Пайғамбар (с.а.в.)да Қуръоннинг нечта нусхаси бўлган? Принтер учун
29.06.2011 й.
3-савол. Биз ҳақиқатда 7 та хил қуръон бўлган, фақат Пайғамбар  вафотидан кейин одамлар ўзларича улардан битта умумий қуръон қилишди, деб ўқидик. Пайғамбар замонида Қуръон нечта эди ўзи,  7 тами, 1 донами?


3-жавоб. Ҳижратгача Қуръон фақат қурайш лаҳжасида ўқилган эди. Ҳижратдан кейин Исломни бошқа араб қабилалари ҳам қабул қилди. Уларга Қуръон ўқишни енгиллаштириш учун Пайғамбар сав Жаброил ас орқали Аллоҳдан бу қабилаларга ҳам ўз лаҳжаларида  ўқишга рухсат берилишини сўрадилар. Бу рухсат орқама-орқа 7 мартача берилди. Қуръонни фақат Пайғамбар савнинг ўзларидан эшитилган ўқиш услубида тиловат қилиш мумкин эди холос. Усмон ра замонларига келиб дастлабки ҳолат, қурайш лаҳжасида - қироатида ўқишга қайтилди.
    Таҳовий ёзадилар: Етти қироатни қабул қилиниши, Ислом тарихининг дастлабки даврларида қачонки уммий (саводсиз) арабларнинг ичида турли лаҳжа ва шевалар борлигидан, уларни бир лаҳжага келтириш мумкин  бўлмаган дастлабки даврларда Аллоҳ томонидан рухсат қилинган эди. Мусулмонлар орасида саводхонлик ёйилгандан кейин барча қироатлар бирлаштирилди.
    Пайғамбар сав саҳобалари Ибн Масъуд ра ҳадислардан бирида етти қироат тўғрисида гапириб: “Мен турли қабилалар қироатини эшитдим. Аниқладимки, уларнинг барчаси бир бирига маънода яқин экан...Шунинг учун сизга қандай ўргатилган бўлса, шундай ўқийверинг.”-деган эди.
    Етти ҳарф деганда арабларнинг қурайш, хузайл, сақиф, ҳавозин, кинона, тамим, айман лаҳжалари кўзда тутилган. Усмон ра халифалиги даврларида Қуръонни тўғри ўқиш борасида баъзи ихтилофлар пайдо бўлди. Халқ оммаси орасида, турли қабилалардан бўлган араблар орасида қурайш лаҳжасидаги қироатдан фарқли равишда  Қуръонни ўз билганича ўқиш ҳолатлари кузатила бошлади. Шу билан бирга  ҳар бирлари ўз қироатларини қуръон маъноларини энг тўғри талқин қилади деб ҳисоблар эдилар. Абу Довуд “Масоҳиф” деган китобларида Қуръон ўқишда устозлар ва шогирдлар ўртасида жиддий ихтилофлар чиқа бошлагани ҳақида маълумот келтиради.
    Бир оз вақт ўтганидан кейин бу баҳслар ва тушунмовчиликлар кучайиб, халифалик қўшинлари орасига ҳам ўтди. Шомлик аскарлар билан ироқлик аскарлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бошланди. Шомликлар Убай ибн Каъб қироати билан, ироқликлар Абдуллоҳ ибн Масъуд қироати билан ўқир эдилар. Томонлар бир-бирларини тан олмас, фақат ўзларининг қироатларини энг тўғри қироат ҳисоблаб, мухолиф томонни имонсизликда ва қуръонни ўзгартиришда айблаб, ҳақликларига далил ва ҳужжатлар келтиришни талаб қилар эдилар. Яна бир оз ўтса қурол ишлатишга ўтиб кетилар эди.
    Аҳвол шундай бўлган пайтда қўшиннинг амири Хузайфа ал-Ямоний тезда Мадинага келиб, халифадан мусулмонларни бундай кулфатдан қутқаришини қаттиқ талаб қилди. Аҳволнинг ўта жиддий эканлиги тушунган халифа Пайғамбар сав саҳобаларини маслаҳатга чақирди. Бу ўринда Али ибн Абу Толиб квнинг гувоҳликларини келтириш ўринли бўлар эди:
    “Усмон ра тўғрисида доимо энг яхши гапларни гапиринг, унинг тўғрисида ҳеч ёмон гапирманг, Аллоҳга қасамки, у Қуръонга боғлиқ масалада ўзича иш қилмади, аксинча бизни ичимиз (пайғамбар сав саҳобалари) дан тузилган   шўронинг рухсатини билан иш қилди. Шунда ҳам биздан сўради:
    “Қуръон қироатлари тўғрисида нима дейсизлар? Менга маълум бўлишича бир қисм кишилар фақат ўз қироатларини тўғри ҳисоблаб, бошқаларники инкор қиляптилар экан. Бундай чиқишлар  куфрга яқин эмасми (яъни имонсизликка)?”
    Биз унга: “Аввало биз сени эшитмоқчимиз”- дедик.
     У: “Мен Қуръоннинг ягона, охирги нусхасини жамлаш тўғрисида фармон бермоқчиман” –деди.
    Биз унга: “Сен тўғри фикр юритяпсан” –дедик. Ибн Сирин келтирган маълумотга кўра - Халифа Усмон ра чақирган  шўро 12 кишидан иборат эди.
    Шўронинг розилигини олгандан кейин Усмон ра Қурайш лаҳжасидаги қироат бўйича Қуръондан нусхалар олишни ва уни халқ орасида тарқатишни буюрди. Бунинг учун  Зайд ибн Собитни чақириб, Қуръон матнидан нусха кўпайтириш ҳайъати аъзоларини танлаб олишни ва бошчилик қилишни топширди. Усмон ра : “Кимнинг ҳуснихати яхшироқ?”- деб сўради. Унга: “Зайд ибн Собитники, у Пайғамбар сав котиблари эди”-деб жавоб беришди. Кейин Халифа: “Ким араб тилини ҳаммадан яхшироқ билади?”-деб сўради. Унга: “Саид ибн ал-Ос “деб жавоб беришди. Ана шундан кейин Усмон ра : “Ундай бўлса, Саид айтиб турсин, Зайд ёзсин”-деб буюрди.
Ҳайъат аъзолари сони ва уларнинг исми ҳақида турли маълумотлар келган. Абу Довуд: Малик ибн Абу Амир, Касир ибн Афлах, Убай ибн Каъб. Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқаларни, Имом ал-Бухорий эса Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн ал-Ос ва Абдураҳмон ибн ал-Ҳорисларни ҳайъат аъзолари сифатида келтириб ўтадилар. Бу ҳайъатга Зайд ибн Собит раҳбарлик қилган.
    Халифа Усмон ра ҳайъатга қуйидагича кўрсатма берган:
    “Муқаддас Қуръоннинг нусхаларини кўпайтиринглар. Агар бу йўлда сиз билан Зайднинг ўртасида ихтилоф чиқиб қолса уни фақат қурайш лаҳжасидагисини олиш билан масалани ҳал қилинг. Чунки У мана шу лаҳжада нозил қилинган”.
    Саҳобалар Пайғамбар сав дан Қуръони каримни ҳам ёд олинишига, ҳам ёзиб олинишига қаттиқ аҳамият беришган. Кейин Қуръон тўхтовсиз қулоқдан-қулоққа, тилдан-тилга, ёзиб олиш ва ёдлаб олиш билан ўтиб келди. Мусулмонлар томонидан Қуръони каримга бошқа бирор китобга қилинмаган, қаттиқ эътибор, аҳамият берилди.    
 Қуръони карим матнини  ўқиш осон бўлсин учун махсус белгилар киритилиши.
Мусулмонлар Қуръон сураларини ҳозирги пайтгача аввалги ёзилиш усулига амал қилган ҳолда Усмон мусҳафидан кўчириб олишади. Улар Қуръони каримни Пайғамбар савдан эшитилган аслий ҳолда, биз ҳозир қорилардан эшитаётган, Усмон мусҳафига мос ҳолда ўқиш учун унга нуқталар ва ҳаракатлар қўйиб мукаммаллаштирдилар. Чунки Халифа Усмон ра замонида кўчирилган Қуръон нуқта ва ҳаракатлардан холи эди.
Исломни  араблардан бошқа миллатлар ҳам қабул қила бошлагани туфайли Қуронни нотўғри ўқилиши хавфи пайдо бўлди. Ироқнинг амири Зиёд Қуръони каримнинг энг буюк қориларидан Абу-л-Асвад Дувалийга (681 й. вафот этган)  Қуръон матнига тўғри ўқиш осон бўлсин учун белгилар қўйишни топширди. У Қуръондаги сўзларни охирини  белгилади, фатҳани ҳарф устига бир нуқта, касрани ҳарф остига бир нуқта, заммани ҳарфнинг ёнига бир нуқта, танвинни  икки нуқта шаклида белгилаб чиқди. Ушбу усул кенг ёйилди, одамлар ундан фойдалана бошлашди. Лекин бу усул ҳам араб тилини барча талабларига тўлиқ жавоб бермас эди, шунинг учун баъзан ҳаракатларда  ва ҳарфларни талаффуз қилишда хатоларга  йўл қўйила бошланди.
Буни тўғрилаш учун Наср ибн Осим ҳарфларнинг остига ёки устига яна биттадан нуқта қўйиб чиқишни таклиф қилди. Абул-Асваднинг нуқталари матндаги ҳарфлар ёзилган сиёҳдан бошқа рангдаги сиёҳда ёзилди. Насрнинг  ҳарфларни ажратиш учун қўйилган нуқталари эса  матн ёзилган сиёҳда ёзилар эди.
Кейинчалик бошқа Қуръон ҳофизи ал-Халил ибн Аҳмад, аввалги Абул-Асвад жорий қилган ҳаракатларни ўзгартирди. У фатҳани ҳарф устига қия ёзилган алифча билан (а унлисини билдиради), касрани ҳарф остига ёзилган қия алифча билан (и унлисини билдиради), заммани ҳарф устига ёзилган кичик вов билан (у унлисини билдиради) белгилади. Шунингдек мадд чўзиқ унлилар ва ташдид белгиларини ишлаб чиқди. Халил ибн Аҳмаддан кейин Қуръон харфларига ёрдамчи ҳаракатлар ҳозирги замондаги ҳолатни қабул қилди. Сўнгра Қуръон билимдонлари Қуръони каримни тушуниш очиқроқ бўлиши, унинг ўқилишини яхшилаш, унинг қироатини юқори-ўхшаши йўқ ҳолатига эришиш учун-оятлар ўртасидаги тўхташлар,  қироати ва араб тили қоидалари билан шуғуллана бошлашди.
Сўнгра Қуръони каримдаги чўзиқ бўғинларни, қўшиб кетиладиган жойларни билдириш, оҳангдорликка эришиш учун қуръонни қироат билан ўқиш фани-тажвид ишлаб чиқилди. Қуръон ўқиш Пайғамбар сав дан қандай олинган бўлса, шундай етказилиб келди.
Қачонки босмахоналарда нашр этиш пайдо бўлгандан кейингина, ҳар бир мусулмонда Қуръон нусхасига эга бўлиш имконияти туғилди.
Шундай қилиб ҳеч қандай еттита Қуръон бўлмаган,  доимо битта эди, бир-бирига яқин араб лаҳжаларида ўқилган етти хил қироат Қуръонни  тарғиб этиш мақсадида эди холос. Чунки Пайғамбар савни тингловчи кўп араблар етарли даражада саводли эмас, ўқишни ҳам билишмас эди. Етти қироатнинг барчаси маънода бир хил эди.  
Мусулмон давлатлари кенгайиб, турли қабилалар бир-бири билан алоқа қила бошлаганида, Қуръонни худди рус билан украин  ўртасидаги сўзларни талаффуз қилишдаги фарқ каби хар хил ўқиш хавфи пайдо бўлди. Шунинг учун халифа Усмон ра даврида етти қироат биттага - Қуръон биринчи нозил қилинган Қурайш  қироатига-қайтарилди. Бошқа  қироатларда  Қуръонни ёзиш  ва нашр қилиш, адашиш ва хатолар кўпаймасин учун тўхтатилди.
Қуръони каримни кичик бир хато билан ўқилишини ҳам олдини олиш учун қўйилган ҳаракатлар,  қуръонни тўғри ўқилишига қаттиқ аҳамият берган Пайғамбар савнинг  саҳобалари   ва улардан оғизма-оғиз Қуръонни тўла ёд олган минглаб ҳофизлар замонида қўйилди.
 
« Олдинги   Кейинги »