Аллоҳ ризосига уйғун савдолар Принтер учун
21.03.2012 й.
Бу мавзуда жуда кўп гапирилди, китобу мақолалар эълон қилинди. Биз ҳам маърифат излаган дилларга айрим нарсаларнигина эслатиб ўтишни мақсад қилиб олдик. Бу ерда ҳеч бирор кишини айблаш нияти йўқ. Фақат жамиятимизда бўлаётган айрим ҳодисалар санаб ўтиладики, қандай қилиб бўлса ҳам, юртдошларимиз ўзаро ҳамжиҳатликда маънавий моддий чиройли бир ҳаёт кечиришларига сабабчи бўлиб қолсак, шояд, “Вал ъаср” сурасидаги илоҳий тавсияга эргашганлардан бўлиб қолсак, деб умид қилинади: “...иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган ва бир бирларини ҳақ йўлга, чиройли сабрга чақирганларгина зиёнкорлардан бўлмайди”. Лекин ҳеч бир ҳолда ҳеч бир кишини хафа қилишга қасд қилмаганмиз.

Бирор нарсани сотмоқчи бўлган одам ўша нарсанинг айби ва камчилигини айтиб сотгани яхши

Яхши танишларимиздан бири сўзлаб берди. У киши поездда кўп юрар экан. Поезд бир бекатга борганда ҳар галгидек асал сотиб юрадиган бир йигит поездга чиқибди. У йигит вагонларга айланиб асал сотиб келгач, ўша танишимизнинг олдига келиб ўтирибди да, салом аликдан сўнг тамадди қилиб бошлабди. У ёқ бу ёқдан суҳбат бошланибди. Гап айланиб, асал ҳақида сўз кетибди. Маълум бўлишича, асал сотувчи йигит бир бўлак идишдаги асални тоза асал деб, қолганларини тоза эмас асал деб сотиб юраркан.
Танишимиз мўъминлик фаросати билан йигитнинг бир камчилигини сезиб қолибди ва йигитнинг ўзидан сўраб бу масалага аниқлик киритиб олибди: Йигитнинг тоза асал деб сотаётгани асал экан у, тоза эмас деб сотаётгани қиём экан. Уларнинг суҳбатини ҳеч ким эшитмаётганини билгани учун танишимиз очиқ танбеҳ берибдики, “Ука, асал бўлмаган нарсани асал деб сотишингиздан ўзингизнинг кўнглингиз розими?”. Йигит жавобан: “Ака, шундай қилишга мажбур бўляпман, чунки савдо яхши бўлмаяпти. Қиёмлигини билишса, одамлар умуман олишмайди”. У киши давом этиб: “Укажон, мен сизни бирон кишининг олдида уялтириш учун эмас, Аллоҳ учун айтяпман, “Мўъмин мўъминнинг кўзгуси” деган ҳадиси шариф борлигини биласиз. Сиз Аллоҳга таваккул қилинг да, ё қиёмни умуман сотманг, ё қиёмлигини айтиб сотинг. Сизга тўғрилигингиз учун харидорни Меҳрибон Худои таолонинг Ўзи жўнатади. Ҳозиргача қиммат асал оз сотилаётган бўлса, ундан кейин кўрасиз қанча сотилишини. Шу вақтгача одамларни алдаб, қиёмни асал деб сотганингиз учун астойдил тавба қилиш эсингиздан чиқмасин”. Йигит “Хўп, айтганингиздек қиламан” дебди.
Кўпинча, тўй қиладиган одамлар совға салом учун тарқатиб юборишга арзон ва қулай кийим кечаклар излаб қолишади. Улар бозорларни айланишиб, ҳар томонлама кўнгилдагидек бўладиган кийимлар қидиришади ва топишади ҳам.
Қидириб қидириб, шунчалик арзон кўйлаклар топишадики, ўйлаб ҳам ўтиришмасдан ўнлаб, балки ундан ҳам кўпроқ сотиб олишади. Сотаётган “ишбилармон”лар харидорларга кўйлакларни очиб кўришларига йўл қўйишмайди. Агар очиб кўришни хоҳлашса, пулини аввалдан тўлаб қўйишларини ва сотиб олингач, қайтариб бермасликларини талаб қилиб қўйишади. Харидор рози бўлиб, бир дунё кўйлак сотиб олади. Бу ерда бир нарса борлигини билишади ва уйга боргач ҳам очиб кўришмайди. Тўй куни кўйлаклар тарқатилади. Тўйдан ҳадя теккан кишилар уйларига бориб кўйлакларни очиб кўришади ва кимдан хафа бўлишни ҳам билмай қолишади. Чунки бу кўйлак на бирор кишининг қоматига тўғри келади, на уни кийиб бўлади, на бирон кишига бериб бўлади, материали ҳам “ҳалигидақа”. Бу катта қаллоблик кимдан чиққанини билмай, тушунолмай хуноб бўлади.
Бу ерда на ишлаб чиқарувчи, на савдогар, на сотиб олувчи барака топмайди. Чунки барака Аллоҳдан, Аллоҳни эса алдаб бўлмайди. Гап савдо ҳақида кетаётгани учун бу можароларда кўпроқ савдогарни айблаш мумкин. Чунки у шунақа каззоб ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини нафақат сотиб олмаслиги керак, балки уни инсофга чақириши керак. Чунки бундай қаллоблик маҳсулотларини сотиб олаётганлар биринчи бўлиб сотувчидан норози бўлишади. Ва очиб киймоқчи бўлганлар совға қилганлардан хафа бўлишади. Ноилож “Ҳэ ээ...” деб қўйишади. Агар савдогар ишлаб чиқарувчига танбеҳ берса ва сотиб олмаса, ишлаб чиқарувчи ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини сота олмайди ва “кўзи очилади”.
Ҳар хил маиший техника, машина, мотоцикл ва асбоб ускуналар савдоси билан шуғулланадиганлар ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.

Озиқ овқат ва фармацевтика маҳсулотларини сотаётганлар муддати ўтган маҳсулотларни савдодан олиб ташлашлари яхши бўлади

Улар ҳали харажатини чиқармадим, балки сотилиб қолса, яна фойда кўрарман, деб ўтирмасликлари керак. Агар яроқсиз ҳолга келиб қолган маҳсулотларни Аллоҳдан қўрқиб ахлатга чиқариб юборишса, Басийр  сифати билан кўриб турган Парвардигор бошқа тарафдан ўша мард савдогарнинг молига ва ризқига барака ёғдиради.
Агар аксинча бўлса, маҳсулотни сотиб олганларнинг соғлигига ё кўпроқ, ё камроқ зиён етиши, бунинг орқасидан жабрланувчи сотувчидан норози бўлиши ёхуд жанжал чиқариши мумкин. Натижада сотувчи яхшигина жарима тўлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Бу муомалада ким фойда кўрдию, ким зарар тортди? Охир оқибат сотувчи ҳам, харидор ҳам маънавий ва моддий шикаст кўришди. Барака ҳам кўтарилди. Ўзи аслида ҳамма барака учун тирикчилик қилмайдими?!
Бир катта шифокорнинг суҳбатида қизиқ гаплар айтилди: “Одамлар бизга шифо истаб мурожаат қилишади. Биз ҳам қўлимиздан келганча тиббий кўрикдан ўтказгач, ақлимиз ва тажрибамизни ишга солиб, муолажа тайин қиламиз. Бизнинг қабулимиздан хурсанд бўлиб, раҳмат айтиб чиқиб кетишади да, муолажада кўрсатилганидек даволанишга ҳаракат қилишади. Шулардан кўплари шифо топиб, соғликларини тиклаб олишса, айримлари сал норози бўлиб қолишади. Улар айтилган дориларни қабул қилишган, парҳезга ҳам эътибор қилишган, лекин шифо топишмаган. Биз бундан уяламиз ва улардан дорини қаердан олганликларини сўраймиз. Маълум бўладики, уларнинг кўпчилиги дори дармонларни қўлдан олишган ёки арзонроқ жойларини излаб сотиб олишган. Унақа ишончсиз жойлардан олинган дориларнинг муддати ўтиб кетган бўлиши ҳам, ёки тайёрлаш таркиби нотўғрироқ бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун биз таниш кишиларга ёки танишларимизнинг яқинларига ишончли аптекачиларнинг манзиллари ёхуд телефонларини берамиз. Ҳаммага ҳам бундай қилавермаймиз, чунки нотўғри тушунишлари мумкин. Балки баъзилари “Бу доктор ўзининг дориларини фалон аптекага қўйиб соттиряпти” деб ўйлашлари ҳам эҳтимолдан холи эмас”.

Усталар ва иш берувчилар муомаласида ҳам анчагина нозикликлар бор


 Уста қиладиган ишининг сифатига, иш берувчи эса керакли материаллар, иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим. Қайси бир томон ғирромлик қилса ҳам, иш бузилади, ҳар иккала тараф учун бош оғриғи кўпаяди. Атрофга қаранг, қанчалаб усталар бажариб бўлган ишларига иш ҳақи олишолмай юришибди, неча неча кишиларни усталар алдаб кетишган. Ҳаммаси ҳам ўзини ҳақ деб, нариги тарафни ноҳақ деб гапиришади. Нима бўлганда ҳам ғирромлик қилган тарафдан барака қочади. У то ўзи ғирромлик қилганларни топиб рози қилмагунча, ҳаловат, ҳузур деган яхшиликлардан узоқда бўлади.
Бу каби жанжаллар шунчалик кўпки, ҳатто, қўшни давлатларга бориб ишлаб келганлар ҳам ҳақларини ола олмай қайтиб келишмоқда. У чигалликларни қандай қилиб ечиш ҳақида бирор нарса дейиш қийину, бироқ бу ерда улуғ Қуръони каримда келган қарз олди бердиси муомаласи олиб борилса яхши бўлса керак. Бу машҳур оят “Бақара” сурасининг 282 оятидир. Ъалийм ва Ҳакийм Зот бу муомаланинг ғояти зарурати ва нозиклиги учун Ўзининг китобида атайин жуда катта жой ажратган бўлиши шубҳасиз. Биргина мазкур оят китобнинг бутун бир саҳифасига жойлашган.
Биз суҳбатлашаётган мавзудаги жанжаллар келиб чиқмаслиги учун тавсия этилаётган қуръоний кўрсатманинг моҳияти қисқача мана бундан иборат: уста ва иш берувчи ўртадаги бўладиган иш жараёни ва унга белгиланадиган иш ҳақи тўғрисида бир холис, одил гувоҳ ҳузурида келишиб олишади; ўша одил инсон шартномани бир неча нусха қоғозга ёзиб, томонларга беради. Ундан кейин иккала тараф иш кўламини ҳар уч кун ёки бир ҳафтада ё аниқ ўлчашиб, ё чамалаб кўришиб, бажарилган иш ҳақи тўланиб, бу ҳисоб китоб икки нусхада ёзилиб кетаверади. Бу ёзма ахборот иш берувчига ҳам, устага ҳам қулайлик ва аниқлик келтиришидан ташқари уларнинг ҳар иккаласини да ҳушёрликка чорлаб туради. Жами иш ҳажми тугаб, иш ҳақи тўлиқ тўланиб бўлгач, икки томон бир бири билан розилашади ва ўша одил гувоҳ иштирокида ёзилган қоғозга керакли ёзувларни киритишиб, имзо қўйишади.
Қуръоний тартибга қойил қолмасликнинг ҳеч иложи йўқ! Қарияларимиздан эшитиб юрадиганимиз “Яхши эс дан ёмон ёзув яхши” ҳикмати ҳам бежизга айтилмаган. Чунки Ислом ва Қуръон мустаҳкам иймонли аждодларимизнинг қон қонига сингиб кетган. “Мардикор устанинг ҳақини унинг баданидаги тери қотмасдан беринг” деган қоида ҳам бизга ўша улуғ бобо момоларимиздан келган. Исломни, Қуръонни, ота боболаримизнинг тартиб интизомини қаттиқ ушласак, ўзаро муомалотларимизда ҳеч қачон совуқлик бўлмайди, ҳаловат билан яшаб, ёруғ юз, комил иймон билан ўламиз! (Шундай саодатга етказ, йаа Робб!).

Ишлаб чиқаришдаги ҳалоллик

Мўъмин мусулмон инсон ўзининг ва аҳлу аёлининг нафақаи рўзғорини таъминлаши учун бир ёки бир неча касб ҳунар қилса, айниқса, халққа фойдаси етадиган нарсалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйса, бу ҳар томонлама жуда катта ютуқ ҳисобланади: ҳам ўзи ва оиласига, ҳам жамиятга, ҳам давлатга манфаат келтирган бўлади. У, албатта, ишлаб чиқарувчи сифатида фаолият бошлаш билан бирга ҳуқуқий, илмий, фиқҳий, иқтисодий илмларни ҳам имкон қадар ўрганиб олса, нур устига нур бўлади. Бундан ташқари у Аллоҳ таолодан қилаётган иши дунё учун ҳам, охират учун ҳам фойдали бўлишлиги, бировнинг ҳақини едирмаслиги ва ўзининг ҳақини ҳам ҳеч кимга олдирмаслиги ҳақида дуо қилиб сўраб туриши керак.
Ишни юритиш давомида қўл остидаги ишчиларини ҳам саралашга эътибор қилиши, уларнинг иш шароити, ишлаш самараси ва сифатини доимо назоратда сақлашга ҳаракат қилиши лозим. Ишни ташкил қилиш жараёнида кичкина бўлса ҳам ғирромликка йўл қўйилмасликка қаттиқ тиришиши лозим. Чунки кичкина ғирромликдан катта ғирромлик келиб чиқиши хавфи йўқ эмас.
Бошқа ташкилот ёки корхоналар билан олди берди қилишда муаммолар занжирига тушиб қолмаслик учун олдиндан чорасини кўриб қўйган яхши. Бунинг учун мунтазам бир вақтларда доимо ички ва ташқи фаолиятни тафтиш қилиб бориш лозим. Шундай қилинганда ҳеч бир замон на юқоридан уюштирилган назоратларда, на бошқа хил ҳисоб китобларда ноқулай аҳвол юзага келмайди.
Ишлаб чиқарган маҳсулотини сотув шохобчасига етказишда ишончли ҳамкор ролини бажарса, бу ҳам бараканинг ошишига сабаб бўлади.
Ишлаб чиқарувчи ўз фаолиятни мазкур тариқаларда амалга оширса, “Ҳалоллик сўзда эмас, ишда” шиорининг соҳибига айланади. Бундай кишилар, иншааллоҳ, Худои азза ва жалланинг ҳузурида ҳам, одамлар ўртасида ҳам фазилатлилар, обрўлилар қаторидан ҳисобланади.
2010 йил бошида ОАВ (оммавий ахборот ваоситалари)да бир хабар тарқалди: ““TOYOTA” компанияси ўзи ишлаб чиқарган 7 000 000 дона машинани чақириб олди”. Бу чақириб олиш машиналарнинг қаеридадир ўтиб кетган камчилик туфайли эди. Яъни ўша камчилик қайсики машинада кузатилса, ўша машина эгаси компаниянинг расмий дилерларига бориб, машинасини бепул таъмирлатиб олиши керак. Аввало бу чақириб олиш ҳалоллик ва айбини тан олиш бўлиб, режа бўйича машиналарни тузатиб бериш учун жуда катта маблағ кетиши аниқ. Иккинчидан бу чақириб олиш сиртдан қараганда “TOYOTA”нинг обрўсини туширганга ўхшаб кўринса да, аслида уларнинг ҳалоллиги ва ўз ишларига талабчанлигини жаҳон афкор оммаси олдида билдириб, исботлаб қўйди. Бу ишлар рекламасиз реклама бўлиб юзага чиқди ҳамда “TOYOTA”нинг обрўси ошишига хизмат қилди. Биз эса унга ибрат кўзи билан қараб, ишлаб чиқаришни ташкил қилишда, режалар тузишда эътибордан соқит қилмаслигимиз керак.
 
Лафз савдоси

Лафз, бошқача айтганда, тил билан берилган ваъда инсоннинг атрофдагилар орасида субутли ёки субутсиз эканлигини белгилайди. Агар у лафзида турса, демак, унга теварак атрофдалигарнинг ишончи ортиб боради. Тескариси бўлса, аксинча, ҳеч ким ишонмай қўяди.
Бироқ ишончни сақлаш ҳам осон эмас. Баъзида бу маррани сақлаш анчайин қимматга тушиши ҳам мумкин. Лекин сақлай билиш керак. Чунки Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб қўйибдилар: “Ал ъиддату дайнун”, яъни ваъда қарздир, уни адо этиш шарт. Бу жиддий гап. Бирор кишига ваъда беришдан олдин ўйлаб кўриш, кейин ваъдани бажаришнинг ҳаракатида бўлиш керак. Шундай қилингандагина доимий, кўп йиллик ишонч ва обрўга эга бўлиб борилаверади.
Дунё тажрибасига эътибор қиладиган бўлсак, оламга донғи кетган шундай компания ва концернлар борки, бу даражадаги обрў ҳамда муваффақиятларга эришишликларининг асосий сабабларидан бири лафзга масъулликдан, деб бемалол айтиш мумкин. Албатта, уларнинг фаолиятлари ва ташкилотчиликларида олдинги мавзуда таъкидлаб ўтилган қоидаларнинг деярли ҳаммасини топиш мумкин.
Машҳур “Nestle” компаниясининг юртимиздаги вакиллигида ишлайдиган Нодиржон исмли йигитнинг суҳбатида бўлганмиз. Унинг айтишларига қараганда, компания сут ва сув маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади; компания, демакки унинг одамлари ниҳоятда тоза ишлайди; ғирромликка умуман йўл қўйилмайди, кимдаки ғирромлик ёки ёлғончилик сезилиб қолгудек бўлса, у ишдан четлатилади; қишлоқлардан ва маҳаллалардан сутни йиғиб олишга махсус одамлар ҳамда хизмат машиналари тайинланади; сут одамлардан қиммат нархда сотиб олинади, ҳар бир сут олинган жойнинг сути алоҳида идишга солинади ва бу ҳақда тегишли ёзув билан белги қўйилади, сотиб олинган сутлардан таҳлил учун озгинадан намуна олинади ва то лаборатория натижалари чиққунча қолган сутнинг ҳаммаси совитгичларда сақланади, бир қанча соатдан кейин таҳлил натижаси тайёр бўлади: шунга кўра, агар сут яроқли бўлса, ишлаб чиқаришга киритилади, агар яроқсиз бўлса, махсус ажратилган жойга тўкиб ташланади, яъни ахлатга чиқарилади; ўша сут олинган жойнинг одамлари ишончни оқламаган ҳисобланади ва бошқа марта улардан сут олинмайди. Сув ишлаб чиқариш ҳам шу даражада аниқлик ва ҳалоллик асосида ишлайди. Ишлаб чиқарилган сув ҳам, сут ҳам бирданига сотувга чиқарилмайди, балки катта катта партияларга ажратилиб, махсус жойларда маълум бир вақтгача сақланади. Назорат вақти ўтиб бўлгач, ҳар бир партиянинг ичидан яна таҳлил қилиш учун намуналар олинади, худди аввалгидек, таҳлил натижаси чиққунча тайёр маҳсулот сотувга чиқарилмай тўхтаб туради. Агар натижа ижобий бўлса, ундан кейингина сотув шохобчаларига тарқатилади. Борди ю, таҳлил натижаси салбий бўлса, ўша партия ҳеч ачинмасдан йўқ қилиб ташланади. Иш шу билан ҳам тугамайди. Сотув шохобчалари ҳам назорат қилинади. Агар улар маҳсулотни сақлаш қоидасига амал қилишмаса ёки нархни келишилган миқдордан инсофсизларча баланд сотишаётганлиги аниқланиб қолса, ўша савдо ташкилотига лафзсизликлари учун бошқа марта сут ва сув маҳсулоти берилмайди. Агарчи ўша сотувчи жуда катта партияларда маҳсулот харид қилаётган бўлса ҳам, у билан иқтисодий алоқа тўхтатилади.    
Ана сизга лафзга масъуллик ва ҳалолликка муносабат. Эътибор қилган бўлсангиз керак, лаборатория натижаси салбий бўлганда, қанчалаб пул эвазига қўлга киритилган хом ашё ёки тайёр маҳсулот ахлатга чиқариб юборилади, ноинсофлиги маълум бўлиб қолган ҳамкорлардан фойда зиёнга қарамай алоқа бутунлай узиб юборилади. Бу харажатлар пулга чақиб кўрилса, яхшигина камомад, йўқотиш бўлаётганини сезиш қийин эмас. Лекин улар ғайрату шижоат билан ишлашяпти. Балки уларга ҳам сўзда, ҳам ишда ҳалол бўлганлари учун, лафзлари бутун бўлгани учун Раззоқ сифатли Аллоҳ таоло хазонаи ғайбидан баракот ато этиб тургандир. Биз билмаймиз, ёлғиз Унинг Ўзи билади.
   Лафз ҳақида гап кетганда кўпчиликка таниш бўлиб кетган рус мақолини эслаб ўтсак ҳам фойдадан холи бўлмас: “Договор дороже денег”, яъни лафз пулдан қиммат. Бизда ҳам унчалик ёқимли бўлмаса да, бу мақолнинг эркакчаси бор: “Йигитнинг сўзи ўлгунча ўзи ўлсин”.

Қарз савдоси

Қарз беришнинг савоби ҳадя берганнинг савобидан кўра кўпроқлиги ҳақида ҳадиси шариф бор. Чунки қарз ҳожат тушиб турга жойга, ҳадя эса бойга ҳам, камбағалга ҳам, ҳожати борга ҳам, ҳожати йўққа ҳам берилаверади. Бу масала жуда нозик бўлганлигидан қарз ҳақидаги оят Қуръони каримнинг тўлиқ бир саҳифасига жойлашиб турганини олдинги саҳифаларда эслаб ўтган эдик. Яна бу масаланинг аҳамияти катта, масъулияти оғир бўлганлиги учун Охират сафарига отланаётган кишининг жаноза намозида албатта унинг ортида қолаётган яқинларига жанозада ҳозир бўлган халойиқнинг ҳузурида маййит нинг ҳаётлик даврида бўйнида қолган қарзларини адо этишлари ҳақида савол берилади. Шунда маййитнинг хеш ақраболари номидан биттаси унинг қарзларини адо этаман, деб сўз беради. Бўйнида қарзи бор маййит ана шундан кейингина то орқада қолган яқинлари унинг қарзларини қутулиб бергунларича вақтинча қарздан озод бўлиб туради. Агар қарз эгалари сўраб келишса ю, унинг яқинлари қарз эгаларини рози қилмаса, маййит қабрда қийноқли ҳолатларга қолиши мумкин. Меҳрибон Роббимиздан бундай аянчли ҳолларга тушишдан паноҳ сўраймиз!
    Узиш ниятида қарз олган кишига Раззоқ Аллоҳнинг Ўзи ёрдам беради деган маънода Пайғамбар алайҳис салоту вас саломдан ҳадислар ривоят қилинган. Худо сақласин у, агар банда еб кетишлик ниятида бировдан қарз олса, ундай одам ўз бошига ўзи бало юклаб олган бўлади ва ниятига мувофиқ бу қарзидан қутула олмай кетади. У имтиҳон дунёсини тарк этгандан кейин унинг яқинлари қарзини узадими йўқми, номаълум.
Шунинг учун мўъмин банда лозим вақтларда Меҳрибон Эгасининг ёрдамидан умид қилиб, узиш ниятида қарз олса ва бу қарзини чиройли қилиб узиб, қарз эгасини рози қилиш ҳаракатида бўлса, иншааллоҳ, қарзидан қутулиб, унинг ўзи ҳам, унга қарз берган банда ҳам Аллоҳдан кўп кўп савобу ажрларга кўмилиб қолади. Бу қандайлар ҳам яхши а?!!!
Халқимизда “Қизғанчиқдан қарз олма, қарз олсанг ҳам харжлама” деган мақол бор. Бу мақол нима учун айтилганлигини билиш қийин эмас. Аввали қизғанчиқдан қарз олишнинг ўзи қийин иш, иккинчидан ундай одам беришга рози бўлган тақдирда ҳам ё тезликда қарзини қайтариб бер, ё қарзни ишлатмай тур, чунки қистаб қолиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам у қарзнинг эгаси, қисташга ҳақли. Шундай экан, қарз олувчи ҳам, берувчи ҳам Аллоҳнинг розилигини қасд қилиб ҳаракат қилиши лозим. Бир томоннинг иши битиб қолсин, иккинчи томоннинг ҳам пули куйиб қолмасин.
“Қарз” сўзи аслида кесиш маъносини беради. Яъни имкони бор одам ўзининг маблағи ёки сармоясидан қандайдир бир қисмини кесиб беради. Олган одам эса ўша кесилган жойни яна қайта тиклаб бериши лозим. Қуръони мажиднинг бир неча жойида “Аллоҳ учун қарзи ҳасана берувчи борми?” маъносидаги оятлар келади. Бу бой, мард кишиларга хитоб. Ўшандай кишилар қарзи ҳасана  беришсин ва қарз олган тараф то жойини тўлдиргунча сабр қилиб, тўполон қилмай турсин. Бу вақтда унга Раззоқ ва Ваҳҳоб Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бошқа томондан қарзи ҳасана берган мўъмин бандасига файзу баракот етказиб туради. Бу одамзоднинг эмас, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг ваъдаси. У Зот ҳеч ҳам ваъдасига хилоф қилмайди!
Бандасининг иши Ундан дуо қилиб сўраш ва шу йўналишда тўғри ният билан ҳаракат қилиш. Мисоли тоғнинг этагида туриб: “Эй Худо, менинг шу тоққа чиқишимни насиб қил” деб сўраб, кейин тоққа чиқиб бошлагандек. Шунда ҳам Парвардигори насиб қилсагина тоғнинг тепасига чиқади, насиб қилмаган бўлса бир қадам ҳам силжий олмайди. Эътиқодимиз ана шундай. “Олма, пиш, оғзимга туш” деб ҳаракатсиз қараб ўтириш бизнинг йўлимизга тўғри келмайди.  Чунки Ҳазрати Биби Марямга ҳам “Қуриган хурмо шохини силкит” дейилди. Силкитмаса ҳам беришга қодир эди, лекин шу силкитиш сабабига боғлаб қўйди. Силкиди, қуриган хурмодан мева тўкилди. Зотан, бу дунё ишлари сабабларга бириктириб қўйилган. Демак, сўраш сабаби воситасида Аллоҳга боғланамиз, сўраганимизга мувофиқ ҳаракат қилиш билан иккинчи сабабни амалга оширамиз. Бериш ё бермаслик, етказиш ё етказмаслик Унинг сири. Ҳукм ҳам Уники, хоҳиш ҳам! Хоҳлаган вақтида ҳар қандай сабабни ўртадан кўтариб, тўғридан тўғри етказади.

Умр савдоси

Умр савдоси ҳақида бу китобчада ёзишнинг қандай зарурати бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки, ҳалол савдо гаплашишга киришдикми, демак, гапимиз чала бўлиб қолмаслиги керак. Чунки умр савдоси ҳам савдонинг,  касбнинг ўзига хос бир тури. Чунончи, 111 сура ҳисобланган “Масад” сурасида “ва маа касаб ” сўз бирикмаси ишлатилади. Кўпчилик тафсирларда “ва маа касаб”дан мурод унинг халқ ичида гердайиб юришига сабаб бўлган ўғиллари дейилади. Тўлиқ оятнинг мазмуни: “Унга топган мол мулки ва ўғиллари қора кунида асқотмади”. Демак, унинг ўғиллари касб қилиб топган нарсаларидан ҳисобланади. Китобчанинг аввалроғида савдо ҳақида бир мунча фикрлашиб олган эдик. Шуларни давом эттириб ва мазкур оят тафсирини истифода қилган ҳолда оила ва умр савдоси тўғрисидаги баъзи хусусларни қаламга олмоқчи бўляпмиз.
Инсоният бугунги кунда оила муносабатлари борасида турли шаклларни ихтиёр қиляпти. Аёл билан аёл, эркак билан эркак ўзаро никоҳ қуриб яшашига расман йўл бераётган давлатлар ҳақида ўқиб, эшитиб қоляпмиз. Баъзи жойларда одат бўлиб боряптики, йигит билан қиз ёки эркак билан аёл қонуний эр хотин бўлишдан олдин биргаликда қанчадир вақт ҳаёт кечиришиб қўйиб, ундан кейин ё турмуш қуришяпти, ё навбатдаги жуфтини излаб икки ёққа тарқаб кетишяпти. Ўртада фарзанд бўлиб қолиши масъулияти билан умуман қизиқишмаяпти. Гўёки бозорга бориб мол танлади ю, уйига олиб кетди; ёқса ёқди, ёқмаса қўйиб юборади ва бошқасини танлайди. Ҳаттоки бундан ҳам қўполроқ ўхшатиш қилиш мумкин: қаради, кўрди, бир тўда эшак юрибди, ўзига ёққанини миниб олади, озроқ миниб юргач, ёқмай қолса, бошқасини миниб кетаверади... Хоҳиш пайдо бўлса яна бошқаси; эшак кўп, ғам йўқ. Бу каби умр савдосини олиб борадиганлар ҳақиқий яхшиликка асло етишолмайди. Чунки ҳеч бир шариат, ҳеч бир динда бунақа жуфтлашиш ҳалол эмас.  
Кўпинча, фақат мусулмонлик бор жойлардагина оила қуриш тартиби нисбатан яхшироқ дейиш мумкин. Нимага “яхши” эмас, “яхшироқ” дейиляпти? Нимага аниқ айтилмаяпти ю, “дейиш мумкин” дейиляпти? Чунки камчилик кўплиги билиниб қоляпти. Шукр, халқнинг хизматидамиз, “Никоҳ ўқиб қўйинг” дейишади, ўқиб қўямиз. Келин куёвлар наинки мусулмонча ҳаёт тарзи, ҳатто, калимасини айтишни эплолмай қолишяпти. Эртага ғуслни қандай қилишади? Биргина йигирма ўттиз дақиқалик никоҳ маросимида қайси айтилган нарсаларни эслаб қолишади, билмаймиз.
Худонинг берган куни диний идорага ораларига талоқ тушиб қолган эр хотинлар келишади: “У эди, бу эди, маст эдим, аласт эдим, талоқ айтиб юборибман, фарзандларимиз нима бўлади, илтимос, бир йўл топиб берингизлар”.
   Шукроналар бўлсин, ён атрофимизда қарийб эллик олтмиш минг табаррук ҳожи ота ва ҳожи оналаримиз юришибди. Уларни тез тез зиёрат қилиб, дуоларини олиб туриш ёшу катта учун фақат фойда бўлади. Ҳаётда у бу ишларни қилишда уларнинг қимматли маслаҳатларини сўраб туришга одатланмоқ лозим. Чунки бу ерди исломнинг бош шиорларидан бўлган одоб масаласи бор. Қолаверса, “Қари билганни пари билмас” деганларидек, уларнинг тажрибалари ҳам қўл келиб қолиши, шубҳасиз.
Ислом дини бўйича давлат стандартидаги махсус дипломга эга бўлган кадрларимиз деярли ҳар бир маҳалла ёки қишлоқда бор. Айрим жойларда, ҳатто, бир нечта ана шундай илмли йигит ва қизларимиз бор. Уларга маҳаллий раҳбарлар халққа савоб уволни, ҳалол ҳаромни ўргатишлари учун шароит қилиб берса, бўлади ку! Нега улар ўзларига ҳукумат томонидан берилган қонуний ваколатларидан фойдаланишмайди? Ахир, ёшларимизни фаҳшу зино, наркомания, алкоголизм, фирибгарлигу қаллоблик каби ёмон иллатлардан бир йўла тўхтатиб, узоқлаштирадиган кучли таъсир ислом дини эмасми? “Оқил одам ноқулай вазиятдан тез чиқиб кетади, доно одам ноқулай аҳволга умуман тушмайди” деган гаплар бор.
Инсон бунақа салбий иллатларга ёпишгандан кейин уни чиқариш қийин, яхшиси уни бундай иллатдан узоқ сақлаш керак. Кўз олдимизда боламиз қайноқ чойга интилса, жим қараб турмаймиз, бу аниқ гап. Маъсум маъсума ўғил қизларимиз, ўсмир ўспирин ёшларимиз, йигит қизларимиз, қайси динни ушласам экан, деб иккиланиб турган фуқароларимиз бор. Уларга тўғри диний таълим олган мутахассисларимиз ўргатмаса, эътиқод илмини кимдан ўрганишади? Бу савол пишиб етилган, ечимини кутиб турибди. Бебаҳо бойлик бўлган умр сармояси ботил нарсаларга харжланиб кетмаслиги керак. Мабодо шундай бўлиб қолса, бундай умр савдоси пуч, арзимаган нарсага айланиб қолган бўлади. Худо сақласин!
Оила қуриш савдосини етарли диний, дунёвий билимлар билан бошламаган кишиларнинг келажаги ҳавас қиларли даражада бўлмайди. Бу табиий. Янги қурилаётган оиланинг мутасаддилари – қуда андалар, тоға ва амакилар, амма холалар, янгалар бу юмушнинг чорасини олдиндан кўриб қўйишлари, келин куёв умр савдосини пухталик билан бошлашлари лозим. Токи, келин куёв ўзаро муносабатларида гуноҳ бўладиган ишлардан узоқлашишсин, никоҳдан ва тўйдан олдин ошкор бўлса ҳам, пинҳон бўлса ҳам учрашувларга чиқиб юришга қизиқишмасин, чунки шайтон улардаги эҳтиросни кучайтириб, жинсий алоқа (никоҳсиз жинсий алоқа – зино ҳисобланади) қилдириб қўйиши ҳам мумкин, сабаби улар ўзларини эркин ҳисоблашиб қолишади да, энди биз бир биримизга бегона эмасмиз, бизни ҳеч ким тўсиб тургани йўқ ку, деб ўша тўйдан кейин чимилдиқ орқасида бўлиши керак бўлган ишни қилиб қўйишлари мумкин. (Шунинг учун баъзи олимлар нон ушатиш вақтидаёқ никоҳ ўқитиб қўйиш керак деган фикрни билдиришади).
“Биз ўзимизни бошқара оламиз, жинсий муомаладан эҳтиёт бўламиз” деб учрашувга чиқиш олов билан ўйнашгандек гап. Олов билан ўйнашган кишини олов куйдириб қўйиши осон бўлганидек, хилватда қолган ёшларни устаси фаранг шайтон минг хил алдов билан “ёмонлик”ка бошлаб қўя олади. Мабодо шундай бўлиб қолса, уларнинг умр савдолари хатар билан эгизак бўлиб қолади. Ҳатто, аянчли кунларга қолишлари ҳам мумкин.
Энг катта хавф – никоҳсиз фарзанд бўлиб қолиши хавфи бор. Никоҳсиз туғилган фарзанд жамиятга кўп ёмонликлар ёғилишига сабаб бўлади, тўй сунъий равишда тезлашиб кетиши ёки айбни яшириш учун болани олдириш масаласи ўртага чиқиши мумкин, ота оналарини қариндошу бегоналар ўртасида маломатларга қолдириши мумкин, баъзида эса ундайлар бир биридан тез совиб, тўй бўлмасдан ажрашиб кетишлари мумкин. Хуллас, фақат шайтон хурсанд бўлади, келин бўлмиш ёки куёв бўлмишнинг кўролмайдиган, ҳасад қиладиган танишлари хурсанд бўлади. Бошқа яқинлар ва уларнинг ўзлари ҳасратда қолишади.
Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гал саҳобаи киромларига “Хотинларингиз билан қўшилганингиз учун ҳам ажр оласиз” деб марҳамат қилдилар. Саҳобалар бу гапдан уялиб кетишди: “Ё Расулуллоҳ, ўз нафсимизни қондирсак ҳам ажр бериладими?”. “Нафсингизни ҳаромдан қондирсангиз гуноҳ ёзиладими?”. “Ҳа” дейишди. “Шунинг учун ҳам жуфти ҳалолингиз билан қўшилганингизга ажр оласиз”. Буни ёшу катталаримиз яхши билиб олишлари нур устига нур бўлади. Шунда зино
Ёки келин куёвларга талоқ илми, жинсий алоқадаги ҳаром ва ҳалоллар илми, ғусл илми, таҳорату намоз илми, эр хотиннинг бир биридаги ҳақлари ва бурчлари илми, оила тежамкорлиги илми ва ҳоказо илмлар, албатта, тўй бўлишидан хийла аввал ўргатилиши керак. Шундай астойдил ҳаракатлар натижасида миллатимизнинг обрўини кўтарадиган фарзандлар туғилса, не ажаб. Ана ўшандай фарзандлар дунёга келиши, халқимизнинг бир бири билан ўзаро ширин шаръий ҳаёт кечириши учун шароитлар ҳосил қилиш, лозим бўлган ҳар турли хизматларни бажариш учун иккиланмасдан, тортинмасдан жидду жаҳд қилишимиз зарур.
Ахир, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида “Қайси қавм ўзини ўнгламас экан, уларнинг аҳволини Аллоҳ ўзгартирмайди” деб қўйибди. Миллатнинг умумий бахти, саодатли эртаси учун ўзимиз курашишимизга тўғри келади. Оятнинг мазмун мақсади шуни тақозо қилади. Ҳаракат биздан, баракат Аллоҳдан! Бу ҳолатда чўкаётган кишининг тадбирини эслаш керак: у бирор ёқдан қутқарувчи келишини кутиб ўтирмай, хасга ҳам, чўпга ҳам ёпишиб, фақат қутулиб чиқишни ўйлайди. Биз чўкаётганимиз йўғу, бироқ “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб зикр қил” мақолига риоят қилган бўламиз, холос.
 
 Раҳматуллоҳ Сайфуддинов     
 
« Олдинги   Кейинги »