Кон-ер ости бойликлари закоти Принтер учун
21.01.2012 й.
islom.uz
Ер ости бойликлари-олтин, уран, кумуш, мис, қўрғошин, кўмир, нефт, темир ва ҳакозолар қанчалик катта бойлик эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Уламоларимиз Аллоҳ таолонинг «Бақара» сурасидаги:
«Эй, иймон келтирганлар, касб қилган нарсаларингизнинг покларидан ва сизга ердан чиқариб берган нарсаларингиздан инфоқ қилинг», деган оятини далил қилиб, кондан чиққан маъданлардан ҳам Закот чиқарилади, деганлар.
Ҳанафий мазҳабида маъдан билан дафийнанинг Закот ҳукмида фарқи йўқ, дафийна одам боласи томнидан ер остига  кўмилган бойлик бўлса, кон-маъдан Аллоҳ томонидан ер остига кўмилган бойликдир. Шунинг учун кондан ер ости бойлиги чиқарилиши билан бешдан бири Закотга берилади. Закот давлат мулкига қўшилади.
Энди матнларни шарҳлашга ўтайлик.
Тилло ва унга ўхшаш харож ва ушр еридан топилган маъдандан бешдан бир олинади.
Бу ҳукмга далил қуйидагича:
Имом ал-Ҳоким Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллалоҳу алайҳи васаллам бир киши кўмилган нарсани топиб олган одамга, агар уни одам яшамайдиган қишлоқда ёки юрилмаган йўлда топган бўлсанг ундан ва дафийнада бешдан бир, деганлар.
Бешдан бирдан қолгани, агар ернинг эгаси бўлмаса,  топиб олганга. Илло ернинг эгасига.
Демак, бир ер остидан топилган кон ёки дафийнадан давлат бешдан бирини олади ва қолгани ернинг эгаси, агар эгаси бўлмаса, мазкур нарсани топиб олган кишига бўлади.
Шаъбийнинг ривоят қилишича, бир киши ер остидан бойлик топиб олиб Алининг олдиган олиб келди. Бас, у бешдан бирини олиб, қолганини топиб олганга берди. Бу ҳақда Набий соллалоҳу алайҳи васалламга хабар берган эди, у зотга маъқул бўлди».
Ўз ҳовлисидан топиб олинган маъданда ҳеч нарса йўқ.
Чунки маъдан ҳам ҳовлининг бир бўлаги ҳисобланади. Ерга эга бўлган киши маъданга ҳам эга бўлади. Ўз ҳовлисидан ер ости бойлигини топган одам ўзи мулкини топгандек бўлади.
Агар ўзи еридан топса, икки хил ривоят бор.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳолда ҳам ҳеч нарса берилмайди, деганлар. Чунки ердан чиққан нарсалар ер эгасиники.
Бошқалар бешдан бирини беради, деганлар. Чунки ҳадисда ер остидан топилган нарсада бешдан бир берилиши айтилган.

 
« Олдинги   Кейинги »