҳам жоиз. Биргина шарт – фитна ва ёмон ҳис-туйғулар хавфи бўлмаслиги лозим.
Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Сўзда ва гапиришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотимачалик ўхшаш одамни кўрмадим. Қачон у ул зотнинг ҳузурларига кирса, ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтқазар эдилар. Агар у зот унинг олдига кириб қолсалар, у туриб у зотни қўлларидан ушлаб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтқазар эди. У ул зот вафотлари олдидаги хасталикларида ҳузурларига кирди. Ул зот уни кутиб олдилар ва ўпдилар».
Ушбу ҳадисдан маҳрамларнинг бир-бирлари билан ҳатто ўпиб кўришишлари ҳам мумкинлиги келиб чиқади. Аммо номаҳрамлар ўртасида кўришишнинг бирорта шакли жоиз эмас. Жумҳур уламолар ҳатто қўл бериб кўришиш ҳам мумкин эмаслигини айтганлар.

Эркак-аёлнинг бир-бирлари билан кўришишини уч қисмга бўлиш мумкин:
1. Номаҳрамлар ўртасида. Яъни, кўришаётган аёл билан эркак бир-бирига номаҳрам, яъни ўзаро никоҳланишлари ‒ шаръан эр-хотин бўлишлари жоиз бўлганлар ўртасида. Буларнинг бир-бирлари билан қучоқ очиб, қўл бериб ёки ўпиб кўришишлари мумкин эмас, ҳаром ҳисобланади, гарчи қўлқоп каби бирор нарса қўл-қўлга тегишини тўсиб турса ҳам. Чунки уларнинг бир-бирларига шаҳвоний майли бўлиши табиий ҳол. Бунга амакивачча, холавачча, тоғаваччалар, шунингдек, қайноға, қайнисингил каби вақтинча маҳрамлар ҳам киришини унутмаслик керак.
Эркак кишининг номаҳрам аёл билан шаҳвоний хаёлда кўришиши унга ўша маънода назар ташлашдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бегона эркак-аёллар қўл бериб кўришганида шаҳвоний ҳирс бир-бирларига назар ташлагандагидан кўра қаттиқ ва тезроқ қўзғалар экан.
Имом Молик, имом Аҳмад, Насоийлар Умайя бинт Рақиқадан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен аёлларнинг қўлини олмайман», деганлар. Имом Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда у киши: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ҳеч ҳам бирор (номаҳрам) аёлнинг қўлига теккан эмас», деганлар.
Имом Табароний Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингизнинг бошига темир игна суқилиши унинг учун ўзига ҳалол бўлмаган аёлни ушлаганидан яхшироқдир», дедилар».
Имом Аҳмад розияллоҳу анҳудан «Номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришиш жоизми?» деб сўрашганда, у киши «Йўқ», деб жавоб берган. Сўровчи киши «Кийими билан кўришса-чи? Яъни кийим ўртада тўсиқ бўлиб турса-чи?», деганида у киши яна «Йўқ», деб жавоб берган.
Жумҳур уламолар ушбу ва бошқа далиллар асосида бир-бирларига номаҳрам бўлган ва балоғатга етган эркак-аёлларнинг ҳатто қўл бериб кўришишларини ҳам ҳаром деганлар. Чунки кўришиш томонларни бир-бирларига яқинлаштирувчи омил саналади. Номаҳрамларнинг ўзаро яқинлашуви кўплаб ахлоқсизликларга, ёмон оқибатларга олиб келиши ҳеч кимга сир эмас. Буни ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Ушбу ҳақиқатни писанд қилмаган жамиятларнинг аҳволи барчага аён. Шу боис, номаҳрам эркак-аёлларга бир-бирлари билан учрашганларида саломалашиш билан чекланишлари лозим. Аммо эркак киши катта ёшдаги аёллар ва рағбат уйғотадиган ёшга етмаган қизчалар билан қўл бериб кўришиши истисно тариқасида жоиз санлади.

2. Маҳрамлар ўртасида. Уларга бир-бирлари билан қўл бериб, қучоқ очиб ёки ўпиб кўришишлари жоиз. Аммо бунинг шарти ‒ фитна хавфи бўлмаслиги, яъни томонларда ҳирс уйғониш ҳолати эҳтимоли кузатилмасиги лозим. Бу шарт кўпчиликка ғалати туюлса-да, айрим кишиларда, хусусан ўсмирларда бўлиши мумкин бўлган ҳолатдир. Хусусан, бугунгидек ахлоқий таназзул авж олиб, соф инсоний табиат бузилиб, маҳрамлар ўртасида ҳам никоҳни тарғиб қиладиганлар чиқиб турган бир пайтда бунда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим.
Демак, эркак киши ўз онаси, бувилари, опа-сингиллари, амма-холалари, жиянлари, фарзанд-набиралари каби доимий маҳрамлари билан кўришиши мумкин. Бу маҳрамлар насаб жиҳатидан бўладими ёки эмикдошлик жиҳатиданми, фарқи йўқ. Аммо эркак ўз аёлининг опа-синглиси, жияни, амма-холаси каби вақтинчалик маҳрамлар билан кўришиши мумкин эмас. Аёл киши ҳам ўзининг ота-бобоси, ака-укаси, амаки-тоғаси ва жиянлари каби доимий маҳрамлари билан кўришса жоиз. Аммо эрининг ака-укаси каби вақтинча маҳрамлар билан кўришиши ҳалол эмас.
Маҳрам эркак-аёллар бир-бирлари билан кўришганларида одоб-ахлоққа риоя қилишлари лозим. Кўришганда ўзларида ҳирс уйғониш хавфини сезсалар, кўришмасликлари керак. Ўпиб кўришганда пешонадан, қўлдан ўпиб кўришилади, лабдан ўпиш мумкин эмас, юздан ҳам ўпмаган яхши. Бегоналар олдида қучоқ очиб ёки ўпиб кўришмасликлари даркор, чунки бу одобсизлик бўлади ва кишиларнинг кўнгли бузилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, уламолар онадан бошқа маҳрамлар билан қўл бериб кўришиш билан кифояланишни тавсия қилганлар.

3. Эр-хотин ўртасида. Шаръий никоҳдан ўтган эр-хотинларга бир-бирларининг бутун таналарини кўриш ва ушлаш жоиздир. Бу шаҳват юзасидан бўладими ёки бўлмайдими, фарқи йўқ. Эркак кишининг уйдан чиқаётганда ва уйга келганда ўз аёли билан қучоқ очиб, ўпиб кўришиши ўзаро муҳаббатга сабаб бўлади.

Ёш бола билан кўришиш ва уни ўпиш

Ёш болалар билан кўришилганда уларни ўпиб, эркалаш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан, фазилатли амаллардан саналади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алийни ўпдилар. Ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ҳам ўтирган эди. Ақроъ: «Менинг ўнта болам бор, уларнинг бирортасини ҳам ўпмаганман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар-да, сўнг: «Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмас!», дедилар».
Бошқа бир ривоятда айтилишича, «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», деганлар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам куннинг бир қисмида йўлга чиқдилар. Ул зот менга ҳеч нарса демас, мен ҳам у зотга индамас эдим. Юриб Бану Қайнуқоъ бозорига етиб бордик. Ул зот Фотиманинг уйи олдига ўтирдилар. Сўнг: «Болача борми?» дедилар. Уни онаси бир оз тутиб қолди. Менимча, унга сихоб кийгизди ёки уни ювди. Шунда у шиддат билан югуриб келди. Уни қучоқладилар, ўпдилар».
«Сихоб» – биздаги камзулга ўхшаш болалар кийими бўлиб, кийим устидан кийгизилади,.
Эркак кишининг рағбат уйғотадиган ёшга етмаган қизчалар билан кўришиши, уларни ўпиб, эркалаши мумкин экани ҳақида имом Бухорий алоҳида боб очиб, уни «Бировнинг қизчасини ўйнашига қўйиб бериш, уни ўпиш ёки у билан ҳазиллашиш ҳақида» деб номлаган ва унда қуйидаги ҳадисни келтирган:
Умму Холид бинти Холид ибн Саъиддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отам билан келдим, эгнимда сариқ кўйлак бор эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Санаҳ, санаҳ», дедилар. ‒ Абдуллоҳ ибн Муборак: «Бу («санаҳ» сўзи) ҳабаш тилида «гўзал» деганидир», дейди. ‒ Кейин нубувват муҳрларини ўйнай бошладим, шунда отам мени жеркиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўй», дедилар».
Аёл кишининг ҳам балоғатга етмаган ўғил болалар билан кўришиши, уларни ўпиши жоиз. Умму Салама онамиз баъзи тобеинларни болалик даврларида ўпиб, бошларини силаганлари ривоятларда келган. Бир маротаба Ҳасан Басрийга кўкрак тутганлари ҳам саҳиҳ хабарларда бор.
Имом Бухорий «Ал-Адаб ал-муфрад»да Иброҳим ибн Марзуқ Сақафийнинг ўз отасидан қилган қуйидаги ривоятини келтиради:
«Абдуллоҳ ибн Зубайр мени уларга Ҳажжож қандай муомала қилаётганининг хабарини беришим учун онаси Асмо бинт Абу Бакрнинг ҳузурига юборарди. У менинг ҳаққимга дуо қилар ва бошимни силар эди. Ўшанда мен ёш бола эдим».
Имом Нававий шундай ёзади: «Кишининг меҳр-шафқат, лутф ва қондошлик муҳаббати юзасидан ўзининг кичик фарзанди ва инисининг ёноғидан ўпиши, шунингдек, ёноғидан бошқа жойидан – юз-кўзидан, қўли ва пешонасидан ўпиши суннатдир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган бўлиб, улар саҳиҳ ва машҳурдир. Бунда бола ўғил бўладими, қиз бўладими, фарқи йўқ. Шу билан бирга, киши ўз дўстининг ёки бошқаларнинг кичик ёшли болаларини ҳам мазкур сабаблар юзасидан ўпиши суннатдир. Аммо шаҳват юзасидан ўпиш ҳаромдир, бунга барча уламолар иттифоқ қилганлар. Бунда ота-она ҳам, бошқа одамлар ҳам баробардир. Балки қондош ва бегона болаларга шаҳват билан қараш ҳам ҳаромдир».

Жунуб киши билан кўришиш мумкинми?

Айрим кишиларда жунуб ҳолда бўлиб, ҳали ғусл қилмаган киши билан кўришиш мумкин эмас, деган тушунча бор. Бундай нотўғри фикр дастлабки пайтда айрим саҳобаи киромларда ҳам бўлган экан. Бу ҳақда имом Термизий ўз «Жомеъ»ида «Жунуб киши билан кўришиш ҳақида» деган боб очиб, унда қуйидаги машҳур воқеъани нақл қилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Мадина кўчаларидан бирида йўлиқибдилар. У жунуб экан. «Шунда у зотдан яшириндим», дейди у. Бориб, ғусл қилибди. Кейин келса, у зот: «Қаерда эдинг, эй Абу Ҳурайра?» дебдилар.
У: «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолда ўтиришни хоҳламадим», дебди.
Шунда у зот: «Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар».
Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида таъкидлайдиларки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўл бериб кўришишдан ўзларини олиб қочган эканлар.
Имом Термизий мазкур ҳадисни келтиргандан сўнг бобга шундай хулоса ясайди: «Кўплаб аҳли илмлар жунуб киши билан кўришишга рухсат берганлар ҳамда жунуб киши ва ҳайзли аёлдан чиққан тернинг зарари йўқ, деб билганлар».

Хулоса ўрнида

Саломлашиш ва кўришиш барча халқларда қайсидир кўринишда мавжуд бўлса­да, ҳеч бир дин ёки таълимотда бу амалга Исломдагидек эътибор берилмаган. Аввало, Исломда саломлашиш учун энг гўзал ва маъноли ибора танланган. «Соғ бўлинг», «Хайрли тонг», «Хайрли кеч», «Хуш келибсиз» каби оддий тилаклар эмас, балки уларнинг ҳаммасини ўз ичига қамраб оладиган, барчасидан кўра кенг маъно ва аҳамият касб этадиган ибора танланган: «Ассалому алайкум» ‒ «Сизга саломатлик, тинчлик­омонлик бўлсин», «Сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин», «Сизга Аллоҳдан саломатлик, тинчлик тилайман». Кўришишда ҳам энг соф ва инсон табиати истайдиган кўринишлар ўз ўрнида йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, Исломда саломлашиш ва кўришишга доир барча ҳолатлар батафсил баён қилинган ва энг тўғри шаклда йўлга қўйилган. Унда саломлашганда «бош кийимни ечиш», «икки букилиш» каби кераксиз одатларга ва бошқа меъёрларга ўрин ҳам, зарурат ҳам йўқ. Умуман олганда, барча жабҳаларда бўлгани каби, бу маънода ҳам бошқа маданятларга тақлид қилишга эҳтиёжимиз йўқ, тақлид қилишимиз мумкин ҳам эмас. Балки биз бу борада бошқаларга устоз бўлишга арзигулик таълимотларга эгамиз. Уларда асрлар оша инсоният маданияти ривожининг энг гўзал мевалари бўлган юксак анъаналар ҳам ўз аксини топган. Уларнинг ҳар бири одамийлик, олижанобликнинг олий намуналаридир. Бу одобларнинг барчаси ахлоқий асосларга таянади, уларда шаҳвоний, ҳирсий истакларга ўрин берилмайди. Чунки улар оддий инсонлар томонидан эмас, Буюк Яратувчи – Аллоҳ азза ва жалла томонидан жорий қилингандир. Аллоҳнинг таълимотларидан баҳраманд бўлган, уларга амал қилган бахтиёр кишиларга ҳар хил бошқа йўл­йўриқларга риоя қилишнинг умуман ҳожати йўқ. Хусусан, «эркак доимо аёлга биринчи салом беради», «эркак дастлаб аёллар билан, сўнгра эркаклар билан саломлашади ва кўришади» каби нотабиий, ортиқча меъёрлар, «эркак аёлнинг қўлини фақат қўлқопсиз бўлгандагина ўпади», «ўзидан ёши катта бўлган кишилар билан кўришганда аёл қўлқопини ечади» каби нотўғри ҳатти­ҳаракатларнинг, «эркак аёлни ўпаётганда шляпасини ечади» деган тушунарсиз фалсафаларнинг ҳеч бири бизнинг диний ва миллий қадрятларимизга тўғри келмайди. Чунки бу каби меъёрлар дунёқарашлари умуман биздан ўзгача бўлган, ҳалол-ҳаромнинг, маҳрам­номаҳрамнинг фарқига бормайдиган, ҳақиқий ахлоқ­одобидан айрилган кишиларнинг янгича урф­одатлари, холос.
Ислом маданиятининг ўзига хослиги шундаки, унда ҳар бир яхши амалга виждонан ва иймонан ёндашиш талаб қилинади. Ҳар бир яхши ишни аввало Аллоҳ розилиги учун, ухравий савоб ва мукофотларни умид қилган ҳолда бажаришга тарғиб этилади. Хусусан, ижтимоий алоқаларда ҳам мана шу самимият талаб қилинади. Айрим халқларда бу каби амалларга кишиларни моддий манфаатларни очиқчасига ваъда қилиш воситасида чақирилса, Исломда бундай худбинлик қатъий қораланади ва гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Исломда ахлоқий маданиятнинг таназзулига олиб борадиган бу каби сирпанчиқ йўллар бошданоқ тўсиб қўйилган. Ахир, ахлоқсизлик қаърига етиб бориб, сўнг додлашдан нима фойда?
Ўзини сақламоқчи бўлган ҳар бир халқ ўзлигини сақлашга мажбур, бусиз ҳеч нарсага эриша олмайди. Ўзликни сақлаш эса каттаю кичик барча жабҳаларда акс этиши керак. Акс ҳолда, бугун битта қадриятидан, эртага иккинчисидан, бугун кичикроқ бир одобидан, эртага каттароқ гўзал ахлоқидан айрилишга тўғри келади. Бора­бора ўзлигини йўқотиб, кимлигини ҳам билмайдиган манқуртларга айланиб қолиш ҳеч гап эмас. Қанчадан қанча халқлар шу тариқа тарих қаърига сингиб, беному нишон бўлиб кетган.
Шунинг учун ҳам сиз билан биз ўз қадриятларимизни, гўзал ахлоқларимизни асраб авайлашимиз лозим. Бунда ҳеч бир нарсага ‒ каттасига ҳам, кичигига ҳам бепарво қарашга ҳаққимиз йўқ. Зеро, бир халқда маълум бир юксак маданиятнинг шаклланиши учун асрлар керак бўлади, аммо уни йўқотиш учун бир неча йилнинг ўзи кифоя.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Ислом таълимотлари илоҳий таълимотлардир. Бинобарин, уларни урф-одатларга бўйсундирлмайди, балки урф-одатларни уларга бўйсундирилади. Шу боис, уларга амал қилишда, хусусан, эркак-аёлларнинг бир-бирлари билан бўлган муносабатларида мазкур кўрсатмаларга қатъий риоя қилиш лозим, нотўғри одатлар таъсирига асир бўлиб қолмаслик, гуноҳга ботиб қолмаслик керак.
Аллоҳ таолодан халқимизни ҳидоятга бошлашини ва унда собит қилишини сўраймиз. Омин!

Ҳасанхон қори Яҳё

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz