Обрўсини садақа қилиш яхшидир Принтер учун
27.11.2011 й.
Абдурроҳман ибн Ажлан  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан бирингиз Абу Зомзом каби бўлишдан ожиз бўладими?» дедилар.
«Абу Зомзом ким?» дейишди.
«Сизлардан олдин бўлганлардан бир киши. У қачон тонг оттирса, «Эй Аллоҳим! Мен обрўимни мени сўкканга бердим», дер эди», дедилар
».
Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида сиз билан биз умматларини кишиларга нисбатан кечиримли бўлишда аввалги ўтган умматлардан бирига мансуб Абу Зомзом номли кишидан ўрнак олишга чақирмоқдалар.
Ушбу ҳадиси шарифда келган маънога амал қилиш бағрикенглик ва карамли ахлоқликнинг намунасидир.
Уламоларимиз ким ҳар куни эрталаб «Эй Аллоҳим! Мен ўз обрўимни бандаларингга садақа қилдим» деса, Аллоҳ таолонинг «Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир. Ким авф этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир» деган оятига амал қилган бўлади, дейдилар.
 
« Олдинги   Кейинги »