Афв-кечиримли бўлишлик Принтер учун
21.03.2012 й.
Аллоҳ таоло инсонларнинг сурат ва шаклини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийратини, ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етишиши мумкин. Кишининг комиллик сифатларидан бири мулойимлик ва кечиримлилик саналади. Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида мужассам этган жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ушбу фазилатларда ҳам энг гўзал намуна эдилар. Ул зотга эргашган саҳобаи киром, тобеин, табаа тобеин ва улуғ авлиё ҳамда фузалолар ҳам бу сифатларда Пайғамбаримиз (сав)га эргашганлар. Шу сабаб ҳам комиллик чўққиларини эгаллаган эдилар.
Кечиримлилик инсоннинг улуғ сифатларидан биридир. Бошқаларнинг душманлиги ва озорларига сабр қилиб, қасос олмасдан, кечириб юбориш бу жуда катта нарса. Чунки бир кун инсоннинг ўзидан шундай хато содир бўлса, бошқалар ҳам уни кечиришлари мумкин. Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳузурига кечаси бир одам кириб, ҳамкасби хусусида баъзи сирларни гапира бошлади. У одам шикоятини тўхтатганидан кейин, халифа унга деди: “Эртага сенинг шикоятингни ўрганиб чиқамиз. Тўғри гапирган бўлсанг, уни жазога тортиш билан бирга сен ғийбатчи сифатида саксон дарра уриласан. Агар нотўғри гапирган бўлсанг, бировга туҳмат қилганинг учун саксон дарра уриласан. Агар гапингни қайтиб олсанг ва узр сўрасанг, у ҳам, сен ҳам афв этиласан”, деди.
Авф бу содир этилган гуноҳини ўз вақтида тан олган ва ундан вақт ўтказмай тавба қилган мўмин кишидир. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилганларидек: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”.
Аллоҳ таоло бундай дейди: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14).
Албатта, Аллоҳ бандасининг тавбасини қабул этувчи зотдир. Шундан ўрнак олган ҳолда, инсонлар ҳам бир-бирларидан кечирим сўрашликка имкон беришлари, биродарларининг узрини қабул этишлари ва гуноҳини авф қилишлари лозим.
Агар ёмонлик қилувчидан ўч олмоқчи бўлсак, яхшилик билан олайлик. Чунки ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш ёмоннинг ўзини ҳам ҳайратга солиб қўяди ва хижолат қилади. У ўз ёмонлигидан қайтиш билан бирга душманлиги ҳам дўстликка айланади. Кишиларнинг кечирувчанлик фазилатларини Аллоҳ таоло Қуръонда мадҳ этади: “...ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар...” (Раъд, 22).
Яна бир оятда эса, Аллоҳ таоло ёмонликка яхшилик билан жавоб беришни Ўз Расулига буюради: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).
Кўп ҳолларда инсон ўзининг қилаётган ишини тўғри деб билиб, хато ва гуноҳларга йўл қўяётганини эътироф этгиси келмайди. Шундай ҳолатларда унга ўз хатосини тан олмай адашаётганлигини эслатиб қўйиш мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан эканлиги Қуръони каримда баён этилган. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан бўлиб, уни жиловлаб олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин қалбида тақвоси бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғазаблари келганда уни ичига ютадиган, одамларни афв қиладиган кишиларни мақтаб, улар ҳақиқий тақводор эканликларини ва улар учун кенглиги осмонлар ва ерга қадар бўлган жаннатлар тайёрлаб қўйилганлигини баён қилган. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад (сав)ни ҳам кечиримли бўлишга буюрган. Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ (сав) Тоиф шаҳрига у Сақиф қабиласини Ислом динига чақириш мақсадида борганларида, улар Аллоҳнинг Расулига имон келтириш ўрнига, у зотни тошбўрон қилиб хайдайдилар. Муборак бошларидан оёқларигача қонга беланган Муҳаммад (а.с.) ҳузурларига Жаброил (а.с) келиб: “Аллоҳ бу қавмнинг сизга етказган азияти эвазига ўч олиш учун менга нимани буюрсангиз шунга итоат этишимга амр этди” – деганида, Расулуллоҳ (сав): “Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қил. Улар буни билмай қилдилар” – деб дуо қилдилар. Шунда Жаброил (а.с.): “Аллоҳ таоло сизни марҳаматли ва меҳрибон деб рост айтган экан” – дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб:
“Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг...” (Аъроф 199)– деган.
Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Убода ибн Сомит (рз.) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (сав) саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг” – дейишди. Шунда Он ҳазратлари: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг” – деб марҳамат қилдилар.
Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, кўнглига ёмонлик, адоват ва ғараз ўрнашиб олган баъзи номақбул инсонлар ўзига ҳар қанча яхшилик, кечиримлилик қилинса ҳам, душманлиги тобора кучаяверади, ёмонликни такрор-такрор амалга ошираверади. Бундай инсон қиёфасидаги шайтонларга муносиб равишда, ёмонлигига баробар ёмонлик билан жазо беришга Аллоҳ таоло ижозат этади, бироқ шунда ҳам сабр ва кечиришнинг афзаллигини эслатади: “...агар интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! Агар (интиқом олмай) сабр қилсангизлар, албатта, бу сабр қилувчи кишилар учун яхшироқдир” (Наҳл, 126).
“...ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золимларни севмас” (Шўро, 40).
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (сав)нинг ахлоқи ҳамидалари билан яхши сифатланиб боришимизни насибу рўзий айласин! Имонимизни саломат сақлаб, мулойимлик, ҳаё, қаноатлик, кечиримли солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин!

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ
 
« Олдинги   Кейинги »