Мусулмонлар Илоҳий Ваҳий тушунчасига қандай маъно берадилар. Принтер учун
29.06.2011 й.
1-савол. Мусулмонлар  Илоҳий Ваҳий тушунчасига қандай маъно берадилар. Қуръонни махлуқ эмаслиги ҳақидаги таълимот- ширк эмасми?  Иккинчи худо биринчи худо билан бирга бу қандай гап...
    Инжилда ҳаммаси тушунарли-Исо Масиҳнинг туғилиши тарихи, унинг барча қилган ишлари, инсон зотини қандай қутқаргани. Худо-Исо  шаклида намоён бўлди ва бизларга васият қилди, Қуръонда эса ҳеч қандай кетма-кетлик йўқ, на боши ва на охири, фақат турли бир- бирига боғланмаган матнлар тўплами. Шу билан бирга баъзи оятлар бошқасига зид келади. Бир ароқни ичиш мумкин дейилса, бир мумкин эмас дейилади... Суннатни эса араблар Муҳаммад (сав) вафотидан 200 йил  кейин ўйлаб топишган.

   
1-Жавоб.  Биринчидан Ваҳий - бу оламларни Яратгувчиси бизга нимани ваҳий  қилишни ҳоҳлаган бўлса – ўз махлуқотларига қандай зарур ва фойдалилигини билиб ваҳий қилади. Худодан қандайдир адабий тарзда ваҳий талаб қилиш мумкин эмас. Ваҳий-парвардигори оламнинг бир қисм сўзи, у махлуқ эмас яратгувчи билан бирга худди унинг бошқа сифатлари каби доимий сақлангучидир.
    Худонинг сўзи - бизнинг мухолифларимиз ўйлашганидек, бу иккинчи худо эмас ва худонинг иккинчи кўриниши ҳам эмас. Аллоҳнинг сифатларидан бирики, У ушбу сифати билан ўз мақсадларини бандасига билдиради. Аллоҳнинг барча сифатлари ўзи билан бирдир, махлуқ эмас. Аллоҳнинг меҳрибонлиги ҳам яратилган эмас. Кимга сифат бўлса У билан бирга доимийдир, лекин иккинчи худо ҳам эмас.
    Исломда “Лавҳ-у- Маҳфуз”- сақланган лавҳ, самовий лавҳ деган тушунча бор. Бу Илоҳий илмнинг битиги  бўлиб, унда яратилиш содир бўлгунича барча махлуқотларнинг Аллоҳ томонидан белгиланган тақдири битилган. Қуръон ҳам ўша жойда сақланади. Лавҳнинг ҳақиқатини инсон била олмайди. У ҳақда 85-суранинг 22-оятида  “Йўқ! Балки, у улуғ Қуръондир. (унинг асл манбаи) Лавҳул-Маҳфуздадир.” - деб келтирилган.
    Иккинчидан, Қуръон тузилиши, пайғамбар ҳаётини қисқача берилган Инжилларга эмас, балки Мусо пайғамбарнинг китоблари (Таврот) кабидир. Шунингдек Қуръонда нозил қилинган шаръий ва ахлоқий  қоидалар, Парвардигори олам томонидан юборилган пайғамбарлар тарихидан, бутун бир халқлар тарихидан ибратли қиссалар, Аллоҳнинг оятлари, шунингдек жамоат ва бутун инсоният ҳаётида рўй берган муаммолар  тўғрисидаги пайғамбар саволларига Аллоҳниг жавоблари берилган.
    23 йил мобайнида Пайғамбар Муҳаммад савга, у зотнинг шахсий ва жамият ичидаги ҳаётлари давомидаги турли воқеалар юзасидан илоҳий ваҳийлар нозил бўлиб турди. Баъзи ваҳийлар вақтинчалик муддатга, яъни аниқ бир ҳаётий воқеа тўғрисида бўлиб умумий маънога эга эмас эди. Уларнинг маълум бир қисми ёдланмаган ёки битилмаган ҳам эди, изсиз йўқолиб кетди. Уларни Худо томонидан абадий сақланишга буюрилмаган ҳам эди.    
    Бошқа ваҳийлар бир мунча узоқроқ муддатга бўлсада, аниқ бир ҳаётий ҳолат бўйича алоҳида ҳукм учун нозил қилинган. Улар Муҳаммад сав томонидан алоҳида суҳбатларда маълум кишиларга сўзлаб берилган. Бу кишилар ўзлари ёд олиб ёки ёзиб авлодларига етказганлар. Кейинчалик бу сўзлар (ҳадислар) муҳаддис уламолари томонидан ўрганилиб, (мас: Имом Бухорий, имом Муслим...) улар ўзлари ишлаб чиққан қоидаларга асосан саралаб, ҳадис тўпламларига жамланган. Ваҳийнинг бу қисми тузилиш жиҳатидан Инжилларга яқинроқ.
    Ваҳийнинг учинчи қисми - Худонинг бевосита ҳоҳиши билан Унинг абадий каломи Қуръон  бўлди.
    Оятларнинг аниқ сони, жойлашиш тартиби Аллоҳ томонидан белгиланиб, Пайғамбар савга Жаброил ас орқали нозил қилинди. Пайғамбар сав ўз навбатида ёд олиб саҳобаларга оятларни ёдлатдилар, шу билан бирга котибларга ёзиб боришни топширдилар. Бу ваҳийларнинг барчаси Қуръони каримга киритилган.
    Бу даврдаги Пайғамбар савнинг барча ҳаракатлари, қилган ишлари, сўзлари кенг маънода Илоҳий ваҳийнинг самараси  эди. Лекин гоҳида Худо фаришта орқали ваҳий юборар, гоҳо пайғамбар савнинг қилган ишларини тасдиқлар, тўғри ҳисоблар эди. Агар пайғамбар сав томонидан хато содир бўлса, Аллоҳ тўхтатиб, хатоларини маълум ваҳий билан тўғрилаб турар эди. Худди мана шунинг учун Суннат ҳам Қуръон каби ваҳий ҳисобланади. Лекин тўғридан-тўғри Аллоҳнинг сўзи дейилмайди, балки Аллоҳнинг сўзи-Қуръонни тўлдириб шарҳлаб келади.
    Қуръон оятларини бошқа ваҳийлардан ажратиш учун фаришта Жаброил ўзи келтирган ваҳий қуръонданми ёки қуръондан эмасми айтиб турар эди. Қуръон оятлари нозил бўлиши билан Пайғамбар сав дарҳол саҳобалар ва ваҳий котибларига ёдлаб олиш ва ёзиб қўйишни буюрар эдилар.
    Аллоҳнинг асл каломини сақлаб қолишда ҳар йили Рамазон ойида Қуръони каримни такрор ўтказилиши (Арза) катта аҳамиятга эга бўлди. Фаришта Жаброил Пайғамбар савга Қуръон матнини билишларини синашга келар эди. У зот ўз навбатларида Қуръонни Жаброил ас олдида ўтказилган Арза натижаларини халққа, масжидда тўпланганларга етказар эдилар. Пайғамбар савнинг вафотларидан олдин  охирги арза “ал-Арзатул-Ахира” бўлиб ўтди. Унда яна бир бор Қуръон матни бутунича, ҳозирги кунда бор ҳолича такрорланиб чиқилди.
    Бир ҳукмнинг бошқа бир ҳукмга “қарши” келиши деганда биз  насх тушунчаси, яъни Аллоҳи таъоло томонидан аввалги юборилган ҳукмни бошқаси билан алмаштиришини тушунамиз. Бизнинг танқидчиларимиз ахир бундай бўлиши мумкинми? деб сўрашади. Мумкин. Оламларни яратгувчига нима мумкин бўлмайди, бунинг устига насхни барча яккахудолик динлари тарихи мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Одам асга фақат биргина таъқиқ - бир дарахт мевасидан емаслик бор эди. Нуҳ асга 7 та ҳукм бўлди, Иброҳим асга хатна қилиш ҳукми қўшилди. Мусо асга эса батафсил ҳукмлар ва қоидалар нозил бўлди. Қуръон нозил бўлишида эса бу жараён анча қисқароқ вақт, Қуръон нозил бўлиш муддати ичида бўлиб улгурди, унинг сўнги ҳолида барча ҳукмлар доимийга ҳаракатда бўлиб қолди.
    Бу борада Исломни танқид қилувчилар Пайғамбар сав даврларидаёқ фаол ҳаракат қилишни бошлаган эдилар. Қуръон каримда “Қачонки (биз) бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак - ҳолбуки, Аллоҳ ўзи нозил қиладиган оятларини яхши билувчидир- улар (пайғамбарга): “Ҳақиқатан, сен ўзинг тўқиб олгувчисан, -дейдилар! Йўқ! Уларнинг кўплари (бунинг ҳикматини) билмайдилар! (16:101). Қани насх қилишни ҳар нарсага қодир зотга ким ман қила олади?  “(Эй Муҳаммад) бирор оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқартирсак, ундан яхшироғини ёки ўшанинг айнан ўзига тенг бошқа оятни келтирамиз. Аллоҳнинг ҳар нарсага қодир зот эканини билмадингизми?” (2:106).
    Қодир эгам яна ҳам раҳимдил ва меҳрибон. У инсонга ўзи кўтара олмайдиган юкни юкламайди. Насхнинг ҳикматларидан бири, одамларни секин-аста, қадам-бақадам илоҳий ҳукмларни бажаришга  ўргатиш эди. Ҳақиқатан ҳам барча ҳукмларни бугунги кунда Қуръони каримда бўлганидек бирданига нозил қилинганида кўпчилик одамлар тушунишмас эди. Бундан ташқари бутун онгли ҳаётини маълум  тарзда ўтказаётган халқ учун бирданига бир соатда ўз ҳаёт тарзидан кечиб, уни бошқа сифатдагисига ўзгартириш   жуда қийин кечади.
     Ўзининг эски анъанавий дунё қарашига, ақидасига асир бўлган бутун бир жамият тўғрисида нима дейиш мумкин. Шунинг учун араб жамияти ичида яккахудолик ақидалари мустаҳкамланиб боришига қараб Пайғамбар сав ҳаётлари давомида илоҳий ваҳийнинг  баъзи ҳукмлари секин аста  ўзгариб борди.
    Оиша онамиз сўзлари билан “одамлар Исломга келгунича Қуръонда биринчи нозил бўлган суралар Жаннат ва Дўзах  ҳақида эди. Ундан кейингина  ҳалол-ҳаром ҳақида нозил бўлди, агар  биринчи бўлиб ҳалол-ҳаром тўғрисида нозил бўлганда эди, улар: Биз бундан ҳеч қачон  юз ўгирмаймиз дейишар эди” . (ал Бухорий ривояти).
     Шу сабабдан Аллоҳ ўзининг марҳамати билан эндигина кўпхудолик ёввойилигидан чиқиб, имонлилар, ҳақ дин эгалари жамоасига кирганларга аввалда енгилроқ таъқиқларни берди. Кейинчалик уларнинг Аллоҳ томонидан илм олишлари давомида имонларининг мустаҳкамланишига қараб вақтинчалик енгиллаштирилган  ҳукмларни доимийсига алмаштирди. Шундай қилиб, аввалда  ароқ ичиш рухсат қилинганди, лекин бир неча ибратли воқеъалардан кейин, имом маст ҳолатда намозда сўзларни алмаштириб хатога йўл қўйгандан кейин охирги умумий таъқиқ ояти нозил бўлди.
    Агар Қуръон оятларидан бир оятни ўрнига бошқа оят нозил қилинган бўлса, Муҳаммад сав дарҳол бу оят бошқаси билан алмаштирилганини эълон қилар эдилар. Лекин кўпчилик саҳобалар оятларни ёд олиб, ўз тарғибот вазифаларини адо қилгани Мадинадан узоқ жойларга Арабистон ярим оролининг чекка жойларига жўнаб кетар эдилар. Шу сабабдан баъзи пайтларда бу саҳобийлар оятларни алмашганидан бехабар қолар эдилар. Насх қилинган оятларни ҳам ҳукми амалда деб ҳисоблаб юришар эди. Бу жараён Муҳаммад савнинг пайғамбарлик фаолиятлари давомида - 23 йил давом этди. Шунинг учун Пайғамбар сав ҳаётлик пайтларида Қуръон каримни бир китобга жамлаш имконияти йўқ эди.
    Қуръон оятларининг таркиби ва барча  насх туфайли ўзгаришлар тўғрисида пайғамбар савга яқинроқ саҳобалар билишар эди. Бошқалар эса бу тўғрида тўла хабардор бўлмай, Мадинага ташриф буюрганларида бу тўғрида маълумот олар эдилар. Шундай бўлишига қарамасдан уларнинг кўпчиликлари бу ўзгаришлардан хабардор бўлгач, ўзлари ёзиб олган матнларга тузатишлар киргизиб олар эдилар, бу ёзувларни мусҳафлар деб аташар эди. Пайғамбар савнинг ваҳий котибларидан бири Зайд ибн  Собит эди. У Қуръон каримнинг охирги таркиби тўғрисида тўла хабардор саҳобалардан эди. Кейинчалик Қуръон матнини охирги марта солиштириб, китоб ҳолида йиғиш учун тузилган  ҳайъат ишини бошқарди.
    Лекин шундай оятлар борки насх бўлганига қарамай,  Қуръони каримда  қолдирилган (ҳукми насх бўлган, қироати эмас), шунинг учун Қуръони каримни ҳамма эмас, кўп илмларнинг устига, қуръон оятларини нозил бўлиш сабабларини ҳам билган кишиларгина тафсир қилиши, маъно айтиши мумкин холос.   
 
Кейинги »