Мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир Принтер учун
28.06.2011 й.

بسم الله الرحمن الرحيم

Ато қилган ноз-неъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамдлар, Унинг бизларга юборган Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотнинг оли асҳобларига салоту саломлар   айтаман.
Эй Аллоҳим,  бировга ўргатадиган ва ўзим ўрганадиган илмларимда мени ўз ҳолимга ташлаб қўйма. Ёзадиган  нарсаларимдан оладиган насибам нафсимнинг бирор махфий истаги ёхуд шайтон ёки ҳой-ҳавас ортидан келадиган манфур мутаассиблик  бўлишидан паноҳ бер.
Эй  Аллоҳим, Сендан  бизлар билан биродарларимиз ўртасида Ўз ҳузурингдан бир ҳукм чиқаришингни Сендан сўрайман. Токи, у туфайли  кўзларнинг пардалари йўқолсин ва у сабали кўнгиллардаги васвасалар,  ғаразлар даф бўлсин.
Сенинг розилигингга эришишдан бошқа ният билан иш қилмаслигимиз  учун ихлос деб аталмиш неъматни бизга ҳозирлаб қўйишингни ёлбориб сўрайман.
Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан.
 
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий
Янги нашр муқаддимаси


«Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» китоби олдингиларидан фарқланувчи ўзига хос асрдир. Бу китоб бундан олдин ҳам офсет услубида қарийб ўн марта нашр этилган бўлиб, мен шулар орасида иккинчи нашрнинг муқаддимасига ҳеч нарса қўшмаган эдим. Бироқ, ҳозир мана шу янги нашрнинг вужудга келишида фурсатни ғанимат билиб қуйидагиларни айтмоқчиман:
Илмий  тил билан ҳамда ҳақорат ва бошқаларни хафа қилмайдиган услуб ёрдамида ҳақиқатни  баён қилишлик  ана шу ишни қилишга иқтидори бор бўлган ҳар бир киши қилиши вожиб бўлган ишдир. Ва у Аллоҳ азза ва жалланинг: “Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топувчилардир”, (1) (Оли Имрон:104) деган сўзининг мазмунига дохил бўлади. Бироқ,  шундан сўнг шу баён қилишликни баҳс-мунозаралар ва доимий раддиялар силсиласига айлантириб юбориш, шахсий ғалабага эришиш ва нафратини қондириш учун ахлоқсиз иборалар-у ҳақоратли сўзларни ишлатишлик, ана шу  бизларга тақиқланган баҳс мунозаранинг ўзгинасидир. Ва бу иш ҳақиқатни баён қилишлик доирасига киришидан ёки юқоридаги ояти кариманинг мазмунига дохил бўлишидан Худонинг Ўзи асрасин!
Ҳақиқатни баён қилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳақиқат ана шу китобдаги баҳсларим давомида Аллоҳ таоло мени муваффақ қилган гаплардир. Модомики одамларда бу китобга бўлган эҳтиёж бор экан Аллоҳнинг иродаси билан янгидан нашр этилажак.
Аммо ана шу ҳақиқатни баён қилишлик мақбул келмасдан ахлоқсиз ва ҳақоратомуз сўзлар билан  ҳақорат қилиб юрган кимсаларнинг изидан эргашишга келсак, бас,  мен ана ўша нарсаларга шўнғиб қолишдан ёки у томонга оғишмоқдан Аллоҳнинг паноҳини сўрайман.
Баён қилиш учун лозим бўлган доирадан чиқмаган ҳолатда ҳақиқатни баён қилишлик бирлашиш ва ҳамжиҳат бўлишликнинг, соғлом онгни мустаҳкамлашнинг  энг муҳим омилларидандир. Ва мен бу ишни қилдим ҳам.
Тортишувлар, баҳс мунозаралар ва ахлоқсиз сўзларга жавоб қайтаришлик эса    ҳамжиҳатликни барбод қилувчи энг хатарли омиллардан биридир ҳамда, тафриқа ва хусуматларни келтириб чиқарувчидир. Бундай ишлардан Аллоҳ мени асрашини ва унга шўнғиб қолишдан  йироқ этишини сўрайман. Шунингдек, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмаслигини, ҳаммамизни Ўзининг  сироти мустақиймида жам қилишлигини, ҳаётимизни Уни рози қиладиган ишлар билан ниҳоялашини сўраб қоламан. Оламларнинг  Раббиси бўлган Аллоҳга  ҳамду санолар бўлсин!

Димашқ. 1405 йил  шаъбон ойининг биринчи куни.
1985 йил 21 апрел. Муҳаммад Саид Рамазон Бутий.
Иккинчи нашр муқаддимаси

Мен ушбу рисолани қайта нашр этишда кўп бор тараддудландим. Ана шу тараддудланган вақтимда ўзимга ўзим «Ушбу китобни нашр қилишга қўл уриш билан мусулмонларнинг орасига тафриқа солиб қўймадимми ёки уларнинг бирликларига путур етказмадимми? Ёки бу китобда ёзганларим ичида бировни хафа қилиб қўядиган бирор гап қўшилиб қолмадими? Ёки ёзганларим ичидан бирор бир сатрда беғараз соф илмий баҳснинг савиясини ақлнинг шубҳасини кетказиш ўрнига кўнгилга нафрат солиб қўядиган қуруқ гаплар ва зерикарли тортишувлар даражасига тушириб қўймадимми?», деган саволларни бердим.   
Бировни хафа қилиш ёки юксак илмий мунозарани бировларнинг устидан кулиш ё бировларни ёмонлаш даражасига тушириб юборишга келсак, мен ёзганларимнинг ҳаммасини бирма-бир текшириб чиқдим. Бир марта  рақибнинг кўзи билан ўқиган бўлсам, иккинчи марта оддий одамнинг кўзи билан ўқиб чиқдим. Аллоҳга шукр, бирор бир инсонни хафа қиладиган маъно ва оҳангдаги бирорта қаторни учратмадим.
Аммо, мана шу илмий баҳсимни нашр этиш билан мусулмонларнинг бирлигига путур етказмадимми, деган эҳтимолга келадиган бўлсак,  эътиқодлари ва дунёқарашлари турлича бўлган китобхонлар орасида ушбу китобим ҳақидаги фикрларга қайта-қайта қулоқ солдим. Унга алоқадор менга келган кўплаб мактубларни қараб чиқдим. Шунда, Аллоҳга шукр, жамоат орасига тафриқа, бирлигига рахна солганимни ва ҳамжиҳатлигини барбод қилганимни кўрмадим. Аксинча бу китобнинг нашри юқоридагиларнинг бутунлай тескарисини вужудга келтирди. Зеро, бу китобнинг нашр этилишида бир бирига қарама қарши бўлган иккита таъсир бўлиб, ҳар иккиси ҳам мусулмонларнинг жуда кўп фирқаларини ҳаддан ошиш ҳам, нуқсонга йўл қўйиш ҳам мавжуд бўлмаган мўътадиллик сафида тўплашга ёрдам берди.
Китобхонлар орасида тўртта фиқҳий мазҳаблардан бирортасига тақлид қилишда бидъат ва мутаассибликкача етиб борганлари бор эди. Агар шофеъий бўлса ҳанафийнинг ортида намоз ўқимайди. Ўзи бирор масала ҳақида Қуръон ва Ҳадисдаги далилларни чуқур ўрганиб чиққач, далиллар ўз мазҳабининг  зиддига эканини кўриб ҳам ўзининг имомига тақлидини тарк қилишни ўзига ножоиз деб билади. Ана ўша одамлар бу мавзуда менинг ёзганларимни ўқиб чиқиб ўз мутаассибликларидан воз кечдилар ва тўғри тасаввур ва изланишга эга бўлдилар ҳамда бу мавзуда мўътадиллик йўлини тутдилар.
Китобхонлар орасида тўртта имомларга нисбатан  ғайриоддий мутлақ жаҳолат йўлини тутганлари бор эди. Улардан бирлари ана шу имомлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига рақобатчи кимсалар холос. Уларнинг ишлари  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатидан одамларнинг нигоҳини ўзларининг мазҳабларига қаратиш бўлган, деб ҳисоблар эди. Шундай қилиб улар  ўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўртасидан ана шу зарарли рақобатчи тўсиқларни олиб ташлашликни - ўз эътиқодларига биноан,-  ўзларининг мажбуриятлари деб билдилар.
Улар ҳам менинг ёзганларимни ўқиб чиққанларидан сўнг афсусланган ва аламланган ҳолларида ўзларининг қаттиқ адашганликларини билдилар ҳамда   ана шу тўрт мазҳаб шубҳасиз,  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишга эришмоқлик учун лозим бўлган восита эканлигини, уларнинг шариат билан  рақобатлашувчи тўсиқ бўлиши умуман мумкин эмаслигини  тушуниб етдилар. Оқибатда булар ҳам юқоридагилар сингари истиқомат ва мўътадилликка қайтдилар.
Менга келган кўплаб номаларда ва мен кўрган кўпгина биродарлар билан бўлган учрашувларда йўлнинг ўнг-у сўлида сарсон саргардон юрган кўплаб одамларни ҳар бир мусулмон ахтариб юрган кенг ва тўғри йўлда жамлаб қўйган ана шу икки таъсирнинг кўплаб намуналари бордир.
Шундай экан, мен ана шу ишим билан мусулмонларнинг сафини тўзғитган бўламанми ёки уларни бирлаштирганми?! Қилган ана шу ишим билан мен уларни ҳайрат ва ихтилоф саҳросига қулатдимми ёки уларни ёрқин  идрок ва соғлом онг бор жойга чиқардимми?
Лекин сиз китобхон  айтишингиз мумкин: Сиз ёзган китобингиз асабига теккан, мусулмонларнинг бирлиги ва соғлом эътиқодларига таҳдид соладиган зарарларини топган кишилар бор.  Ҳаттоки, уларнинг орасида бу китобни ўқишдан нафратланадиган ва бор жидду-жаҳди билан одамларни уни ўқишдан қайтариб юрганлари ҳам бор, деб.
Бу тўғри гап!.. Одамлар ичида шунақа иш қилганлари ҳам бўлди. Балки, бу китобни тилга олиб бўлмайдиган сифатлар билан сифатлаганлари ҳам бўлди. Уларнинг айримлари сифатлашича мен жоҳил, миш-мишчи ва каззобман!...
Аммо, буларнинг барчаси мен ҳар хил жамоадаги кўплаб одамларнинг мафкурасини бирлаштирмадим ва Ислом дини келганидан бошлаб ҳозирги кунга қадар салафи солиҳларимиз оғишмай келган тўғри йўлни уларга кўрсатиб бермадим, дегани эмас.
Дарҳақиқат, ана шу одамларнинг ўзлари тўрттала мазҳаблар ҳақида улар динда тасодифан пайдо бўлган бидъатдир ва уларнинг динга ҳеч бир алоқаси йўқ, дедилар. Айримлари  ана шу имомларнинг китобларини “тўсиб турувчи”лар деб сифатладилар. Бироқ, ана шуларнинг ҳаммаси барча аждодлар билган ва мусулмонлар авлодма-авлод иттифоқ бўлиб ўтган  ҳақиқатни ўзгартира олмади. У ҳам бўлса, ана шу мазҳаблар Исломнинг  мағзи ва жавҳарининг ўзгинасидир. Ана шу мазҳаблар барча замонларда мусулмонларга динларининг аҳкомларини кўрсатиб, Роббиларининг Китоби ва Набийларининг Суннатига амал қилиш йўлларини енгиллаштириб бергандир.  
Ана  шу ноҳақ сўзлар тўртала имомларнинг улардан оладиган насибаси бўладиган бўлса, имомларнинг мақомлари ва ўзларини ҳимоя қилаётган ҳолимда менинг улардан оладиган улушим жоҳил ва каззоб деб, китобимники эса айтишга тил хижолат бўладиган сифатлар билан сифатланиши бўлса нақадар оз ва адолатлидир. Лекин мен яна қайтариб айтаман: ёзган китобим билан бировни хафа қилдимми ёки бировга нисбатан пасткашлик қилдимми? Соф илмий баҳсдан бошқа нима деб ёздим? Ана шу ёзганларим билан мусулмонларни ҳайрат ва изтиробга солиб қўйдимми ёки  ўша билан уларни ҳайрат ва изтиробдан чиқардимми? Тақдир  мусулмонларнинг имомлари ва уламоларига хизмат қилиш билан мушарраф қилган, ана шу қаламнинг омонатини қўлимда кўтариб юрган мен мусулмон одам кўплаб мусулмонларнинг онгига ёпирилиб келаётган булутларни бир неча сатрлар билан парчалаб ташлашга уриниш ўрнига сукут сақлаб ўтирсам ярашармиди?
Ёзганларим орасида бирор кимсага туҳмат қилмаганимни Роббим кўриб турибди.
Мен билан улардан бирининг орамизда бўлиб ўтган мунозаралардан ёзиб олганларимнинг ҳаммаси айни ҳақиқат бўлиб айрим жумлаларни тақозо қилгани учун лаҳжадан адабий араб тилига ўгиришдан бошқа унга ҳеч бир ўзгартириш киритмадим.
Шундай бўлсада ўз-ўзимдан яна қайтариб сўрайман: мусулмонлар ушбу китобни қайта чоп этилишига муҳтожми? Ахир, ўқиб ўрганганлари орасида  қайта чоп этишдан беҳожат қиладиган гаплар йўқми?
Ўзимни  қаноатлантирган биринчи жавоб шу бўлдики, китобни қайта чоп этишнинг кераги йўқ ва  одамларга тарқалиб кетган аввалги минглаб нусхалар етарли ва кифоя.
Бироқ, мен қатъият билан бу китобни ахтариб юрган одамларни кўрдим. Мен сўраганимда менга кўплаб одамлар бу китобни ҳам унинг ичидагиларни ҳам эшитмаган. Бозордаги нусхалари адо бўлганидан сўнг излашга тушган, деган жавоб бўлди. Аллоҳга қасамки, мен бу мавзуда ҳақиқатни билиш учун одамларнинг шунчалик даражада ёниб-куйишларини тасаввур ҳам қилмаган эдим! Мен эркин нафас олаётган ва кўпдан буён ҳақиқат билан ботил улар учун иштибоҳли бўлиб турган бир масалада ҳақиқатни ва унинг далилларини билганларидан кейин қалблари хотиржам тортиб енгил нафас олаётган   кишилардан менга селдек мактублар оқиб келади, деб тасаввур қилмаган эдим.
Дарҳақиқат, мен мусулмонлар жамоасининг тўртта мазҳабга амал қилишдан ва обрўли олим бўлган мазҳаббоши имомларидан воз кечишларини қатъият билан истаб юрган манави одамлардан уларнинг қанчалар оғир аҳволга тушган ва тушаётганларини ана шундан кейин билдим. Ана шу жамоаларнинг кўплари авом ёки ярим авом кишилар бўлиб уларнинг қалбаки мафкураларини фош қилиб ташлашга етарли даражадаги илмий иқтидорлари йўқ эди. Шунга қарамай уларда исломий соғлом фитрат ва соф инсоний ақлдан шу қадари бор эдики, албатта, бу дилга оғир ботадиган, ҳақиқатдан олислатиб ботилнинг ичига тиқиб юборадиган  чақириқ эканлигини уларга ҳис қилдириб турар эди. Бу  мавзуда уларга бирор бир далилни ёки адолатли бирор бир илмий мезонни кўрсатиб берадиган кишиларга  бўлган интилишлари ана шу жойда кучаяди. Ана  шу пайтда бу мавзуда қўлларида улар учун фойдали ихчамгина бир китоб бўлишига қаттиқ муҳтож бўладилар.
Иш шундай экан мусулмонлар оммасининг ана шу рағбатларига лаббай дейиш ва бу китобни қайтадан чоп этиш лозим эди.
Ҳозир қўлим билан ана шу китобнинг саҳифаларини варақлаб туриб унинг бирон бир сатрини ўзгартиришга эҳтиёж кўрмадим. Шунингдек, бу китобга ушбу муқаддима ва шу китобнинг биринчи нашри вужудга келганидан сўнг мен билан шайх Албоний ўртасида бўлиб ўтган мунозара тақозо этган изоҳотлардан бошқа бирор бир янгилик киритишга ҳам эҳтиёж сезмадим. Агар мен китобда келган гаплардан бирортаси ҳақида қандайдир изоҳ талаб гаплар ёки раддияларни учратганимда эди албатта изоҳ берган ёки ўзгартирган бўлар эдим. Лекин, ўзларини мен баён қилган ҳақиқатнинг рақиблари деб ҳисоблаган кишилардан ҳеч қандай раддия олганим йўқ. Шунингдек, бу китобни қайтадан чоп этишни қаттиқ талаб қиладиган китобхонлардан ҳам ҳеч бир изоҳ  ёки қўшимча талаблар менга келгани эмас. (2)
Хулоса шуки, шайх Носируддин Албоний ушбу китоб ҳақида ўзининг нуқтаи назарини билдириш учун мен билан учрашиш нияти борлигини билдирди ва биз ҳақиқатда учрашдик. Мен унинг фикр мулоҳазаларига қулоқ тутиб билдимки уларни икки нарсага жамлаш мумкин:
Биринчиси. Китобнинг “Мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”, деган номини катта санашлик. Унинг фикрича мен бу китобда ана шу нуфузли номнинг тўғрилигини кўрсатадиган бирор бир ҳужжат келтирмабман!..
Иккинчиси. Унинг фикрича, менинг китобим раддия қилиб ёзилган      Хўжандийнинг рисоласида келган гапларни яхши тушунмабман. Зеро у, шайх Носирнинг ўйлашича, мазҳабларнинг ҳақлиги ва келиб чиқишларини ва мужтаҳидлик даражасига етмаган кишиларнинг уларга тақлид қилиши дурустлигини инкор этмайди. Аммо, Хўжандий ўзи тушуниб чуқур ўрганган далилни четга суриб қўйиб мазҳаббоши имомларга таассуб қиладиган кишиларни қоралайди, холос.  Мен  шайх Носирнинг бу гапига тўлиқ қўшиламан. Шундай экан, бу ўринда Хўжандийга ҳамла қилишнинг ҳеч ҳам кераги йўқ!
 Ўртамизда бўлиб ўтган уч соатлик суҳбатда Албоний билдирган фикр мулоҳазаларнинг хулосаси ана шулар эди.
Мен биринчи иш юзасидан унга шундай дедим: Албатта, китобнинг ҳамма жойи унинг исми тўғри қўйилганига далилдир. Чунки, мен бу китобда тушунтирмоқчи бўлган энг асосий нарса - бу саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейингилар замонасида бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм чиқариб оладиган даражага етмаган мусулмонларнинг иши ана шу даражага эришган имомлардан бирига тақлид қилишдир. Уларнинг ҳар бири хоҳласа имомлардан биттасини маҳкам тутсин ва агар истаса, бошқа бир имомни маҳкам ушласин. Саҳобалар орасида Ибн Аббосдан бошқасининг фатвосидан қаноат қилмайдиганлари бор эди. Шунинг учун ундан бошқасига савол бермас эди. Саҳобаларнинг орасидан  бирорталари  унинг бу ишини қоралагани ҳеч бир тадқиқотчига маълум эмас. Дарҳақиқат, ироқликлар узоқ йиллар давомида Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мазҳабини унинг ўзига, у вафот этганидан сўнг унинг шогирдларига тақлид қилганларича маҳкам тутиб яшадилар. Аҳли илмлардан ҳеч бири бу ишга эътироз билдирмаган. Шунингдек,  ҳижозликлар ҳам ироқликлар сингари узоқ йиллар Абдуллоҳ ибн Умарнинг, унинг шогирдлари ва асҳобларининг мазҳабини маҳкам тутиб яшадилар. Аҳли илмлардан ҳеч бири бу ишга эътироз билдирмаган. Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидлар узоқ вақт Маккада фатво бериш билан шуғулланган ягона кишилар эдилар. Халифанинг жарчиси ана шу иккисидан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан машғул бўлмасин, деб жар солиб чиқар эди. Халифа   ёки одамларнинг  бу ишига тобеъинларнинг уламоларидан ҳеч бири  эътироз билдиргани йўқ.
Ана шунча гаплардан кейин фатво сўраш ва тақлид қилишликда битта имомни маҳкам тутишлик ҳаром,  деб ҳукм чиқариш  Аллоҳ бунга ҳеч бир ҳужжат туширмаган  ботил бир бидъат бўлмайдими? Мазҳабсизлик шундан бошқа нима бўлиши мумкин?!
Биз ушбу аниқ масалани яна ҳам аниқроқ қилиш учун шундай деймиз:
Мазҳабчилик- бу авом ёки мужтаҳидлик даражасига етмаган инсоннинг бирор бир мужтаҳид имомнинг мазҳабига тақлид қилишидир. Айнан битта имомнинг мазҳабига амал қиладими ёки бирини қўйиб бошқасиникига амал қиладими, барибир. Мазҳабсизлик -  бу авом ёки мужтаҳидлик мартабасига етмаган инсоннинг қандай шаклда бўлмасин ҳеч бир мужтаҳид имомга тақлид қилмаслигидир. (Бу) сўзнинг ана шу маъноси араб тилининг ўзидан келиб чиққан. Истилоҳдагиси ҳам шундай ишлатилади. Одамлар ҳам уни шундай тушунадилар. Масалан, сиз бирор одам тўғрисида агар у ажралмаган ҳолда бирор бир партияга тобе бўлиб юрган бўлса, у партиявийдир, деб айтасиз.  Айнан битта партияни маҳкам тутадими ёки бирини қўйиб бошқасига аъзо бўладими, бунинг фарқи йўқ. Яна бошқа бир киши ҳеч бир партияга ҳеч қандай шаклда аъзо бўлмаган бўлса, у партиясиздир, деб айтасиз. Бироқ шайх Носир айтишича “мазҳабчилик” сўзининг бу маъноси бугунги кунда ҳар бир мусулмон тушунадиган маъносидан бошқачадир. (Сифату солаатин набий с.а.в: 232с.) Бу  одам  нимага ўзини ҳар бир мусулмон учун ҳақиқий намуна деб ўйлаб юради, мен билмадим. Унинг ўзи нимани тушунса ҳамма одамлар шуни тушуниши,   нимани тушунмаса ҳамма одамлар унга қўшилиб тушунмасликлари ва рад этишлари керак?! Ўртамизда бўлиб ўтган мунозара вақтида менинг “мазҳабчилик” ва “мазҳабсизлик” сўзларига берган ана шу маъноларни у билмаган бўлса демак, ҳамма мусулмонлар унга қўшилиб ўша маънони билмасликлари ва уни рад этишлари керак эканда!
    Устоз Носир айтишича мен ана шу маъно билан бутун бошли рисоламни барбод қилдим. Чунки,  унинг фикрича бу маънога асосланса одамлар ҳаммаси мазҳабга эргашадиганлардир. Шундай экан, менинг китобим аслида йўқ бўлган бир тасаввур ҳақидаги гапларга айланиб қолибди. Ўзларини салафийликка мансуб деб юрганларнинг ҳаммаси “мазҳабчилик”нинг шайх Носир тасаввур қила олмаган ана шу маъноси билан ҳақиқатдан ҳам бирор бир мазҳабга эргашадиган бўлганларида, яъни, фикрлари ва мазҳаблари бизларга омонат ўлароқ етиб келган мужтаҳид имомлардан бирортасига эргашмоқликдан ажралмайдиган бўлганларида жуда осон бўлар эди. Айнан битта имомга эргашадиларми ёки бирини қўйиб бошқасига эргашадиларми барибир эди. Агар шундай бўлганида ушбуга ўхшаш мавзуда китоб ёзишнинг ҳеч бир  кераги бўлмас эди.
Бироқ, афсуски, шайх Носирнинг гапи воқеъликка  тўғри келмайди.
Чунки, бизлар кенг ва тўғри йўлга иршод қилишни истаб турганимиз мана шу одамларнинг орасида тўртта имомлардан бирортасига тақлид қилишни қабул қиладиган ҳеч ким йўқдир. Шубҳасиз уларнинг ҳаммалари бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларини кўп кўрдик. Худди ўзи санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек, токи биз имомнинг далили ва эътимод қилаётган ҳадисини кўрсатиб, кейин эса далилнинг кучи ва саҳиҳлигини, ҳадиснинг санадини ва ровийларининг даражаларини тушунтириб бермагунимизга қадар  улардан ҳеч қайсиси тўртта имомлардан бирортасининг фатвосини ҳеч қачон қабул қилмайди. Ана шу тушунтиришимиздан кейин ҳам ё ана шу имомнинг мазҳабини тўғрига чиқаради ёки уни адашганга ва жоҳилликда айблаб энг сўнги хулосасини билдиради. Ана шу одамлар Марсдан ёки бошқа бир оламдан келган эмаслар-ку! Аксинча, улар ҳам бизга ўхшаш одамлар. Барча шаҳар, маҳалла ва қишлоқ аҳолиси уларнинг устидан арз дод қиладилар. Улар шу даражада кўпки, шайх Носир бемалол улар билан бошини осмон қилиб юрайвериши мумкин. Шайх Носир “аллома” деб атаётган ва рисоласини ҳимоя қилаётган ҳамда уни манфаатли китоб деб мақтаётгани ана шу Хўжандийнинг ўз рисоласидаги мана бу гапларининг маъноси нима? У шундай дейди: “Бу даражага эришиш жуда осондир. Бунинг учун “Муватто”, “саҳийҳайн”, “сунани Абу Довуд”, “Жомеъи Термизий” ва “Насоий”лардан бошқа нарсанинг кераги йўқ. Бу китоблар ҳаммага машҳур ва маълум. Уларни озгина фурсатда ўқиб ўрганиш мумкин. Бас, сен ана шуларни ўқиб ўрган. Агар ўзинг буни билмасанг бу борада сендан олдинга ўтиб кетган айрим биродарларинг сен тушунадиган тилда  сенга тушунтириб берсалар ана шундан сўнг сенда ҳеч бир узрга ўрин қолмайди”.  Ёки: “Баъзи бир масалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ривоят етиб келган бўлсаю, сен уларнинг қайси олдин ёки қайсиниси кейин айтилганлигининг тарихини билмасанг бас, сен баъзида бунисини баъзида кейингисини олиб уларнинг барчасига амал қилавер”.
Бас, шайх Носир “мазҳабчи”ликнинг биз берган маъносига  эътироз билдирган, ва унга асосланадиган бўлса ҳамма одамлар мазҳабга эргашувчилардан бўлишлари керак бўлади, деб даъво қилгани     ана шу гаплар ичида мазҳабга эргашишликнинг бирор бир аломатини учрата оласизми? Ахир у “Муватто”, “Саҳийҳайн”, “Сунани Абу Довуд”, “Жомеъи Термизий” ва “Насоий”ларни   одамларнинг олдига  қўйишлик билан мазҳаббоши имомларга эргашиш ва уларнинг мазҳабини тутишликнинг йўлини тўсиб қўймадими?! Бу китобларнинг барчаси ўзи айтганидек, ҳаммага маълум ва машҳур бўлган китоблар бўлиб жуда ҳам оз фурсат ичида уларни ўқиб ўрганиш мумкин. “Ва мўминлар учун урушда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди”. (Яъни, бунинг учун ғала-ғовурнинг кераги йўқ. Тарж.) Лозим тутса тутмаса ҳеч бир мазҳабга эргашишликнинг ҳожати қолмади.
  Эҳтимол устоз Носир ибну Таймия, ибнул Қоййим ва Шавконийларни қўшиб айтганда барча имомлар биргина аллома Хўжандийнинг  шайх Носир жуда ҳам фойдали деб сифатлаётган  рисоласида таъкидлаган гапларига хилоф ўлароқ ушбу китобларни ўқиб ўрганишлик билан киши мужтаҳид бўла олмаслигига, одамларга фатво беришда ва аҳкомларни чиқариб олишда фақатгина уларнинг ўзига таяниб иш қилиб бўлмаслиги, балки ана шуларга қўшиб ижтиҳод қилиш даражасига олиб чиқадиган илмий иқтидор ҳам унда мукаммал бўлиши лозимлигига ҳамфикр эканликларини билар.  
Демак шундай экан менинг китобим шайх Носир айтганидек барбод бўлмаган.  Аммо, афсуски унга одамларнинг эҳтиёжлари бор бўлиб қолаверади. Мен бу китобга эҳтиёж бўлмаслигини қанчалар хоҳлар эдим.  
Иккинчи иш юзасидан ўртамизда бўлиб ўтган гапларга келадиган бўлсак бас, у Хўжандийнинг рисоласидаги очиқ ойдин хатолари ва ҳақиқатдан оғишилари бор бўлган ибораларни мен ўз китобимда таъкидлаб ўтган ҳақиқатга мос келадиган қилиб шарҳлашга тушади.
Шундай қилиб, Хўжандийнинг: “Аммо мазҳаблар ҳақида гапирадиган бўлсак бас, улар аҳли илмларнинг айрим масалалар ҳақидаги фикрлари, тушунтиришлари ва ижтиҳодларидир. Ана шу қарашлар ва ижтиҳодларга эргашмоқни на Аллоҳ таоло ва на Унинг Расули бирор кимсага фарз  қилган эмас”, деган сўзлари шайҳ Носирнинг назарича ижтиҳод қилишга муносиб бўлганларга тегишли. Унинг  “бирор кимсага” деган сўзидан мурод фақатгина ана шулардир!...
Унинг: “Ушбу йўл яъни, ижтиҳод қилишлик,- жуда осон иш бўлиб, бунинг учун “Муватто”, “Саҳийҳайн”, “Сунани Абу Довуд”, “Жомеъи Термизий” ва “Насоий”лардан бошқа нарсанинг кераги йўқ. Бу китоблар ҳаммага машҳур ва маълум. Уларни озгина фурсатда ўқиб ўрганиш мумкин. Бас, сен ана шуларни ўқиб ўрган. Агар ўзинг буни билмасанг, бу борада сендан олдинга ўтиб кетган айрим биродарларинг сен тушунадиган тилда  сенга тушунтириб берсалар ана шундан сўнг сенда ҳеч бир узрга ўрин қолмайди”, деган сўзлари унинг наздида мужтаҳидлик ва насслардан ҳукм чиқара олиш даражасига етишган кишиларга тегишлидир. Демак, иборанинг мавҳум жойи ҳам, шарҳ қилиш ёки раддия бериш керак бўладиган жойи ҳам йўқдир!...
Хўжандийнинг: “... Бас, Китоб ва Суннатдан, саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг гапларидан далил мавжуд бўлган жойда уларга амал қилишлик вожиб. Уларни қўйиб олимларнинг гапига ўтилмайди”, дегани шайх Носирнинг фикрича шариат илмларидан бир оз ўқиб ўрганган ва далиллар ва уларнинг маъноларини англаб етган инсон ҳақида айтилган, деб тушунилади.
Ана шунақа... Хўжандийнинг рисоласида келган шунга ўхшаш ибораларининг барчаси (шайх Носирнинг фикрича) биз ёритиб берган ҳақиқатга тўғри келадиган қилиб таъвил қилинади. Унинг фикрича биз Хўжандийнинг ибораларини китобнинг турли мавзеъларида келган қайдлар ва аниқликлар ёрдамида тушунишимиз лозим. Мен унга: “Уламолардан ҳеч ким бунақа ибораларни ишлатмайди. Ушбу услуб билан аввал умумий қилиб гапириб  кейин иборадан очиқ ойдин тушуниб турилган маънодан бошқасини ирода қилса. Ҳеч ким ушбу ибораларни сиз тушунаётган каби тушунмайди”, деганимда у: “Бу одамнинг насаби бухоролик, тили аслида ғайри араб. Шундай экан у бошқа араблар сингари (ўз фикрини) тушунтира олмайди. Қолайверса у вафот этиб кетган. Бас, биз унинг- у ҳам мусулмон,- сўзларини энг лойиқ тарзда тушунмоғимиз ва иложимиз борича у ҳақида ҳусни зоннда бўлишимиз лозим”, деб жавоб берди.
Тахминан уч соатлар давом этган ўртамиздаги ёзиб олинган суҳбатда бўлиб ўтган гапларнинг хулосаси ана шулардан иборат.
Шайх Носир шундан кейин яна бир бор учрашиш таклифини билдириб мактуб юборганида мен унга шундай жавоб юбордим: “Яна бир карра учрашиш ҳақидаги таклифингизга келсак, бас, мен олдинги суҳбатларимизда шуни мулоҳаза қилдимки, айтганимдек, биз ундан бирон бир манфаат олмадик. Зеро, на сиз рисола соҳиби Хўжандийни беайб деган тасаввурингиздан қайтдингиз, ва на мен унинг гапларига берган маъноларингиздан қаноатландим. Менимча сиз шайх Муҳиддин ибнул Арабий каби одамларнинг гапларини ҳам Хўжандийнинг гапларини таъвил қилганларингизнинг тўртдан бирича таъвил қилганингизда эди уни кофирга ҳам фосиққа ҳам чиқармаган бўлар эдингиз. Нима бўлганда ҳам кечаги суҳбатингизнинг мазмуни Хўжандийни ҳимоя қилиш ва     унинг сўзлари ҳақиқатдан оғишган деб ёзганимни ҳисобга олмасак, мен ўз китобимда ёритиб ўтган нарсалардан бошқа бирор нарсани кўзда тутмаганлигини тушунтириш бўлди. Хўжандий сиз тасаввур қилганингиздек бўладими ёки мен тасаввур қилганимдек бўладими, барибир. Чунки, нима бўлганда ҳам хоссатан, ўзларингиз Хўжандийнинг сўзларидан мен тушунган фикрларни қабул қилмаслигингиздан бахтиёрман. Шунингдек, одамлар орасига унинг гапларини шарҳлаб ва тўғрилаб тарқатаётганингиздан ҳамда (мужтаҳид) имомларга кўрсатаётган эҳтиромингизни, мужтаҳидлик мартабасига етишмаган кишиларнинг мазҳаббоши имомларга эргашишлари зарурлигини унинг ичига қўшиб қўяётганингиздан ҳам бахтиёр бўлдим.
Учрашиш ҳақида гапирадиган бўлсак бас, мен унинг бирор  фойдаси бор, деб ўйламайман.  Кечаги учрашганимизда мен фақатгина битта нарсани ҳис қилдим. У  ҳам бўлса баъзи фойдали ишларни рўёбга чиқаришим мумкин бўлган уч соат вақтимни зое қилганимдир.
Марҳамат қилиб самиймий  саломларимни қабул қилсангиз!..”
Ушбу  китобим ҳақида менга етиб келган раддиялар-у мунозараларнинг бори мана шу. Ушбу раддиялар мен ёзиб таъкидлаган гапларни янада қаттиқроқ ушлашимга ундайди.
Зеро, мен аниқ билдимки, мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир. Китобимда ворид бўлган гаплар  ана шу ҳақиқатнинг тўғри эканлигини очиб беради. Юқоридаги сабаб тақозо қилган айрим қўшимчалардан ташқари унга бирор бир  ҳарфни қўшимча қилишимнинг кераги йўқдир.
Мен ҳали ҳам Хўжандийнинг рисоласини очиқ ойдин  ҳақиқатдан оғишмайдиган ва танбеҳ бериш ҳамда огоҳлантириш лозим бўлган оғир ва хатарли хатоларга йўл қўймайдиган ҳар бир адолатли араб тушунганидек тушунаман. Аллоҳ таоло бизларни аниқ иборалар ва жумлаларни тушунишимиз учун таъвил қиладиган, қайдлайдиган ва хослайдиган эшиклар очиб, албатта муаллифнинг мақсади мана будир, деб айтишга сўнгра ана шу ибораларни талаб қилинган шаклда!.. тушунишлари, қайдлашлари ва таъвил қилишларини умид қилиб ҳаммага тарқатиб чиқишимизга буюрмаган.    
Аллоҳ таоло  уларни шу ишларга мажбур қиладиган баъзи ҳолатлар содир бўлиб туришига қарамасдан, сўфийларнинг шатаҳотларини шу қадар ёки унинг яримича таъвил қилишимизга  буюрган эмас. Шундай экан,  албатта, у илмий ҳақиқатни баён қилаётган вақтида бутунлай аниқ ва шубҳадан ҳоли бўлган очиқ ойдин далилларга таянади, деб айтаётганлари- бир инсоннинг иборалари ҳақида шу ишни қилишимизга қандай қилиб амр қилсин?!..
Ҳақиқатдан ҳам у ўз мақсадини тўғри тушунтира олмаган ва у мен ёзиб таъкидлаган маънолардан бошқа нарсани кўзда тутган эмас, деб фараз қиладиган бўлсак, ҳар ҳолда  китобимнинг унга зарари етмайди. Аксинча Хўжандий менга ташаккур айтмоғи ва мен вафот этиб кетганимдан сўнг ҳаққимга дуойи хайр қилмоғи керак бўлади. Сабаби, мен шу ишим билан мусулмонлар унинг сўзларини нотўғри тушунишларининг олдини олдим.
Ундан сўнг, мазҳабсизликка чақирувчилар ва тарафдорлари орасида мен билан шайх Носирнинг ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳақида нотўғри гап сўзларни тарқатиб юрганлари бор. Аммо, ана шу гап сўзларга тўхталиб ўтиш ёки уларга жавоб қайтариш мен учун муҳим эмас. Зеро, менинг умидим бу мавзуда сарф қилган бор меҳнатим шариати исломияга хизмат қилишдир. Мен бунинг эвазини фақатгина улуғ Парвардигоримдан олишни истайман. Ана ундан кейин мана бу одамлар мен ҳақимда нима десалар деяверсинлар!
Бироқ, улар ёлғондан тарқатиб юрган гап сўзларнинг орасидан китобхонга бу ҳақдаги ҳақиқатни очиб беришим учун тўхталиб ўтишим керак бўлган жойлари бор. У ҳам бўлса менинг падари бузрукворим- у кишини Аллоҳ асрасин, у киши ҳам мунозарамизда қисман иштирок этган эдилар,- шайх Носирнинг фикрларини қўллаб қувватлабдилар ва унга қарши чиқишдан мени қайтарибдилар, деган сўзлардир!..
Бу миш-мишларга жим қараб турсам яхши  бўлмайди. Йўқса, бу миш-мишлар Дамашқнинг фақийҳи ва тақводор олими шайх Мулло Рамазон уларнинг фикрларини қўллаб қувватлабди ва бу борада мазҳабсизликнинг энг машҳур даъватчиси билан ҳамфикр бўлибди, деган даъволар билан оддий одамларнинг дилларини анави одамларнинг оғишган томонларига жалб қилиш учун тузоққа айланиб қолади.
Шунинг учун ҳам падари бузрукворим - у кишини Аллоҳ асрасин,- бу ҳеч қандай асоссиз ушбу бўҳтоннинг буюклигини, аслида гап бутунлай тескариси бўлганлигини  китобхонларга ёритиб беришимни буюрдилар. Мунозарамиз аниқлик билан ёзиб олинган тасма бунинг энг яхши шоҳидидир.
Қадрли китобхон ушбу муқаддима сўнгида отамизнинг бу ҳақдаги ўз имзолари билан ёзилган сўзларини учратади.
Ниҳоят, мен истардимки қарашларига тўғри келмагани учун бу китобим маъқул тушмаган кишилар мени маъзур тутсалар. Истардимки фақатгина Аллоҳнинг розилигини истаб ўтказиладиган мустақил илмий баҳснинг йўлини сақлаб қолган ҳолда уларни рози қилишга йўл топа олсам.
Бироқ, афсуски,  ана шу йўлни топишдан ожизман. Эҳтимол ожизлигимининг энг асосий сабаби анави оғайниларнинг кўплари –менга маълум бўлганидек,- ёзилган гапларни ўқишга ва саҳифаларни варақлаб айрим қаторларга кўз югуртиришдан кўпига сабр тоқат қилмаганлари, кейин эса тилларини истаганларича бўш қўйганликлари ва дилларида нафрат билан қолиб кетишларидир. Шундай экан қандай қилиб уларнинг кўнгилларини топиш мумкин? Ваҳоланки, унга олиб борадиган энг асосий ва энг яхши эшиклар батамом ёпиб қўйилган бўлса. Салафи солиҳ уламо ва имомларимиз ҳам баҳс мунозара қилишган. Улардан ҳар ким бошқаларникидан фарқланиб турадиган ўз фикр ва фиқҳий йўналишларини дафтарга қайд қилиб борган. Барчалари бир-бирларининг фикрларини диққат ва эҳтиром ила ўқиган. Ана шунда улар ё ихтилофлик масалаларнинг энг тор доирасида жам бўлишган ёки агар далиллар кучсиз ва шубҳалар кучли бўлса,  ҳар ким ўз фикри ва фиқҳий йўналишида қолган. Бироқ улар мунозара мажлисидан тарқалиб кетишларидан олдин ҳар бирлари бошқа бировини ҳурмат қилган, қадрлаган ва билдирган фикрлари учун узрларини айтиб кетишган.  
Демак, ўтиб кетган ўша даврларда илмга асосланган мунозаралар илмий уйғонишнинг энг муҳим омилларидан бири бўлган. Балки, иттифоқликнинг ва фикрлар хилма хиллигига барҳам беришнинг энг муҳим омили бўлган. Ана шундай мунозаралар бугунги кунда ҳам юқоридагиларни рўёбга чиқаришнинг энг муҳим гаровидир.
Мен ҳам ушбу китобимни ёзишда айни шу йўлни лозим топдим ва айни ана шу натижаларни кўзлаб иш тутдим. Шундай экан анави оғайнилар нима учун бизга кек ва адоват билан муомала қиладилар?.. Ўзлари норози бўлган ва юз ўгирганлари ҳолатда қандай қилиб бу китоб ва ундаги гапларнинг устидан ҳукм чиқарадилар?
Бир куни анави одамлардан айримларининг фикрлари тўғрисида улар нотўғри фикрлардир, деганимизда битталари: ҳақиқатда бу одам ижтиҳод қилган ва ўз фикрини билдирган. Кейин эса кўнгли таскин топган гапларни ёзган. Шундай экан сиз ҳам ёзинг ва унинг фикрини муҳокама қилинг, дейдилар. Бугун келиб уларнинг насиҳатини бажарамиз ва ўз фикримизни соф илмий доирада ёзамиз, деб турсак ёзганларимиздан нафратланишни бошладилар. Айримлари бизни келишмовчилик сабабларини қўзғатишликда айблаб китобхонларни уни ўқишдан қайтаришга ҳамда ўз вазифамизни қўйиб бошқасига ўтишликни тавсия қилишга тушиб қолдилар!!..   
Ҳақиқатда, диний ва ижтимоий зарар босмахоналарда чоп этилаётган   илм фаннинг турли хил жабҳаларига оид соф илмий объектив мунозараларда эмас, аксинча, диний ва дунёвий яхшиликларнинг ҳаммаси ана шулардадир.
Лекин, зарарларнинг энг зўри юксак илмий мунозарадан норози бўладиган, кейин унга ҳақорат ё нафрат ёки мутаассиблик ва маънавий қашшоқликнинг турли кўринишлари билан жавоб қайтарадиган кишиларнинг мавжудлигидадир.
Мен Аллоҳ азза ва жалладан тазарруъ қилиб сўрайманки ҳаётим давомида тарқатган барча илмий ишларимдан оладиган насибам бирор инсонга нисбатан ғаразгўйлик ёки дилдаги ғазабни қониқтирмоқлик ёки жоҳилона мутаассибликни алангалатмоқ  бўлиб қолишидан сақласин ва тилим билан қаламимни бирор бир мусулмон биродарнинг кўнглини оғритишдан қайтариб қўйсин.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Димашқ. 1390 ҳижрий/ 1970 милодий.

 

Падари бузрукворимнинг сўзлари


Мен, -Муҳаммад Саид Рамазоннинг отаси,- қуйидагиларни айтаман:
Албатта, Носирнинг гапларини мен тасдиқлаганим ҳақида гапирувчи одам баҳс ва мунозара илмидан умуман бехабар экан.
Менинг гапларим қандай қилиб уни қўллаб қувватлаганимни кўрсатади? Ахир мен унга мутлақнинг мазмунини билмаслиги тўғрисида гапириб бирор нарса умумлаштирилса ўша нарсанинг бир ўзи ирода қилинган бўлади, чунки, фақиҳлар айтадиларки, агар эр ўз хотинининг талоқ бўлишини унинг намоз ўқишига муаллақ қилиб айтса, бас, хотин шариатга номувофиқ  намоз ўқиса талоқ тушмайди, чунки уни намоз дейилмайди, деганимда рақибим мени тасдиқлади ва менга таслим бўлди. Кейин мен унга албатта, ушбу Мазҳабсизлик китоби  уламолар учун ёзилган, авомлар учун эмас, дедим. Унга айтганларимнинг мазмуни (қуйидагилар эди): Сиз муаллиф ўзи ишлатган сўздан нимани ирода қилгани ҳақида сўраш учун ўзингизга имконият топганингиздек,   муаллиф ўзи ирода қилган маънони сизга тушунтириб бермасдан туриб   унга жавобни ҳам  илмий истилоҳотларда топишингиз муқаррардир.
Ундан сўнг, қизиқ, қандай қилиб мен мужтаҳид имомларнинг мазҳаблари дин эмасдир, дейдиган одамни қўллаб қувватлашим мумкин. (Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ижтиҳод қилиш тўғрилигини, хато қилган бўлса ҳам мужтаҳиднинг намози дуруст бўлишлигини тасдиқлаганларини тушунтириб берганимдан сўнг) у менга: Бироқ бу намоз тўғри эмас, аксинча ботил намоздир, дейди. У ўзининг бу гапидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ботил нарсани тасдиқлаган, деган маъно келиб чиқишини англамайди. Йўқ! Асло мумкин эмас!
Мана шунинг ўзиёқ унинг ўз нафсига тобеълигини ва ўзининг ҳалокат чоҳига тушиб қолганлигини билмаётганлигини тўлиқ кўрсатиб турибди. Мунозара ёзиб олинган тасма бунинг энг яхши шоҳидидир.

Мулло Рамазон

 

Биринчи нашр  муқаддимаси

Мен бу мавзуда китоб ёзишдан мени қутқарадиган бирон бир мухлис одамни учратишни орзу қилар эдим.
Бугунги кунда ҳар бир мусулмон ўзини бағишлаши лозим бўлган ишлар - мусулмонлардаги вазиятни ўрганиш ва уларнинг табиатларида тўпланиб қолган ҳатто, уларни  ҳалокатга, тафриқа ва хорликка олиб келган, агар энг қисқа фурсатда ва энг яқин йўл билан ўзларини қутқариб қолишга шошилмасалар, заволга учраб йўқ бўлиб кетиш билан таҳдид солиб турган  хатарли иллатларни кўриб чиқиш каби ишлардан мени бирор нарса тўсиб қолмаса эди, деб жуда ҳам истар эдим.
Ҳа!  Очиқ  ойдин масалалар ва майда-чуйда ишлар билан машғул бўлиб ана шундай муҳим ишдан тўсилиб қолмаслигимни албатта хоҳлар эдим.
Аммо, ана шу очиқ ойдин масалалардан кўпини кимдир баҳс ва мунозара қилиш керак бўладиган ихтилофли масалага айлантириб сизнинг олдингизга олиб келса, сўнг уни фарзга айлантириб сиз қилмоқчи бўлиб турган муҳим ишнинг муолажаси йўлига катта тўсиқ қилиб қўйса   нима ҳам қилар эдингиз? Қон йўқотаётган бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун энг яқин шифохонага олиб боришга бутунлай берилиб турганингизда оёғингиз остидан бир киши чиқиб йўлингизни тўсса ва бояги одамни сиздан тортиб олиб энг аввал унинг баданини тозалаш ва унга зеб  бериш учун энг яқин ҳаммомга қараб олиб кетса нима ҳам қилардингиз?!
Ана шу беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳалиги мажнуннинг гапига қулоқ солишдан уни огоҳлантириш, сўнгра ундан беморни узоқлатиб яшин тезлигида шифокор ҳузурига олиб боришдан бошқа бирор йўлингиз борми?   
Бугун мусулмонлар бошига тушган мусибат бу одамлар тафаккуридаги имонсизлик, ҳаёт тарзларидаги енгилтаклик ва эътиқоддан йироқлашиш мусибатларидир. Ёзувчилар ва мутафаккирлар (мусулмонларнинг муаммоларига аҳамият берадиганлари) ана шу учта мусибатлардан бошқасини муолажа қилиш билан машғул бўлишлари яхши эмас. Лекин, мусулмонлар  вақтни зоеъ қилиб, ортидан янги мусибатни бошларига орттириб олишлари  мумкин бўлмаган бошқа масалалар сиз билан ҳалиги учта мусибатнинг ўртасига тўсиқ бўлиб турса қандай қилиб уларни муолажа қиласиз?  Қайрилиб  қарасангиз-у сиз иймоннинг кўчасига ва иймонга асосланган ҳаёт тарзига олиб келмоқчи бўлган анави одамлар билан унинг ўртаси қайтадан янги сабаблар билан тўсилиб қолганини, бас, уларнинг боши ҳам охири ҳам мавжуд бўлмаган ҳайрат доирасига тушиб қолганларини кўрсангиз қандай қилиб уларни муолажа қиласиз?  
Мазҳаббоши имомларга эргашмоқлик куфрдир!...
Муайян битта мазҳабга амал қилиш залолат ва шу мазҳабнинг имомини Аллоҳнинг ўрнига илоҳ қилиб олишликдир!...
Янги исломга кирган одам ана шу гапларга асосланиб мусулмонларнинг ҳамда уларнинг атоқли намояндаларининг тарихига, уларнинг аждодларига кўз югуртириб чиқади ва муртадлар, адашганлар ва ҳақиқатдан оғишганлар билан тўлиб тошган бир тарихни учратади холос. Унинг ўзи аслида уларнинг йўллари ва қилиб кетган ишлари ҳамда таржимаи ҳолларидан унга етиб келган хабарлар сабабли Исломга кирган бўлади... Мазҳаббоши имомларга эргашмасдан ўзи мустақил тажриба қилиб кўришга ва шариати исломни иккита манбаи- Китоб ва Суннатдан тушуниб олишга тушади. Ана шунда ўзини ва ўзига ўхшаганларни тўсиқ олдида туриб қолган ва жоҳилликка  шўнғиган ва сувда қайиқсиз сузаётганларини кўради.  
Шундай экан бирон бир кузатувчининг қўлини тутмасдан туриб сиз қандай қилиб ижтиҳод қиласиз ва  қандай қилиб унинг ортидан бирор натижага эришасиз? Қандай  қилиб бу йўл сизга бирор бир самара келтирсин?
Мен бу гапларни сизга хаёлдан олиб гапирмаяпман. Балки бу ўз кўзларим билан яққол кўрган ҳақиқий воқеликнинг тасвиридир. Димашқ университетининг адабиёт факультети талабаларидан биттаси менинг олдимга келиб  ўзининг Исломга ва ибодатларга янгитдан киришганлигини, имом Шофеийнинг фиқҳий мазҳабларида ёзилган бир китобчани ўқиб ўша мазҳабда ибодат қилаётганлигини, бироқ, мусулмон одамнинг тўртта мазҳаблардан муайян биттасига амал қилишлиги мумкин эмас, кимки шу ишни қилса кофир бўлади ва Исломнинг тўғри йўлидан адашган бўлади, мусулмон одам аҳкомларни бевосита Китоб ва Суннатдан олишлиги керак, деган гаплар ёзилган бир китобча қўлига тушиб қолганини айтиб берди. Ана шу талаба Қуръоннинг маънолари ва аҳкомларини билишлик у ёқда турсин, ҳатто уни ўз қоидаларига мувофиқ ўқий олмаслигини менга тушунтириб мен нима қилишим керак?, деб савол берди. Мен унга нима деб жавоб беришим керак эди? Мен Исломнинг  буюк муаммолари билан машғулман. Уни қўйиб аҳамиятсиз бўлган шунақа майда масалаларни муолажа қилишим яхши эмас. Бизга керак бўлмаган янги муаммоларни кўтариб чиқмагунга қадар бу ҳақда бирор нарса гапирмайман, дейишим керакмиди?!
Ҳақиқатдан ҳам янги муаммоларни кўтариб чиқишнинг менга кераги йўқми?  Ростдан ҳам ана шу талабага ўхшаганларнинг мияларини чалғитиб юрган муаммони бир оғиз сўз билан ҳал қилиб бермасдан туриб катта муаммоларни ўрганишим ва  одамларга уларни ҳал қилишнинг  йўл йўриқларини кўрсатиб беришим мумкинми?
У одам фақат биттамидики, уни бир четга тортсам ва ихтилоф қўзғамаслик ҳамда янги чигалликлар чиқармаслик учун одамлар ва улар машғул бўлиб турган ишларидан холи жойда   қулоғига пичирлаб уни ҳақ йўлга бошлаб юборсам. Шубҳасиз, ана шу китобча бунга ўхшаш юзлаб одамларни эсанкиратиб ташлади, ўз тарихлари хусусида шубҳаларга олиб борди ва қайтадан Исломнинг ҳақиқий моҳиятидан бехабар одамларга айлантириб қўйди. Демак, бу мавзуни очиқчасига ўрганиш лозим. Уни ҳам эътиборсизлик қилишга йўл йўқ бўлган катта муаммолардан бири деб ҳисоблаш лозим. Одамларнинг бир гуруҳи   ана шуни исташмоқда. Ана шундай қилиб бу ишни бизга фарз қилиб қўймоқдалар. Улар қони кўлмак бўлиб оқаётган беморни шифохонага олиб бориш учун йўлни тўсиб қўйдилар ва ўзлари унинг ишини ҳал қилиб кўринишига безак берадиган жойдан бошқасига олиб боришни хоҳламадилар. Бизлар кўзни юмиб: Манавилар билан ихтилофга боришлик беморнинг саломатлигига зарар беради. Бас, биз   индамасдан улар  нимани истасалар қилишларига  қўйиб берайлик, деб,  тилни тийиб ўтирадиган бўлсак ахмоқлик қилган бўламиз.
Йўқ! Асло жим турмаймиз ва ана шу кулгили ва аҳмоқона ҳужжатни деб нимани истасалар қилишларига ҳаргиз қўйиб бермаймиз. Биз ҳақиқатни ёритиб берадиган гапни гапиришимиз лозим. Уларнинг  ботилларига ёки алдовларига таслим бўлиб қолмасин учун ҳеч бўлмаганда беморни огоҳлантиришимиз лозим.  
Аслида шўнғимоқлигимизнинг кераги бўлмаган ишларга шўнғишга мажбур бўлаётганимиз ростдан ҳам афсусланарли ишдир. Мусулмонлар қадим замонлардан то бугунги кунга қадар одамлар икки қисмга- мужтаҳид ва муқаллидга бўлинишларини, муқаллид одам мужтаҳидлардан бирортасига эргашмоғи, агар улардан бирига эргашадиган бўлса хоҳласа умр бўйи эргашган ҳолда ўшани маҳкам тутиш ҳаққи борлиги, хоҳласа унда бошқа мужтаҳид имомлардан бирига эргашиш ҳаққи борлигини жуда яхши билган ҳолларида яшаб келдилар. Бу нарса мана шу замонамизда бир тоифа чиқиб одамларга янги ва ғароиб бир шариатни, битта мужтаҳидга эргашган кишини кофирга чиқарадиган, Китоб ва Суннатга эргашмоқлик маъсум(хато қилмайдиган)га эргашмоқликдир, тўрттала имомларга эргашишлик маъсум бўлмаган(хато қиладиган, адашадиган)га эргашмоқликдир, шундай экан одамларнинг ҳаммаси маъсум бўлмаганга эргашишликдан воз кечиб маъсумга эргашмоқлари лозимдир,  деб ҳукм чиқарадиган бир шариатни олиб келгунларига қадар давом этиб келди.
Дунёдаги барча оқиллар билган нарса шуки, одамларнинг ҳаммаси агар маъсумга эргашишликнинг кайфиятини ва унинг сўзларидаги маъноларни тушуниш учун керак бўладиган воситани билганларида эди ҳеч хам иккига- муқаллид ва мужтаҳидга бўлинмас эдилар, Аллоҳ таоло биринчи гуруҳ (муқаллидлар) ҳақида: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”, демаган бўлар эди. Маъсум эмасликларига қарамасдан муқаллидларни аҳли зикрларга эргашишликка буюрган.  Маъсум  бўлишига қарамасдан одамларни Китоб ва Суннатга қайтишга амр қилаётгани йўқ!.
Ҳеч бир оқил одам учун тушуниш қийин бўлмаган ана шу аниқ гапни такъидлашга муҳтожлигимиз ростдан ҳам кишини хафа қиладиган ишдир. Лекин ана шу ранжитадиган иш бугун бизларга рўбарў бўлиб ўтирибди. Зеро, улардан бирлари (исмини ёзишни ва ўзини таништиришни истамабди) “Мусулмон одам тўртта мазҳабдан бирига эргашмоқлиги мажбурийми?”, деб аталган бир китобчани тарқатибди ва уни (Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий ал-Маккий, Масжидул Ҳаром атрофидаги мударрис) таълиф қилган дебди. Китобчанинг ичидаги гапларнинг мазмуни мен юқорида зикр қилиб ўтган гапларим, кимки тўртта мазҳабдан бирини ўзига лозим тутса кофир бўлиши, мужтаҳид имомларга эргашганларни аҳмоқ, нодон ва адашганлиги, улар ўз динларини парча парча қилганлар ва гуруҳларга бўлиниб олганлардан эканлиги,  улар Аллоҳ таоло: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар,” (Тавба:31) деб айтган кимсалар тоифасиданликлари, улар амаллари юзасидан энг зиёнкор,  бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлар қаторидан эканликларидир.
Ўз исмини сир тутган ана шу тарқатувчи ўша китобини илмсизлар, талабалар, ишчилар ва  бошқалардан иборат турли табақадаги мусулмонларга тарқата бошлаган. Ана ўша одамлардан кўплари нима қилиш кераклигини  сўраб ўзининг бор инон  ихтиёрини менга ташлаган ҳолда менинг олдимга келдилар. Улардан бирлари шодланиб менинг ҳузуримга келиб деди: “Кўрдингизми,  сизлар ўзларингизни қийнаб ўрганиб юрган фиқҳ ва ислом қонунчилиги деб атаганларингиз  мужтаҳид имомларнинг тушунчалари экан холос. Ва у аслида имомларнинг Қуръон ва Суннат билан боғлаб эришган қонунчиликка оид мафкураларининг самарасидан бошқа нарса эмас экан”. Ўша китобчада келган жумлалар орасидан ўзининг айтган гапларига далилларни менга  кўрсата бошлади. Кейин эса: “Ислом фақатгина ибодатлари ва ҳаммага маълум бешта арконидан иборат бўлиб, бир аъробий уларни бир неча дақиқада ёдлаб олар кейин эса уни ўз ҳаётига татбиқ қилишга тушиб кетарди. Ана шу айни Исломдир. Сизлар эса Фуқаролик, Жиноий ва халқаро қонунлардан кўпи Китоб ва Суннатда мавжуд, Ислом дин ва давлатдир..., деб бизларга даъво қиласизлар. Мана сизлар даъво қилаётган гапларни айнан масжидул Ҳаромнинг мударриси ёлғонга чиқариб ёзибди”, деди.
  Кишини  хафа қиладиган ана шу воқеалар қаршисида мен нима қилмоғим керак эди?  Бунақанги мунозаралар билан машғул бўлишлик энг муҳим масалалардан воз кечишликдир, деб биладиган бир гуруҳ одамларнинг рўй хотирини қилиб юзимни тескари қилиб жим ўтиришим керакмиди?       
 Тушиб  қолган ҳолатларини мен сизга қисман тавсифлаб берган ана шу одамларнинг ҳайратини муолажа қилишдан ҳам муҳимроқ бирор нима борми? Шофеий, моликий, ҳанбалий ва ҳанафий мазҳабларидаги минг минглаб буюк алломалар кофир бўлишмаган ёки залолатга кетишмаган, аҳмоқ ҳам саводсиз ҳам бўлишмаган эканликларини, аксинча, улар мусулмонларнинг имомлари бўлиб шариати исломни ҳимоя қилиш ва уни одамларга етказиб беришдаги хизмат уларга тааллуқли эканлигини тушунтириб беришдан кўра муҳимроқ яна нима бор? Ўзи қидириб юрган нарсасини ана шу китобчада кўрган ва немис шарқшуноси Исломнинг душмани Шахт (3) ўйлаб топган Ислом фиқҳи фақатгина қонунчилик фиқҳи бўлиб у энг сара қонуншунос одамларнинг Китоб ва Суннатга нисбат берилса яхши бўладиган изланишлари самарасидир, деган шарқшуносликнинг буюк ёлғонларини (атайлаб) ғайрат ва шижоат билан такрорлаб юрган ўша одамга тушунтириб беришдан кўра муҳимроқ нарса нима? Шахт ўзининг бу гапларига китобчанинг аввалида келган айни далилни- Исломнинг мазмуни шунчалар осон ва қисқаки,   аъробий уни бир неча дақиқада ёдлаб олар, кейин эса “Аллоҳга қасамки, бунга бирор нарсани қўшимча қилмасман,” деб кетар эди деган гапларни хужжат қилиб келтиради ва шундай экан бунчалик кўп аҳкомлар қаердан пайдо бўлиб қолди?, дейди. Мен айтаманки, бу гапларнинг хурофот ва ботил эканлигини, бу одамларнинг қанчалар жоҳил эканликларини тушунтириб беришдан ҳам муҳимроқ нима бор?
Ана шуларнинг барчасини тушунтириш ва ҳақиқатни очиб ташлаш керак.
Аммо мен ушбу китобимнинг варақларини китобчанинг муаллифига ўхшаб кофир, залолатга кетган, аҳмоқ, нодон, кўр кўрона эргашиш ва бошқа сифатлар билан тўлдириб ташламоқчи эмасман. Аксинча, ҳар бир масалани ҳаддан ошиш ва нуқсонга йўл қўйиш томонларидан узоқ бўлган ҳолимда мавзума-мавзу соф ва илмий йўл билан шарҳлайман. Ана шу икки томон ҳозирги ва бошқа замондаги олимлардан кўплари рақибнинг гапларини  нотўғрига чиқариш ё дилдаги адоват ёки мутаассиблик сабабли дучор бўлиб қолган фалокатларнинг асосидир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ҳаммамизни тўғри йўлга бошламоғини ва дилларимизни ғаразгўйлик, мутаассиблик ва макру ҳийлалар ёмонлигидан покламоғини сўрайман. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва хабардор зотдир.

Муҳаммад Саид Рамазан ал-Бути
Дамашқ 23 зул-қаъда 1389 й. 30 январ 1970  

 

Хўжандийнинг рисоласидаги гапларнинг қисқача мазмуни

Аввало, муаллифи ва ношири ким бўлишидан қатъий назар китобхонни ана шу рисоланинг қисқача мазмуни билан таништириб ўтсам яхши бўлади. Ана ундан сўнг ушбу хулосага қараб келгуси бўлимлардаги баҳснинг мавзусини белгилаб оламан. Бу ишда бирор бир шахсий ғаразни қўшмасдан, бирор бир олимни эси пастга ё аҳмоққа ёки бирор бир ёзувчини кофирга чиқармаган ҳолда соф илмий услубга асосланиб Аллоҳ ва Унинг расулига самимий бўлишни қасд қиламан.  Бунинг  муқобилига китобхондан менинг ягона умидим шуки, менга ўхшаб назари соф, фикри тоза бўлса ва ўқиётганларини фақатгина илмга ихлос билан ўқиса, ўзини ё мафкурасини таассубчилик ёки қарамлик билан боғлаб олиш ўрнига илми уни бошлайдиган йўлга эргашса. Ана шундан кейин китобхон кўрадики, мусулмонларнинг тўртта мазҳабларга эргашмоқлари масаласини деб муаммолар чиқариш ва шовқин сурон кўтаришлик ҳеч бир сабабсиздир ва ноўрин тортишув, одамлар айтганларидек бир пиёла сувдаги бўрон(арзимаган сабаб билан бўладиган ғавғо)дир.
Рисола муаллифи ўзининг баҳсини иймон ва Исломнинг ҳақиқатини баён қилишдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом ҳақида сўраган Жиброил ҳадисини, “Ислом бешта нарсага бино қилинган...” ҳадисини, “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Расулаллоҳ, менга бир амални кўрсатингки, мен уни қилсам жаннатга кирайгин”, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ”, деб шаҳодат келтир, дедилар...” ҳадисини, “Бир киши келиб ўз туясини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари яқинига боғлади. Кейин у зотнинг олдиларига кириб Исломнинг энг асосий арконлари ҳақида сўради...” ҳадисини келтиради. Сўнгра муаллиф ана шуларга асосланиб Ислом бир неча оғиз калима ва ҳар қандай аъробий ёки мусулмон тушуниб олса бўладиган енгилгина ҳукмлардан ташқари нарса эмаслигини, уни тушуниш шу даражада осонки, на имомга тақлид қилишга ва на бирор мужтаҳиднинг этагидан тутишга муҳтож бўлинмаслигини таъкидлайди.   Охирига бориб мазҳаблар аҳли илмларнинг қарашлари ва айрим масалалардаги тушунчаларидан бошқа нарса эмаслигини, ана шу қарашлар ва тушунчаларга эргашмоқни Аллоҳ таоло ҳам Унинг Расули ҳам ҳеч кимга фарз қилган эмаслигини... Шуларга асосланадиган бўлсак тўртта мазҳаблардан бирига ёки бошқасига амал қилишлик фарз ҳам мандуб ҳам эмас. Мусулмон одамга улардан айнан биттасига амал қилмоғи лозим эмас, аксинча ким барча масалаларда улардан айнан биттасини ушлаб оладиган бўлса бас, у мутаассиб, ва у кўр-кўрона эргашиб хатога йўл қўйгандир. У ўз динларини парчалаб гуруҳларга бўлиниб олганлар тоифасидан бўлишлигини исботлашга ўтади. Рисола муаллифининг бу гапига Исломга амал қилишлик Китоб ва Суннатга амал қилишдан ўзга нарса эмас. Бу иккиси (хатодан) маъсумдир. Аммо мазҳаббоши имомларга эргашишликка келсак Китоб ва Суннатнинг ҳукмини қўйиб бошқасига юзланишликдир. Бу эса маъсумга эргашишликнинг ўрнига маъсум бўлмаган(адашадиган)га эргашмоқликдир, деган далилни келтиради. (“Мусулмон одам тўртта мазҳабдан бирига эргашмоқлиги мажбурийми?” рисоласи: 6 -7 с)
Ундан сўнг муаллиф мазҳабларнинг бидъат эканлиги ва улар дастлабки уч асрдан сўнг пайдо бўлганлиги, демак улар шубҳасиз залолат эканлигини таъкидлайди... Муаллиф ўз ўзига инсон қабрга қўйилгач мазҳаби ёки тариқати ҳақида сўралишига бирор бир далил бормикан?.., деган саволни беради.   
Сўнгра муаллиф тўртта мазҳаблар жаноби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳаблари билан рақобатлашиш ва уни четлатиш учун пайдо бўлган деган  тасаввурга боради ва шундай таъкидлайди: “Амал қилиш ва эргашмоқлик вожиб бўлган ҳақиқий мазҳаб шубҳасиз, жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, сўнгра хулафои рошидинлар розияллоҳу анҳумларнинг мазҳабларидир. Шундай бўлгач ушбу мазҳаблар қаердан пайдо бўлиб қолди ва нима учун кенг тарқалиб кетди? Нима учун уларга эргашишлик мусулмонларнинг зиммасига юклаб қўйилди?” (Рисола: 12 с.)
Имом Деҳлавийдан ўзининг гапини қувватлайдиган бир гапни нақл қилади. Ундан: “Кимки тўртта имомлардан бирининг барча сўзларига амал қилса, Китоб ва Суннатда келган гапларга эътимод қилмаса, батаҳқиқ Ижмоъга хилоф иш тутибди ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлдан юрибди !!..”, (4) деган сўзини ривоят қилади.
Сўнгра мусулмон одам агар бирорта имомга эргашадиган бўлса  умрининг охиригача уни маҳкам тутиши вожиб эмаслигини, ким агар бир масаланинг ҳукмини Китоб ва Суннатдаги далиллар ёрдамида англаб етадиган бўлса ҳамда у ҳақдаги турли ҳил далилларни ва уларнинг мақсадларини англаб етгандан кейин ҳам ўз имомининг мазҳабига таассуб қилиши, Китоб ва Суннатдан ўзи англаб етган маъноларга қарши бориши жоиз эмаслигини    кўрсатиб берадиган далилларни келтиради ва нақлларни ривоят қилади. Кейин тақлид қилмоқ билан тобеъ бўлмоқликнинг ўртасини ажратишга тушиб кетади. У тақлид қилишни мункар ва ёмон иш, тобеъ бўлмоқни эса яхши ва мақбул ишга чиқаради. Тобеъ бўлиш унинг фикрича, тобеъ бўлинган одамдан бошқа бировнинг фикри ва мазҳаби ҳақида эмас Аллоҳ ва Унинг Расулининг ҳукми ҳақида сўрашлигидир. (14,15с.)
Ундан кейин таъкидлайдики, агар айрим масалалар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ривоятлар бир неча хил бўлса-ю улардан қайсиниси олдин ва қайсиниси кейин айтилгани маълум бўлмаса, носих ҳадис аниқ бўлмаса, бас, сен бир унисини бир бунисини олиб уларнинг барчасига амал қилишинг керак бўлади. Сўнг тафриқага бўлиниб кетган  ана шу мазҳаблар  шу асосга амал қилинмагани учунгина вужудга келганлигини ёзади. (17с.)
Ана ундан кейин қайтиб яна юқорида айтган гапини- мужтаҳид одам адашиши ҳам тўғрисини топиши ҳам мумкин, шунинг учун унга эргашиб бўлмаслигини, аммо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса хато қилишдан маъсум эканликлари бас, у кишидан юз ўгиришлик мумкин эмаслигини такрорлайди. У ўзининг бу гапини қувватлаш учун муқаллид ўзи ўрганган, англаб етган ва чуқур тадқиқ этган Китоб ва Суннатдаги аниқ ва равшан далилга қарамай бир имомнинг мазҳабига таассуб қилишидан қайтарадиган турли хил далилларни келтириб ўтади.
Ундан кейин муаллиф муайян бир одамнинг мазҳабига амал қилиб яшаш бидъат эканлигини яна такрорлайди ва саҳобаларнинг ҳаммалари Аллоҳнинг китоби ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига, далил топилмаган тақдирда ўзлари учун аниқ бўлган фикрга мурожаат қилар эдилар, деган даъвони қилади... Сўнгра учинчи ҳижрий асрдан кейин мазҳабга эргашиш ва тақлид қилиш деган бадъатлар пайдо бўлди.. Муаллиф имомларнинг мазҳабларига тақлид қилувчиларни қаттиқ қўрққан эшакларга ўхшатади ва уларни фирибгар, қайсар ва шайтонга етишган кимсалар деб сифатлайди. (24,25с)
Кейин Китобдаги насслардан кўра имомларининг гапларига тобеъ бўлишни авло деб билган ана у одамларга қарата таъна тошларини отишга ўтади ва Китоб ва Суннатдаги далилни чуқур тадқиқ этиб англаб етганидан кейин ҳам уни қўйиб имомга таассуб қилиш ҳақида имомларнинг ўзлари тарафидан айтилган кўплаб гапларни далил қилиб келтиради. У ана шу сўзлар билан тақлид қилиш ва битта мазҳабни ушлаб амал қилишнинг ҳаромлиги ҳақидаги аслий даъволарининг ўртасини боғламоқчи бўлади. (28-34 саҳифалар).
Муаллиф охири барча мусулмонларни Исломнинг ҳукмларини тушуниб етиш учун бевосита Китоб ва Суннатни ўрганишга чақириб Китоб ва Суннатдан ҳукм олишлик осон иш, бунинг учун машаққат чекишнинг кераги йўқ, зеро, бу ишда Муватто, икки саҳиҳ китоб, Абу Довуднинг сунани, Жомеут Термизий ва Насоийлардан ташқари нарса сизга керак эмас, дея таъкидлайди. (40 с. ).
Ана ундан кейин бир далилни чуқур ўрганиб чиққан олимнинг гарчи ўзи билган  ўша далилига хилоф фикрда бўлсада имомга тақлид қилишидан қайтарадиган  кўпгина далилларни қориштириб ташлайди ва муайян бир мазҳабни ушлаб амал қилишни бутунлай тақиқлайдиган асл даъвосини баён қилади. (40 ва ундан кейинги саҳифалар.)
Муаллиф китобхоннинг диққатини ибн Халдуннинг “Муқаддима”сини мутолаа қилишга қаратади. Унинг айтишича “Муқаддима”да  мазҳабларнинг вужудга келиши ва кенг тарқалишига адолатсиз сиёсатлар ва  молу мулк ғаразида бўлган ажам халқларнинг тожу-тахтга эгалик қилганлари сабаб бўлганлиги ифодаланган. (40с).
Рисолада  келган гапларнинг қисқача мазмуни ана шулардир. Демак, рисоланинг барча фасл ва баҳсларида, келтирилган турли хил ибораларида қандай даражад бўлмасин мусулмон одамнинг тўртта мазҳаблардан бирортасини ушлаб амал қилишлиги ҳаром эканлиги, улардан биттасини лозим тутишлик залолат ва куфр эканлиги, бу иш Аллоҳнинг ўрнига одамларни илоҳ қилиб олишлик эканлиги, мусулмон одам бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олиши лозимлиги, агар бунга қодир бўлмаса гоҳ унисидан сўраб, гоҳ бунисига эргашиб ва баъзан иккинчисига эргашган ҳолда мазҳабни алмаштириб туриши вожиблиги таъкидланади.
Шайх Носирнинг фикрича ушбу рисолада биз келтириб ўтган ана шу иборалар ва бандлардаги нотўғри тарафларини тузатадиган ва танқид қилишга йўл қолдирмайдиган бир жумла бор. Бу жумла рисоланинг 29- саҳифасидаги Хўжандийнинг қуйидаги гапларидир: “Билгилки, олимларнинг сўзлари ва қиёсларини олишлик таяммумнинг ўрнидадир. Сув йўқ бўлган вақтдагина ундан фойдаланилади. Китоб ва Суннатдан насс ва Саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг сўзлари бор бўлган жойда уларга амал қилиш вожиб. Уни қўйиб уламоларнинг гапларига ўтиб кетилмайди.”
    Ўртамизда бўлиб ўтган мунозарада шайх Носир бизга худди шундай деди.
    Шайх  Носир фахр билан бизга кўрсатган ана шу бандда катта офат ва оғир муаммони учратиб қолдик. Бу, одамлар айтганларидек, сабр косасини тўлдирган охирги томчи бўлиб чиқди. Бир масала ҳақида Китоб ва Суннатдан насс топсак мусулмонлар унга амал қилишлари вожиб, имомларнинг ижтиҳодларига мурожаат қилиш уларга ҳаром!!..  Бу  гапни шунақанги ажоиб қилиб ким гапирди? Бу гапнинг қаери тузатадиган? Биз ушбу рисолани ана шу ажоиб гапларга раддия қилиб ёзмадикми?  
Имом Бухорий ва Муслимларнинг “Саҳиҳ”ларини бугунги саводсиз одамларнинг олдига қўйинг ва ундаги иборалардан дийний аҳкомларини тушуниб олишларини айтинг. Кейин эса қандай қилиб дин ўйинчоққа, таваккалчилик ва илмсизликка айланишини томоша қилинг. Аллома Хўжандий билан унинг хатолари ва ботил гапларини   ҳимоя қилаётган устоз Носирлар шуни истайдиларми? Шайх ибн Қоййим ва унга қўшилиб олимлар ва имомларнинг барчалари  айтадиларки, фақатгина Сунан китобларини ўзлаштириш билан фатво беришлик дуруст бўлмайди. Балки, унга қўшиб ҳукм чиқариб олиш даражасига етишган,  изланиш ва назар қилиш қобилиятини ўзлаштирган бўлиши лозимдир. Агар унда ана шу нарсалар мужассам бўлмаса бас, унга Аллоҳ таолонинг: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”, деган амри фарз бўлади.
Шайх Хўжандий ва унга қўшилиб устоз Носирлар: “Китоб ва Суннатдан насс,  Саҳобаларнинг сўзлари бор вақтда ўшанга амал қилиш вожибдир. Уни қўйиб уламоларнинг гапларига ўтилмайди!!.”, дейдилар.  Бизлар қайси бирларига ишонайлик: уламолар, уларнинг ичларидан ибн Таймия,  ибн Қоййим ва ҳоказолар иттифоқ қилган гапларгами ёки Хўжандий ва у билан бирга шайх Носирлар бир тараф бўлган “фойдали” рисоладаги гапларгами?!!
Энди Хўжандийнинг гапини тааммул қилиб кўринг. Сиз унинг қинғир қийшиқ гапларида ажойиб илмсизликни кўрасиз. Унинг тасаввурича имомлар мусулмонлар эргашишлари мумкин бўлган ўз ижтиҳодларида Китоб ва Суннатдаги нассларга асосланмаган фикр ва қарашларига таянганлар. Одамлар тақлид қилишлари мумкин бўлган томони мана шунинг ўзгинасидир. Ана шу бизга лозим бўлган таяммумдир. Имомлар учун Қуръон ва Ҳадисдаги далилларга асосланмасдан туриб ижтиҳод қилишлари мумкин ҳам эмас ва тўғри ҳам бўлмайди. Китоб ёки Суннатдан бирор далил бўлмасдан туриб диннинг бирор бир масаласида ижтиҳод қилган имом   бу иши билан динга ўзи тарафидан қўшимча киритган бўлади. Натижада, ҳеч бир мусулмоннинг унга эргашмоғи мумкин бўлмайди ва шариатда сувнинг ҳам, таяммумнинг ҳам ўрнига ўтмайди.  
Имом Шофеий ўзларининг “Рисола”ларида шундай ёзадилар: “Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳеч кимга ўзидан олдин ўтиб кетганларнинг илмига, Китоб, Суннат, Ижмоъ, саҳобаларнинг сўзлари ва мен юқорида айтиб ўтганим Қиёсга асосланмайдиган бўлса, гапириш ҳуқуқини берган эмас. Фақатгина қиёслаш асбобларини, Аллоҳнинг Китобидаги ҳукмлар: фарз, одоб, носих ва мансух, ом ва хос ҳамда иршодларнинг илмини  ўзида жамлаган одамгина қиёс қилиши мумкин”.
Сиз кўрасизки, ижтиҳод бобида ҳукм чиқариб олишнинг   энг кўп ишлатиладиган тури бу Қиёсдир. Китоб ва Суннатдаги нассга ёки саҳобаларнинг сўзларига таянилмаган бўлса ана шу Қиёснинг ҳам ўзи дуруст бўлмайди. Шахсий фикрларига асосланмаган бўлсалар аслида Саҳобаларнинг сўзлари ҳам  суннатнинг  бир туридир.
Яна унинг тасаввурича шаръий ҳукмни билмасликнинг биргина сабаби ўша ҳақда насснинг мавжуд эмаслигидир. Аммо, қачон Китоб ва Суннатда унга насс топилса билмасликнинг барча сабаблари йўққа чиқади ва одамлар ундан шариат ҳукмини англаб олишда бир хил  имконият эгаси бўлиб қоладилар. Ана шунда бу масалада имомларга тақлид қилишга эҳтиёж қолмайди.
Нассларнинг мазмунини ва улардан ҳукм чиқариб олиш йўлларидан хабардор одам шу гапларни гапирадими?..
Албатта, савдо содиқ битимида сотувчи ва харидорнинг ўзаро шартлашув асосида келишиб олишлари  ҳақида тадқиқотчи олим Китоб ва Суннатдан насслар топиши мумкин бўлган бир масаладир. Шу билан бирга ижтиҳод қилиш ва ҳукм чиқариб олишга ва унинг қонун қоидаларига иқтидори бўлмаса ана шу насслар ёрдамида битимларда бўладиган ўзаро шартлашувларнинг ҳукмини билмайди.  Ҳатто, ўша  битимнинг  дуруст бўлиши ёки дуруст бўлмаслиги ҳақидаги ҳукмни  ҳам  била олмайди.
Мусулмонлар урушда қўлга киритган ерларнинг ҳукми ҳақида ҳам олим одам Китоб ва Суннатдан аниқ ва равшан насслар топа оладиган масаладир. Шундай бўлсада мен мазҳабсизликнинг энг илмли тарафдорларини чорлаб ана шу насслардан ўша ҳукмни чиқариб олишга уринаётиб бошлари айланиб  кетади дейман.
Фиқҳнинг бошқа мавзуларидаги катта кичик масалалар ҳам шулар кабидир.
Демак, Хўжандийнинг “Китоб ва Суннатдан насс ва Саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг сўзлари бор бўлган жойда уларга амал қилиш вожиб. Уни қўйиб уламоларнинг гапларига ўтиб кетилмайди”,  деган сўзининг тўғри маъноси қаерда? Ана шу гаплардан сўнг таяммумга эҳтиёж ёки ўрин қолдимикин?
Шайх Носирга ана шу гапларни қисман ёритиб берганимизда кейин бизларга Хўжандийнинг бу гапида айрим сўзлар қолдириб кетилган. Ана шу қолдирилган сўз бу: “Агар нассни ўрганаётган киши ундан ҳукм чиқариб олишга иқтидори етадиган даражага етса”дир. Биз унга “Хўжандийнинг сўзидаги “حيث” (...ган жойда, ...ган пайтда) маъноси умумий бўлган сўзларданку”, деганимизда у “Ана шу умумийлик хос маънони ифодалайди”, дея туриб олди. Биз бу умумийликни хослаш учун ҳеч бир сабабни қабул қила олмаслигимизга араб тили ва асослари уламоларидан ҳеч бири бизга умумий лафзларни хослайдиган сўзларни санаб бераётганида шайх Носирнинг бошқаларнинг гапларига киритадиган қайдларини ҳам айтиб ўтмаганликларини сабаб қилиб кўрсатдик.     
 
Рисоланинг  муаллифи имомларнинг (агар шу масалани ўрганаётган кишига аниқ ва равшан бўлса) далилга қарамасдан мазҳабларга таассубчилик қилишини таъқиқлаб айтган сўзларини ўзининг даъвосига далил қилиб келтиради.
Рисоланинг муаллифи бу борада иттифоқ бўлинган масалаларнинг ўртаси билан ҳеч бир мусулмон айтмаган гапларнинг ўртасини чалкаштириб ташлайди.
У биринчи томоннинг далилларини иккинчи томоннинг даъволарига хужжат қилиб келтиради. Ваҳоланки, у далиллар ва қарашларга асосланган илмий мавзуда изланиш олиб бораётган экан аввало баҳс ва мунозара ўринларини таҳрир қилиши ва ўзининг далил ва даъволарини ана шу хилоф доирасига чеклаши кейин қандай истаса ўз даъвосида давом этиши керак эди. У одам шу ишни қилмаган.
Демак, биз муаллиф билан мунозарани бошламай туриб у қилмаган ана шу ишни қилишимиз, бас, мунозара мавзусини белгилаб олишимиз, бизлар билан барча мусулмонлар ўртасида муттафиқ бўлинган бандларни аниқлаб олишимиз керак. Токи, баҳс ва мунозара майдонидан четда қолиб кетмаслиги учун, токи, унга вақтни зое қилмаслик учун ва токи мунозара қилаётган мавзуни  ўрганаётган вақтимизда (бизлар билан барча мусулмонлар ўртасида муттафиқ бўлинган бандлар) бизга халақит бермаслиги учун.

Ихтилофсиз масалалар

Бу ёқда ихтилофсиз масалалар ҳам борки Хўжандий уни деб ўз рисоласини ёзган хатарли даъвонинг моҳияти ҳақида мунозара қилаётганда уларни  узоқроқ тутиш лозим.  
Биринчиси: Мазҳаблардан бирига эргашувчининг  ўша эргашишида бардавом бўлишлиги шариат тарафидан мажбурий эмас ва бир мазҳабга амал қилишдан иккинчи мазҳабга амал қилишга ўтса ҳам монелик йўқдир. Мусулмонлар муқаллид одам агар мазҳаблари ва қарашларининг тагига етган бўлса мужтаҳид имомлардан ўзи истаганига эргашиши мумкинлигига иттифоқ қилганлар. Масалан у ҳар куни тўртта имомлардан битталарига эргашмоғи мумкин. Агар  кейинги асрларда муқаллиднинг мазҳабма-мазҳаб кўчиб юришини маъқулламайдиганлар чиқиб қолса,  демак,  уларнинг бу ишлари мусулмонлар ноҳақ дея иттифоқ бўлишган жирканч мутаассибчиликдир.
Ҳар қандай тадқиқотчига маълумки, ана шу ихтилофсиз масала муқаллид одам айнан битта мазҳабни лозим тутмасин ва мазҳабини ўзгартириб турсин деган даъводан бошқа нарсадир. Яъни, биттасини лозим тутмасин дегани лозим тутса ҳаром бўлади, дегани эмасдир.
Иккинчиси: Муқаллид бирор бир масалани англаб етишга ҳаракат қилиб Китоб ва Суннатдан, ижтиҳод асосларидан унинг далилларини топса ўша масалада ўзи эргашиб келаётган имомининг мазҳабидан воз кечиши керак бўлади ҳамда модомики ўзида мужассам бўлган илмий иқтидорига таяниб ижтиҳод қилиш имкони бор экан у имомга тақлид қилиши ҳаром бўлади. Бунга уламолар ва мазҳаббоши имомларнинг ўзлари иттифоқ қилганлар. Демак, ўзи чуқур ўрганиб, далиллари ва асосларини яхшилаб англаб етган ўша масалада ижтиҳод қилиб етишган фикридан кўра эргашаётган имомининг фикрини устун қўйишлиги ҳаром экани шубҳасиздир.
Бу каби тадқиқотчини мазҳаб доирасидаги мужтаҳид деб аталади. Бунга сабаб Усулул фиқҳ китобларининг барчасида зикр қилиб ўтилганидек, ижтиҳоднинг турлари бор. Бас, ким ижтиҳод воситалари устида ишлаб фиқҳий масалалар ва фиқҳий мавзуларнинг ҳаммасида ижтиҳод қилиш имконини берадиган малака соҳибига айланса, демак, у мустақил мужтаҳиддир. Ким бир масалада ўз меҳнатини сарф қилиб ўша масалани аслий далиларидан ўзлаштириб олишга ва англаб етишга қодир бўлса, демак, у мазҳаб ичидаги мужтаҳиддир.
    Шайх Носирга ана шу машҳур ҳақиқатни тушунтириб берганимизда ҳайратга тушиб бунақанги тадқиқотчи “муттабиъ” деб аталади, дейди.
    Одамларни икки синфга- мужтаҳид ва муқаллидга тақсим қилганимга эътироз билдирди ва масалан ўзининг айрим масалаларни далилларигача ва тубига қадар ўзлаштирганлигини, шу билан у (шайх Носир) ижтиҳод бобида тўртта мазҳаббоши имомлар етган даражага етмагани ва ўзининг оддий муқаллид одамларга ўхшамаслиги шубҳасизлиги, шундай экан у ва унга ўхшаганлар учинчи бир тоифа бўлишларини ҳужжат қилиб келтирди!!.
Биз фиқҳ ва усулул фиқҳнинг ҳамма уламолари қатори шундай деймиз: шубҳасиз у ўзи ижтиҳод қилиш мартабасига етишган масалада мужтаҳид, бошқа масалаларда эса муқаллид бўлади. Уламоларнинг ижтиҳод билан тақлиднинг ҳар қайсиси  бир неча қисмга бўлинади, деган сўзларининг маъноси ана шудир.  
Агарчи кейинги асрларда ана шу таассубга мойил бўладиган ва бу билан мусулмонларнинг ижмоъсини тан олмайдиган кишилар яна пайдо бўлса, бас, албатта,  бу таассубчиликнинг, одамларга кўрсатиб қўйиш ва огоҳлантириш  вожиб бўлган жирканч тарафкашликнинг бошқача бир кўринишидир.
Яна, ҳар бир тадқиқотчи олимга маълумки ана шу хилофсиз масаладан аҳкомлар олинган далилларни билмайдиган муқаллидни ҳеч вақт тақлид қилишни тарк этишга ва бевосита Китоб ва Суннатдаги нассларга таяниб иш қилиши келиб чиқмайди.
Учинчиси: Тўртала имомларнинг ҳаммалари ҳақ йўлдадирлар. Шу маънодаки, агар  ўша ижтиҳод қилинадиган масалаларда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига ирода қилган ҳукмини тўғри топа олмайдиган бўлса, улардан ҳар бирининг қилган ижтиҳоди Аллоҳнинг ҳузурида уни маъзур қилиб қўйгандир. Демак, у  ўша масалада ўз ижтиҳодидан келиб чиқиб иш қилиши керак.
Шунинг учун муқаллиднинг ўзи истаган     мужтаҳид имомга тобеъ бўлиши ҳаққа тобеъ бўлиш ва тўғри йўлни тутиш деб ҳисобланади. У мужтаҳид имомлардан бирига тобеъ бўлишни ихтиёр қилар экан ундан бошқа имомларни адашган деб фикр қилмаслиги керак. Шунинг учун ҳам уламолар ҳанафий мазҳабидаги намозхоннинг шофеий, ёки моликий  мазҳабидаги имомга иқтидо қилиши ёки аксинчасини дуруст деб иттифоқ қилганлар.
Ҳа! Дарҳақиқат, аввалги уламолар шофеий мазҳабидаги мусулмоннинг ҳанафий мазҳабидаги мусулмонга иқтидо қилиб, ёки аксинча намоз ўқиши тўғри дея иттифоқ қилганлар.
    Маълумки, бу ерда умуман “намоз” ҳақида гапирилмоқда. Биз  умумий қилиб “намоз” деганимизда мукаммал намозни назарда тутган бўламиз. Яъни, бу ўриндаги “намоз” муқтадий ўзи иқтидо қилган имомнинг  иқдтидо қилувчининг мазҳабига асосан намозни бузадиган бирор амал қилганидан бехабар бўлган намоздир. Бинобарин, масалан шофеий мазҳабидаги мусулмоннинг хотинига тегингандан кейин намоз ўқийдиган ҳанафий мазҳабидаги мусулмон ортидан  унинг ўша ишини билиб туриб намоз ўқиши борасида уламоларнинг  ихтилоф қилишлари    бу умумийликка кирмайди. Чунки бу ҳолат мукаммал  намоз тушунчасига дохил бўлмайди, демак,  умумийликка у кирмайди. Шунга биноан шофеий мазҳабидаги мусулмоннинг ҳанафий мазҳабидаги мусулмонга иқтидо қилиши дуруст деб умумий тарзда айтишликнинг танқид қиладиган ери йўқдир. Масалан мен: “Боғнинг орқасида намоз ўқиш жоизлигига иттифоқ қилганлар”, десам, албатта, эгасидан тортиб олинган боғда намоз ўқиш жоиз эмаслиги “боғ” калимасини умумий қилиб ишлатишимга раддия бўлолмайди.
    Булар усулул фиқҳга оид бирор бир қитобда мутлақ ва муқайяд бобини ўқиб ўрганган ҳар қандай одам тушунадиган очиқ ойдин гаплардир. Бироқ, шайх Носирга шуни тушунтираман деб ўртамизда мунозара бекорга чўзилиб кетди. У -ўртамизда бўлиб ўтадиган мунозараларда- фақат бир сўзни такрорлар эди: “Аммо мутлақ токи уни қайдлайдиган нарса келмагунча мутлақлигича қолади”. Гўёки у маъноларининг ўртасида катта фарқ борлигини идрок қилмасдан туриб “албатта умумий лафз токи уни хусусийга айлантирадиган нарса келмагунича умумийлигича қолади!!..”, дер эди. Шунинг учун мен унинг назарида .... га имомлар иттифоқ қилишган, деб умумий қилиб айтганимда адашганман. Чунки, иқтидо қилган имоми муқтадийнинг мазҳабига асосан намозни бузадиган иш қилиб қўйганини билиб туриб намоз ўқиганнинг намози дурустлиги борасида уламоларнинг ўрталарида катта ихтилофлар бўлгандир. Менинг ана шу ихтилофни тасдиқлашим ва қувватлашимни имомларнинг иттифоқи учун хатарли чеклаш деб эътиборга олди. Балки, уни барча гапларимни йўққа чиқарадиган ва бу гапим билан масжидларда бир нечта меҳроблар бўлиб одамлар алоҳида алоҳида жамоа бўлиб намоз ўқишлари керак дейдиганлар сафига тушириб қўядиган чеклаш деб ҳисоблади. Гарчи мен бу гапни қоралашимни ва мўътадил йўлни танлаганимни кўрсатиб турган бўлсамда.
    Шайх Носир ўзининг “Сифату солатун набий с.а.в” китобининг 231- саҳифасида шундай деган: “Биродаримиз Доктор Бутий ўзининг “Мазҳабсизлик...” китобида ҳанафийнинг шофеийга иқтидо қилиши дуруст эканлигига ижмоъ бўлинган, дея даъво қилади. Мен унга бу даъво бутунлай нотўғрилигини - тааммул қилинг!!- тушунтирганимда у: “Яъни, мазҳаби имомнинг мазҳабидан бошқа бўлган муқтадийнинг наздида имомнинг намози дуруст бўлишлиги шарти билан”, деган жавобни берди. Бу гапи билан у ушбу масалада мўътадиллик йўлини тутаман деган даъвосини барбод қилди”.
Яъни, мазҳаби бошқа бўлган имом ортида намоз ўқиётган муқтадийнинг намози барча ҳолатларда тўғри бўлади, демасак  Албоний бу масалада мўътадилликни кўрмаяпти. Имом муқтадийнинг мазҳабига асосан намозни бузадиган иш қиладими йўқми, муқтадий буни биладими йўқми, барибир!.
      Биз эса устоз Носирга бир имомга иқтидо қилган бўлсангиз-у имомнинг чўнтагида бир шиша спирт борлигини билсангиз нима қилган бўлар эдингиз, деган саволни берамиз. Ваҳоланки спирт шайх Носирнинг ижтиҳодича нажас ҳисобланади. Даъво қилиб чиққанимдан кейин  тарк қилганимга афсусланаётгани мўътадиллик йўлини тутиб спирт билан намоз ўқиётган ўша имомга иқтидо қиладими ёки ўзи айтаётган ана шу мўътадилликни бир четга сурадида масжиднинг бошқа бурчагига ўтиб алоҳида жамоат билан намоз ўқийдими?
    Албоний кўплаб мусулмонларнинг ва биз солиҳ деб эътиқод қилганларимизнинг жанозасига бормаслигини биз албатта яхши биламиз. Бунинг ягона сабаби улар шайх Носирнинг мазҳабига асосан куфр ёки ширк деб билган айрим ишларга қўл урганларидир. Бу масалада иқтидо ҳам эргашиш ҳам йўқ. Ана шундан кейин у ўз ижтиҳодига кўра намозни бузувчи амални қилган деб эътиқод қилган одамининг намозига иқтидо қиладими?!
    Мен мусулмонларнинг мазҳаблари турлича бўлсада бир бирларининг ортида намоз ўқишлари дурустлигига имомларнинг ижмоъ қилганликларини нақл қилганимда ўйнаб гапирганим эмас. Илмий мунозаралар вақтида ўзим эътиқод қилмайдиган гаплар билан ўзимни кўрсатишлик гарчи бу иш менга нисбат берилсада, менинг ишим эмас. Зеро, бу масалада айтган гапим тўғридир. Ифода  қилиш услубларини ва усулул фиқҳ қоидаларидан хабари бор ҳар бир одам буни билади. Фақиҳларимизнинг  модомики муқтадий намоз бузилганлигини аниқ билмас экан тўртта мазҳаблардан бирортасига эргашадиган ҳар қайси  мусулмоннинг ортидан намоз ўқиши дуруст, аммо, бунда муқтадийнинг намози дуруст бўлиш бўлмаслиги имомнинг эмас муқтадийнинг эътиқодига қараб эътибор қилинишига суянадиган бўлсак агар имом намозни бузадиган иш қилганини аниқ билса, бас, муқтадийнинг намози ботил бўлиши тўғридир, деган сўзлари   ҳақиқий мўътадилликдир. Масалан, фотиҳа сураси олдидан бисмиллоҳни ўқимаганига ишончи комил бир имомга шайх Носир иқтидо қилса ва шайх Носирнинг ижтиҳодига кўра бисмиллоҳ “фотиҳа”дан бир оят ҳисобланса ҳамда уни тарк этишлик билан намоз бузиладиган бўлса, бас албатта бизлар шайх Носирнинг унга иқтидо қилмаслигини мўътадилликдан узоқлашиш деб ҳисобламаймиз.
    Шубҳасиз, бизлар инкор қиладиган ва мўтадиллик деб билмайдиган нарса -бу айрим одамларнинг ўз мазҳабларида бўлмаган кишининг ортидан (ҳаттоки у мукаммал бир намоз бўлган бўлса ҳам), умуман намоз ўқимасликларидир. Биз  зикр қилиб ўтган Ижмоъ уларнинг замонларида бўлиб ўтган аввалги эътимодли фақиҳларимиз орасида гарчи устоз Носир ўзининг китобида шу ишни қилганлари бор деган бўлсада, ана шу каби қабиҳ мутаассибчилик мазҳабида юрганлари бўлмаган. Агар бор бўлса устоз Носир ана ўша фақиҳлардан бир тоифасининг исмларини бизга айтиши, уларнинг китобларида ёки  таржимаи ҳолларида ана шу гаплар ёзилган мавзеларни кўрсатиб бериши керак эди.
Дарҳақиқат, кейинги вақтларда айрим ўлкаларда бир гуруҳ одамлар ана шу иттифоқ бўлинган ҳақиқатга тўғри келмайдиган фикрларни билдиришган. Бироқ бу ҳам динда ҳеч бир ўрни бўлмаган қабиҳ мутаассибликнинг кўринишларидан биридир. Барча воситаларни ишга солиб мусулмонларни бундан огоҳлантириб қўйиш керак. Албатта, масжидларнинг ичида бир нечта меҳроблар бўлиши ва ўша меҳроблардан ҳар бирининг тўртта мазҳаблардан бирининг номи билан аталиши ҳеч бир маъносиз ва оқлаб  бўлмайдиган жирканч бўлинишнинг энг ёмон кўринишидир. Кўзининг ўнгида жамоат билан намоз ўқилиб тургани ҳолда баъзи авомларнинг жамоатнинг имоми бошқа мазҳабда бўлганлиги учунгина унга қўшилмасдан масжиднинг бир четига ўтиб ўзларининг мазҳабларидаги имомни кутиб бошқа одамга иқтидо қилмасдан қараб туришлари ва фақатгина унга иқтидо қилиб ўқисалар намозлари дуруст бўлади деб билишлари- айтамизки, кўплаб авомлар ёки олим деб танилган кишилар орасида кенг тарқалган бу ишлар диннинг ҳеч бир асосига таянмаган. Барча замонларда имомлар ва уламолар фақат бунинг аксига иттифоқ қилганлар. Одамларни бу одатда ушлаб турадиган нарса иккитадир: ана ўша одамларнинг ҳеч бир асоссиз таассублари ва шу каби мансабларни мерос қилиб олган одамларнинг  манфаатдорликларидир.
Юқорида зикр қилинган ана шу учта ишлар якдил бўлинган масалалардандир. Биз уларни эслатадиган кишига ҳам ёки уларни тасдиқлайдиган кишига ҳам қарши чиқмаймиз. Уламолар ва имомлар -раҳимаҳумуллоҳ,- ўз мунозараларида буларни тасдиқлаганлар ва китобларида ёзиб қолдирганлар. Рисоланинг муаллифи келтирган имом ибн Қоййим, Изз ибн Абдуссалом, Шоҳ Деҳлавий ва бошқаларнинг гаплари фақат ана шу учала гаплар тўғрисидадир. Эътиборли олимлардан ҳеч бирлари булар ҳақида уларга қарши чиқишмаган ва бирор кишининг чиқиши мумкин ҳам эмас.
Агар рисоланинг муаллифи ўз рисоласидаги баҳсини ана шулар асосида олиб борса ва бу борада ўша имомлар қилган ишга эргашиб   шу жирканч мутаассибликнинг барча кўринишларини қаттиқ рад қилганида эди  биз унинг ушбу китобини бош-у қошимиз устига қўйган бўлар эдик ва унга хилоф қилишимиз ёки уни қоралашимиз мумкин бўлмай қолар эди. Лекин бу мунозарачи  ана шу насслар ва далилларни олиб мавзуга алоқадор бўлмаган бошқа бир даъволарга қўшиб юборди. Ана шу якдил бўлинган ишларга хилоф қилиш ҳаромлиги ҳақидаги далилларни тўртта мазҳаблардан бирини лозим тутиш ҳар қандай одам учун ҳаромлигига ҳужжат қилиб келтирди. Унинг бу масалага қандай алоқаси бор?
Шунинг учун унинг бу далиллари ўзининг даъвосига раддия бўлиб келган. Чунки у ўз даъвоси тўғрилигига шофеий мазҳабига мансуб Изз ибн Абдуссаломнинг, Ҳанафий мазҳабига мансуб Камол ибн Ҳумомнинг, Ҳанбалий мазҳабига мансуб ибн Қоййимнинг ва Ҳанафий мазҳабига мансуб Деҳлавийнинг гапларини далил қилиб келтиради. Муаллиф муайян бир мазҳабга амал қилишлик ҳаромдир деган даъвосига ана шу олимларнинг ҳаммалариниинг сўзларини далил қилиб келтиради. Ваҳоланки уларнинг ўзлари у ҳаром деб айтаётган ишни қилиб бўлганлар!!.

Рисоладаги янги гаплар: уларнинг далиллари ва уларга раддиялар


Мана энди китобнинг бобларидан мунозарамизга дахли йўқ бўлган масалаларни, низосиз ва муттафақун алайҳ  бўлган ишларни таъкидлаш учун эгалари келтирган ўша нассларни ҳам чиқариб ташлаганимиздан сўнг-  ана шуларнинг барчасидан кейин муаллиф қасд қилган асосий масала бўлмиш янги ва хатарли бир даъвони учратиб турибмиз. У ҳам бўлса, ким бўлишидан қатъий назар мусулмон одамнинг тўртта мазҳаблардан бирига амал қилиши ҳаром ва унинг бу иши кўр кўрона таассубчилик ҳамда очиқ ойдин адашишликдир. Бу ишни қилганлар, ана ўшалар динни парчалаган ва гуруҳ гуруҳ бўлиб олганлардир. (7 саҳифа)
Келинг, бу даъвонинг тўғри тарафини очиб берайлик ва ўша муттафақун алайҳ бўлган учта масалани беркитиб турган пардани олиб ташлайликда у даъвонинг ҳужжатини ва асосларини сўраб кўрайлик. Имомлар унинг учун келтирган далил ва хужжатлар ушбу даъвога умуман дахли йўқ бўлган масалалардир. Шу даъвони қиладиганлар муттафақун алайҳ бўлган ўша масалаларнинг далилларидан бирортасини олиб туришлари ёки ўз даъволарини улар билан қувватлашлари ва уларга таянишлари мумкин эмас.
Рисоланинг муаллифи ана шу даъволари учун қандай далилларга суянди?
Унинг қисқача далиллари қуйидагилардир:
Биринчи далил: Ислом дини ҳар қандай аъробий ёки мусулмон одам тушунадиган бир нечта осонгина аҳкомлардан бошқа нарса эмас, деган даъво. Бунга юқорида (5-6 саҳифалар) келтирган ўша ҳадисларни ҳужжат сифатида келтиради. Албатта, мазҳаблар ҳам аҳли илмларнинг баъзи масалаларни тушунишдаги қарашларидан ташқари нарса эмас. Ана  шу қарашларга эргашишни Аллоҳ таоло ҳам Унинг расули ҳам ҳеч кимга фарз қилган эмас...
Биз шундай деймиз: Агар Исломнинг аҳкомлари Расул алайҳис салом ўша аъробийнинг қулоғига қуйганларидан кейин у тўппа тўғри манзилига кетган ўша саноқли ишлар билан чегаралангани тўғри бўлса, Саҳиҳ ва Муснад китоблари мусулмон одамнинг ҳаётига алоқадор турлича аҳкомларни ўз ичига қамраган минглаб ҳадислар билан тўлиб тошмаслиги керак эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сақийф қабиласидан келган гуруҳга бир неча кунлаб Исломнинг аҳкомларини ва Аллоҳнинг уларнинг зиммасидаги мажбуриятларини ўргатаман деб толиққанликларига қарамасдан соатлаб оёғларида тик турмасликлари керак эди.
Ҳақиқатда, Расул алайҳис саломнинг одамларга Исломни ва унинг арконларини талқин қилишлари бир иш, уларга ана ўша арконларни қандай бажариш кераклигини таълим беришликлари бошқа бир ишдир. Нариги иш учун озгина фурсат бўлса кифоя. Бу иш эса меҳнатни, ўрганиш ва сабр тоқатни талаб қилади.
Шунинг учун ҳам Ислом арконларини қисқа муддат ичида умумий  тарзда англаб етган ўша мусулмон жамоаларга уларнинг ичларида яшаган ҳолда Исломнинг турли аҳкомлари ва мажбуриятларини уларга таълим беришлари учун ўзларининг энг хос саҳобаларини қўшиб юборар эдилар. Зеро, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни Нажронга, Алий розияллоҳу анҳуни Яманга, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу билан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни ҳам Яманга, Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳуни Сақийфга юбордилар. Ана ўшаларнинг ҳаммаларини рисола соҳиби ҳужжат қилиб келтирган ўша Исломни тез англаб оладиган аъробийга ўхшаганларга таълим бериш учун юбордилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатиб тушунтирганларига қўшимча тарзда уларга шаръий аҳкомларни батафсил ўргатишлари учун (юбордилар).
Устоз Носир биз аниқ ёритиб берган ана шу гапларнинг очиқ аксини ифодалайдиган иборалари учун у бухоролик ажам киши бўлганидан ўз фикрини аниқ баён қила олмаган!!, деб Хўжандийни оқлайди ва шу китобни ёзишга қурби етгани учун унга ажру савоблар сўраб дуолар қилади ҳамда бизни  мусулмонларнинг сўзларини улар ҳақида яхши гумонда бўлиш принсипига асосан тушунишга чорлайди.
    Бизлар эса иборадаги хато билан талаб қилинган маънонинг аксига ҳужжат келтиришликнинг ўртасида қандайдир  боғлиқлик мавжуд бўлишидан ажабланамиз. Ҳар ҳолда биз Хўжандийнинг рисоласидан иборадаги хато ва ажамликнинг кўринишларини излар эканмиз ажамлик ёки иборани аниқ ифода қилолмаслик кўриниб турган бирорта жумлага кўзимиз тушмайди. Шундай экан устоз Носир ажам бўлган баъзи сўфийларнинг шатаҳотларини уларнинг ибораларидаги нотўғрилик ва ажамлик асарлари сабабли маъзур тутармикин?! Бу ўринда бизларни чорлаб турган  “яхши гумонда бўлиш” принсипига унинг ўзи  риоя этармикин?!
Ҳа. Исломнинг илк даврларида Исломдан ўз ечимини ва ҳукмларининг баёнини талаб қиладиган  муаммолар оз бўлган. Бунга ўша пайтларда Ислом унчалик кўп ерларга тарқалмагани ва мусулмонларнинг оддийликлари сабаб бўлган. Лекин, кейинчалик Ислом кириб борган ерларнинг кенгайиши, авваллари мавжуд бўлмаган кўпгина анъаналар, урф одатлар ва манфаатлар юзага келиши сабабли бу муаммолар кўпая борди. Ана шулардан барчасининг ўзига алоқадор ҳукмлари бўлиши керак эди. Уларнинг манбаси Китоб ёки Ҳадисдаги насс, Ижмоъи уммат  ёки асосга қилинадиган Қиёс бўладими, барибир эди. Чунки, буларнинг барчаси Исломнинг негизи ва мақомидан  келиб чиқадиган манбалардир. Аллоҳ таолонинг ҳукми уларни англаб етиш, ўрталаридаги тартиб ва улардан қандай қилиб ҳукм чиқариб олиш учун белгилаб қўйилган шартлар асосида ана шу манбалар бизларни бошлаб борган нарсалардир.
Шундай экан Ислом билан тўртта имомлар ва улар кабилар Исломнинг ана шу асосий манбаъларидан чиқариб олган ҳукмлари ўртасидан қанақа фарқ бор?! Рисола муаллифи қандай қилиб: “Албатта, мазҳаблар ҳам аҳли илмларнинг баъзи масалаларни тушунишдаги қарашларидан ташқари нарса эмас. Ана шу қарашларга эргашишни Аллоҳ таоло ҳам Унинг расули ҳам ҳеч кимга фарз қилган эмас”, дейди.
Ахир бу Исломнинг ёвуз душмани бўлиб  танилган олмон шарқшуноси Шахт –қайсарлик ва кибр билан- оғиз тўлдириб гапирган ноҳақ гапларнинг ўзгинаси ку.
Шахт шундай ёзади: “Албатта, мазҳаббоши имомлар таълиф қилиб кетган Ислом фиқҳи фақатгина қонунчилик иши бўлиб у энг сара қонуншунос одамларнинг Китоб ва Суннатга нисбат берилса яхши бўладиган изланишлари самарасидир”. Унинг бу мавзуда ёзган китоби Оврўпадаги Дорулфунунлар ўз талабаларига биринчи бўлиб сабоқ берадиган китобидир.
Агар рисола муаллифи билан олмон шарқшуноси Шахтларнинг гаплари тўғри бўлса, демак, бунинг маъноси “Фуқаролик ҳолатлари ҳақидаги қоидалар”нинг кўпгина ҳукмларига амал қилишлик биз учун шаръан ҳеч нарса эмас. Чунки улар мазҳаббоши имомларнинг ижтиҳодлари ва раъйлари бўлиб рисола муаллифининг таъбири билан айтганда уларга тобеъ бўлишни Аллоҳ ҳам, Унинг расули ҳам ҳеч кимга фарз қилмаган. Шунингдек, эртага уламолар қўмитаси томонидан тузиладиган Исломдаги фуқаролик Кодексига амал қилиш ҳам биз учун шаръан ҳеч нарса эмас. Чунки, унинг кўпгина аҳкомлари ижтиҳодлар ва қарашлар бўлиб Аллоҳ ҳам Унинг расули ҳам уларга амал қилишни бизларга фарз қилиб қўймаган!!.
Ундай бўлса Ислом дин ва давлатдир, деб айтишимиз қандай қилиб тўғри бўлсин?!. Ва нима учун Шахт истаганидек, Ислом фақат диндан иборат эканлигини  эълон қилиб ўз хатомизни тўғрилаб қўймаймиз?!
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга исломнинг аҳкомлари ва ҳалол ҳаромдан таълим беришлик вазифасини юклаб зеҳни ўткир, онги тоза ва яхши истинбот қилиши билан ажралиб турадиган саҳобаларини қабилалар ва диёрларга юборар эдилар. Агар Китоб ва Суннатдан аниқ бир ҳужжат  уларга керак бўлиб қолса ижтиҳод қилганликлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишларини тасдиқлаганликларига бу уммат ижмоъ қилгандир.
Абу Довуд ва Термизий Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яманга юбораётиб унга: “Агар бирор масалага рўбарў келиб қолсанг нима қиласан?”, дедилар. Муоз: “Аллоҳнинг Китобига қараб ҳукм чиқараман”, деди. “Аллоҳнинг Китобида бўлмасачи?”, дедилар у зот. “Унда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати билан”, деди Муоз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳ Расулининг суннатида ҳам бўлмасачи?”, дедилар. Муоз: “Раъйим билан ижтиҳод қиламан ва бўш келмайман”, деди. (Муоз) дедилар: “Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг кўксимга урдилар ва: “, Аллоҳ расулининг элчисини Аллоҳнинг расули рози бўладиган ишларга муваффақ қилган Аллоҳга шукрлар бўлсин!”, дедилар”.
Ушбу ҳадисни Шуъба Абу Авндан, у Ҳорис ибн Амрдан, у Муознинг дўстларидан, улар Муознинг ўзидан ривоят қилган. Ибнул Қоййим “Иъломул Муваққаъийн” китоби(1\202саҳ.)да бу ҳақда шундай деган: “Бу ҳадис гарчи номлари зикр қилинмаган ровийлардан ривоят қилинган бўлсада, ўша кишилар Муознинг дўстлари бўлгани учун бу ҳадисга унинг зарари тегмайди. Чунки бу ана шу ҳадиснинг машҳурлигини кўрсатади. Чунки бу ҳадисни ривоят қилаётган Ҳорис ибн Амр уни Муознинг битта эмас бир гуруҳ дўстларидан ривоят қилмоқда. Ва бу уларнинг орасидан исми зикр қилинган битта кишидан ривоят қилинганидан кўра машҳурроқдир... Муознинг дўстлари орасида (муҳаддислар томонидан ҳадис тўқишда) гумондор деб топилган, каззоб ва тан олинмаганлари борлиги маълум эмас... Ҳадис илмининг  баъзи имомлари: “Бирор бир ҳадиснинг иснодида Шуъбани кўрсангиз, бас, бу ҳадисни маҳкам ушланг”, деганлар. Абу Бакр ибн ал-Хатиб айтадилар: “Убода ибн Насий у ҳадисни Абдураҳмон ибн Ғанамдан, у эса Муоздан ривоят қилган, деган гаплар ҳам бор. Бу муттасил иснод бўлиб ундаги ровийлар ишонарли одамлар сифатида танилганлар. Ҳар ҳолда аҳли илмлар уни ривоят қилиб далил келтирадилар учун ҳам биз бу ҳадис уларнинг наздиларида саҳиҳ экан деган тўхтамга келдик”.”
Булар илмли саҳобаларнинг ижтиҳодлари ва тушунчаларидир.  Улар  Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тасдиқлари ва розиликлари билан одамлар орасида шулар билан ҳукм чиқарар ҳамда шулар асосида иш кўрар эдилар. Бас, шундай экан қандай қилиб улар ҳақида: “Албатта, булар  Аллоҳ таоло ҳам Унинг Расули ҳам уларга эргашмоқни ҳеч кимга фарз қилиб қўймаган  оддий ижтиҳод ва тушунчалардир”, дейиш мумкин?!
Демак, Исломнинг аҳкомларини тушунишлик биз юқорида эслатиб ўтган ўша ҳадисларни ҳужжат қилганича рисоланинг муаллифи тасаввур қилганидек осон иш эмас ва аҳкомлар ҳам саноқли  эмас экан. Аксинча, улар шу даражада бепоён ва кенг қамровликки, турли хил ҳолат ва шароитлардаги хосу-ом ҳамманинг ҳаётига алоқадор барча ҳукмларни ўз ичига қамраб олгандир. Уларнинг барчаси Китоб ва Суннатдан олинган: ё бевосита зоҳирий маъносига қараб, ёки назар қилиш, ижтиҳод қилиш ва истинбот воситасида. Мусулмон одам ана шу икки воситанинг қайси бири ёрдамида ҳукмни тушуниб олса,     ўзи ҳақидаги Аллоҳнинг ҳукми ана ўшадир ва ундан юз ўгириши мумкин эмас. Шунингдек, бир киши унинг олдига фатво сўраб келганида шу билан фатво берса, у учун ҳам Аллоҳнинг ҳукми ана шудир. Йўқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз асҳобларини турли қабила ва ўлкаларга юборишлари фойдасиз бўлиб қолар, ўша одамлар уларга қараб: “Сизларнинг тушунча ва ижтиҳодингизга тобеъ бўлишни бизга Аллоҳ ҳам Унинг расули ҳам фарз қилмаган!”, деган бўлар эдилар.
Иккинчи далил: Исломга амал қиламан деган киши Китоб ва Суннатга амал қилиши керак. Бу иккаласи хатодан маъсум. Аммо, мазҳаббоши имомларга эргашишлик эса маъсумни қўйиб маъсум бўлмаганга эргашишлик демакдир. (Рисоланинг 8 ва 12 саҳифалари)
 Биз шайх Носирдан сўрадик: “Имомларнинг мазҳабларини, ўзи айтганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “мазҳаб”ларига муқобил ва шерик қилаётган Хўжандийнинг ушбу мазҳабларни қоралаб айтган: “Эргашиш ва амал қилишлик вожиб бўлган ҳақиқий мазҳаб бу Жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидир”, деган сўзини қандай тушунасиз?”
У эса шундай жавоб берди: “Бу тўғри. Чунки имомларнинг мазҳабларининг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Набий алайҳис салом келтирган нарсада хато бўлмаган бир пайтда имомлар ўз ижтиҳодларида хато қилиб қўйган бўлишлари эҳтимоли бор!”. Биз: “Бироқ, имомларнинг ижтиҳод қилиб эришган самаралари адашадими йўқми, барибир диндан деб эътиборга олинади. Бунга далил у ижтиҳоди учун ажру савоб олиши, модомики ўз хатосидан воқиф бўлмас экан, унга асосан ибодат қилишликнинг вожиб бўлишидир”, дедик.  У эса мужтаҳиднинг ижтиҳоди Аллоҳ таолонинг илмидаги ҳақиқатга тўғри келмас экан диндан  ҳисобланмайди, деб туриб олди.
Шунда мунозарада қатнашаётганлардан бири- устоз шайх Аҳмад Раъфат Акбозли ундан сўради:
- Ижтиҳод динданми ёки диндан эмасми?
-Диндан.
-Қандай қилиб ижтиҳод диндан бўлиб, ижтиҳод орқали эришилган ҳукм диндан бўлмасин?
-Сиз аҳли илмларнинг мазҳабнинг лозими мазҳаб эмас, деган фикрларига хилоф гаплар билан мени айбламоқчисиз. Ваҳоланки, мазҳаб соҳиби ижтиҳод қилиш диндан, унинг лозими диндан эмас деб очиқ айтиб турибди!!. (Биз таржима қилмасдан айнан ўзини келтираётган “лозим”, “малзум” ва “лузум” калималари мантиқий иборалардир. Масалан, қуёшнинг чиқиши кундуз бўлганини билдиради, десак  қуёшнинг чиқиши “малзум”, кундуз бўлиши унинг “лозим”и, қуёш чиққандан сўнг кундуз бўлиши “лузум”идир. Бу ерда эса ижтиҳод қилиш “малзум”, ижтиҳод орқали эришилган ҳукм “лозим”, ижтиҳод қилгандан кейин бирор ҳукмга эришишлик “лузум”дир. Қўшимча маълумот учун: Али ал Журжонийнинг “ат-аърийфот”и “мим” бобига қаралсин.Тарж.)
    Сизга “мазҳабнинг лозими мазҳаб эмас” деган ана шу машҳур қоиданинг маьносини тушунишда шайх Носир қизиқ хатога йўл қўйганлигини тушунтириб беришим керак. Аввало, бу қоидани айтганларнинг ўзи уни қайси маънода тушунганликларини шарҳлаб берай: уламолар жумҳури айтадиларки,  бир имомнинг ўз мазҳаби борлиги маълум бўлса  ва унинг мазҳаби муайян бир принсипга риоя қилса, унинг ана шу принсип келиб чиққан  мазҳабга мансублигининг  ўзи билан  шу принсип унинг мазҳаби деб ҳисобланмайди. Чунки, у икки ўртадаги ана шу лозимликдан бехабар бўлган ёки унга эътибор бермаган бўлиши, натижада лозимини қўйиб малзумини асл деб ушлаган бўлиши мумкин. Эҳтиёткорликнинг тақозоси билан ўзи аниқ қилиб айтмаган гапларни унга нисбат берилмайди. Масалан, мўътазилалар нарсаларнинг зотида яхши ва ёмон сифатлари борки, уларни ақлнинг бир ўзи идрок қила олади, деб ҳисоблайдилар. Аҳли сунна вал жамоа эса бу мазҳабдан нарсалардаги яхши ва ёмон сифатлар аслида уларнинг табиатида бор, яратилган эмас, деган гап келиб чиқади. Натижада Аллоҳнинг нарсаларни яратгувчилик сифати ноқис бўлади ва бундай эътиқод бил иттифоқ куфрдир, дейдилар. Лекин бизлар мўътазилаларга мазҳабларининг ана шу лозимига қараб ҳукм чиқармаймиз ва уларнинг ўзлари аниқ айтмасалар   нарсалардаги яхши ва ёмон сифатлар зотийдир,  деб айтадилар, демаймиз. Чунки, улар ушбу лозимликка эътибор бермаган ёки уларнинг назарида бу гап ботил бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Аммо улар билан юзма юз бўлганимизда улар ана шу лозимликни тасдиқласалар ана шунда ўзлари тасдиқлаганлари ва аниқ айтганлари сабаблик  ўз мазҳабларининг лозими ҳам  улар учун мазҳабга айланади. Лозим  бўлишнинг ёлғиз ўзи билан эмас.
Бироқ, шайх Носир бу қоиданинг маъноси шуки, одам муайян мазҳабга унинг лозимига амал қилмасдан туриб ҳам эътиқод қилиши тўғридир. Агарчи ана шу лозимликни тушуниб тасдиқлаб турса ҳам!.., деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам шаръий ижтиҳоднинг диндан эканлигига ишонишлик билан ана шу ижтиҳод олиб келган ҳукмларнинг диндан эканлигига ишониш ўртасидаги лозимликни тан олишлик, шу билан бир пайтда ижтиҳод олиб келган ҳукм агар Аллоҳнинг илмида хато бўлса, диндан эмас деган фикрга келиш  унинг назарида тўғри иш бўлган бўлар эди.  Ҳаммасидан ҳам ажоиби у ўзи тутган йўлнинг тўғрилигига ана шу “мазҳабнинг лозими мазҳабдан эмас!..” қоидасини ҳужжат қилиб келтиради.
Ҳар ҳолда бу одам –катта қийинчиликдан сўнг,- ижтиҳодда хатога йўл қўйиш модомики мужтаҳид ўзининг хатосидан воқиф бўлиб ҳам унда бардоддий бўлмас экан,  диндан бўлишига иқрор бўлди. Ана шунда биз унга: “Шундай экан Хўжандий ҳеч бир мазҳаб имоми ўзининг хатоси аниқ бўлган масалада бардоддий бўлмаганини билиб туриб ҳам қандай қилиб тўртала мазҳабларнинг ҳаммаси ҳам ҳақ ва тўғри эмас дейди?”, деган саволни бердик. Ана шунда у Хўжандийнинг мазҳаблардан кўзда тутган асл мақсади уларга эргашгувчилар эканини гапиришга ўтди!!..
У  имомларнинг ҳамма фикрлари ҳам тўғри эмас. Чунки  улар ўз ижтиҳодларида хато қилган бўлишлари мумкин, шунинг учун уларнинг ҳаммаси диндан эмас, дея қарийб чорак соат мен билан мунозара олиб борди. Қачонки уларни диндан деб тан олишга мажбур бўлиб Хўжандийнинг гапи ботилга айланиб бораётганини кўргач: “Бироқ, бу одам фақат тақлид қилган имомларининг хатоларини кўриб ҳам унга тақлид қилишда доддий этган тобеъларни назарда тутган, айнан имомларнинг фикрларини назарда тутган эмас”, дейишга ўтиб олди.
Шунча гапларнинг барчаси Хўжандийнинг  хато қилган ва оғишган бўлишидан сақлаб қолиш, унинг ўзи алломаю рисоласи фойдалилигича қолиши учун бўлди холос.
Раббингиз ҳаққи, менга айтингчи: агар шу иш энг қабиҳ шаклу шамоилдаги таассубчилик бўлмаса, уни нима деб атаган бўлар эдингиз?!..  


Биз ана шу ажоиб гапга қўшимча қилиб қуйидагиларни айтмоқчимиз: сизлар бу далил билан кимга хитоб қилмоқдасиз ва кимнинг устидан ҳукм чиқармоқдасиз?.. Агар ўша одамлар муфтий ва имомнинг ёрдамисиз тўғридан тўғри Китоб, Суннат ва бу иккаласига Қиёс қилиш орқали ҳукмни англаб олишга иқтидорли  бўлсалар унда сизнинг далилингиз тўғри. Чунки у Аллоҳ ва Расулининг сўзларини бевосита англаб олишдан ожиз бўлмагани ҳолда  имомларнинг сўзларига тақлид қилишига рухсат йўқ. Лекин бу юқорида айтиб ўтганимиздек, баҳс ва мунозарамизга алоқаси йўқ масала. Зеро, қадимги ва ҳозирги мусулмонларнинг орасида бу масалада сизлар билан тортишадиган ва баҳслашадиган ҳеч ким йўқ. Агар бу гапларни ҳамма одамларга, ижтиҳод ва истинбот қилиш, далилларни ва уларнинг маъноларини англаб етиш воситаларига эга бўлмаганларга айтаётган бўлсангизлар унда бу ҳақиқатдан ҳам ажоиб гап ва унинг ҳеч бир маъноси тўғри бўлиши мумкин эмас.
Аллоҳнинг каломидаги маъсумлик жойи бу Аллоҳ таолонинг Ўзи шу каломи билан ирода қилган маъносидир. Суннатдаги хатодан маъсумлик жойи эса бу Расул алайҳис салом ўз суннатлари билан ирода қилган маънодир. Аммо одамларнинг улардан оладиган тушунчалари шу одамлар мужтаҳид ё уламо ёки илмсиз бўладиларми, барибир хатодан маъсум бўлишлиги даргумондир.(Башарти Китоб ва Суннатдаги насснинг маъноси ва собитлиги қатъий бўлса, уни ўрганадиган киши араб тилининг билағони бўлса,  шунда ҳам уни бехато тушуниши насснинг маъноси қатъийлигидан келиб чиққан бўлади). Агар Китоб ва Суннатдан ҳукм олишнинг воситаси фаҳмлаш бўлса, у иккисини фаҳмлаш биз юқорида истисно қилган сувратдан бошқа пайтда бехато бўлиши мумкин бўлмаган бир уриниш бўлса, у ҳолда авом одамнинг фаҳмлашга уриниб кўриши билан мужтаҳиднинг уриниб кўриши орасида қандай фарқ бор?!... Қуръон хатодан маъсум, сен тобеъ бўлган имом эса адашишдан маъсум эмас деган ҳужжат билан    оддий одамни тақлид қилишни тарк этишга чақиришнинг нима кераги бор?! Агар авом ёки жоҳил одамга Қуръондаги нассларни ва Аллоҳ таолонинг ундаги муродини бехато тушуна олиш иқтидори берилган бўлса, одамлар азал азалдан авом ва олимга, муқаллид ва мужтаҳидга бўлинармидилар?!..
Ўйлашимча рисола муаллифи мазҳаббоши имомлар ўз ижтиҳодларини Китоб ва Суннатдан ўзга бир манбаъдан оладилар, бинобарин, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидан алоҳида мазҳаб ва улар Набий алайҳис саломнинг мазҳаблари билан рақобатлашиш ҳамда уни четга итариб ташлаш учун пайдо бўлганлар, деган ҳаёлда бўлса керак. Шунинг учун у ўша мазҳабларга “алданганлар”нинг нигоҳини энг тўғри мазҳабга қаратмоқчи. Бунинг учун уларга Набий алайҳис саломнинг мазҳабида хато воқеъ бўлишидан маъсум бўлган бир пайтда бу мазҳаблар хато воқеъ бўлишидан маъсум эмас, шундай экан маъсумни қўйиб бошқасига қандай қилиб ўтиб кетасизлар?.. деган ҳужжатни келтиради. Бу ғароиб ҳужжатнинг маъносини истаганингиздек тааммул қилиб кўринг. Аллоҳга қасамки, унда биз юқорида айтиб ўтган ана шу маънодан бошқа нарсани ҳечам учратмайсиз. 
Учинчи далил: Шубҳасиз, инсон қабрга қўйилганидан сўнг мазҳаби ёки тариқатидан сўралиши ҳақида бирор бир далил мавжуд эмас!...(10 саҳ.).
Кўриб турганингиздек, бу далил рисола муаллифи Аллоҳ инсоннинг зиммасига юклаб қўйган мажбуриятларни билиб олиш учун мезон бу   шубҳасиз икки фариштанинг қабрдаги саволларидир,  деган эътиқодда эканлигини кўрсатиб турибди. Демак, икки фаришта нима ҳақида савол берса, у фарз, нима ҳақида савол беришмаса, у фарз ҳам эмас, шарийъатга мувофиқ ҳам эмас!.
Билмадим, ақоид китобларидан бирортасида икки фаришта маййитдан зиммасидаги одамларнинг қарзлари ва ваъдалари ҳақида, шаръан нодуруст бўлган савдо сотиқларию муомалотлари ҳақида, аҳлу оиласи ва фарзандларининг тарбисида бепарволиги ҳақида ёхуд беҳудага ўткарган вақтлари ҳақида сўрашлари бормикин?!
Агар Мункар ва Накирлар маййитдан ана шулар ва шуларга ўхшаган нарсалар ҳақида савол беришларига далиллар бор бўлса, унда қарайликчи бу икки фаришта ундан нега ўзи ижтиҳод қилиш ўрнига Шофеъийга тақлид қилгани, нима учун алмаштириб туриш ўрнига битта имом ва мужтаҳидга эргашишни ўзига лозим қилиб олгани ҳақида ҳам сўрашармикин? Агар икки фаришта бу ҳақда сўрасалар, унда     рисола муаллифи ҳақ  экан, деб гувоҳлик бераман ва  гувоҳлик бераманки, мен ва бошқа уламолар ҳамда тадқиқотчилар сахиҳ ҳадисларда келганидек бу иккала фаришталар бир нечта саволларда ўз ифодасини топган исломнинг бор йўқ асослари ҳақида сўрайдилар, Мункар ва Накирларнинг қабрда маййит билан қиладиган ишлари кенг қамровли батафсил ҳисоб китоб қилишдир, деб ҳисоблаган кунимизда хато қилганмиз.
Лекин мен бошқа уламолар ва мусулмонларга ўхшаб ҳали ҳам айтаманки, бу дунёда мусулмонларнинг бўйниларига боғлаб қўйилган мажбуриятлар қабрда икки фаришта улардан сўрайдиган саволлардан кўра кўпроқдир.
Агар   яна бир бора рисоланинг муаллифи Китоб ва Суннатдаги далиллардан шаръий аҳкомларни англаб олишда имомларнинг мазҳаблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларини четга сурадиган ва у билан рақобатлашадиган мазҳаблар холос, деган эътиқодда эканлигини тасаввур қилмасангиз,   ушбу учинчи далилда ҳам бирор бир аниқ маънони ҳаргиз учратмайсиз. Зеро, ана шу имомлар (унинг тушунчасига биноан) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга рақиб ва у зот билан беллашувчи бўлиб майдонга чиққанлар. Табиийки, икки фаришта маййитдан одамларга элчи қилиб юборилган ана шу киши яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муносабати ҳақида сўрашади. Кейинроқ кенг тарқалиб кетган ана шу рақобатчи мазҳаблар ҳақида умуман сўрашмайди!..
Мен ҳурматли китобхондан бунақа услубдаги гаплар  билан мени муаллифнинг устидан кулаяпти   ва уни ҳақорат қилаяпти, деб ҳисобламаслигини умид қилар эдим.  Чунки, Аллоҳ ҳақи, менинг тушунганим шудир ва унинг гапларини тааммул қиладиган ҳар бир одам ҳам шуни тушунади. (Билгилки, эргашишлик ва амал қилишлик вожиб бўлган тўғри мазҳаб шубҳасиз, жаноби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидир, у зот эргашишлик вожиб бўлган буюк имомдирлар. Кейингиси хулафои рошидинлар розияллоҳу анҳумларнинг мазҳабларидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирор кишига айнан эргашмоқлик  бизларга буюрилмаган. Аллоҳ таоло: “Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар”, деб буюрган. Набий алайҳис салом: “Ўзингизга менинг суннатимни ва хулафои рошидинларнинг суннатларини лозим тутингиз”, деганлар), (12 саҳ.) деганида бу одам ўзи айтган гапларнинг ана шу маъносини аниқ қилиб ифодалаб қўйгандир. Ахир бу гапдан рисола муаллифининг тасаввурича тарих давомида бир нечта мазҳаблар пайдо бўлгани, улардан ҳар қайсиси ташвиқот қилиб одамларни ўзига чорлагани, ана шу мазҳабларнинг орасида энг тўғри мазҳаб бу Жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳаблари эканлиги, аммо ундан бошқаси ботил эканлиги очиқ ойдин кўриниб турмаяптими?!
Сиз эса, эй китобхон, ислом қонунчилиги тарихи ҳақида қанчалик маълумотга эга бўлманг ана шу ажоиб тескари тушунчани англаб етишингиз учун барча ҳақиқатлардан бехабар қолишингиз мумкинми?
Исломнинг баъзи аҳкомларини тушунишда тўртта имомларнинг мазҳаблари билан Зайд ибн Собитнинг ё Муоз ибн Жабалнинг ёки Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мазҳаблари ўртасида қандай фарқ бор? Тўртала мазҳаб эгалари билан Ироқдаги Раъй мазҳаби, Ҳижоздаги Ҳадис мазҳаби эгаларининг ўртасидаги фарқ нимада? Ваҳоланки, бу икки мазҳабнинг устунлари саҳоба ва тобеъинларнинг энг саралари бўлганлар. Булар   уларга тақлид қилгувчи, улар булар учун тақлид қилинадиган шахслар бўлганлар.
Шундай бўлгач, рисола муаллифи фақатгина шу тўрталаси  эмас ўнлаб мазҳабларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларига муъориз ва рақобатчи бўлиб келганлар, дейдими? Ёки миллатга қарши чиққан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларига шерик бўлган мазҳаблар фақатгина ана шу тўртта мазҳаблар холос. Улардан аввалгиларнинг мазҳаблари эса яхши ва тўғри мазҳаблар бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳаблари билан ёнма ён турадиган мазҳаблардир! дейиши мумкинми? 
Рисола муаллифи бу икки сўздан қайси бирини ихтиёр қилар экан, билмадим. Бироқ менинг билишимча бу икки сўзнинг энг ширини ҳам аччиқ, энг афзали ҳам уйдирма ва ёлғондир. Саҳобалар ва тобеъинларнинг ёхуд қолган мужтаҳид имомларнинг ижтиҳодлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўз Роббиларидан ваҳий ўлароқ олиб келган нарсаларнинг шарҳи ва унга хизмат қилишдан бошқа нарса бўлишидан Худо сақласин. Бироқ, уларнинг ижтиҳодлари ва тушунтиришларидан баъзиси баъзисига тўғри келмай қоладиган бўлса ана ўша бир биридан фарқ қиладиган ижтиҳодлар рақобатчи ва муъориз бўлган мазҳаб эмас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини англаб етиш учун йўл бўлади. Мужтаҳидларнинг  ҳаммалари у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан ҳужжат сифатида фойдаланган ҳамда у зот ўзларининг сўзларида ирода қилган маънони тушуниб олиш учун ҳаракат қилаётган ҳолларида қандай қилиб у кишига   рақобатчи ва муъориз бўлсинлар?!
Тўртинчи далил: Рисола муаллифи Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг “ал-Инсоф” номли китобидан нақл қилиб келтирган гапи. У ўз гапининг доддийида Деҳлавийнинг: “Бас, кимки Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий,  Аҳмад ва улардан бошқаларнинг барча сўзларини қабул қиладиган бўлса, Китоб ва Суннатда келган нарсаларга эътимод қилмаса бас, бутун бошли умматнинг Ижмоъсига қарши чиққан ва мўминларнинг йўлларидан юрмаган бўлади”, деган гапини нақл қилади.
Мен айтаманки, ижтиҳод қилишга мутлақо қодир бўлмаган муқаллид ҳақидаги  бу гаплар Деҳлавийнинг на “ал-Инсоф” ва на бошқа асарларида келмаган. Аксинча, бир неча ўринларда унинг айтган гаплари бунинг тамоман аксидир.
Валиюллоҳ Деҳлавий  “ал-Инсоф” (53саҳ.) ва “Ҳужжатуллоҳил-болиға” (1\132саҳ. Хайрийя матбаъаси) китобларидан ҳар бирида қуйидагиларни айтган:
“Албатта, таҳрир қилинган ва тартибга солинган ана шу тўртала мазҳабларга эргашмоқлик жоиз эканлигига бугунги кунимизгача бутун уммат ёки умматнинг энг мўътамад кишилари якдил бўлиб келганлар. Бу ишда ҳеч кимга сир бўлмаган манфаатлар бор. Хусусан, одамларнинг ҳиммати жуда сустлашган, нафслар шаҳватга берилган ва ҳар бир фикр эгаси ўзининг фикри билан мағрур бўлинган бугунги кунларда”.
Мен рисола муаллифи ва унинг тарафдорларини Деҳлавийнинг номидан муаллиф гапирган гаплардан ҳеч бўлмаса бир қаторини унинг бирор бир китобидан кўрсатиб беришларига чақираман.
Ундан сўнг (Деҳлавий 124-125 саҳифаларда) айнан битта мазҳабга амал қилишда ҳеч бир монеълик йўқлигини тушунтириб шундай дейди:
Шу билан бирга фатво сўрашлик ва фатво беришлик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларидан бери мусулмонларнинг ўртасида доддий этиб келаётган бир пайтда биров бу ишни қандай қилиб инкор қилади? Доим    шу биттадан фатво сўраладими ёки бир унисидан бир бунисидан фатво сўраладими, бунинг фарқи йўқ. Бу рухсат биз юқорида санаб ўтган ишларни ўзида мужассам қилганидан кейин бўлади. Қандай ҳам мумкин бўлмасин. Ахир биз фақиҳ ким бўлишидан қатъий назар Аллоҳ унга фиқҳни ваҳий қилган, унга итоат этишимизни бизга фарз қилган ва у маъсумдир, дея ишонмаймиз­ку! Зеро, биз агар улардан битталарига эргашган бўлсак бунинг сабаби у Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатини яхши билишини билганимиз учундир. Бинобарин унинг сўзи ё Китоб ва Суннатнинг очиқ ойдин маъноларидан олинган ёки истинбот услубларидан бирининг ёрдамида у иккисидан чиқариб олинган ёхуд далиллар ёрдамида ҳукм фалон сувратда фалон иллатга боғлиқ бўлишини билган ва ана ўша билимидан таскин топиб насс келмаган ҳукмни насс келган ҳукмга қиёс қилган бўлади. Гўёки  у, менинг билишимча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон  шу сабабни учратсанг бас, унинг ҳукми фалондақа бўлади, деб айтганлар демоқчидек. Таққосланган масала ана шу умумийликнинг тагига дохил бўлади ва бу ҳам Пайғамбар алайҳис саломга бориб тақалади. Лекин унинг йўлида гумонлар бор. Йўқса  мўмин одам мужтаҳидга ҳеч хам тақлид қилмаган бўлар эди”.
Деҳлавий айтаётган бу гапларнинг рисола муаллифи унинг номидан айтаётган гапларига тескари эканлигини фикрлаб  кўринг!! Истасангиз, Деҳлавийнинг  “Ҳужжатуллоҳил болиға” ва “ал-Инсоф” китобларига мурожаат қилиб унинг сўзларини биз нақл қилган гаплар билан бир хил эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Шу нарса аниқки,  Деҳлавий бу мавзеда бирор бир масалада ёки барча масала ва аҳкомларда ижтиҳод қила олиш даражасига етган одам учун (ўзидан бошқа мужтаҳидга) тақлид қилмоғи ҳаром эканлиги тўғрисида гапирган. Лекин унинг бу тўғридаги гапи аввал тушунтирганимиздек,  биз баҳс юритаётган ва тортишаётган масалалар доирасидан ташқаридадир. Ақли одам уни мужтаҳид бўла олмаган одам учун тақлид қилишнинг ёки муайян бир мазҳабга амал қилишнинг ҳаром эканлигига ҳужжат қилиб кўрсатиши мумкин эмас. Зеро, бу масала бошқа ва унинг гаплари бошқа бир нарсадир. Уларнинг орасини чалкаштириб ташлашнинг қандай сабаби бор билмадим.
Бешинчи далил: Рисола муаллифи Изз ибн Абдуссалом, ибн Қоййим ва Камол ибн Ҳумомлардан нақл қилган гапи. Уларнинг гапларини ана шу рисоласининг нашр этишига сабаб бўлган муддаоси- муайян битта мазҳабга амал қилиш ҳаром, ҳамма одамлар бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олишлари керак ёки айнан биттасини ушлаб олмасдан мужтаҳид  имомларни доим алмаштириб туриш керак деган даъволарига ҳужжат қилиб келтиради. Мазкур олимлардан нақл қилган гапларининг барчаси ана шу ҳужжати йўқ ботил даъвосидан узоқдир. Ўша сўзларни айтганларнинг ўзлари муайян бир мазҳабда бўлиб ҳеч бирлари ўзи танилган мазҳабдан бошқасига ўтмаган бўлсалар уларнинг сўзлари қандай қилиб ўша даъвога ҳужжат бўлсин!! Зеро, Изз ибн Абдуссалом Шофеъий, ибн Қоййим Ҳанбалий ва Камол ибн Ҳумом ҳанафий бўлишган.
Албатта, ана шу олимларнинг барча сўзлари биз баҳс юритаётган мавзедан чиқариб ташлаган ва адолатли уламолардан ҳеч бирлари қаршилик қилмаган ўша учта масалалар ҳақида айтилган. Аммо, у сўзлардан бирортаси рисола муаллифи тарқатмочи ва тарафдорлар йиғмоқчи бўлаётган даъвога далил бўлиши жуда жуда узоқдир.
Энг аввал сизга Изз ибн Абдуссаломнинг гапини келтирамиз. У ўзининг “Қавоидул-аҳком” китоби(2\135)да қуйидагиларни айтган:
“... Ва ҳеч ким тақлид қилишга буюрилмаган кишига тақлид қилмоғи мумкин эмас. Масалан, мужтаҳид мужтаҳидга ёки саҳобага тақлид қилмоғига ўхшаш. Ушбу масалалар уламолар ўртасида ихтилофликдир. Бу масалада хилоф қилганларга Аллоҳ таолонинг: “Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди”,(Юсуф:12) деган сўзи раддиядир. Бундан оддий одамлар мустаснодирлар. Чунки уларнинг вазифалари тақлид қилишдир. Чунки улар ижтиҳод қилиш йўли билан дин аҳкомларини билиб олишга қодир эмаслар. Мужтаҳид ундай эмас. Чунки у ҳукм чиқариб олишга қодир одамдир. Бир киши имомлардан бирига тақлид қилган бўлсаю кейин бошқа бир имомга тақлид қилмоқчи бўлса унинг бу иши жоизми?... Бунда хилоф бор. Танлаб олинган фикр шуки бундай пайтда вазиятга қаралади: агар ўтмоқчи бўлган мазҳабида ҳукм йўққа чиқадиган бўлса унинг ҳукмни йўққа чиқарадиган мазҳабга ўтиши мумкин эмас. Чунки у ўтмоқчи бўлаётган мазҳабда ўша ҳукм нотўғри бўлгани учунгина у йўққа чиқмоқда. Агар иккалаласида  ҳукм  бир бирига яқин бўлса, унга ўтиб тақлид қилиш мумкин. Чунки саҳобаларнинг замонларидан то тўртала мазҳаб вужудга келгунига қадар одамлар эътироз билдирса эътиборга олинадиган бирор кишининг эътирозисиз тўғри келган уламоларга тақлид қилиб кетаверишган. Агар бу иш нотўғри бўлганида албатта эътироз билдирган бўлар эдилар. Шунингдек, агарчи авло ҳисоблансада, энг юқори савиядаги имомни топиб тақлид қилишлик ҳам вожиб эмас. Чунки, агар шундай имомга тақлид қилиш вожиб бўлса эди  саҳоба ва тобеъинлар замонида одамлар юқори ва ўртача савиядаги имомларга ҳеч бир эътирозсиз тақлид қилмаган бўлар эдилар. Аксинча юқори ва ўртача савиядаги имомга тақлид қилишда уларнинг ихтиёрлари ўзларида эди. Энг юқори савиядаги имом ҳаммани ўзига тақлид қилишга чорламаган. Юқори савиядаги имом борлигидан сўраган одамни ўртача савиядаги имом ундан қайтармаган. Булар ақлли одамлар шубҳа қилмайдиган масалалардандир”.
Дарҳақиқат, мен сизга унинг гапларидан бирор ҳарфини қолдирмасдан бутунлигича келтирдим. Токи, бу имом айтган гаплар унинг номидан рисола муаллифи айтаётган гапларнинг тамоман тескариси эканлигини сиз ҳам билиб қўйинг. Зеро, Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ оддий одамлар (мужтаҳид имомга) тақлид қилишлари вожиб деяпти. Рисола муаллифи эса гувоҳи бўлганингиздек адашишликдан холи бўлмаганни қўйиб хато воқеъ бўлишидан маъсум бўлганга эргашишликни лозим қилиб қўймоқда. Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ муқаллид аслида битта имомга эргашишлиги керак, деяпти. Кейин муқаллид бошқа бир мазҳабга ўтишни истаб қолса унинг ҳукми нима бўлиши ҳақида баҳс юритиб бу тўғрида хилоф борлигини зикр қилади ва  кўрганингиздек, бошқа мазҳабга ўтишлик маълум бир шартлар асосида жоизлигига (вожиблигига эмас) майл билдиради. Демак Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ муқаллиднинг бошқасига алмаштирмасдан айнан битта мазҳабга амал қилмоғига ҳеч бир монеълик кўрмайди. Рисола муаллифи бўлса амал қилишда ана шу мазҳабларни ўзгартириб туришликни унинг зиммасига ҳам фарз ҳам қарз  қилиб қўяди. Ҳаммасидан ҳам қизиғи шуки, у ана шу нарсаларни  Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ айтган деб у киши гапирган гапларнинг тамоман  аксини гапиради.
Рисоладаги 13-саҳифанинг бошига қаранг. Билмадик, бизнинг бу китобимизга раддия қилиш учун тузилган иттифоқ (яъни,  “Мутаассиб мазҳабчилик- бидьатдир” сарлавҳали раддия ёзганлар- шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайриддин Вонилийлар демоқчи. Тарж.) ана шу ҳақиқатларни тушунтириб бериш ва нисбат берилган уйдирмалардан Изз ибн Абдуссаломни поклаш борасида индамайгина жим ўтиришгани ҳамда унинг ўрнига фақатгина сўкиш ва ҳақоратлаш билан кифояланишгани нима учун экан? 
Тўғри. Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ мен сизга нақл қилган гапларидан кейин баъзи фақиҳларнининг ўзлари тақлид қилаётган имомнинг манбаъси кучсизлигини билган, масаланинг моҳиятини аниқлаб ва у билан боғлиқ гапларни унинг заиф эканлигига ҳеч бир эътироз билдира олмайдиган даражада идрок қилиб етган бўлса ҳам   Китоб ва Суннатни, ўзининг мазҳабидаги тўғри қиёсларни қўйиб имомга тақлид қилишда қаттиқ туриб олишини маломат қилади. Изз ибн Абдуссалом бу ишнинг хатарли эканлигини   узоқ ва чиройли қилиб тушунтиради.
Бироқ,  бу гапларнинг рисола муаллифи қилаётган даъволарга нима алоқаси бор?! Ўзининг асоссиз даъволарини қувватлаш учун бу каби ибораларни далил қилишга рухсатни бу одамга ким берди?! Баҳс нима ҳақда кетаётганлигини ва унинг мазмунини билиш учун ана шу қаторлар билан шундоққина кетма-кет келган узун гапларни кўрса бўлмасмиди? У ҳақиқатдан ҳам уни кўрмадими ёки кўриб англаб етди-ю, аммо ўзини билмаганга солиб уни ўқимай ўтиб кетди ва ундан кейинги ибораларни кўчириб олиб Изз ибн Абдуссаломнинг номидан унинг ўзи пок бўлган гапларни гапирдими?!

Энди ибн Қоййимнинг гапини сизга ҳавола қиламиз:
Ибну-л-Қоййим ўзининг “Иъломул- муваққаъийн” номли китобида (3\168саҳ. Саодат босмахонаси нашри) шундай дейди:
“Тақлид қилиш тўғрисида, унинг  гапиришлик ва фатво беришлик ҳаром бўлган қисмга, унга ўтишлик вожиб бўлган қисмга, вожиб қилинмасдан рухсат берилган қисмга тақсимланиши тўғрисидаги сўзларнинг батафсил баёни. Шундай қилиб тақлиднинг биринчи тури (гапиришлик ва фатво беришлик ҳаром бўлган тури) уч қисмга бўлинади:
Биринчиси Аллоҳ нозил қилган нарсадан юз ўгиришлик ва ота-боболарга тақлид қилиш билан кифояланиб унга илтифот қилмаслик.
Иккинчиси сўзларига амал қилишликка лойиқ эканлиги муқаллидга номаълум бўлган кишига тақлид қилишлик.
Учинчиси иқтидо қилган одамининг сўзига хилоф бўлган ҳужжат-далиллар аниқ бўлганидан кейин ҳам унга тақлид қилиш”.
Сўнг ибн Қоййим ҳаром қилинган тақлиднинг  учала қисмларидаги ёмон тарафларни ва уларнинг зарарларини бирма-бир санаб узоқ шарҳлайди. У ўзининг узоқ гаплари билан  тақлид қилишни қоралаши, тақлидни бемаънилик ҳисоблаши ва ундан қайтариши тақлиднинг аввал бошдан ўзи тақсим қилган ана шу учта қисми тўғрисида айтилгандир. Илми саёз китобхон  масаланинг аслини ва унинг негизини билмасдан туриб ибн Қоййимнинг бу мавзуда айтган узун гапларидан бир қисмини  ўқиб чиққач, у тақлидни тамоман қоралар экан, деган ҳаёлга бориши мумкин. Сўнг ибн Қоййим ўзининг узоқ баҳслари давомида  келтириб ўтган гапларидан бир неча қаторини  бу одам худди рисола муаллифи сингари, тақлид қилишлик умуман нотўғрилигига ҳужжат қилиб келтиришга тушади.
Бироқ, синчиклаб қараган одам ибн Қоййим ўзининг  ўша узун гапларини ўз баҳсининг асоси қилиб олган ана шу тақсим асосида бўлиб¬­ бўлиб гапирганлигини билиб олади. Ибн  Қоййимнинг гапларидан мен келтириб ўтган ибораларга қўшиб айтганда ўзининг баҳси давомида гапирган қуйидаги сўзлари унинг тўғрилигига   қатъий далил сифатида сизга етарлидир: “Бас, агар албатта, кофирларга тақлид қилган ва бирор нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлни топмайдиган ота­боболарига тақлид қилган кишиларгина маломат қилинганлар. Тўғри йўлдаги уламоларга тақлид қилганлар маломат қилинмаганлар. Аксинча, улар Аллоҳ таолонинг: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”, (Анбиё:7) деган сўзи билан  аҳли зикрлардан, яъни, аҳли илмлардан сўраб ўрганишга буюрилганлар ва бу уларга тақлид қилиш деганидир. Бу  амр биладиган кишига  тақлид қилишни билмайдиган одамларга тегишлидир, деб айтилса  бунга жавобимиз шуки, Аллоҳ субҳаанаҳу ва таоло Ўзи нозил қилган нарсани қўйиб ота­боболарига тақлид қилаётган кишиларни мазаммат қилгандир. Ана шу қадар тақлиднинг  ҳаром ва ёмон амал эканлигига салафлар ва мазҳаббоши тўрттала имомлар иттифоқ қилганлар. Аммо Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашиш йўлида бор меҳнатини сарфлаган ва унинг баъзисини англаб етмагач англаб етмаган ана шу масалада ўзидан кўра билимлироқ кишига тақлид  қилган кишиларга тақлид қилишлик ҳақида гапирадиган бўлсак,  бу иш мақтовликдир мазаммат қилинадиган эмас, савоб келтирадиган ишдир гуноҳга сабаб бўладиган иш  эмас. Бу гапларни вожиб ва жоиз бўлган тақлид ҳақида сўз юритаётганимизда тушунтириб берамиз, инша Аллоҳ.
Ундан кейин ибн Қоййим тақлиднинг нотўғри турларини ёмонлаб узоқ гапиради ва  бунинг учун қарийб юз варақни сарфлаб юборади. Афтидан у ўзининг узоқ чўзилиб кетган ана шу гапларидан кейин олдинги мавзуга қайтиб тақлиднинг иккинчи қисми ­ у ҳақда сўз юритишни ваъда қилгани ­вожиб бўлган тақлид ҳақида гапиришни унутиб қўйган. Шунинг учун у насслар ҳақида ва нассларга хилоф нарсалар билан фатво беришлик ҳаромлиги ҳақида ва Суннатнинг Қурьонга нисбатан мавқеъи ҳақида сўз юритади. 
Ибнул Қоййимнинг “Иъломул­ муваққаъийн” китобидаги баҳсларини фикр юритиб уларни сабр билан аста­секин диққат қилиб ўқиб чиққан одам унда ана шу қабилдаги ажоиботларни кўради. Зеро у гоҳида ҳозирги ишига ўхшаб, масаланинг аслини бир неча қисмларга тақсимлаб юборади, кейин ўша қисмларнинг айримлари ҳақида сўз юритиб узоқ шарҳлайди ва баҳс юритиб мавзудан ташқарига чиқиб кетади. Кейин қайтиб унинг қолган қисмлари ҳақида баҳс юритиш ва уларга назар солиш ўрнига баҳс юритаётган масала қолиб  бутунлай бошқасига ўтиб кетади. Баъзида ибн Қоййим ўзи ҳам билмайдиган сабаблар туфайли худди ҳийлалар (5) ва уларнинг аҳкомлари тўғрисида жуда ҳам чўзилиб кетган суҳбати асносида ўша  зиддиятларга тушиб қолганидек бу ерда ҳам ғалати зиддиятларга тушиб қолади.
Ушбу баҳсда ажоиб зиддиятлар борлигини шу баҳсни сабр билан охиригача ўқиб чиққан ҳар қандай олим одам кўриши мумкин. Ана шу зиддиятлар ичидан энг кўзга тушадигани шуки у ботил ҳийлаларни санаб берар экан ана шундай ҳийлалар сафига (эр ўз хотинидан  оладиган мол эвазига) уни талоқ қилишга ичган қасамини бузмаслик учун ишлатиладиган ҳийлани зикр қилиб: “Бу ҳийла шарийъат нуқтаи назаридан ботилдир, барча диёрлардаги имомларнинг асосларига кўра ботилдир. Бунақанги ҳийлани Аллоҳ ҳам, Унинг Расули ҳам шарийъат қилиб бермаган”, дейди ва  бундай ҳийла қилишни тўғри дейдиган кишиларни маломат қилади.(3\271) Ундан сўнг ибну Қоййим мусулмон одамни ўша нотўғри ҳийлалардан қутқариши учун шаръан жоиз бўлган ҳийлаларнинг чораларини зикр қилади. Шулар орасидан ўзи қаттиқ қоралаган ва ботилга чиқарган талоқдаги ҳийлани мисол келтириб (4\110саҳ.) шундай дейди: “Ўн биринчи чора: Шофеийнинг асҳоблари ва бошқалар каби уни жоиз деб биладиганлар наздида қасамлик талоқдир. Бундай иш мадиналиклар, имом Аҳмад ва унинг барча шерикларининг сўзларига асосан жоиз бўлсада, агар шунга ёки таҳлилга (таҳлил­ эр кишининг  уч талоқ қилинган хотинга унинг биринчи эрига никоҳланишини ҳалол қилиб бериш учун талоқ қилиш нияти билан уйланишидир. Тарж. ) эҳтиёж туғилса таҳлилдан кўра бир неча томонлама авлороқдир”. Сўнг китобининг уч юз саҳифа олдин ўзи қаттиқ қоралаган ана шу ҳийланинг ўнта кўринишини санаб беради!.
Ҳар ҳолда бу одам китобининг бошқа бир ерида тақлиднинг шарийъатга мувофиқлиги, мужтаҳидлик мартабасига етишмаган кишиларнинг (мужтаҳидга) тақлид қилишлари зарурлиги ҳақида гапириб ўтган. Фатво бериш шартлари ва одоблари билан боғлиқ узун фасллар тузиб ундаги кўплаб боблар ва масалалар ичига мужтаҳидлик даражасига етмаган оддий ва олим одамлар  қилишлари керак бўлган ишларнинг баёнини, улар ўзларини тўғри йўлга иршод қиладиган имомга эргашишлари, ҳалол­ҳаромга доир масалаларда унга тақлид қилишлари кераклиги, бундай инсон агарчи ўзида ҳадис китобларининг ҳаммасини бор ва  улар ичидан ўзи берадиган фатво билан боғлиқ ҳадисни учратиш имкони мавжуд бўлсада одамларга фатво бериши мумкин эмаслиги ҳақидаги гапларни ҳам киритган. Мана сизга ибну Қоййимнинг бу масалага доир гапларидан  парчалар:
У китобининг (“Муқаллиднинг фатво бериши ҳақидаги ихтилоф” бобининг) “йигирманчи фойда”сида шундай дейди: “Муқаллид одам ўзи муқаллид бўлган ва у ҳақда ўзи тақлид қилган имомнинг сўзи эканлигидан ташқари етарли билимга эга бўлмаган масалада Аллоҳнинг динида одамларга фатво бериши мумкин эмасдир. Бу барча салафларнинг ижмоъсидир ва имом Аҳмад ва имом Шофеъийлар буни аниқ қилиб айтганлар. Абу Амр ибн Салоҳ шундай дейди: “Шофеъийларнинг Мовароуннаҳрдаги имоми Абу Абдуллоҳ Ҳалиймий ва “Баҳрул­мазҳаб” муаллифи қози Абулмуҳсин Равёний ва бошқалар муқаллиднинг ўзи муқаллид бўлган масалада одамларга фатво беришлиги мумкин эмас, деган тўхтамга келганлар”.”
Кейин ибну Қоййим ушбу ҳукмни таъкидлаш ва унинг тўғри эканлигини баён қилиш учун узоқ гапиради.
У (Иъломул­ муваққаъийн 4\196) да қуйидаги ибораларни айтган: “Йигирма биринчи фойда. Агар бир одам фиқҳ китобларидан биттасини ёки ундан кўпроғини ўқиб чиқиб фиқҳни ўрганса ва шу билан бирга Китоб ва Суннатдан, салафларнинг асарлари, истинбот ва таржиҳдан  илми оз бўлса, фатвода ана шу одамга тақлид қилишга рухсат борми? Бу ҳақда одам(олим)ларнинг тўрт хил фикрлари бор... Буларнинг энг тўғриси тафсилотга  қараб айтилганидир. У ҳам бўлса шуки, агар савол бергувчи одам ўзига йўл кўрсатадиган олимни топиш имкони бор бўлса юқоридаги сингари одамлардан фатво сўраши ҳалол бўлмайди ва у одам ана шундай олим одам бор бўла туриб муфтийлик билан шуғулланиши ҳам ҳалол эмас. Агар фатво сўрагувчи одам ундан бошқасини топа олмаса у ҳолда илмсиз амал қилгандан кўра ўша одамга мурожаат қилмоғи авлороқ эканлиги шубҳасиздир”.
Китобнинг 4\215 да қуйидагиларни ёзади: ўттизинчи фойда: агар бир одам бирор бир имомнинг мазҳаби доирасида мужтаҳид бўлсаю ижтиҳод қилишда мустақил бўлмаса шу одам ўша имомнинг сўзи билан фатво бериши мумкинми? Икки хил сўз бор ва у иккаласида Шофеъийлар ва Аҳмаднинг икки хил қарашлари мавжуд. Биттаси жоиз эканлиги ҳақидаги сўз. Бунда мазҳаб ичидаги мужтаҳидга эргашган одам вафот этиб кетган мужтаҳиди мутлаққа эргашган бўлади, бу одамга эмас. Иккинчиси фатво бериши мумкин эмаслигидир. Чунки, савол бергувчи марҳум мужтаҳидга эмас бу одамга тақлид қилмоқда ва у бу одам учун ижтиҳод қилгани эмас. Сўрагувчи унга: мен сенинг фатволарингда сенга тақлид қиламан деган бўлади.
Китобнинг 4\215 да қуйидагиларни ёзади: тирик одам вафот этган имомга тақлид қилиши ва унга амал қилиш дурустлигига сабаб бўлгувчи далилни эътиборга олмасдан туриб  унинг фатвосига амал қилмоғи жоизми? Бу ҳақда имом Аҳмаднинг асҳобларининг икки хил қарашлари бор. Ким бунга қаршилик қилган бўлса “Агар тирик бўлганида ижтиҳодини ўзгартириши мумкин эди. Чунки у ана шу воқеъа содир бўлганида уни қайта кўриб чиққан бўлар эди..... Иккинчи қараш шуки, унга амал қилиш жоиз ва ер юзидаги барча муқаллидлар шунга амал қиладилар. Уларнинг қўлларидаги энг яхши нарса вафот этиб кетган имомларга тақлид қилишдир.... Ровийлар ўлиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг хабарлари ўлмаган бўлганидек фатво берганлар ўлган бўлсалар ҳам уларнинг сўзлари ўлган эмас”.
Китобнинг 4\234 да шундай деган: қирқ саккизинчи фойда: бир одамнинг олдида икки саҳиҳ китоби ёки биттаси бўлса ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига оид ичидагилари ишончли бирорта китоб бор бўлса ўша одам китобларда топган нарсалар билан фатво бериши мумкинми?... Бу масаланинг энг тўғри жавоби вазиятга қараб айтилганидир. Шундай қилиб, ҳадиснинг маъноси уни эшитган ҳар бир одам учун аниқ тушунарли бўлса ва ҳадисдан кўзда тутилган маънодан бошқа нарсани эҳтимоли йўқ бўлса унга амал қилиши ва у билан фатво бериши жоиз бўлади.  Уни қувватлаш учун бирор  бир фақиҳ ё имомнинг сўзи талаб қилинмайди. Балки, ҳужжат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  сўзларидир.... Агар ҳадиснинг маъноси махфий бўлиб ундан нима ирода қилингани аниқ бўлмаса унга амал қилиши ва ҳадиснинг баёнини ва нуқтаи назарини сўрамагунича ирода қилинган нарса шу бўлса керак деган хаёл билан фатво бериши мумкин эмас. Кейин: бу айтилганларнинг ҳаммаси у одамда ижтиҳод қилиш учун бир озгина иқтидори бор бироқ у жузъий масалаларни, усул уламолари ва араб тилининг қонун­қоидаларини яхши билмаган ҳолат билан боғлиқдир. Агар ижтиҳод қилиш учун унинг умуман иқтидори мавжуд бўлмаса бас унга Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”, (Анбиё:7) деган амри фарз бўлади, дейди.
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтаётган бу гаплар билан рисола муаллифининг ижтиҳод қилиш осон иш, бунинг учун суннат китоблари ва Моликнинг “Муватто”лари мавжуд бўлса кифоя,  агар шулар билан бирга    айрим ҳадисларда ўзаро зиддиятларга дуч келиб қолса,  унинг иши гоҳ бу ҳадисга гоҳ иккинчи ҳадисга амал қилишдир, деган даъвосининг ўртасини солиштириб кўринг!!.
“Иълому­л­муваққаъийн”нинг 4\237 сида “Муфтий ўзи тақлид қилаётган имомнинг мазҳабидан бошқа мазҳаб асосида фатво бериши мумкинми?”, деган саволга жавобан Абу Амр ибн Салоҳнинг гапини нақл қилиб  шундай дейди: кимки ўз мазҳабига хилоф бўлган бир ҳадисни учратса бас, агар унда мустақил равишда ёки ўзи тақлид қилаётган имомнинг мазҳаби доирасида ёхуд ўша қисмда ё айни масалада ижтиҳод қилиш  асбоблари мукаммал бўлса мазҳабига хилоф келган ўша ҳадисга амал қилиши авлороқдир. Агар юқоридаги асбоблар мукаммал бўлмаса ва ҳадисни ўрганиб чиққач унинг нима учун (тақлид қилган имоми ҳадисга) хилоф келаётганига етарлича жавоб топа олмаганидан кейин ҳадисга хилоф иш қилаётганидан ўз қалбида оғриқ ҳис қилса бас, қарасин: ўша ҳадисга бирор бир мустақил имом амал қилганми йўқми? Агар амал қилган бўлса ўша ҳадисга амал қилишда унинг мазҳабига ўтиши мумкин. Ўша масалада ўз имомининг мазҳабини тарк қилаётгани унинг учун узрли бўлади. Валлоҳу аълам.
Шу гаплардан сўнг тўғридан­тўғри шундай дейди: Эллигинчи фойда: айнан битта имомнинг мазҳабида амал қилаётган муфтий агар тўғриси шу экан деб билса ундан бошқа имомнинг мазҳабига асосан фатво берса бўладими? Агар ижтиҳод бобида ва далилга эргашишда ўша имомнинг йўлини тутган бўлса бас, у бошқа имомнинг сўзидан ўзи тўғри билгани билан фатво бериши мумкин. Агар ўша имомнинг сўзларидан четга чиқмайдиган мужтаҳид бўлса у ҳолда айтилдики, у ўз имомидан бошқанинг сўзи билан фатво бериши мумкин эмас. Агар шундай қилмоқчи бўлса ўша тўғри деб билган гапни гапирган одамдан шундоққина ривоят қилиб қўяди холос. Тўғри гап шуки агар ўз имомидан бошқа имомнинг сўзи кучли далиллар сабабли унга тўғрироқ туюлса у ўз имомининг асослари ва қоидаларига қарши чиқиши керак бўлади. Чунки, имомлар аҳкомларнинг асослари борасида якдилдирлар. Қачон улардан баъзилари  тўғри сўзни айтган бўлса ва у сўз унинг мазҳабидаги принсипларга тўғри келмасдан энг тўғри сўзни тақозо қиладиган бўлса бас, барча тўғри сўзлар имомларнинг принсипларини бузган бўлиши шубҳасиздир. Мазҳаб доирасидан чиқмайдиган ана шу мужтаҳидга шу сўзнинг тўғрилиги ва ўз имомининг принсипларига асосан унинг манбаъси дурустлиги аниқ бўлса ўша мужтаҳид шу сўз билан фатво бериши мумкин. Валлоҳу аълам.
Булар ибнул Қоййимнинг фатво ҳақида, унинг шартлари ва одоблари ҳақидаги сўзлари доддийида гапирган гапларидан парчалар эди.
Хўш, унинг гаплари тақлидни ҳаромга чиқариб ҳамма одамлар бевосита Китоб ва Суннатдан ҳукм олишлари лозим деганларнинг гапларига ўхшар эканми? Хўш, унинг битта мазҳабга асосан амал қилишликни ҳаромга чиқарганини ёки муқаллидни бутун ҳаёти доддийида ҳали у мужтаҳиднинг ҳали бунисининг ортидан юришга  буюраётганини кўрдингизми?
Ахир унинг сўзларидан ҳар бир парчаси жоҳил одам фақат тақлид қилсагина тўғри бўлишини, муайян битта мазҳаб асосида амал қиладиган одам агар ўзи мужтаҳид бўлмаса бирор бир масалада ўз мазҳабидан бошқанинг гапи билан одамларга фатво бериши мумкин эмаслигини, вафот этган имомга тақлид қилишлик  тирик имомга тақлид қилиш билан баробар эканлиги, чунки унинг таъбири билан айтганда, сўзлаган одамлар ўлган бўлсалар ҳам уларнинг сўзлари ўлмаслигини, фақатгина ҳадис китобларига таянишлик билан муқаллид одам мужтаҳид бўлиб қолмаслигини ҳеч қандай шак­шубҳа қолдирмайдиган даражада очиқ­ойдин ифодалаб турганлигини кўрмадингизми?!
Агар ибнул Қоййим ҳам рисола муаллифига ўхшаб  имомларга тақлид қилишлик адашишдан маъсум бўлмаганга тақлид қилишдир, Расулга тақлид қилишлик адашмайдиган зотга тақлид қилишдир, шунинг учун ҳамма тўғридан­ тўғри маъсумдан ҳукм олиши керак, деган фикрда бўлса нима учун у тўртта мазҳабга тақлид қилишни ўз китобининг алоҳида мавзуси ва таърифларининг асоси  қилиб олади? Нима учун муқаллидни ҳадис китобларидан ҳукм олиш ва фатво беришини манъ қилади, савол бергувчини унинг гапига эътимод қилишдан қайтаради, агар муқаллиднинг ўзи бир масалада мужтаҳид бўлмаган бўлса шу масалада фатво беришда ўз имомига қарши иш қилишини таъқиқлайди? Нима учун вафот этган мужтаҳидга тақлид қилишлик мумкин ва таъқиқланмаган дея муқаллиднинг кўнглини хотиржам қилади?!
Дарҳақиқат, бу борада     ибнул Қоййимнинг гапларидан жуда ҳам кўпини келтирдим. Чунки мен ана у одамлар­мазҳабсизлик тарафдорларининг ибнул Қоййимнинг фикрларига таассуб қилишларини яхши биламан. Улар ибнул Қоййимга ўз имомларига тақлид қиладиган барча мусулмонларни айблаганлари жирканч таассубдан кўра кучлироқ таассуб қиладилар. Шоядки унинг ушбу гапларини ўқиб тааммул қилганларидан сўнг унга бўлган ана шу таассублари уларнинг ҳақ йўлга қайтишларини осонлаштирса.
Ибнул Қоййимнинг бу мавзуда айтган бир қанча гапларининг ичидан Хўжандий танлаб олган, муайян бир мазҳаб асосида амал қилишлик ҳаромдир деган даъвосини исботлаш учун айнан унинг китобидан ажратиб олган матнга тўхталадиган бўлсак бас, матн унинг даъвосидан жуда­жуда олисдадирки, унинг Хўжандий қилган даъвога ҳеч бир алоқаси йўқ. Ибнул  Қоййимнинг гаплари ичидан танлаб олгани унинг мана бу сўзидир:
“Аксинча, оддий одамнинг тўғри мазҳаби бўлмайди. Агарчи  ўзини бирор бир мазҳабга мансубман деганида ҳам оддий одамнинг мазҳаби бўлмайди. Масалан, агар у мен шофеъий ё ҳанафий, моликий ёки ҳанбалий ёхуд улардан бошқа бир мазҳабни айтиб фалоний мазҳабидаман дейдиган бўлса шундайгина гапириб қўйгани билан унинг мазҳабдаман дегани нотўғридир...”. Бундан олдинги ва кейинги гаплар тўғри эканлиги хилоф қилинмайдиган масалаларни баён қилади. У ҳам бўлса муқаллиднинг битта мазҳабни бутун икир-чикирлари билан амал қилишлиги фарз эмаслиги тўғрисидаги гаплардир. Батаҳқиқ биз бу гапларга ҳамма (уламолар) рози деб айтдик ва уларни баҳс-мунозарамиздан узоқлатдик. Аммо, ибнул Қоййимнинг гапларидан биз нақл қилган мана бу бандининг ўзини ўқисак  рисолада ёзилганидек тақлидни йиғиштириб қўйишлик, ҳаммани Китоб ва Суннатдан ҳукм олишликка мажбур қилиш тўғри йўл экан деган ҳаёлга олиб бориб қўяди. Аслида бу иборанинг бунга алоқаси йўқдир. Кўпгина уламолар айтиб ўтган бу сўзнинг маъноси шуки оддий одам ҳукми нималигини ахтариб юрган бир масала юзасидан бирорта муфтийга учраб қолса ва ундан масаланинг ҳукмини сўраса бас, у муфтийнинг гапига амал қилмоғи лозим бўлади. Оддий одам ўша масала юзасидан айнан битта мазҳаб асосида фатво беришни муфтийдан сўраши мумкин эмас. Бунинг сабаби шуки, унга фатво бераётган киши мужтаҳиддир. Йўқса унинг муфтийлик қилиши ёки муфтий деб аталиши мумкин бўлмас эди. Мужтаҳид савол бергувчининг саволига ўз ижтиҳодидан келиб чиқиб жавоб беради холос. У ўзига ўхшаган бир мужтаҳидга тақлид қилиб кейин ўша масалада унинг мазҳабига асосан фатво бериши мумкин эмас. Тўғри, оддий одам ўзининг ўша масаласи ҳақида Шофеъий нима деганлигини сўраши, муфтий эса унинг шу масала ҳақидаги гапини фатво сифатида эмас ривоят тарзида айтиб бериши мумкин. Аммо оддий одам мужтаҳидни ўз имомининг мазҳабига асосан фатво беришга мажбурлашга ҳаққи йўқдир. Чунки у (оддий) одам муайян бир имомнинг мазҳабини билишини ва унга мансуб эканлигини даъво қиладиган бир жоҳилдан бошқа эмас. Агар у шунақа одам бўлганида бояги мужтаҳиддан фатво ҳамда савол сўраб юрмаган бўлар эди. Ана шу шак-шубҳасиз маънони ифодалаш учун уламолар бундай деганлар:
“Саводсиз одамнинг мазҳаби унга фатво берганнинг мазҳабидир”. Шу гапга биноан оддий одамнинг аниқ бир мазҳаби бўлмайди. Лекин, оддий одам ён-атрофига қараб муфтий(мустақил мужтаҳид)ни топа олмаса, ҳар бирлари аниқ бир мазҳабга тақлид қиладиган уламоларни кўрмаса, муфтий деб танилганларига ҳам бу исм (муфтий) мажоз ва ташбиҳ учун қўйилган бўлса қаёққа борсин!?. (Бу гапларни ана шу учта калима: “муфтий”, “олим” ва “мужтаҳид”лар ўртасидаги фарқни ўрганган дунёдаги энг кичик толиби илм ҳам яхши билади.)
Ҳақиқатда саводсиз одамнинг мазҳаби унга фатво берганнинг мазҳабидир принсипи кўриниб турганидек, ушбу ҳолатга мутлақо тўғри келмайди. Чунки унинг муфтийси йўқ. У қилиши керак бўлган иш аввалги мужтаҳидларнинг бирорталаридан фатво сўрашликдир. Юқорида уламолар, биринчи навбатда ибнул Қоййим сўз эгалари ўлсалар ҳам уларнинг сўзлари барҳаётдир, бинобарин тирик одам ўлган имомга тақлид қилиши мумкин, деганларини сизга айтиб ўтган эдик. Аввал ўтиб кетган мужтаҳидлар ичидан фатво сўрашга энг муносиблари ушбу миллат уламоларидан барчаларининг ижмоъси ила  тўрттала имомлардир. Бунга сабаб уларнинг мазҳаблари кўрсатган хизматлари, синовлардан ўтганликлари, тартибга олинганликлари ва бу мазҳабларнинг ўз эгаларигача бўлган санадлари тўғри эканлигидан хотиржам қиладиган сабаблар мавжудлигидир. Чунончи, (кишини хотиржам қиладиган) ана шундай сабаблар улардан бошқа ҳеч бир мазҳабга нисбатан мавжуд эмас. Бас,  мусулмон одам тўртта имомлардан ўзи истаганини танлаб ўша имомнинг мазҳабидаги уламолар ва фақиҳлар воситасида ёки агар имкони бор бўлса китобларини ўрганиш орқали ўзига керакли масалани ундан сўраши мумкин. Сўнг, у ўзига учрайдиган  ҳар қандай масалалар ва аҳкомлар учун ўша имомлардан биттасини маҳкам ушлаши ҳам, уламолар зикр қилиб кетган ва биз юқорида  баъзиларини тушунтириб ўтган шартлар асосида бирини олиб бошқасини қўйган ҳолда амал қилиб юриши ҳам мумкин. Саводсиз мусулмон шу ишни қилар экан, саводсизнинг мазҳаби унга фатво берганнинг мазҳабидир деган асосни бузмаган бўлади. Чунки у ўз атрофида муфтий одамни топа олмагач масалан шофеъий мазҳабидаги имомдан фатво сўрашга мажбур бўлади ва натижада унинг мазҳаби айни принсипнинг тақозосига биноан ўша шофеъийнинг мазҳаби бўлиб қолади.
Ибнул  Қоййимнинг гапларининг мазмуни ана шудир ва  сиз бошқа усул китобларининг ижтиҳод ҳақидаги бобларида  буни аниқроқ ва батафсилроқ билиб оласиз. Сиз улардан ўзингиз истаганингизга мурожаат қилсангиз ўша гапларнинг тафсилотни кўрасиз.

Тақлид қилишдан ўзга чора йўқ ва муайян мазҳабга эргашишга монеълик  йўқ ва бунинг далили

    Юқорида биз рисола муаллифи ўз даъвосини тасдиқлаш учун келтирган далилларни қисқача санаб ўтдик ва холис одам учун ҳеч бир шубҳа қолдирмайдиган қилиб тушунтирдикки уларга рисола муаллифининг нуқтаи назаридан қаралмаса далил ҳужжат бўла олмайди. Зеро улар фан тасдиқлайдиган ва эътиборга оладиган бирорта далил бўла олмайдиган сўзлар холос. Рисола соҳибининг уларни далил-ҳужжат деб аташлиги масаланинг моҳиятини ҳеч хам ўзгартирмайди.
    Унинг гапларидан қайсиларини муҳокама қилмаган ёки батафсил раддиялар бермаган бўлсак демак уларнинг барчаси ҳамма уламолар томонидан ҳамфикр бўлинган ва биз ихтилоф доирасидан чиқариб ташлаган ўша учта бандларга қаратилган. Шунинг учун ҳам биз уларга тегмадик ва уларга вақтни зоеъ қилишга зарурат сезмадик.
    Шу билан бирга биз рисола соҳиби соҳта далиллар ёрдамида даъво қилаётган нарсаларнинг аксини нафақат исботлашимиз балки бунга қўшимча тарзда муаллиф қилаётган хатарли даъволарнинг бузуқлигини кўрсатиб берадиган ва у даъволарнинг тамоман тескарисини иботлаб берадиган янги ижобий хужжатларни ўз ўзимиздан ахтаришимиз керак бўлади.
    Ҳақиқатда рисола муаллифи исботлашга уринаётган даъво ўртасини мувофиқлаштиришнинг имкони йўқ бўлган иккита ишга чегараланган. Бу иккиси  муаллифнинг миясида қандай қилиб бирлашганини биз била олмаймиз. 
Демак у даъво қилаётган ва ўз рисоласининг бир қанча жойларида такрорлаган биринчи масала-бу тақлид қилишнинг мутлақо ҳаром эканлигидир. Муаллиф ўзининг бу даъвосига мужтаҳиднинг адашишдан холи эмаслигини, Китоб ва Суннат маъсум эканлигини, маъсумга эргашмоқлик маъсум бўлмаганга эргашмоқдан кўра афзал эканлигини, ижтиҳод қилиш осон ишлиги ва бунинг учун “Муватто”, “Саҳиҳайн”, Абу Довуднинг “Сунан”и ҳамда Термизийнинг “Жомеъ”сидан бошқа нарса керак эмаслигини ҳужжат қилиб келтиради. (Рисоланинг 12 ва 40-саҳифаларига қаранг)
У даъво қилаётган ва такрорлайдиган иккинчи масала- бу муқаллид одам айнан битта мазҳабни ушлаб олишлиги мумкин эмас, агар шундай қиладиган бўлса демак у адашган ва у қўрқувдан қочиб кетаётган эшаклар тоифасидандир...(24-25 саҳ.)
Агар тақлид қилишлик маъсум бўлмаганга эргашмоқлик бўлгани учун  аслида ботил иш бўладиган бўлса ушбу  икки масаланинг ўртасини жамлайдиган қандай восита бор экан мен билмадим. Унда  тақлиднинг айнан бир хилидан у ҳам бўлса муайян бир мазҳабни лозим тутишдан қайтаришнинг нима маъноси бор?! Агар ботил тақлид айнан ана шу хилдагиси бўлар экан тақлидни ўз асосидан итариб ташлашнинг ва унга маъсум-у маъсум эмасга эргашишни ҳужжат қилиб келтиришнинг қандай маъноси бор?!
Мен рисола муаллифининг онгидаги каби бу ҳукмнинг сувратини умумийлаштиришни билмадим. Бироқ мен китобхоннинг олдига мусулмонлар учун тақлид қилмасликнинг иложи йўқ эканлигига, унинг шарийъатга мувофиқ ва собит эканлигига, агар муқаллид истаса ҳеч хам ўзгартирмасдан  битта мазҳабга амал қилмоғи мумкинлигига, бу иши билан у таъқиқланган ишни қилмаган ва ҳаром ишга қўл урмаган бўлишига далил- ҳужжатларни келтириб қўяман.
Биринчидан: тақлид қилмасликнинг иложи йўқ. Ва у мусулмонларнинг ижмоъси ила машруъдир.
Тақлид бу бир инсоннинг гапига ўша гапнинг тўғрилигига ҳужжат борлигини билмай туриб эргашмоғидир. Гарчи тақлиднинг ўзи дурустлигига далилни мукаммал билган бўлсада. Зеро, муқаллид ўзининг мужтаҳид олимга тақлид қилаётгани тўғри эканлигига ҳужжатни билиши бироқ  мужтаҳидга тақлид қилаётган масаланинг тўғрилигига ҳужжатни билмаслиги мумкин.
Бу иш тақлид деб аталадими ёки иттибоъ деб, бунинг фарқи йўқ. Зеро ҳар иккисининг маъноси биттадир. Уларнинг ўртасида луғат тарафидан фарқ борлиги аниқланмаган. Батаҳқиқ Аллоҳ энг ёмон кўринишдаги тақлидни иттибоъ деб ифодалаган. Зеро Аллоҳ азза ва жалла: “У пайтда пешволар (ўзларига) эргашганлардан тонурлар ва азобни кўрурлар, уларнинг боғланишлари кесилур. Ва эргашганлар: «Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», дерлар. Шундай қилиб, Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат бўлганини кўрсатур. Ва улар дўзахдан чиқувчи эмаслар.” (Бақара:166-167)
Бу оятдаги иттибоъдан мурод шарийъатда рухсат этилмаган кўр-кўрона тақлид эканлигида ҳеч шубҳа йўқдир.
Сиз бу мавзуда иттибоъ билан тақлид калималарининг ўртасини янгича фарқли маъно  билан ажратасизми ёки йўқ, барибирдир. Чунки тақсим нима бўлганида ҳам иккинчи даражадаги масаладир. Чунки баҳс юритаётган киши ё далилларни ибладиган улардан ҳукм чиқариш қандайлигидан хабари бор бўлади. Ундай бўлса    бу одам  мужтаҳиддир. Ёки, уларни билмайдиган ва улардан ҳукм чиқариб олиш йўлларидан бехабар бўлади. Демак бу мужтаҳидга тақлид қилгувчи одам бўлади. Сўзларнинг ва истилоҳларнинг кўплиги воқеъликдан бирор нимани ўзгартирмайди.
Шундай бўлгач тақлиднинг шаръий эканлиги ва ижтиҳод қилиш   имкони бўлмаганда тақлид қилиш вожиб бўлишининг далили нимадир?!
Шуни билиб қўйиш керакки бизнинг каломимиз фақатгина фаръий ҳукмларга алоқадор масалалар ҳақида бўлади. Диннинг асослари билан боғлиқ ақийдавий масалаларда тақлид қилиб бўлмаслигига ижмоъ бўлингандир. Фарқ шуки эътиқод билан боғлиқ ишларда зонн мумкин эмас. Унинг ягона йўли ишонч ва қатъиятдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил - ана ўшалар, масъулдирлар”, деган. Чунки Аллоҳ ўз ақидаларида зоннга эргашганларни қоралаб: “Улар гумондан бошқага эргашмаслар. Улар тахмин қиларлар, холос”, деган. Яқийнга олиб борадиган ягона йўл фикрни ишлатишлик, мустақил назар ва баҳс юритишдир.
    Аммо фаръий масалаларнинг аҳкомларига келсак уларда биз зонн билан ибодат қилиб қўйганмиз. Яъни, мужтаҳид ва олимнинг  зонни шаръий далил қилиб қўйилганки унинг тақозосига кўра амал қилиш лозим бўлади. Бунга далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга ибодатлар ва бошқа нарсалардан иборат фаръий аҳкомларни  таълим бериш учун  битта -битта шахсларни юборганликлари, ана шу битта одам уларга нима деса шунга эргашишларига жамлаганликларидир. Ҳолбуки у зот якка шахсларнинг хабарлари фақатгина зонни ифодалашини билганлар. Гўёки у киши уларга: “Агар –изланиш таозоси билан ёки тадқиқотчи олимга тақлид қилиш билан,-  албатта ҳукм ана шу дея гумон қилсангизлар уни тадбиқ қилиш ва унга амал қилиш сизга вожиб бўлади”, демоқчилар. Ақийдавий вожиботлар билан амалий аҳкомлар ўртасидаги фарқ ана шудир.    

Далил бир нечтадир:
Биринчиси: Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”, (Наҳл: 43) деган амридир. Уламолар ижмоъ қилганларки бу оят ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган кишиларни ўша нарсаларни биладиган кишиларга тобеъ бўлишга буюрмоқда. Дарҳақиқат барча усул уламолари бу оятни саводсиз одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил ўлароқ келтирадилар.
Айни маънода ушбу оятнинг ўхшаши Аллоҳ таолонинг: “Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғолишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар,” (Тавба: 122) деган амридир. Бас, Аллоҳ таоло ҳамма одамларнинг ғазот ва жиҳодга кетиб қолишларини таъқиқламоқда ва Аллоҳнинг динини ўрганиш учун улардан бир гуруҳи қолишларини амр этмоқда. Токи биродарлари қайтиб келганларида ҳалол ва ҳаром масалаларида уларга фатво берадиган ва Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиб берадиган кишиларни топсинлар. (“Ал-Жомеъу ли аҳкомил-Қуръаан”нинг 8/293 ва 294 га қаранг).
Иккинчиси: Ижмоънинг Расулуллоҳ алайҳис саломнинг саҳобалари илмда бир бирларидан фарқ қилар эдилар. Уларнинг барчалари ҳам ибну Халдун айтганидек аҳли фатво бўлмаганлар. Ва уларнинг ҳаммларидан ҳам динни ўрганиб бўлмас эди,  деган далилларидир.
Балки уларнинг ичида мужтаҳид муфтийлар бўлган. Улар бошқа саҳобаларга нисбатан озчиликни ташкил қилганлар. Саҳобаларнинг ичида тақлид қилгувчи ва фатво сўрагувчилари бўлган. Улар саҳобаларнинг ичида кўпчиликни ташкил қилганлар. Саҳобаларнинг муфтийлари ҳукмни зикр қилар эканлар фатво сўрагувчига унинг далилини баён қилиб ўтирмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва саллам фақийҳ саҳобани аҳолиси Исломнинг фақатгина фқийдасини ва Ислом арконларига эътиқод қилишнигина биладиган маконларга юборар эдилар. Улар эса бу саҳобанинг уларга берган ҳар битта фатволарида, буюрган амаллари, ибодатлари, муомалотлари ва ҳалол-ҳаром ишларидан ҳаммасида унга эргашардилар. Баъзан Китоб ва Суннатда далили бўлмаган ишлар билан рўбарў келиб қолса унда ўзи ижтиҳод қилар ва ижтиҳодидан келиб чиқиб одамларга фатво берар, улар эса ўша ишда унга тақлид қилар эдилар.
Ғаззолий “ал-Мустасфо”нинг тақлид ва фатво сўраш бобида саводсиз одам қиладиган иш фақатгина тақлид қилиш эканлигига далил келтириб қуйидагиларни айтади:
“Бунга биз иккита ҳужжатни далил қилиб келтирамиз: биринчиси саҳобаларнинг ижмоъси. Чунки улар саводсизларга фатво берар эдилар-у мужтаҳидлик даражасига етишни уларга буюрмас эдилар. Бу нарса аниқ ва равшан тарзда уларнинг олимларию авомларидан нақл қилинган.” (Ал-Мустасфо: 2/375)
Омадий ўзининг “ал-Иҳком” китобида шундай деган: “Ижмоъ ҳақида гапирадиган бўлсак, бас, албатта мухолифчилар пайдо бўлишларидан илгари саҳоба ва тобеъийнларнинг замонида ҳамма мужтаҳидлардан фатво сўраганлар ва шаръий аҳкомларда уларга тобеъ бўлганлар. Олимлар эса далилларни зикр қилиб ўтирмасдан уларнинг саволларига дарров жавоб беришга шошилганлар. Демак авом одамнинг мужтаҳидга тақлид қилмоғи мутлақо жоиз эканлигига ижмоъ бўлинган.”
Саҳобаларнинг замонида фатво бериш ишлари билан саҳобалар орасида фиқҳ, ривоят ва истинботга лаёқати билан танилган саноқли шахслар шуғулланганлар. Уларнинг энг машҳурлари тўрт халифа, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб ҳамда Зайд ибн Собитлардир. Аммо фиқҳий йўналиш ва фатвода уларга тақлид қиладиганларнинг сон -саноғи бўлмаган.
Тобеъийнларнинг даврида эса ижтиҳод доираси кенгайди, бу даврга келиб мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг саҳобалари тутган йўлни тутдилар. Бироқ ижтиҳод биз ибн Халдуннинг гапини нақл қилган пайтимизда зикр қилиб ўтган ижтиҳодий омиллар сабаблик иккита асосий мазҳаб-раъй ва ҳадис мазҳабида ўзини намоён қилди.
Раъй мазҳабининг Ироқдаги қутбларидан Алқама ибн Қайс ан Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ Ҳамадоний, Иброҳим ибн Зайд Нахаъий ва Саъийд ибн Жубайрлардир. Ироқ ва унинг ён-атрофидаги ҳамма одамлар ҳеч бир қаршиликсиз ана шу мазҳабга тақлид қилардилар.
Ҳадис мазҳабининг Ҳижоздаги қутбларидан Саъийд ибн Мусаййиб ал Махзумий, Урва ибн Зубайр, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Сулаймон ибн Ясор ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофеълардир. Ҳижозликлар ва Ҳижоз атрофидаги ҳамма одамлар ҳеч бир қаршиликсиз ана шу мазҳабга тақлид қилганлар.
Ана шу иккита мазҳабнинг қутблари орасида баъзи-баъзида мунозаралар ва кучли тортишувлар бўлиб турган. Аммо авомлар, илм ва фиқҳда улардан паст даражад бўлган мутааллимларнинг ўша тортишувлар билан ишлари бўлмаган. Чунки улар бирор кимсанинг эътирозисиз ўзлари истаган ёки ўзларига яқинроқ кишиларга тақлид қилиб кетаверганлар. Мужтаҳидларнинг бир бирлари билан тортишувлари маъзур жоҳилга ҳеч қандай масъулият ёки машаққат олиб келмаган.
Учинчиси: очиқ- ойдин ақлий далил. Уни аллома шайх Абдуллоҳ Дароз айтган гаплар билан таъбир берамиз: “...Ақлий далил: бу  кимда ижтиҳод қилишга қобилият бўлмаса,  қачон диннинг фаръий масалаларидан бири билан юзма-юз келса ё умуман ибодат қилмайди ва бу ижмоъга хилоф ишдир. Агар ибодат қиладиган бўлса ё ҳукмни тасдиқловчи далилга назар қилиш билан ёки бошқага тақлид қилиш билан ибодат қилади. Биринчиси (ҳукмни тасдиқловчи далилга назар қилиш) мумкин эмас. Чунки у нарса ўша одам ва ҳамма халоиқларни воқеъаларнинг далилларини ўрганиш, тирикчиликдан тўсилиб қолиш, касб-ҳунар ва саноат ишдан чиқиши, зироат ва наслни йўққа чиқариш билан дунёнинг хароб бўлишига ва  тақлиддан бутунлай воз кечишликка олиб боради. Бу ҳаражнинг энг чўққисидир. Шундай экан фақатгина тақлид қилиш қолди. Ана ўша фараз вақтида шу (тақлид қилиш) билан ибодат қилинади.” (Шайх Абдуллоҳ Дарознинг Шотибийнинг “Ал-Мувофақот” асарига ёзган шарҳи 4/22 га қаранг. Юқоридаги иккита манбаъда бу ҳақда Омадий ва Ғаззолийлар айтган гапларга ҳам қаранг.)
Уламолар авом ёки истинбот ва ижтиҳод қилиш даражасига етмаган олим одамлар учун далилни биладиган бирор бир мужтаҳидга тақлид қилишдан бошқаси мумкин эмаслигига Китоб ва Суннат  ҳамда ақлий далилларнинг интеграцисини кўрганларида авомга учун мужтаҳиднинг фатвоси мужтаҳид учун Китоб ва Суннатдаги далиллар сингаридир, дедилар. Чунки Қуръон уни биладиган олим одамга ўзидан олинган далил-ҳужжатларга амал қилишни мажбурият қилиб қўйгани каби авомга ҳам олимнинг фатвоси ва ижтиҳодига амал қилишни мажбурият қилиб қўйгандир. Шотибий ушбу гапнинг  баёнида шундай дейди:
“Авомларга нисбатан мужтаҳидларнинг фатвоси мужтаҳидларга нисбатан шаръий далиллар сингаридир.
Бунинг далили шуки агар бирор манфаат топмайдиган бўлсалар муқаллидлар учун далилларнинг бор йўқлиги баробардир. Зеро далилларни излаш ва ҳукм чиқаришлик уларнинг ишлари эмас ва бу иш уларга умуман мумкин эмас. Батаҳқиқ Аллоҳ таоло: “” деб буюргандир. Муқаллид олим эмас. Демак унинг учун аҳли зикрлардан сўраш, диннинг аҳкомларида уларга мурожаат қилишдан  бошқаси умуман дуруст бўлмайди. Шундай экан аҳли зиклар унинг учун шарийъат ўрнида, уларнинг сўзлари эса шарийъат соҳибининг ўрнидадир.” (Шотибийнинг “ал-Мувофақот” асари. 4/290 ва 292 саҳ.)
Шундай бўлсада рисола муаллифи келтирган далилларга раддия ўрнида келтирганимиз ибнул Қоййим, Деҳлавий, Изз ибн Абдуссалом ва Камол ибн Ҳумомларнинг ибораларини сизга эслатиб ўтишим лозим. Ўша ибораларнинг барчаси ҳукм чиқариб олиш ва ижтиҳод қилишга илмий иқтидори ожизлик қиладиган кишиларга нисбатан (шу ишларга қодир мужтаҳидларга) тақлид қилишликнинг шаръий эканлигига далилларни ўз ичига олган.
Тақлид қилишнинг машруълигига балки истинбот ва ижтиҳод қилиш даражасига етмаган пайтда вожиб эканлигига ақлан аниқлик, қатъий ижмоъ ва соғлом нақл асосига барпо бўлган очиқ-ойдин далил сизга кўрсатилганидан сўнг ана шундай пайтда модомики ҳаммалари мужтаҳид эканлар, модомики иккинчи шахс истинбот ва далил излашнинг қандайлигини билмайдиган муқаллид бўлар экан тақлид қилинадиган мужтаҳиднинг саҳобалар ичидан биттаси ё раъй ва ҳадис мазҳаби имомларидан бири ёки тўртта мазҳаб имомларидан бирлари бўлишининг орасида қандай фарқ бор?!.
Тўртала мазҳабларнинг пайдо бўлиши бидъатдир, уларга эргашмоқлик ва тақлид  қилишлик ҳам яна бир бидъатдир, деб жар солишнинг маъноси нима?
Нима учун тўртта мазҳабнинг пайдо бўлиши бидъат ҳисобланади-ю раъй ва ҳадис мазҳаблари уларга ўхшаб бидъат ҳисобланмайди?
Нима учун Шофеъий ва Ҳанафийга тақлид қилганлар мубтадиъ бўлади-ю Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абдуллоҳ ибн Аббосга ёки мўминлар онаси Оишага эргашганлар мубтадиъ бўлмайдилар?!
Тўртта мазҳаб имомлари қандай бидъатни  чиқарибдиларки ҳаммани уларга тақлид қилишдан қайтарсак ва агар уларга эргашмоқни лозим тутсалар уларни мубтадиъга чиқарсак?!
Ўзларининг саҳоба ва тобеъийнлардан бўлган мужтаҳид ўтмишдошларига нимани қўшимча қилдилар?!
Албатта, улар қилган ишлардан янгилик деб ҳисобланадигани шуки улар бир томондан фиқҳ ва суннатни тадвин қилган бўлсалар, иккинчи томондан истинбот ва изланишлар учун асос ва манҳажларни туздилар. Бунинг натижасида ҳадис ва раъй мактаблари ўртасидаги кучли ихтилофлар барҳам топди, иккала тараф Китоб, Суннат ва Ижмоъга таянган янги  мезонни ўрталарида ҳоким қилишга келишиб олдилар. Оқибатда ана шу тўртала мазҳабларнинг арконлари кучайди, томирлари яхшилаб илдиз отди, асосий ва иккинчи даражали масалалари девон шаклига киритилди, уламолар уларга эътибор бериб ўрганадиган бўлдилар. Бу мазҳабларнинг умри узоқлигига, китобларининг кенг тарқалишига ва барча замонларда уламоларнинг ҳимоясида бўлиб келганлигига сабаб ана шу. Шу билан бирга изланиш ва истинбот бобида тушунчаси ва билими тўғрилигига қалби хотиржам бўладиган даражада малакаси бор ва ҳукмнинг тушунчаси ва далилини англаб етган ҳеч бир олимнинг ўша ҳукмда ана шу имомлардан бирортасига тақлид қилишга ҳаққи йўқдир.
Тўртала мазҳаб имомларини қолган мазҳаблардан фарқлатиб турадиган янгилик мана шу. Шундай экан уларга эргашган ана у миллионлаб мусулмонлар қайси бидъат ва қайси залолатга тушиб қолибдилар?! Қандай илмий ёки ярим илмий асослар билан рисола муаллифи ушбу мазҳабларни бидъат ишлардан, у мазҳабларни қабул қилмоқлик учинчи асрда пайдо бўлган бидъат, дея даъво қилади?. Қайси шаръий далил билан ушбу мазҳабга тақлид қилувчиларни қўрқувдан қочадиган эшакларга ўхшатади?!
Тақлиднинг моҳияти ва далилини, тўртта мазҳабнинг ўзидан олдинги мазҳабларга нибатан мавқеъини, ушбу мазҳаблар даврида ва улардан олдин мусулмонларнинг ҳаёти ҳақида аниқ қилиб гапирганимдан сўнг инсофи бор ақлли китобхоннинг олдига ушбу рисола муаллифининг ҳайратини қўзғайдиган ана шу саволларни кўндаланг қилиб қўйсам менга кифоя.
Ушбу саволларнинг ҳеч бирига ўзим жавоб бермоқчи эмасман. Чунки ақли ўзида бўлган ҳар бир холис ўқувчи ушбу рисола ва рисола муаллифининг очиқ-ойдин ҳақ йўлдан оғишганини билиб олишга қодирдир.

 Ана энди иккинчи масаланинг далилини нақл қилишга ўтсак:
Иккинчидан: муқаллид учун муайян мазҳабга амал қилмоғи ҳаром эмас:      
Биз юқоридаги сўзларимизда ижтиҳод қилиш ва истинбот даражасига етмаган илмсиз одам учун тақлид қилишдан бошқасига рухсат йўқлигини айтиб ўтдик ҳамда бу нарсани ўзимиз келтирган аниқ ва равшан ҳужжатлар билан тасдиқладик. Энди эса ана ўша гаплардан сўнг ушбу саволни берамиз:
Ана шу муқаллид ўзи эргашаётган имомини ҳар куни янгиси билан алмаштириб туриши керакми? Ёки шу ишни масалан ҳар ой ё ҳар йилда қилиши керакми?..
Агар бу ҳукм бўладиган бўлса яъни, ўзи эргашаётган имомини баъзи- баъзида ўзгартириб туришлиги керак бўлса ана шу кераклигининг шаръий ҳужжати борми?
Буларга шундай жавоб берамиз: албатта ҳукмнинг далилини билмайдиган одамнинг вазифаси аввал айтганимиздек, тақлид қилишликдир. Бу ҳақдаги буйруқ Аллоҳ таолонинг: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”, (Анбиё:7) деган сўзидаги маънодан очиқ кўриниб турганидек, умумийдир.
Бас, илмсиз одам қачонки аҳли зикрдан сўраб улар берган фатвода ва уларнинг йўлларида уларга тақлид қилар экан, батаҳқиқ у ўзига нисбатан Аллоҳнинг (ана шу) амрини татбиқ қилган бўлади. Айнан битта имомни ушлайдими ёки ушламайдими, барибир. Битта имомни лозим тутиши унга яқин бўлгани учун бўладими ё мазҳабини ўрганиш осон бўлгани учунми ёки унинг қарашлари ва мазҳабидан хотиржамлик топгани учунми, барибирдир.
Агар айнан битта имомни бошқаси билан алмаштирмасдан лозим тутишликни ўзи учун мажбурият деб эътиқод қилса демак у хато қилган бўлади. Агар ана шу эътиқодида ўз ижтиҳодида хатога йўл қўйган бирор бир мужтаҳидга эргашмасдан туриб Аллоҳнинг ҳузуридан келган буйруқ деб эътиқод қиладиган бўлса гуноҳкор бўлиб қолади.
Агар тақлид қилаётган имомини ҳар куни ёки баъзи-баъзида алмаштириб туриш керак, деган эътиқодда бўлса у ҳам хато қилган бўлади. Агар уни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил бўлган бир ҳукм деб эътиқод қилса ва ўзини мужтаҳид қилиб кўрсатган кишининг фикрига алданиб қолганига сабаби бўлмаса унда ҳам гуноҳкор бўлади. Чунки бу ишларнинг барчаси Аллоҳнинг фармони ва ҳукмига қўшимча қилишдир.
Албатта у аслий далиллардан англаб ета олмайдиган ҳар бир масалада бирор мужтаҳидга эргашмоқлик ўзининг мажбурияти эканлигини, Аллоҳ таоло ҳам унга ана шундан бошқасини буюрмаганлигини яъни, уни ҳеч қандай лозим тутишга- на имомларни алмаштириб туришни ва на доимо битта имомни ушлашликни лозим тутишга буюрмаган эканлигини билмоғи керак.  
Ана шу уламолар ва имомлар якдил бўлган ҳукмдир. Бунинг бир нечта далиллари бордир:
Биринчиси: битта имомни лозим тутишлик ёки имомларни ўзгартириб туришни лозим тутишлик асосий ҳукм- эргашиш ва тақлид қилиш ҳукмига қўшимча ҳукм бўлади. У ҳолда бунга далил исбот керак. Ваҳоланки бирор бир далил мавжуд эмас.
Далилларни ўрганиш ва улардан ҳукмлар чиқаришга қодир бўлмаган киши ўзида ижтиҳод қилишга тўлиқ иқтидорни мужассам қилган бирорта имомга тақлид қилиши керак эканлигини баён қилишдан бошқасига далил ворид бўлмаган. Ана шу далилнинг мазмунига қўшимча қилинган ҳар қандай шарт эътиборга олинмайдиган бидъат ва ботил ихтироъдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва саллам саҳиҳ ҳадисларида: “Аллоҳнинг Китобида мавжуд бўлмаган ҳар қандай шарт агарчандийки юзта шарт бўлса ҳам мардуддир”, деганлар. Ушбу ҳадисни Баззор ва Тобаронийлар ривоят қилганлар. Икки шайх Оиша р.а дан шунга яқин ҳадисни ривоят қилишган: “Одамларга нима бўлдики Аллоҳнинг Китобида бўлмаган шартларни шарт қиладилар. Аллоҳнинг китобида мавжуд бўлмаган ҳар қандай шарт ботилдир гарчи юзта шарт бўлса ҳам...”)
Шуниси ажоибки рисола муаллифи ўзининг муайян мазҳабни лозим тутишлик ҳаром, деган даъвосига бизнинг лозим тутишлик вожиб эканлигига далил мавжуд эмас деб айтган мана шу гапимизни ҳужжат қилиб келтиради. Шундай бўлсада бир оз олдин айнан ўзи таъкидлагани-лозим тутиш вожиблигига далил йўқ деган сўзини унутган ҳолда ўзига ўзи қарши чиқаётганини ёдидан чиқариб қўйган ҳолда кейин муқаллидни ўзи эргашаётган имомини ўзгартириб туриши лозим эканлигига буюради.
Агар лозим тутишни  вожиб қилишлик  айтганимиздек далили бўлмаган   бир иш бўлар экан у ҳолда муқаллид имомни ўзгартириб туришни лозим тутиш  билан ўзгартирмасликни лозим тутишликни  ўзига ўзи вожиб қилишининг ўртасида қандай фарқ бор? Нима учун биринчиси лозиму лобуд бўлган вожиб, иккинчиси эса рухсат берилмаган ҳаром иш бўлсин? Ваҳоланки ҳар иккиси вожиб деб тасаввур қилиш мумкин бўлмаган лозим тутишликнинг остига дохил бўлган бўлса...
Шундай экан тақлидида узрлик бўлган муқаллид ўзи учун (мужтаҳидга) тақлид қилишдан бошқа нарса  вожиб эмаслигини билиб қўйиши керак бўлади. Агар айнан битта имомни ундан воз кечмаган ҳолда лозим тутишликни ўзининг вожиби деб, ёки ҳар куни бир имомдан бошқа бир имомга ўтиб юришни ўзининг вожиби деб эътиқод қилса батаҳқиқ у ўз эътиқодида хато қилган бўлади ва уни тўғрилаб қўйиш керак. Аммо шариат соҳиби ушбу икки ҳолатнинг биттасини лозим тутишни унинг мажбурияти қилмаганлигини билса, бас, у ҳақдир. (Амалий тарафдан) айнан битта имомни маҳкам ушлайдими ёки бир имомни қўйиб бошқасига ўтиб юрадиган одати бор бўладими, бунинг фарқи йўқ.
(Бироқ, имомни алмаштириш дуруст бўлиши учун фақиҳлар ва усул уламолари жумҳурининг наздида бу нарсага уни нафсу ҳавоси ундаган бўлмаслиги, шариатнинг мажбуриятлари ва ибодатларидан қочишга интилиш бўлмаслиги ва битта ибодатда фақат битта имомга тақлид қилишлиги шарт қилинади. Чунки агар шундай иш қиладиган бўлса иккита имомнинг ижтиҳодидан тўқилган битта ибодатни ҳар иккала имом рози бўлмайдиган тарзда бажаришига тўғри келиб қолади. Шунингдек, ўтмоқчи бўлаётган янги мазҳабининг қайси амалига эргашмоқчи эканлигини ҳам билиши шарт.)
Иккинчи далил: биз айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан мутавотир тарзда етиб келган ўнта қироат бор бўлиб Қуръон ўшалар асосида тиловат қилинади. Ана шу қироатлардан ҳар бирининг унга хизмат қилган алоҳида имоми бор. Уни ривоят қилган, ўша қироатда тиловат қилган ва одамларга ўша қироатдан сабоқ берган, одамлар ўша қироатни ундан таълим олганлар. Мусулмон одам ана шу қироатлардан ўзи истагани билан ўқиши  мумкинлиги собит бўлган. Шунингдек, ижтиҳод қилишга ожиз бўлган мусулмон тўртта мазҳабдан ўзи истаганига тақлид қилиши мумкинлиги ҳам собит бўлган. Иш шундай экан мусулмон одам айнан битта қироатда ўқишлик ҳаром бўлади деган сабаб билан ҳар замон янги қироатда Қуръон ўқиши керакми?!..
Мусулмонлардан бирор киши ҳозир ёки қадимда шу гапни айтганми? Рисола муаллифининг ўзичи, у ҳар куни кеча ўқимаган янги қироат билан Қуръон ўқирмикин?
Диннинг фаръий масалаларида фиқҳ имомларига тобеъ бўлиш билан Қуръон ўқишда қироат имомларига тобеъ бўлишнинг ўртасида қандай фарқ бор? Нима учун биринчи тоифдагилар ўзгартириб туриши керак экан-у иккинчи тоифадагилар бу ишни қилмасликлари керак?
Баъзилар айтиши мумкин, мусулмон одам фақат битта қироатни ўзлаштириши ва бошқа қироатларни ўрганиш учун унга йўл бўлмаслиги мумкин, деб. Мазҳабларга эргашиш тўғрисида биз ҳам шу гапларни айтамиз. Албатта мусулмон одам тўртта имомлардан битасининг мазҳабини яхши ўзлаштирган бўлиши ва ўзига керак бўлган аҳкомларда бошқа мазҳабларни ўрганиш учун унга йўл йўқ бўлиши мумкин. Шундай экан нима учун биринчисини маъзур тутамиз-у  иккинчисини маъзур тутмаймиз?
Ҳар ҳолда муаммо маъзур тутиш-тутмасликда эмас, унинг далил-исботида. На  қироат имомларига иқтидо қилишда ва на фиқҳ имомларига иқтидо қилишда имомни ўзгартириб туришлик ёки ўзгартирмаслик лозимлигига  бизнинг далилимиз йўқ. Шундай экан иккаласининг ҳукми бир хилдир.
Учинчи далил: саҳобаларнинг замонаси, ундан сўнг тобеинларнинг замони ўтиб улардан кейин тўртта имомларнинг даври ва ундан кейинги аср келди. Биз ана шу замонларда яшаб ўтган имомлардан ҳеч бирининг муқаллидлар ва муфтийларни айнан битта имомнинг ёки муфтийнинг мазҳабига амал қилишдан қайтарганларини эшитганимиз эмас.  Улардан бирортасининг одамларни мужтаҳид имомлар ўртасида кўчиб юриб уларнинг ҳаммаларидан динни ўрганишга ва уларнинг ҳар битталарига бир оздан тақлид қилиб юришга буюрганларини ҳам эшитмадик.
Бизнинг билганимиз ана шунинг тескариси. Бизга маълумки халийфанинг ўзи кимга муфтийликни топширган бўлса ўша одамнинг исмини эълон қилдирар ва юртаги ҳамма одамларнинг диққатини унга қаратар эди. Токи улар ўша муфтийларга ўз саволларини берсинлар ва диний масалаларда уларга эргашсинлар. Баъзида халийфа ўзи тайинлаган кишидан бошқаларни фатво бериш билан шуғулланишдан қайтарган. Бунга сабаб ҳар хил фатволарни эшитиб одамлар ҳайрат ва изтиробга тушиб қолмасликлари эди.  
Макка бўйлаб фатво беришлик Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидларга белгилаб берилган эди. Халифанинг жарчиси одамлар орасида юриб ана шу иккала имомлардан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан шуғулланмасин, деб жар солиб чиқар эди. (Ибнул Имоднинг “Шазаротуз заҳаб”и 1\148 га қаранг.) Узоқ  замонлар   маккаликлар мана шу иккала имомнинг мазҳабига амал қилдилар. Ато ҳам, Мужоҳид ҳам ва улардан бошқа имомлар ҳам халийфанинг бу ишига эътироз билдирмаган ва ҳеч бирлари одамларни айнан битта имомнинг мазҳабини ушлаб олишдан қайтармаганлар ҳам.
Баъзи одамлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг фатволаридан қаноат ҳосил қилганлари учун ана шу буюк саҳобадан бошқасидан фатво сўрамаган, ундан бошқасига савол ҳам бермаган. Ибн  Аббос ёки бошқа саҳобаларнинг одамларни бу ишдан қайтарганлигини ва шуни деб ўз шеригини гуноҳкорга чиқарганлигини бирорта олим билмайди.  
Ироқликлар узоқ вақт ибн Масъудни, ундан кейин унинг шогирдларини ўзларига муқтадо қилиб унинг  мазҳабига риоя қилиб яшадилар. Аҳли илмлардан ҳеч бири уларнинг бу ишларига эътироз билдирмаган. Шунингдек ҳижозликлар ҳам шуларга ўхшаб Абдуллоҳ ибн Амрни ва унинг шогирдларини ўзларига муқтадо билган ҳолда ҳадис мазҳабига амал қилиб яшадилар. Аҳли илмлардан ҳеч ким уларнинг ана шу ишларини қоралаган эмас.
Миллионлаб одамлар –авомлар, мутааллимлар ва фақиҳлар,-  тўртала имомларнинг мазҳабларини ўзларининг мазҳаблари деб қабул қилганлар. Ҳар ким ўзи истаган ё осон деб билган ёки ўзи яшаётган юртга яқинроқ бўлган мазҳабни танлаган. Табақот китобларида уларнинг таниқли ва машҳур олимларидан минг-минглаб одамларнинг исмлари қайд этиб қўйилган. Ана ўша исмларни Субукийнинг “Табақотуш-шофеъийятул-кубро”сида, ибн Ражабнинг “Табақотул-ҳанобила”, сида,  Бурҳонуддийн Маданийнинг “Табақотул-моликийя”сида ва Ҳофиз Қурашийнинг “Табақотул-Ҳанафия”сида ўқиб олиш мумкин. Ана ўшалардан ёхуд уларнинг имомлари ва устозларидан ҳеч бирлари  муқаллиднинг фақатгина битта мазҳабга амал қилиши жоиз эмас демаганлар!! Мана имом Заҳабий саҳиҳ далилдан воқиф бўлгач уни керагидек тушуниб етганидан кейин ҳам ўз имомига таассуб қилмаган ҳолда ўз имомларининг мазҳабларидан ажралмаган фақиҳларларнинг бу ишларини қувватлаб ва уларни мақтаб-мақтаб гапиради. “Зағлул-илми ват-талаб” китобида Заҳабий шундай ёзади:
“Моликий мазҳабининг фақиҳлари агар уларнинг қозилари ва муфтийлари (мусулмонларнинг) қонларини тўкишга ва (мусулмонларни) кофирга чиқаришга шошилмасалар яхшилик, иттибоъ ва фазилат узрадирлар..”. Сўнг: “Ҳанафий мазҳабидаги фақиҳлар агар найрангбозликдан, рибода ва закотни йўққа чиқариш масаласида ҳийла ишлатишдан саломат бўлсалар аниқлик, раъй, заковат ва моликийларга ўхшаб яхшилик  эгаларидирлар..”, дейди. Сўнг: “Шофеъий фақиҳлари энг ақлли ва динни энг яхши биладиган одамлардир. Зеро, уларнинг мазҳаблари муттасил аниқ ҳадисларга эргашмоқликка асосланган, имомлари эса ҳадис аҳлининг сарваридир, кўплаб фазийлатлар эгасидир. Бас, агар сиз, эй, одам, Аллоҳга ибодат қиламан,  ўзимдан жоҳилликни кеткараман деган мақсадда шу имомнинг мазҳабида  экансиз демак сиз яхши йўлдасиз...”. Кейин ҳанбалийлар ҳақида: “Ҳанбалийларга келсак уларда фойдали илмлар бор, бир сўз билан айтганда, уларда дин бор, улар бу дунёда озчиликдирлар. Одамлар уларнинг эътиқодлари  ҳақларида гапириб, уларни мужассимага чиқарадилар. Ваҳоланки, баъзи тасодифни ҳисобга олмаса, улар ўша сифатдан покдирлар. Аллоҳ уларни мағфират қилсин”.
Заҳабий ана шу мазҳабларнинг вакилларини ўз имомларига таассуб қилишдан, ҳар ким ўз мазҳаби ҳақида барча мазҳабларнинг ичида энг яхшиси деган эътиқодда бўлишидан қайтаради. “Сиз ўзингиз мансуб бўлган  мазҳабни энг афзал ва Аллоҳ таоло учун энг суюкли мазҳаб дея эътиқод қилманг. Чунки, бу нарсага сизнинг ҳам, сизнинг мухолифингизнинг ҳам  ҳужжатингиз йўқ. Балки, имомлар (раҳимаҳумуллоҳ)нинг барчалари кўп- кўп яхшиликлар узрадирлар ва улар тўғри топган масалаларида ўзлари учун иккита ажр, хато қилганларида эса битта ажр бордир”.   (“Зағлул-илми ват-талаб”нинг 14-16 саҳифаларига қаранг.)
Эй, холис биродар, тааммул қилиб кўринг: булар имом ибну Таймиянинг шогирди буюк ҳофиз Шамсуддин Заҳабийнинг гаплари. У киши тўртала мазҳабнинг фақиҳларини мақтамоқда, уларнинг ўз имомларидан динни ўрганишларини, уларнинг ижтиҳодларига амал қилишларини қўллаб-қувватламоқда. Уларни юқорида ўзингиз кўрган сўзлар билан мақтамоқда. Таассубчиликка кетиб қолмасликдан,  ўзлари учун аниқ бўлган очиқ ва тушунарли далилдан кўра имомнинг раъйини устун қўйишликдан огоҳлантирмоқда.
Булар ўша шофъий, моликий, ҳанафий ва ҳанбалий мазҳабидаги уламоларнинг табақотидир. Сизга тушунтириб ва изоҳлаб берганимдек, булар ўша тобеъийн ва саҳобаларнинг воқеъидир. Ана ўшаларнинг барчаси энг тушунарли  тил билан баён қилаяптики, модомики ана шу ишини Аллоҳ буюрган деб эътиқод қилмас экан, муқаллиднинг битта имомни ушлаб олиб фақат ўшанга тақлид қилишида зарар ҳам, гуноҳ ва ҳараж ҳам йўқдир. Зеро, биз ва барча мусулмонлар бундай ақидага рози бўлмаймиз. (Биз айтиб ўтган шунча гаплар саҳобалар, тобеъийнлар, табаъа тобеъийнлар ва улардан кейингиларнинг ичларида битта имомни ёки битта мазҳабни ушлаб бошқасига ўтмасдан амал қилган кишилар бўлганлигини, бошқасига ўзгартирмаган ҳолда битта мазҳабга амал қилишлик ҳеч бир таъқиқ собит бўлмаган аксинча, таъқиқнинг зидди, у ҳам бўлса саҳобалар, тобеъийнлар ва улардан кейингилар тарафидан шу иш қилингани собит бўлган шаръий иш эканлигини    кўрсатмайдими?  Шунча гапларга қарамасдан,- битта имомни ёки битта мазҳабни ушлаб амал қилишликни ҳаромга чиқаришлик бидъат ва динга қўшимча қилиш эмасми? Шунга қарамай шайх Носир орамизда бўлиб ўтган мунозара вақтида мазҳабсизлик бидъат эканлигиига, саҳобалар ва тобеъинлар ичида битта имомни ушлаганлари бўлган эканлигига бу китобимнинг ичидан далил -ҳужжат сўрайди.
Биз ундан: “Китобни ўқидингизми?”, деб сўрасак: “Иншааллоҳ, ўқидим”, деб жавоб беради. Бизлар эса “Иншааллоҳ” калимасини изоҳ учун айтдими ёки табаррук санаб айтдими, билмаймиз. Иншааллоҳ китобни ўқиб ҳам Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидларнинг бирор кимсанинг эътирозисиз Маккада фатво беришга таъйин қилинганликларида битта мазҳабга амал қилиш машруъ амал эканлигига ижмоъ бўлинганига далил топмабди.
    Иншааллоҳ китобни ўқиб ҳам ироқликларнинг Абдуллоҳ ибн Масъудда, ундан сўнг унинг шогирдларида намоён бўлган аҳли раъй мазҳабини лозим тутишларида ана шу лозим тутишлик шариатга мувофиқ эканлиги, унинг акси билан фатво беришлик  ҳаром эканлигига  бирорта далил топмабди. Ҳижозликларнинг Абдуллоҳ ибн Умарда, ундан сўнг унинг шогирдларида намоён бўлган  мазҳабини лозим тутишларида ҳам айни мавзуга далил топмабди!
    Китобни ўқибди-ю миллионлаб одамларнинг тўртта мазҳабни маҳкам тутган ҳолларида ўзларининг мазҳаблари деб қабул қилганларида юқорида ўтган ижмоъни қувватлайдиган, мусулмон одам муайян бир имомнинг мазҳабини лозим тутиши ҳаром ҳам, макруҳ ҳам ва диндаги бидъат ҳам эмаслигини қатъиян таъкидлайдиган далилни топмабди.  Албатта, унинг ана шу ёрқин далилларнинг ҳаммасини билмайдиган қилиб ўзини кўрсатиши, -шунга қарамай,- муайян бир мазҳабни ўзига мазҳаб қилиб олишни ҳаром деб ҳукм чиқариши динда асоси бўлмаган бидъатдир ва шунга асосан (мусулмонларни) мазҳабсизликка чақиришлик шариати исломияга таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир. Айниқса, кўплаб одамлар кўнгилларига келган ишни қилайверадиган  бўлиб қолган ҳозирги даврда.)

Имомга тақлид қилиш ва унинг мазҳабини ушлашнинг маъноси нима?         


Адолатли ҳар бир мусулмон биладиган нарса- ижтиҳод қилиш даражасига етмаган киши учун лозим тутадими ёки тутмайдими, барибир мужтаҳид имомга эргашмоқдан ўзгасига рухсат йўқлигини тушунтириб  берар эканмиз ана ўша имомга тобеъ бўлиш ва унинг мазҳабини ушлашлик зарурлигининг маъносини ҳам тушунтириб ўтишимиз керак бўлади. Ўша имомнинг мазҳабини  унинг шахси учун ушлаганми ёки унинг ўзидаги аниқ бир хусусияти учунми?
Аллоҳ сақласин... Мусулмонлар ичида шу гапни гапирадиганлар бўлишидан Аллоҳ сақласин. Расул алайҳис саломнинг замонларидан то ҳозирги кунга қадар барча мусулмонлар биладиларки, фақатгина Аллоҳнинг шариати одамлар устидан ҳукм чиқаради, фақат угина мусулмонларнинг чироғлари, ҳаёт тарзларининг ва иқтидоларининг асосидир.
Бироқ, Аллоҳнинг ҳикмати ва халоиқлар ичидаги суннати одамларнинг умумий тарзда илму-маърифат борасида, хусусан шариат аҳкомлари борасида  бир бирларидан тафовутда бўлишларини тақозо қилгач –ҳамма Аллоҳнинг шариати ва қонунига бўйинсунишлари учун ҳам,- илмсиз одам олимнинг этагидан тутиши, олим одам ўзидан кўра олимроққа эргашмоғи лозим бўлиб қолди. Токи ҳамма битта йўл- ғолиб ва мақтовлик Аллоҳнинг йўли узра бирлашсинлар.
Бу ҳақиқат бизларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган иқтидомизга нисбатан ҳам ўз ифодасини топади. Зеро бизлар У зотга иқтидо қилар эканмиз оддийгина бир шахс сифатида  гавдаланган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлганликлари учун эмас. Биз У зотга Аллоҳ таолонинг амрларини бандаларга  етказгувчи бўлганликлари сабабли иқтидо қиламиз холос. Шунинг учун ҳам: “Китобга эргашмоқлик Суннатга эргашмоқдан кўра авлороқдир, чунки, Аллоҳнинг каломи ким бўлишидан қатъий назар банданинг каломидан кўра эргашишликка ҳақлироқ ва авлороқдир”, дейилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмоғимизга бизларни у зотнинг Аллоҳ таолонинг хабарчиси бўлганликлари мажбур қилмоқда. Демак, биз у кишига фақатгина ана шу сабаблар учун эргашамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мужтаҳид имомларнинг у зотдан одамларга еткариш, у зотнинг гапларидаги мазмун ва мақсадни англаш каби ишларининг ўртаси  Аллоҳнинг ҳукмларини одамларга еткариш ва У томонидан ўзларига нозил қилинган Қуръонни тушунтириб бериш тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Роббиси азза ва жалла,нинг ўртасидаги ишлар кабидир.
Дарҳақиқат имом Шотибий мен сизга тушунтирган ана шу маънони жуда ҳам чиройли тарзда ифодалаган. У ўзининг “ал-Иътисом” китоби 3/250 да қуйидагиларни айтган:
“Шариат олимининг сўзларига эргашилар, унинг ҳукмларига одамлар бўйинсунар эканлар   шубҳасиз, у шариат олими бўлгани, шариатнинг талаби билан ҳукм чиқаргувчи одам бўлгани учундир. Бошқа тарафи учун эмас. Ҳақиқатда у Аллоҳдан еткаргувчи бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан еткаргувчидир. Бас, жоҳил одам ўша олим еткарган нарсани буни Пайғамбар алайҳис салом еткарган, деган илм ёки ғолиби гумон билан қабул қилиб олади. Унинг мутлақ ҳукм чиқаргувчи қилиб тайинланган бўлгани учун эмас. Чунки бу нарса аслида ҳеч ким учун собит бўлмагандир. Бу фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламга нозил қилинган шариатга берилгандир ва ўша иш маъсумликлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёлғиз у киши соллаллоҳу алайҳи  ва салламга тегишлидир”.
Сўнг бундай дейди: “Иш шундай экан демак шариат аҳкомлари зиммасига юклатилган шахс учта ишнинг биттасидан холи эмасдир:

(Биринчиси) шариат аҳкомларида мужтаҳид бўлиши. Унинг ҳукми ўша масалаларда ижтиҳоди орқали эришган нарсадир....
(Иккинчиси) ҳукм чиқаргувчи илми умуман йўқ бўлган нақд муқаллид бўлиши. Ундай одам учун унга етакчилик қиладиган йўлбошчи, ҳукм чиқарадиган ҳоким ва у эргашадиган олим бўлиши керак. Маълумки, муқаллид ўша олимга ҳукм чиқарадиган илмни биладиган одам бўлгани учунгина эргашади. Бунинг далили шуки у агар ўша илмдан бехабар одам эканлигини билса ёки шундай гумони устун келса унга эргашмоғи ҳам унинг ҳукмига бўйинсуниши ҳам ҳалол бўлмайди.
Авом ва ундан бошқалар учун бирор масалада ўша масалани билмаслигини билиб туриб бошқа одамга тақлид қилишни хаёлга келтириши тўғри бўлмайди. Чунончи, бемор одам ўзини агар ақлини йўқотган бўлмаса, шифокорликдан бехабар одамнинг ихтиёрига топширмоғи мумкин эмас. Шундай эканми демак муқаллид муфтийга тақлид қилар экан унга бўйсунишни вожиб қиладиган илмдан хабари борлиги учунгина унга тақлид қилади. Унга  фалончи ёки пистончи бўлгани учун тақлид қилмайди. Ушбу жумлада ихтилоф қилишга  ҳам ақлан ва ҳам шаръан рухсат йўқ.
(Учинчиси) мужтаҳидлар етган даражага етмаган, бироқ далилни ва унинг мавқеъини тушунадиган, таржиҳ бобида эътиборга олинадиган сабаблар ёрдамида ҳукмнинг иллатини аниқлаш ва бошқаларда таржиҳ қилишга ақли етадиган бўлиши. Ана шунда унинг таржиҳи ё назари эътиборга олинади ёки йўқ. Агар эътиборга олсак ўша тарафидан мужтаҳидга ўхшаб қолади. Мужтаҳид эса ҳукм чиқаргувчи илмга тобеъ ва унга тикилиб қолган одамдир. Унга ўхшайдиган одамлар ҳам шу сингаридирлар. Агар уни эътиборга олмайдиган бўлсак ноилож авомлик даражасига қайтиши керак бўлади. Авом одам мужтаҳиднинг ҳукм чиқаргувчи илм сари юзлангани учунгина  унга эргашади. Унинг даражасига тушадиганлар ҳам худди шундай.....”.
    Сиз агар таассуб қилмасдан холис ақл билан ушбу китобга юзланиб буни билсангиз ва тасаввур қилсангиз рисола муаллифи айтаётган мана бу гапларнинг хато ва қўпол нодонлик эканлигини англаб етасиз:
“Амал қилиш ва эргашмоқлик вожиб бўлган ҳақиқий мазҳаб шубҳасиз, жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазҳабларидир. У зот буюк бир имомдирларки у кишига тобеъ бўлиш қожибдир.... Бас, агар асли шундай экан ушбу мазҳаблар қаёқдан келиб қолди? Нима учун бунчалик кенг тарқалиб мусулмонларнинг зиммаларига мажбурият қилиб қўйилди?”. Кейин ана шу мазҳабларга амал қилиб ва эргашиб келаётганлар шаънига сўкиш ва ҳақоратли сўзларни ёғдиради!
Ҳақиқатда рисола муаллифи ушбу китобимизда бир озини зикр қилиб ўтганимиз мазҳабларнинг келиб чиқиши ва олинган манбаълари ҳақида ислом қонунчилиги тарихидан озгина хабари бор ҳар қандай одам биладиган нарсаларни билмагандек қилиб ўзини кўрсатади.
Уларга эргашмоқликнинг ягона сабаби уларни жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг мазҳабларидан устун билишдир!! дея одамларни маломат қилади. Ижтиҳод  ва тақлиднинг маънолари, мазҳабларнинг келиб чиқиши ҳақида бирор бир илмга эга бўлмаган кўпгина авомларга бу гумон зўр келгани, ушбу алдов уларнинг мафкурасига сингиб кирганидан айримлари: “Тўғри-да, биродар, биз ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг тобеълармизми ёки Шофъийнинг? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг мазҳаблари олдида мана бу имомлар мазҳабларининг неча пуллик қиймати бор?”, дейдиган бўлиб қолдилар.
Ахир бу ёлғон фикрга ишонтирмоқлик илмли, адолатли ва Аллоҳнинг динида холис бўлган ҳар бир одам ўзига эп билмайдиган алдамчилик эмасми?!
Рисола муаллифи ана шу ажоиб гапини оммага гапираётган вақтида мазҳабларга эргашишнинг тўғри маъносини ростдан ҳам билмасмиди?! Ваҳоланки бошқа уламолар уни юзлаб китоблар ва манбаъларда шарҳлаб кетганлар, билмасликка баҳона бўлмасин учун тарих уларни жуда кўп манбаъ ва масдарларида қайдлаб қўйган бўлса!
Агар у ана шу очиқ-ойдин ҳақиқатни билмаслигига қарамай ана шу хатарли даъвони қилаётган экан демак бу ачинарли ва хунук ишдир. Агар барча олимлар ва зиёлилар сингари уни билган бўлса-ю, ўзининг бидъати одамларнинг онгига сингиб боришига имкон яратиш учун ўзини билмасликка солаётган бўлса, демак масала жуда ҳам оғир ва жуда ҳам қўпол экан!!
Мазҳабга ва мазҳаббоши имомга тақлид қилишни қачон бас қилиш керак?
Бу ерда икки хил ҳолат борки қандай савияда бўлмасин муқаллид бу икки ҳолатда ўзининг имомига эргашиб тақлид қилишда давом этишдан ўзини тийиши керак бўлади.
Биринчи ҳолат: масалалардан бирортасини ўрганишда уни англайдиган ва барча далилларидан хабардор бўлган, улардан ҳукм чиқариб олиш кайфиятини биладиган даражага етган бўлмоғи. Бундай ҳолатда у одам ўша масалада ижтиҳодидан келиб чиқиб иш кўради. Мазҳабининг имоми ортидан эргашишда бардавом бўлиш учун ўзининг илмий малакасини йиғиштириб қўйишга унинг ҳаққи йўқ.
Агар унинг малакаси биттадан ортиқ масалага етадиган бўлса, демак унинг ҳукми ҳам битта масаланинг ҳукми каби бўлади.
Иккинчи ҳолат: динда ўзи тақлид қилиб келаётган имоми тутган йўлнинг зиддига далолат қиладиган бирор ҳадисни кўриб қолса ва ҳадиснинг саҳиҳлигига ҳамда ўша ҳукмга далолат қилаётганига ишончи комил бўлса бас у ҳадиснинг кўрсатмасига амал қилиб ўша ҳукмда имомининг мазҳабига амал қилишдан тўхтамоғи лозим. Чунки тўртала имомларнинг ҳаммалари ўзларининг шогирдлари ва шерикларини агар саҳиҳ ҳадис ўзларининг ижтиҳодларига мухолиф келадиган бўлса унинг кўрсатмасига ўтишни тавсия қилар эдилар. Бинобарин ҳадисга амал қилишга ўтишлик ҳақиқатда тўртала имомлар  мазҳабларининг асосидир. Ва бу уларнинг ҳаммалари рози бўлган меъёр ва эътиқоддир.
Лекин бу ишнинг ўз шартлари борки уларни билиш ва уларга риоя қилишлик лозимдир. Олим одамнинг нигоҳи тушган ва имомининг ижтиҳодига хилоф келаяпти деб фикр қилган ҳамма ҳадис ҳам ҳақиқатда ана шу олим тушунган нарсага далолат қилавермайди.
Бу борада имом Нававий ўзининг “ал-Мажмуъ” китобида айтган гапларини эътиборингизга ҳавола қилсак:
“...Шофеъий айтган бу гапнинг маъноси саҳиҳ ҳадисни кўриб қолган ҳар кимса бу Шофеъийнинг мазҳаби, деб унинг зоҳирига қараб амал қилсин деганимас. Бу гап, шубҳасиз, юқорида ўтган сифатлар ёки шунга яқин нарсалар асосида мазҳаб  доирасидаги мужтаҳидлик мартабасига етган кишилар учун айтилган. Бу ишнинг шарти шуки, Шофеъий бу ҳадисни учратмаган ёки унинг саҳиҳлигини билмаган, деган ғолиби гумонда бўлсин. Бундай гумонга бориш учун Шофеъийнинг барча китобларини ва ундан сабоқ олган барча шогирдларининг китобларини ва шу кабиларни ўқиб чиққандан кейин мумкин бўлади. Бундай оғир шартга риоя қиладиган одам камдан-кам топилади. Биз юқорида зикр қилган нарсаларни шарт қилиб қўйишларига сабаб Шофеъий ўзи кўрган ва билган ҳадисларнинг зоҳирига амал қилишни тарк қилган. Чунки, ўша ҳадисларнинг айби борлиги ё насх қилингани ёки маълум бир нарсаларга хослаб айтилганлиги, уларнинг бошқача таъвили борлиги ва шу кабиларга унинг далил-исботи бўлган”. (Нававийнинг “ал-Мажмуъ” асари 1/64)  
Имомнинг қайсидир ҳадиснинг зоҳиридан воз кечишига ижтиҳодга доир кўпгина сабаблар бор. Ибну Таймия раҳимаҳуллоҳ уларнинг сонини ўнтага олиб борган ва уларга янги бир сабабни ҳам қўшган. У ҳам бўлса шуки олим одамнинг ҳадисга амал қилмаслигига биз билмайдиган ҳужжати бўлиши мумкин. Чунки илмнинг манбаълари кенгдир. (Ибну Таймиянинг “Рафъул-малом анил-аимматил-аълом”и 31-саҳифасига қаранг.)
Биз қачонки мужтаҳид имомнинг ҳадиснинг зоҳирини тарк қилганининг сабаблари ҳақида изланиб ибну Таймия тасвирлаб берган ўнта сабаблардан бирортасини топа олмасак ана шундан кейин бизлар билмайдиган бирорта узри, ўзи айтмаган ҳужжати бордир, деган ҳужжат билан саҳиҳ ҳадиснинг далолатидан воз кечиши мумкин эмас. Чунки олимларнинг хатога йўл қўйишлари уларни билиш, ўрганиш ва улардан кўзда тутилган мақсадни англаб етгандан сўнг шаръий далилларда хато бор бўлишидан кўра кўпроқдир.
 Демак мана шулар мужтаҳидлик мақомига етмаган кишиларга нисбатан тақлид қилишликнинг шариатга мувофиқлигининг айни далилларидир. Мана шулар муқаллиднинг муайян бир мазҳабни лозим тутиш тутмаслик жоизлигининг айни далилларидир. Биз уларни ҳеч қандай чигаллик ва парда қолдирмайдиган даражада аниқ ва батафсил зикр қилиб ўтдик. Бас, агар сиз эй китобхон биродарим, адолатли, мутаассибликдан ва худбинликдан озод бўлган одам бўлсангиз мен айтган гапларнинг ҳақиқат эканлигини англаб етасиз.
Аммо, мутаассиблик ва нафсу ҳавога асир одам бўлсангиз унда мен сизга тушунтириб берган ҳамма гаплар бир чақага қиммат  бўлиб қолади холос. Сиз унда ўзингизнинг мутаассиблигингиз ва нафсу ҳавоингизни даволаш учун бирор бир чора топишингиз даргумон. Бунинг ягона чораси ўзим ва сиз учун  Аллоҳга дуо қилиб нафснинг асирлигидан қутқаришини ва ҳою ҳавасдан йироқ тутишини, бизларга Ўзининг дини учун холис бўлиш ва шариатини англаб етишда адолатли бўлишдек неъматни ато этишини сўрашликдир.

Агар ҳамма одамлар мазҳабсизлик йўлини тутсалар нима бўлади?  

Ана шунча қатъий далилларни келтириб ёритиб берганимиздан кейин ўз-ўзимизга савол берайлик: агар ана шу далилларнинг барчасидан воз кечсак ва (ўзимизча ижтиҳод қилган бўлиб) одамларни мазҳабларнинг занжиридан, уларга қарам бўлиб қолишдан қутилишга ҳамда ижтиҳод майдонида сайр   қилишга чақирадиган бўлсак нима бўлади?..
Сизга жавобни ўзим бераман: агар ҳамма одамларни уй-жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади. Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади. Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида ана шу ишлаб чиқаришнинг мутахассисларига эргашишдан, уларнинг билим ва маҳоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак- агар ҳамма одамларни ана ўша мутахассисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиҳод қилишга, изланиш ва ижтиҳоддан кейин келадиган шахсий қаноатига эътимод қилишга  чақирадиган бўлсак, кейин одамлар ана шу даъватимизни  тасдиқлаб   шу ишни қилсалар нима бўлади?
Албатта, бу ишнинг орқасидан содир бўладиган нарса бу шубҳасиз цивилизацияни,  экин-тикинни ва наслни барбод қиладиган анархиядир. Одамлар уйларини обод қиламан деб хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб ўз жонларини ҳалок қиладилар, ишлайман ва саноатлаштираман деб бошларига фақирликни орттириб оладилар. Бунга сабаб шуки улар ижтиҳод ўз ўрнига қўя билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб уни татбиқ қилдилар, одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам беришлик, илм ўрганишлик ва тўғри йўлни топишда бир бирлари билан боғлиқликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар.
Бу ҳақиқатни ҳамма, ҳаттоки ёш болаларгача билади. Ҳатто мазҳабсизликка чорлагувчиларнинг ўзлари ҳам биладилар. Бироқ ана шу одамлар айни қонунни дийний мутахассисликлар, ҳалол-ҳаром ҳақидаги аҳкомлар борасида нима учун англаб етмайдилар?! Биз билмаймиз!
Барча одамларнинг ўша дунёвий соҳаларда ижтиҳод қилиш майдонига босиб кирганларида пайдо бўладиган натижа барча одамларнинг шаръий илмлар ва ҳалол-ҳаромга доир аҳкомлар борасида ижтиҳод қилиш майдонига босиб келганда пайдо бўладиган натижанинг айни ўзидир.
Бугун бизларда одамларнинг якка ва жамоат тарзидаги барча ҳолатларига алоқадор такомилига етган бир фиқҳ борки уни мужтаҳид имомлар ва уларнинг уламо издошлари излаб топишган ва ёзиб кетишган. Зеро бугун у кўз ўнгимизда намоён бўлиб ҳол тили билан бизга: сизлар билан ижтимоий, жиноий ва бошқа муаммоларингизда ушбу фиқҳни татбиқ қилишингизнинг ўртасида фақатгина уни ўзларингиз учун афзал бўлган қолипга солишингиз бор холос!, деб турибди. Биз агар ана шу фиқҳий бойлигимизни ҳар бир мусулмон учун ижтиҳод қилиш ихтиёрига бериб қўядиган бўлсак ушбу фиқҳнинг тақдири шамоллар учириб юрган қуруқ ҳашакларнинг тақдири каби бўлиб қолган бўларди.... қарасак мустаҳкам фиқҳ иморатимиз хароб бўлган, деворлари уёқ- буёқларга парчаланиб сочилиб кетган бўлади. Ва бу фақатгина такаббур кимсаларгагина шубҳа қиладиган натижадир, холос.
Бугунги мусулмон учун намоз, рўза, закот ва шахсий ҳаётида учрайдиган дийний муаммоларнин ҳукмларини тўртта мазҳаблардан бирортаси асосида ёзилган шариат аҳкомларининг хулосасини ўз ичига олган кичкинагина бир китобчани ўқиш орқали тушуниб олиши учун кенг  имкониятлар мавжуд. Модомики мужтаҳид эмас эканми саҳоба ва тобеъийнларнинг улуғларидан фатво сўраган кўпгина одамлар сингари  ҳукмларни англаш  ва уларнинг далилларидан хабардор бўлиш унинг учун шарт эмас.   
Агар сиз ҳар қайси мусулмонни ижтиҳод қилишга, далилларни ўрганишга мажбур қилсангиз, имомлардан бирортасига тақлид қилгани ҳолатда ҳалол-ҳаромга оид ҳукмларни ёдлаб олиши мумкин бўлган ана шу китоблардан узоқлатадиган бўлсангиз демак бунинг маъноси шуки сиз унга очиқ ва аниқ қилиб: “Сизга учрайдиган муаммолар тўғрисида Аллоҳнинг ҳукми фақатгина шахсий қаноатингиз сизни бошлайдиган нарсадир”, демоқдасиз!.
Ана ундан кейин қарабсизки бутун бошли шариати исломиядан қуруқ ном, мазмунсиз сарлавҳа ва Жуҳо қабристонидек бир бино: занжирлар билан беркитиб қўйилган эшик ўрнатилган бир девор, унинг орқа тарафида эса йиртқичлар ва бўрилар сайр қилиб юрган ташландиқ ер  бўлиб турибди-да.
Аммо уни ўша китоблардан ва имомлардан узоқлатиб бўлганингдан сўнг бошқа одамлар ёзган китоблар ва қилган ижтиҳодларга тортадиган бўлсанг бас,  сен уни ўша бошқаларга эргаштириб ва уларга тақлид қилишга мажбурлаб қўйган бўлсанг демак бу ишинг билан сен Шофеъий, Абу Ҳанийфа, Молик ва Аҳмадларга тақлид қилишнинг ўрнига фалончига ёки ҳозирги замоннинг писточисига тақлид қилишни унга мажбурият қилиб қўйишдан бошқа иш қилмаган бўласан.
Бундай мажбурлашнинг фақат битта маъноси бор. У ҳам бўлса тўртта имомларга ва уларнинг тобеъларига нисбатан нафрат ва адоват, фалончи- пистончиларга таассуб ва уларнинг ижтиҳодларини кенг тарқатишдир.
Бир марта менинг ёнимда туриб ташаҳҳуд вақтида бармоғини тинимсиз ҳаракатлантирганича намоз ўқиган толиби илмга: “Нимага бармоғингни қимирлатасан?”, десам у: “Чунки бу Расул алайҳис саломдан ворид бўлган суннатдир”, деди. “Бу тўғрида ворид бўлган ҳадис қайси экан ва унинг саҳиҳлик даражаси қандай ва ишора ҳақида айтилган нассдаги бармоқни қимирлатишдан мақсад ана шу доимий қимирлатиб туришлик эканига далил нима?”, дедим. Йигитча: “Мен билмайман. Бироқ бу ҳақда фалончи одамдан сўраб оламан”,  деди!..
-Ўша толиб далилни билмас экан- бу борада мен имом Моликнинг мазҳабига амал қиламан, деганида борми, ўзини ҳам бизни ҳам ташвишга қўймаган бўлар ва зиммасидаги вазифасини адо этган бўлур эди.
Шундай қилиб бу одамни тўртта имомлардан бирортасининг мазҳабига амал қилишдан фақат битта иш учун- бошқа бир шахсга тақлид қилдириш учун узоқлатилган холос. Агар ана шу одам умр бўйи шу шахсни маҳкам тутиб фақатгина ундан динни ўрганиб яшаса эди мана бу одамлар тўртала имомларнинг мазҳабларига амал қилиб юрганлар ҳақида айтганларидек қилиб унга: айнан битта мазҳабни лозим тутишлик сенга ҳаром бўлади, дея  ҳеч хам айтмаган бўлардилар. Энг ёмон шаклдаги ва энг ашаддий кўринишдаги таассубчиликни ана энди кўрдингизми?!..

 (Ана шу мазҳабсизларнинг шариати исломнинг аҳкомларига доир шахсий ижтиҳодлари бўлиб унда жумҳур имомларга хилоф қилишлари ва ўша ижтиҳодларини қувватлайдиган бошқа имомлар билан мувофақатда бўлишлари бизни ташвишга солмайди. Бизни бу ташвишга солмайди. Эҳтимол  уларнинг баъзилари айрим фиқҳий масалаларда изланиш олиб борган ва ҳеч бўлмаганда ўзининг эътиқодича ўша масалаларда ижтиҳод қилишга қодир қилиб қўядиган даражада жидду жаҳдини сарфлагандир. Баъзан уларнинг тутган йўлларига қарама-қарши бўлган фикрни учратамиз. Баъзан жумҳур уламолар тутган йўлни афзал биламиз . Баъзан уларнинг ижтиҳодга қодир эканликларини тасдиқламаймиз. Баъзан шароит  тақозо қилиб қолганида ана шу ишларнинг барчасида улар билан оға-иниларча тинч мунозаралар олиб борамиз. Лекин назар солиш ва Китоб ёки Суннатдан олинган деган ном билан ўзлари танлаган фикрларидан инкор қилиш учун мавзу ва низо ҳамда шовқин-сурон кўтариш учун сабаб ясаб олмаймиз.
Тўғри.. ташаҳҳуд вақтида бармоғини қимирлатишни ёки таровиҳ намозини саккиз ракаат қилиб адо этишни ўзига афзал биладиган одам билан, ёхуд –ўз эътиқодига биноан- қасддан тарк қилинган фарз намозларнинг қазосини ўқиб олишга ижозат йўқ деб биладиган кимсалар билан  бизнинг ҳеч қандай ишимиз йўқ. Зеро имомлар ва фуқаҳолар ичида шу гапларни айтганлари ҳам бўлган. Одамларнинг ҳақиқатда ижтиҳод қилишга лаёқатлари борми ёки йўқми, барибир баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳидликни даъво қилишлари ва  ўзлари учун мазҳаблар танлаб олишлари ислом тарихида янгилик эмас.   
Бироқ биз рад этаётган ва бизни ташвишга солаётган нарса шуки ана шу одамлар ўзлари амал қилаётган фикр ва қарашларини мазҳаббоши имомларга қарши курашиш ҳамда улар билан мусулмонлар оммасининг ўртасидаги мустаҳкам алоқани кесиб ташлаш, ҳозирги кунда уларнинг кўплари қилаётгани каби  масжидлар-у маҳаллаларда бўладиган барча маросимларда фитналар қўзғашлик учун ўткир қурол қилиб олишларидир. Аллоҳнинг йўлига ва  динига даъват қилишни тарк қилиб қўйганлар, нотўғри йўлда юрганлар ва уларнинг залолат, шубҳа ва адашишлари билан ишлари йўқ. Аммо ўзларининг ижтиҳодларига қарши иш қилган ёки тўртта имомлардан бирининг мазҳабини бардавом ушлаган ёхуд ижтиҳод қилишга қодир эмаслигини ва тақлид қилишга муҳтожлигини  ошкора айтган ҳар қандай диндор билан охири йўқ бўлган тортишувлар қиладилар ва охири улардан нафратланиб залолатга кетганликда айблайдилар, имомларини жоҳилга чиқарадилар, уларнинг китобларини эса занг босган ва ҳақ йўлдан оғишган деб сифатлайдилар!!
Бирор одамни қўлида тасбиҳ билан ўз зикрдаги вазифаларини бажариб ўтирганини кўриб қолсалар уни аҳмоққа чиқарадилар ва залолатга кетган бидъатчи деб атайдилар. Азон айтганидан сўнг муаззин Расул алайҳис саломга ошкора тарзда саловот айтса уни мушрикка чиқарадилар ва қайтиб бу ишни қилишдан огоҳлантирадилар. Одамлар таровиҳ намозини масжидда йигирма ракаат ўқишни афзал билсалар масидда на боши ва на охири бўлмаган фитна қўзғайдилар. Баъзида одамлар бу сабабдан масжиднинг ичида ғала-ғовурлар қилишади ҳатто масжид ичида сўкиб ҳақоратлаш билан овозларни баландлатадилар. Рамазон кечаларидан бирини ҳалигача эслайман. Ўшанда хуфтон намозидан кейин ўн беш нафардан ошиқ бир гуруҳ авом ва оддий одамлар менингт олдимга киришди. Уларнинг юзларида ва овозларида хусумат аломатлари бор бўлиб ўша ердан тўғри менинг олдимга келган эдилар. Ораларидан бир киши туриб саккиз ракаатдан ортиқ таровиҳ намози ҳаром бўлади, деб Аллоҳнинг уйи бўлган масжидни шайтоннинг йўлидаги кураш майдонига айлантириб  қўядиган даражада улар билан тортишгани сабабли    масжидларида қўзғаган кучли фитнани тўхтатишим учун бирор иш қилишимни мендан ёлбориб сўрашга тушдилар.
Одамлар таровиҳ намозини ўзлари хоҳлаганларидек қилиб ўқисалар буларга нима зарари бор?! Бизларни ҳам ўз эътиқодимизча  тақлид қилибми ёки ижтиҳод қилибми намоз ўқишимизга қўйиб берсалар уларга нима зарари бор?!
Уларнинг бор йўқ мақсадлари мужтаҳид имомлардан бирортасининг мазҳаби асосида амал қилмасдан туриб ҳам Китоб ва Суннатдан шариат аҳкомларини англаб олишга қудратимиз етади деб даъво қилиш эмасми ахир?! Мана биз, уларни ўша ишларни қила оламиз, деб даъво қилишлари учун ўз ҳолларига қўйиб қўйдик. Токи ўзлари учун –ўзлари истагандек- янги, ўша тўртта мазҳаблар билан ёнма-ён турадиган ва ибодатга доир масалалардан атига ўнтагинаси узра барпо бўладиган олий бир мазҳабга асос солсинлар,  ўзлари истаганларидек қилиб  ана шу масалаларни айлантирсинлар ва имомларнинг фиқҳ ва ижтиҳодларидан ўзлари қанча истасалар шунча узоқлашсинлар!      
Бироқ ана шуларнинг барчасидан кейин ҳам нима учун бошқаларни жоҳилга, аҳмоққа ва залолатга кетганга чиқаришади?!
Нима учун тўртала мазҳаббоши имомлар ва уларнинг кўплаб асарлари, ижтиҳодлари-ю уларга тақлид қилгувчиларни ёмонлайдилар ва масхара қиладилар?!
“Абу Ҳанийфанинг хатолари” деб атаётган нарсаларни ахтаришлик билан вақтни бекорга зоеъ қилишнинг нима кераги бор?!
Мажлисларда Шофеъийга таъна қилиш, киши зино йўли билан туғилган валади зино қизига уйланиши дуруст деб фатво бергани учун унинг фиқҳини масхара қилиш нима учун?! Агар у Шофеъий ўзининг “ал -Умм” китобида бу тўғрида айтган гапларини ўқиган бўлганида эди албатта ўзининг ғароиб жоҳиллигидан нафратланиб кетган бўлар эди!
Шайх Носирга ўхшаган кимдур айтиши мумкин: “Худо сақласин, бизлар имомларнинг камситмаяпмиз ва уларни ҳеч хам ёмонлаётганимиз йўқ!”, дейиши мумкин. Ҳа, баъзи суҳбат давраларида шундай деган бўлиши мумкин. Бироқ қилиб юрган ишлари айтган гапларига тўғри келмайди. Аксинча, унинг ишлари айтганларининг тескаридир.
Ҳақиқатда тўртала имомларни ҳурмат қиладиган, уларнинг шариатнинг аҳкомларини  аниқлаш ва Китоб ва Суннатдан уларни чиқариб олиш учун сарф қилган хизматларини ҳурмат қиладиган киши Ийсо алайҳис саломнинг самодан тушишлари тўғрисидаги ҳадисни шарҳлаб туриб ноўрин ва ножоиз тарзда: “Бу Ийсо алайҳис саломнинг бизнинг шариатимиз асосида иш юритиши ва Инжил ёки ҳанафий фиқҳи ва шу кабилар билан эмас балки  Китоб ва  Суннат билан ҳукм чиқаришини аниқ ифодалаб турибди!!”, демайди.
Сиз бу гапни бир тааммул қилиб кўринг!! “Инжил ва ҳанафий фиқҳи каби Китоб ва Суннатдан бошқа нарсалар билан эмас”, деган гапини тааммул қилиб кўринг!! Демак бу одамнинг эътиқод қилишича ҳанафий фиқҳи Инжилга ўхшаш бир нарса холос. . шариати исломга, Китоб ва Суннатга алоқаси йўқ бир нарса!!
Ҳақиқатни ўрганишда Аллоҳдан тақво қилади-ю ҳанафий фиқҳи Китоб, Суннат, ва у иккисига қиёслаш асосида чиқариб олинган аҳкомлардан ўзга нарса эмаслигини, ана шу фиқҳнинг имоми-Абу Ҳанийфа розияллоҳу анҳу- бу иши билан Китоб ва Суннатдан аҳкомларни ажратиб олишда у киши розияллоҳу анҳу,  баъзи ижтиҳодларида хато қилган ёки тўғри топган бўлишидан қатъий назар Аллоҳга муқарраб бўлган эканлигини,  шайтонга яқин бўлиш ниятида Қуръондаги аҳкомларга қарши чиқиш учун Инжилнинг ёнига қўйса бўладиган бошқа бир фиқҳни ихтироъ қилмаган  эканлигини билмайдиган бирорта мусулмон бормикин?!
Қолайверса ким айтибдики Ҳазрати Ийсо алайҳис салом Китоб ва Суннатни билишда шайх Носирдан кўра ожиз ҳолда келадилар ҳатто ижтиҳод қила олмаганидан шариат аҳкомларида имомларга тақлид қилишга мажбур бўлади ва уларнинг орасидан айнан имом Абу Ҳанийфани танлаб олади, деб?.
Ҳанафийлар орасида шу гапни айтганлар борлиги тўғрими? Эҳтимол... Эҳтимол аномал тафаккур ва ақл эгаси бўлган бирорта одам  шу беҳуда гапларни жавраб юрган бўлиши мумкин.
Бироқ ана шундай вазиятда илмга асосланган энг тўғри йўл шу эдики шайх Носир ана шу гапни айтган одамнинг исмини бизга айтиши, ана шу ибора  ёзилган китобдан ўша гап бор жойини бизга аниқлаб бериши, кейин Аллоҳнинг динида холис бўлган ва Исломнинг имомларини ҳурмат қиладиган ҳар қандай киши қила оладиган илмий  гап билан унга раддия қилмоғи керак эди.  Ва у раддия шуки Ийсо алайҳис салом бевосита Китоб ва Суннатдан шаръий аҳкомларни чиқариб олишга қодир, бу Аллоҳнинг Расули Ийсо алайҳис салом сифатланиши мумкин бўлган ишларнинг энг камдир. Бундай ҳолатда имомларга тақлид қилиш ҳақида бирор нарса ворид бўлмаган.
Шайх Носирнинг бу сингари гапга раддия қилиш баҳонасидан фойдаланиб имом Абу Ҳанийфанинг фиқҳини таъна қилиши ва уни худди Инжил сингари шариати исломиядан бутунлай бошқа бир нарса деб даъво қилиши илмий ва соғлом исломий иш эмасдир.
Сиз, эй муҳтарам китобхон, бундай гаплар бирор бир мусулмоннинг оғзидан чиқишига ишонмасангиз керак. Ундай бўлса Мунзирийнинг “Мухтасари саҳийҳи Муслим” китобига қаранг ва ўша ерда 308 саҳифада шайх Носирнинг унга  ёзган шарҳига қаранг.
Китоб нашрининг ташкилотчиларидан бири бизга билдиришича улуғ муҳаққиқ уламолардан бирлари ана шу нотўғри мункар гапни кўрсатиб яқин орада дунё юзини кўрадиган иккинчи нашрдан бу беҳуда гапни олиб ташлашлик лозимлигини тушунтирибди.
Нашриёт шайх Носир ёзган ҳамма гапни омонат билиб ўша хатарли беҳуда гапни чоп этиб юборадими ёки Аллоҳнинг шариати ва барча мусулмонлар биладиган ҳақиқатни омонат билиб агарчи шайх Носир ўз қўли билан ёзган бир қатор гапни қурбон қилиб олиб ташлайдими, биз билмаймиз?!
Биз билмаймиз-у лекин иккинчи чопнинг дунёга келиши, ана шу ишгина масалани ҳал қилади ва шарҳ ёзишга бизнинг ҳам қудратимиз етишини кўрсатиб қўяди.
)
Модомики мусулмоннинг ижтиҳод қилишга қурби етмас экан мужтаҳид имомлардан бирортасига тақлид қилмоғи зарур эканлигига келтирган ўша далил- ҳужжатларимизни орқага ташлашни, кейин ҳаммани агарчи лаёқатлари йўқ бўлса ҳам барча одамларни ижтиҳод қилишга, гарчи ўзларидан олдин миллионлаб мусулмонлар эргашиб келган бўлсалал-да, мужтаҳид имомларга тақлид қилишдан воз кечишга, гарчи бу ишлари билан Аллоҳнинг шариайъатини ўзларининг ҳар хил хаёллари ва гумонлари орасида парчалаб ташласалар ҳам ҳалол-ҳаромга доир аҳкомларни Китоб ва Суннатдан ўзлари тушунган ва хаёл қилгандек чиқариб олишга чорлашни қайси бир холис инсон жоиз деб биларкин?!.
Ҳар хил даражадаги ҳамма одамларнинг олдига бу эшикни (яъни, ижтиҳод эшигини) ланг очиб қўйишлик бу шубҳасиз Исломга ва ислом шариатига  кўз тикиб турганлар учун ижтиҳод пичоғи билан уни парча-парча қилиб ташлашларига имконият яратиб бериш эканлигини қайси одам билмайди?!
Бизларнинг араб дунёмизда тарихнинг янги воқеасидан бир оз хабари бор зиёли одам Мисрни ўзининг мустамлакаси қилиб олганидан сўнг Британия қайси йўл билан  шариати исломияни ўзи хоҳлаганидек қилиб ўйнатиш имконига эга бўлганини билмасмикин?
Лорд Кромернинг фикрича Ислом тараққиётга бўйсунмайдиган қолоқ ва қотиб қолган дин. У миср жамиятини ана шу занжирдан озод этиш йўлларини излар эди... Энг ёрқин ва қулай восита оврўпоча янги жамиятни  ривожлантириш кераклигига ишониб юрган ана ўша одамларнинг дилларига ижтиҳод қилиш ғоясини тарқатишлик бўлди. Бир оз ўтмасидан муфтийлик, ал-Азҳарга шайхлик ва мудирлик қилиш сингари диннинг энг ҳассос мансаблари ана ўша одамларга топшириб қўйилди. Ҳатто оврўпоча жамиятнинг кўпгина кўринишлари ва қадриятларига ишониб юрган одамлар Азҳарнинг шайхлари ва уламоларини шартларидан сакраб ўтган ҳолда ижтиҳод қилишга чақиришга тушиб кетдилар. Ҳатто шайх Мароғий мужтаҳиднинг араб тили бўйича олим бўлиши шарт эмас, деган фикргача борди...
Британия элчилари шариати исломия борасида жидду жаҳд қилиб ниҳоят фуқаролик ишлари бўйича қонунни ўзгартиришга эришдилар. Бас, кўпхотинлиликни ва талоқ қилиш ҳуқуқини чегаралаб қўйдилар, мерос масаласида эркак ва аёлнинг ўртасини тенглаштирдилар, ижтиҳодлари орқали фаол равишда ҳижобни қоралайдиган, банклардаги маълум бир фоизларни ҳалолга чиқарадиган  фатволарни бердилар. Улар бундай фатво эгаларини фикр ва билим доираси кенг ҳамда Исломнинг руҳиятини тушунадиган кишилар деб баҳоладилар. (“ал-Иттижоҳотул-ватанийя фил-адабил-муъосир” китобининг 2/298 и ва ундан кейинги саҳифаларига ва “Мавқифул-ақли вал-илми вал-олими мин роббил-оламийн” китобининг 4/350 га қаранг.  )
Яқин кунларда бўлиб ўтган ана шу воқеалардан нималарни ибрат олишимиз керак? Бизларнинг ўтган барча аждодларнинг ижмолари ила адолатли мужтаҳид имомларнинг қўллари билан бунёд этилган буюк фиқҳ иморатимизни хароб қилиш, кейин ҳамма учун ижтиҳод эшикларини очиб қўйиш, тўртала мазҳабларга амал қилишдан воз кечиш учун қонуний асос қайси?     Куни кеча ижтиҳод эшигини бузиб кирган вабо айнан бугун ҳам мавжуд. Бугун ижтиҳод пичоғи билан Исломнинг аҳкомларини пора-пора қилиб ташлашга тайёр турган қўллар кеча шу ишни қилиб кетган қўллардан чандон-чандон кўпроқ.
Эй, сиз, мусулмонларни тек қўйинг, улар барча замон одамлари уларга тақлид қилиш ва эргашиш шариатга мувофиқ иш эканлигига иттифоқ бўлган имомларининг орқасидан эргашиб юришларига қўйиб беринг. Агар ижтиҳод қилишни хоҳласангиз кеча мавжуд бўлмаган, имомлар ўз замонларида улар ҳақида сўз юритмаган янги муаммоларнинг аҳкомларини чиқариш борасида ижтиҳод қилинг. Бизлар сиз учун тўғри фикр ва раъй сўраб, муваффақият сўраб дуолар қилиб турамиз.
Аммо сизлар-во ажаб,- аввалги имомлар сўз юритмаган ижтиҳод қилиш, ҳозирги даврда уларнинг ҳукмини билиш керак бўлган масалалар- ҳаётни, молу давлатни суғурта қилиш каби, яширин ширкат, акционерлик ширкати ва бошқаларнинг турлари каби, бугунги кунимизда ҳаммага таниш ижтимоий таъминот, келишувларга кирадиган эвазлар ва ер эгалари билан ижарачилар ўртасида тузиладиган ҳар хил янги битимлар ва ҳоказо кабилардан юз ўгирасизлар. Ана шуларнинг ҳаммаси ҳақида изланишдан юз ўгирасиз-да яна тўртала имомларнинг ижтиҳодларини аҳмоққа чиқариш, ҳамма одамларни уларга эргашишдан қайтаришда давом этайверасиз!!.
Ҳа, Худо ҳаққи мен ана шу мазҳабсизлардан бирортасини кўрганим йўқки авомлар ҳар куни уларнинг ҳукмларини излаб юрган янги пайдо шу бўлган масалалардан бирортаси ҳақида изланиш олиб борган бўлса. Шубҳасиз, бировлари қуриб ниҳоясига етказилган, аҳкомлари мустаҳкам ўрнашган, унга амал қилганлари учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳар бир мужтаҳид ва муқаллидлар маъзур бўлган, ана ўша  сабабли улар зиммаларидаги қарзни узган ва бўйинларидаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этган  нарсани бузиш учун бор кучини сафарбар этади.
Эй, сиз, мусулмонларнинг энг покиза имомлари тузиб кетган, улардан мусулмонлар авлодма-авлод қабул қилиб келган барқарор аҳкомларни ўз ҳолига қўйиб қўйинг-да ҳали ҳеч бир имом назар қилмаган ва баҳс юритмаган, мусулмонлар оммаси Аллоҳнинг улар тўғрисидаги ҳукмларини билмаганликларидан шикоят қилиб юрган ана шу янги пайдо бўлган масалаларда ижтиҳод қилиш учун енгни шимаринг. Агар уларда ижтиҳод қилиб бирор натижага эришсангиз ва улар билан Китоб ва Суннатдаги уларнинг далиллари ўртасини боғлай олсангиз, улардан аҳкомларни қандай қилиб чиқариб олганингизни кўрсатсангиз ана шунда биз сизларга тўртала имомларнинг бошларини сизга топширамиз ва ўз ижтиҳодингиз билан уларнинг ижтиҳодларини насх-бекор қилишингизга сизни қўйиб берамиз ҳамда ҳамма одамларни уларни қўйиб сизларга эргашишларига чақирамиз. (Сиз шу ишни қилинг.. мен шартимда тураман.)

Мен билан айрим мазҳабсизлар ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозаранинг қисқача мазмуни

Бу фасл ўзининг аҳамияти билан ушбу китобдаги бошқа фасллардан устун бўлса ажаб эмас!
Бу  фаслда сиз учратишингиз мумкин бўлган нуқталар ва янги илмий мезонлар бунга сабаб эмас. Чунки биз керагидан ортиқ ҳар хил илмий далилларни зикр қилиб ўтдик. Аммо устун бўлишининг сабаби бу фаслда сиз мутаассибликнинг ҳеч бир ақлли одамда учратмайдиган кўринишларини учратишингиздир!
Минг бир далил-ҳужжатга асосланган ҳақиқатдан воз кечмаганимиз учун улар бизларни мутаассибликда айбламоқдалар. Аммо сиз ана шу фасл давомида улар ўзларини қандай қилиб кишини ҳайратга соладиган мутаассиблик қафасига қамаб қўяётганларини учратасиз. Ҳаттоки бу ишда ўзларини телба ва аҳмоқ қилиб кўрсатишдан фойдаланиб бўлсада!
Бу бобда мен ҳеч кимга туҳмат ҳам, бўҳтон ҳам уйдирмайман, шубҳа ва хаёлдан олиб бир оғиз ҳам гап гапирмайман. (Бўлиб ўтган мунозарани бузиб ўзгартиргансиз, деган даъво билан бугун бизнинг олдимизга келадиганларга раддиямиз ана шудир. Агар  бизни бу нарсалардан тақво қайтармаганида ҳам, ушбу ҳодисани кўрган ва эшитган камида ўнта одамнинг гувоҳлиги бунга йўл қўймаган бўлар эди.) Мен билан баҳслашаётган, баланд овозда менга ўзининг ажойиб, ғалати сўзларини тўкиб солаётган биродаримга, агар у ўжарлик қилаверса, айтган гапларини ҳаммага етказишимни айтдим. Мен ушбу огоҳлантиришни уни фикрлашга, хотиржам сўзлашга ундаш учунгина айтганимни Аллоҳ таоло кўриб турибди! Лекин бу одам «Ҳоҳлаганингизни етказинг, қўрқадиган жойим йўқ», деди.
Бу одамнинг кимлигини ҳам, унинг исмини ҳам айтмайман. Унинг бемазҳабликни ўрганувчи эмас, ўргатувчи эканлигини билсангиз кифоя. Агар  уни ва унинг фикрини ғароиб мутаассибликнинг энг олис воҳасига итқитиб юборган ана шу ифлос доғи бўлмаганида у ҳам олийжаноб инсон ва софдил йигит эди!
 У ҳақиқатни ўз ўрнидан бошқа жойлардан излашга одатланган бир неча хушсурат йигитлар билан келди. У билан суҳбатни бошларканман, шундай дедим:
- Сиз Аллоҳнинг ҳукмларини англашда қандай услубни қўллайсиз? Уларни Қуръон ва Суннатдан оласизми ёки мужтаҳид имомларданми?
- Мен имомларнинг фикрларини ва уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқаман-да, сўнг Қуръон ва Суннатдаги далилга энг яқин бўлган фикрга суянаман!
- Сизда 5000 Сурия лираси бор. Уларни 6 ой сақладингиз, сўнг у пулга мол сотиб олиб, савдо қила бошладингиз. Ана шу молнинг закотини қачон берасиз – қолган олти ойдан кейинми ёки тўлиқ бир йилдан кейинми?
У бироз ўйланиб, сўнг деди:
- Саволингизга қараганда, сизнингча, савдо молидан закот бериш керакми?
- Мен фақат сўраяпман. Ўзингизга хос услубингиз бўйича жавоб беришингизни ҳоҳлаяпман. Мана, қаршингизда кутубхона. Унда тафсирга, суннатга оид китоблар ва мужтаҳид имомларнинг китоблари бор...
У бироз ўйланиб, кейин деди:
- Э-э биродар, ахир бу дин, яхшилаб ўйламасдан жавоб бериладиган оддий савол эмас. Бунинг учун таҳлил қилиш, такрорлаш ва ўрганиш керак, буларнинг ҳаммаси учун эса вақт керак. Биз бу ерга бутунлай бошқа мавзуни муҳокама қилиш учун келганмиз!
Мен бу саволга нуқта қўйдим ва дедим:
- Жуда яхши… Айтинг-чи, ҳар бир мусулмон имомларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиши, сўнг улардан Қуръон ва Суннатга кўпроқ мос келадиганига эргашиши шартми?
- Ҳа.
- Бундан чиқди, ҳамма одамлар ҳам худди мазҳаб имомлари каби ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга экан-да. Балки, уларнинг салоҳияти яна ҳам юқорироқ, яна ҳам етук экан. Ахир буюк-буюк имомларнинг фикрларини Қуръон ва Суннат мезони асосида тўғри ва нотўғрига чиқаришга қодир бўлган одам  шубҳасиз ҳамма имомлардан кўра илмлироқ бўлади-да!
- Аслида одамлар уч тоифа бўлади: муқаллид, муттабиъ ва мужтаҳид.
Бир мазҳабни бошқаси билан солиштириб, Қуръонга яқинроғини ола биладиган одам – муттабиъдир. Бу тақлид билан ижтиҳод орасидаги ўрта даража.
- Муқаллиднинг вазифаси нима?
- Ўзига маъқул бўлган мужтаҳидга эргашиш.
- Уларнинг фақат биттасигагина оғишмай эргашиб, бошқасига эргашмаслигида унинг учун гуноҳ борми?
- Ҳа, бу унинг учун ман этилган (ҳаром).
- Бунга ҳужжат борми?
- Ҳужжат шуки, у Аллоҳ таоло унга фарз қилмаган нарсани ўзи учун фарз қилиб олган.
- Сиз Қуръонни етти қироатнинг қайсинисида қироат қиласиз?
- «Ҳафс» қироати билан.
- Ҳар доим шу қироат билан ўқийсизми ёки ҳар куни ҳар хил қироат биланми?
- Йўқ, мен ҳар доим фақат «Ҳафс» кироати билан ўқийман.
- Хўш, нима учун сиз буни ўзингиз учун фарз қилиб олдингиз? Ахир Аллоҳ таоло сизга Қуръонни фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинганидек ўқишни буюрган-ку?
- Чунки мен бошқа қироатларни ўзлаштирганим эмас. Менга фақат шу қироатда ўқиш осон.
- Фиқҳни Шофеъий мазҳаби бўйича ўрганган бу  киши ҳам бошқа мазҳабларни тўлиқ ўзлаштира олмаган. Унга диний аҳкомларини фақат шу имомдан ўрганиш осон бўлган. Агар сиз у барча имомларнинг ижтиҳодини ўрганиб, ҳукмларни уларнинг ҳаммасидан олиши шарт десангиз, у ҳолда ўзингиз ҳам барча қироатларни ўрганишингиз лозим бўлади-ку! Агар ўзингизни қобилиятим йўқ деб оқлайдиган бўлсангиз, унда ўша муқаллидни ҳам оқлашингиз керак бўлади. Нима бўлганда ҳам, биз шундай деймиз: Аллоҳ таоло унга бир мазҳабдан иккинчисига ўтишни ҳам, ҳар доим фақат битта мазҳабга эргашишни ҳам буюрмаган бўла туриб муқаллид бир мазҳабдан бошқасига ўтишни ўзи учун вожиб қилиб олиши шарт, деган гапни сиз қаердан олдингиз?
- Унга фақат, ушбу лозим тутишни Аллоҳ буюрган, деб эътиқод қилишгина тақиқланган.
- Бу умуман бошқа масала. Бу ҳеч қандай шубҳа ва ихтилофсиз ҳақиқат. Аммо бу Аллоҳнинг буйруғи, деган эътиқодда бўлмаса ҳам, ҳар доим фақат битта мужтаҳидни лозим тутган муқаллид гуноҳкор бўладими?
- Йўқ, гуноҳкор бўлмайди.
- Аммо сиз ўқитаётган китобча сўзларингизнинг аксини айтяпти. Унда бу нарса тақиқланган дейилган. Ҳатто баъзи жойларида фақат битта имомга оғишмасдан эргашган одамни кофир дейишгача борилган.
- Бу қаерда айтилибди?
У китобчасини очиб, ундаги матн ва жумлаларни ўқир экан, муаллифнинг: «Барча масалаларда фақат бир имомга оғишмай эргашувчи киши – адашган мутаассибдир ва у динни бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олганлардандир», деган сўзлари ҳақида фикрлай бошлади. Сўнг деди:
- Бу ерда у, шариат буюрган, деган эътиқод билан мунтазам эргашишни назарда тутган. Бу иборада баъзи нуқсонлар бор!
- Унинг айнан шуни назарда тутганлигига ҳужжат борми? Нима учун сиз, муаллиф адашган, демаяпсиз?
У яна бу иборанинг тўғрилиги, шунчаки яширин маънога эга эканлиги ва муаллиф бу ерда ҳеч қандай хатога йўл қўймаганлигини таъкидлашда туриб олди!
Мен шундай дедим:
- Бироқ, бундай маънодаги гап– баҳслашадиган мавзу эмас. Унинг фойдаси ҳам йўқ. Ҳеч бир мусулмон йўқки тўртта имомдан биттасига эргашишлик шариатнинг  буйруғларидан эмаслигини билмаса. Қайси бир мусулмон маълум бир мазҳабни лозим тутар экан у бу  ишни ўз ҳоҳиши ва ихтиёри билан қилади.
- Қанақасига? Мен кўпчиликдан, баъзи аҳли илмлардан эшитганманки, Шариатда маълум бир мазҳабни лозим тутишлик вожибдир. Ҳаттоки унинг учун бир мазҳабдан бошқасига ўтиш мумкин эмас!..
- Шу гапни сизга айтган биттагина одамнинг исмини менга айтинг-чи. Майли, ҳоҳ оддий одам бўлсин, ҳоҳ олим.
У киши жимиб қолди. Бироқ у менинг сўзларим тўғри чиқиши мумкинлигидан ҳайратга тушди ва биргина нарсани – кўпчилик одамлар бир мазҳабдан бошқасига ўтишни тақиқлашларини билишини такрорлай бошлади.
Мен унга шундай дедим:
- Ҳозир бир дона бўлса ҳам бундай  ботил хомхаёлга эътиқод қилмайди. Тўғри, Усмонийлар даврининг охирги авлодлари ҳақида келган ривоятларда улар ханафийнинг ўз мазҳабидан бошқа мазҳабга ўтишини мисли кўрилмаган ҳодиса деб ҳисоблаганликлари айтилган. Уларнинг бу  фикрлари (агар нақл тўғри бўлса) аҳмоқликнинг ва кўр-кўрона манфур мутаассибликнинг (фанатизмнинг) чўққиси эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Ана шундан сўнг унга:
- Сиз муқаллид билан муттабиъ орасидаги фарқни қаердан олдингиз? Бу фарқ луғат жиҳатиданми  ёки истилоҳ жиҳатидан? дедим.
- Йўқ, уларнинг орасида луғат жиҳатидан фарқ бор.
Шунда мен унга бу икки сўзнинг луғавий фарқини кўрсатиб бериши учун лексик луғатларни олиб келдим. У бўлса ҳеч нарса топа олмади.
Мен шундай дедим:
- Албатта, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, мусулмонлар у зотга тайинлаган маошга қарши чиққан арабга: «Агар муҳожирлар рози бўлсалар, сиз уларга эргашинг», деганлар. У киши «эргашинг» деган сўзни ҳеч қандай бошқа фикрга ўрин қолдирмайдиган розилик маъносида қўллаганлар.
- Майли, атамалардаги фарқ бўла қолсин… Ахир  ўз атамаларимдан фойдаланишга ҳаққим йўқми?
- Албатта мумкин. Лекин сизнинг бу атамаларингиз нарсанинг моҳиятини мутлақо ўзгартира олмайди. Сиз муттабиъ деб атаётган одам, агар ҳужжатлар ва улардан ҳукм чиқариш услубидан хабардор бўлса, демак у мужтаҳиддир. Агар ҳужжатлар ҳақида бехабар бўлса ёки улардан ҳукм чиқара олмаса, бундай ҳолатда у муқаллиддир. Агар у баъзи масалаларда хабардор, бошқаларида бехабар бўлса, демак у баъзи масалаларда муқаллид, баъзиларида мужтаҳид бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай ажратиш иккинчи даражалидир ва уларнинг ҳар бирига тегишли бўлган ҳукм аниқ ва маълумдир.
- Муттабиъ – бу фикрлар ва уларнинг ҳужжатлари орасидан тўғриларини ажрата оладиган ва улардан бирини бошқаларидан афзал кўра оладиган одамдир. Бу соф тақлид даражасидан фарқли даражадир.
- Агар сиз фикрларни ҳужжатнинг кучли ёки заифлигига қараб саралашни назарда тутаётган бўлсангиз, унда бу ижтиҳоднинг олий даражасидир. Шахсан сизнинг қўлингиздан шу нарса келадими?
- Мен кучим етганича шундай қиламан.
- Шахсан мен сизнинг бир жойда ва бир вақтда берилган уч талоқ бир талоқ ҳисобланади, деган фатвони берганингизни биламан. Мана шу фатвони беришдан аввал сиз имомларнинг фикрлари ва ҳужжатларига мурожаат қилиб, сўнг уларни таққослаб кўриб, сўнг шулар асосида фатво чиқардингизми?.. Уваймир ал-Ажлоний «лиъон» қилганидан сўнг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида ўз хотинига уч марта талоқ берди. У: «Ё Аллоҳнинг Росули, агар уни олиб қоладиган бўлсам унга туҳмат қилган бўламан. Уни уч талоқ қилдим», деди. (Бу –битта талаффуз билан “уч талоқ” деса, уч талоқ тушишига ҳужжат бўладиган очиқ ва саҳиҳ Суннатдаги кўплаб далиллардан биридир.)
Сиз ушбу ҳадис ҳақида, унинг бу масалага нисбатан тутган ўрни ҳақида ва бу ҳадис жумҳурнинг мазҳабига ёки ибн Таймийянинг мазҳабига қай даражада далолат қилиши  ҳақида нима биласиз?
- Мен бу ҳадисни учратмаганман.
- Ундай бўлса, қандай қилиб сиз бу масалада тўрт мазҳаб иттифоқ қилган фикрга қарши чиқиб, уларнинг ҳужжатларини ва уларнинг саҳиҳ ёки заифлик даражасини ўрганмай туриб фатво чиқардингиз?.. Мана, ўзингиз даъво қилаётган ва бизга ҳам уқтиришга уринаётган услубингиз - ўзингиз иттибоъ деб номлаб олган услубингиздан четлашибсиз!
- У пайтда менда ҳамма мазҳабларни ва уларнинг ҳужжатларини ўрганиш учун етарли китоблар йўқ эди.
- Аксарият мусулмонларнинг ҳужжатларидан ҳеч нарса ўрганмай туриб, уларнинг фикрига тескари бўлган фатвони шошилиб чиқаришга сизни нима мажбур қилди?
- Ахир мендан сўрашган бўлса, менда эса китоблар кам бўлган бўлса, нима қилишим керак эди?!
- Сиз барча буюк олимлар ва имомлар қиладиган нарсани қилишингиз керак эди. «Мен билмайман», десангиз бўлар эди. Ёки савол берган одамга тўрт мазҳаб имомларининг фикрини ва уларга қарши бўлган фикрни келтиришингиз, лекин битта фикр асосида фатво чиқармаслигингиз мумкин эди. Бу сизнинг бурчингиз эди. Қолаверса, бу сизни қандайдир хулосага келишга мажбур қиладиган даражадаги муаммо эмас эди!.. Сиз бўлса тўрт имом иттифоқ қилган ҳукмга тескари бўлган фикр асосида, тан олганингиздек, уларнинг ҳужжатларини ўрганмай туриб, тўрттала мазҳабга зид бўлган фикр сизнинг кўнглингизга яқинроқлигидан кифояланиб фатво чиқарибсиз. Бу – сиз биз ҳақимизда гумон қилаётган мутаассибликнинг охирги нуқтасидир.
- Мен тўрт имомнинг фикрларини аш-Шавқонийнинг китобидан ва Саййид Собиқнинг «Субул ас-салом» ва «Фиқҳус-сунна»ларидан ўрганганман.
- Булар ушбу масала бўйича тўрт имомга мухолиф бўлганларнинг китоблари. Уларнинг барчаси бирёқлама фикр билдириб, ўзларининг фикрини тасдиқловчи ҳужжатларнигина келтиришган. Сиз икки мухолиф ҳақида ҳукм чиқарсангиз, улардан фақат биттасини, унинг гувоҳлари ва яқинларинигина эшитиб кўриб, ҳукм чиқараверасизми?
- Мен ўз ҳаракатларимда ҳеч бир ёмон нарса кўраётганим йўқ. Мен сўровчига фатво беришим шарт эди ва мен буни ўз тушунчам даражасида бажардим.
- Мен муттабиъман деяпсиз. Сизнингча, биз ҳам шундай бўлишимиз керак экан. Сиз иттибоъни «барча мазҳабларнинг ҳукмларини кўриб чиқиб, уларнинг ҳужжатларини ўрганиб, саҳиҳ далилга яқинроқларига эргашиш», деб таърифладингиз. Ўзингиз эса бу ишингиз билан ўз услубингизни йўққа чиқаряпсиз! Бир вақтда ва бир жойда берилган уч талоқ учта талоқ бўлишига тўрт мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Буни биласиз. Бунга уларнинг далиллари бор. Сиз эса уларни ўрганмагансиз. Лекин сиз улар иттифоқ қилган фикрдан воз кечиб, ўзингизга кўпроқ ёқадиган фикрни олгансиз. Сиз аввал тўрт имомнинг ҳужжатлари ботил эканлигига амин бўлдингизми?
- Йўқ, мен уларни ўрганмадим. Чунки менда тегишли манбалар йўқ эди.
- Унда нима учун кутиб турмадингиз? Нега шошилдингиз? Ахир Аллоҳ таоло сизга буни буюрмаган эди-ку!? Кўпчилик олимларнинг далилларини ўрганмаганингиз ибн Таймийянинг раъйини қувватлайдиган далил бўла оладими? Сизлар бизни ноҳақ айблаётган мутаассиблик (фанатизм) аслида мана шу эмасми?
- Мен ўзимда мавжуд бўлган китоблардан етарли ҳужжатларни топдим ва Аллоҳ таоло менга бундан ортиғини буюрмаган.
- Агар мусулмон одам ўзида бор китобларда бирор нарсанинг ҳужжатини кўрса, бу нарса бунга зид фикрдаги мазҳабларни (уларни ўрганмаган бўлса ҳам) тарк этиши учун етарли бўладими?
- Унга шунинг ўзи кифоя қилади!..
- Айтайлик, диний аҳкомларни бажаришни энди бошлаган, ҳали Ислом маданиятидан ҳеч нарса олиб улгурмаган ўспирин бола Парвардигорнинг «Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир» («Бақара» сурасининг 115-ояти) оятини ўқиди. У бу оятни «Мусулмон одам намозида юзини ҳоҳлаган томонга буриши мумкин экан, оятнинг маъноси буни аниқ кўрсатиб турибди» деб тушунди. Бола тўрт буюк имомлар намозда юзни фақат Каъба томонга буриш керак деб иттифоқ қилишганини, уларда бу ҳақда далиллар борлигини эшитган экан, лекин ўша ҳужжатларни ўрганмаган. Хўш, у намозга турганида нима қилади? Ўзида бор ҳужжатга эргашадими ёки иттифоқ бўлиб, бунга тескари ҳукм чиқарган имомларгами?
- У ўз эътиқодига эргашиши лозим!!!
- У масалан, машриққа қараб намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
- Ҳа. Чунки у ўз шахсий эътиқодига эргашиши лозим!
- Агар шахсий эътиқоди унга қўшнининг аёли билан зино қилиш, хамр ичиш, қўшнисининг молини ноҳақ тортиб олишда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, деб ишонтирадиган бўлса-чи? Унинг «шахсий эътиқоди» бўлганлиги учун Аллоҳ таоло унга бу нарсаларни ҳалол қиладими?
У бироз сукут қилиб, сўнг деди:
- Нима бўлганда ҳам, сиз мендан сўраган ушбу ҳолат воқеликдан узоқ ва ҳаётда юз бериши мумкин эмас.
- Бу рўё эмас, аксинча, бундай нарсалар ва бундан ҳам ажабланарли ҳодисалар ҳаётда тез-тез учраб турибди! Ислом, Қуръон ва Суннат ҳақида илмга эга бўлмаган ўспирин тасодифан ушбу оятни эшитиб ёки ўқиб қолиб, ундаги зоҳирий маънога қараса, ҳар қандай араб тушунадиган нарсани тушунади: намозхон юзини истаган тарафга бурса ҳам «гуноҳ йўқ» экан! Ваҳоланки, у ҳамманинг бошқа томонга эмас, айнан Каъбага қараб намоз ўқишини кўриб турибди. Яъни, мусулмонлар орасида Исломдан ҳеч нарса билмайдиган одамлар бор экан, бундай бўлиши табиий ва ҳар қачон юз бериши мумкин. Қисқаси, бу ҳолат ҳоҳ воқелик бўлсин, ҳоҳ хаёлий, сиз бу ҳақда чиқарган ҳукм хаёлий эмас эди. Сиз шахсий фикрни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукм чиқариш учун асос бўлади, деб ҳисобладингиз. Бу эса сизнинг одамларни уч тоифага - муқаллид, муттабиъ ва мужтаҳидга ажратишингизга зид келади.
- У текшириб кўриши керак… Ахир у бирорта ҳадис ёки бошқа оятни ўқимаганми?
- Худди талоқ ҳақида ҳукм чиқараётганингизда сизда йўқ бўлганга ўхшаб, унда ҳам текшириш учун зарур манбалар йўқ эди. Унда намозда қайси томонга юзланиш кераклиги ҳақидаги бошқа оятларни ўқишга ҳам имконият йўқ эди. Хўш, шундан кейин ҳам у имомларнинг ижмоъсини рад қилиб, ўзининг шахсий фикрига эргашишини таъкидлаб, ўжарлик қилавериши керакми?
- Ҳа, агар у текшириб кўришга қодир бўлмаса, узрли бўлади. Раъйи ва фикрлаши нимага олиб келган бўлса, ўша нарсага таяниши унинг учун етарли.
- Айтиб қўяй, сизнинг тилингиздан қанчалик ғалати ва хавфли сўзлар чиқаётганини бошқаларга айтиб бераман!
- Мен ҳақимда ҳоҳлаган нарсангизни айтаверинг, қўрқадиган жойим йўқ!
- Албатта! Аллоҳ Таолодан қўрқмаган, ўзининг сўзлари билан Парвардигорнинг «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» (16:43) деган оятини йўққа чиқарган одам мендан қўрқармиди?!
- Э-э биродар, ўша имомлар ҳам бир гуноҳкор бандалар. Мен суянаётган оят эса – Беайб Парвардигорнинг каломи. Қандай қилиб Беайб Парвардигорни қўйиб, адашувчи бандаларнинг этагидан тутиш мумкин?
- Воажаб… Аллоҳ таолонинг «Машриқу мағриб Аллоҳникидир…» деган сўзларидаги асл маъно ҳақ, албатта! Бироқ Ислом маданияти, унинг аҳкомлари ва Қуръон маъноларидан мутлақ узоқ бир йигитчанинг тушунчалари ҳақ ҳисобланмайди. Яъни, мен шу ўспириннинг тушунчаси билан тўрт имомнинг тушунчасини қиёслаяпман. Икковиям банда, беайб эмас, лекин бировининг илмсизлиги, юзакилиги, иккинчи томоннинг эса тадқиқот, илм ва таҳлилга чўмганлиги аниқ кўриниб турибди-ку!
- Албатта, Аллоҳ таоло уни жидду жаҳди олиб борган нарсадан бошқасига буюрмаган!
- Унда мана бу саволимга жавоб беринг. Бир кишининг фарзанди бор. Бола касал бўлди, дейлик, шамоллаб қолди. Шаҳардаги ҳамма табиблар уни текшириб, унга фалон дорини бериш керак дейишди. Улар боланинг отасига унга пенициллин уколидан эҳтиёт бўлишни уқтириб, бу боланинг ўлимига олиб келади, деб айтишди. Бироқ боланинг отаси пенициллин шамоллашда ёрдам беради деб тиббий журналларда ўқиган эди. У бу масалада ўзининг билимларига асосланиб, табибларнинг маслаҳатини рад этади, чунки уларнинг ҳужжат-далилларини билмайди. У шахсий фикрига суяниб, боласига пенициллин укол қилдиради. Натижада бола Аллоҳнинг ҳузурига йўл олади. Ўша отани маҳкамага тортиш керакми? Бу ерда унинг гуноҳи борми?
У бироз ўйланиб турди ва жавоб берди:
- Булар бошқа-бошқа масалалар.
- Аксинча, булар айни бир хил масалалар. Худди бояги ўспирин олимларнинг иттифоқ қилган фикрларини эшитгани каби ота ҳам барча табибларнинг фикрларини эшитди. Лекин у фақат тиббий журналда ўқиган маълумотига таянди, худди бояги ўспирин Аллоҳнинг Китобидан ўқиган битта матнига таянгани каби. Иккаласи ҳам ўз шахсий фикрини қўллади!
- Биродар, Қуръон – нурдир … Бу нурни бошқа қандайдир сўзлар билан солиштириб бўлармиди?
Мен «Қуръон нури уни тафаккур қилувчи ва ўқувчи ҳар бир одамнинг онгида тажаллий этади: ўша одам эса бу нурни Аллоҳ ирода қилганичалик тушунади. Агар билган ҳам, билмаган ҳам ушбу нурдан бирдай оладиган бўлса, улар орасида қандай фарқ бўлиши мумкин? Икала мисол ҳам бир хил, улар орасида фарқ йўқ. Энди сиз менга жавоб беринг: бу мисоллардаги одамлар ўзларининг шахсий фикрларига эргашадиларми ёки мутахассисларгами?” дедим.
- Шахсий фикри унга асос бўлади.
- У шахсий фикрини қўллади ва натижада фарзанди вафот этди. Бунинг учун у Шариат бўйича ёки бошқа қонун бўйича қандайдир жавобгарликка тортиладими?
У оғзини тўлдириб жавоб берди:
- У ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди!
- Мунозарага мана шу ерда нуқта қўяйлик. Сиз мана шу хулосангиз билан ўртамизда ягона фикрга келиш ва бу асосда қандайдир изланиш юритиш йўлини бутунлай йўқ қилдингиз! Ўзингизнинг ғалати ва ҳайратли жавобингиз билан бутун Ислом уммати иттифоқига қарши чиқаётганингизнинг ўзи кифоя қилади. Йўқ, Аллоҳ таолога қасамки, агар   манфур мутаассибликнинг соҳиблари сизнинг ўзингиз бўлмасангиз, ер юзида манфур мутаассибликка (фанатизмга)бирор бир маъноси қолмайди!
Диний саводи йўқ мусулмон Қуръонни тушунишда ўз «шахсий фикри»га суяниб, намозни бутун мусулмонлардан фарқли - Каъбадан бошқа тарафга қараб ўқиса-ю, унинг намози дуруст ҳисобланса!.. Оддий одам ўз шахсий фикрига суяниб, ҳоҳлаган одамини ҳоҳлаганча даволаса, унинг айби билан бемор вафот этса-ю, бу «табиб»га «Аллоҳ сени мағфират қилсин!» дейишдан нарига ўтилмаса!..
Ундай бўлса, нима учун бу одамлар бизнинг «Дин аҳкомларидан ва ундаги далил-ҳужжатлардан бехабар одамлар мужтаҳид имомлардан бирининг мазҳабига эргашиши лозим, чунки у имом Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг суннатини яхшироқ билади», деган шахсий фикримизга суянишимизга қўйишмайди?!
Агар улар бизнинг фикрларимизни хато деб ҳисоблашса, бу ҳам уларнинг «шахсий фикр»лари эканлигини эсдан чиқаришмасин. Улар учун юқоридаги - Каъбага орқасини қилиб намоз ўқувчининг намози дуруст, боланинг ўлимига сабаб бўлиш эса ижтиҳод ва даволашдир, деб ҳисоблаётган кимса яхши ибрат бўлсин!..

Ундан сўнг!..

Ундан сўнг, эй китобхон биродарим, агар сиз адолатли ва таассуб қилишдан холи одам бўлсангиз, ҳақиқатни унинг далиллари орқали билиб олишдан бошқа мақсадингиз бўлмайди. Чунки мен ёзиб тушунтирган нарсаларда сиз учун ҳар қандай махфийликни ойдинлаштирадиган ва ҳар қандай илтибосни кеткизадиган очиқ-ойдин кифоялик бордир.
Агар сизни машҳур қилган  ва сиз уни машҳур қилган фикрни ҳимоя қилиб баҳслашмоқчи бўлсангиз у ҳолда ўз шахсиятингиз ва табиатингизнинг бир бўлагига айланиб қолгансиз. Ўшанга таассуб қилиш ва одамларни унга чорлашдан бошқа иш сизнинг қўлингиздан келмайди. Агар мен ёзган ана шу очиқ-ойдин ҳақиқатга яна қатъий ҳужжат ва далиллардан кўпини  қўшганимда ҳам сизга ҳеч қандай фойдаси бўлмасди. Чунки сиздаги муаммо илм билан кетказса бўладиган жоҳиллик эмасдир. Аммо у бир гуруҳбозлик ва таассубдирки Аллоҳ азза ва жалла сизни кузатиб турганлигини ҳис қилишдан бошқа нарса уларнинг домидан сизни озод қилиш даргумон.
    Бу икки одамдан қайси бири бўлсангиз ҳам мен сизнинг диққатингизни шунга қаратишим керакки, одамларнинг орасидан чиқиб маълум бир даъват ишларини олиб бораётган ҳар қандай гуруҳ ёки тоифанинг ичида  уларнинг  сафларига адашиб кириб қолган одамлар бор. Уларнинг  бу даъватга ишониш ишонмаслик нуқтаи назаридан у билан ҳеч бир алоқалари йўғ-у аммо ягона мақсадлари ўзлари билан бошқаларнинг ўртасидаги хусумат олови ҳар қачон босилиб ўчишга яқин келганида уни аланга олдиришдир. Шубҳасиз улар ўзларини  ғоянинг асли ва моҳияти учун ўзларини ғайрат-шижоатли қилиб кўрсатадилар. Бироқ ягона мақсад сизга айтганимдек, келишмовчиликни авж олдириш, бақадри имкон уни адоват ва низога айлантириш, бор кучу қувватни ишга солиб бўлса ҳам бу иш ҳақида ақл юритиш ва тадаббур қилишга имконият қолдирмасликдир.
    Бу ақлли одам шубҳа қилмайдиган аниқ ҳақиқатдир. Бас, ана шу маккорликдан қандай қилиб халос бўлиш мумкин, фикрлар хилмахиллиги ва баҳс-мунозаралар олиб борилаётган масалаларда хусумат, адоват ҳамда низога бориб қолмаслик учун нима қилиш керак?
    Бунинг бирдан-бир чораси мунозараларда объективлик мезонидан фойдаланиш ҳамда ғаразгўйлик, оғишиш ва таассубнинг ўрнига соф ойдин илмий далил асосида ҳукм чиқаришликдир. Ана шундагина келишмовчилик аста секин босилиб боради, ана шунда ғаламислар икки гуруҳдан ҳеч кимни нафрат, низо ва гина кудуратлар сарига судраб боришга қурбилари етмай қолади.
    Батаҳқиқ, мен ушбу китобимда бу масала юзасидан ҳақиқатни билиш учун ақлга керак бўладиган барча гапларни сизга айтиб ўтдим. Рисола муаллифи қандай қилиб нотўғри балки ҳақиқатга тескари бўлган гапларни нақл қилганлиги ҳам сизга аён бўлди. Муаллиф бу сўзларни уларга нисбат берган ана у кишиларнинг қандай қилиб унинг даъвосига тамоман зид бўлган гапларни айтганларини ҳам кўрдингиз. Саҳобаларнинг замонларидан то ҳозирги кунимизга қадар мусулмонлар оммасининг ижмоъсига гувоҳ бўлдингиз. Сиз бу борада менинг ёзганларимни тааммул ва диққат билан ўқиб чиққанингизга шубҳам йўқ. Аллоҳга қасамки ҳеч бир холис одам менинг бу илмий ишда жиноятга қўл урганимни ё нақлларни ўзимга мос тарзда ўйнатганимни ёки далил келтираётиб объективликдан четга чиққанимни даъво қилишга тоқати етмайди.
    Бас, шундай экан эй биродар, барча даврларда мусулмонлар оммаси ўзларига лозим тутган тўғри йўлга юзланинг ва уни қувватлайдиган, ҳар қандай ҳаддан ошиш ва нуқсонга йўл қўйишга қарши курашиш билан уни ҳимоя қиладиганларнинг сафида туринг.
Одамларни биз тушунтириб берган йўл билан мазҳабларга мутаассиблик қилишларидан қайтаринг ва уларга таъкидлаб айтингки ҳар бир нарсада энг асосий нарса бу далилдир. Бироқ уни билиш ва англаб етишга имконингиз бўлса... Ғулувга кетган ва ҳаддан ошганларнинг йўлларини тутмангки бу ҳар бир мусибат ва ҳар бир балонинг илдизидир. Буюк ва Олий бўлган Аллоҳдан бошқада куч ҳам қувват ҳам йўқдир!

Илова

Ушбу китобнинг асл нусхасини иккинчи бор чоп этиш учун тайёрлаб бўлганимдан сўнг саййид Муҳаммад Ийд Аббосийга мансуб “Таассубона мазҳабчилик-бидъатдир” китобининг бир нусхаси қўлимга тушиб қолди. Унда менинг ушбу китобимда келган гапларга раддиялар бор эди. Китобимни нашр этгувчи масъуллардан нашр ишини бошламасдан кутиб туришларини айтиб китобни ўқишга тушиб кетдим. Умидим шу эдики,  ўша китобда мен бехабар бўлган бирор бир фойдани учратсам ўзимнинг ёзганларимни ёки тушунмовчиликларни у билан тузатиб оламан ва ниҳоят бу китобимда ёзган баҳсимни  тушунмовчиликни кетказадиган ва ноаниқликни очиб ташлайдиган бошқача бир услубда  олиб бориш эди.
Бироқ 350 саҳифа қалинликдаги  ана шу раддияни ўқиб чиқар эканман олдин ёзганларимга қайта кўз ташлашимни тақозо қиладиган бирор нимани учратмадим. Гапни кўп қилиб вақтни зое қилгандан кўра ана шу сўнги иловани ёзсам шунинг ўзи кифоя, деган фикрга келдим.
Бу китобнинг ҳамма мақолалари шундай сўкишлар, шармандали ҳақоратлар ва ажоиб таъналар билан тўлиб кетган эдики қандай даражага етган ёки йўналишда оғишган бўлмасин, ҳеч бир олимнинг китобида унақасини учратмаган эдим.
Мен шубҳасиз, унинг дараксиз кетган китоб эканлигини билганимга қарамай -адолатли- китобхон уни излаб топишини, агарчи шу ишим билан уни энг ҳақоратли сўкишни эшитишга чорлаётган бўлсам-да уни  охирига қадар ўқиб чиқишини  умид қиламан. Чунки китобхонлар бошқалар билан сўзлашишнинг бунақа кўринишидан хабардор бўлсалар ана у кимсаларнинг кимликларини, ҳақиқий савияларини аниқроқ билиб оладилар ва мен одамларни улардан қайтараман, деб қийналиб ётмайман.
Улар бизнинг солиҳ ота-боболаримизнинг энг яхшиларини, уларнинг энг юксак китоб ва асарларини сўкиш ва ҳақоратлар остига олганларидан кейин менинг ўша ҳақоратларнинг бирортасидан қутулиб қолишим мумкин эмас.
Уларнинг назарида Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ диндан чиққан одам, имом Божурий уларнинг ҳукмлари ва ибораларининг мазмунича аҳмоқ, Абу Ҳанифа уларнинг фикрларича фақат бир нечта ҳадисни ёд биладиган саводсиз.
Шайх Муҳаммад Ҳомид раҳматуллоҳи алайҳи мажусийлар йўлида юрадиган одам.. ...  уни Аллоҳнинг Ўзи жазоласин.... уларнинг ичларидаги энг ёши кекса одамнинг тили билан айтганда ақли заъийф ва аҳмоқ ёшлардан иборат бир ҳовуч шогирдларни тарбиялаган холос!... (Яъни, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий)
Лоақал улардан битталарининг ходими бўлишдек бахтга етолмай турганим ҳолда менинг илмим, ақлим ва ахлоқим тўғрисида бундай ҳақоратларнинг икки баробарини эшитишим табиий эмасми ахир?!
 -Ана шундан сўнг,- мен у китобнинг бошида “Бисмиллоҳ...” ёзилмаганини кўриб ажабланмадим. Зеро, китоб ана шу иш туфайли ичидагилар билан ҳамоҳанг, унинг боши ўзининг табиатини, қанчалик аҳамиятли эканлигини, муаллифлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг суннатларини қанчалик ҳурмат қиладилар-у,  у зотнинг ҳидоятларидан қанчалик ўрнак олишларини яққол кўрсатиб турар эди!!.
    Мен бу китобга қисқагина қилиб бир неча саҳифалик шарҳ ёзаман. Бундан бир неча кун аввал айрим қўшни араб давлатларида бўлганимда ислом оламида буюклиги билан машҳур бўлган исломий шахснинг менга насиҳат қилиб: “Ана у кимсалар сизни ҳам баҳс-музокара бобида ҳаммага таниш бўлган даражаларига тушириб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг, чунки уларнинг қалбларида мусулмонлар оммасига нисбатан, уларнинг салаф ва халаф ота боболарига нисбатан шу даражада кек ва адоватлари борки ўзларига қарши чиққан ҳар қандай одамнинг обрўсини тўкиб юборадилар!”, деганини ёдда тутиб бу ишимда китобдаги олийжаноб ва ғурури бор инсонлар ўзларига эп билмайдиган барча иборалардан кўзимни юмиб ўтаман.
    Дарҳақиқат, мен бу китобнинг хатоларини кўздан кечириб ундаги ҳар битта фирибгарликни ва сўзларни ўз ўрнида ишлатмаслик, бошқаларнинг фикр ва сўзларини ўйнатилганлигини очиб берадиган бўлсам –ҳақиқатдан ҳам- мен тушмаслигим лозим бўлган савияга тушиб қолган, вақтни беҳудага сарф қилган, Аллоҳнинг розилигига эришмоқ мақсадида қилинадиган амалнинг чегарасидан чиқиб ҳар бир олийжаноб инсон сақланмоғи лозим бўлган қасд олиш, гап талашиш ва баҳслашиш каби ундан паст бўлган ишларга ўтиб кетган бўлардим.
    Агар мусулмонлар жамоасини уларга алданиб қолмасинлар учун ана шу одамларнинг қилмишлари ва асл башараларидан хабардор қилиш зарурати бўлмаганида эди ушбу китобга бир дона ҳам сўз қўшимча қилмаган бўлур эдим.
    Лекин мен китобнинг илмий омонат ва исломий мажбурият тарозусидаги қийматини бошқаларга билдириш учун кифоя қиладиган нарсаларни зикр қилмасликнинг иложини топмаяпман.
    Менинг бу китобга ёзган шарҳим қуйидаги бандлардан ташкил топган:
    1. Китобнинг муқовасига “Муҳаммад Ийд Аббосийнинг қалами билан..”, деб ёзилган эди. Ваҳоланки китоб на унинг қалами билан ёзилган ва на унинг асари эмасдир. Уни ёзишда-биз аниқ билишимизча,- шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайруддин Вонилийлар ҳамкорлик қилишган. Ҳазрат Муҳаммад Ийд Аббосий эса унинг айрим кичик мақолаларини ёзишда иштирок этган холос.
    Буни жаноби Маҳмуд Маҳдий Истанбулий эътироф этган. Зеро у бизнинг дўстимиз Ҳожи Аднон билан бўлган махсус учрашувида фахрланиб гапирган. Ҳожи Аднон уни кўрганида  ўша китобни берилиб тайрлаётган экан.
    Ҳазрати муаллифлар бизнинг қуйидаги шаръий саволимизга марҳамат қилиб жавоб беришлари лозим: “Мусулмон одам ўзи айтган гапни бировга тўнкамоғининг ҳукми нима? Будай одам нима деб аталади?  Бу ўринда ишлатилган ёлғонни шарийъатга мақбул бўлган бирор бир ҳийла билан тўғрилаш мумкинми?”....
    Қасам ичиб айтаманки агар Шофеъий бир гапни ёзиб туриб кейин уни ўзидан бошқага тўнкаса ёки бировнинг гапини олиб ўзиники қилиб айтса юрагимда унга бўлган ишончим йўқолган бўлар, у нақл қилган бирор бир ҳукмга ё у ривоят қилган бирорта ҳадисга ёки у ижтиҳод қилган бирорта масалада унга ишонмаган бўлар эдим. Шундай экан бундай ишни шайх Носир ва Маҳмуд Маҳдийлар қиладиган бўлса қандай бўсин?!
    2. Муаллифлар айтишларича мен “Мусулмон одам маълум бир мазҳабга эргашмоғи фарзми” рисоласининг муаллифи шайх Маъсумий ҳақида  ундай одам мавжуд эмас, салафчилардан бирортаси уни ёзган-у одамлардан ўз исмини сир тутган, деган эканман.
    “Мазҳабсизлик...” китобимда ёзилган сўзларимни сизга ҳавола қиламан: “Улардан кимдур “Мусулмон одам тўртта мазҳаблардан маълум бир мазҳабга эргашмоғи фарзми” деган бир китобни нашр қилиб унга исмини ёзмасликни ва ўзини танитмасликни хоҳлабди ва уни Муҳаммад Султон Маъсумий Хўжандийнинг таълифи, деб ёзибди”. (24 саҳ.)
    Демак мен китобни исмини яширган ўша одам ёзган деб айтмаганман балки уни ўша одам нашр қилган, деганман... Ахир бу рад этиб бўлмайдиган даражада тўғри нисбат-ку! Зеро, китобнинг ношири батаҳқиқ шу ишни қилиб қўйган бўлса. Аммо муаллифлар мен айтмаган гапларни менга тўнкамоқларини қандай тушуниш мумкин ва мен оғзимга ҳам олмаган “ёзди” калимасини менинг китобимда ёзилганидек “нашр қилди” калимасиниг ўрнига қўйишга нима мажбур қилди?! Ва ҳоланки ккала  калиманинг маъносида жуда катта фарқ бор. Бундай амалнинг исми нима-ю ҳукми қанақа?!
    3. Муаллифлар (шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайруддин Вонилийларни назарда тутмоқда. тарж) “Мазҳабларга муносабатимиз ва ижтиҳод ҳамда тақлид ҳақидаги фикримиз” (Рисола:15саҳ.) сарлавҳаси остида Ғаззолийнинг “Ал-Мустасфо” китобида айтган сўзларини ҳужжат қилган ҳолларида ижтиҳоднинг шартларини зикр қилиб ўтишган. Бу борада Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Ижтиҳоднинг иккинчи асосий шарти шаръий билимларни ўзлаштирган, уларга назар қилиш орқали фикрини билдира олиш имконига эга бўлган бўлишидир. Бу нарсага эришмоқ учун самараси аҳкомлар бўлган билимларни ўрганиш, натижага эришмоқ йўли қандайлигидан хабардор бўлиш керак. Бу  ишларнинг барчаси саккизта! илмни ўрганиш орқали бўлади. Улар Китоб, Суннат, Ижмоъ, ақл, қиёс, усулул фиқҳ ва луғат, носих-мансух ҳамда мусталаҳул ҳадис илмларидир”.   (Биз биламизки ушбу китобнинг муаллифлари имом Ғаззолийга ихлос қилмайдилар ва унинг гапларидан бирортасини ҳужжат қилиб келтиришга сабаб бўладиган илми ёки фазилати бор деб билмайдилар ҳам. Аксинча бизнинг билганимиз шуки уларнинг ораларидаги энг катта ҳақоратчилари Ғаззолийни диндан чиққан деб, ўзи адашган ва ўзгаларни ҳам аташтирган, деб, ҳақ йўлдан тойилган деб ҳисоблайди. Шунча гап сўзлардан кейин ҳам қандай қилиб унинг сўзларини далил қилиб келтиришлари ва унинг фикрларига мурожаат қилишлардан мен ажабланаман.
    Менинг ўйлашимча улар бу борада  “фазийлат бу душманлар фазийлат ҳисоблаб гувоҳлик берган нарсадир” принсипига асосан йўл тутмоқдалар.)
    Сўнгра муаллиф Ғаззолийнинг бу гапларини Маъсумий ўз рисоласида айтган қуйидаги гапи тўғри эканига ҳужжат ўлароқ келтиради:
    “Бу услубга эришмоқ осон иш бўлиб бунинг учун “Муватто”, “Икки Саҳиҳ”, Абу Довуднинг “Сунан”и, “Жомеут Термизий” ва Насоийлардан бошқасига эҳтиёж йўқдир. Булар ҳаммага таниш бўлган машҳур китоблардир. Уларни қисқа фурсатда ўқиб ўрганиш мумкин. Шундай экан сиз ўша китобларни маҳкам тутинг. Агар ўзингиз буни билмасангиз бу борада ўзингиздан пешқадам бўлган бирорта оғайнингиз сизга сиз тушунадиган тил билан тушунтириб берса ана шундан кейин сизда ҳеч бир важҳ қолмайди”.
    Ғаззолий мустақил мужтаҳидлик мартабасига эришмоқ учун саккизта илмни шарт қилиб қўймоқда. Маъсумий бўлса бунинг учун фақатгина бозорлардан ҳадис китобларини  сотиб олишни шарт қилиб туриб “албатта бу китоблар ўқиб ўрганишингиз мумкин бўлган ҳаммага таниш китоблардир”, дейди.  Яна шайх Носир Маъсумийнинг бу гапи тўғрилигига Ғаззолийнинг гапини ҳужжат қилиб келтиради!... Фақат шугина эмас, балки яна қўшимча қилиб: “Бу билан сиз доктор Бутий Маъсумийнинг “Ижтиҳод қилиш осон ишдир”, деган гапини масхара қилаётганида  хато қилганлигини билиб оласиз”. Бас, мен бир гапнинг ьўғри эканлигига унинг зидди ёки тескарисини ҳужжат қилиб келтирган кишидан ҳайратланаман!
    4. Яна шу сарлавҳа остида муаллиф ўзи ва ўзига ўхшаганларга нисбат берилган гап: улар ҳамма одамларга ижтиҳод қилишни мажбурият қилиб қўядилар, деган гапларни, шунингдек, саводсиз одам учун тақлид қилишликни ҳаромга чиқаришлари тўғрисида айтилган гап сўзларни ҳам рад этадилар.(15-саҳ)
    Мен айтаманки, шайх Носир ва унинг айрим ҳамсуҳбатлари баъзи бир шароитлар ва суҳбат давраларда шунга ўхшаш гапларни айтадилар. Бироқ улар ҳақларида улардан озор кўрган ҳар кимса биладиган воқелик шуки улар ўзларининг кучлари етган бирор кишини қўймасдан уларнинг тўртала имомларга нисбатан ишончларини йўққа чиқарадилар, улар ҳам ўзлари сингари оддий одам, улар тушунганларидек тушуна олиш ва улар ижтиҳод қилганларидек ижтиҳод қилиш мумкин деган туйғуни сингдирадилар. Кейин эса токи Китоб ва Суннатдан ҳужжатини сўрамасдан туриб уларнинг ҳеч бир шаръий ҳукмларини қабул қилмасликка мажбур қиладилар. Уларга эргашиб юрган авом ва саводсиз одамларни масжидлар ва кўча-кўйларда Шофеъий ва Абу Ҳанийфанинг ижтиҳодлари хусусида имомлар ва уламолар билан талашиб тортишиб  юрганларини, биз фақат Китоб ва Суннатга таяниб иш қиламиз деган ҳолда ўша имомларга тақлид қилмасликларида бардавом бўлиб юрганларини кўп кўрдик. Агар ўшалардан бирортасига қани уч оят Қуръон ўқиб бер-чи, дейдиган бўлсангиз сизнинг эшитадингиз юзлаб хато ва лаҳнлар бўлади!!
    Ана шу одамлар яримта ҳолларича марсдан ёки ўзга сайёрадан келиб қолган қавмлар эмас-ку. Аксинча улар ҳам- шу китобимиз ичида айтиб ўтганимиздек,- кўп қатори одам. Ҳеч бир маҳалла, юрт ёки масжид аҳли йўқки улардан озор чекмаган бўлса ва уларнинг олимларча жоҳилликлари ва чегара билмас ижтиҳодларидан бошлари балога қолмаган бўлса.
    5. Китобининг 133-саҳифасида муаллиф одамларни учинчи қисм- муттабиъни эътиборга олмаган ҳолда фақат икки қисмга-мужтаҳид ва муқаллидга тақсим қилганимиз учун бизни айблайдилар. Дарҳақиқат биз муттабиънинг қиладигани бу икки ишдан биридир. Агар далилларни била оладиган мартабага етмаган бўлса тақлид қилишлик ёки ўша мартабага етган бўлса ижтиҳод қилишлик. Биз тутган йўлнинг хато эканига муаллиф Шотибийнинг “ал-Иътисом”даги гапини ҳужжат қилиб келтиради. Мен истардимки эй биродарим, сиз нақл қилишда ёлғон ишлатиш ва ўзгартириб ташлаш амалиётларини, имомларни улар оғизларига ҳам олмаган гаплар билан гапиртиришга уринишларни мулоҳаза қилиб кўрсангиз. Мулоҳаза қилинг.. сиз ҳам ана у одамларнинг ҳақиқий юзларини кўриш, уларнинг дилларидаги асл мақсадни англаб етиш учун менга қўшилиб мулоҳаза қилинг.      
    Муаллиф бизларнинг муттабиъни (мужтаҳид ва муқаллид) ўртасидаги учинчи бир мартаба деб эътибор қилмай хато қилганимизга қуйидагиларни ҳужжат қилади:
    “Шотибий шундай деган: “Шарийъат аҳкомларига буюрилган шахс учта ишдан биттаси бўлишдан холи эмасдир. Биринчиси ўша аҳкомларда мужтаҳид бўлишидир. Бас, унинг ҳукми ўша аҳкомларда ижтиҳоди олиб борган нарсадир...... Иккинчиси ҳукм чиқарувчи илми бўлмаган оддийгина муқаллид. Бас у ўзи учун бирор бир етакчини ушламоғи лозимдир... Учинчиси мужтаҳидларнинг даражаларига етмаган, бироқ далилни ва унинг мавқеъини тушунадиган, ҳукмнинг иллати ва бошқаларни таҳқиқ қилишда таржиҳ бобида эътиборга олинадиган воситалар ёрдамида таржиҳ қилишга ақли етадиган бўлиши...”” .  35-саҳифа.
    Муаллиф Шотибийнинг гапини шу жойда охирлаб параграфни тугатмасдан туриб уни қавс билан беркитади ва ана шу учинчи гуруҳнинг қиладиган иши ҳақида Шотибий айтган гапни зикр қилади. Биз эса бу “ҳақиқатгўй” муаллиф тушириб қолдирган ва ундан олдинроқ қавс билан ёпган жумлаларни ўқиш учун Шотибийнинг “ал-Иътисом” китобидаги аслга- 3-жуз 253-саҳифага қайтамиз. Қарасак у ерда қуйидагилар бор экан:
    “...Бас, унинг таржиҳи ва фикри ё эътиборга олинади ёки олинмайди. Агар уни эътиборга оладиган бўлсак ўша тарафдан мужтаҳидга ўхшаб қолади. Мужтаҳид бу аслида  ҳукм чиқаргувчи илмга тобеъ бўлган, унга интилган ва у томонга юзланган бўлади. Унга ўхшайдиган киши ҳам худди шундайдир. Агар биз уни эътиборга олмасак бас у авомлик даражасига қайтиши лозимдир. Авом киши шубҳасиз мужтаҳидга эргашган бўлади. Чунки мужтаҳид ҳукм чиқаргувчи илмга юзланган бўлади. Унинг мартабасидагилар ҳам худди шу сингари иш қилади”.
    Шундай экан, хўш муаллиф унинг гапларини ҳужжат қилиб келтирган Шотибийнинг назарида муттабиъ нима қилиши керак экан? Кўрганингиздек унинг қиладиган иши: агар етишган бўлса мужтаҳидлар сафига қўшилиш ёки агар иқтидори етмаса авомлар сафига қўшилишдир. Шундай қилиб одамлар ўртасидаги тақсим иккиталик бўлди. Биз эса буни таъкидлаб ўтган эдик.
    Бироқ “ҳақиқатгўй”  муаллиф Шотибийнинг гапларининг самараси бўлган ана шу параграфни кесиб ташлайди. Қачонки ибора Шотибий ирода этган маънонинг зиддига далолат қиладиган кўринишга келганида уни олиб ўз даъвоси тўғри-ю менинг адашганимга, балки мен шу иборани кўриб ҳам уни тушунмасдан ўзим билмаган гапларни жавдирашга тушганим ва у ҳақда ўйламасдан иш қилганимдан ҳайратланишга ҳужжат қилиб келтиради!!...
    Ижозат беринг китобхон биродарим сизга бир савол берай: мусулмон одам ҳозир кўрганингиздек нақлларни қалбакилаштирадиган ва сўзларни ўз ўрнидан ўзгартирадиган кимсанинг динига қандай қилиб ишонса бўлади ва қандай қилиб Ислом шариатининг аҳкомларини ундан ўрганади, балки қандай қилиб унинг имомларнинг сўзлари ва ижтиҳодларини аҳмоққа чиқаришига ишонади? Қандай қилиб... Қандай қилиб ким бўлишидан қатъий назар, мусулмон одам бунга ишонади?...
    Албатта мен   Шотибийнинг “ал-Иътисом” китоби қўлида бор ҳар бир кимсадан умид    қилардимки уни мулоҳаза қилиш ва ибрат олиш учун... мана буларнинг ҳийла-найранглари қаршисида ўз динларидан бохабар бўлишлари учун унга (3/253 саҳ. Манор босмахонаси) қайтса.
    6. Мен юқорида тақлид қилишлик ўз шартларига асосан фақатгина фаръий масалаларда яъни, зонний далиллар асосига барпо бўлган шаръий аҳкомлардагина дуруст бўлишига мусулмонлар оммаси тарафидан иттифоқ бўлинганини, аммо ақийда ва у сингари қатъий далиллар асосига барпо бўлган аҳкомларда тақлид қилишлик жоиз эмас, фаръий аҳкомларнинг кўпчилиги зонний далилларга асосланишини ва шунинг ҳам уларда ижтиҳод қилишлик табиий иш эканлигини  айтиб ўтган эдим.
    Лекин шайх Носир саййид Маҳмуд Маҳдий ва Хайруддин Вонилийлар билан шерикликда ёзган китобда тақлид масаласида ақийда билан шарийъатнинг ўртасини ажратишда хато қилганимни, фаръий аҳкомларнинг кўпчилиги зонний далиллар асосига барпо бўлган деганимда ҳам хато қилганимни айтади.
    Унинг фикрича қатъий ақийда билан ижтиҳодий - фаръий аҳкомлардан ҳар бири оҳод хабарларга ўхшаш зонний далиллар асосига қоим бўлиши дурустдир. Йўқса, қандай қилиб Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи  ва саллам ақийда масалаларини одамларга таълим беришлари учун якка шахсларни юбориш билан чекландилар?!
Мен айтаманки мен шайх Носирнинг ўзи бир тараф бўлиб турган турли хил фикрлар ичида ана шу фикрдан кўра ажоиброғини кўрмаганман. Ушбу китобимда келган гапларнинг кўпида менга қарши чиқишини кутган эдим-у аммо мўтазилалардан биттаси яъни, Убайдуллоҳ ибн Ҳасан Анбарийдан ташқари ҳозирги ва қадимги барча мусулмон уламолари ва имомлари иттифоқ бўлишган ана шу илмий ҳақиқатда унинг менга қарши чиқишини ёки мени адашганга чиқаришини ҳеч хам кутмаган эдим!...
Албатта, ушбу ҳақиқат ҳаммадан олдин илмий бир ҳақиқат бўлиб унга ақлий далилларнинг биринчилари далолат қилади ва у далилларда ихтилоф воқе бўлиши мумкин эмас. Кейин унга бизлар ҳозир кўрадиганимиздек саҳобаларнинг унга нисбатан воқеси далолат қилади.
Ақлий далил ҳақида сўзлайдиган бўлсак бас у ақлли одамлар иттифоқ қилган нарса- зонний асослардан зонний ишлар пайдо бўлишидир. Аммо қатъий ва илмий ҳақиқат эса ўзи сингари қатъий асос ва далиллардан келиб чиқади. Масалан, бир пиёла заҳарни ичиб юборган одам ярим соатдан кейин ўлиши ҳақида қатъий далиллардан хабардор бўлган табиб ана шу заҳарни ичган одамнинг ярим соатдан кейин ўлишига қатъиян ишонади. Бу борада фақатгина зонний далилларга йўл топа олган кишининг қўлидан келадиган биргина  иш айни ўша натижанинг вужудга келишини гумон қилиш бўлади холос. Ушбу ҳақиқат борасида ҳеч бир оқил одам шубҳа қилмайди. Шунга биноан биз айтамизки оҳод хабарларга ўхшаш зонний далилнинг бир ўзи Аллоҳ таоло бизларни жазм қилишга амр қилган ақийдавий принсиплардан бирортаси учун ҳужжат бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам уламолар иттифоқ қилганларки қиёмат кунида жисмларнинг қайтиши уларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетганидан кейин бўладими ёки парчаланиб бўлакларга бўлиниб кетганидан кейинми каби бахслар сингари   ақидавий масалалардан фақатгина зонний далилларга асосланганларига қатъий далил келтириш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам бу икки эҳтимолдан бирига жазм қилишга бўлган буйруқ кишининг тоқатидан ташқари нарсага бўлган буйруқ бўлади ва улардан бировига эътиқод қилиш фарз бўлмай қолади.
Бу гап очиқ ойдин ва тушунарли бўлганидан кейин шайх Носир қандай қилиб қатъий яқийнни оҳод хабарлар сингари зонний далилларга асослаш дуруст бўлади деб тасаввур қилади?! 
Шайх Носир ўзиниг бу шубҳасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва саллам юборган элчилардан якка шахслар одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан фаръий аҳкомларни еткарганлари каби ақийда асосларини ҳам еткарар эдилар, деган  ҳужжатни келтиради.
Бунга жавоб шуки- имом Ғаззолий ва бошқалар айтганларидек,- ана шу элчилар одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан ҳеч бир ақийда масаласини еткарган эмасларки улар шу элчиниг хабари ва етказаётган нарсалари тўғри эканлигини тасаввур қилсалар. Шундай бўлмаганида улар ҳали пайғамбарликни тасдиқламасдан олдин Пайғамбарнинг элчисини тасдиқлашга уларни нима мажбур қилган бўлади?!
Ғаззолий бу хусусда шундай дейди: “Аммо рисолатниг асли, иймон ва пайғамбарликни билдиришга келсак бас йўқ- яъни, оҳод хабарларга асосланмайди-. Чунки Расулуллоҳнинг элчиси ҳали у зотнинг пайғамбар қилиб юборилганидан бехабар бўлган одамларга қандай қилиб: “Батаҳқиқ Пайғамбар сизларга мени тасдиқлашни фарз қилди”, дея олади?.. Аммо уни тасдиқлагандан кейин Расул элчиларга қулоқ тутишни вожиб қилиб қўйгани сабабли  одамлар уларга қулоқ тутишлари мумкин бўлади”.
Бу бир тарафдан. Бошқа тарафдан эса ўзига етиб келган қатъий бўлмаган оҳод хабарга асосан Аллоҳга иймон келтирадиган кишинг иймони аслида ўша хабарнинг ўзига асосланган бўлмасдан балки унинг иймони қатъийлик ва яқийнни пайдо қиладиган бир қанча аниқ ақлий далилларга асосланган бўлади. Унга етиб келган хабар эса аллома Ийжий “Мавоқиф” ва бошқаларда зикр қилганидек  уни ана шу далиллардан хабардор қилиб келган бўлади холос. Оқил одамнинг қалбида ўзи ушламаган ва кўрмаган  бир масалада ҳеч бир аниқ далилидан хабардор бўлмаган ҳолда фақатгина зонний хабарга  асосланган қатъий ақийда бўлиши амримаҳолдир. 
Демак, Аллоҳ таоло бизларни қатъиятли бўлишга буюрган эътиқод асослари ёлғиз оҳод хабарларга ўхшаган зонний далилларга асосланиши мумкин эмаслиги, балки улар учун мутавотир хабар ва ҳар қандай оқил йўл топа оладиган  қатъий - ақлий далиллар сингари  зонний далилларга асосланиши аниқ бўлди. Шайх  Носир ҳужжат қилиб келтирган гапларда биз  ва уламолар жумҳури айтган гапларнинг аксини исботлайдиган бирор бир далил мавжуд эмас.
Бу нарса аниқ бўлганидан сўнг Аллоҳ таоло бизларни улар ҳақида эътиқод қилишда жазмга буюрган ишларда тақлид қилиш жоиз эмаслиги ҳам биззарурат аниқ бўлди. Чунки тақлид ижтиҳод қила олмасликнинг натижасидир. Ижтиҳод эса аниқ ва маълум бўлганидек эҳтимолли зонний масалалардагина дуруст бўлади. Аллоҳ таоло бизларга улар ҳақда яқийнда бўлишга буюрган диннинг асосий арконларида юқорида айтиб ўтганимиздек зонний нарсанинг ўзи йўқ. Демакки уларда ижтиҳод қилиш ҳам йўқ. Шундай экан (бу ишларда) тақлидга қаердан рухсат бўлсин?
Киши ақийда арконлари ҳақида далилни англаб етишга қодир бўлмаслиги ҳам мумкин, шундай экан у ишларда унинг тақлид қилмоғи лозимдир, дейилмайди. Чунки бу гап тўғри бўлиши учун ундан ижтиҳод майдонига, яъни, у излаётган нарсасини чиқариб олишлик учун муҳокама қилиш ва зонний далиллар ўртасини солиштириб кўриш майдонига кириш талаб қилинган бўлиши керак.
Лекин бу ўриндан ундан талаб қилинаётган нарса идрок этиш ва англаб етишда ўзи ва бошқа ақлли мукаллафлар муштарак бўлган зарурий яъни, аниқ ва қатъий далиллардан хабари бўлсин. Шунинг учун уламолар айтганларки мен ота-онам ва устозим иймон келтирганларини кўрганим учун Аллоҳ таолога иймон келтираман, деган кишининг иймони мақбул эмас ва бу иймон ҳисобланмайди. Эътиқод арконларида тақлид қилгувчи одам ҳақида айтиладиган энг енгил гап шуки у гуноҳкордир.
Агар   муҳокама ва таълиф қўмитаси бу гапни биринчи бор эшитаётган  ёки оғир санаётган бўлса ва қўмитанинг фикрига ҳамда бу мавзу хусусида шайх Носир чиқаражак рисолага қарама-қарши эканини кўраётган бўлса бас, мен шайх Носирдан умид қилардимки бу борада аввалги уламолар ва имомлар ёзиб кетган гапларни ўқисин. Масалан Шофеъий ўзининг “ар-Рисола” китобида ёзган гапларни илм бобидан то китобнинг охирига қадар ўқисин. Ғаззолийнинг “ал-Мустасфо” китобидан хабар ва ижтиҳод бобини ўқисин. Айни шу бобни Омадийнинг “ал-Иҳком” ёки Шотибийнинг “ал-Мувофақот” китобидан ўқисин. Ёки ақийда бобида кенгқамровлик китоблардан бирортасини шошмасдан аста-секин ўқиб чиқсин. Бирор бир ибора ёки масалада тушунмовчилик чиқиб қолса бошқалардан сўраб ўрганиши зарар қилмайди. Худо ҳаққи, бунинг уёладиган ёки айб саналадиган ери йўқ. Чунки инсон уламолар ва муҳаққиқлар ёзиб кетган барча китобларни яхшилаб ўқимай туриб бирор бир ҳозирги сингари муҳим илмий масалада “менинг фикримча бу гап ёки бу ҳужжат ботилдир”, демоқлиги осон иш эмас.
Агарчи  унинг фикрича китоб ёзиши ва таълиф қилиши жоиз бўлмаган жоҳил одамдан содир бўлаётган бўлса ҳам буюк шайх менинг бу насиҳатимни қабул қилсинлар. Зеро, Аллоҳ кўпгина ҳикматларни жоҳилнинг тили билан гапиради!...
7. Кейин муаллиф “Тўртала мужтаҳид имомлар тўғрисидаги фикримиз” сарлавҳаси остида уларни ғоятда улуғлашини, ўзи ва биродарлари одамларнинг ичида уларнинг фазилатларини энг яхши билгувчироқ ва уларнинг меҳнатларини энг кўп қадрловчилар эканлигини, улар Китоб ва Суннатга эргашишда уларнинг изларидан юришларини ва бошқаларни ёзади.
Биз деймизки албатта бу чиройли гап, бироқ воқеликда уни қувватлайдиган ҳужжатга ниҳоятда муҳтождир.
Агар уларнинг бу сўзлари рост бўлганида эди уларнинг энг катта шогирдлари ва тобеъларининг оғзидан имомлар ҳақларида   ҳақоратлар янграганини кўрмаган бўлар эдик. Бу гаплар тўғри бўлганида эди муаллифлардан бирлари шу китобнинг бошқа бир жойида Абу Ҳанифага ишора қилиб туриб ҳақиқатда у бир нечта ҳадисларнигина ёд билган холос! демаган бўлар эди.  Агар бу гаплар рост бўлганида шайх Носир имом Мунзирийнинг “Мухтасари саҳиҳи Муслим”га ёзган шарҳларидан бирида ўша хатарли исёнкор ибораларни ёзмаган бўлар эди. Шайх  Носир қуйидагиларни ёзган: “Бу Ийсо алайҳис саломнинг бизнинг шарийъатимиз асосида ҳукм чиқариши, Инжил ёки ҳанафий фиқҳи ва шу кабиларга биноан эмас Китоб ва Суннатга биноан иш олиб боришларини яққол ифодалаб турибди”.    
        Демак унинг эътиқодича ҳанафий фиқҳи шарийъати исломдан бошқа нарса эканлиги, Китоб ва Суннатдан ҳар иккисининг ичида бор бўлганлардан бошқа нарса эканлиги билан Инжилга ўхшар экан.
Мен мусулмон одам оғзига олмаслиги керак бўлган бунингдек беҳуда гап учун Буюк Аллоҳдан кечирим сўрайман. Биз унинг ана шу сўзларини китобга ёзилган иловалардан  баъзисида зикр қилиб ўтган эдик.
Шундай экан қандай қилиб.... Унинг ўзи ва биродарларининг Китоб ва Суннатга амал қилишда тўртала имомларнинг изидан борамиз, деган сўзи ростлигини қандай тушунамиз? Ваҳоланки у одам очиқчасига ҳанафий мазҳаби Инжил сингари Китоб ва Суннатдан тамоман бошқа нарсадир, деб турган бўлса!...
Ундан сўнг муаллиф мазҳабларни бирлаштириш учун тезроқ ҳаракат қилишга чақиради ва бу бирлаштиришлик жуда осон, худди сочилиб кетган саҳифаларни териб тўплаш ёки ҳар жойда ётган ўтинларни тахлашга ўхшаш бир иш, деган хаёл билан бунинг чораларини тузади ва услубларини белгилайди!!. Бундан-да қизиғи шуки у одамларни ижтиҳод қилишга чақиришдан тўхтамай турган бир пайтда мазҳабларни бирлаштиришга чақиради!!.
Биз унга ўзимиз ва уламолар-у имомларимиз такрорлаб кетган гапларни айтамиз токи улар хусусида ҳеч қандай баҳс ёки ихтилоф бўлиши мумкин бўлмаган аниқ ва маълум ишлардан бирига айлансин.
 Унга айтамизки: тўртала имомлар ўртасида муштарак бўлган аҳкомлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Чунки улар амалда унга иттифоқ қилганлар. Аммо улар хусусида ижтиҳодлари бир-бирлариникидан фарқ қилган аҳкомларга келсак бас, фақат ана шулар баҳс юритса бўладиган масалалардир.
  Албатта, бундай мавзулар кўпгина сабаблар туфайли эҳтимоллик тарафи бор бўлган зонний далилларга асосланган бўладики усул ал-фиқҳ илмида лафзларнинг далолатларини ўрганишга имкони бўлган ҳар бир шахс билади. Демак улардан аҳкомларни чиқариб олишликда турлича ва бир неча хил нуқтаи назарлар бўлади. Шундай бўлмаганида улар ўз табиати билан зонний далиллар бўлмаган бўла эди.
Шайх Носирнинг муаммоси шуки у тўртала фиқҳий мазҳабларнинг моҳиятига уламолар ва имомларга исбатан дарғазаб ва қаҳр қилган ҳолда ғала-ғовур қилиб олиб юрган ўнта ёки шунга яқин масалалар орасидан қарайди.
Лекин биз унга яна такроран айтамизки мазҳабларнинг мазмун моҳияти фақатгина ана шу масалалардан иборат эмас. Бу ёғда савдо-сотиқ, ижара, гаров, шуфъа, шерикчилик каби муомалотлар тўғрисидаги мавзулар, никоҳ, талоқ, разоъ, ҳизона, васият ва нафақалар сингари шахсий ҳолатлар тўғрисидаги мавзулар, жиноятлар, ҳаддлар, жиҳод, боғийлик ваҳоказо ваҳоказоларга доир мавзулар ҳам бор.
Бу одамдан биттаю битта умидим кенгайтирилган фиқҳ китобларидан ана шу мавзуларнинг барчасини тўртала мазҳаблар билан солиштирган ҳолда ўқиб чиқсин-да ана ундан сўнг бизга ўзининг якуний фикрини билдирсин.
Ана ундан сўнг –агар айтишга қурби етса,- мусулмонлар тўртала мазҳабни бирлаштирмоқлари керак, деб айтаверсин.
Мисол учун олти хил нарсадаги рибонинг иллатини, рибо бўладиган нарсларга унинг таъсирини ўқисин. Ана ўшаларни тўртала мазҳаблардан яхшилаб англаб олсин-да ана ундан сўнг бизга ўзининг фикрий таассуротларини айтсин. Ана шу биргина масаланинг ўзида тўртта мазҳабларни қандай қилиб бирлаштиришини менга айтсин-чи!!
8. Муаллиф (77-саҳифада) нақл қилишича мен одамларни мазҳабларнинг китобларида ворид бўлган нарсаларни агарчи айримлари Китоб ва Суннатдаги очиқ –ойдин далилларга қарама-қарши бўлса ҳам, маҳкам ушлашга чақирган эмишман. Унинг айтишича мен бу гапни ана шу китобимнинг 74-75- саҳифаларида зикр қилибман.
Эй одамлар, менинг китобимни ҳамма ерига қайта-қайта қараб чиқинг-чи унинг бирор бир саҳифасида  мана шу гап ёки шу гапни ифодалайдиган ибора бормикин?! Сизлар менинг 70-саҳифадаги гапимни ўқисангиз бу гапнинг тескарисини учратасизлар холос: “Ўзи тақлид қилиб юрган имоми тутган йўлнинг аксини кўрсатадиган бирорта ҳадисни кўрса ва унинг саҳиҳ эканига ҳамда айни ўша ҳукмга далолат қилишига ишончи комил бўлса, бас у ўша ҳукмда имомининг мазҳабидан воз кечиб ҳадиснинг далолатига амал қилади...”.
Энди қачонки менинг айтганларим ичидан мана бу муаллиф менга нисбат берган гаплардан бирортасини топмасангиз, балки тамоман унинг аксини топсангизлар у ҳолда бундай ишни нима деб аташ мумкин ва умумбашарий ахлоқ доирасида айниқса буюк исломнинг ҳукмида унинг савиясини қандай баҳолайсизлар?!
9. Мен 42-саҳифада тушунтириб берган эдимки муфтий исми аслида мужтаҳиди мутлаққа ишлатилади, деб. Исломнинг илк даврларида муфтийлар ана шунақа бўлишган. Бу ҳар бир олимга ва ҳар бир толибга маълум нарсадир. Бу хусусдаги батафсил маълумотни Нававийнинг “ал-Мажмуъ” китобининг муқаддимасидан ва бошқа усул китоблари-ю фиқҳ қомусларидан олишингиз мумкин.
Ва айтдимки муфтий исми ўшандан сўнг агарчи ўзи муқаллид бўлса ҳам, одамларга Аллоҳнинг ҳукмларини ўз масдарларидан олиб еткарадиган ҳар қандай кишига мажозан ишлатиладиган бўлиб кетди. Шунинг учун уламолар: “Ҳақиқатда у одамларга фатво бераётганида ҳукмни қаердан олганлигини уларга айтиб ўтиши керак бўлади. Уларга  ўз раъйи билан фатво бермайди. Чунки у аслида ўзи фатво билан шуғулланадиган мазҳабнинг ҳукмларини нақл қилгуви бир олим одам холос”, дейдилар.
Шайх Носир ёки Маҳмуд Маҳдий –муфтий ва олим номлари битта одамга нисбатан ишлатилади, улар иккаласи фиқҳ истилоҳида битта маънода келади, деган хаёл билан - менинг бу гапимга изоҳ ёзиб диққатларини жалб қилиш учун мусулмонларнинг уламоларига хитоб қиладилар: “Бутийнинг сизлар фақатгина мажоз йўли билан уламоларсиз, деган фикрига қўшиласизларми?!” 81-саҳифа.
Фиқҳ ва усулул фиқҳдан озгина хабари бор ҳар қандай болакай ҳам олим билан муфтийнинг ўртасидаги фарқни билади, иккисининг ўртасида умумлик ва хусуслик томонидан мутлақо фарқ борлигини билади. У биладики ҳар бир муфтий олим бўлади, лекин ҳар бир олим муфтий бўлиши шарт эмас.
Менинг гапимга қабиҳ ташвиқотлардан иборат сиз кўрган сўзлар билан ёзилган изоҳга келадиган бўлсак бас, албатта мен,  Аллоҳга қасамки, унга қарашдан ёки уни муҳокама қилишдан жирканаман.
10. “Нима учун маълум бир мазҳабни лозим тутиш жоиз эмас” сарлавҳаси остида шайх Носир ўзининг шериги билан ушбу китобимда маълум бир мазҳабни лозим тутишлик модомики шу ишни ўзига вожиб деб эътиқод қилмас экан, ҳаром бўлмаслигини тушунтириш учун келтирган далилларимга раддия қилишга уринган.88-ва ундан кейинги саҳифалар.
Унинг якуний каломи шуки,  у мен келтирган далилларга қуйидагилардан бошқа раддия келтирмаган:
Биринчи:  Софистика (Софистиканинг бу услубида сизнинг даъвоингиз тўғрилиги хусусида сиз билан мунозара қилаётган шахс унинг тескарисини ўртага ташлайди. Бу – кўриб турганингиздек,- унга далил эмас, аксинча, ўзи далилга муҳтож бўлган низо кетаётган мавзуни таъкидлашдир.) услубидан фойдаланиш орқали. Чунки  у битта мазҳабни лозим тутишлик бидъат, деб раддия қилган эди. Бу мунозара илми услубларидан билими бор ҳар қандай одам билганидек, софизмдир. Мен  зикр қилган далилни йўққа чиқаришлик эмас.
Иккинчи: Мазҳабни лозим тутмаслик Аллоҳнинг муродини англаб етиш учун албатта энг осон, асл ва энг яқин йўлдир. Сиз бу далилни бир мулоҳаза қилиб кўринг-чи, унда мен ўзимнинг китобимда келтирган далилларни йўққа чиқарадиган бирор бир илмий ифодани кўрасизми?! Ахир бу айни даъвони такрорлаш эмасми?
Учинчи: Маълум бир мазҳабни лозим тутмаслик маъсумга тобеъ бўлиш билан маъсум бўлмаганга тобеъ бўлишнинг ўртасини ажратиш принсипига тўғри келади. Сиз бу далилга яна бир карра нигоҳ ташланг-чи, унда мен ёритиб ўтган далилларни йўққа чиқарадиган ёки уларга қарши бўлган бирор гапни  кўрасизми? Ҳар ҳолда биз маъсум билан маъсум эмаснинг қиссасини ушбу китобимизнинг бошқа бир ўрнида тушунтириб ўтган, ундаги ғароиб жоҳилликни кўрсатиб берган эдик.
Тўртинчи: Саҳобаларнинг ва дастлабки уч асрда яшаб ўтган салафи солиҳларнинг қилган ишлари бу маълум бир мазҳабни лозим тутмаслик бўлгани шубҳасиздир. Яъни, улар маълум бир мазҳабни лозим тутмаслик асосида иш кўрганлар.
 Юқоридаги  гапнинг тамоман тескарисига мен   ҳужжат қилиб келтирган далилимни йўққа чиқарган биргина далил агар тўғри бўлса, ана шудир. Бас, қараб кўрайлик-чи, дастлабки уч аср вакиллари маълум бир мазҳабни лозим тутмаслик билан чекланган эканларми?
Албатта, шайх Носир ва унинг шериги бизнинг “ироқликлар фиқҳни ибн Масъуд ва унинг асҳобларидан олганлар, ҳижозликлар эса ибн Умар ва у кишининг асҳобларидан олишган, саҳобаларнинг орасида мисол учун, ибн Масъуд ёки ибн Аббос сингари фатво сўраладиган шахслар бўлган”, деган сўзимизнинг ростлигини инкор этадилар.
Ундай бўлса имом ибнул Қоййимнинг “Аълому-л-муваққаъийн” китобининг 21-саҳифасида айтган мана бу гапига нима дер эканлар: “Дин, фиқҳ ва илм ибн Масъуднинг, Зайд ибн Собитнинг шогирдлари, Абдуллоҳ ибн Умарнинг ва Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари орқали бу умматга тарқалди. Бас, одамларнинг ҳаммаси ана ўша тўрт саҳобалар орқали илмли бўлдилар. Мадина аҳлининг илми   Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг асҳобларидан, Маккаликларнинг илми эса Абдуллоҳ ибн Аббоснинг асҳобларидан, ироқликларнинг илми Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳобларидандир”.
Бу- биз ва биздан ташқари шарийъат қонунчилиги тарихига доир китоблар ёзган ва ўқиган кимсалар   биладиган нарсадир. Бу- имомларимиз ва салафларимиз раҳимаҳумуллоҳлар зикр қилиб кетган нарсадир.
Биз ва биздан ташқари тарих ва шарийъат қонунчилиги тарихи борасида изланишлар олиб бораётган кишилар биладиган нарса шуки, Ато ибн Абу Рабоҳ ва Мужоҳидлардан ҳар иккиси Халифанинг амри ва барча саҳоба-ю тобеъинларнинг розилиги билан Маккада фатво беришликка таъйин қилинган эдилар. Шунинг учун одамлар ана шу икки имомдан бошқа ҳеч кимдан фатво сўрамас эдилар. Лозим тутишнинг маъноси шундан бошқа нарса бўлиши мумкинми, эй баҳс-мунозара ва таълиф қўмитаси?!
Тўртинчи: Муаллифнинг айтишича менинг мазҳабларни қироатларга қиёслашим шармандали хатога йўл қўйишдир. Чунки қироатларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан мутавотурдир. Тўртала мазҳаблар эса унақа эмас. Чунки мазҳабларда тўғри нарсанинг ўзи йўқ. Уларда бор нарса бу хато ва ботилдир.
Биз эса қайтиб яна ўша қиссани шарҳлаб бериб шундай деймиз: мазҳабларнинг фиқҳи ичидан тўғриси ва нотўғрисини ажрата оладиган даражадаги илмга эришган кишига нисбатан гапирадиган бўлсак, бас, унинг мазҳабларга эргашмоғига умуман рухсат йўқ. На лозим тутиш йўли билан ва на бошқаси билан. Аммо мана шу даражадаги илмга етишмаган кишининг ҳукмида барча мазҳаблар баробардир. Унинг уламолар ижмоъси ила, истаган мазҳабга тақлид қилишга ҳаққи бор. Яъни, унга нисбатан барча мазҳаблар тўғридир. Бунга шак-шубҳа ворид бўлмаган тавотур далолат қилгандир. Шундай қилиб унга нисбатан мазҳабларнинг ҳукми худди барча мусулмонларга нисбатан қироатларнинг ҳукмидек бўлиб қолди. Қироатларнинг барчаси мусулмонлар оммаси учун тўғридир. Тўртала мазҳабларнинг ҳаммаси ижтиҳод қилишдан ожиз одам учун ёки имомларнинг ижтиҳодларидаги тўғри ва нотўғри томонларини очиб беришдан ожиз одам учун тўғридир. Иш шундай экан ижтиҳод қилишга қурби етмайдиган ва тақлид қилишга буюрилган киши хусусида мазҳаблар билан қироатлар орасида қандай фарқ бор?!
Бешинчи: Шайх Носир ва унинг икки шериги айтадиларки менинг бу иш юзасидан Шофеъий, Моликий, Абу Ҳанифа ва Аҳмадларга табақот китобларини тўлдириб юборган минглаб одамлар эргашишларини ҳужжат қилиб келтиришим ботил ҳужжат ва ана ўшаларнинг ҳаммалари нотўғри йўлда бўлганлар!!..  Ва Аллоҳ таолонинг: “Одамларнинг кўплари, гарчи сен жуда қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар”, (Юсуф:103) “Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Улар гумондан бошқага эргашмаслар. Улар тахмин қиларлар, холос”, (Анъом:116) сингари бир қанча оятларни ҳужжат қилиб келтиришга тушадилар.
Биз эса ана шу биродарларга нисбатан сабр-тоқат қилиб уларга баҳс ва илм йўлидан юрадиган ҳар кимса тушунмоғи лозим бўлган нарсани тушунтириб берамиз. Айтамизки Қуръон ва Суннатда озчилик одамлар доимо ҳаққ йўлида бўлишлари ва кўплаб одамлар сиз қанчалар истасангиз ҳам мўмин бўлмасликларидан иборат уламоларнинг гапларини кўрсатиб турган оятлар бордир. Лекин, бу ёғда маънан мутавотир даражасига етай деб турган саҳиҳ ҳадислар ҳам борки, мусулмонларни жамоат билан бўлишга ва ундан ажралмасликка буюради.
Шулар жумласидан ибну Можа Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи  ва саллам: “Албатта, менинг умматим етмиш иккита фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Фақат биттаси у ҳам бўлса Жамоат (дўзахда эмас)”, дедилар. “Завоид”да бундай деган: “Бу ҳадиснинг исноди саҳиҳ ва ровийлари ишончлидирлар”.
Яна, Термизий ва ибну Можалар саҳиҳ санад билан Умар ибн Хаттобдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи  ва саллам: “....Ўзингизга жамоатни лозим тутингиз. Ундан ажралишдан ҳазир бўлингиз. Чунки шайтон бир киши билан бирга бўлур. У икки кишидан олисроқ бўлур. Кимда ким Жаннатнинг ўртасини истаса бас, жамоатни ўзига лозим тутсин”, дедилар. 
Термизий: “Бу ҳадис ушбу жиҳатдан ҳасан саҳиҳ ғарибдир”, деган. Бу ҳадисни ибнул Муборак Муҳаммад ибн Сувқадан ривоят қилган. Ушбу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан Умар р.а орқали бир неча йўл билан ривоят қилинган. Яна Термизий ибну Умардан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Албатта Аллоҳ менинг умматимни ёки Муҳаммаднинг умматини деганлар - залолат устида жамламайди. Ва Аллоҳнинг яди (нусрати) жамоат устидадир. Ва ким (жамоатдан) ажралиб ёлғиз қолса, дўзахда ҳам (жаннатийлардан) ажраб ёлғиз қолади», дедилар. Термизий: “Аҳли илмлар “жамоат”ни аҳли фиқҳ ва аҳли ҳадис, деб шарҳ қилганлар”, деган.
Шундай ҳадислардан бири икки шайх Ҳузайфа ибнул Ямондан исноди билан ривоят қилган ҳадисдурки, у шундай деган: «Одамлар Расулуллоҳ алайҳиссаломдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Бас, у зотга: «Эй Аллоҳнинг расули! Албатта, биз жоҳилиятда ва ёмонликда эдик. Бас, Аллоҳ бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан кейин ёмонлик борми?» дедим.
 «Ҳа», дедилар.
 «Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик борми?» дедим.
 «Ҳа. Унинг тутини ҳам бор», дедилар.
 «Унинг тутини недир?» дедим.
 «Ҳидоятсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Улардан (баъзи нарсаларни) ёқтирасан ва (баъзи нарсаларни) инкор қиласан», дедилар.
 «Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?» дедим.
 «Ҳа. Жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, унинг ичига отирлар», дедилар.
 «Эй Аллоҳнинг расули уларни бизга сифатлаб беринг», дедим.
 «Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар», дедилар.
 «Ўша нарса менга етса нима қилишимга амр қиласиз?» дедим.
 «Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан», дедилар.
 «Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмасачи?!» дедим.
 «Ўшал фирқаларнинг барчасидан четда бўл. Агар дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам. Сенга ўлим келганда ҳам ўшал ҳолда бўлишга ҳаракат қил», дедилар». 
Кўпгина уламолар бу маънога далолат қиладиган турли хил ривоятларни маънавий мутавотир даражасига қадар олиб борганлар. Усул уламолари бу ҳадисларни ижмоъ шаръан йўлга қўйилишининг энг муҳим таянчларидан деб эътибор қилганлар. Омадийнинг айтишича бу ижмоънинг ҳужжат ўрнига ўтишига энг кучли далилдир.
Демак, муаллиф ҳужжат қилиб келтирган оятлар ва ушбу ҳадислардан ҳар иккиси бир қарашда олимнинг нигоҳида бир бирига қарама қарши ва зиддек кўринади! Нима қилиш керак?
Албатта олим одам шаръий матнларни улардан кўзда тутилган муродга қадар синчиклаб текширади ҳатто бу иш ортидан зоҳиран бир бирига қарама-қаршидек кўринган шаръий матларнинг ўртасини мувофиқлаштиришгача етиб борадиган шахс бўлади. Улардан юзаки далолатни чиқариб олиб энг муҳим аҳкомларни ўшаларга асослайдиган, табақот ва биографик китобларда келган ҳар бир кишини тўртта мазҳабни улардан оғишмаган ҳолда лозим тутганликлари учун залолатга кетганликда айблайдиган киши эмасдир олим киши!
Қуръони каримнинг баёнотлари ер юзидаги барча одамларга тегишли эканлиги шубҳасиздир. Бу воқеъий ва шак- шубҳасиз тўғри нарсадир. Чунки Аллоҳга иймон келтирган Унинг ана шу ер устидаги кўрсатмасига эргашадиган жамоа қоп-қора ҳўкизнинг терисидаги оқ еридан кўра озроқдир.
Аммо биз айримларини келтириб ўтган ҳадисларга тўхталадиган бўлсак, улардаги “саводул-аъзам” дан фақатгина мусулмонлар доираси назарда тутилган. Биз қачон мусулмонлар ва уларнинг уламолари ўртасида бирор бир ихтилофни учратсак албатта Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг Суннати, ана шу иккиси ҳакамлик қилади. Барча мусулмон ўлкаларга қараганда мусулмонлар уламоларидан иборат бўлган саводул аъзамгина ҳар доим Китоб ва Суннатга энг яқин юриб келган бўлади. Барча замонларда Аллоҳ таолонинг шарийъатидан ақийда бўладими ёки аҳкомлар бўладими, барибир фақат озчиликни ташкил қиладиган ёт гуруҳларгина оғишиб келганлар. Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг саводул-аъзамлари қандай қилиб Аллоҳнинг Китобини лозим тутиш ва Расули соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг Суннатига   амал қилиш борасида мудом чиройли намуна бўлиб келганлар.
Хорижийлар, жаҳмийлар, муржиа ва қадарийлар мусулмонларнинг саводул-аъзамларига нисбатан жуда ҳам озчиликни ташкил қиладилар. Демак  шайх Носир ва унинг икки шериклари ўлчовида ҳаққнинг намояндалари  ана шу одамлар экан-да?! Ким шундай деди... ва сизларнинг бу ажоибу-камёб фикр ҳамда илмларингизни қайси мусулмон қўллаб - қувватлайди?
11. Мен ушбу китобда тушунтирган эдимки Шофеъийнинг: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, бас, ана шу менинг мазҳабимдир”, деган сўзининг маъноси унинг ана шу машҳур гапига қараб туриб Шофеъий амал қилган ҳукмга зоҳиран хилоф келган саҳиҳ ҳадисни кўрган ҳар қандай одам –Шофеъйга тақлид қилишда- ўша ҳадисга амал қилиб кетайверсин, дегани эмас. Балки унинг шартлари ва чекловлари бордир. Мен бунга имом Нававийнинг “ал-Мажмуъ” китобидаги муқаддимасида айтган гапини далил қилиб келтирган эдим.
Таълиф қўмитаси шундай дейди: “Албатта бу Нававийнинг гапини яхши тушунмаслик ва Нававий агар ўша чеклов ва шартлар бўлмаса ҳадисга амал қилишни ман қиладиган маънодаги гапни умуман тилга олмаган”.
Мен лафзлар ва араб тилининг аниқ –равшан далолатларини тушунадиган кишилардан Нававийнинг бу хусусда (1ж\164саҳ. Ал-Мунирия босмахонаси) ёзган гапларини қуйидаги иборалардан бошлаб ўқисалар: “Шофеъий айтган бу гапнинг  маъноси саҳиҳ ҳадисни кўрган ҳар кимса бу Шофеъийнинг мазҳаби, деб унга амал қилсин, дегани эмас...”. Сизга маълумки биз мужтаҳид бўлмаган, мисол учун Шофеъийга муқаллид бўлган киши ҳақида унинг мужтаҳид эмас у кишига муқаллид сифатида зоҳири Шофеъийнинг тутган йўлига хилоф кўринган ҳадисни олиб амал қилмоғи мумкинми, деган мавзуда гаплашмоқдамиз. Аммо  агар мужтаҳид бўлса Нававий айтган ана шу шартлар ва қайдларнинг барчаси бунга кирмайди. Чунки у ана шу пайтда Шофеъий билан, унинг англаб етиши ва истинботида баробардир. Ўзи истаган далилни олади ва ўзи истаганини тарк қилади.
12. Кейин Истанбулий ва унинг икки шериги шу китобда “Нима учун Суннатга қайтишга даъват қиламиз?” ва “Мутаассибона мазҳабчилик ҳақиқати ва унга муносабатимиз”  сарлавҳалари остида 116-саҳифадан 232-саҳифага қадар варақни қамраган икки боб тузибдилар.
Муаллиф ана шу саҳифаларнинг барчасини тарихнинг турли замонлари бўйлаб тўртта мазҳабга тобеъ бўлган имомлар ва фақиҳларнинг камчиликларидан ўзи тўплаб чиққан нарсалар билан тўлдирган. Ва  уларни баъзиларнинг мазҳабга таассуб қилганига, яна баъзиларнинг ҳаётда кам учрайдиган гипотезаларни зикр қилганига, яна бирлари эса саҳиҳ ҳадисни қўйиб мазҳабга эргашганлигига далил қилиб келтирган.
Айрим замондошлардан ҳеч бир ҳужжат бўла олмайдиган кимсаларга ўзича катта илмий унвонлар қўшганидан кейин уларнинг уламолар тўғрисида уйдирмалари ёзилган китобларидан фойдаланишни ҳам эсдан чиқармаган. Кейин у   айнан ўша гапларга ўзи берган бояги унвонлар билан бирга яна янгиларини қўшади ва шуларнинг барчаси ҳақида ҳаммага таниш бўлган анойилиги билан сўз юритиб Ислом оламига Аллоҳдан ўзга ҳеч ким уларга тенг кела олмайдиган даражада беқиёс хизматларни тақдим этиб кетган буюк имомларга аҳмоқ, ақли калта ва нодон деган лақабларни бостиради. Кейин ана шу гапларнинг ҳаммасига асосланиб қуйидагиларни айтади: “Юқорида айтилганларни билганингиздан кейин эй ҳурматли китобхон, доктор Бутий тўртала фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиши ва кенг тарқалишига сиёсий манфаатлар ва ҳар хил ғаразлар сабаб бўлган, деб айтгани учун шайх Маъсумийни қоралагнида умуман ноҳақ бўлгани сизга маълум бўлади”. 222-саҳифа.
 Ана шу айтилганларнинг барчасига бизнинг изоҳимиз шуки бизлар мазҳабга таассубликни қоралаймиз, ҳақиқатдан жуда ҳам олис бўлган гипотезалар кетидан қувиш билан вақтни зое қилишда ҳеч бир манфаат кўрмаймиз, шунингдек, юқорида айтилган гапни амалда татбиқ қилган ҳолда  мазҳабга мухолиф маънога далолат қилаётгани рост экани аниқ бўлганидан кейин ҳам саҳиҳ ҳадисдан юз ўгиришликни  рад этамиз. Лекин буларнинг бари машриқни мағрибга қўшиб, агар шундай бўлса, мазҳаблар фақатгина  сиёсий сабаблар ва ҳар хил ғаразлар туфайлигина пайдо бўлган ва тарқалган, дейишга чақирмайди. Шунингдек, буларнинг барчаси на Аллоҳ таолонинг ҳукмида ва на олийжаноб ахлоқнинг мезонида гапирганларида Маъсумий айтаётган айрим камчиликлар содир бўлган бўлиши мумкин бўлган мана бу фақиҳларни аҳмоқ, ақли калта ёки шунга ўхшаш ҳақоратли сўзлар билан сифатлаш учун бизга рухсат бермайди. Шубҳасиз бугун биз уларнинг хизматларидан фойдаланиб турган имомлар ва фақиҳлар маъсум бўлган пайғамбарлардан эмаслар. Улар ҳам –фазилатлари юксак бўлса-да, башар фарзанди. Ҳар қандай маъсум бўлмаган одамдан содир бўлиши мумкин бўлган баъзи нарсалар улардан ҳам содир бўлиши мумкин.
Одамлар орасида обрў топган киши фозил одамларнинг камчиликлари-ю хатоларини ахтаришлик билан ҳаётини ўтказиш ўрнига уларнинг хизматларини ва чиройли амалларини ҳис қилиб яшайди. Балки улар кўрсатган хизмат ва одамларга тақдим қилиб кетган улкан яхшиликларини кўриб ўша камчиликларни эсидан чиқаради ёки ўша камчилик эгасини маъзур тутади.
Мана шу киши (яъни, таълиф қўмитаси ичидаги ҳақоратчиларнинг каттаси) узоқ вақтдан буён фақиҳ имомларнинг хато ва камчиликларини зўр бериб ахтариб юргани менга маълум. Унинг ана шу узоқ муддатли изланишлари давомида дунёдаги барча қонунларни ожиз қолдириб келаётган фиқҳий бойлик ва илмий таҳқиқотлардан жуда кўпини учратган бўлиши шубҳасиздир.
Агар у истаганида эди  ўшалардан бу имомларнинг хизматларини ва Ислом оламининг зиммасида бўлган улкан яхшиликларини билган, мулоҳаза қилган ёки ҳеч бўлмаганда идрок қилган бўлур эди.
Лекин бу одам ундай қилмади. Балки ўша таҳқиқотларини  имомларнинг фазилатларига путур еткармайдиган ва уларга айб бўлмайдиган ўзи топган майда-чуйда гаплар ва камчиликлар билан фахрланган ҳолда тугатди. Кейин эса бу ишининг охирида уларга аҳмоқ, ақли калта, залолатга кетган ва йўлдан оғишган, деган сифатларни ёпиштирди!!.
Ҳар ҳолда Маъсумий имомларнинг хатолари ва камчиликлари деб ҳисоблаётган нарсалар  фақатгина унинг тасаввури ва ҳаёлида шундай холос. Худди бир марта имом Шофеъийнинг “хато”сини топиб “имом Шофеъий киши ўзининг қизига уйланиши жоиз, дейди..”, деб у кишини масхаралаб латифа қилиб юрганидек!! ( Яъни, кишининг зино йўли билан ўзидан бўлган қизи. Чунки у шаръан унинг қизи эмас. Демак, унга уйланишда шаръан монелик йўқ.)
Агар у Шофеъийнинг бу хусусдаги гапларини ўқиганида, уни англашда ва маъносини билишда ақли унга ёрдам берганида эди дарҳол ўзига келган ҳамда қайтиб болаларга таълим беришликка ўзини бағишлаган бўлар эди.
Эй сиз! Мана бу имомларни сифатлаганингиз аҳмоқ, оғишган, ақли калта ва найрангбоз (Бу одамнинг имомларга қилган бўҳтонларидан яна бири шуки улар шарийъатни найранг қиладилар. Биз эса уни ва у истаган одамларини бу борада “Ислом шарийъатида маслаҳат қоидалари” номли китобимизда батафсил ёзганларимизни ўқишга чақирамиз. Ҳар холда мен бу одамнинг ўша китобдан бир варағини ҳам тушуна олмаслигини қатъий айта оламан!..) кабилардан ўзингизни поклаб бўлдингизмики, энди уни қўйиб обрўсизлантириш ва буюкликларига чанг солиш учун буларга қараб қолган бўлсангиз.
Эй сиз! –Хўжандийни ҳимоя қила туриб- шайхингиз айтадики биз ўтиб кетган мусулмонларнинг гапларини яхши таъвил қилишимиз   ва кучимиз етганича уларни маъзур тутишимиз керак. Ёки шайхингиз сизга исломнинг ана шу улуғ принсипи фақатгина Хўжандий ва унга ўхшаганларга ишлатилади, деб таълим берганми?!
Эй сиз! Буюк Яратгувчи ҳаққи сўрайман, агар Унга иймон келтирган бўлсангиз айтингчи Аллоҳнинг дини ва шарийъатига хизмат қилиб яшаб ўтган одамлар ҳақларида уят ва ёмон сўзларни сўзлаб юрганингиз бадалига бирор кун Аллоҳ сизни қутулиб бўлмайдиган мусибатларга мубтало қилишидан, кейин эса   қараб тургувчилар учун сизни дунё ва охират ибрати қилиб қўйишидан қўрқмадингизми?
Мен ўтган имомлар ва фақиҳларнинг обрўсига чанг солишга бу қадар журъатлисини ҳаётим давомида кўрмаганим ушбу инсонга ўхшаганларнинг гапини ўқиб юрадиган биродарларни шу туфайли имомларни камситиш ва уларнинг камчиликларини излашдан лаззатланишга одатланиб қолишларидан огоҳлантираман. Улар имом Нававий “ал-Мажмуъ”нинг муқаддимада ёзган “Фақиҳлар ва мутафаққиҳларга озор берадиган, уларни камситадиган кишиларга қаттиқ таҳдид ва кучли қайтариқ ҳамда уларни икром қилиш ва ҳурматларини бажо келтиришга тарғиб” сарлавҳали бобни ўқиб чиқсинлар. Имом Нававий бобнинг охирида ҳофиз ибн Асокирнинг қуйидаги гапини нақл қилади:
“Эй биродарим, Аллоҳ сени ва мени Ўзининг розилигига муваффақ қилсин, иккимизни ҳам Ўзидан қўрқадиган ва ҳақиқий тақво билан тақво қиладиганлар жумласидан қилсин, билгилки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Аллоҳнинг Унга беодоблик қилганларнинг пардаларини очиб ташлашлик одати маълумдир. Кимда ким уламоларни ҳақорат қилишга тилини бўш қўядиган бўлса Аллоҳ уни ўлими олдидан қалбини ўлдириш билан балолайди”.
Сиз бошқа фақиҳларни ҳурмат қилиш, уларни ҳимоялаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш билан бир пайтда мазҳабларга таассубчилик қилишдан ва ҳаётда учраши амри маҳол бўлган гипотезаларнинг ҳукмини ахтариб вақтни зое қилишдан бемалол одамларни қайтараверинг. Бундай қайтариш учун фақиҳлардан бирортасини аҳмоқ ва ақли калта деб сифатлашингиз,  уларнинг камчиликларидан янги гап ёки давраларда айтиб юриладиган латифалар ясаб олишингиз шарт эмас.
13. Мен  юқорида Маъсумий Деҳлавийнинг “ал-Инсоф” китобидан нақл қилган: “Бас, кимки Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий,  Аҳмад ва улардан бошқаларнинг барча сўзларини қабул қиладиган бўлса, Китоб ва Суннатда келган нарсаларга эътимод қилмаса бас, бутун бошли умматнинг Ижмоъсига қарши чиққан ва мўминларнинг йўлларидан юрмаган бўлади”, деган гаплари унга уйдирма бўлиб на “ал-Инсоф”да ва на бошқасида собит бўлмаган, деб айтган эдим. Ва  “ал-Инсоф”дан ушбу уйдирма гапнинг умуман аксини яъни: “Албатта, таҳрир қилинган ва тартибга солинган ана шу тўртала мазҳабларга эргашмоқлик жоиз эканлигига бугунги кунимизгача бутун уммат ёки умматнинг энг мўътамад кишилари якдил бўлиб келганлар...”, деган гапларини  нақл қилган эдим. Менга ҳужум қилишда шериклик қилаётган ана у одамлардан бу масалани тааммул қилишларини ва бу гапимни диққат билан ўқишларини кутган эдим. Ана шунда агар гапим тўғри чиққанини кўриб бу гапимни тасдиқлар ёки ҳеч бўлмаган тақдирда унга сукут сақлаб ўзларини билмасликка солиб турайверар эдилар.
Лекин бу иш уларга маъқул келмади... ва агарчи ямоқ солиш ва безаш  йўли билан бўлса-да,  Деҳлавий Маъсумийнинг ундан нақл қилган гапларни гапирган экан, деган ҳаёлга олиб боришга уриниб ажойиб-у ғароиб гапларни қилдилар! Сиз уларнинг бу ажоиб ҳунарларига бир қаранг!!..
Таълиф қўмитаси: “Биз Деҳлавийнинг “ал-Инсоф” китобига мурожаат қилганимизда Маъсумий зикр қилган гапларнинг айримларини унда учратдик. Мана унинг ибораси: “Билгилки, одамлар дастлабки юз ва икки юзинчи йилликда маълум бир мазҳабга тақлид қилиш жоизлигига (табиийки) иттифоқ қилган эмасдилар. Абу  Толиб Маккий “Қувт ал-қулуб”да шундай деган: “Албатта, китоблар ва мажмуалар кейин пайдо бўлган. Одамларнинг гаплари билан ҳукм чиқариш, одамлардан бирортасининг мазҳаби асосида фатво беришлик ва унинг сўзини ушлаб ҳамма нарсада уни айтиб юришлик, унинг мазҳабига асосланган фиқҳ авваллари дастлабки икки юз йилликда одамлар орасида мавжуд эмас эди. Аксинча одамлар икки синф- уламолар ва оддий одамлар бўлганлар. Оддий одамлар синфи мусулмонлар билан уламолар жумҳури ўртасида ихтилоф йўқ бўлган ижмоъга доир масалаларда шарийъат соҳибидан бошқасига тақлид қилмаганлар. Қачонки бирорта нодир воқеъа содир бўлиб қолса мазҳабни таъйин қилиб ўтирмасдан учратган ҳар қайси муфтийдан фатво сўраб кетаверганлар”. Ибнул- Ҳумом “ат-Таҳрир”нинг охирида: “Улар бир бунисидан, бир бошқасидан фатво сўраб кетаверишган, битта муфтийни маҳкам ушлаб ўтиришмаган,” дейди””.
Биз Мансурадаги “Форуқ” босмахонасида чоп этилган “ал-Инсоф” китобига мурожаат қилганимизда тагига чизиқ тортилган ана шу охирги қатор шу гапи билан умуман мавжуд эмаслигини кўрдик.
Нима бўлганда ҳам биз китобхонга ушбу саволни берамиз: Муаллиф нақл қилган ушбу иборада Маъсумийнинг китобида Деҳлавийга уйдирма бўлган иборадан бирор бўлагини кўряпсизми? Ёки уларнинг ўртасида қандайдир боғлиқликни кўраяпсизми?
Кейин муаллиф бизга бундай дейди: Аммо яна баъзиларига келадиган бўлсак, улар “Ҳужжатуллоҳил-болиға” китоби 1жуз 154 ва 155-саҳифаларида келган. Уни Деҳлавий имом ибн Ҳазм р.а дан нақл қилгандир. Мана биз уни ўз ибораси билан сизга нақл қилиб берамиз. Деҳлавий шундай деган: “Ибн Ҳазм: Тақлид қилиш ҳаром. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан бошқа ҳеч кимнинг гапига бирор бир ҳужжатсиз бирор кимсанинг амал қилмоғи ҳалол эмасдир...”. Сўнг Деҳлавийнинг ибн Ҳазмдан нақл қилган узун гапини келтирадики унинг ичида Маъсумий Деҳлавийга нисбат берган ва мен ушбу китобимда буни унинг номига уйдирма гап, деб айтган иборалар бор эди. Ундан сўнг муаллиф ёлғончи, ақлсиз ва фирибгар каби сифатлардан ўзи истаганичасини менга ёпиштирган.
Келинг энди Деҳлавий ўзининг “Ҳужжатуллоҳил-болиға” китоби 1/123 саҳифасида ибн Ҳазмдан айтган гапларнинг аслига қараб кўрайлик. Мавзуни қуйидаги гап билан бошлаган: “Билгилки, таҳрир қилинган ва тартибга солинган ана шу тўртала мазҳабларга эргашмоқлик жоиз эканлигига бугунги кунимизгача бутун уммат ёки умматнинг энг мўътамад кишилари якдил бўлиб келганлар. Бу ишда ҳеч кимга сир бўлмаган манфаатлар бор. Хусусан, одамларнинг ҳиммати жуда сустлашган, нафслар шаҳватга берилган ва ҳар бир фикр эгаси ўзининг фикри билан мағрур бўлинган бугунги кунларда”. Кейин бевосита ана шу гапнинг давомида: “Ибн Ҳазмнинг: “Тақлид қилиш ҳаром. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан бошқа ҳеч кимнинг гапига бирор бир ҳужжатсиз бирор кимсанинг амал қилмоғи ҳалол эмасдир...”, деган гапи- ибн Ҳазмнинг гапини бутунлигича келтириб сўнг дейди: гарчи биргина масалада бўлсада ижтиҳоддан бир оз хабари бор бўлган шахслар ҳақига тўғри келади”. Кейин эса ижтиҳоднинг шартларини тушунтиради ва бу борада ҳаммага таниш бўлган ҳақиқатни узоқ баён қилади.
Хўш, бизни фирибгарлик, ёлғончилик ва ақлсизликда айблаётганлар нима иш қилдилар? Улар мен келтирган гапнинг бошини бутунлигича ўчириб ташладилар. Кейин ибн Ҳазм ҳақидаги гапнинг аввалидаги мавсула (нисбий олмош) бўлган мубтадо (эга)ни олиб ўчириб ташладилар. Сўнг ибн Ҳазмнинг узун иборасидан кейин турган хабари(кесим)ни олиб ташладилар ва Деҳлавийнинг каломидан унинг аввалидаги мубтадо(эга)ни ва охиридаги хабар(кесим)ни зикр қилмасдан фақатгина нисбий олмошдан кейин келган жумлани ажратиб олдилар-да, бу гапни айтишдан йироқ бўлишига қарамасдан “ибн Ҳазм: “Тақлид қилишлик ҳаромдир....”, деди”, деб уни гапиртирдилар.  Бу иш билан улар Деҳлавийнинг иборасини ибн Ҳазмнинг гапини ҳужжат қилиб келтирган ва уни тасдиқлаган кўринишга олиб келдилар. Ва ҳоланки у ибн Ҳазмнинг гапини  танқид қилиш ва унга раддия бериш учунгина келтирган эди. Бу нарса ҳар бир назар солгувчига шундоққина кўриниб турибди!!
Мен ушбу ғароиб ва хатарли қалбакилаштиришга эътибор бермасдан бепарвогина ўтиб кетишим мумкин эди... Лекин, Аллоҳнинг омонати, илм ва халқнинг омонати одамларни ўзларига тобе бўлишга, динларини ва пайғамбарларининг ҳадисини ривоят қилишни уларнинг қўлларига ишониб топширишга  даъват қилаётган мана бу одамлар қилаётган ушбу ажоиб қилмишларга мусулмонларнинг  диққатини тортишимга чорлади. Эҳтимол бу гапим билан мен ноҳақлик қилаётгандирман. Шунинг учун китобхонлар “Ҳужжатуллоҳил болиға” китобининг юқорида кўрсатиб ўтилган жой ва саҳифасини қўлга олсинлар, сўнг “Мутаассибона мазҳабчилик- бу бидъатдир” китобини олиб 287-саҳифасини очсинлар ва иккаласини ўқиб чиқиб сўнг солиштирсинлар.
Кейин эса шу ишдан ҳар бир оқил одам олиши лозим бўлган ибратни олсинлар.
(Биз ҳали ҳам бу одамга ва унинг ҳайбаракаллачиларига ишониб келаётган мусулмонлар жамоаси ва зиёлиларига ушбу савол ва тушунтириш талаби билан мурожаат қилишимиз лозим: муаллифлардан бирининг ҳозирги “Ибн Ҳазмнинг: “Тақлид қилиш ҳаром. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламдан бошқа ҳеч кимнинг гапига бирор бир ҳужжатсиз бирор кимсанинг амал қилмоғи ҳалол эмасдир....”, деган гапи гарчи биргина масалада бўлса-да, ижтиҳоддан бир оз хабари бор бўлган шахслар ҳақида айтилган” сингари иборасини олиб иборанинг бошидаги “мо” мавсула(нисбий олмош)ни, унинг ортидан келган хабари(кесим)ни олиб ташлаган,  кейин эса шу иборанинг ўзини ямоқлаб уни ҳужжат қилган ва ўз даъвосини қувватлаш учун ўша муаллифга нисбат берган одамнинг ҳукми нима?! Бир оз юқорида худди шу қилмишини Шотибий раҳимаҳуллоҳнинг каломи билан ҳам қилгани ва ҳанафий фиқҳи шарийъати исломиядан бошқалигида Инжилга ўхшашлигини эълон қилганини кўрган эдингиз.
    Агар иш илмсизлик бўлса эди- ваҳоланки илмсизлик эмас,- биз албатта: “Бу оддий бир янглишишдир. Бу одам бундан кейин ҳақиқатни билиб олар”,   деган бўлар эдик.
    Агар иш эътиборсизлик бўлганида эди, -ваҳоланки эътиборсизлик эмас,- биз албатта: “Қандай ҳам ажоиб тасодиф! Муддаога тамоман мос келадиган эътиборсизлик-а!!”, деган бўлар эдик.
    Биз ана у биродарлардан яна қайтариб сўраймиз: Одамларни ўзлари қилаётган муддаолари ростлигига эътимод қиладиган ҳужжатлари бор экан, деган ҳаёлга олиб боришлик учун муаллифларга ўзлари айтган гапларнинг чаппасини айтдирган кишилар хусусида Аллоҳнинг ҳукми қандай? Мазҳабларнинг  ижтиҳодида эмас балки бевосита Китоб ва Суннатдаги шаръий матнларга мувофиқ равишда шундай ишларни қиладиган одамлар ҳақида Исломнинг ҳукми нима?
    Бу илм қаёқда-ю, ҳақиқатни излаш йўлидаги соф объективлик ва холислик қаёқда?! Мусулмон одам-ким бўлишидан қатъий назар,- қиладиган ишлари шунақа бўлган динда ўзларини мужтаҳид қилиб, ҳадис ровийси қилиб ва Аллоҳнинг аҳкомларида муфтий қилиб кўрсатаётган кимсаларга қандай қилиб хотиржамгина тобе бўлиши мумкин?! Албатта мен ана у одамларни бирор нарса билан сифатламайман, уларга бирор бир васфни ёпиштирмайман. Аммо сўрайман...  Кўзи билан кўрадиган, ақли билан англайдиган ва динида холис бўлганлардан сўрайман!! Мен барча мусулмонлар оммасини, даъватчилари-ю уламоларидан ана шу саволга жавоб беришларини, қиладиган қилмиши ҳозирги сингари бўлган кимсаларга нисбатан Исломнинг муносабати бўлмиш ўз муносабатларини белгилаб беришларини умид қиламан. Биз албатта, жавобни кутиб қолгувчимиз.)
14. Муаллифнинг таъна қилишича (245-саҳифада) биз имом Заҳабийнинг гапларидан бир неча қаторини ҳужжат қилиб келтирибмиз-у, ўртадаги кўп гапни тушириб қолдирибмиз. Ва бу билан биз унинг назарида сўзларнинг ўрнини ўзгартиришда устаси фаранг одамлардан бўлибман.
Биз баҳс ва таълиф қўмитасига шундай деймиз: Ҳақиқатда биз имом Заҳабийнинг гапини муқаллиднинг маълум бир мазҳабни лозим тутишлиги ҳаром эмаслигига далил ўрнида ҳужжат қилиб келтирдик.
Имом Заҳабийнинг гапларидан биз нақл қилиб келтирган қаторлар ана ўшаларнинг ўзи шоҳид ва ҳужжат бўладиган мавзе эди. Зеро, у ҳанафий фақиҳларини мақтаган ва уларнинг Абу Ҳанифанинг мазҳабини лозим тутишларини қувватлаган. Шофеъий фақиҳларини мақтаган ва уларнинг Муҳаммад ибн Идрис аш- Шофеъийнинг мазҳабини лозим тутишларини қувватлаган. Имом Молик ва имом Аҳмадларга тобе бўлганлар ҳақида ҳам шундай гапларни гапирган. Сизга маълумки ана ўшаларнинг барчалари маълум бир мазҳабни лозим тутишган. Уларнинг ҳаёт йўллари билан табақот китоблари тўлиб кетган. Улар ҳақларида таълиф қўмитаси бошқа бир ўринда улар адашганлар ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашганлар, деган ва бунга Аллоҳ таолонинг: “Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар”, (Анъом:116), деган қавлини ҳужжат қилишган. Мазҳабга таассуб: 111-саҳифа.
Аммо унинг мана шундан зиёда гапи бўлса, ана ўша мазҳаб вакилларини ўз имомларига нисбатан  мазамматли таассубда бўлишдан, улардан бировининг ўзи амал қилаётган мазҳабини барча мазҳабларнинг энг афзалидир деган эътиқодда бўлишдан қайтариш учун айтгандир. Бу олдинги гапини қайдлаш бўлаяпти. Уни бекор қилиш ёки синдириш эмас. Биз ҳам буни инкор қилмаймиз ва бу борада ҳеч ким  билан ихтилофга бормаймиз. Бу хусусда ҳужжат келтириш ёки баҳс юритиш ва низога боришнинг кераги йўқ.  Ҳар ҳолда биз- шундай бўлса-да,- унинг гапидан шоҳид бўладиган еридан бошқасини тушириб қолдирганимизга кетма-кет нуқталар билан белги берганмиз ва бу борада унинг хулосаи каломини нақл қилганмиз. Қўмитаникиларга ўхшаб Деҳлавий ирода қилган маънонинг тамоман тескарисига ҳужжат қилиб келтириш учун унинг гапидан мубтадо (эга) ва хабар (кесим)ни олиб ташлаганимиз, мавсул(нисбий олмош)ни олиб унинг силаси(у билан боғлиқ жумла)ни ташлаб қўйганимиз йўқ.
15. “Фиқҳус сийрат” китобида тахриж қилишда шайх Носир янглишган бўлиши мумкин бўлган баъзи ҳадисларни мулоҳаза қилганимиз сабабли муаллиф бизни танқид қилган. Ундаги мулоҳазамизнинг хулосаси шу эдики битта воқеа хусусида ривоят қилинган ҳадисни тахриж қилаётганда заиф ёки ҳасан йўлни зикр қилиш билан чекланиш ва саҳиҳ ёки энг саҳиҳ йўлдан сукут сақлашлик мумкин эмас. Чунки бу ишда ҳадис уламоларини улар пок бўлган очиқ –ойдин хато қилганликка чиқариш бор. Бу уларнинг ҳаммалари учун маълум нарса. Расул алайҳис салом ўлим касалида эканларида саҳобаларнинг Абу Бакрга, Абу Бакрнинг эса у зотнинг намозларига иқтидо қилгани ҳақидаги ҳадис қайта такрорланмайдиган битта воқеага тааллуқлидир. Демак у битта ҳадис. Шунинг учун уни тахриж қилишда Аҳмад ва ибну Можани зикр қилиш билан чекланиш мумкин эмас. Ҳар ҳолда у агарчи лафзда ёки санадидаги ададдда бир оз ихтилоф мавжуд бўлса-да, муттафақун алайҳи бўлган ҳадисдир. Аксинча барча ривоятлар зикр қилинади ёки “муттафақун алайҳи”, деб қўйилади. Кейин эса “ ва лафз фалончиники”, деб охирига қўшиб қўйилади.
Иккинчи ҳадис ҳам худди шундай. Уни Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг сакаротул-мавтларини сифатлаб ривоят қилганлар. Бу ҳадисни Бухорий, ибну Можа, Термизий ва бошқа ҳаммалари Оиша онамиздан ривоят қилишганки, Пайғамбар алайҳис салом олдиларида ичида суви бор бўлган бир идиш турарди. У зот қўлларини ўша идишдаги сувга тиқиб кейин қўлларини юзларига суртардилар. Ҳадиснинг шу ерига етганда ўша вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг айтган гаплари хусусида ихтилоф бўлинган. Шулардан Бухорий у зотнинг: “Лаа илааҳа иллаллоҳу, албатта, ўлимнинг аччиқлари бордир”, деганларини ривоят қилган бўлса, Термизий, ибну Можа ва Насоийлар: “Эй Аллоҳим, ғамаротул-мавтда ёки сакаротул-мавтда менга ёрдам бергин”, деганларини ривоят қилганлар.
“Фиқҳус сийрат”да шайх Носир ана шу ҳадисни заифга чиқаргани учун қуйидагича танбеҳ берган эдик: “Ушбу ҳадис фақатгина шу лафз билан заифдир. Аммо ҳадиснинг аслини Бухорий саҳиҳ йўл билан ривоят қилгандир. Қачонки бир ҳадиснинг иккита йўли бўлса уни тахриж қилишда шу икки йўлнинг заифи билан чекланиш мумкин эмас. Чунки бу ишда хатога йўллашлик бордир. Модомики ҳодиса битта экан лафздаги озгина ихтилофнинг зарари йўқдир”. (“Фиқҳус сийрат” иккинчи нашр 536-саҳифа)
Аммо учинчи ҳадисга келадиган бўлсак биз унда ҳозирги ишнинг тамоман тескарисини мулоҳаза қилган эдик. Зеро у ҳадисни иккита манбаага нисбат берган. Бироқ улардан ҳар иккиси шубҳасиз алоҳида бир ҳодиса ҳақида ривоят қилинган. Ибн Саъднинг “Табақот”ида ривоят қилинишича –Кисронинг Ямандаги волийси- Бозон юборган иккита элчиларга Расулуллоҳ алайҳис салом уларнинг мўйловлари эшилгани ва соқоллари қириб олинганини кўриб улардан юз ўгирдилар ва: “Шўрингиз қурисин, бу ишни сизларга ким буюрган?”, дедилар.  Улар эса Кисрони назарда тутиб: “Буни бизга Эгамиз буюрган”, дедилар.
Бас, ушбу ривоят ушбу шаклда ибн Жарирда келган холос. Ибн Саъд айнан шу хабарни   ана шу иборасиз зикр қилган. Ибн Саъднинг бошқа бир мавзеда “Бир мажусий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг олдиларига келди. Мўлабини узун қилиб қўйган ва соқолини қирган эди. Шунда у зот: “Бундай қилишни сенга ким буюрди?” дедилар. У: “Хўжайиним”, деди. “Аммо менинг Роббим мўйлабимни қисқа қилиб соқолимни узун қилишга буюрган”, дедилар” лафзи билан зикр қилганига келсак, бас, у бошқа бир воқеа. Чунончи бу ҳар бир тааммул қилгувчи ва мулоҳаза юритгувчи одам учун тушунарлидир.
Зеро бу мажусий одам айнан ибну Саъд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи  ва саллам билан бўлган қиссасини уларнинг ўрталарида бўлиб ўтган ана шу суҳбатни мутлақо зикр қилмасдан айтиб берган Бозоннинг икки элчилари эмасдир.
 Бу икки воқеа икки хил бўлдими демак бу икки ҳадис ҳам шубҳасиз икки хилдир. Ана шундай пайтда ҳар бир ҳадисни уни ривоят қилган ўз ровийсига нисбат берилиши шубҳасиздир.
Шундай  қилиб шайх Носир битта ҳадиснинг икки ривояти ўртасини ажратиб қўйган. Ваҳоланки у ҳар бир ҳадисни алоҳида қилиб ҳар бирини ўз ровийсига нисбат бериши лозим эди.
Аслида “Фиқҳус сийрат” китобимизда шайх Носирга тузатиш киритган мавзеларимиз жуда кўп. Лекин таълиф қўмитаси бизга фақатгина ана шу учтаси учун раддия қилганлар холос.
Лекин бу хатарли эмас. Биз келтирган ўша изоҳотлар ва мулоҳазалар билан кимнидур жоҳилга чиқариш ва таъна қилишни ёки ақлсизлик билан сифатлашни мақсад қилганимиз эмас. Аксинча, ҳар қандай олим ва изланувчидан  шу сингари майда чуйда хатолар содир бўлиб туриши табиийдир. Лекин ҳақиқий хатар эслатма ёки насиҳатни қабул қилмасликда, ва шу икки ишдан ҳимояланиш учун маъсумликнинг даъвосини ва такаббурлик сифатини тутиб олишдадир!
Аммо “Куброл- яқийнийёт” китобида У зот соллаллоҳу алайҳи  ва салламнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари ҳақидаги ҳадисда биз келтирган гаплар учун бизни танқид қилишлиги хусусига келсак бас, албатта биз заъиф ҳадисни саҳиҳ деб айтганимиз йўқ. Лекин биз уни Табарий ва бошқалар ривоят қилган кенг тарқалган ривоят билан солиштирганмиз ки айрим одамлар ўшаларга асосланиб бузуқ эътиқодларга борадилар. Бас истадикки бу ривоят агарчи саҳиҳ ва собит бўлган тақдирда, У зотнинг ҳақларида бирон бир камчилик бўлиб тушмайди.
Биз бу китобнинг иккинчи чопасида бу масала юзасидан батафсил шарҳ ёзиб қўйганмиз. Иншааллоҳ яқин кунларда нашр этилажакдир.
Аммо ижтиҳод ҳақидаги Муознинг ҳадисини ривоят қилганимиз учун бизни танқид қилганидан гапирадиган бўлсак бас, биз уламоларнинг орасида бу ҳадисни заиф дейдиганлар ҳам бор эканлигини билганимиз учунгина ибнул Қоййимнинг у ҳақида айтган гапларини нақл қилганмиз.
Лекин биз худди ибнул Қоййим ва бошқалар сингари айтамизки агар бир ҳадисни уламолар қабул қиладиган бўлсалар у кучаяди ва мустаҳкамлашади. “Тадрийбур-ровий”да баъзи уламолардан нақл қилиб шундай дейди: “Қачонки одамлар бир ҳадисни (уламолар) қабул қилсалар агарчи исноди саҳиҳ бўлмаса ҳам уни саҳиҳ деб ҳукм қилинади. Ибну Абдулбарр ва Абу Исҳоқ Исфаройинийдан ҳам худди шунга ўхшаш гапларни нақл қилган. (24-саҳифа Намангоний босмаси)
Агар шайх Носирнинг бундан бошқача раъйи бор бўлса бемалол, у ўзининг раъйига амал қилайверсин. Лекин бошқаларни қўйиб ўзига эргашишга бизларни мажбур қилмасин. Худди унинг ўзи китобининг бир неча ўринларида ибну Таймиядан рози бўлганида биз унга бу ишни таъқиқламаганимиз сингари Шуъба ва бошқа олимлардан рози бўлишимизни бизга таъқиқлашга унинг ҳаққи йўқ. Мен исноддаги кишиларнинг биттаси эмасманки менинг бу ишимни қалбакилаштириш деб ҳисобга олса.
16. Жаноби муаллифлар ушбу китобимнинг илк чопаси дунё юзини кўрганидан сўнг мен билан шайх Носир ўртасида бўлиб ўтган мунозарага аҳамият беришга арзимайдиган сўзлар билан шарҳ ёзганлар.
Лекин мен шуни айтаманки бу мунозарани ва унда бўлган гапларни шу мунозара ёзиб олинган тасмани бошидан охирига қадар эшитиб кўрганларгина яхши билишади. Мен уни тасмага ёздириб –ўзининг талаби билан-унинг бир нусхасини  шайх Носирга берганман. Бу тасма ҳозир турли вилоятлардаги кўплаб одамларнинг қўлларида юрибди. Мен шу ўринда шайх Носирга юборган  мактубда айтган гапимни яна бир карра қайтараман: Ушбу мунозарани унга ҳеч бир ўзгартириш киритмаслик шарти билан тўлиғича тарқатишга умуман қарши эмасман.
17. Бу бир томондан.. Аммо китобнинг негизидаги асосий бандни  ташкил қилиб турган ажоиб сўкишлар-у ҳақоратларга келсак мен улар ҳақида фақатгина чин қалбимдан чиқариб бир сўз айтмоқчиман. Аллоҳ билиб турибди- мен бу гапимни такаллуф кўрсатишлик ва сохтакорлик қилгувчи эмасман. Айтадиганим шуки агар мен ҳақиқатдан ҳам ана шу сўкиш ва ҳақоратларга мустаҳиқ бўлсам у ҳолда Аллоҳ таолога илтижо қилиб мени тузатиб қўймоғини ва тўғри йўлга бошламоғини сўрайман. Борди-ю мустаҳиқ бўлмаса у ҳолда мени ҳақорат қилгувчиларни кечиришини ва гуноҳкор қилиб қўймаслигини, Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтиришда мен билан сафдош бўлганларга нисбатан менинг қалбимда ҳеч қандай нафрат солиб қўймаслигини Аллоҳ азза ва жалладан сўрайман.
18. Жаноби муаллифларнинг китоби менга йўналтирилган насиҳат билан, у ҳам бўлса беш йил китоб ёзишдан ўзимни тийиб туришликни насиҳат бериш билан  якунига етган эди.
Мен эса ўзимга ўзим савол бераман: нима учун китоб ёзмаслигим керак экан? Машҳурлик бўлса ўзим кутганим ва умид қилганимдан ҳам кўпроқ машҳурликка эришган бўлсам. Молу- давлат деса Аллоҳ таоло мени керагидан ортиқчаси билан улуғлаб қўйган бўлса. Одамларнинг мақтови бўлса ўзим мустаҳиқ бўлмаган даражадаги мақтовни қўлга киритган бўлсам. Ниҳоят шуни англаб етдимки агар мусулмон биродар менинг ҳаққимга ғоибдан дуо қилмайдиган бўлса бу ишдан самар ҳам, самардан умид ҳам йўқ.
Мени китоб ёзишда ушлаб турган энг асосий нарса –Аллоҳ шоҳид- бу Аллоҳнинг Китобидаги биргина оятки доимо мен уни такрорлаб, ёмонлигим ва қосирлигимга қарамай,- Аллоҳ мени ҳам ўшалардан қилишини мулоҳаза қилиб юраман. Ва бу қуйидаги оятдир: “Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!” (Фуссилат:33). Бас мен –Аллоҳ азза ва жалла кўриб турибди мени- узоқ вақтдан буён Аллоҳнинг динига даъват қилгувчи ва Унинг шариатига амал қилгувчиларнинг остоналарида турган ҳолимда ўзим улардан паст бўлишимга қарамай мени ҳам ўшалар қаторида ҳисоблашини ҳамда уларнинг мартабаларига нолойиқ бўлсамда уларга берадиган ажру савоблардан менга ҳам беришини умид қиламан.
Аммо мен- шу билан бирга,- дини, илми ва ихлоси мени қаноатлантира оладиган кишилар томонидан шундай қилишим учун менга насиҳат берадиган фатвони олишим биланоқ китоб ёзишдан ҳеч иккиланишсиз тўхтайман. Зеро шундай гапиргувчи одамлар борки жим туришлик улар учун муносиброқ ва яхшироқ бўлади. Унинг ўзи бундан бехабар.
Кейин, муаллифлар ўзларининг ушбу китобларини унинг исми билан тамғалаган биродар агар мен унинг ҳақида бирор нима демаган бўлсам, мени авф этсин. Чунки мен у киши ҳақда бирор нима дейишимга сабаб бўладиган ҳеч қандай муносабатни кўрмадим.
 Ва энг сўнги сўзимиз шуки оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!



1. Оятларнинг таржимаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф-ҳафизаҳуллоҳ-нинг “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китоби асосида яратилган “ФУРҚОН” дастуридан олинди. Тарж.

2. Мен бу муқаддимани шайх Носир, Маҳмуд Маҳдий Истанбулий ва Хайриддин Вонилийлар ёзган “Мутаассиб мазҳабчилик- бидъатдир” сарлавҳали раддия ёзганларини билганимдан олдин ёзган эдим. Ана шундан кейин китоб менинг қўлимга тушди. Мен  ушбу китобнинг охирида унга  жавоб тарзида алоҳида бир илова ёзиб қўйдим.

3. Жозеф Шахт (Joseph Schacht) 1902-йил 15-март ойида  Олмониянинг Ротибор шаҳрида (ҳозирги Польша) туғилиб 1969-йил 1-августида Нью Йоркда инсулът билан вафот этган. Араб ва Исломий фанлар бўйича олмон тадқиқотчиси. Унинг бир қанча асарлари мавжуд. Уларнинг ичида энг машҳури 1950 йилда ёзган “Муҳаммад фиқҳининг асослари” бўлиб унда гап Ҳадис ва Суннатнинг пайдо бўлиши ҳақида кетади. Шахт ҳадиси набавийларнинг тўғрилиги борасида одамларда шубҳалар уйғотгани учун мусулмон олимларининг ғазабини қўзғаган. Унинг фикрига кўра ҳадислар иккинчи ҳижрий асрнинг охири билан учинчи ҳижрий асрнинг бошлари ўртасида узоқ вақт давомида тўқиб чиқарилган ёки “ўйлаб топилган” эмиш.. . Қар: http://en.wikipedia.org/wiki/Joseph_Schacht Таржимондан.

4. Бу ердаги “Мўминларнинг йўллари...”дан мурод Аллоҳ таолонинг “Нисо” сураси 115-оятидаги “Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва  мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга  юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз...” деган сўзидаги “мўминларнинг йўли”дир. Таржимон.
 
 5. Ҳийла­ бу махфий йўл билан мақсадга эришиладиган воситадир. Уламоларнинг ҳийла ҳақидаги қарашлари унга мажбур қиладиган омилларга қараб бир неча хилдир. Тўлиқ маълумот учун “Фатҳул­борий”нинг “ҳийлалар китоби”га  қаралсин. Тарж.

 
Алоуддин Ҳофий таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »