Мусулмонлик мезони Принтер учун
09.07.2011 й.
Ичиб олиб, кўчада ёки маҳаллада ҳамманинг тинчини бузаётган, текканга тегиб, тегмаганга кесак отаётган бирортасига «сен ҳам мусулмонмисан?», деб савол бериб кўринг. Кўзларини лўқ қилиб:
 – Ие, бўлмаса-чи, ота-бувамиз мусулмон ўтган, урф-одатларимиз ҳам  мусулмонча, шундоқ бўлгандан кейин биз ҳам мусулмонмиз-да! – дейди.
Гуноҳлар денгизида сузиб, қимордан, зинодан, ҳаромдан, ришвадан қайтмаётган бирортасига «Ҳой инсон, етар, сенда ҳам мусулмонлик борми?» деб кўринг. Фиғони фалакка чиқади, кўкрагига муштлайди ва бундай деб ўдағайлайди:
– Нима мусулмонлигимга шубҳанг борми? Аллоҳга биззиям бирорта ишимиз маъқул келиб қолар? Яқинда бир китобда ўқидим: ташналикдан ўлаётган итга сув бергани учун бузуқ хотинниям Худо кечирган экан.

Бирор даврада иймондан, намоздан сўз очиб кўринг. Ўша ерда дарров:
– Укагинам, мусулмончилик фақат намоз ўқиш, рўза тутишдангина иборат эмас. Мана менинг ўзим, намоз ўқимасам ҳам виждоним тоза, бировнинг ҳаққини емайман, атрофдагиларга хушмуомулада бўламан, доимо яхшиликлар қиламан, – дейдиган бирортаси албатта топилади.
Дарҳақиқат мусулмонлик нима билан белгиланади ёки ўлчанади? Гап бозорида кезиб юрган юқоридаги сўз ва иддаоларнинг исломиятга қандай алоқаси бор? Ислом ўтмиш ва келажакни қамраган, дунё ва охират ҳаётини белгилаб берган, инсоннинг барча ҳуқуқларини кафолатлагани ҳолда унинг зиммасига иймон, ибодат, ахлоқ, ҳалоллик каби низомларни юклаган  буюк бир диндир.  
Даҳрийлик мафкураси ёрдамида зўрлик билан қурилган куфр, иймонсизлик, эътиқодсизлик биноси чанг-тўзон ичида қулади. Дилларга қулф осган, юзларни қорайтирган, эътиқод-иймондан мосуво қилган динсизлик балосидан қутилдик, алҳамдулиллаҳ. Халқимиз Ислом нималигини билди. Парвардигорининг амр-фармонларини, Сарвари коинот  кўрсатмаларини таниди. Яна ҳидоят сари юзланди. Исломий маданият, шарқона одоб-ахлоқ муносабатларимизга, оилаларимизга қайта  бошлади. Одамлар ҳаётларини шаръий ҳукмлар, исломий талаблар асосига қуришмоқда.
Аммо... Айримларимиз «Бирорта ишим Аллоҳга маъқул келиб қолар» деймизу, Аллоҳни рози қилиш учун У буюрган амалларни, амрларни  бажаришга шошилмаймиз. Гуноҳ нима, савоб нима – яхши ажратамизу аммо тарозунинг осийлик, гумроҳлик палласига юк босаверамиз.
«Сен аввал қалбимга боқ, балки ўша намозхонларингдан менинг қалбим ўн чандон тозароқдир», деб сафсата сотамизу аммо Ислом фақат яхши хулқ, тоза виждондангина иборат бўлмаслигини тушунгимиз келмайди. Мусулмон бўлиш учун «мен ҳам мусулмонман» дейишнинг ўзи кифоя эмаслигини тан олмаймиз. Бир куни Яратганнинг ўзи инсоф бериб қолар, деган ўй билан руҳнинг ороми эмас, нафснинг хоҳиши йўлида, осийлик чангалзорларида кезамиз. Ҳазрати Усмон ибн Аффоннинг (розийаллоҳу анҳу): «Жаҳаннам азобини билган ҳолда гуноҳ қилаверган кишидан ҳайратдаман» деган гапларини эсдан чиқарганмиз.
Ўзингизни алдаманг, безовта қалбингизни ёлғон таскинлар билан овутишга уринманг! Намоз ўқимаслик, Аллоҳ таоло фарз этган амални бажармаслик – энг катта гуноҳ! Гуноҳкорнинг қалби эса қандоқ қилиб тоза бўлсин! Агар инсониятга яхшилик қилиш билангина жаннатга кириш мумкин бўлганида электрни ўйлаб топган Эдисон, машина, компутор, учоқларни кашф қилган ғайридин ихтирочилар жаннатий бўлишарди.
Мингта масжид қурдирсин, аммо намозни тарк этса, тариқча фойдаси бўлмайди, жаннат юзини кўрмайди. Чунки «коинотда энг буюк ҳақиқат  иймондир, иймондан сўнгра намоздир». Бу иккисидан маҳрум инсон қанча яхшилик қилсин, эҳсонлар улашсин, чиройли фазилатлар соҳиби бўлсин, бари бефойда! Яхшиликни кофирлар ҳам, ҳайвонлар ҳам қила олади.
Ислом шартларини жойига қўймаётган, намоз ўқишга эриниб ёки ор қилиб: «қалбим тоза-ку, инсонларга яхшилик қиляпман-ку», дея ўзини овутиб, алдаб юрган кишилар бу гаплари билан «мен намоз ўқимасам ҳам яхшилигим туфайли жаннатга кираман», демоқчи бўлишадими? Жаннатни намозсиз, ибодатсиз, машаққатсиз қўлга киритишни орзулаганлар бу қилмишлари энг катта гуноҳ эканини, ёмонликларнинг ёмонроғи эканини билмасмикинлар? «Мен яхшиману, битта айбим бор: намоз ўқимайман», деганлар энг катта айб – бенамозлик эканини англамасмикинлар?!
Мусулмонлик даъвосини қиламиз. Аммо қалбларимиз ибодатдан кўра дунё васвасаларига, ҳаёт лаззатларига мойилроқ. Масжидларда намозхонлар Аллоҳ таоло шундай баркамол, соғлом яратгани, ақл-идрок бергани, бошқа махлуқотдан устун қилиб қўйгани, дунёнинг жамики неъматларини бериб қўйгани учун Парвардигорларига қуллик-сажда қилиб намоз ўқишса, ташқарида қанча мусулмоннинг пешонаси сажда кўрмаган, Аллоҳни танимаган. Гўё улар ўлмайдигандай бепарво. Гўё улар охиратга тайёргарликни қотириб қўйгандай хотиржам. Гўё улар Аллоҳ таоло ато этган ризқ ва неъматлардан фойдаланмаётгандай мағрур. Гўё ҳаёт ва ўлим, дунё ва охират, савоб ва гуноҳ, имон ва куфр каби сўзлар ўзларига бегонадай лоқайд...
Мусулмонлик даъвосини қиламиз. Аммо озгина синов, жиндай машаққатга чидай олмаймиз, бесабрлик кўрсатамиз. Рамазон ойида мўмин бандалар ейиш-ичиш ва дунё лаззатларини тарк этиб, ибодат ва зикруллоҳни кўпайтираётганларини, масжидлар амру маъруф, наҳйи мункарга, илм мажлисларига талпинганлар билан тўлиб-тошганини кўриб  ҳам тош қалбларимиз эримайди. Жаҳолатдан қутула олмаймиз.
Буни қўяверинг, ҳатто ғайриисломий ўлкаларда рўзадорлар ҳурмати учун емакхоналарга парда тутиб, ўзлари кўзлардан панада овқатланишгани ҳолда бизлар атрофимиздаги  рўзадорлар эътиқодига эҳтиром кўрсата олмаймиз. Ошхоналарда ҳиди ва тутунини бурқситиб таомлар пиширамиз. «Кеп қолинг, еб қолинг», дея уларга хўрандаларни чорлаймиз. Ёки кап-катта, эсли-ҳушли бўлсак-да, кўча-кўйда, рўзадорлар  қаршисида таом еб юрамиз.  Уларнинг башарасига тамаки тутунини  пуфлаб ўтамиз. Шундай муборак, фазилатли ойда майхўрликни авжга чиқарамиз. Ҳатто ифторлик дастурхонларига ҳаром ичимликларни тортишдан хижолат бўлмай қолганмиз...
Мусулмонлик даъвосини қиламиз. Аммо халқумларимиз ҳалол-ҳаромни, бировнинг ҳаққини ажратмайдиган, ифлосликлардан парҳез қилмайдиган бўлиб қолган. Бозорларимизда тарози ва бошқа ўлчовларда уриб қолиш, молининг айбини беркитиб, ёмонини яхши деб сотиш, ёлғон қасам ичиш, хиёнат ва алдамчилик урфга кириб бўлган. Кишилар ўртасидаги муносабатларда товламачилик, қарз олиб қайтармаслик, рибохўрлик, порахўрлик, фирибгарлик тобора урчиб бораётгани ҳам бор гап. Дунёга муккамиздан кетиб, нафсимиз жиловини бутунлай қўйиб юборганмиз...
Мусулмонлик даъвосини қиламиз. Аммо ахлоқ-одобимиз издан чиққан. Ароқхўрлик, бангилик, фаҳш-бузуқликлар, зино, даюслик, мунофиқлик каби иллатлар ҳаётимизга тобора шиддатлироқ кириб келяпти. Фарзандларига тарбия бериши, уларни иймон-эътиқод ва эзгуликка чорлаши керак бўлган катталарнинг ўзлари исломий тарбияга кўпроқ муҳтожлар. Хориждан беижозат ёпирилиб келаётган  жирканч «маданият» йўлига тўсиқ қўйиш ўрнига ўзимизни унинг ифлос қучоғига отяпмиз...  
Мусулмонлик даъвосини қиляпмиз. Аммо ўрис истилоси мерос қолдирган динсизлик, худобехабарлик, даҳрийликнинг қолдиқлари  қалбимиз, дунёқарашимиздан батамом чиқиб кетгани йўқ.  Ҳамон мустабидларининг мафкурасини ҳимоя қилиб, дин-эътиқоддан гапирганларни душман санайдиганлар, куни битган ғояга сиғиниб юрганлар бор...
Мусулмонлар ҳам турлича бўлади. Уларнинг бир тоифаси Аллоҳ ва Унинг Расулига доимий итоатда–ибодатда бўлган, амр-фармон ва кўрсатмаларидан чекинмайдиган чин мўминлардир. Уларнинг васфи Қуръони каримда келган: «Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда –фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи  кишилардир. Улар закотни адо қилувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаром-зинодан) сақлагувчи кишилардир». («Мўминун», 2-5); «Улар (мўминлар) ўзларига (ишонилган) омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилувчи кишилардир. Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлувчи ворислардир». («Мўминун», 8-10).
Мусулмонларнинг иккинчи тоифаси эса ота-боболари мусулмон ўтгани учун ҳам ўзларини мусулмон санашади. Ислом дини талаблари, ахлоқ қоидалари, миллатнинг урф-одатларини тан олишади. Аммо Аллоҳ таоло фарз этган амалларни бажаришга эринишади ёки бўйин товлашади. Ислом арконларини бажаришмайди. Тилларида «мусулмонман» деб туришса-да, мусулмонликдан орланишади. Мусулмонлар даврасига кириб қолишса ёки биров масжидга чорласа, ўтакалари ёрилай дейди.
Мусулмонларнинг яна бир тоифаси эса Исломдан жуда узоқлашиб кетган, аллақачон шайтонлар мамлакатининг фуқаросига айланиб бўлган. Бу салтанатнинг жозибадор  ялтир-юлтирлари, инсон учун бу дунёда  беҳисоб лаззат,  ором, бахт-саодат ваъда қилувчи дилхуш ва кўнгилочар тартиб-маросимлари, ҳамма қабиҳликларга, бузуқликларга бемалол йўл очиб қўйган қонун ва низомлари уларни аллақачон йўлдан оздириб бўлган. Уларнинг бутун фикри-зикри яхши яшашга, кўпроқ пул, мол-дунё орттиришга, шоҳона уйлар ва қасрлар қуришга, қимматбаҳо машиналар сотиб олишга, бир неча маъшуқалар тутишга қаратилган. Буюм ва моллар, турфа хил егуликлар ва ичимликлар тўлиб-тошган улкан дўконлар, дунёнинг тўрт бурчидан олиб келинган тансиқ таомлар билан сийловчи ресторанлар, консерт заллари, томошахоналар, кўнгилочар тадбирлар, қиморхоналар, фоҳишахоналарнинг бари улар севган масканлардир!
Тўғри, инсон боласига дунё лаззатлари ва матоси чиройли кўрсатиб қўйилган. Аллоҳ таоло: «Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой жаннат бордир», деган («Оли-Имрон», 14). Аллоҳ таоло ўткинчи нарсаларга кўнгил қўймай ҳақиқий гўзалликни, жаннатни, мангу фароғат оламини севинг, деяпти.
Бизлар эса бунинг аксига юрамиз. Ҳавойи-нафснинг ноғорасига ўйнаймиз. Шайтоннинг васвасасига учамиз. Умри қисқа лаззатларни ахтарамиз. Ҳар қандай ошхона-емакхонада энг тансиқ ва қимматбахо таомни емайлик, у томоқдан ўтгунча завқ беради. Ошқозонга етиши биланоқ  уни унутамиз. Нафс эса бу билан тинчиб қолмайди. Яна овқат истайди. Ширинликлар, мазали таомлар ва ичимликларни хоҳлайди. Бу йўлда бизларни ҳар мақомга солади: Ўзганинг хақига чанг соламиз. Бировни алдаймиз. Ёлғон гапирамиз. Муттаҳамликка ўтамиз. Ўғирлик қиламиз.
Шунда ҳам нафс миннатдор бўлмайди. Энди у чиройли ва баланд уйлар қуришга, миниб турган уловимизни бошқа «зўрроғига», қимматига, урфга кирганига алмаштиришга ундайди. Бир ёқда ҳалол жуфтимизни кўзга хунук кўрсатиб, номаҳрамларга назар ташлашга васваса қилиб турибди. Мол тўплагимиз, мансабга мингимиз, «одамларга ўхшаб» роҳат-фароғатда  яшагимиз келади. Нафсни на тўлдириб, на тўйдириб бўлади. Ана шу орзулар билан умрнинг қандоқ ўтганини ҳам билмай қоламиз.
Шайтон инсонларнинг энг улкан ва маккор душманидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида бандаларини бу ҳақда огоҳлантиради, унга эргашмасликка, уни дўст тутмасликка чақиради: «Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дедик, бас, улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилувчилардан бўлмади. (Аллоҳ) деди: «Мен сенга буюрган пайтимда сени сажда қилишдан нима тўсди?». «Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», деди у. (Аллоҳ) деди: «У ҳолда ундан (жаннатдан) тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!». «Менга улар тириладиган кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер», деди у. (Аллоҳ) деди: «Сен муҳлат берилганлардансан». У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб  (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини  (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан». (Аллоҳ) айтди: «Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман». (Аъроф, 11-18).
Шайтонга ва нафсига қул бўлганлар учун гўёки бу дунё ҳаёти мавжуд, холос. Улар ўзларини ким яратгани, нега дунёда келгани, охират дунёсидаги оқибат нима бўлиши, Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китобдан ўтишлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Буни исташмайди ҳам.
Уларнинг ҳаёт ва ўлим ҳақидаги тушунчалари ҳам турмушларига ўхшаган бузуқ ва телбанамо.  Улар «биз ўлиб кетсак бу ёқда ҳаёт давом этаверади. Ўлганлар тупроққа қўшилиб кетадилар. Улар учун ҳаёт тугади», деб ўйлайдилар. Шундай хаёлга боришадию ўзларининг қумурсқадай  беному-нишон ер билан битта бўлиб кетишларини тасаввур қилиб, даҳшат ва ваҳимага тушишади. Ўзлари ошиқ бўлган  дунёдан узилишни ўйлаб қалблари ҳасад ва изтироб оловларида жизғанак бўлади.
Бундайлар учун ўлим бу ширин ҳаёт ва жозибали дунёдан ажратиб юборувчи даҳшатли кулфатга айланади. Ёш ўтгани сайин ўлимдан қўрқувга тушаверишади. Атрофдагилардан, ўрганиб қолган ширин ва жозибали ҳаётдан, лаззатли таомлардан, ҳузурбахш кўнгилхушликлардан айрилиб қолишдан даҳшат босаверади. Ҳаётлари шундайин азоб-уқубатда, таҳлика-қўрқувда ўтиб кетади. Моддапарастлик сафсаталарига қул бўлиб, Аллоҳ таолонинг бемисл ҳикмати ва қудратини тан олгиси келмаётган ана шу сўқир ва жоҳил кимсалар озгина бош қотирсалар, жиндай тафаккур қилсалар, қалбларини аёвсиз ғижимлаётган нохуш саволларга жавоб топган бўлур эдилар. Ислом ва иймоннинг буюк ҳақиқати олдида юраклари таскин ва оромга етишган бўлур эди.
Дунёнинг ҳавойи нафсларига ғарқ бўлганмизу охиратдаги ҳисоб-китобни унутиб қўямиз.  Шайтон ва нафс кўйида елиб-югурамизу Аллоҳнинг буйруқларини, Расулуллоҳ кўрсатмаларини эсдан чиқарамиз. Аллоҳ берган неъматларни истаганимизча тасарруф қиламизу аммо миннатдор бўлмаймиз. Турфа хил таом ва шарбатларни истеъмол қиламиз, хилма-хил кийимларни киямиз, кўркам ва қулай уйларда яшаймиз, яхши уловларни минамиз, бола-чақа қиламиз. Аммо булар учун шукр йўқ. Бир донишманд айтганидай «бир-икки кунда ўтадиган, йигирма йилдан сўнг келадиган тўйингга йиллаб матоҳ, сеп йиғасан, сандиқ тўлдирасан. Аммо абадий яшайдиган охират дунёси учун сандиғингни бўш олиб борасан». Шайтон қачонгача бу тахлит сени йўлдан оздираверади? Ўз ноғорасига ўйнатаверади? Эс-ҳушингни йиғиб олмайсанми, эй инсон!!!
Дунёга келдикми, бир кун кетишимиз бор. Фоний дунёдан абадий охиратга кўчишимиз бор. Оқибатнинг хайрли, савол-жавобнинг осон бўлиши дунёдаги солиҳ амалларимизга, Аллоҳга бандалик қилишимизга боғлиқ. Мусулмонлик даъвосида юраверсагу аммо Исломнинг талабларига бўйсунмасак, ҳаётимизни Ислом асосига қура олмасак, ҳамма нарса ҳабата, барча ишларимиз бефойда, абас! Азиз умрни, тансиқ йилларни ёниб-кул бўлган қоғоз парчаси каби ҳавога совурган бўламиз, холос! 
 
« Олдинги   Кейинги »