Тўртта мазҳабларнинг қайси бири васатияда? Принтер учун
27.12.2011 й.
Алҳамду лиллаҳи, вассолаату вассалааму алаа саййидинаа Росувлиллааҳ. Аммо баъд:
Васатия ва унга даъват қилгувчилар ҳамда унинг ҳимоячилари ҳақида шубҳали гаплар бўлиб туради. Ана шу шубҳалар икки тоифа одамлардан чиқади: ўта ҳасадчидан ёки нодон кимсадан.
Васатия ҳақида сўз кетганда қўзғаб туриладиган ана шундай шубҳалардан бири: айримларнинг: “Қайси мазҳабни истайсизлар? Имомларнинг қайсилари васатий бўлган? Васатия деганда Абу Ҳанифанинг мазҳабини назарда тутасизми? Ёки Моликнинг мазҳабиними? Ёки Шофеийнинг мазҳабиними? Ё Аҳмаднинг мазҳабиними?!!” дейдилар.
Аслида эргашиладиган мазҳабларнинг соҳиблари бўлган тўртала имомлар ва улардан бошқа буюк имомлар- йўқ бўлиб кетган мазҳабларнинг соҳиблари Лайс, Табарий ва бошқаларнинг ҳар бирлари ҳидоят пешволари бўлишган ва васатия йўлини тутишган. Бу ўринда васатия деганда мазҳабнинг мажмуидаги васатияни кўзда тутган бўламан. Мазҳабнинг ҳаммасини эмас. Инсофи бор одам улардан ҳеч қайсини мазҳабининг мажмуида васатиядан четга чиққан деб айта олмайди.
Агар тўрт мазҳаблар (Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмадлар) ана шулар Ислом дунёсида ҳозирда кенг тарқалган мазҳаблар бўладиган экан бас мен шу ўринда ана шу тўртала мазҳаблар мўътадилликдан бошқа йўлдан юришмаган ва агарчи сўз билан ошкора қилмаган бўлишсада - васатиядан бошқа манҳажда бўлмаган эканликларига – тезкорлик билан - далил- исбот келтириб ўтаман. Бу қуйидагича бўлади:
Имомлар ўз мазҳабларига асос қилиб олган усуллар ва истинбот қоидалари.
Фуқаҳоларнинг бир- бирларини қабул қилишлари.
Устоз шогирдлик ва бир- бирларига нисбатан мақтов айтишлари.
Далил- исботи бор бўлган нарсани қабул қилишлари.

Биринчиси: Имомлар ўз мазҳабларига асос қилиб олган усуллар ва истинбот қоидалари:
Имомлар ўз мазҳабларига асос қилиб олган усуллар ва истинбот қоидаларига кўз югуртирган киши уларнинг ҳар бирлари ўз мазҳабларини васатиянинг эътиборга олинган томонларига хилоф келадиган нарсага асосламаганлар. Ушбу жадвал орқали имомлар ўз фатволарида шаръий насслар- матнларга қанчалик таянган эканликларини мулоҳаза қиламиз:
Ҳанафий мазҳаби: Китоб- Суннат- саҳобанинг фатвоси- Қиёс- истеҳсон – урф;
Моликий мазҳаби: Китоб- Суннат- Мадиналиклар ижмоъси- Қиёс- саҳобийнинг сўзи- масолиҳул- мурсала- одатлар- саддуз зароеъ- истисҳоб- истеҳсон;
Шофеий мазҳаби: Китоб- Суннат- Ижмоъ- ихтилоф бўлиб қолганда баъзи саҳобаларнинг сўзларига мухолиф бўлмаган баъзи саҳобаларнинг сўзлари- Қиёс;
Ҳанбалий мазҳаби: Китоб- Суннат- Ижмоъ- саҳобаларнинг фатволари- истисҳоб- масолиҳул мурсала- саддуз зароеъ;
(Ушбу атамалар ҳақида тўлиқроқ маълумотни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Усулул Фиқҳ” китобидан олишингиз мумкин- тарж.)
Биз ана шу усуллар орқали  ҳукм чиқаришимиз мумкинки:
Китоб ва Суннат иккаласи асосий манба эканлигида, бу иккисини бош манбалар деб эътиборга олган ҳолда шу икковидан бошқа барча нарсадан пеш қўйиш вожиб эканлигида улардан ҳеч ким ихтилофга бормаган.
Китоб ёки Суннатдан далил топилмаган вақтда “Саҳобанинг фатвоси”, “Ижмоъ” ва “Қиёс” сингари у икковига тобеъ манбалардан ҳукм олинишида  ҳаммаларининг ўрталарида хилоф йўқдир. Шу билан бирга уларнинг айримлари бошқалари олдин қўйган нарсани кейинга қўйганликларини ёки аксинча бўлганини ҳам эътиборга олиб қўйиш керак бўлади.
Тобеъ манбалардаги олдинга суриш ёки ортга суришликнинг таркиби юқорида ўтган усулларга бориб тақалади.
Нассни ҳурмат қилишлик ҳамма учун муқаддас вазифадир. Улардан бировлари бирор бир масалада ҳадисга хилоф иш тутишган бўлса унинг ҳам ўз ўрнида зикр этиладиган иллати бор бўлган. У ўзининг ҳавойи нафсидан олиб айтмаган ёки бу ё у нассга эътиборсизлик қилмаган. Уларнинг барчаларидан: “Агар Ҳадис саҳиҳ бўлса бас ўша менинг мазҳабимдир” деганлари ёки шунга ўхшаш гаплари нақл қилингани ростдир.

Иккинчиси: Фуқаҳоларнинг бир-бирларини қабул қилишлари:
Тўртала имомларнинг васатияда бўлишганига яна бир далил: уларнинг бир- бирларини қабул қилишлари, нуқтаи назарнинг турлича бўлишини, бир масалада бир неча хил фикр бўлиши ҳатто бир- бирларига иқтидо қилиб намоз ўқишлари жойизлигини эътироф этишларидир. Бундай ҳолат Молик билан Шофеийнинг, Шофеий билан Аҳмаднинг ўртасида бўлган. Биз Абу Ҳанифа билан Моликнинг ўртасида ҳам, Молик билан Абу Ҳанифанинг унга замондош бўлган ва у билан учрашишган шогирдлари ўртасида ҳам қандайдир ихтилоф бўлганини эшитган эмасмиз. Молик билан Шофеийнинг ёки Шофеий билан Аҳмаднинг ўртасида қандайдир уриш- жанжал бўлганини эшитмадик.
Ихтилофни қабул қилиш билан, йўқ, балки ўз фикрига хилоф бўлган нарсага амал қилиш билан имомларнинг васатиятлари намоён бўладиган ушбу ажоиб ўринларга бир қаранг. Ривоят қилишларича имом Шофеий Бағдодда ханафийлар жамоати билан уларнинг масжидида бомдод намозини ўз мазҳабларига хилоф ўлароқ қунутни қўшмасдан ўқибдилар. У кишининг бу ишларини одамлар Имом Абу Ҳанифага одоб юзасидан ёки унинг тобеларининг дилларида дўстлик пайдо қилиш учун шу ишни қилганлар деб шарҳлайдилар. Бу иккаласи ҳам олий даражадаги одобдандир.
Асрам шундай дейди: “Мен Абу Абдиллаҳдан устига тулкиларнинг терисидан кийим кийиб олган ҳолда қавмга намоз ўқиб берган киши ҳақида сўралганини эшитдим. Бас у киши: “Агар у одам “Қайси тери ошланса батаҳқиқ покиза бўлибдир”нинг таъвили ила кийган бўлса, унинг ортида намоз ўқилади”, деди. Унга: “Ўзинг бу ишни жоиз деб биласанми?” дейилганида у: “Йўқ. Биз бу ишни жоиз деб билмаймиз. Бироқ у таъвил ила бас унинг ортида намоз ўқишнинг зарари йўқдир”, деди. Сўнгра Абу Абдиллаҳ (яъни Аҳмад ибн Ҳанбал) шундай дедилар: “Агар бирор кимса қон чиқиши билан таҳорат бузилади деб билмаса унинг ортида намоз ўқиладими?!”.  Сўнг  дедилар: “Биз қон чиқса таҳорат қилиш керак деймиз. Шунинг учун Саийд ибн Мусаййаб, Молик ва қон масаласида бепарволик қилганлар ортида намоз ўқимаймиз. Яъни қони чиққаннинг ортида”.”
Имом Аҳмад асрдан кейинги икки ракаат намоз ҳақида: “Биз бу ишни қилмаймиз ва қилганларни айбламаймиз”, деганлар.

Учинчиси: Устоз шогирдлик ва бир- бирларига нисбатан мақтов айтишлари.
Тўртала имомларнинг васатиятларининг далилларидан яна бири: устоз шогирдлик ва бир- бирларига нисбатан мақтов айтишлари. Дарҳақиқат биз икки томон- устозлик қилган ва шогирд тушганлар фахр қиладиган аниқ устоз- шогирдликни кўрганмиз. Масалан Молик Шофеий ўзининг шогирди экани фахрланса Шофеий Моликнинг ҳузурида тизза чўкиб ўтиргани билан фахрланган. Аҳмад Шофеийнинг тимсолида энг яхши муаллим ва мураббийни кўрган. Шофеий унинг тимсолида энг яхши шогирд ва ўқувчини кўрган. Ҳатто уни имом ва фақиҳ деб ҳисоблайди.
Тўртала имомларнинг бир- бирларини мақтаганларини жуда кўп кўрганмиз. Мана Молик Абу Ҳанифа ҳақида шундай дейди: “Агар у сизларнинг мана бу устунларингизнинг олдига келиб унинг йўғоч эканлиги устида сизларга қиёс келтирса, албатта, сизлар уларни йўғоч деб ўйлаган бўлар эдингиз”.
Аҳмад Шофеий ҳақида: “У баданлар учун офият сингари, дунёнинг қуёши каби эди”, дейди.
Шофеий Абу Ҳанифа ҳақида: “Одамлар фиқҳ борасида Абу Ҳанифага муҳтождирлар”, дейди.

Тўртинчиси: Далил- исботи бор бўлган нарсани қабул қилишлари:
Тўртала имомларнинг васатиятларига яна бир далил уларнинг далил- исботи бор бўлган нарсани қабул қилишларидир. Зеро улардан бирортасининг далил- исботсиз қандайдир раъйни қабул қилганлиги нақл қилинмаган. Аксинча уларнинг барчалари далилнинг қули бўлганликлари нақл қилинган. Мана Абу Ҳанифа нима дейди: “Модомики бизлар ҳукмни қаердан олганлигимизни билмас экан бизнинг сўзимизга амал қилмоғлик ҳеч кимга ҳалол эмасдир”. Яна: “Менинг далил- исботимни билмаган кишининг менинг сўзим ила фатво бермоғи ҳаромдир. Чунки биз ҳам башармиз. Бугун бир гапни айтсак эртага ундан қайтамиз”, деган. Яна: “Агар Аллоҳнинг Китоби ва Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хабарига хилоф келадиган айтган бўлсам бас менинг гапимни тарк қилинглар”, деган.
Мана Молик нима дейди: “Мен ҳам бир башарман, холос. Хато қиламан ва тўғри топаман. Шундай экан сизлар менинг сўзимга қаранг. Нимаики Китоб ва Суннатга мувофиқ келса, бас уни олинг. Нимаики Китоб ва Суннатга мувофиқ келмаса бас уни тарк қилинг”. Яна: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа барчанинг гапи олинади ҳам тарк ҳам қилинади”, дейди.
Мана Шофеий нима дейди: “Бирор кимса йўқки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бир суннат унга етмай қолмаган бўлса. Шундай экан мен Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф келадиган нима гапни гапирган ёки бирор қоидани олган бўлсам бас гап Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларидир. Менинг гапим ўшадир”. Яна: “Агар Ҳадис саҳиҳ бўлса, бас, у менинг мазҳабимдир”, дейди. Яна: “Сизлар менинг сўзимга қаранг: агар уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадисларига мувофиқ топсангиз уни олингиз. Агар унга хилоф келганини кўрсангиз у ҳолда менинг сўзимни деворга урингиз”, дейди.
Мана Аҳмад ибн Ҳанбал нима дейди: “Нақл аҳлининг наздида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ хабари бор бўлган ҳар қандай масала менинг гапимга тўғри келмаса, бас, мен ҳаётлигимда ҳам ўлимимдан кейин ҳам ундан воз кечганман”. Яна: “Сен менга тақлид қилма. Моликка ҳам, Шофеийга ҳам, Авзоийга ҳам, Саврийга ҳам тақлид қилмагин. Улар олган жойдан олгин”, дейди.
Албатта ушбу тўртта нуқталар очиқ ойдин хужжат бўлиб турибдики васатият айнан битта имомга ва айнан битта мазҳабга тегишли эмас экан. Бири қўйиб бошқаси бу ишни даъво ҳам қилмаган экан. Бу умумий йўналиш холос. Барча фақиҳларнинг йўналишлари...

Валҳамду лиллааҳи Роббил- оламийн

Шайх Юсуф Қаразовий
Алоуддин Хофий таржимаси

Ҳанафий мазҳаби: Китоб- Суннат- саҳобанинг фатвоси- Қиёс- истеҳсон – урф;
Моликий мазҳаби: Китоб- Суннат- Мадиналиклар ижмоъси- Қиёс- саҳобийнинг сўзи- масолиҳул- мурсала- одатлар- саддуз зароеъ- истисҳоб- истеҳсон;
Шофеий мазҳаби: Китоб- Суннат- Ижмоъ- ихтилоф бўлиб қолганда баъзи саҳобаларнинг сўзларига мухолиф бўлмаган баъзи саҳобаларнинг сўзлари- Қиёс;
Ҳанбалий мазҳаби: Китоб- Суннат- Ижмоъ- саҳобаларнинг фатволари- истисҳоб- масолиҳул мурсала- саддуз зароеъ;
 
« Олдинги   Кейинги »