Силаи раҳм Принтер учун
22.03.2012 й.
“Силаи раҳм” калимасини она тилимизга сўзма-сўз ўгирадиган бўлсак, “раҳмни боғлаш” деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани, она бачадонини ҳам араблар “раҳм” дейдилар. Демак, силаи раҳм деганда қариндош-уруғлар билан яхши алоқада бўлиш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, ҳамда уларни моддий ва маънавий жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш ва ҳоказолар тушунилади.

Шубҳасизки, динимиз Исломда силаи раҳмга ниҳоят даражада қаттик эътибор қилинган. Ўнлаб оят ва ҳадисларда бу мавзу эсга олинади. Силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати жаноби Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳадисларида такрор-такрор уқтирилади. Мўъминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига алоҳида урғу берилади. Бунинг муқобилида эса бузғунчи бўлган қавмларнинг ёмон сифатлари зикр қилинганда, уларнинг Аллоҳ буюрган ришталарни узишлари ҳақида яъни силаи раҳм қилмасликлари ҳақида хабар берилади. Албатта, бу бежиз эмас. Динимизнинг силаи раҳмга бу қадар юксак аҳамият қаратиши унинг нечоғли аҳамиятга молик бир иш эканидан далолатдир.
Агар қон-қариндошлик учун атама сифатида танланган ушбу “раҳм” сўзининг зоҳирий шакли, зоҳирий тузилиши ҳақида бироз тафаккур қилсак ҳам, олам-олам маъноларни кашф қиламиз. Эътибор қилинса, бу сўзнинг ўзаги меҳр-шафқат, мурувватни англатувчи “раҳм” сўзи билан битта. Шунинг ўзи оқил одамга кўп нарсаларни ўргатади. Энди, ушбу сўз Аллоҳнинг чексиз даражада раҳм-шафқатли эканини билдирувчи “Раҳмон” сифати билан ҳам ўзакдош эканини билсак, унда қалбимизга не-лар келаркин, “силаи раҳм”нинг луғатларда ёзилмаган яна қандай чуқур маънолари, латиф ишоротлари илҳом осмонидан қалбимизга шудринг мисол инаркин... қариндош-уруғчилик ришталарини боғлашнинг нақадар буюк аҳамияти ва заруратини ҳис қилармикинмиз, ажабо!..
Фикримизнинг ёрқин далили бўлган мана бу ҳадиси қудсийни эшитиб, тадаббур қилсак:
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) шундай деганларини эшитади: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: Мен Раҳмондирман. Мен “раҳм”ни яратдим. Ва унга ўз исмимдан исм ясадим. Бас, кимки, раҳмни боғласа, уни боғлайман (яъни уни яхшиликка боғлайман, қилган хайрли амали учун мукофотлайман). Кимки, раҳмни узса, уни кесиб ташлайман!”. (Бухорий: “ал-Адаб ал-муфрад”)
Қон-қариндошлар билан чиройли алоқада бўлишнинг дунёю охиратдаги фазли, ҳамда силаи раҳмни тўхтатишнинг, қариндошлар билан алоқани узишнинг уқубати ва аянчли оқибати ҳақида ворид бўлган ҳадислар ниҳоятда кўп бўлиб, биз уларнинг барини бу қисқа ва мухтасар суҳбатимизда эсга олишимиз қийин. Шу боис, ҳам бу борадаги ҳадис ва оятлардан айримларини келтириб, ўша ҳадис ва оятларнинг мазмун ва моҳияти асосида суҳбатимизни давом эттирамиз, иншоаллоҳ...

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар:
Маъноси: “Кимки, Аллоҳга ва охират кунига мўъмин бўлса, бас, меҳмонини иззат қилсин!.. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига мўъмин бўлса, бас, қариндошлари билан яхши алоқада бўлсин!.. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига мўъмин бўлса, бас, яхшиликни сўзласин, ёки жим турсин!..” (Собиқ манба)
Бу ҳадис силаи раҳм фарзлигига очиқ-ойдин далолат қилади. Ҳадисдан яна шундай сабоқ ҳам оламизки, силаи раҳм иймон аломатларидан ва иймон тақозо қилувчи лозим ишлардан экан: Кимки, Аллоҳга ва охират кунига мўъмин бўлса, бас, қариндошлари билан яхши алоқада бўлсин!..
Боя айтганимиздек, “раҳм” бу –қариндошлар дегани. Силаи раҳм жамиятимиз гуллаб-яшнашининг энг биринчи ва энг муҳим омилларидандир. Агар ҳамма ўз қариндош-уруғлари билан чиройли алоқада бўлса, борди-келди қилса, давлатманд кишилар ўзларининг қўллари қисқароқ бўлган қариндош-уруғларига меҳрли-мурувватли бўлсалар, ҳолларидан хабардор бўлиб турсалар, оғирларини енгил қилсалар, бу қандай саодат! Қандай бахт! Бундай жамиятга Аллоҳ таолоЎзининг раҳмат ва офият гулларидан ёғдириб, мустақил ватанимизни ободу гулистон айласа, арозий ва самовий балолардан асраса не ажаб...
Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади (маъноси): “Кимки, ризқи кенг бўлиб, умри узун бўлишини яхши кўрса (истаса), бас, силаи раҳм қилсин (яъни ўз қон-қариндошлари билан яхши алоқада бўлсин)”.  
Демак, қариндошлар билан гўзал муомалада алоқани ушлаб туришлик, умр узайишининг, ризқ мўл бўлишининг сабабчиларидан экан.Умри узайишини хоҳлаган одам, қариндошларига яхшилик қилсин, ризқи кенг бўлишини, топган-тутганига барака киришини истаган одам қариндошлари билан борди-келди қилсин!..
 Бугунги кунимизда қариндош-уруғлар билан алоқада бўлиб туришнинг минг бир хил йўллари, минг бир хил воситалари мавжуд. Авваллари одамлар узоқроқда яшайдиган биронта қариндошиникига бориш учун от-араваларда соатлаб, балки, кунлаб юрган бўлсалар, ҳозир алҳамду лиллаҳ шаҳарни у четидан бу четига машинада ғир этиб, саноқли дақиқаларда етиб олиш мумкин. Бугун қариндошлар билан алоқа қилмаслик учун биронта ҳам баҳона қолмаган. Ҳеч бўлмаганда автобус, метро ва ҳоказо каби умумий нақлиёт воситаларига миниб бўлса ҳам узоқни яқин қилиш мумкин. Эътибор беринг-а,.. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига мўъмин бўлса, бас, қариндошлари билан алоқа қилсин!..     
Мўъмин одам бу гапни қулоғи орқали бутун вужудига қуйиб олиши керак!.. Мўъмин киши бу амрга итоат қилиши лозим!..
Эҳтимол, баъзилар иқтисодий турмушнинг бугунги бозор иқтисодиётига асосланган тизими талаб қилувчи доимий иш билан машғул бўлиб, доимий  ҳаракатда бўлаётганларини, яна “ўзинг учун ўл етим” деганга ўхшаш мақол ва ҳаказоларни рўкач қилиб, “вақт йўқ, ҳозир ҳамма ўзи билан ўзи овора-ку, бировдан гина қиладиган пайтми” каби важ-корсонларлар билан ўзларига узр топишга ҳаракат қиларлар. Шуни унунтмайликки, бу нарсалар қариндош-уруғларни ташлаб қўйишга, уларнинг ҳолларидан хабар олмасликка асло сабаб ёки баҳона бўлолмайди. Қиёмат кунида бу гаплар унга ҳужжат бўлолмайди...
Ҳар қандай иши кўп, ўта банд, замонавий ибора билан айтганда мана мен деган бизнесмен киши ҳам агар виждони уйғоқ бўлса, силаи раҳмни узган одамнинг дунёю охиратдаги улкан жазоси ҳақида билса, албатта вақтивақти билан ўзига яқин одамларни ҳолидан хабар олишга вақт топади. Шунча вақтини ақл билан тақсимлаганда, бу нарса учун ҳам вақт топади иншоаллоҳ...  Ҳеч бўлмаганда, вақт топиб боролмаётган бўлса, телефон орқали ҳол-аҳвол сўраш ҳам силаи раҳмнинг бандларига киради...
Энди, мана бундай савол туғилиши мумкин: “Қариндошларимиз кўп, ўзим эса кўпинча иш билан банд бўламан, уларнинг ҳаммасини ҳар куни кўролмайман, силаи раҳмни қандай адо қила оламан”?..
Жавоб шуки, бу нарсани тартига солиш мумкин. Масалан, бир сафар дам олиш кунида, бир қариндошникига бориб хабар олинади, кейинги сафар бошқасиникига. Ёки беш-олти соат вақт ажратиб, бир куннинг ўзида бир-нечта қариндошларнинг кўнглини овлаш мумкин. Шунингдек, боя айтганимиздек, токи бориб кўришга имкон туғилгунга қадар телефон орқали суҳбатлашиб туриш ҳам силаи раҳмга киради. Имкониятларимизни қўлдан бой бермайлик азизлар... Бу қисқа дунёда савоб амалларимизни кўпайтириб қолайлик...
Силаи раҳмнинг халқимизда азал-азалдан мажуд бўлган яна бир кўриниши бу гап-гаштаклар. Чойхоналар… Тасаввур қилинг, қариндошларингиз кўп, ҳамма кўпинча ишда, нима биландир банд. Сизнинг вақтингиз уларникига, уларники эса сизникига тўғри келмаяпти. Унда нима қилиш керак?! Қариндошлар билан масалан бир ойда бир марта камтарона зиёфат уюштириб, жамланиш ҳам мумкин... Хуллас, силаи раҳм қиламан деган инсон учун йўл жуда ҳам кўп...
Ҳайитларда ёши катталарни бориб кўриш, қурбонлик гўштларидан улашиш ҳам силаи раҳм биродарлар!.. Қариндошларни меҳмонга чақириб, яхшилаб икром қилиш ҳам силаи раҳм азизлар...
Энди, силаи раҳм қилмайдиган, қариндошлари ҳолидан хабар олмайдиган кимсалар ҳақида айтилган ваъийдлар, огоҳлантиришлар ҳақида эшитсак...
Набий (соллаллоҳ алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади
Маъноси: “Албатта Раҳмат -ичида қариндошлари билан алоқани узган киши мавжуд бўлган қавм устига тушмас”
 (Бухорий, “ал-адаб ал-муфрад”. Бу ҳадисни баъзи уламолар заиф санаганлар)
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар:
 “Жаннатга “қотиъу раҳм” яъни қариндошлари билан узилган киши кирмайди”.  (Бухорий ривояти. Саҳиҳ ҳадис)Абу Бакра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, шундай дейдилар:
“Бирон-бир гуноҳ Аллоҳ таоло унинг соҳиби учун бу дунёни ўзида жазони тезлаштириб, охиратда  азоб тайёрлаб қўйиши учун раҳмни узиш ва зулм-зўравонликдан кўра лойиқроқ эмас”.  (Бухорий ривояти). Яъни айтилмоқчики, қариндошлар билан алоқани узиш ва бағй-зулм каби гуноҳлар шундай ёмон гуноҳларки, уларни содир қилган кимсага Аллоҳ таоло бу дунёни ўзида жазони тезлаштиради ва охиратда ҳам ундай кимсага азоб тайёрлаб қўйилади. Гуноҳлар ичида мана шундай: ҳам дунё, ҳам охиратдаги жазони лозим қилишга энг “лойиқ” бўлган гуноҳ бу қариндошлар билан алоқани узиш ва бағй (зулм-зўравонлик, фоҳишабозлик) гуноҳи экан.     
Шуни билмоқ лозимки, ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳмнинг энг аввалги поғонасида туради. Зеро, ота-она ва ака-укалар киши учун энг яқин қариндошлар ҳисобланадилар. Ота-оналарга яхшилик қилиш бир томондан силаи раҳм жиҳатидан, иккинчи томондан эса Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда алоҳида буюрилган бирру-л-волидайн яъни “ота-онага яхшилик қилиш” жиҳатидан матлуб амал ҳисобланади.Гоҳида киши қариндош-уруғларининг айримлари билан қайсидир тушунмовчилик туфайл урушиб қолиши, ўрталарида совуқчилик пайдо бўлиб қолиши мумкин. Лекин, бу ҳолатлар ҳам силаи раҳмни узишга сабаб бўлмаслиги керак. Гарчи қариндошингиз сизни ноҳақ ҳафа қилган бўлса ҳам, борингки, у сиз билан алоқани узган бўлса ҳам сиз узмаслигингиз лозим бўлади. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир куни бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига келиб: Ё Расулаллоҳ, менинг шундай қариндошлари борки, мен улар билан алоқа қиламан, улар эса мен билан алоқани узадилар, мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қайтарадилар, улар менга жоҳиллик қиладилар, мен эса уларга ҳалимлик, юмшоқлик қиламан, - дея нодон қариндошларидан шикоят қилди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар:
-    Агар иш сен айтгандака бўлса, унда билгинки, сен уларга қайноқ чўғни едираётган экансан. (Яъни ҳафа бўлма, сен улардан мағлуб эмас, балки, ғолиб бўлаяпсан. Зоҳирдан улар сенга зулм ўтказяптилару, аммо ютқазмоқдалар). Модомики, сен улар билан шундай муомалада экансан, доимо Аллоҳ томонидан юборилган бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлур.
Демак, силаи раҳм яхшиликка яхшилик билан, бордикелдига борди келди билан жавоб қайтариш эмас, балки, ёмонлик кўрилса ҳам, жафо кўрилса ҳам қариндошларга яхшилик қилиш, эътиборсизлик қилаётган қариндошга ҳам эътибор ва таважжуҳ билан бўлар экан.
Зеро, бир ҳадисда
Яъни: Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи деб мукофотлагувчини айтилмайди. (яъни бир қариндоши қайсидир яхшилиги учун яхшилки билан жавоб қайтариш, ёки меҳмонга чақиргани учун меҳмонга чақириш бу силаи раҳм эмас, балки, мукофотлаш, яхшилигини қатариш бўлади) Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи инсон, гарчи қариндоши у билан алоқани узса ҳам силаи раҳм қилади.

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz