Бақара сураси, 255 Принтер учун
24.12.2011 й.
islom.uz
Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам,  уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас.  У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. У уларни муҳофаза қилишдан чарчамас. Ва У Алий ва Азим зотдир.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласида келган сифат Аллоҳ таолонинг ягоналигини ҳеч шубҳасиз исбот қилади. Бошқа динларда пайдо бўлган нотўғри ақидаларни ҳам тўғрилайди. Пайғамбарлардан кейин ихтилофга тушган умматлар Аллоҳнинг сифатларида ҳам ихтилоф қилишган. Мисол учун, христианлар (насоролар) Ийсо алайҳиссаломдан кейин бутунлай адашиб, Аллоҳнинг зоти ҳақида нотўғри ақидага бордилар. Улар учлик назариясини яратиб, Аллоҳ, уч зотнинг учинчисидир, деганлар. Бош қалар ҳам шунга ўхшаш ихтилофлар қилишган. Исломий тасаввур бўйича эса,
«Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ».
Аллоҳ ягона, дунёда фақат Аллоҳнинг Ўзигина ибодатга сазовор зотдир. Яъни, бандалар фақат Аллоҳнинг айтганини қилиб яшамоқлари, фақат Унинг Ўзигагина банда бўлмоқликлари керак. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина итоат қилмоқликлари, сиғинмоқликлари, бўйсунмоқликлари ва фақат Ундангина қўрқмоқликлари керак. Фақат Аллоҳнинг шариати, қонун-қоидалари, дастури асосида яшамоқликлари керак.
«У тирикдир ва қаййумдир».
Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абадийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатда бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди.
Аллоҳнинг «қаййум»лик сифатининг маъноси, Аллоҳ таборак ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи эканлиги ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир. Шу билан Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир. Бу сифат шу даражага етганки:
«Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас».
Яъни, У доимо сергак, бир лаҳза ҳам Унинг туришлиги сусаймайди.
«Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир».
Осмонларда нимаки бўлса, ерда нимаики бўлса, ҳамма-ҳаммасининг эгаси Аллоҳдир. Бу эгалик умумий бўлиб, ҳеч нарсани четда қолирмайди. Бу эгаликни ҳеч бир нарса чегаралай олмайди.
«Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас».
 Бу ҳам улкан сифатлардан бўлиб, Аллоҳнинг ва банданинг мақомини баён қилиб беради. Бандаларнинг барчаси ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб туриб қоладилар. Бу бандаликни чуқур ҳис этиш шу даражага етганки, ҳатто ҳеч ким орага тушиб, бировга шафоатчилик қилишга ҳам журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзининг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади. Бу сифат ўтган оятдаги «... ва шафоатчилик йўқ» жумласидан истисно эканлигини билиб оламиз. Демак, умумий қоидага биноан шафоатчилик йўқ, аммо истисно тариқасида, Аллоҳнинг изни билан баъзи кишилар шафоат қилишлари мумкин.
«У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам,ортларидаги нарсани ҳам билур».
Бу сифат Аллоҳнинг илми шомил илм эканлиги ва У зот ҳамма нарсани Ўзининг чексиз илми билан билиб туришини билдиради. Аллоҳ таоло бандаларнинг аввал қилган ишларини ҳам, шунингдек, ҳозир бўлаётган ва кежлажакда бўладиган ишларини ҳам билиб туради. Аллоҳ таолонинг илми чексиз ва ҳамма нарсани қамраб олган, шу жумладан, бандалари билган ва билмаган нарсаларни ҳам билади. Бандалар эса:
«Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос».
Демак, бандалар Аллоҳ билишларини хоҳлаган нарсаларнигина биладилар, холос. Инсон, илмнинг чўққисига чиқдим, деб жар солганда ҳам, Аллоҳ изн берган озгина илмга эришган бўлади, холос.
«Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган».
Одатда курси мулкка далолат қилади. Шунинг учун, ушбу жумлани баъзи уламоларимиз айтганларидек, Аллоҳнинг султони осмонлару ерни қамраб олган, деб тушунсак бўлади.
Аслида эса, курси ва унга тааллуқли нарсалар, бинобарин ушбу жумла ҳақида уламоларимиз ўзларига етган далиллар асосида бир неча хил фикрлар айтганлар.
Жумладан, баъзи уламоларимиз курсини илм, деганлар. Шунга биноан, мазкур жумланинг маъноси, Унинг илми осмонлару ерни қамраган, бўлади.
Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу  ушбу жумла тафсирида: «Курси, луғатда икки қадам маъносини англатади. Аршнинг миқдорини Аллоҳдан бошқа билмайди», деганлар.
Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа ривоятларга асосланиб уламоларимиз, Курси Аршдан бошқа нарса, деганлар.
Ибн Жарир Табарий Абу Зарр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аршнинг олдида Курси худди кенг ерга ташланган темир ҳалқага ўхшайди, холос», деганлар.
Ўтган уламоларимизнинг кўплари: «Курси, Аршннг олдига қўйиладиган поғанасимон нарса», деганлар.
Шуларга биноан, ақида бўйча мутахасис уламоларимиз: «Биз Аллоҳнинг Арши ва Курсиси борлигига иймон келтирамиз. Бу икки нарса, одамларнинг арши-тахти ва курсисига ўхшамайди. У иккисининг ҳажми, кайфияти ва сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бизнинг эса, уларни билишга ҳожатимиз йўқ. Агар ҳожатимиз бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берган бўларди», дейдилар.
«Уларни муҳофаза қилиш Уни чарчатмас».
Яъни, Аллоҳ таоло осмонлару ерни муҳофаза қилиб, тасарруф қилишдан чарчамайди. Бу иш Унга ҳеч қандай оғирлик қилмайди. Бу сифат Аллоҳнинг қудрати комил ва чексиз эканлигини кўрсатади.
«Ва У Алий ва Азим зотдир».
Аллоҳ ҳамма нарсадан юқори ва олийдир, Аллоҳ ҳамма нарсадан улуғдир.
Имом Муслим ва Имом Аҳмад Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят, Курси ояти эканлиги таъкидланган.
Имом Насаий Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар фарз намоздан кейин «Оятул Курсий»ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос», деганлар. Яъни, ўлмагани учун жаннатга кирмайди, агар вафот этса, уни жаннатдан тўсадиган ҳеч нарса қолмайди, дегани.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳодисани ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини сақлашга вакил қилдилар. Биров келиб тўпланган егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб:
«Ҳозир сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман», дедим. У:
«Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман», деди. Уни қўйиб юбордим. Тонг отганда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Ҳой, Абу Ҳурайра! Кечаги асиринг нима қилди?» дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилувди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У киши алайҳиссалом:
«Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?» дедилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг «қайтиб келса-чи», деганларидан унинг яна келишини билдим ва пойлаб турдим. У келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни тутиб олдим ва:
«Сени Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман», дедим. У:
«Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман», деди. Раҳмим келиб, уни қўйиб юбордим. Тонг отганда, Пайғамбар алайҳиссалом:
«Ҳой, Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?» дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, жуда ҳам муҳтожлигидан, бола чақасининг кўплигидан шикоят қилувди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У киши алайҳиссалом:
«Сенга ёлғон гапирган бўлиб, қайтиб келса-чи?» дедилар. Учинчи марта пойлаб туриб, яна ушлаб олдим ва:
«Энди уч марта бўлди, сени албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман. Ҳар сафар қайтиб келмайман, деб яна келасан», дедим. У:
«Мени қўйиб юборсанг, Аллоҳ сенга манфаат берадиган сўзларни ўргатиб қўяман», деди. Мен:
«Улар қандай сўзлар?» дедим. У:
«Кўрпангга кириб ётганингда, «Оятул курсий»ни ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени қўриқчи қўриб турадиган бўлади. Тонг отгунча сенга шайтон яқинлашмайди», деди. Эртасига Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирибди,- дедилар ва:
«Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингни билансанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. Мен, йўқ, девдим, у киши алайҳиссалом:
«Ўша шайтондир», дедилар.

 
« Олдинги   Кейинги »