Бойлик ва кенг ризқ сўраб дуо қилиш Принтер учун
21.02.2012 й.
Бу ерда “бойлик” деганда ўзгаларга муҳтож ва қарам бўлиб қолмаслик назарда тутилади. “Кенг ризқ” эса фаровон ва осойишта ҳаётни англатади.
 “Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул қилинадиган амални сўрайман!”(Имом Аҳмад Умму Салама розийаллоҳу анҳодан ривоят қилган).
Одатда бомдод намозининг икки ракъат фарзидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуони ўқир эдилар. Унда ҳар бир мўмин учун муҳим бўлган қуйидаги нарсалар сўралади:
“Манфаат берадиган илм”. Бундай илм ўз соҳибига дунё ва охиратда мислсиз фойда беради. Уни хорлик ва залолатдан олиб чиқиб, Аллоҳнинг розилигига муяссар этади. Манфаат берадиган илмларнинг энг аввалида, шубҳасиз, шаръий илмлар туради.
“Кенг ризқ” банданинг ризқи кенг ва баракали, умри фаровон ва осуда, касб-кори ҳалолдан бўлишидир.
“Қабул қилинадиган амал” риё, сумъа, кибр ва шу каби иллатларсиз бажариладиган амалдир. Бу ерда қалб поклиги, ният холислиги, ихлос ҳамда хушуъ сўралмоқда. Зеро, амалларнинг қабул қилинишида ушбу санаб ўтилган сифатлар ўта муҳимдир.
Дуонинг маъноси қуйидагича: эй Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда манфаат берадиган илм, дунёда кенг ризқ, мазмунли ҳаёт ва осуда умр, қолаверса қалбимни риё, сумъа, ўз нафсидан ажабланиш каби разил касалликлардан поклаб, амалларим холис бўлиши ва даргоҳингда бенуқсон қабул қилишингни сўрайман!

“Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик сўрайман!” (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Можа  Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишган).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда тўртта муҳим нарсани дуо қилиб сўрамоқдалар. Уларнинг жуда аҳамиятли эканидан у зот муттасил тарзда мазкур дуони ўқиб юрар эдилар.
“Ҳидоят” Аллоҳ таолонинг йўлида бардавом бўлишдир. Банда Аллоҳнинг ҳидоятига ноил бўлганидан кейин яна ҳидоят сўраши унинг ўша ҳидоятда давомий – собитқадам бўлиши, имондан бенасиб қолмаслиги, ҳидоят ва имоннинг зиёда бўлишини сўраши каби маъноларни англатади. Мўмин кишиларга қарата: “Имон келтиринглар!” деганда ҳам Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтиринглар ва имонларингизда собитқадам бўлинглар, деган маъно ирода қилинади.
“Тақво” Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан ўзини сақлаб юришдир. Бу хоҳ моддий, хоҳ маънавий нарса бўлишининг фарқи йўқ. Кўпчилик “тақво” деганда асосан ҳалол луқма ейишни тушунишади. Тўғри, луқманинг ҳалол ва покиза бўлиши тақводорликнинг боши. Аммо бундан ташқари ғийбат-туҳмат, ёлғондан сақланиш, тилни беҳуда сўзлардан тийиш, кўзни номаҳрамлардан сақлаш ва шу каби нарсалар ҳам борки, буларнинг ҳаммаси тақво доирасига киради. Демак, тақво умумий ва кенг тушунча. Тақво сифатига эга бўлиш ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тавфиқи билан бўлади. Шу сабаб Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз дуоларида тақвони сўрар эдилар.
“Иффат” сўзи тилимизда “қалб поклиги; ор-номус, ҳаё” каби маъноларни ифодалайди. Аммо аслида бу сўз арабча бўлиб, “ҳаром сўз ва амаллардан сақланиш; баъзи мубоҳ ишлардан тийилиш” мазмунига эга.
“Бойлик” сўзи аслиятда “ғинаа” деб келтирилган бўлиб, у “бойлик, одамлардан беҳожат бўлиш, таъма қилмаслик; қалб бойлиги – қаноат” каби маъноларни англатади.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларига қай йўсинда дуо қилиш лозимлигини таълим бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуони аввал ҳидоят – имондан бошладилар. Кейин тақвони сўрардилар. Демак, банда имонга мушарраф бўлганидан кейин ҳақиқий мўмин бўлиши учун тақво билан сифатланиши лозим. Шундан сўнг тақвонинг асоси бўлган ҳаром нарсалардан сақланишни сўрадилар. Дуоларининг охирида эса, қаноат, таъмадан узоқда бўлиш ва қолаверса бойлик сўрадилар. Биз дуоларимизни мана шу муборак дуога мослаб олишимиз, бу дуодан андаза олиб, аввал имон ва тақво сўрашдан бошлаб, кейин дунёга хос нарсаларга ўтишимиз керак. Зеро, мўмин банда ўртача ҳолда бўлиши керак. У дини учун дунёсини, дунёси учун динини тарк қилмайди. Аммо барибир охиратни дунёдан устун қўяди. Бу нарса унинг дуосида ҳам ўз аксини топади.

“Эй Аллоҳим, Ўзинг динимни ислоҳ қилгин! Ўзимда кенгликни пайдо қилгин ва ризқимга барака бергин!”(Имом Аҳмад Абу Мусо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Ушбу ривоятда келтирилган дуода ҳам аввал охиратга тааллуқли нарса сўралиб, кейин дунёга тегишлисига ўтилмоқда.
Дуонинг маъноси: эй Аллоҳим, Ўзинг имонимни комил, қалбимни пок ва саломат қилгин. Амалларимни ихлос билан қилишимга тавфиқ бер. Баданим, нафсим ва хулқимда кенгликни пайдо қилгин. Ўзинг менга берган ризқни баракали қил!
Юқорида ҳадисларда ворид бўлган бойлик ва кенг ризқ сўраш дуоларининг баъзиларини келтирдик. Қуйида эса ўзга кишилардан дуо сўраш ва аҳли фазлларнинг дуосини олиш яхши экани ҳақида бир ҳадиси шарифни келтирамиз.

Умму Сулайм розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у: “Эй Расулуллоҳ, Анас сизга хизмат қилмоқда, унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганида, у зот: “Эй Аллоҳим, унинг моли ва болаларини кўпайтиргин ва Ўзинг ато этган (неъматларинг)да унга барака бергин!” дедилар(Имом Бухорий ривояти).
Умму Сулайм (Саҳла) бинти Милҳон ибн Холид ал-Ансорийя розийаллоҳу анҳо машҳур саҳобия аёллардан, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳунинг онасидир.
Онаси Анас ибн Моликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб бориб: “Эй Расулуллоҳ, мана бу Анас, энди сизнинг хизматингизда бўлади. Унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мол-дунёси ва фарзандлари кўп бўлиши ва берилган неъматларига барака ато қилинишини сўраб, Аллоҳга дуо қилганлар.
Имом Бухорийнинг “Ал-адабул муфрад” китобида Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Умму Сулайм Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата: “Анас сизнинг кичик хизматчингиз, унинг ҳаққига дуо қилмайсизми?” деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, унинг моли ва болаларини кўпайтиргин, умрини узун қилгин ва у(нинг гуноҳлари)ни мағфират этгин”, деб дуо қилганлар.
Натижада Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу беҳисоб бойлик ва фарзандларга эга бўлди. Саҳобалар ичида энг кўп фарзандли киши ҳам айнан Анас ибн Молик эди. Бу ҳақида Анас розийаллоҳу анҳунинг ўзи шундай ривоят қилади: “Аллоҳга қасамки, менинг бойлигим жуда кўпдир. Болаларим эса ўзларидан кўпайиб, ҳозирги кунда юз нафарга етишган” (Имом Муслим ривояти).
Муборак дуо шарофатидан Анас розийаллоҳу анҳунинг касб-корига ҳам барака бериб қўйилганди. Абул Олия Анас ҳақида шундай дейди: “Унинг бир боғи бўлиб, у йилига икки марта ҳосил берарди. У боғда бир райҳон бор эди. Ундан мушку анбарнинг ҳиди таралиб турарди” (Термизий ишончли ровийлардан ривоят қилган).
Баъзи уламолар, ҳаққига кўп фарзанд сўраб дуо қилиш узоқ умр берилишини сўраш маъносини англатади, дейишган. Ҳақиқатан ҳам, аксарият манбаларда Анас ибн Моликнинг 107 йил умр кўргани айтиб ўтилган.
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган дуонинг сўзсиз ижобат бўлиши, Анас розийаллоҳу анҳунинг у зот ҳузурларида қанчалик мақомга эга экани, қолаверса, шукрини адо этиб бой бўлиш камбағалликдан афзаллиги маълум бўлмоқда. Зеро, бойлик фақат ёмонлик ва фитнадангина иборат бўлганида, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас розийаллоҳу анҳунинг ҳаққига мол-давлат сўраб дуо қилмаган бўлардилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Тақводор зотлардан ўзи ёки яқин кишиларининг ҳаққига дуо қилишини сўраш яхши экани.
2. Анас розийаллоҳу анҳунинг фазилат соҳиби экани.
3. Агар имон бўлса ва шукрини адо этса, бойлик ва фарзандларнинг кўп бўлиши зарарсиз экани.
4. Бойлик сўраб дуо қилиш жоиз экани.
5. Бойлик сўраб дуо қилгач, унга қўшиб барака ва хотиржамлик ҳам сўраш кераклиги.
6. Фазилат соҳиби ва тақводор зотлар хизматида бўлиш кишига мартаба ва даража келтириши.
Ушбу бобга хулоса қиладиган бўлсак, бойлик сўраб дуо қилиш банда ҳолатининг яхши томонга ўзгариши ва моддий аҳволининг яхшиланишига сабаб бўлади. Бироқ бойлик билан бирга унинг шукрини адо этиш ва бахилликдан сақланишни ҳам сўрашимиз, бойлик фитнасига учрашдан паноҳ сўрашимиз лозим бўлади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли
 
« Олдинги   Кейинги »