Танловга мақолалар (Абу Жамшид) Принтер учун
21.01.2012 й.
М Е Р О С

 Юртимизда барча қадриятлар каби Ислом қадрияти ҳам қайта қад рослаб, қисқа вақт ичида ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлангани кишини қувонтиради. Ихлос‑эътиқодли мусулмон халқимиз орасидан чиққан олиму уламоларимизнинг саъй‑ҳаракатлари билан талайгина илмий адабиётларимиз қайта нашр этилди, янгитдан таржима қилинди. Янги-янги мавзуларда китоблар ёзилди. Маънавий салоҳиятимиз ошмоқда. Интернет саҳифаларида исломий сайтлар пайдо бўлди. Шунга қарамай, назаримизда, икки мавзу ўз вақтини кутаётгандек.Улардан бири жуда муҳим мавзу бўлиб, бу фароиз (мерос) илмидир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзларининг «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидаги 12-жуз – «Фароиз ва васиятлар китоби»да мерос илмини қуйидагича шарҳлайдилар:
«Ислом шариатида мерос низоми энг адолатли, энг яхши ва энг мукаммал низом сифатида намоён булади. Ислом инсонга мулк ҳақ‑ҳуқуқини берган. Ана ўша ҳақ-ҳуқуқнинг энг нозик ва муҳим қисми меросга боғлиқ. Чунки унда бир кишининг моли унинг вафотидан кейин яқин қариндошларига мулк бўлиб ўтиши масаласи ҳал қилинади. Бу иш инсон ҳаётидаги энг муҳим омиллардан бири, иқтисодий омилга ва ҲАЛОЛ-ҲАРОМГА боғлиқ бўлгани туфайли ҳам Аллоҳ таолонинг ўзи бу масалани Қуръони каримда тўлиқ баён қилиб берган. Мусулмонлар ана ўша илоҳий амрга бўйсунишлари лозим. Аксинча, ГУНОҲКОР БЎЛАДИЛАР...».

Жон бор жойда ўлим бор. Ҳар куни, ҳар соатда кимдир вафот қилиб туради. Демак, ҳар соатда кимдандир нимадир мерос қолиб туради. Бинобарин, бу меросни шариат кўрсатмаси бўйича тўғри тақсимлаш зарурати юзага чиқиб туради.

Бу ишни адо этиш учун эса мусулмонлар мерос илмини билмоқлари лозим. Акс ҳолда мусулмонларнинг эътиборсизлиги, шариатни билган аҳли илмларга мурожаат қилмасликлари туфайли ҳар соатда кимнингдир ҳаққи поймол этилиб, кимдир ҳаром молни еяётган, яна кимдир гуноҳи азим қилаётган бўлади.

Шунинг учун мусулмонлар бу улуғ илмни ўрганмоқлари лозим.

Энг камида аҳли илмлар (динимиз илмини ўрганганлар) фароиз илмини тўлиқ ўзлаштирмоқлари керак. Токи улар Ислом аҳлига бу ҳақида доимий равишда тушунтириш олиб борсинлар.

Ушбу мавзу бугунги кунда ҳаётимиздан узоқлашгани бор ҳақиқатдир. Сабаби – ўтмишимиз ўзимизга маълум. Фарзандларга мерос улашишда бир ўғилга икки қиз насибасича беришни, ўтганнинг меросхўрлари қаторида ота-онасининг улуши ҳам бўлиши ва умуман, меросдан кимга канча улуш тегишини Аллоҳ томонидан тақсим қилиб қўйилганлиги ҳақида жуда кам одам билади, десак муболаға бўлмайди.

Ўзимиз ҳам нафақат ушбу мавзуда, балки барча исломий илмлар соҳасида билимга жуда муҳтож эканлигимизни эътироф этган ҳолда, олиму уламоларимиздан мерос илмига қайта-қайта мурожаат қилишларини, маърузаларида алоҳида мавзу сифатида фойдаланишларини илтимос қилган бўламиз.


***‎
 

Мақоламизнинг иккинчи мавзуси Ислом кишисининг ўзидан кейинги авлодга айтадиган сўзлари, яъни васият мавзусидир.

«Васият» сўзи луғатда «етказиш» маъносини англатади. Чунки у ила васият қилгувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига етказади. Бу сўз кенг маъноли бўлиб, насиҳат, қарор, ҳукм ва таъкидланган тавсия маъноларини ҳам англатади

Бугунги кунда ота-она томонидан бўладиган ёзма васиятларнинг камлиги ёки умуман бўлмаслиги улар вафот этиб кетгандан кейин фарзандларнинг боши берк кўчаларга кириб қолишига сабаб бўлмоқда.

Сир эмаски, баъзи бир жоҳил инсонлар сабаб шариат ҳукмидан четга чиқиш ҳоллари ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида учраб туради. Мақсадимиз – Аллоҳ асрасин, фоний дунёнинг оғир зарбаларига учраганида фарзандларимиз қўлида сизу-биздан қолган ёзма васиятномалар бўлиши жоҳил инсонларга қарши қўлланма сифатида, динимизга қарши ишлаётган бидъатларга ғов бўлиб хизмат қилса.

Бир оз бўлса‑да Исломдан илми бўлган оила раҳбарлари ўзидан кейинги авлодларга айтадиган сўзларини ёзма равишда, васият кўринишида тайёрлаб қўйиши фарзандлар учун дастуруламал бўлиб хизмат қилса. Сабаби, инсон ҳар доим ота-онасидан ўзига ғоявий йўлбошчи (идеал) қидиради. Топа олмаса, ўзгадан қидиради ва топади. Зурриётларимиз жоҳил (билимсиз) инсонлар сабаб хурофот йўлига кириб кетишидан Яратганнинг ўзи асрасин.

Ўлимга тик қараш ва унга ҳар доим тайёр туриш мусулмон кишининг бурчидир. Вақтида ёзилган васиятнома эса тайёргарликнинг кўринишларидан биридир. Қуйида эълон қилинаётган «Васиятнома» биродарларимизнинг қўлига қалам олишига сабаб бўлса, ундан олинажак савобдан умид қиламиз.

Яна шуни таъкидламоқчимизки, «Васиятнома» амалий тасдиғини топиши учун бугунги кунда яшаётган жамиятимиз қонунлари асосида адлия (нотариал) идораларида тасдиқдан ўтиши мақсадга мувофиқ бўлади. Мазкур идоранинг тасдиғи шаръий гувоҳлик вазифасини ўтайди.
 
 
  BАСИЯТНОМА
 

          Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

         Алҳамду лиллааҳи роббил ъаламийн. Вассолату вассалому ъалаа хойри холқиҳи Муҳаммадин ва ъалаа аалиҳи ва асҳаабиҳи ажмаъин. Амма баъд.
Aссалому алайкум жондан азиз зурриётларимиз. Cизларга қуйидаги қисқача васиятимизни баён қилмоқчимиз.
Бизларнинг ҳаёт давримиздагидек, вафотимиздан сўнг ҳам шариат аҳкомларига амал қилган холда, Яратганнинг буюрганини бажариб, қайтарганидан узоқлашиб, Унинг элчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларига амал қилган ҳолда умргузаронлик қилинг.
«Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Росулуллоҳ» калимасини чин дилдан ишониб, тили билан тасдиқлаган; Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига, фаришталарига, китобларига, барча пайғамбарларига, охират кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг иродаси билан юз беришига (яъни қазо ва қадарга), ўлимдан кейин қайта тирилишга ишонган ва иймон‑эътиқодда Аллоҳнинг даргоҳида мақбул бўладиган ибодатларда бардавом бўлиш мусулмон кишининг комил мусулмонлигига далолат бўлиб, мўминликнинг батафсил ифодасидир.
Аксинча, юқоридагиларнинг бирига ишонмаслик ёки бепарво бўлиш (Ўзи асрасин!) иймонсизликка, яъни худосизликка йўлдир.
- Жоҳил, яъни илмсиз бўлманг.
- Камида фарзи айн даражасида билим олишга ҳаракат қилинг.
- «Илмли киши адашиши мумкин, илмсиз эса албатта адашади», деган ақидага амал қилинг.
- Камида эҳтиёж даражасида шаърий билим олишга ҳаракат қилинг.
- Дунёда ўз ўрнингиз бўлиши учун дунёвий билим ҳам зарурлигини ёдингизда тутинг. Бу борада қизларимиз ҳам шаръий, ҳам дунёвий билимга эга бўлиши учун жон фидо қилса арзийди. Сабаби улар келажакда она бўлиб, авлодимизни тарбиялайди. Жамият шундагина ривожланади. Ислом ривожига муносиб ҳисса қўшган бўласиз. Шу тариқа ҳаракат қилсангиз, авлодларимиздан насиб этса ҳофизи Қуръонлар, азиз‑авлиёлар чиқишига ҳисса қўшиб, бу дунёни тарк этганингиздан сўнг ҳам охиратгача номаи аъмолингизга савоблар ёзилиб боришидан умид қилса бўлади (иншааллоҳ).
- Юқорида ёзганларимиз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Илмни Чиндан бўлса ҳам бориб ўрганинг», деган ҳадиси шарифларига мувофиқдир.
- Меҳрибонларнинг меҳрибони, раҳмлиларнинг раҳмлироғи Аллоҳни севиб яшанг. Aтрофингизга боқинг, тафаккур қилинг, Роббимиздан меҳрибонроғи, раҳмлироғи бормикин? Ҳатто ота-онамизнинг ҳам раҳм‑шафқат борасидаги имкониятлари чегараланган, яъни бу дунёни тарк этишлари билан барча нарсага нуқта қўйилади. Дунё ва охират эса Аллоҳникидир. У Зот бизни йўқдан бор қилди. Синаш учун бу дунёга келтирди. Ризқ берди, беҳисоб неъматлар инъом этди. Раҳми ва меҳри чексиздир.
Азиз фарзандлар! Бизлар бу бевафо дунёни тарк этишимиз ортидан сизлар дуч келишингиз мумкин бўлган турли муаммолар, яъни бу дунёни тарк этганлар руҳини гўё «шод этиш» мақсадида йил давомида ёзиладиган бемаъни дастурхонлар, кераксиз дод‑фарёдлар, ҳайит кунларидаги мотамлар, ўзга дин кишилари атайлаб ўйлаб топган ёки жоҳиллик давридан қолган урф‑одатларнинг Ислом динига ҳеч қандай алоқаси бўлмай, балки улар динимизга қарши хизмат қилмоқда. Ахир тафаккур қилинг, Аллоҳнинг байрами (Ийд) куни байрам ўрнига мотам қилинса, буюк муҳаддисларимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Аза уч кун» деб ҳадис ривоят қилишса-ю, «йигирма», «қирқ», «йил» давомида аза тутилса! Аллоҳнинг китобларига, элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонмаганлар қаторига қўшилиб қолишингиздан Ўзи асрасин. Овоз чиқариб йиғлашдан ҳам тийилинг. Шу маънода сизга энг яқин бўлган инсоннинг бу фоний дунёни ҳар қандай ҳолатда тарк этишига ҳамда ҳар қандай синовлар келганда «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун», яъни «Аллоҳдандурмиз ва Ўзига қайтурмиз», дея сабр ила қарши олишингиз комил иймондандур, акс ҳолда зарар кўрувчилардан бўлиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин.
Азиз, меҳрибон фарзандларимиз! Руҳимизни хушнуд ва рози қиладиган ишларингиз – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилиги учун бажариладиган беш фарз амалдир. Беш вақт намоздан кейинги дуоингизда жумладан ота-онангизга ҳам Аллоҳдан мағфират тилашингизни сўраймиз.
Рўза тутинг, савоби беҳисобдур.
Қодир бўлсангиз закотларни вақтида адо этинг.
Ҳаж қилиш юртда тинчлик бўлса, қодир бўлсангиз, йўллар очиқ бўлсагина фарздир.
Агар лозим топсангиз, Аллоҳнинг ризолиги учун яқинларингиз иштирокида илм мажлислари қилсангиз, руҳимизни шод ва хурсанд этасиз.
Хўжакўрсиндан, риёдан қочинг. Инсонларга Аллоҳ йўлида яхшилик қилинг ва унутинг. Зеро, Аллоҳ кўргувчи ва билгувчидир.
Аллоҳ ҳаммамизни гуноҳимизни кечирсин! Иймонимизни саломат қилсин ва жаннатда бирга бўлишни насиб этсин! Амин!
 Аллоҳнинг фарзларини чин ихлос билан бажаринг, яъни вақтида ибодатда бўлинг, толиби илм бўлинг ва илмингизга амал қилинг. Иншоаллоҳ, Аллоҳнинг ризосига эришасиз. Чин мўмин бўлиш сизлардан яна қуйидагиларни талаб этади:
Аввало гўзал хулқ эгаси бўлинг, мулойим, ширинсўз, ҳар қандай оғир шароитларда сабр қиладиган, ҳалол, ростгўй, тўғрисўз, адолатпарвар, андишали ва ҳаёли, ҳақ сўздан қайтмайдиган, тақводор, камтар, меҳр‑оқибатли, саҳоватли бўлинг.
Ризқингизни ҳалол меҳнатдан топинг ва ҳалол сарфланг.
Ҳаромдан нафратланинг ва ундан ўзингизни сақланг!
Бизлардан қолажак моддий маблағларни ўзаро тақсимлашга келганда албатта Аллоҳнинг каломига мурожаат қилинг. Инсонлардан қолган моддий бойликлар кимга қанча вафо қилгани ҳақида ўйлаб, силаи раҳм қилиб, Аллоҳнинг каломига мувофиқ, зарур бўлганда бойроғингиз камхарж биродарингизга, жигарингизга саховат кўрсатиб, Аллоҳ йўлида улишингиздан воз кечиш йўли билан адолат ила ҳал этинг.

Моддий бойликка кўнгил қўйиш Аллоҳ ва Унинг раҳматидан маҳрум қилиши мумкинлигини ёдингиздан чиқарманг!

Ҳар неъматга шукр қилгувчилардан бўлинг.
Шариат ҳукмларига амал қилсангиз, шундагина Аллоҳ cизлардан рози бўлади, руҳимиз шод бўлади, иншааллоҳ.
Зеро, Аллоҳнинг розилиги, жумладан, ота-она розилигидадир. Сизларни ўстириб, тарбиялаб, вояга етказган ота-онангизнинг орзуси шу.
Гуноҳкор бандамиз, ҳаётлик давримизда қалбингизга берган озорларимиз учун бизларни кечиринг! Бизлардан рози бўлинглар!
Кечирувчиларни Аллоҳ кечиради. Аллоҳ бизлардан рози бўлсин ва барчамизга мададкор бўлсин. Икки дунё саодатига, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шафоатларига етказсин.
Кавсар сувларидан бахраманд этиб, Арши соясида бирга бўлишни насиб этсин. Амин!
 
Зурриётларимга тилакларим
 
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бизларни яратган махлуқотлари ичра азизу мукаррам этиб, ақл берган Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога беадад дуруду саловатлар бўлсин.
Инсон ҳаёти икки, яъни фоний ва боқий дунёдан иборатлигини идрок этган ҳолда ҳаётимнинг иккинчи қисмини бошлашдан аввал зурриётларимга шахсий тажрибалар ҳамда улуғ аждодларимизнинг мерослари асосидаги тилакларимни баён этишни лозим топдим.
Одоби, диёнати, аҳлоқи, илму маданияти билан ўрнак бўлган инсонгина ёруғ юз ила ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг зурриёти эканлиги билан фахрлана олади. Акс холда Яратгувчининг бошқа махлуқларидан фарқи қолмайди. Сиздек азиз жигарбандларимга ҳаётингиз давомида ҳар қандай ишга, ҳар қандай инсонга, ҳар қандай вазиятда одоб, диёнат, гўзал аҳлоқ, меҳр билан ёндашишингизни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Чунки бундай тарбияга эга бўлиш ва амал қилиш инсонни икки дунё саодатига етаклайди. Тўғри сўз бўлинг, яқинларингизнинг хурсанчилигида ҳам, оғир кунларида ҳам бирга бўлинг, ҳар бир воқеа‑ҳодисага уларнинг муносабатини ўрганинг. Инсонларни тинглашни, уларга нисбатан самимий бўлишни ўрганинг.
Берган ваъдангиз устидан албатта чиқишга ҳаракат қилинг, аксинча, қўлингиздан келмаган ишга ваъда берманг. Шу йўл билан инсонлар ишончини қозона олсангиз, уларнинг қалбига йўл очилади. Уларнинг сизга нисбатан ҳурмати ортади. Лекин бу ишлар кишидан жуда катта матонат, меҳнат, босиқлик, собитқадамлик, ирода, одоб талаб этади.
Ҳаётингиз давомида:
- Яратганни онгли равишда таниб, Унга эътиқод қилинг
- Ёшликдаги мувофақиятларнинг қули бўлманг, яъни қабргача илм изланг
- Илм олишда тўхтаб қолиш ўлимга тенгдир
- Билганларингга амал қилмасанг, ҳаётинг саробдир
- Саодатга етаклар билим, гар ўқиганларингни уқиган бўлсанг
- Азиз фарзандларим! Билим олиш бошқа-ю, амал қилиш бошқа
- Душманингдан бўлса ҳам илм изла
- Билим олишда миллат танламанг. Ҳадиси шарифда айтилганидек, илм олиш учун керак бўлса Чин (Хитой)га боринг
- Илм олиш, тажриба орттириш, интеллектуал мавқега эришиш йўлида илмли, ҳаёт тажрибаси бўлган устоз инсонга хизмат қилишдан, унинг хизматкори бўлишдан ўзингизни олиб қочманг ва у инсоннинг меҳрини қозонинг
- Билим саодатга элтишига ишонган ҳолда умрингизнинг бир куни қолса ҳам, толиби илм бўлинг.
- Ҳар доим заҳирада қўшимча касбинг бўлсин, яъни бир касбнинг қулига айланиб қолма. «Йигит кишига қирқ ҳунар оз», дейди ҳалқимиз.
- Зиё таратиш учун олинган илм икки дунё саодатига етакловчи неъматдир
- «Илмли кишининг олдида икки йўл бўлади. Ё адашади, ё адашмайди. Илмсиз эса албатта адашади», дейди аҳли илмлар
- Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлашга маҳкумсан
- Ота-онанинг ўз боласига фақат яхшиликни тилаганидек, билим ҳам инсонни одамийликка етаклайди
- Зурриётларинг илмли бўлиши учун жонфидо бўл. Айниқса, қиз бола илмли бўлиши учун қайғур, сабаби у авлодларинг тарбиячисидир, илмсиздан тарбиячи чиқмас
- Илм улашган ҳеч нарса йўқотмайди, балки савоб йиғади
- Ҳар бир ишга, ҳар бир ибодатга, айниқса, илм олишга меҳр ила ёндошинг. Мисол: Икки киши бир хил масаллиқдан егулик тайёрлаганда таомнинг мазаси икки хил чиқиши – инсоннинг меҳри, зеҳни, заковати ва тажрибасининг натижасидир.
Энг қимматбаҳо мерос илмдир. Шунинг учун ҳам то қиёматгача олимлар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларидир. Моддий мерос қанча вақт бардавом бўлиши тарихдан маълум. Соҳибқирон Амир Темур, Улуғбек Мирзо, Бобур Мирзо, Алишер Навоий, Хўжа Аҳрор Валий каби боболаримиз қолдирган чексиз моддий мерослар йўқликка юз тутди. Садақи жория бўлган илмий‑маънавий мерослари эса бугунгача етиб келди, иншоаллоҳ, амали солиҳ сифатида қиёматгача савобилари ёзилажак.

***

- Аллоҳ розилиги учун бир-бирингизни яхши кўринг
- Вaқт Аллоҳнинг олий неъмати, унга хиёнат қилишдан сақланинг
- Ёлғоннинг душмани бўлинг. Ёлғон шайтоннинг иш қуролидир
- Хақ гапни айтишдан қўрқманг
- Адолатни тушунишни истамаган одамдан уни талаб қилманг, умрингиз бефойда ўтади
- Ўзидан ўзгага қул бўлишдан сақланинг
- Аллоҳдан ўзгага тиланма
- Ҳар қандай фожиадан байрам ясашни ўрганинг (шахсий шиорим), яъни ҳар қандай ҳолатда шукр қилувчи бўлинг, куфрдан сақланинг
- Бу дунё матоҳларига қул бўлишдан тақво қилинг
- Ибодатда ва тақвода баҳона изламанг
- Ҳалол билан ҳаром орасидаги шубҳадан қоч
- Шубҳани ҳалол дейиш учун баҳона излама
- Орзу‑ҳавас бу дунёга эмас, охиратга бўлсин
- Моддий мерос қолдириш учун жонҳалак бўлма
- Мансабдор бўлсангиз, ҳадядан порани ажратинг
- Пул топиш учун яшаманг, яшаш учун пул топинг
- Пул топиш осон, ўрнида сарфлаш қийин
- Кам енг, кам ухланг
- Ейиш учун яшаманг, яшаш учун енг
- Ибодат – Аллоҳга қулликдир, ибодатсизлик дунёга қулликдир. Иккиси бир инсонда жамланиши ғайриоддий ҳол
- Мусофирлик ҳам тарбиядир
- Ғурур ҳамроҳинг бўлсин, такаббур бўлма.
- Саломатликни асранг. Ҳар олти ой, бир йилда соғлингизни тўлиқ тафтиш этиб, уни тиклаб туришни (мажбурий) одат қилинг. Чунки соғлом танда соғ ақл бўлиши бор ҳақиқат. Касалликларнинг олди олинганда касални тузатишга нисбатан кам вақт ва бир неча баробар кам харажат сарфланади. Унутманг, ҳар қандай жиддий касаллик шамоллаш асоратидан ва асаббузарликдан бошланади. Танангизни шамоллашдан, руҳингизни асаббузарликдан асранг. Яқинларингиз ташхиси номаълум (мавҳум) касалликка учраганда ёки қўйилган ташхис шубҳали бўлганда албатта бир‑биридан узоқ бўлган уч-тўрт мутахасиснинг маслаҳатини олиб, солиштириб иш кўринг. Сабаби қуйида: 1982 йили тўсатдан қорним оғриб, шифохонада бордим. Мени кўричак ташхиси билан жарроҳлик амалиётини ўтказишга тайёрлашди. Қатъий қаршилигим ва талабим сабабли тажрибали шифокор амалиётни тўхтатди. Натижада уч‑тўрт соатдан сўнг табиий ҳолда пешоб йўлидан тош тушди. 1990 йили эса 68 ёшли волидамизга тажрибали шифокор томонидан УЗД ёрдамида «Сурункали сариқ ва жигар қуриши» деган ташхис қўйилди. Икки ой сарсонгарчиликдан сўнг ташхис янглиш эканлиги аниқланди. Касаллик юракда, ошқозонда, тишлар йўқлигида (тиш даволатишдан қўрқар эдилар) экан. Зудлик билан даволатдик. Умрлари узоқ бўлсин, 90 ёшга яқинлашиб қолдилар. 1996 йили 6 яшар ўғлимизни дифтерия (бўғма) деб гумон қилиб касалхонага ётқиздик. Хабар олгани борсам, ҳамма шу касалга шубҳа қилинганлар бир жойда аралаш ётар экан. Фарзандим ва аёлимни шифохонадан олиб қочдим. 3-4 кеча‑кундуз ухламай, навбат билан касалнинг тепасида ўтириб чиқдик. Таҳлил жавобига кўра ташхис тасдиқланмади. Тахминга ўзим ҳам ишонмаган эдим.
Халқимизнинг баъзи зарарли урф‑одатларига эътироз - хурофотга берилманг.
- Азадорликда «йигирма», «йил» каби дабдабали, Исломга зид маросимлардан йироқ бўлинг, улардан воз кечинг
- Ўтганларни ёдга олиш учун улар танимаган инсонларни тўплаш нафақат Исломда, бошқа динларда ҳам йўқ. Ўтганлар руҳини шод этиш – улар хақига ҳар куни, ҳар ибодатда, хусусан, жойнамоз устида дуо қилиш, улар яхши кўрган ишларини давом эттириш, яхши кўрган кишиларини хонадонингизга чорлаш, тез-тез йўқлаб туриш орқали бўлади. Муҳтож кишиларга, ўтганларингизни яқинларига, яхши кўрганларига эҳсон қилиб савоб топинг. Яна шуни айтмоқчиманки, Ийди қурбон, Ийди Рамазон – бу шод‑хуррамлик кунидир.
 
УРФ‑ОДАТЛАР ХАҚИДА
 
Инсон ҳар бир қилаётган ишида ўзи, оиласи, халқи, юрти ва динининг манфатлари учун хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши ёки бунинг акси шу кишининг маънавий савиясини кўрсатади.
Назаримда, бугунги кунда тўй‑маърака, маросимлар нима мақсадда, ким учун қилинади, деган савол жавобсиз қолганга ўхшайди. Ҳар бир иши, ҳатти‑ҳаракати орқали ўзини ёки имкониятларини кўз-кўз қилиш ниятида бўлган шахс бу дунё қулига айланади. Бу дунё эса жуда қисқа ва бевафодир.
Никоҳ тўйи ўтказишдан асосий мақсад янги пайдо бўлган оилани яқин‑атрофга эълон қилиш, оила хурсандчилигини яқин инсонлар билан баҳам кўриш бўлса, ихчамгина, файзли маросимлар асносида қудалар бир-бири билан танишса, келин билан куёв янги қариндошлари, яқин‑дўстлари билан танишиб улгурса. Умрида бир‑икки бор кўрган инсонларни ҳам тўйга таклиф этилмаса. Ҳар қандай катта маросим иштирокчилари кўпи билан юз кишигача борса. Таклиф этилмай хафа бўлганлар сизни ҳам маросимларга таклиф қилмай қўяқолсин. Бу фожиа эмас. Дидсиз, исрофгарчилик билан, хўжакўрсинга, риё аралашиб, ҳеч кимга фойдаси тегмаган, қарз ҳисобига ёки бир умр тўпланган маблағ эвазига қилинган маросим эса фаожиадан ўзга нарса эмас.
Инсон ҳаёти давомида билиб‑билмай ўзига ибрат бўладиган одамга эргашиб яшайди. Аслида на Ислом динига, на халқ урф‑одатларига алоқаси бўлмаган баъзи одатлардан қутулишда ибрат усули жуда катта фойда беради. Яъни кўпчилик ўқимишли, зиёли, нисбатан ўзига тўқ, обрўли, пулдор оилаларга, инсонларга тақлид қилиш йўлидан боради.
Оз бўлса‑да, бугунги кунда ўз салоҳиятидан фойдаланиб, бемаъни таъна-дашномлардан Аллоҳнинг амрини юқори қўйган инсонлар ибрат бўлиб, ҳаёт мураккабликларидан, кераксиз дилозорликлардан, фойдасиз, зарарли одатлардан воз кечиб, ихчам тўй‑маросимлар ўтказишмоқда. Ана шундай ишларни кўпроқ тарғиб қилишни таклиф этаман.
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Тошкент шаҳрида бўладиган никоҳ тўйларидаги «ЗАГС» тўйлари, қизошига куёв жўралари билан таклиф қилиниши, «суннат» тўйи дабдабалари авжига чиққан эди. Мустақил ҳаётимнинг бошиданоқ ЗАГС тўйи, қизошига бориш каби хўжакўрсинликлардан воз кечдим. 1990 йили ўғиллик бўлдим. У пайтларда негадир «суннат» тўйи деб аталадиган кечқурунги базмлар авжида эди. Баъзиларнинг устимдан кулишига қарамай, Аллоҳнинг ҳидояти сабаб, ақиқа зиёфати билан кифояландим. Бугунги кунга келиб, аксарият хонадонларда юқоридаги хўжакўрсинликлар бархам топди. Шундай хайрли ишларнинг бошловчилари қаторида ибрат бўлганимга Яратганга шукроналар айтаман.
2003-2005 йиллари икки қизимизни турмушга бердик. Қудалар билан келишиб, «қалин пули», «тўй юбориш», «қўй бериш» каби нарсалардан воз кечдик. «Чарлар» йўқ. «Қудачақириқ»да 5-6 кишидан иборат дастурхон атрофида оилавий танишув билан кифояландик.
Қизларимизга қўқонлик хожи она тикиб берган оппоқ, миллий бичимдаги, арзон, лекин жуда чиройли келин кўйлаклари олиб бердик. Шу кунларда хам кийиб юришибди. Ҳамманинг ҳаваси келади. Қизларимиз бу либосларда Абдулла Қодирий таърифлаган Кумушни ҳам ортда қолдиришди.
Фарзандларимизни ҳар кимдан қолган ярим яланғоч, ижарага бериладиган кийимларга хавас билан қаратмаган, оиламизни ҳидоят йўлига бошлаган Яратган эгамга беадад шукроналар қилдик. Барча тўй харажатлари, жумладан ҳайит муносабати билан бўладиган ортиқча олди-бердилар, «бешик тўйи» харажатлари каби бугунги куннинг орзу‑ҳавасларини имкониятларимизнинг (ўртача тўйларнинг) учдан бири даражасида ўтказдик.
Миллатимиз шаънига доғ бўлаётган «қалин пули» (сут пули), қўй бериш каби бемаъни тушунчаларга барҳам берилишини жуда орзу қиламан.
Қисқартиришлар эвазига қудалар ўзаро келишиб, бир тўплам мебелни ҳамкорликда олдик. Тўйдан кейин қизларимизнинг олий маълумот олишига имконият яратилишини никоҳ ақди шартларидан бири сифатида келишиб олдик. Шу каби ибратли маросимлар кам эмас.
 
ИБРАТЛИ ВОҚЕА

 2003 йили катта қизимни турмушга бериш жараёнида бир оғриқли воқеа бўлиб ўтди.
Тенқурларим орасида биринчилар қаторида тўй бошлашим кўпчиликка қизиқ бўлди. Тўй ўтказиш тартиби кўп маротаба тенгдош улфатлар орасида баҳсларга, мунозараларга сабаб бўлди. Ичкиликсиз тўй бўлмаслиги баҳонасида каминани иродаси синалиши керак эди.
Узоқ чўзилган баҳс якунида жоҳил инсонлар ўзлари ичкилик олиб келиб, маишат қилмоқчи бўлишганида мендан жуда қатъий жавоб ва огоҳлантириш олишди. Шунга қарамай «сабзи тўғрар» маросимида ўз фикрларида қолган икки жоҳил акамиз бир яшик ҳаром ичимлик олиб келишган. Лекин тўйхонада амру маъруф ўтказишга ҳаракат қилинганини, уламолар таклиф қилинганлигини кўрган акаларимиз ўзлари учун олиб келган «совға»ларни машиналарида қолдиришга мажбур бўлишган. Таклиф қилинган уламолар ўз маърузаларида ароқнинг ҳаромлиги, бир бора ичган одамни қирқ кунгача иймони ўз ихтиёрида бўлмаслиги хақида эслатиб ўтишди. Назаримда, файзли маросим бўлиб ўтди. Кейин билсак, юқоридаги акаларимиз маросимдан чиқиб, кафега кириб, барибир нафсларини қондиришган, сўнг кайфлари ошиб, уйларига тарқалишган. Улардан бири йўл-йўлакай ота ҳовлисига кирган. Маҳаллада ўша куни чироқ бўлмаган. Ярим кеча. Дарвоза очилгач машина чироқлари ҳовлини ёритиб юборган. Дарвоза рўпарасида дарахтда осилиб, типирчилаётган одамни кўрган акамизнинг кайфлари учган, эс‑ҳушини йўқотган. Дўстимизнинг укаси ўзини осиб қўйган экан. Шўрлик ака дарахтдан тирик жасадни ола туриб тушириб юборган. Аканинг кайфда бўлиши яна бир бор панд берган. Тўғри, бир инсоннинг куни битган экан, лекин ачинарлиси ибрат оладиган одам топилмади.
Ибрат ола билиш ҳам киши салоҳиятини белгилайди.
 
 ИСЛОМДА МАҲР

Маҳр – никоҳга розилиги эвазига келинни хурсанд қилиш учун куёв томонидан шахсий мулк сифатида бериладиган қиймат бўлиб, бу вожиб амалдир. Маҳр талаб қилиш келиннинг хуқуқидир. Ҳадисларда маҳрнинг миқдори камида ўн дирҳам дейилган.
Аёлнинг розилигисиз маҳрга ҳатто отаси ёки турмуш ўртоғи ҳам эгалик қила олмайди. Келин маҳрни истаган одамига ихтиёрий равишда ҳадя қилиши ҳам мумкин.
Тўйларда қудалар томонидан бериладиган келин эгалик қила олмайдиган «қалин пули», «тўй жўнатиш», қўй, тана кабилар маҳр ўрнини боса олмайди. Келин-куёвга ажратиладиган уй-жойнинг ҳам маҳрга алоқаси бўлмагани маъқул. Сабаби, уй-жой маҳр сифатида берилган бўлса, куёв келиннинг уйида яшашига тўғри келади.
Ҳаёт давомида бирмунча чалкашликларга сабаб бўлиши сабабидан уй-жой маҳрга берилмагани маъқул. Масалан, диёримизда келинга ажратилган хонага бир неча келин кетма-кет эгалик қилади. Кўпчилик маҳрга эътиборсиз бўлади.
 
« Олдинги   Кейинги »