Нега Аллоҳ барча бандалари ризқини кенг қилиб қўймайди? Принтер учун
21.03.2012 й.
Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқини кенг-мўл қилиб қўйса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан Хабардор ва кўриб тургувчи Зотдир” (Шўро, 27).

Ушбу оятда юқоридаги саволга қониқарли тарзда жавоб келтирилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, агар Аллоҳ ҳар бир бандасини бой қилиб, уларга фаровон ҳаёт ато этганида, бу нарса уларни туғён, исён, зулм, тажовузкорлик ва ношукрликка олиб борарди. Кенг ризққа эга бўлган бандалар Ер юзида такаббурлик қилиб, Ҳақдан юз ўгирган, исёнга тушган бўлар эдилар. Чунки бойликнинг асли инсонни исён, куфр, кибр ва гуноҳ ишлар сари бошлайди. Намруд, Фиръавн, Қорун, Макка мушриклари ва яна кўплаб бойлик соҳиби бўлган, аммо имонсиз кишиларнинг ҳолати бунга ёрқин мисолдир. Лекин Аллоҳ бандаларига Меҳрибон бўлгани сабаб уларнинг ҳолларига қараб ризқ беради. Бойликка муносиб бўлганларни бой қилади. Кимга камбағаллик хайрли бўлса, ўшаларни камбағал қилади. Зеро, Аллоҳ бандаларининг ҳолатларидан Хабардор ва улар қилаётган ишларни кўриб тургувчи Зотдир.
Абу Ҳонеъ ал-Хавлоний айтади: “Мен Амр ибн Ҳурайс ва бошқаларнинг: “Ушбу оят Суффа аҳли ҳақида нозил бўлган. Улар: “Бизда ҳам фалон нарсалар бўлганида эди...”, деб дунёни орзу қилишганида, мазкур оятлар нозил бўлди”, деб айтганларини эшитганман” (Имом Табароний, Ибн Мардавайҳ, Ибн Жарир Табарий, Ибн Мунзир, Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).
Қатода ушбу оят ҳақида: “Айтилишича, ризқнинг яхшиси туғёнга бошламайдиган ва Аллоҳнинг ибодатидан чалғитмайдиганидир”, деган (Ибн Жарир ривояти).
Хаббоб ибн Арот розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз бани Қурайза, бани Назир ва бани Қайнуқоънинг бойликларига ҳавас билан қарадик. Шунда Аллоҳ таоло “Агар Аллоҳ бандаларининг ризқини кенг қилиб қўйса...” оятини нозил қилди” (“Тафсирул алусий”).
Аллоҳ таоло:
“Инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар – ҳаддидан ошар” (Алақ, 6-7).
Суранинг аввалида Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи мисоллар келтирилган эди. Бу оятда бандани ўша қудратли Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишдан тўсадиган, қалбини ғафлат сари бошлайдиган омил ҳақида сўз юритилмоқда.
Одатда, инсон бойиса, мол-дунёси кўпайса, мансаб отига минса, мавқеи юқориласа, ўзини бошқалардан беҳожат кўради ва кибру ҳавога берилиб, ғурурга кетади, Аллоҳга ибодат қилишни эсидан чиқаради. Аммо банда охир-оқибат Аллоҳнинг даргоҳига қайтиб, қилган яхши ва ёмон амаллари ҳақида ҳисоб беришини мудом ўйлаганида, шу нарсани доимо ёдида сақлаганида, бундай қилмасди.
Муфассир уламолар Алақ сурасининг 6-оятидан охиригача Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлганини айтишган. Лекин бу оятдаги “инсон”дан мурод “барча инсонлар”дир. Чунки бойлик орттирса туғёнга кетиш мўминга ҳам, кофирга ҳам хос иллатдир. Фақат мўмин банда кофирдан фарқли ўлароқ ўзида туғён ва исён иллати илдиз отиб кетишига йўл қўймайди. Кибр ва риёдан воз кечиш орқали бу касалликнинг олдини олади. Оқибатда мол-дунё билан икки дунё саодатини қўлга киритади.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зот Жаброил алайҳиссаломдан, у эса Парвардигори таборака ва таолодан ривоят қилади: “Мўмин бандаларим орасида шундайлар борки, уни фақат бойлик тузатади (яъни, агар у бой бўлиб турса, яхши-салоҳиятли бўлади). Агар уни камбағал қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади. Мўмин бандаларим ичида яна шундайлар борки, унинг имонини фақат камбағаллик тузатади. Агар унинг ризқини кенг қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади. Бандаларимдан (баъзилари) кўп ибодат қилишни хоҳлайди. Мен эса у (бандам) ўз нафсидан ажабланиб, бузилиб кетмаслиги учун уни бундан тўсаман. Мўминлар орасида шундай бандаларим борки, унинг имонини саломатлик тузатади. Агар у (банда)ни касал қилсам, бу нарса уни бузади”. (Ровий айтади:) Менимча: “Мўмин бандаларимдан шундайлар борки, унинг имонини фақат касаллик тузатади. Агар уни соғ-саломат қилиб қўйсам, бу нарса уни бузади”, деб ҳам айтди. “Албатта мен бандаларим(нинг ишлари)ни, уларнинг қалбларидаги нарсаларни билиб турган ҳолимда тадбир қиламан. Албатта Мен (уларни) жуда яхши биламан (ва уларнинг ҳолатларидан) ўта Хабардордирман” ( Байҳақий “Ал-асмау вас-сифат”да ривоят қилган).
Аллоҳ таоло жамики бандаларига ўта Меҳрибон Зотдир. У бандаларининг ҳолларини ўзларидан ҳам яхшироқ билади. Уларнинг ҳолатларига қараб ишларини ҳикмат билан тадбир қилиб боради. Мўминлар орасидаги баъзи одамларнинг яхши ҳолатда бўлиши уларнинг моддий шароитларига боғлиқ бўлса, яъни уларнинг бой бўлиши ўзларига ҳам, мўминлар учун ҳам манфаатли бўлса, Аллоҳ таоло бундай бандаларини бой-беҳожат қилиб қўяди. Бундайлар, одатда қўлларига бойлик тушса, ховлиқиб босар-тусарларини билмай қолиш даражасига бормайдилар. Балки сахийлик ва очиқкўнгилликлари сабаб бой бўлиб туришлари улар учун фойдалидир. Агар улар камбағал бўлиб қолсалар, бу нарса уларга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай бандаларини Ўз фазли билан бой қилиб қўяди.
Мўмин бандалар орасида яна шундай тоифа вакиллари ҳам борки, улар бойлик ва мол-дунёга эга бўлишга сабр қила олмайдилар. Яъни, бой бўлиш уларнинг ёмон тарафга ўзгаришларига сабаб бўлади. Масалан, кибру ҳаво қилиш, ўзгаларни менсимаслик, бойлиги билан фахрланиш, ибодатларга беэътибор бўлиш, бандалик ҳақларини поймол қилиш ва ҳоказолар. Аллоҳ бундай бандаларга раҳм қилади. Уларни ўртаҳол ёки камбағал бўлиб туришларини ирода этади. Агар шу сингари бандаларга кенг ризқ ва моддий фаровонлик бериладиган бўлса, улар бузилиб кетадилар, ҳақ йўлдан тоядилар. Аллоҳ уларнинг адашиб кетишларини хоҳламагани учун уларга бойлик бермайди.
Бандалар орасида шундайлар борки, улар қўшимча нафл ибодатларни кўпроқ бажаришга ҳаракат қиладилар. Аммо шу билан бирга уларнинг қалбларида амал ва тоат-ибодат билан фахрланиш, ўз нафсидан ажабланиш ва мақтанчоқлик иллати ҳам йўқ эмас. Бундай бандалар қилаётган амаллари билан фахрланиб, оқибатда бузилиб кетмасликлари учун Аллоҳ уларни кўп нафл ибодатларни қилишдан тўсиб қўяди.
Баъзи тоифалар борки, уларнинг салоҳиятли бўлиб туришлари таналари соғломлигига боғлиқ бўлади. Агар касал бўлиб қолсалар, дарҳол ибодат ва бошқа солиҳ амаллардан қолиб кетадилар. Бас, Аллоҳ бундай бандаларга давомий саломатлик ато этади.
Яна баъзи тоифаларда эса аксинча, касал бўлиб турсалар, таналарида бирон дард-оғриқ бўлса, Аллоҳга ибодат қилиб, дуо-илтижода бўладилар. Агар соғайиб қолсалар, тезда гуноҳ-маъсият ишларга шунғиб кетадилар. Шу сабаб Аллоҳ уларни доимо бемор қилиб қўяди. Зеро, Аллоҳ бандалари учун нима фойдалию нима зарарли эканини жуда яхши билувчи ва бандалари ҳолларидан мутлоқ хабардор Зотдир.

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон
 
« Олдинги   Кейинги »