Насронийлар ерларида Ислом куч билан тарқатилганми? Принтер учун
02.07.2011 й.
    20-савол. «Ислом босқинчилик дини, қаранг бир неча ўн йил ичида қандай катта ҳудудни эгаллаб олишди, Халифалик тузишди. Буни фақат қилич ёрдамида қилиш мумкин холос. Шуниси ниҳоятда ёмонки мусулмонлар насронийларнинг ерларини ҳам босиб олиша бошладилар».
  
    20- жавоб. Халифалик ва Византия империяси ўртасидаги муносабатнинг тарихий таҳлили.
    Европаликларнинг Ислом тўғрисидаги Ўрта асрларга оид тасаввурларида турли хил бўлмаган уйдирмалар тўлиб ётибди. Исломнинг қандай тез тарқашини тушунтира олмаган кўпчилик сиёсий ва диний раҳбарлар ўз халқларига уни  ёлғончилик дини, маиший бузуқлик, зўравонлик дини, фақат қурол кучи билан тарқатиладиган дин деб тушунтиришди. Табиийки, насронийлик дини Исломга қарши ғоявий мақсадларда, руҳий-маънавий поклик, фақат тушунчалар кучи билан тарқаладиган дин сифатида қўйилди.    
    Уйғониш даврида ислом фани таъсири шарофати билан Европа фанининг шиддатли юксалиши ва ғоявий қарашларнинг ўзгариши мусулмон маданиятини, диний таълимотини ҳақиқий ўрганиш имкониятларини берди. Шу сабаб европаликларнинг Исломга боғлиқ нотўғри тасаввурлари ўзгарди. Бу жараён ҳозирги кунгача давом этиб келяпти.
    Афсуски шу бугунги маърифатли замонда ҳам Исломни маиший бузуқлик ва босқинчилик дини сифатида кўрсатиш ҳаракатлари давом этмоқда. Шуниси ҳайрон қоларлики, бу ҳаракатларнинг муаллифлари баъзи ўрта аср  илоҳиётчиларининг эскирган ва тарих томонидан инкор қилинган, исботсиз ва бир ёқлама даъволарини олдинга сурмоқдалар.
     Мана шундай уйдирмаларда  халифалик ва Византия империяси (Шарқий Рум империяси)  даврида исломни куч, зўравонлик билан тарқатилгани мавзуси асосий ўринни эгаллайди. Анъанавий мақолалар муаллифлари янги диннинг тез ёйилиши сабабини албатта мазкур даъво билан тушунтирмоқчи бўладилар. Бу Мавзу Рим папаси Бенедикт XVI нинг 2006 йил Регенсбургдаги маърузасида ҳам айтиб ўтилди. Бундай фикрлар ҳеч қандай илмий-тарихий асосга эга эмас. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ўрта аср мусулмон тарихчилари ҳужжатларига қўшимча равишда Россия ва Европа олимларининг илмий тадқиқот ишларига мурожат қилиш мумкин.
    Маълумки, Пайғамбар сав бутпарастлар билан тузилган Ҳудайбия сулҳидан кейин бир қанча подшоҳларга исломни қабул қилишни таклиф қилиб хатлар жўнатдилар. Шундай номалардан иккитаси  Византия императори Ираклийга ва Эрон шоҳи Кисрога юборилди. Биринчиси номани истеҳзо билан кулиб олди, иккинчиси йиртиб ташлади. Иккала ҳукмдор ҳам Пайғамбар сав уларга, энг улуғ ҳукмдорларга бундай хат юборишга ҳадди сиққанидан  норози бўлдилар. Чунки у пайтда кимнинг ҳокимияти бўлса унинг дини деган қоида бор эди. Бу ерда энг катта ҳокимларга динни таклиф қилишга журъат қилинган эди.
    Византия билан мусулмонлар ўртасидаги биринчи қуролли тўқнашувга Ғассониларнинг амири Шураҳбил томонидан Муҳаммад савнинг элчиларини (629 йил) ўлдирилиши  сабаб бўлди. «Халифалик тарихи» деб аталувчи кўп жилдлик асар муаллифи О.Г. Болшаков шундай ёзади: «Муҳаммад сав  Бусрага элчи юбордилар, йўлда Муътада уни Шураҳбил қўлга олиб ўлдирди. Бундан хабар топган Муҳаммад сав  3000 кишилик  қўшин тўплаб ўзлари яхши кўрган Зайд ибн Собитни қўмондон қилиб юбордилар. Зайд Маъанга етиб келганда йўлни кўп сонли душман қўшини тўсиб тургани маълум бўлди. Шураҳбил Ираклийдан ёрдам сўраган эди, император 100000 Византия аскарларини юборди. Бу тенгсиз жанг Пайғамбар савнинг кўплаб саҳобаларининг ҳалок бўлиши ва мусулмонларнинг ортга чекинишлари билан тугади. Шундай қилиб Византия фуқароларининг қўққисдан ҳужумлари Халифалик билан Византия  ўртасидаги урушнинг бошланишига сабаб бўлди. Биринчи жанг Муъта ғазоти бўлди».
    Византия бошлаган уруш унинг буткул мағлубияти ва Рум империяси Жанубий Ўртаер денгизидан ажраши билан тугади. Мусулмонларнинг муваффақиятига кўпгина нарсалар сабаб бўлди. Машҳур австриялик исломшунос Г.Э. фон Грюнбаум бу борада шундай ёзади: «Бу ички ҳудудларда жангчи гуруҳларнинг ҳаракатчанлиги, туялардан фойдаланиш арабларга қўшинни керакли жойга тез етиб боришини таъминларди.»
    Шу билан бирга мусулмонлар муваффақиятини ҳарбий тактик сабабларнинг ўзи билан тушунтириб бўлмайди. Бу пайтгача тарихда  ўзларини бирор нарса билан кўрсата олмаган араблар иккита бутун жаҳон давлатлари-Эрон ва Византия билан тенгсиз жанг олиб борар эди. Жангчи гуруҳлари қуролланишда ва сон жиҳатидан  душманларидан ортда булганларига қарамасдан улар ҳар икки урушда муваффақиятга эришдилар. Шунинг учун фон Грюнбаум одиллик билан таъкидлайди: «Тан олиш керак мусулмон қўшинларининг енгилмаслиги манбаи сифатида динни тўғри баҳоламаслик мумкин эмас.»
     Халифаликнинг тезлик билан ғалаба қозонишининг яна бир сабаби-мусулмон қўшинларини Византия ҳукуматига қарши ўлароқ маҳаллий насроний аҳолининг қўллашидир. Бу ҳақда фон Грюнбаум ёзади:  «Византияда арабларга Юнон аҳолисининг… соҳил бўйи шаҳарларининг Юнон маданияти билан ички қишлоқ туманларида шарққа мойил, бошқаларга қарамликка кўникиб қолган эрксиз аҳолининг  эски ҳоким синфга  бефарқлиги буни янада чуқурлаштирди.» Бу асарнинг русча таржимасини шарҳлашда машҳур рус шарқшуноси В.В.Наумкин қўшимча қилади:Гап бефарқликда эмас, балки Византия аҳолисининг феодаллар зулмидан норозилигидадир. Унга нисбатан мусулмонлар ҳокимлиги анча енгил эди.»
    Бу воқеаларни  А.В.Журавский ўзининг «Христианство и Ислам. Социо-културние проблеми диалога» китобида батафсил таҳлил қилади. У ёзади: «Арабларнинг диний ҳарбий юришида жуда катта ҳудудларда Исломнинг пайдо бўлиши, тез ва мустаҳкам жой олиши Шарқ насронийлигининг тақдирини ҳал қилди. Улар янги динни деярли қаршиликларсиз кутиб олдилар. Бу биринчидан аввалига, исломнинг насронийлар эътиқодига сабрли эканлигида (албатта кейингиларнинг сиёсий қаршилик қилмаганларида), иккинчидан мусулмонларнинг уларни Византия настурий ва монофистлик зулмидан, чидаб бўлмас қувғинидан ҳимоя қилишларида эди.
Шуниси муҳимки, араблар аввалги даврларда насронийларга юнон тили ўрнига ўз миллий тилларини қўллашни қонуний қилиб қўйдилар (қибтийлар орасида VII-VIII асрларда адабиёт учун янги  ривожланиш тўлқинини пайдо қилди). Шунинг учун насронийлар тамомила йўқолиб кетмадилар, балки  диний ва маданий ўзликларини сақлаб қолдилар».
Насроний шаҳарларни эгаллашда йўл қўйилган шафқатсизликлар ва вайрон қилишлар тўғрисидаги даъволар буткул асосли эмас, тарих фани ва далилларга зид гаплардир. Халифалик қўшинларининг Қуддусга киришида Халифа Умар ра томонидан Қуддуснинг патриархи Софронийга берилган аҳднома  хати яққол мисол бўлади:
«Бисмиллахир-рохманир-рохим»
Ушбу Аллоҳнинг бандаси, мўъминларнинг халифаси Умарнинг Илия аҳлига берган омонлигдир. У уларнинг жонларига молларига, черковларига, хочларига, беморларига ва соғларига ҳамда барча миллатига омонлик берди. Уларнинг черковлари маскан қилинмайди, бузилмайди ва черковлар, улардаги  нарсалар, хочлар ҳамда уларнинг мол-мулкларидан бирор нарса камситилмайди. Улардан бирор кишига зарар етказилмайди. Илияда улар билан бирорта ҳам яҳудий маскан тутмайди. Илия аҳли зиммасида худди Мадоин аҳли берган жизя бериш бордир. Румларни ва ўғриларни (яъни Византия ҳукумати аъзоларини ва шаҳардаги қарши курашаётганларни)  чиқариш уларнинг зиммасидадир. У ердан ким чиқса, то омонлик ерига етиб олгунича жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади. Улардан ким муқим қолса, у ҳам омондадир. Унинг зиммасига ҳам Илия аҳлига бўлган жизя лозим бўлади. Илия аҳлидан ким жони ва моли ила румлар билан кетишни ва ибодатхона ҳамда хочларини қолдиришни истаса, улар ҳам омонлик жойларига етиб олгунларича ўзларига ҳам хочларига ҳам омонлик бор. У ерда ким ер аҳлидан бўлса … Ким  шаҳарда қолишни истаса  қолаверади. У Илия аҳли ўтаган жизяни ўтайди. Ким истаса Рум аҳли билан кетаверади. Ким истаса аҳлига қайтиб келаверади. ҳосилларни йиғиб олмагунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Қачон улар ўз зиммаларидаги жизяни берсалар, ушбу мактубдаги нарсаларда Аллоҳнинг аҳди, Унинг росулининг зиммаси, халифаларнинг зиммаси ва мўминларнинг зиммаси бор».
Мана шундай аҳдномаларни барча мусулмон ҳарбий саркардалари  насроний шаҳарларига киришда ўз зиммаларига олишган. Улар асосида Пайғамбар савнинг Нажрон насронийлари билан тузган сулҳлари ётади. Мусулмон тарихчиси Табарий  машҳур мусулмонлар қўмондони Холид ибн Валиднинг Баниқиййа ва Борусма аҳли билан тузган сулҳ шартномаси матнини келтиради.
«Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим. Бу аҳднома Холид ибн Валиддан Зод Бухайш ўғлига ва Салуб Настун ўғлига, биздан  омонлик, сизни зиммангизга жизя,  сиз ўз зиммангизга  ўзингиз вакили бўлган Қуйи ва Ўрта Беҳқубод аҳли томонидан ҳар йили мулкдорлардан икки юз оғир дирҳам, бундан ташқари Бониқия ва Басмадагилардан ҳам тўлайсиз. Мана сизлар мен ва мусулмонлар билан аҳднома туздиларинг, биз сизларнинг ва сиз билан сулҳ тузган Беҳқубод аҳлининг, Хусравга ва унинг тарафдорларига тегишли мол мулклардан ташқари шахсий мол мулкларингизга бердик. Гувоҳлар: Ҳишом ибн Валид, Қаъқаа бин Амр, Жарир ибн Абдуллох Химйарий, Башир ибн Абдулох ибн Хасасиййа ва Ханзала ибн ар-Рабийъ. Ўн иккинчи ҳижрийнинг сафарида ёзилди».
Кейин А.В Журавский Исломнинг бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшаш муаммолари ислом таълимотига мос келишлиги тўғрисида ёзади: «Қадимий Ислом инсоннинг 3та фуқаролик мартабасини тан олади: а) мусулмон, б) зиммий, в) мушрик. Зиммийлар – «аҳли китоблар», яъни Илоҳий ваҳий юборилган, худога, пайғамбарларга, қиёмат кунига имон келтирган яҳудийлар ва насронийлар. Уларга ғайри дин жамоалар сифатида яшашлари кафолатланган, шу шарт биланки, уларга  барча фуқароларга  тайин қилинган ер солиғи хирожни тўлаш билан бирга,  ҳар бир жон бошига жизя тўлаш мажбурияти бор эди».
Шу сабабли мусулмонлар яҳудийлар ва насронийларга кенгбағирлик билан муомала қилганлар: «Умуман олганда мусулмонларнинг зиммийларга (яҳудий ва насронийларга) муносабатлари агар сиёсий ва ҳарбий сабаблар аралашмаса, бағрикенглик билан эди. Бу борада ортларида ҳеч қандай ташқи куч бўлмаган яҳудийларнинг ҳоллари анча яхши эди. Салибчилар билан бўлган уруш пайтида ҳам мусулмонлар, насронийларга салибчилар мусулмонларни душман тутганидан кўра яхшироқ муносабатда эдилар. Насроний ва яҳудийларнинг Ислом мамлакатларидаги ҳолатлари, ўрта аср Европа мамлакатларида гайридинлар ҳолидан яхши эди. Яҳудийлар, ҳатта шарқий насронийлар Европа насронийлик подшоҳликлари остида яшашдан кўра мусулмонлар ҳокимияти остида яшашни  афзал  кўрардилар».
А.В.Журавский айтганидай «кейинчалик Исломнинг сиёсий ва диний жиҳатдан мустаҳкамланиши билан яқин шарқ насронийларининг кўпчилик қисми мусулмонликни қабул қилди, ўз динларига содиқ қолганлари эса умуман араблашиб кетди». Бу ўтиш оммалашиб кетганда «баъзи ислом халифалари  насронийларнинг оммавий равишда  исломни қабул қилишларидан норози ҳам бўлдилар. Чунки бу Халифалик хазинасига зарар келтирар эди.»  
Насроний аҳоли деярли барча жамоат ишларида қатнашар эди. «Энг кўп фойда келтирадиган ўринларни қаттиқ ва мустаҳкам эгаллаб олганлар, айниқса банкирлар, йирик савдогарлар, матолар савдоси, катта ер эгалари ва табиблар насронийлар ва яҳудийлар эди.
Худди шундай ҳолатлар бир мунча кейинги даврларда давом этди. Усмонийлар империяси даври бунга яққол мисол бўлади. «Диний-жамоавий тафриқалар Усмонли империяси даврида янада мустаҳкамланди, қайсики ўзининг насроний фуқароларини  нафақат диний балки  дунёвий жиҳатдан ҳам жамоат томонидан сайланган ва Порто томонидан тайинланган патриархлар ҳокимиятига бўйсундириб алоҳида «миллат» сифатида ажратди. Натижада ҳар бир диний жамоа  ўзига хос  сиёсий черков бирлигига айланди.
Мана шундай расмий миллатлар сони кўпайиб борди. Агар XV асрда султон Маҳмуд II ўзига қарашли насронийларни икки жамоага (биринчисини монофизитлар, иккинчисини эса қолган барча насронийлар ташкил қилган) ажратган бўлса, 1914 йилга келиб Усмонийлар империясида 17 миллат   пайдо бўлди. Шу билан бирга ҳар бири Европа давлатларидан бирининг ҳимоясидан фойдаланар эди. Араб тарихчиси таъкидлаганидек, «XVII-XVII асрларда Султоннинг насроний фуқаролари бой ва обрўлик кишиларга айландилар Европа мамлакатлари билан мустаҳкам савдо, маданий ва кўпинча сиёсий алоқаларни ўрнатдилар. Шунинг учун ҳам империянинг барча қисмларидаги шаҳарларда бой насронийлар жамоаси ривож топди.
Бу қисқача тарихий шарҳдан маълум бўлдики, Исломни зўравонлик ва шафқатсизлик дини сифатида намоён этиш ҳаракатлари  бирор бир тарихий асосга эга эмас.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда Индонезия, Малайзия, Россия (Шимолий Кавказ, Татаристон ва бошқалар), Африка мамлакатлари (Саҳрои Кабирдан жанубдаги) аҳолисининг катта қисми Исломни қабул қилган. Бу мамлакатларнинг биронтасига ҳеч қачон Араб фотиҳининг қадами тушмаганлигини билиш учун тарих  мутахассиси бўлиш шарт эмас. Шу билан бирга бизнинг замонамизда  америкаликлар, европаликлар ва россияликлар Исломни  қабул қилишмоқда, табийки бу ўринда куч ишлатиш мажбурлаш тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас.

Ойдин Ализода

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz