Салафийлик бу исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир Принтер учун
07.06.2011 й.
islom.uz
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Муқаддима олдидан кириш сўзи

Ушбу китоб салафийлар раъйлари ва уларни маъруф қилган мафкуралари хусусидаги бирор мунозарани ўз ичига олмаганидек, уларни тўғри санаш ёки хатога чиқариш мазмунида ҳам эмас. Балки, бундан ҳам муҳимроқ бўлган нарсаларни ўз ичига олган.
 Салафи солиҳлар асри бошиданоқ ягона исломий жамоат ҳалқаси “аҳли сунна вал жамоа” деб номланади. Бу китоб эса, ўша ягона исломий жамоат ҳалқаси марказидан янги исломий жамоатнинг янги ҳалқасини тўқиб пайдо қилиш ҳукми хусусидаги саволларни жунбишга келтиради.
Хўш, мазкур янги жамоат ўзининг янги ҳалқасини пайдо қилишининг ҳукми нима? Унинг бугунги исломий воқеалик борасидаги ҳамда исломий даъват хусусидаги таъсирлари қандай?
Биз ўзимиз учун салафи солиҳлар асрини йўл(имизни) ёритувчи машъала қилиб оладиган бўлсак, у ҳолда мазкур янги исломий мазҳаб ўзи учун бу лақабни “ихтиро” қилиб олишга олиб борадиган жоизлик топа оламизми? Ваҳоланки, у ўзи жар солаётган нарса ҳақ, бошқалар тарафини эса ботил, дея кўради.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳга неъматларига муносиб, унинг зиёдасига кифоя қиладиган ҳамдлар бўлсин!
 Эй Роббимиз, важҳингни жалоли ва салтанатинг улуғлигига муносиб ҳамдлар Сенга бўлсин!
 Сен (ҳар қандай айбу нуқсонлардан) муназзаҳсан. Аллоҳим, Сен ўз (шаън)инига ўзинг санолар айтганингдек, мен Сенга (муносиб) бўлган саноларни ҳисоблаб тугатолмайман.
Аллоҳим, бизга биз учун манфаатли бўладиган нарсаларни билдиргин. Билдирган нарсаларинг ила бизни манфаатлантир ва илм(имизни) зиёда қилгил. Бизни (сироти мустақийм ёқасидаги) ҳалокатга тойиб кетиш ўринларидан сақлагин. Бизларни Ўзингнинг улуғ розилигинг учун бўлган ихлос ила ризқлантир.
Эй, сўралганларнинг энг саховатлиси бўлган Зот. Эй, марҳамат кўрсатувчиларнинг энг марҳаматлиси бўлган Зот.

Муқаддима

• “Салаф” калимасининг луғат ва истилоҳдаги маънолари
• Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, халаф узоқ даврларда қилган тараққиётидан кўпроғини қилдилар
• Тараққиёт (шариатнинг замон ва маконга муносиблиги) ва сабот (ўзгармас масалалари)нинг ҳар иккисида салафи солиҳийнга эргашмоқнинг мезони нимадан иборат?!

“Салаф” калимасидан унинг луғавий маъноси ирода қилинган бўлса, у ҳолда бу калима нисбий маънони ифодалаб, у узлуксиз бўлмиш даврларнинг галма-гал алмашиб келиши имконини беради. (Бу борада) у худди (араб тилидаги) “қоблу” (аввал) маъноси билан баробардир. Зеро ҳар қандай замон, унинг ортидан келувчи замонга нисбатан аввалги, яъни “салаф”, ундан аввал ўтган замонга нисбатан эса “халаф” кейинги ҳисобланаверади.
Аммо ушбу калима, ўзида юқорида ўтган маънодан бошқа собит, истилоҳий маънони ҳам ифодалайдики, у ана шу маънодан бошқа маънога ўтиб ҳам кетмайди, (бошқа маънога) кўчирилмайди ҳам.
 “Салаф” калимаси, ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг энг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқроқ бўлган (даврга) нисбатан ишлатилади.
Ушбу калиманинг қатъий қарор қилинган истилоҳий маъноси, бу саййидимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати бўлмиш, бу ислом уммати умрининг дастлабки уч асридир. Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланишинг (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳли, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади." (Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.)
 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кетма кет, тартиб билан зикр қилиб, уларга “хайрли” дея гувоҳлик берган уч аср (аҳли) дан мурод кимлардир? Улардан мурод, ўша асрларда яшаган мусулмонлар мажмуасими? “Хайрли” ҳукми, улар орасидаги баъзи бирларининг ёки уларнинг кўпчилигининг ҳолатидан қатъий назар, ўша асрдагилар мажмуаси ҳақида айтилганми? Ёҳуд “хайрли”лар дея, уларнинг бирортаси ҳам истисно қилинмаган ҳолда уларнинг барчаси дохил бўладиган, ана ўша (аср) мусулмонларидан бўлган ҳар бир шахс эътибор қилинадими?!
Бу ҳақидаги ихтилоф маъруф ва машҳурдир. Жумҳур уламолар наздида, салоҳият ҳамда истиқоматдаги даражаси ҳамда тафовути турлича бўлишига қарамасдан “хайрият” баҳоси бу уч аср аҳлидан бўлган ҳар бир шахс ҳақида собитдир.
Ибн Абдул Барр розияллоҳу анҳу (326-423) наздларида, юқоридаги баҳо ўша уч аср мусулмонлари мажмуаси ҳақида собитдир, аммо унда яшаган хар бир шахсларга келсак, у ҳолда бу “хайрият” уларнинг баъзи бирларига мувофиқ келавермайди. Балки, гоҳида улардан кейинги (асрда) улардан афзалроқ (кишилар) келиши мумкин. (“Фатҳул борий” китоби; 4\7)

Ўша уч аср аҳли мусулмонлари ҳақидаги “хайрият”нинг сабаби, уларнинг нубувват сарчашмасига, рисолат таълимотига боғланмиш силсиланинг илк энг яқин ҳалқаларини намоён қилганликларидир. Ана шу ҳалқаларнинг биринчиси (ҳадиси шарифда ворид бўлган) ўша дастлабки (“хайрли аср”) карвони бўлиш шарафига мазҳар бўлди. Бу (“хайрли аср”)даги шахслар ислом ақидаси ва асосларини тўғридан тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан қабул қилиб олганлар. Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик доғлари ва васваса ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо эди.
Иккинчи ҳалқа тобеъийнларни тамсийл қилади. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига тобеъ бўлганлари, уларнинг ҳидоятига эргашганликлари ҳамда саҳобаларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳаммажлис бўлиш, васият ва насиҳатларидан таъсирланиш орқали касб қилган ёғдуларига етишиш сабабли нубувват зиёси уларни чулғаб олган зотлардир.
Учинчи ҳалқа тобеъийнга эргашган зотларнинг ҳалқасидир. Бу ҳалқа, фикрий софлик ва исломий фитратнинг ташқи қоришмалар таъсиридан холилик даврини ниҳояланишининг огоҳлантирувчиси эди. Айнан мана шу вақтга келиб бидъатлар пайдо бўлиб, улар кенг қулоч ёя бошлади. Адашган фирқалар ўтган “уч аср”нинг тўғри йўлидан бирин кетин четга оға бошладилар. Ҳар бир фирқа ўзи учун, (юриш қулай бўлган) кенг “сироти мустақийм”дан фарқли бўлган эгри йўл ажратиб олди. Улар ўзи тузиб олган ана шу эгри йўлнинг “бошида” туриб олиб, (инсонларни) унга чақира бошладилар. Бу ишни улар, Аллоҳ таолонинг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз” (Анъом сураси, 153 оят)га мухолиф ҳолда қилар эдилар.
Ундан кейин нафсу ҳаво, бидъат ва залолат изғиринлари кўпайгандан кўпаяверди, (унинг доираси) кенгайгандан кенгаяверди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизга қадар давом этди. Бу сўзнинг тасдиқи, икки шайх Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси шарифдир. Ушбу ҳадисда шундай дейилади,
“ ...албатта сизларнинг (бошингизга ) бир замонлар келадики, кейингиси унданда ёмонроқ бўлади.”

* * *

Хўш, у ҳолда (ҳадиси шарифда ворид бўлган), унда шубҳа бўлмаган ана шу ҳақиқат бизни нимага чорламоқда?
Албатта бу ҳақиқат, бизларни ақлларимиз ва сулукларимизни салафи солиҳийнга уларни яхши кўриш арқони ила боғланмоқ, уларга иқтидо қилмоққа даъват қилади. Шунингдек, у бизни оят ва ҳадис нассларини тушуниш қоидаларига ўзгаришсиз риоя қилишимиз, уларнинг барчалари ёки кўпчилиги иттифоқ қилган эътиқодий асослар ва сулукий ҳукмларга муқайяд боғланишимиз ҳамда унга мухолиф бўлган адаштирувчилар ёки гумроҳлар тўқиб чиқарган нарсаларни улоқтиришимизга даъват қилади.
Балки мана шундай қилмоқлик, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизларга қилган васиятларининг ўзгинасидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Дарҳақиқат, Баний Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир.”- дедилар. (Саҳобалар): “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “ Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган (миллатдир)” дедилар.” (Мазкур лафз билан қилинган ривоятни Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу орқали марфуъ ҳолда келтиради. Бу ривоятдаги Абдурроҳман ибн Зиёд ал-Ифрийқийни кўплаб ҳадис уламолари заифга чиқазганлар. Аммо Термизий, ибн Можа ва Абу Довуд розияллоҳу анҳулар бир неча бошқа йўллар билан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қилган ривоят ҳам мавжуд бўлиб, бу ривоятни Термизий розияллоҳу анҳу: ”Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳасан саҳиҳдир." деганлар.)

(Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам васият қилган) ушбу вазифа, салафи солиҳларнинг Аллоҳнинг китоби ва расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини фаҳмлаш борасидаги улар мустаҳкам ушлаган манҳажларига қатъиян риоя қилингандагина амалга ошади. (Акс ҳолда, бу нарса) Аллоҳнинг китобини (раҳбар қилиб) олиш, набийси саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатини раҳбар деб билиш (ақидаси) асосида рўёбга чиқмаган бўлади.
Салафи солиҳларга эргашмоқлик, уларнинг бу умматнинг давр тартиби жиҳатидан салафи (аввалгиси) бўлганлари учунгина ирода ва талаб қилинган эмас. Балки (бу талаб), уларнинг инсонлар орасида Аллоҳнинг каломини англаш ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатини таний билиш борасида энг ҳақлироғи бўлганликлари сабабидандир. Чунки уларнинг табиий араб тили, сўзлашдаги бузуқ талаффуз ва тушунишдаги араб бўлмаганларга хос бўлган нуқсонларга нисбатан, ўз софлигини ҳали йўқотиб улгурмаган эди. Шунинг учун улар, араб тилида, очиқ –ойдин баён қилувчи Каломуллоҳнинг маъно ва мақсадларини тушуниш борасида инсонларнинг энг муносиброғи бўлган эдилар. Улар шунинг учун, инсонлар ичида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларига ва у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамнафас бўлмоқликка энг яқинлардан бўлган эдилар. Айнан мана шунинг учун ҳам улар, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан (бўлган омонатни) мубаллиғ (етказгувчи) ва (керакли маънони) тушунувчи бўлган эдилар. Сўнгра, улар дин борасида инсонларнинг энг садоқатлиси, табиатан энг мусаффоси ҳамда сохтакор кўринишлар ва бидъатчиликка оғишишдан энг йироқлари бўлган эдилар. (Юқорида санаб ўтилган) ана шу жиҳатлар эътиборига кўра, улар инсонлар орасида уларга нисбатан қалб хотиржам бўлиши ва ишонишга энг лойиқроғи бўлган эдилар.
Шундай замонлар келдики, Аллоҳнинг китоби ва Унинг расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатини (тушуниш), унинг учун чизиб берилган манҳаж асосида бўлмаса, ҳамманинг ҳам тушуниши тўғри бўлавермаган бир пайтлар бўлди. Бу (чизиб берилган манҳаж), насслар тафсири ва уларнинг ўзаро муораза ҳамда ихтилофи чоғида улар орасини мувофиқлаштириш борасида риоя қилиниши лозим бўлган қоидаларда намоён бўлади.) Айниқса, ўша пайтларда инсонларнинг кўпчилигида араб бўлмаганларга хос бўлган тушуниш тарзи кенг тарқалди, араб тилининг завқини (руҳиятини ҳис қилиш қобилияти) заифлашиб кетди. Ана шу замонларда, юқорида биз зикр қилиб ўтган сифатлар билан сифатланган ўша илк мусулмонлар “карвони”, (кейинги асрдаги мусулмонлар учун лозим бўлган) манҳажни чизиб бергувчи, унинг асослари ҳамда қоидаларини кўрсатиб бергувчи, тақозосига кўра асослар ва ҳукмлар истинбот қилишга уларни машқ қилдириб (малака ҳосил) этдиргувчиларнинг энг хайрлиси бўлдилар.
Ва ҳоказо, салафи солиҳга эргашмоқлик, улар сўзлаган калималарнинг ҳарфий (маъно)лари билангина ёки улар ушлаб олган айрим мавқифлар билангина чегараланиб қолиш билан бўлмайди. Чунки уларнинг ўзлари ҳам бундай қилмасдилар. Дарҳақиқат, (салафи солиҳга эргашмоқлик), улар ҳакам санаган; нассларни тафсир қилиш қоидалари, таъвиллари, ижтиҳод усуллари ҳамда асос ва ҳукмлардан иборат нарсаларга мурожаат қилиш билан бўлади.
Мана шу қоида ва усулларга мурожаат қилмоқлик бошқа асрлардаги барча мусулмонлар зиммасига ҳам (бирдек) вожибдир. Уларга мурожаат қилишлик ва уларга риоя этмоқликда “халаф” қолиб “салаф” хосланмайди. Балки у, турли мусулмон гуруҳларининг (улар яшаётган) асрлари ва маконларининг турли туман бўлишига қарамасдан, улар орасидаги (муаммоларни) умумий ҳал қилувчи ва (улар орасини) бирлаштирувчи ришта ҳисобланади. “Салаф”нинг бу борада “халаф”дан бўлган устунлиги йўқдир. Фақатгина уларнинг бу борадаги устунликлари, уларнинг ана шу қоидаларга бўлган эътибори, уларга бўлган бутун эҳтиёжни ҳис қилиши, сўнгра (ана шу қоидалар асосида ҳукмлар) чиқариш ва уларни тадвин қилишга бел боғлашларининг фазли сабаблидир. Батаҳқиқ, уларда биз ишора қилиб ўтган фазилатлар мавжуд эди. Ана шу фазилатлар, мазкур манҳаж қоидаларини (Қуръон ва Суннатга асосланган ҳолда) ишлаб чиқиш ва уларни тадвин қилишда уларга комил муваффақият касб этди. Худди ана шу (устунликлар), уларга улар (Қуръон ва Суннатга таянган ҳолда) ишлаб чиқарган ва тадвин қилган нарсаларни қабул қилиш зарурати борасидаги омонатдорлик масаласида бутун ислом умматининг ишончини қозонтирди. (Улардаги мазкур афзалликлар) ислом уммати уларни, худди улар (яъни, “салафлар”) қилганларига мувофиқ тарзда, нассларни англаш, нассларни тафсир қилиш ҳамда улардан қоида ва ҳукмлар олишда ўзлари учун уларни машъала қилиб олишларига (сабаб) бўлди.
Модомики биз айтиб ўтган нарсалар аниқ ва равшан, уни тасаввур қилиш ҳеч кимга махфий эмас экан, у ҳолда бирор ўринда “салаф” калимасини қасд қилиб, ундан исломий шариат ва исломий мафкура тарихига зид ўлароқ янги, тасодифий истилоҳ ясамоқлигимиз хато ҳисобланади.
Огоҳ бўлингизким, (худди мана шундай истилоҳни пайдо қилган гуруҳ) “Салафийлик” (гуруҳи)дирки, биз бу (ном)ни (мазкур китоб учун) алоҳида унвон қилиб қўйдик. Бу (ном) остида муайян мусулмонлар гуруҳи жойлашган бўлиб, улар ўзлари учун мана шу унвон маъносининг ўзиданоқ маълум бир тушунча (ясаб) олганлар. Улар бу борада алоҳида бир фалсафага таянадилар. Ўша (тушунчалар ва фалсафалар) тақозосига кўра ушбу гуруҳ, бу асримизда афсуслантирадиган шаклда кўпайиб кетган, ўзаро зиддиятли мусулмонлар жамоатининг рўйхатидаги янги исломий жамоатга айланиб қолди. Улар ўзларининг фикрлари ва мойилликлари билан бошқа мусулмонлардан ажралиб туради. Балки улар, бугун воқеаликда рўй бераётгандек, улардан ҳаттоки руҳий кайфиятлари ва ахлоқий миқёслари билан ҳам бошқача бўлиб туради.
Балки биз агар, унга ишора қилганимиз янги мазмундаги истилоҳни ихтиро қилмоқлик- бу диний борадаги янгилик ҳисобланмиш - бидъатдир, десак ҳақиқатга тажовуз қилмаган бўламиз. Бундай (ихтирони) бу умматнинг “салафи солиҳ”лари ҳам, (салаф)нинг манҳажига мустаҳкам амал қилгувчи “халаф”лари ҳам билмаганлар.
Зеро, салафи солиҳийн розияллоҳу анҳум бу калима маъносининг ўзидан келиб чиқиб, уларни бошқа мусулмонлардан ажратиб турадиган, бирорта алоҳида шахсият, ёки ҳеч қайси бир фикрий борлиқ, ёҳуд жамият учун ўзларига махсус бўлган кўриниш пайдо қилиб олмаганлар. Улар (уни бошқалардан ажратиб турадиган) мустақил шахсият ва фикрга эга бўлган янги исломий жамоат пайдо қилиш борасида ўзларининг эътиқодий ишончлари ёки сулукий ва ахлоқий мажбуриятларидан бирон нарсани (қоида, асос) қилиб қўймадилар. Аксинча, (салаф)лар ва бугунги кунда биз уларни “халаф”лар деб атайдиганлар орасида, унга келишилган, уни (барча) ҳакам санайдиган ўша манҳаж салтанати остида мукаммал даражада “борди-келди алоқалари” , ўзаро тушунча алмашуви ва олди-бердилар мавжуд. На аввалгиларнинг ва на кейингиларнинг ақлига, улар орасида тез орада тўсиқ “яратилиши” ва улардан кейин келган бир мусулмон тоифа “санъати” билан улар ўртасидаги (“тўсиқ”)ни кўтариш, исломий авлод силсиласини икки гуруҳга бўлиш учун уларнинг ҳар иккаласига мустақил фиклар, тасаввурлар ва йўналишлар рангини бериш хаёли келмаган. Балки , уларнинг тасаввурига кўра, “салаф” ва “халаф” калималари, биз уларга ишора қилиб ўтган манҳажга қатъий риоя қилиш (маъноси)дан ташқари, “қоблу” (аввал) ва “баъду” (кейин) калималари далолат қилган (маъно)дек, (бу икки калима) замон тартибидан кўпроқ нарсани англатмайди.
Шунинг билан бирга бизнинг, “паст келиш” ва баҳслашиш (қоидалари) тақозосига кўра, қуйидаги саволларни бериш имконимиз бор.

Ҳа келинг, биз ушбу жамоатга кирмоқчимиз, унга мансуб бўлмоқчимиз. У ҳолда унинг, бордию агар биз унга эргашсак, унинг аъзосидан бўладиган ва унинг “башоратига” бурканадиган дастури нималардан иборат?
(Бу саволга жавобан) биз икки жавобдан биринигина эшитамиз. Зеро, мантиқий чегара бу икки жавобдан ташқари учинчисини қабул қилмайди.
(Мазкур саволга нисбатан бериладиган) биринчи жавоб қуйидагича бўлади. “Бунинг йўли- салафлар унга амал қилган, уни бажарган сўзлар, амаллар, тасарруфлар ва одатларнинг ҳарфий (яъни, зоҳирий маъноларига), уларга қўшимчасиз ва нуқсонсиз, ўзгаришсиз қатъий амал қилишликдир”.
У ҳолда бизнинг уларга қарата, “салафи солиҳийннинг ўзлари улар тарафидан содир бўлган сўзлар, ёки амаллар, ёхуд тасарруфларни (сизлар зикр қилган тарздаги) боқийлик ва абадийлик михлари билан михлаб қўймоқлик ва уларга нисбатан ҳудди “Жозибадор Шаҳар” (яъни, ривоятлардаги каби, атрофи мис деворлар билан ўралган мустаҳкам қалъали шаҳар)га қиладиган муносабатлари каби (муомалада) бўлишини тақозо этадиган “ўзгармас қудсий назар” билан қарамас эдилар” демоқлигимиз лозим бўлади. Дарҳақиқат, улар ана шу “ўзгармас, ажралмас қарашни” Аллоҳнинг китобида уларга очиқ-ойдин, қатъий ҳолда нозил бўлган ёки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга хитоб қилган қарорлар ва ҳукмларга таъвил қилар эдилар. Сўнгра унинг ортидан, ҳукмларнинг иллатлари ва ҳаётдаги тараққиёт қонунлари, илмий тараққиёт омиллари ва давомли фойдалидан манфаатлироғига ўтиб бориш мантиқи тақозоси билан биргаликда “юриб борар” эдилар. Шунингдек улар, модомики буларнинг барчаси ҳоким ва назорат қилгувчи насслар деворлари ортида кенг тарқалган экан, бир асрдан иккинчи бошқа (аср)га юксалиб борувчи ёки бир диёр билан иккинчи диёр орасида алмашиб борувчи урф-(одат)лар билан баробар юриб бордилар. Баъзида улар, нассларга амал қилиш маъноларини чегаралайдиган ва унинг кайфиятини баён қиладиган кўплаб меъёрларни белгилашда, айниқса бу меъёрлар баҳс ва ижтиҳод ўрни бўлган чоғларида, ўзаро ихтилоф қилар эдилар.
Дарҳақиқат, Маккада Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда асҳобларининг, улар ўша асосида ўсиб улғайган ва унга кўра ўзаро муомала қилган урф –одатлари мавжуд эди. Вақтики улар Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларида, улар амал қилиб юрганларидан бошқача одат, улар билганларидан ўзгача ҳолатлар билан кутиб олиндилар. (Урф-одатлардаги фарқлар) либос, турар-жой, (шунингдек) бошқалар билан аралашиш, қарашларининг ёввойилиги ёки ўзаро кўмаклашув натижасидаги шароитлар (каби) жиҳатларнинг барчасига бирдек тааллуқли эди. Улар (аввалига) бу (одатлар)нинг барчасига танишувчилик ва мулоҳазакорлик билан ёндашдилар ва сўнгра уларга рози ва ўзаро ҳамкор сифатида ишонч билдирдилар.
Уларнинг кўпчилиги Маккадалик даврларида тикилган кийимни билмас эдилар. Улар Мадинага жойлашгач, бошқа шаҳарликлардан эшитишиб, ўрганишиб, улар билан аралашиб тикилган кийимлар, яманий чопонлар ва аъжамий гўзал либослар кия бошладилар. Маккадалик чоғларида уларнинг уйлари қўрғон нима эканлигини билмас эди. Мадинага борганларидан кейингина улар қўрғон қура бошладилар ва ўзгаларни ҳам бунга даъват қила бошладилар. Улар шишадан ясалган товоқ ва қадаҳлар ишлатмас эдилар ва уни билмас эдилар. Анас розияллоҳу анҳу саҳиҳ ҳадисда ривоят қилганларидек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадаҳлари қўпол ёғочдан эди. Саҳобалар кейинчалик, шиша идишни билдилар, уни идиш сифатида олиб, ундан фойдалана бошладилар. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хусуларига келсак, ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам шиша идиш ёки қадаҳда ичимлик ичганлари ҳақида саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Имом Аҳмад розияллоҳу анҳу ўзларининг муснадларида ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали қилган “Муқавқиснинг Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга шиша қадаҳ ҳадя қилганликлари ва у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уни ишлатганликлари ҳақидаги ривоятнинг иснодида айрим гап сўзлар бўлиб, ҳадис саҳиҳлиги собит эмас.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада кечирган муддатлари асносида ва Мадинаи Мунавварада ўтказган ҳаётларининг кўп қисмида муҳр ишлатмас эдилар. Сўнгра ул зот саллаллоҳу алайҳи ва салламга “Подшоҳлар муҳрланмаган мактубни ўқимайдилар” дейилгач, ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кумушдан муҳр ишлата бошладилар. Муҳрда уч сатрга “Муҳамммад; расул; Аллоҳ” калималари нақшланган бўлиб, у билан мактубларни муҳрлар эдилар. (бу ҳадисни имом Бухорий розияллоҳу анҳу “Саҳиҳ”ларида ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиди шарифларида жума хутбасини етти ёки саккиз йил хурмо шохидан бўлган таёқга суяниб қилдилар. Имом Бухорий розияллоҳу анҳу Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларига кўра, кейинроқ ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ансорий бир аёл келиб “Эй Аллоҳнинг расули, менинг дурадгор ғуломим бор. Мен сиз учун сиз унга ўтирадиган нарса ясатиб берайинми?”-деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “агар хоҳласанг...” дедилар. Шунда бояги аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун минбар ясатдириб берди. Жума куни бўлганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун ясалган минбарга ўтирдилар. Саҳобалар Маккадалик даврларида ёзиш ва ўқишга эътибор бермас эдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зот билан бирга саҳобалари розияллоҳу анҳум Мадинага ҳижрат қилгач, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ёзиш ва ўқишга тарғиб қилдилар. Худди шу мақсадда Махрама ибн Навфал розияллоҳу анҳунинг ҳовлиси “мадраса” қилиб олинди. (Ибн Абудулбаррнинг “Ал Истийъоб” асарининг 4 жилд 150 саҳифасига қаранг)

Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам – маълум бўлганидек- ёзишни таълим бериш ҳамда уни асҳоблари орасида кенг ёйиш вазифасини ёзиб- чизишни биладиган аёллар ва мушрикларга топширдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари деворларини ғишт, шифтини хурмо шохлари билан бино қилиб, ерини эса тупроқ ҳолича қолдирган эдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврлари келгач, энди ўша Масжиди Набавий тош ва ганжлар билан барпо қилина бошланди. Мадина кўчалари тор ва ундаги уйлар паст эди. Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврлари келгач, футуҳотлар кенгайди. Ироқ ҳам ислом давлати ҳудудига қўшилди. Умар разияллоҳу анҳу Куфа шаҳри архитектурасини чиза бошлади. Шоҳкўча, иккинчи даражали кўчалар кенглиги ва бинолар баландлигига доир янги ўлчовлар таъйин қилинди. Бу борада янги миқёслар янги вазиятларга муносиб, ана шу узоқ ўлкаларда, маданийлашган ҳудудлардаги янги иншоат тараққиётга мувофиқ тарзда қилиб белгиланди.
Саҳобалар розияллоҳу анҳу ҳаёт кечирган бутун давр мобайнида бировни эгалик ҳуқуқи ёки ижарага олиш асосида Мино ерларида бино қуришдан ман қиладиган ҳеч қандай киши топилмади.
Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу даврларида ҳожилар кўпайиб кетгач, ул зот Маккага мактуб йўллаб, бу мактуб орқали ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида, Минода бинолар қуришдан қайтардилар. ( Ибн Саъднинг “Табақот”ига қаранг)
Биз саҳобалар орасида бирор кишининг, ҳар қандай турдаги маҳкама ёки тортишувда балоғатга етмаган болаларнинг шаҳодатини қабул қилганликларини эшитган эмасмиз. Аммо тобеъийнлардан бўлмиш машҳур фақиҳ Абдурраҳмон ибн Абу Лайло даврларига келганда, бу киши раъйларига кўра, ўйин асносида бўладиган жароҳат етказиш, кийимларни йиртиш каби ҳолатларда болаларнинг бир бирларига нисбатан берадиган гувоҳликларига ижозат берилади. Модомики улар бу ҳолатдан сўнгра ҳали тарқаб улгурмасликлари шарт қўйилган. Бу фатво берилишига сабаб, одатда адолатли, гувоҳлиги қабул қилинадиган кишилар камдан кам ҳолатларда болаларнинг ўйингоҳларида ҳозир бўладилар ёки улар билан аралашиб юрадилар. Бордию бу ҳолатлар эътиборга олинмасдан, шаҳодати қабул қилинишлик адолатли кишилар билан чегаралаб қўйилса, у ҳолда болалар орасидаги кўплаб мушкулотлар ечилмай қолади. (Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” асари 3 жилд; 153 саҳифасига қаранг. “Баъзида“ бу фатво ибн Абу Лайло нассга (яъни, “ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан” (Бақара; 282) ва “Эркаклардан икки кишини гувоҳ қилинг” (Бақара; 282) оятларига мухолиф чиққан нарсалардан эмасми?! –дейилади. Бунга бериладиган жавоб қуйидагичадир; “ибн Абу Лайло бу раъйни билдирган пайтларида юқорида зикр қилинган насснинг зоҳирини ўзининг наздида маслаҳат дея кўрган нарсага биноан хосламаганлар. Балки бу, унинг оятдаги “рижааликум” яъни, эркакларингиз калимасини эркаклар тузган шартнома яъни қарз олди-берди шартномаси устида талаб қилинаётган гувоҳлик ўрни дея кўраётганлиги боисидандир. Бунга ўхшаган нарсалар мана шу раъйга таққосланаверади. Натижада болалар талашаётган нарсалар уларнинг ўзларига хос бўлмиш ишлардан ҳисобланади ва у насс баён қиладиган ҳолат яъни, эркаклар гувоҳлиги талаб қилинадиган ҳолат) ва унга таққосланадиган ўринлардан ташқари ҳисобланади.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Қуръон ва Суннат нассларига таслим бўлмоқликка қаттиқ ҳаракат қилар эдилар. Айниқса ақидага доир бўлган масалаларда улар нассларни мунозара ила муҳокама қилиб ўтирмасдан тўғридан тўғри қабул қилар эдилар. Улар, ақида борасида журъат қилган, тортишган, ногаҳон ақлига келиб қолган шубҳани ўзгаларга ҳам улоқтириш ҳаракатини қилган кимсаларни бундан қайтарар, унга нисбатан қўпол гаплар айтишар ва уни бидъатчиликда айблашар эди. Сўнгра тобеъийнлар асрининг гуллаган даври бошланди. Уларнинг фиқҳ ва шу каби “илмий бозори” ривож топди, аммо саҳобалар адади камайиб кетди. Исломий футуҳотлар доираси кенгайди. Яҳудийлик, насронийлик, монавийлик ва зардуштийлик каби ўзга дин эгаларидан бўлмиш кўпчилик исломни қабул қилди. Бироқ уларнинг баъзилари ҳали ҳам зеҳнларида эски динларининг шубҳалари ва бузуқликларини кўтариб юрган эдилар. Уламолар зиммасида эса, уларнинг ана шу шубҳалари ва тушунмовчиликларини тинглаш ва илмий мантиқ асосида уларнинг ақлларидаги бузуқликларни кетказишдек муқаддас вазифа турарди. Саҳобаларнинг кўпчилиги худди мана шу тарзда иш тутар эдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, бошлари гумону ваҳималарга тўлиб тошган ва улардан шубҳаланиб келган шахслар билан неча маротабалаб мунозаралар ўтказмаган дейсиз. Алий ибн Абу Толиб эса, қазо-қадар, инсоннинг тақдири борасида мажбурлиги ва ҳурлиги масалаларида қанчадан қанча мубоҳаса қилганлар. Бу айтиб ўтганларимиз, тобеъийнларнинг кўплари енгиб ўтган мунозарали ёзишмалар ва илмий тортишувлардан хориждир. Ҳасан ал-Басрий, Умар ибн Абдулазиз, Ато ибн Абий Рабоҳ, Сулаймон ибн Ясор, Товус ибн Кайсон розияллоҳу анҳум ва улар кабиларнинг қилган мунозараларидан мақсад – инсонлар қалбидан ақидага доир шубҳаларни даф қилиш ва мусулмонлар ақлига сохта нарсалар кириб қолмаслиги учун уларнинг ақлини ҳимоялаш эди. Имом Байҳақийнинг “ал-Асмо ва ал-Сифот” китобларига мурожаат қилган киши, унда кўплаб мунозара, мантиқий далиллар ва мажозий таъвилларга дуч келади. Ваҳоланки илк асрда саҳобалар мазкур нарсалар хусусидаги мунозара қилишликни ўзлари учун ор санар эдилар. Эҳтимол, инша Аллоҳ келгусида биз бошқа муносабат билан “ал-Асмо ва ал-Сифот” ва бу каби китобларда ворид бўлган мисолларга бироз батафсил тўхталиб ўтармиз.
 Юқорида зикр қилинган мисоллар, салафи солиҳийн розияллоҳу анҳу ҳаётлари давомида бўлиб ўтган тараққиётнинг турлича кўринишларидан айрим намуналар холосдир. Балки бу тараққиёт кўринишларининг аксарияти ислом умматининг илк уч асрининг биринчисида тажаллий этди. Бу уч аср эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳодатлари ила, исломий идеал асрлар умрининг ўзгинаси эди.
Демак, берилган саволнинг биринчи жавоби маъносиз, қониқарсиз бўлиб, “салафийлар” ва салафи солиҳлар розияллоҳу анҳу асри воқеалиги орасида мувофақатнинг ҳеч қандай кўриниши йўқдир. Зеро салафи солиҳларининг ўзлари, улар тарафидан айтилган сўзларнинг ҳарфийяти (яъни, зоҳирий маъноси) ҳузурида қотиб қолмаган эдилар. Шунингдек улар, уларда собит бўлган амаллар ёки одатлар сувратигагина ташаббус билдириб, сўнгра улардан бошқага кўчиб ўтиб бўлмас даражада уларга боғланиб қолмаган эдилар. Намуна сифатида келтирилган мисоллардан бизнинг кўрган –билганимиз “салафий” биродарларимиз айтаётганларининг тамоман зиддидир. Бас у ҳолда, қандай қилиб биз салафи солиҳга улар қилмаган ишлари борасида тақлид қиламиз. Балки салафи солиҳлар бу йўлнинг акси узра юрганларку. Ёхуд “салафийлар” ва салафи солиҳлар ўзаро “иттибоъ” (суннатга эргашиш) ва “ибтидоъ” (бидъатчилик) маъноси баёнига тааллуқли қоида ва миқёсларнинг кўпида ихтилоф қилганмиканлар?!
Юқорида зикр қилинган саволга нисбатан бизга бериладиган иккинчи жавоб қуйидагича бўлади.
“Бу жамоат доирасига кирмоқ ва унинг рангига бурканмоқнинг йўли-бу аввало насслар тафсири, ҳукмлар истинботи ва ихтилоф-ижтиҳод асослари қоидаларига доир тузилган ва тадвин қилинган илмий манҳаж билан танишиб чиқишликдир. Сўнгра, Аллоҳнинг китоби, расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини англашга ҳамда бу олий шариат ҳукмларидан собит, ўзгармас ва ривожланувчи, ўзгарувчи ҳукмлар синфи орасини ажратишга киришилаётган чоғда мана шу манҳажга амал қилишликдир.”
Берилган жавобга нисбатан биз қуйидагиларни айтиб ўтамиз. “Барча олимлар ва тадқиқотчиларга бирдек маълум бўлган нарса шулки, бу манҳаж ҳеч қайси замонда “салафий”ми ёки бошқами, бирор муайян мусулмон жамоатининг дастури ёки ўзига хос рамзи бўлган эмас. Балки салафи солиҳлар асрининг ярми ўтиб кетса ҳамки, бу манҳаж ҳали ҳануз истилоҳ ёки тадвин ёхуд унга иттифоқ қилиш ўринларида мавжуд эмаслиги тарихдан маълумдир. Дарҳақиқат, ўша даврда билиш, тушуниш ва қоидалар ҳамда ҳукмларни тартибга солишда соф, табиий араб тилининг ўзи биринчи ва сўнгги асос бўлиб қолаверди. Ҳаттоки тобеъийнлар асри ҳам “раъй” ва “ҳадис” мадрасалари қутблари орасидаги бўлиб ўтган фикрий ва ижтиҳодий ихтилофлар маъракасига шоҳид бўлди. Аслида бу иккала гуруҳ ҳам салафи солиҳлар асрининг мағзини тамсил қилар эдилар. Ваҳоланки мана шу салафи солиҳлар асри, бугунги кунда ўзлари учун бошқа мусулмонлар ҳолати, фикри ва илмий сулукларидан ажралиб турадиган борлиқ тузиб олган “салафийлар жамоатининг” ташкил топишида, унинг уриб турган юраги ҳисобланади.
Юқорида биз эслаб ўтган даврлар давом этиб, токи ўша аср олим ва имомлари насслар тафсири, ихтилоф ва ижтиҳод асослари қоидаларини ишлаб чиқиш вазифаси учун бел боғладилар. Буларнинг бошида имом Шофеъий розияллоҳу анҳу турар эдилар. Улар бу муқаддас вазифани бажаришда араб тили табиати, уни англаш низоми ва бу тилни қўллаш меъёрларини ҳакам қилиб олган эдилар. Шунингдек улар бу хусусда, жоҳилият ва ислом аввалидаги араблардан бўлмиш соф табиат эгаларининг билимига эргашувчи бўлдилар. Ана шу даврда барча мусулмонлар учун насснинг тақозоси ва салтанатига бўйсунувчи соғлом ижтиҳодий раъйни тартибга соладиган очиқ-ойдин араб тилидаги мезон тайёр бўлди. Ана энди бу меъёр билан соғлом раъйни шаҳват ва нафсу ҳаво оқимига эргашувчи, насслардан йироқ ёки унга ҳийла ишлатувчи раъйлардан ажратиб олиш имкони пайдо бўлди. Бас, мана шу мезон ўша асрлардан буён барча замон ва макондаги бутун мусулмонлар учун тўғри билиш ва тушуниш йўли бўлиб қолди. Бу мезонга амал қилиш хусусида халаф қолиб салаф, бир гуруҳ қолиб бошқа бири хосланмайди. Шариат илмлари соҳасида тадқиқот ўтказувчи қай бир киши шариатнинг унга муттафақ қилинган қоидаларидан ташқарига чиқса, демакки у динни суиистеъмол қилган ва унга нисбатан ҳийлакорлик этган бўлади. Балки бу қилмишлар, уни содир этган киши учун зиндиқлик, ислом жавҳари ва асосидан ташқарига чиқиш унвони бўлади. Бунинг муқобилида эса, унга иттифоқ қилинган қоида ва асосларга амал қилган, насслар ижтиҳоди, тафсири ҳамда таъвияларида ана шу асосларга риоя қилган киши Аллоҳнинг китоби ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилган мусулмон ҳисобланади. Юқоридаги қоидаларга риоя қилган киши, у салаф асрида яшайдими ёки халаф асридами, бундан қатъий назар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг остида бирлашишга амр қилган ва уни “Мен ва асҳобим унинг узра бўлган (жамоатдир)” дея тафсир қилган жамоат сафига дохил бўлади. Ўзларини “салафийлар” деб номлайдиган жамоат, гарчи уни ўзларидан бири сифатида қабул қиладиларми ёки уни бу жамоатдан йироқ, йўлдан адашган ҳисоблайдиларми, бунинг фарқи йўқдир. Чунки бу умматнинг Китоб ва Суннатни фаҳмлашда мустақийм мезони ягонадир, бу мезон бирдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ана шу мезонни ўзига лозим тутган кишилар - Аллоҳнинг фазли ва тавфийқи ила -“аҳли суннат вал жамоат” доирасига кирувчи, ҳидоятда юрувчи ва ҳидоятга етаклоувчилардан бўлади. Ундан ёки унинг баъзи бир қисмидан ажралган кимсалар эса, ўша доирадан четга чиққан, адашганлардан бирига айланади. Бу мезонга бирон алмаштириш киритиш ёки унинг ўхшашини яратиш ёҳуд ундан ўринбосар ихтиро қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Бундай “янгилик”ларни пайдо қилишга олиб борган сабаблар, асрлар ва йиллар ораларидаги фарқларми ёҳуд ўзлари учун алоҳида исломий кўриниш тўқиб олган гуруҳлар ва жамоатларми, бунинг фарқи йўқ.
Ҳа, бу манҳаж қоидалари орасида нассни тушунишда ижтиҳодга бўйсунадиганлари ҳам мавжуддир. Шунинг учун ҳам мусулмон имомлари ва уламолари ўртасида ихтилофлар бўлиб турган. Улар ўзаро фикр алмашув ва мубохасалардан кейин ҳам ягона ечим ва мувофақатга келмаган масалалар мавжуд. Инша Аллоҳ, кейинги бобда бунга доир кўплаб мисоллар келтирамиз.
 
Дарҳақиқат, ўша масалалар ечимининг махфийлигига мисол бўлувчи турли –туман қавллар ва уларнинг ижтиҳодга бўйсунишлиги –Аллоҳнинг фазлу карами ила-юқорида зикр қилинган яхлит меьзонга амал қилиш доирасига киришида шак-шубҳа йўқдир. Масалаларда  бир-бирига мухолиф бўлган сўзларнинг барчаси яхлит меьзон доираси ичида бўлганидек, бу сўзлар соҳиблари ҳам “аҳли суннат вал жамоат”  номланмиш нажот топгувчи жамоат доирасига дохилдирлар. 
Ижтиҳодий масалалардаги икки ва ундан ортиқ барча раьй эгалари ўз мазҳабини тўғри дея қалби ҳотиржам бўлишга ҳақлидирлар.  Аммо унда, унинг раьйига мухолиф чиққан ўзга  раьй эгаларини тўғри йўл даргоҳидан ташқарига чиққан, адашувчи, дея жазм қилиш ҳуқуқи йўқдир. Бордию иш бунинг аксидек бўлганида, масалаларда уни ижтиҳод ўрни қилиб қўйган махфийликлар бўлиши нодуруст бўлар  ва ҳеч қайси ҳолатда  масалани тушунишда ихтилофлар юзага келмаган бўлар эди.  Аммо воқеьлик эса бунинг тамоман аксидир. Масалаларда уни иттифоқ ва ижмоь йўлидан тўсиб қўйган яширин (маьно) бор эканлиги инкор қилинмайдиган даражада собитдир. Шунингдек бундай масалалар ижтиҳодий ишлар жумласига кириши ҳам аниқ-равшандир. Бирон бир ўринда, масалага жавоб билдирган раьй эгаларидан бири,  ижтиҳод қилиш ва хоҳлаганидек қарор қилиш ҳуқуқини фақат ўзигагина махсус деб билишлиги худбинлик ва фикрий истибдоддан ўзга нарса эмасдир. Бу тарздаги кишилар ўзига жоиз билган ҳақни, у  каби бахс ва ижтиҳод қилишга эга бўлган кишилардан тўсиб қўяди.  Бирор мужтаҳид ижтиҳодий масалада ўзининг ижтиҳодий раьйи фаразига кўра ўзини бошқа мужтаҳид биродари раьйидан ҳақлироқ кўришлиги мукин эмас. Бу ҳақида ҳеч қанадй шубҳа йўқдир. Агар ҳар бир мужтаҳид ижтиҳод қилишга фақат ўзинигина ҳақли кўрадиган бўлса, у ҳолда ҳеч қайси мужтаҳид  учун  ижтиҳод қилиш ҳаққи собит бўлмас эди.
Ваҳоказо, мужтаҳид юқоридаги мазкур  манҳаж асосида ижтиҳод қилса ҳамда тушунишда ихтилоф ва бахс ўчоғи бўлган масалаларда ўз раьйини билдириб, уни тўғри дея хотиржам бўлса, бу унинг ҳаққидир. Табиийки, у бу билан  ижтиҳод асосида ўзидан бошқача раьйга эга бўлган мужтаҳидни хато қилган дейиш хуқуқига моликдир.  Ваҳоланки,  Аллоҳ таоло хато билдирилган раьйни ҳам, тўғри топилган раьйни ҳам қабул қилади.   Фақатгина, ҳар бир муҳжтаҳид мавжуд бўлган  бор имкониятини ишга солиши ҳамда нассни тушуниш учун қилаётган саьй-ҳаракатида Аллоҳ розилигини қасд қилмоқлиги шартдир.  Модомики мужтаҳидлар юқорида зикр қилинган шартларга амал қилар эканлар,  Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламхабар берганларидек, раьйда хато кетгани бир ажр , иккинчиси эса икки ажр билан мукофотланаверади.
Бироқ мужтаҳид бошқа мужтаҳид биродарини залолат ёки диндан ажралиш ёҳуд бидьатчилик ёинки салафи солиҳлар чизиғи ва тўғри йўлидан чиқишда зинҳор айбламаслиги лозим.  Зеро, мазкур манҳажга эргашмоқлик салафи солиҳ чизган чизиққа эргашмоқнинг ўзгинасидир. Ижтиҳод ва бахс ўрни бўлган масалаларда ихтилоф қилишнинг ўзи ҳам ана шу манҳажнинг доирасига дохил бўлади.
Инша Аллоҳ, муқаддиманинг кейинги бобида бу ҳақида кенгроқ ва батафсил маьлумотлар берилади.

Биз юқорида баён қилган нарсалардан шундай хулоса ясаш мумкин.  “Салафийлар” калимасининг, уни муайян бир мусулмон жамоатига мувофиқлаштирадиган  илмий мазмуни ёки исломий воқеьлиги йўқдир.   Бу калиманинг унга алоҳида ранг-тус берадиган ва улар билан бошқа мусулмонлар орасини ажратиб турадиган белги-ишора мазмуни йўқдир. Ваҳоланки ана шу мусулмонлар ҳам Аллоҳ ва  унинг расулига иймон келтирган, ислом масдарлари ва усулларини ушлашда ихлосли бўлган кишилардир. 
Демак, “салафийлар” калимаси уларга нисбат  берилаётган салафи солиҳлар,  ўзлари тарафидан айтилган сўзларнинг ҳарфий маьнолари ёки  улар билдирган раьй ва қилиб юрган одатларнинг зоҳири билангина кифояланиб, бу билан қотиб қолмаган эдилар.    Улар тарафидан нассларга нисбатан бўлган бу муносабат,  улар яшаган уч асрда, ҳатто саҳобалар яшаган биринчи асрда ҳам шундай эди.   Ваҳоланки нассларга нисбатан салафи солиҳлар қилмаган,  фақат зоҳирий бўлган ёндашув “салафийлар” жамоатига аьзо бўлиш,  (агар уларни бошқа мусулмонлардан ажратиб турадиган  “ҳизб”и бўладиган бўлса) уларнинг “ҳизб”ига қўшилиш дастурига айланди.    
Маьлум бўлганидек, Аллоҳнинг китоби ва расули суннатини англаш учун қабул қилинган манҳажга бугунги кунда  “усулул фиқҳ”  ёки “ “Нусус тафсири қоидалари” деб айтилади. Бу қоидалар мажмуаси барча мусулмонлар учун ислом татбиқи йўлидаги  манҳаж ҳисобланиб, унга  риоя қилмаган мусулмон ўзининг исломга мансублиги хусусидаги далилини йўқотган бўлади.   Шунинг билан бир вақтнинг ўзида,  ушбу манҳаж умум мусулмонлар орасидаги муайян бир исломий жамоатга мансуб бўлиш учун алоҳида белги ҳам бўлолмайди.  Балки у Китоб ва Суннатни англаб етиш, сўнгра уларнинг тақозосига кўра ҳукмларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳамда  ана шу ҳукмларга бўйсунишлар учун бутун мусулмонлар орасидаги ягона йўлдир.   Нассни тўғри англаш, уни татбиқ қилиш ва унга бўйсуниш борасида усулий қоидаларга амал қилиш зарурати билан араб тилини ҳакам санаш зарурати баробардир. Агар араб тилидаги жорий қоидаларни ҳакам санашни умум мусулмонлар орасидаги муайян исломий жамоат учун уларни бошқалардан ажратиб турувчи дастур деб билиш мумкин бўлганида эди, у ҳолда “усулул фиқҳ” ва “нусус тафсири”ни ҳакам санашни ҳам умум мусулмонлар орасидаги муайян бир жамоат учун алоҳида дастур қилиб олиш жоиз бўлган бўлурди. Аммо воқеьлик  бундай эмаслиги барчага бирдек маьлум.
Энди биз учун айтишлик лозим бўлган бир нарса қолди. Бу ҳам бўлса, “дарҳақиқат, бу исломий уммат тарихининг илк уч асри кейинги асрларда келганлардан бир жиҳати билан устундир. Бу устунликка нисбатан  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам“хайрли” таьбирини қўллаганлар. Биз ўша уч асрнинг “хайрли” эканлигининг сабабларини муқаддима аввалида баён қилиб ўтдик. Бу сабабларнинг, “илк уч аср аҳли”ни муайян исломий жамоат учун модел,қолип ҳолатига келтирадиган даражадаги алоҳида мато тўқишга кучи етмайди. Ана шу муайян исломий жамоат (яьни, “салафийлар” жамоати)   (барчаси ўзларини исломий, деб атайдиган) бошқалар билан келишолмайдиган, бидьатчи жамоатлар тоифасига қўшилади.
Ҳадиси шарифларда унинг  аҳли “хайрли” дея сифатланган асрлар мавжуд бўлиб, бунинг  муқобилида  унинг аҳли “ёмон” дея тасвирланган асрлар ҳам мавжуддир. Бундай асрларни  таьрифлаган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “ ...албатта сизларнинг (бошингизга )  бир замонлар келадики,  кейингиси(нинг аҳли) ундан (аввалги аср аҳлидан)да ёмонроқ  бўлади.” деганлар.  Бу ҳадис Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилиниб, унинг саҳиҳлиги муттафақдир.     
Юқоридаги зикр қилинган ҳадислардан келиб чиқиб, агар ҳадисда ворид бўлган “хайрият” ўша уч аср аҳлидан уларни омма мусулмонлардан ажртиб турувчи махсус жамоат пайдо қилишларига асос бўлади, деб билсак, у ҳолда улардан кейингилар учун сифат бўлган “шаррият” (ёмонлик) ҳам кейингилар орасидан бошқалардан фарқли бўлган жамоат тузишларига имкон берган бўлар эди.  Натижада эса, ҳар бир асрдагилар ўзлари учун махсус жамоат тузишга ҳақли бўлиб қолардилар. Ҳолат шундай давом этаверса, ислом умматини бир-бири билан юз кўришмайдиган, тафриқага тушган юзлаб жамоатлар шаклида кўрган бўлардингиз.
Юқоридагиларга қўшимча қилиб шуни айтмоқчимизки, биз айтиб ўтган нарсалар “салафийлик”,  ҳар қандай ҳолатда ҳам, мозийда қолган тарихий давр босқичи маьносидан ўзга нарсани билидирмаслиги ҳақидаги далилларнинг мухтасар ва қисқачасидир. Қисқача хулоса шулки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламҳар бир асрни кейингисига нисбатан “хайрли” дея сифатлаганларидек, ўша илк асрларни ҳам кейин келадиган асрларга нисбатан “хайрли” деб номлаганлар.  Бордию сиз “салафийлик”дан уни хоҳлаган киши қабул қилиб унинг аьзоси бўлаверадиган, ўзига хос  муайян манҳажга эга бўлган исломий жамоатни назарда тутаётган бўлсангиз, билингки бу иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дан сўнг янги пайдо бўлган бидьатлардан бири ҳисобланади.
Аллоҳнинг тавфийқи ила, ушбу масала хусусидаги қисқача баён тафсилоти бу китобнинг кейинги бобларида келтирилади.
 
доктор Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий
 
Давоми бор... инша Аллоҳ

 
« Олдинги   Кейинги »