Ўрнак олинг, ибратланинг! Принтер учун
25.09.2011 й.
Камбағалликдан ҳамиша шикоят қилиб юрганларни ёки бойлик, пул топиш орзусида ҳаловатини йўқотганларни кўрсам, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларидан ибрат олинг, у зотнинг аҳли байти қандай кун кечирганига назар солинг, саҳобийларнинг, тобеъинларнинг турмушларини ўрганинг», дегим келаверади. Бунга  тарихда мисоллар тўлиб-тошиб ётибди: 

Фахри коинот суюмли қизлари Фотимаи Заҳрони Ҳазрати Алига турмушга узатишга қарор қилганларидан кейин ундан: «Маҳрга бирор нарсанг борми?», деб сўрадилар. Ҳазрати Али: «Йўқ», деди. «Ҳутамийя совутинг қани?», дедилар Пайғамбаримиз. «Ўзимда», деди Ҳазрати Али. «Ўшани бер, бўлмаса», дедилар. Совут Усмон ибн Аффонга 470 дирҳамга «сотилди». Ана шу пулга атир-хушбўйликлар, келинга бир сидирға (!) сарпо харид қилинди. Тўй зиёфати қилишга маблағ йўқ эди. Саъд ибн Муоз қўй олиб келди. Бошқалар жўхори ва бироз егуликлар топишди. Пайғамбарнинг суюмли қизлари Ҳазрати Али хонадонига келин бўлди.
Ҳаннод ад-Динаврий Шаъбийдан бундай воқеани келтиради: «Ҳазрати Али айтадилар: «Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотимага уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй териси (пўстак) дан бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туяга ем берардик. Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди». Набий алайҳиссалом қизлари Фотимани   никоҳлаб берганларида у билан бирга теридан бўлган тўшак, ичига хурмо қипиғи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиши ва иккита мешча юборган эканлар.
Аллоҳнинг суюкли пайғамбари, бутун мусулмон оламининг раҳбари ва йўлбошчиси,  «агар хоҳласангиз,  тоғларни олтинга айлантириб бераман», дея Яратган ваъда қилиб турган зот энг суюмли қизларига қўша-қўша кўрпа-тўшаклар, кўплаб чорва моллари, керагича уй жиҳозлари, сон-саноқсиз кийим-кечакларни сеп қилиб беришлари мумкин эди. Бутун Мадина аҳлини, ҳатто бошқа ўлкалардан меҳмонларни чорлаб шоҳона тўйлар қилиб беришлари мумкин эди. Аммо у зот бундай қилмадилар. Чунки, бунга ахлоқлари йўл қўймас эди, динлари, диёнатлари ижозат бермас эди. Аксинча қизлари ва куёвларини камтарликка чақирдилар, буюк қаноатга йўлладилар.
Шундай зотнинг умматлари бўлган бизлар бугун нима қиляпмиз? Нега у зотдан, у кишининг оиласидан ўрнак олмаймиз, ибратланмаймиз? Аксинча, қизимизни узатсак, қўша-қўша жиҳозлар, беҳисоб кийим-кечаклардан иборат сеп қилишга уринамиз. Ўғлимизни уйласак, бунча мебел қиласан, фалондақа уй олиб берасан, бунча одамга зиёфат  берасан, тўйга фалон артистни чақирасан, деган шартлар қўямиз. Никоҳ тўйларини серҳашам, дабдабали қилиб ўтказишда кимўзарга мусобақалашамиз. Фарзандларимизнинг бахт-саодатини, иймонини, инсофини, диёнатини ўйламаймиз. Бу мол-дунё, ҳашам ва дабдабалар уларга яхшилик келтиради, деб ўйлаймизу буларнинг  ҳисоб-китоби ҳақида мутлақо бош қотирмаймиз. Агар бу дабдабаю-асъасалар диёнатимизга, ахлоқимизга, боқий дунёдаги аҳволимизга фойда берганида эди, шунга буюрилган бўлур эдик. Йўқ, аксинча  ҳаётда бунинг зиддига тарғиб қилинганмиз. Бунга мисол ўлароқ  икки воқеани келтириш кифоя қилади:
 Ҳазрати Али айтадилар: «Бир кеча на бизда, на Набий алайҳиссалом ҳузурларида бирор нарса бўлмади. Кўчага чиқсам, йўлда бир динор тушиб ётибди. Узоқ иккиланишлардан сўнг оғир аҳволимизни ўйлаб динорни олдим. Савдогарлардан ун сотиб олдим. Фотима  ундан нон ёпди. (Очлик туфайли) заифлигидан боши тоғора четига тегиб кетай дерди. Нон пишгач, Набий алайҳиссалом ҳузурларига бориб, воқеани айтдим. У зот: «Еяверинглар, у Аллоҳ   томонидан сизларга берилган ризқдир», дедилар.  
У зотнинг хонадонлари ҳаддан зиёд камтарона, фақирона яшар эди. Ҳазрати Оиша жияни Урвага Ҳужраи саодатда қандай яшашгани ҳақида шундай деган: «Ойдан-ойга қараб турардик. Расул алайҳиссалом уйларида кўпинча қозон осилмасди. Емагимиз асосан хурмо ва сув бўларди. Расулуллоҳнинг ансорий қўшнилари баъзан бизга сут келтириб беришарди. Биз шуни ичардик»; «Муҳаммад алайҳиссалом оиласи у зот ҳаётлик вақтларида уч кундан ошиқ қора буғдой нонини ҳам емаган… Набий алайҳиссалом вафот этган пайтларида ҳужрадаги токчада бир оч қоринга кифоя қиладиган арпа унидан бошқа нарса қолмаган эди». Яна айтилишича, «Расулуллоҳ   узлуксиз бир кеча оқшомини оч ўтказардилар, Кўпинча ўзлари ва аҳли байтлари ҳам кечки овқатни ейишмасди. Аксар истеъмол қилган нонлари арпа унидан бўлар эди».  
Фахри коинот Мадинада завжаи мутоҳҳаралари билан  масжидга ёнма-ён қурилган ҳужраларда яшаганлар. Ҳасан ибн Али айтадики: «Усмон халифалиги даврида Набий алайҳиссалом завжалари яшаган ҳужраларга кирсам, қўлим шифтларига тегар эди». Валид ибн Абдулмалик замонида бу ҳужралар масжидга қўшиб юборилган эди. Саид ибн Мусаййиб айтади: «Агар бу ҳужралар шу ҳолида бузмасдан қолдирилганида эди, дунёнинг хазина калитлари қўлларида бўлатуриб у зот рози бўлган нарсаларни одамлар ўз кўзлари билан кўришар эди».
 Ҳазрати Оиша Байтулмолдан (давлат хазинасидан) ўзи учун махсус ажратилган улушдан бошқа ҳеч нарса олмаган. Бир сафар Жобир Оиша онамизни ямоқ солинган кийимда кўриб: «Бу кўйлакни ташласангиз-чи», дейди. Шунда Оиша: «Менга Расул алайҳиссалом шундай деганлар: «Агар мен билан бўлиш сени хурсанд қилса, кўйлагингни то ямоқ солгунча устингдан ташлама, бир ойга етадиган егулик сақлама». Иншааллоҳ, у кишининг олдига боргунимча менга буюрилган бу нарсани ўзгартирмайман», дедилар.
Урва ибн Зубайр шундай дейди: «Бир куни Оишага халифа Муовия томонидан саксон минг дирҳам келганини кўрдим. Бироқ кечгача ундан бир дирҳам қолмади. Жорияси: «Бир дирҳамга бизга гўшт сотиб олсангиз бўларди», деб қолди. Шунда Оиша: «Эртароқ айтганингда шундай қилган бўлардим», деди.
 Ҳикоя қилинишича, мадиналиклардан бири шаҳарнинг Куф деган дарасида намоз ўқиётган эди. Хурмолар роса пишиб етилган, шохлар ғиж-ғиж мева эди. Ҳосилининг мўллигидан унинг кўнгли чоғ бўлди. Фикри анча пайт хурмоларига боғланиб қолди. Сўнг яна намозига қайтди, аммо неча ракат ўқиганини унутган эди. Шунда у: «Бу дунё моли туфайли диним ҳалок бўлди», деди. Кейин мўминлар амири Ҳазрати Усмоннинг ҳузурига бориб, вазиятни англатди ва бундай деди: «Шу хурмозор боғим Аллоҳ йўлида садақа бўлсин, уни ўзингиз маъқул кўрган йўлда ишлатинг», деди. Халифа Усмон хурмозорни эллик минг дирҳамга соттириб, пулини хазина ҳисобига ўтказди».
 Абу Зарр Ғифорий исмли машҳур саҳобий бўлган. У мансуб Ғифор қабиласи қароқчилиги билан машҳур эди, ғифорликларнинг босқинчиликдаги зулм ва тажовузи зарбулмасал бўлиб кетган эди.   Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб замонида шаҳватга мойил, орзу-ҳавасга ўч нафслар истакларига жиндай туйнук-йўл тополмай қийналиб ўтди. Аммо улардан кейин фатҳлар кенгайиб, неъматлар сув каби оқиб кела бошлади. Ҳаёт фаровонлашиб, дунёга рағбат ва интилишлар ҳам кучайиб борди. Дунё ўзининг ботил жимжималари ва ширин алдовлари билан Аллоҳнинг дини борасида бурчли бўлган солиҳ инсонларни, ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом сафдошларини ҳам фитналантира бошлаган кунлар етиб келди. Ана шундай таҳликали бир пайтда Абу Зарр чидай олмади, амир ва бахил бойларга юзма-юз чиқди, дунёга суяниш билан динда хатар қилганларнинг истиқболига қарши борди. Ҳатто Шом ҳокими Муовияни ҳам мол-дунёси, Маккадаги уйи, Шомдаги қасрлари бўйича қийин-қистоққа олди. Сўнгра чорбоқ ва қасрлар соҳиби бўлган саҳобийларга: «Кўзингиз олдида Расулуллоҳга Қуръон нозил бўлган кишилар сизмисиз?» дея ҳайқирди. Уларнинг бирортаси ҳам мансаб эгалламаслигини, бойлик тўпламаслигини истарди. У дунёнинг ваҳшийлигини, мол-давлатнинг ваҳшийлигини яхши билар, бу саҳобийларни ҳам йўлдан оздиришига шубҳа қилмас эди. Аммо уларни хатарли йўлдан қайтаришга кўзи етмагач, ўзи саҳронинг қоқ ўртасидаги Рабза деган жойга оиласи билан кўчиб кетишга изн сўради… Ўша ерда қалби буюрганидай яшади.  Вафот этганида ҳатто кафанлиги ҳам йўқ эди...
 Яна бир машҳур саҳобий Салмон Форсийнинг дунёдан беҳожатлиги, ҳокисорлиги, зоҳидлиги ҳаммани ҳайратга солган эди. Унинг бисотида овқатланадиган лагани ва сув ичиб, таҳорат оладиган идишидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Лекин шунга қарамай у ўзини бадавлат ҳисобларди. У Мадинага амир қилиб тайинланганида ҳам ҳолати асло ўзгармади. Йилига амирликдан кирим бўлган тўрт мингдан олти минг дирҳамгача пулнинг бир дирҳамини ҳам олмас, ҳаммасини одамларга тарқатиб юборар эди. Ўзи эса сават тўқиб, тириклик қиларди. Буни шундай ҳикоя қилади: «Бир дирҳамга похол сотиб олиб, унга ишлов бераман, сават тўқийман, кейин уни уч дирҳамга сотаман. Бир дирҳамни яна хомашёга сарфлайман, бир дирҳамни оиламга инфоқ қиламан, қолган бир дирҳамни эса садақа этаман. Агар мени бундан халифа Умар ибн Хаттоб қайтарса ҳам тўхтатмайман».
Бир куни Салмон Форсийга йўлда Шомдан келаётган, анжир ва хурмо кўтарган бир киши йўлиқиб қолди. Юк шомликни қийнаб, ҳолдан тойдирган эди. У рўпарасидан чиқиб қолган эски кийимдаги, камбағал кўринган бу одамга «юкимни элтиб берсанг, ҳаммоллик ҳақингни бераман», деди. Салмон шомликнинг юкини кўтариб йўлга тушди. Улар кетиб боришар экан, бир тўп одам учраб қолди. Салмон уларга салом берган эди, улар: «Амирга салом бўлсин», деб алик олишди. «Амирга салом бўлсин? Улар қайси амирни назарда тутишяпти?» деб шомликнинг боши қотди. Унинг ҳайрати йўловчилардан баъзилари Салмон томонга чопиб, «Бизга беринг, эй амир» дейишганида янада кучайиб кетди.
Шомлик киши ёллаган ҳаммоли Мадоин амири Салмон Форсий эканини билгач, қўлидан мажол кетди, лабларидан афсус ва узр калималари уча бошлади. Унга яқинлашиб, юкини олмоқчи бўлувди, Салмон рад этиб бош силкиди ва: «Манзилингга олиб бориб қўймагунимча бермайман», деди.
Ҳазрати Абу Бакрнинг раҳбарлик йилларида мамлакатда очарчилик юз берди. Ана шундай ночор кунларнинг бирида Ҳазрати Усмон Шомдан кўп миқдорда буғдой ортилган карвон билан қайтди. Бундан хабар топган бадавлат савдогарлар катта фойда эвазига буғдойга харидор бўлишди. Бироқ Ҳазрати Усмон уларнинг таклифини рад этди. Шунда барча савдогарлар бирлашиб  Абу Бакрнинг ҳузурига арз қилиб боришди ва ҳукмдорни Ҳазрати Усмоннинг олдига бошлаб келишди. «Эй Усмон, нега буғдойларингни сотмаяпсан, ахир юртимиздаги қаҳатчиликни кўриб турибсан-ку», деди Абу Бакр. «Улар айтган баҳо жуда кам, мен эса буғдойимнинг ҳар донасига мингта олтин берадиган харидор топдим. Буғдойларимни Унга сотаман», деб жавоб берди Ҳазрати Усмон ва буғдойларининг ҳаммасини  фақирларга улашди.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz